Қизилўнгач ўсмалари табиатига кўра хавфли ва хавфсиз бўлади. Хавфсиз ўсмалар теварагидаги соғлом тўқималардан аниқ чегараланиб туради, тананинг бошқа аъзоларига тарқалмайди. Хавфли ўсма эса тезроқ ўсади, кейин ён-атрофдаги тўқималарга кириб бориб, уларни емиради. Натижада соғлом аъзода ўсма кўпайиб, метастаз беради.
Аслида қизилўнгач соҳасида хирургик муолажа талаб этувчи оғир касалликлар кўпинча шиллиқ қаватнинг шикастланиши туфайли келиб чиқади. Масалан, овқатни ва чойни қайноқлигича ичиш, спиртли ичимликларга берилиб кетиш ва қалампирни кўп ейиш натижасида қизилўнгач девори яллиғланади. Ўша жойда майда чандиқлар ҳосил бўлади.
Шошиб овқатланиш ёки қуруқ егуликларни яхши чайнамасдан ютиш ҳам қизилўнгачнинг шиллиқ қаватларини шикастлантириши мумкин. Натижада шиллиқ қаватда турли ўсмалар юзага келади. Булар эпителиал ўсмалар ҳисобланиб, асосан полиплар, бириктирувчи тўқимадан ташкил топган фиброма, фибролипомалар, томир тўқимасидан келиб чиққан гемангиомалар, нерв тўқимасидан пайдо бўлган нейрофибромалар, мушак тўқимасидан юзага келган лейомиомалардир.
Қизилўнгачнинг йирик хавфсиз ўсмалари трахео-бронхиал шохни босиб қўйиши ва оқибатда ўпканинг яллиғланиш касалликлари ривожланишини келтириб чиқариши мумкин. Кўпинча қизилўнгач деворидан ташқарида ўсаётган ўсманинг эзиб қўйиши натижасида трахея, бронхлар, нервлар, юрак ва кўкрак оралиғидаги бошқа аъзолар ишида бузилишлар рўй беради. Масалан, нафас қисиши, йўтал юзага келиши, юрак тез уриши ва кўкрак соҳасида оғриқлар бўлиши кузатилади.
Баъзи ҳолларда қизилўнгач ўсмалари устидаги шиллиқ пардада некроз, яллиғланиш ва яралар ҳосил бўлиши ҳам мумкин. Даволанмаган хавфсиз ўсмалар вақт ўтиши билан хавфли ўсмага айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Рентгенологик ва эзофагоскопик текширувлар асосида қизилўнгач ўсмаларига ташхис қўйилади. Ўсма ўз вақтида аниқланиб бемор бекаму кўст даволанса тузалиб кетади. Ўсма танага тарқалиб кетган ҳолларда нур терапия ёки кимёвий дорилар билан махсус даволаш чоралари кўрилади.
Умуман, қизилўнгач ўсмаларининг олдини олиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш зарур:
- овқатларни қайноқлигида еманг, аксинча илиқ ҳолида истеъмол қилинг;
- таомни яхшилаб чайнанг, овқатланаётган пайтингизда чалғиманг, гаплашманг, шошилманг, акс ҳолда қизилўнгачга ҳаво кетиб,луқма ўтиши қийинлашади;
- бир кунда 4-5 маҳал оз-оздан овқатланинг;
- ўта аччиқ ва ўта нордон овқатларни кўп истеъмол қилишдан сақланинг;
- газланган сув ва шарбатларни кўп ичманг;
- ёғли таомларни иложи борича камроқ енг;
- спиртли ичимликларга ружу қўйманг.
Овқатлангандан кейин жиғилдон қайнаши ва кекириш мунтазам рўй берса ёки қизилўнгач соҳасида турли хилдаги оғриқлар кузатилса мутахассис шифокорга мурожаат қилиб, зарур текширувлардан ўтиш лозим.
Шодиёр СОЛИЕВ,
шошилинч тез тиббий ёрдам шифокори,
олий тоифали жарроҳ,
Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани.