Мактаб ўқувчиси қандай овқатланиши керак?

Кун бўйи тетик ва бардам юриш ҳамда дарс жараёнини пухта ўзлаштириш учун мактаб ўқувчиси аввало соғлом овқатланиши зарур. Негаки болаликдан ўсмирлик ёшига ўтаётган
даврда ёш организм ҳам ақлан, ҳам жисмонан тез ривожланади. Яхши овқатланмаган
бола дарров толиқади, дарсда узоқ ўтиролмайди. Демак, ота-оналар бу масалага ниҳоятда эътиборли бўлишлари зарур.

Куни узайтирилган гуруҳ ва ақлий юклама

Бошланғич синф ўқувчилари учун мактабда куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этилган. Ота-оналар бундай гуруҳларда қолдирилаётган фарзандларининг овқатланиш тартиби билан албатта қизиқишлари керак.

Маълумки, бола организми тўғри ривожланишида етарли миқдорда оқсил, ёғ, углевод ва витаминлар бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ўқувчи таомномасида кальцийга бой сут ва сут маҳсулотлари, мева ва сабзавотларнинг ўрнини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди.

Мактабдаги машғулотлар мобайнида боланинг ақлий юкламаси ортади. Бундай вақтда истеъмол қилинаётган таомнинг витаминларга бой бўлиши жуда муҳим. Сифатли овқат организмда моддалар алмашинувини яхшилайди, иммун тизими ишини тартибга солади, турли юқумли касалликлардан ҳимояланиш қобилиятини оширади.

Эрталабки нонушта тўйимли бўлса, бола мактабда дарсни ўзлаштиришда толиқиб қолмайди. Шунингдек овқатланишда йил фасллари ва иқлим шароити ҳам ҳисобга олиниши керак. Масалан ёзнинг иссиқ ойларида бола кўп суюқлик йўқотиб, иштаҳаси пасаяди. Шунда унинг кўпроқ суюқликлар (чой, шарбатлар) ичиши, нордон сутли маҳсулотлар ҳамда хўл мевалар истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ.

Қовурилганидан қайнатилгани яхшироқ

Таомлар асосан ўсимлик ёғида кўп қовурилмасдан тайёрланса, улар таркибидаги фойдали витаминлар сақланиб қолади. Бу эса овқатнинг яхши ҳазм бўлишини ҳам таъминлайди. Димлаб пиширилган ёки узоқ қайнатилган овқатлар кучли қовурилганига нисбатан афзалроқдир.

Бундан ташқари таомнинг кўриниши иштаҳани очадиган ва таъми унга мос равишда мазали бўлгани маъқул. Бир кеча-кундуз давомида бола истеъмол қиладиган овқатнинг хилма-хиллигига эътибор берилса, нур устига аъло нур.

Мактаб ўқувчиси дарсдан ташқари турли машғулотлар давомида ҳам кўп куч сарфлайди. Шуни ҳисобга олиб, ота-оналар фарзандларини овқатлантиришда таомларнинг қувватлилига аҳамият беришлари лозим.

Мева-сабзавотлар билан биргаликда кундалик ёзиладиган дастурхонда турли хил миллий таомларимиз (мошкичири, чучвара, палов, мошхўрда сингарилар) бўлса яхши.

Фастфудлар зарари анчагина

Аксарият мактаб ўқувчилари фастфуд таомларга ружу қўйишгани маълум. Дунё парҳезшунос олимларининг таъкидлашича, бундай таомлар ўта ёғли бўлиши ва жуда тез тайёрланиши туфайли болалар организмида моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади, ҳатто семизликни келтириб чиқаради.

Қолаверса, ўсиб келаётган ёш организм саломатлиги учун фастфуд таомлар (гамбургер, чизбургер, хот-дог, лаваш сингарилар) ўта зарарли ҳисобланади. Ҳар бир ота-она фарзандларининг кўча-кўйда бундай таомларни истъмол қилишига йўл қўймаслиги керак.

Бунинг устига турли газланган шарбатлар (айниқса кола, пепси, қувватбаҳш ичимликлар) ни сумкаларига солиб кун давомида ичиб юрадиган болалар ҳам кўп. Кейинги йилларда мутахассис олимлар бу сингари ичимликларнинг соғлиқ учун ҳавф туғдириши мумкинлигини айтишмоқда.

Уйда дарс қилиш жараёнида ёки қўшимча машғулотларга қатнаш туфайли бола овқатланиш вақтини кўпинча ўтказиб юборади. Сўнг эса очиқиб, бирданига кўп овқат еб қўяди. Бу ҳолат бола меъдасида таомнинг яхши ҳазм бўлмаслигига олиб келади, оқибатда вазн ортиши, ёғ босиши ва меъда-ичаклар зўриқиб, ҳазм аъзолари иши издан чиқиши рўй беради. Ота-она боланинг овқатланиш тартибини назорат қилиши ва айниқса уйқуга ётиш олдидан унинг ёғли ҳамда бадҳазм овқатларни истеъмол қилишига йўл қўймаслиги зарур.

Ширинлик афзалми ё иссиқ овқат?

Яна овқатланиш оралиғида ҳар хил ширинликлар (конфет, печенье, пишириқлар, яхна ичимликлар) тановул қилиш ҳам иштаҳа бузилишига олиб келади. Асосий овқат ўрнига ширинликлар ейиш билан кифояланиш туфайли бола организми зарур витаминларга тўйинмасдан қолади, натижада унда камқувватлик рўй бериб, организмида витаминлар ва минераллар танқислиги пайдо бўлади. Бу эса тананинг ҳимоя кучини пасайтириб юборади.

Шундан сўнг ўқувчи бола инфекцион касалликларга чалинувчан бўлиб қолади, иммунитети пастлиги сабабли касаллик тузалиши чўзилади.

Мутахассислар таъкидлашича, ўта иссиқ овқат тановвул қилиш ҳамда кетма-кет совуқ ичимликлар ичиш натижасида ейилган таом қийин ҳазм бўлади, ҳатто меъда-ичакларда турли яллиғланишлар вужудга келиши ҳам мумкин. баъзи ҳолатларда эса ошқозон шиллиқ қаватининг куйишига, бу эса ошқозон-ичакларда турли яллиғланиш жараёнларининг вужудга келиши ҳам мумкин. Отаоналар бундай ҳолатларнинг олдини олишлари муҳим.

Нонушта тўйимли бўлсин

Баъзи ота-оналар “Бошланғич синфда ўқийдиган болалар нонуштада нима ейишлари керак?” деб сўрашади. Айтиш жоизки, ўқувчи нонуштаси асосан юмшоқ бўтқалар, сутли маҳсулотлар, пишлоқ, тухум, ширин чой, сариёғ ва шунга ўхшаш фойдали маҳсулотлардан ташкил топган бўлиши керак. Дудланган гўшт ва колбасалар тавсия этилмайди.

Кейинги овқатланишда, яъни иккинчи нонуштада гўштли, тухумли таом, мева компоти, қатиқ сингарилар истеъмол қилиниши ёки пишлоқли ва сарёғли бутербродни жемли ёки творогли ширин кулча билан ейиш тавсия этилади. Тушлик янги пиширилган, сифатли, иссиқ овқат ва кечлик эса енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мевалардан иборат бўлгани маъқул.

Бола организмининг бир кеча-кундуз давомида қабул қилиши лозим бўлган оқсил, ёғ, углеводларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда овқатланишни тўғри ташкил қилиш талаб этилади. Айниқса ҳайвон оқсиллари, масалан гўшт (мол, товуқ, қуён ва бошқа ҳайвон гўштлари), балиқ, тухум, сут ва сут маҳсулотлари, шунингдек сархил мева-сабзавотларда зарур миқдордаги витаминлар борлиги туфайли, улар бола организмининг яхши ривожланиши учун ниҳоятда зарур.

Мактаб ўқувчисининг қишки таомномасида дуккакли ва углеводли маҳсулотлардан тайёрланган таомлар бўлса фойдали. Кўкламда турли кўкатлардан пиширилган овқатлар бўлиши муҳим. Ёзда ва кузда эса ҳўл меваларга кенг ўрин берилади. Асосийси, бола овқатланишида хилма-хиллик, витаминларнинг мўл-кўллиги, тайёрланган таомнинг янгилиги ва сифатлилиги унинг саломатлигида муҳим ўрин тутади. Буни асло унутмаслик лозим.

Акмал СУЛТОНОВ,
Тошкент тиббиёт академияси
«Педиатрия ва болалар овқатланиши»
кафедраси мудири, профессор.
Санобар КАРИМОВА,
олий тоифали шифокор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x