Электрли муолажалар

Электротерапия (электр  билан даволаш усули) оғриқ  қолдирувчи  ва  тинчлантирувчи  восита  сифатида  невралгия,  томир  тортишиши,  асаб-мушак  тизими  хасталиклари, мушак атрофияси,  бўғимлар  ревматизми,  неврастения сингари бир қанча  касалликларда  қўлланилади.

Паст  кучланишли  ток  электродлар  орқали  тананинг маълум қисмидан ўтганида  ҳужайрада  физик-кимёвий  жараёнларнинг  ўзгариши  рўй  беради,  қон  айланиши  ва  уйқу  яхшиланади,  оғриқ  камаяди,  яллиғланиш жараёнлари  бартараф этилади, зарарланган  тўқималарнинг  тикланиши  тезлашади.

Электр  билан  даволаш  тана  учун  деярли  хавфсиз.  Бу  муолажани   овқатлангандан 1-1,5  соат  ўтгач  бажариш  тавсия  этилади.  Муолажа пайтида фойдаланиладиган  ток  кучи  ниҳоятда  паст  бўлиб,  инсон  саломатлигига  зарар  етказмайди.

Паст  частотали  электр  токи  ёрдамида  тананинг  оғриқ жойига кам миқдорда  дори воситаси юборилади.

Замонавий  тиббиётда  паст  кучланишли  ўзгармас  электр  токи (гальванизация),  ўзгарувчан  токлар  (дарсонваризация,  диатермия) паст частотали импульсли  ток (индуктотермия),  шунингдек  электрофорез,  дарсонвализация,  фонофорез (доривор  моддаларни  тўқималарга  юбориш  усули),  турли  частотали  ўзгарувчан  ёки  юқори  частотали  ўзгарувчан   ёки  магнит  майдонлари  муолажалари  электр токи ёрдамида амалга оширилади.

Гальванотерапия билан даволаш мақсадида организмга  (30-80 В) бирликдаги кам қувватли электр токи юборилади. Гальваник ток  беморнинг марказий асаб тизимига ижобий таъсир қилади, юракни қувватлантиради, организмда янги ҳужайралар хосил бўлишини таъминлайди ва  ҳимоя кучларини мустаҳкамлайди. Бу усул радикулит, невралгия, бош ва  орқа мияда қон айланишининг бузилиши, сурункали гастрит, колит, холецистит, ўт йўллари дискинезияси, юрак-қон томир хасталиклари, кўз касалликлари ва сурункали артритни даволашда ёрдам беради.

Унутмаслик керакки, организмда йирингли ва яллиғланиш билан боғлиқ  жараёнлар кечганда, қон касалликларида, доимий беҳолликда, шунингдек  ҳомиладорлик даврида гальванотерапия тавсия этилмайди.

Электрофорез (дори воситаларини гальванизация ёрдамида организмга юбориш) усули дориларнинг тўқималарга тезроқ сингишини  таъминлаб,  таъсирини  янада  оширади. Электрофорез  оғриқсизлантирувчи, қон томирларни кенгайтирувчи, организмда моддалар алмашинувини  жадаллаштирувчи таъсир кўрсатиши туфайли асаб тизими касалликлари,  таянч-ҳаракат тизими ва гинекологик хасталикларда самарали қўлланилади. Электрофорез муолажаси оғриқсиз бўлиб, бемор фақатгина дори юборилаётган жойнинг енгилгина қизиши ёки игначалар «санчишини» сезиши  мумкин.

Дарсонвализация юқори кучланишли (20 кВ гача), кичик кучли (0,015-0,02 мА) ва юқори частотали (110 кГц) импульс токлар  билан даволаш усули бўлиб, бунда дарсонваль токлари терига электроддан тушиб турадиган майда-майда учқунлар ҳамда бу учқунлардан ҳавода  пайдо бўладиган ионлар ва кимёвий моддалар (озон, азот-оксид ва бошқалар) орқали таъсир кўрсатади. Муолажа беморда игна санчилишидек ҳис  уйғотади, шунингдек, иссиқлик сезгисини юзага келтиради.

Дарсонваль ёрдамида теридаги моддалар алмашинуви тезлашади, майда  йирингли яралар, сўгал, ҳуснбузарлар даволанади. Бу муолажа танада қон айланишини тезлаштиради, аъзо ва тўқималарнинг кислород билан  озиқланишини фаоллаштиради,  аллергик  касалликларда  кучли  қичишишларнинг тўхташига ёрдам беради, оғриқсизлантирувчи таъсир кўрсатади.  Шунингдек дарсонвализация билан хафақон (гипертония, қон босимининг  ошиши),  уйқусизлик,  қон-томир  касалликлари,  гинекологик  хасталиклар  даволанади. Нерв тўқималарининг таъсирчанлик даражасини пасайтириш  хусусияти туфайли бу усул хирургияда ҳам оғриқсизлантирувчи восита сифатида кенг қўлланилиб келинмоқда.

Дарсонваль усули тез-тез боши оғриб турадиган аёлларга наф беради,  бундан ташқари асаб касалликлари, уйқусизлик, сурункали чарчоқдан шикоят қиладиган беморлар соғлигини тиклашда ҳам  жуда фойдали.

Лекин бу усул ўткир юқумли касалликларда,  юрак-қон  томир хасталикларининг зўрайиш даврида, ўсма дардларида ва ҳомиладорликда буюрилмайди.

Азиза РАЖАБОВА, терапевт.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x