Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ НИТШЕНИНГ ШАРҚОНА ТУШЛАРИ

 

(Нитше, Зардушт, Румий иқлими)

I

Шарқ ва Ғарб ўртасидаги фикрий ва мафкуравий мубоҳасалар тарихи анча чигал масала. У узоқ ўтмишга, биз биладиган ва тасаввур қила оладиган тарихдан Искандар Мақдуний замонларига, ундан-да олдинроқ  Ахамонийларнинг Қадимги Юнонистонга қилган музаффарона юришлари даврига бориб тақалади[1]. Қадимги эронликларнинг Қадимги Юнондан нима олганлиги (табиийки, моддий бойлик назарда тутилмаяпти) номаълум, аммо Искандар Мақдунийнинг Эрон ва Туронзаминга лашкар тортиб, неча юз йиллик аламининг хуморидан чиққанлигидан ташқари, ўша даврларда инсоният маънавий хазинасининг энг ноёб дуру гавҳари бўлмиш “Авесто”ни кўриб, азбаройи ҳасад ва рашкидан унинг барча асл нусхаларини ёқиб юбориб, бир-икки нусхасини Юнонистонга жўнатганлиги аниқ. Шундай экан, қандай қилиб Қадимги Юнон, у орқали бутун Ғарб олами “Авесто” таъмини татиб кўрмаган, деймиз? Агар Европа Уйғониш даврининг биринчи босқичи XIV асрда Италияда бошланган бўлса, нега ундан неча юз йил олдин – IX–XII асрлардаги Мусулмон шарқининг биринчи Уйғониш даври (ана шу масалада ҳам бир оз ноаниқлик мавжуд: биринчидан, бу Уйғониш аслида VIII асрдан бошланади, чунки ислом тарихидаги фикрий уйғониш ва кўтарилиш аслини олганда ана шу асрдан бошланган. Ислом таълимоти доирасидаги фалсафий мактаблар – муътазилия, ашъария, мотуридия каби калом фалсафаси (ислом теологияси), тасаввуф таълимоти ва ирфон фалсафаси (ислом теософияси) айнан ана шу даврда вужудга келган. Иккинчидан, бу уйғониш бутун Шарқ халқлари ва мамлакатларига эмас, балки фақат Мусулмон Шарқигагина мансуб бўлган) буюк кўтарилиш ва юксалиш даврининг илк босқичи сифатида ҳеч кимнинг хаёлига келмайди? Шарқ доимо Ғарбдан олганларини эътироф этиб келган. Буни Форобий ва Ибн Синонинг фалсафий рисолаларидан ҳам, Ибн Рушднинг Арасту асарларига ёзган шарҳларидан ҳам билса бўлади. Аммо негадир Ғарб олами иложи борича буни яширишга, четлаб ўтишга, билмаганга олишга ҳаракат қилиб келади. Ғарб, ҳа-ҳа демасанг, ҳатто тасаввуф таълимотининг илдизларини ҳам Қадимги Юнон фалсафаси, айниқса, неоплатонизмга ва христианлик эътиқодига олиб бориб тақашга интилади. Чунки, сир эмас, тасаввуф таълимотининг сир-синоатлари, ундаги юксак руҳий-маънавий уруж, ақл-идрокларни ўзига мафтун ва маҳлиё этадиган фалсафа юз йиллардан буён жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Ҳолбуки, ушбу мангуликка дахлдор таълимотнинг ислом тафаккурининг Хизр чашмасидан балқиб чиққанлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан унга “Ота”, “Она” ва “Бола” қидиришнинг ҳеч қандай ҳожати йўқ.

 

 

II

 

XIII асрнинг 30 йиллари бошларида папа Григорий IX томонидан эълон қилинган бир қанча ҳужжатлар асосида марказлашган папа инквизицияси (“инквизиция” – “қидирув”) таъсис этилди. Кўп ўтмай, Иннокентий IV томонидан 1252 йилда эълон қилинган булла “Ad extirpanda” инквизицияга расмий ва ташкилий мақом берди. Ушбу мақомга биноан инквизиция тергови жараёнида айбланувчиларни қийноққа солишга расман рухсат берилди. Бу даврга келиб Мусулмон Шарқи мўғул босқинига учради: Шарқ тамаддунининг қуёши салкам икки юз йил мобайнида – то Амир Темур қудрат ва салтанат тепасига келгунга қадар – зулм, истибдод ва жаҳолат булутлари ортида қолиб кетди. Темурийлар салтанати Мусулмон Шарқининг каттагина бир қисмида янги Уйғониш даврини бошлаб берди. Шарқ қайтадан эркин нафас ола бошлади: сиёсий куч-қудратга, марказлашган давлатга, ўзига хос бошқарув тизимига эга бўлди; халқ мўғул зулми ва истибдодидан қутулди, ўз эрки ва инсоний ҳақ-ҳуқуқига эга бўлди; инсоф, адолат, иймон, дин, эътиқод каби тушунчалар яна диллардан тилларга кўчди; маърифат, маъно ва маънавият ўз ҳомийлари ва мухлисларини топа бошлади; илм-фан, адабиёт, санъат, маданият ривож топди; халқнинг иқтисодий аҳволи олдинги даврга нисбатан анча яхшиланди ва натижада, одамлар шеър ўқийдиган, ундан лаззат оладиган даражага етдилар; энг муҳими, фалсафий тафаккур қуёши яна нур тарата бошлади: файласуфлар, мутасаввифлар, орифлар, тарихчилар, адабиётшунослар яна инсониятни ҳайратга солгувчи асарлар яратишга киришдилар. Шарқнинг иккинчи Уйғониш фасли Ғарбнинг биринчи Уйғониш даврига уланиб кетди…

Аммо афсуски, бу саодатли давр узоққа чўзилмади: темурий шаҳзодалар ўртасидаги ўзаро низо ва нифоқлар Улуғ Амир Темур асос солган Буюк салтанатни инқироз ва таназзулга учратди. Яна тафаккур қуёши бота бошлади, илм-фан, санъат, адабиёт ва фалсафа машъаллари сўнди…

Ана шундай бир вазиятда Шарқ Уйғониш даврининг инерцияси Ғарбни мунаввар эта бошлади: бу бир пайтлар Шарқда бошланиб, ўзининг юксак даражаларига етган Уйғонишнинг мантиқий давоми эди. Ғарб шоир-ёзувчилари ва файласуфлари бир томондан Арасту метафизикаси ва Афлотун идеализмига, иккинчи томондан Форобий, Ибн Сино ва Ибн Рушд фалсафий меросига, шунигдек, бир томондан христиан динининг асослари, патристика, аппологетика ва схоластика каби илоҳиётшунослик мактабларига, иккинчи томондан ислом динининг ҳаётбахш ғоялари, ислом рационал тафаккури – калом фалсафаси ва ислом иррационал тафаккури – тасаввуф таълимоти ва ирфон фалсафасига мурожаат эта бошладилар. Натижада, Ғарбда зоҳиран қараганда ғарбона, аммо ботинан қараганда шарқона адабиёт ва фалсафа вужудга келди. Устоз Нажмиддин Комилов нигоҳлари билан қараганда, “Ибн Сино ва Ибн Рушд фикрларини Данте уларнинг лотин тилига ўгирилган асарларидан ўқиб ўрганган. Шунингдек, шоир ихлос қўйган ғарблик мутафаккирлар – “ҳамма нарсадан хабардор” Улуғ Алберт, Рожер Бэкон, Сигерий Брабантий, Жилбер де ля Порре, Гвидо Квалканти Шарқ файласуфларининг муҳиблари эдилар” (Н.Комилов. Тафаккур карвонлари, 1999).

Мусулмон Шарқи таассуб, бидъат ва хурофот ботқоғига ботди. Ғарб эса тараққиётга юз тутди, Шарқни бўйсиндириш, беҳисоб бойликларига эгалик қилиш пайига тушди. Ғарб инсони моддиётнинг чиркин чангалларида лаззатланишни истади. Бойлик, моддий ҳаёт, катта сармоя ва дунёга эгалик қилиш илинжи Ғарб инсонининг ҳис-туйғуларини манфаатлар балчиғига ботирди, руҳиятини нафс ва фаҳш чирклари булғади. Одамсимон машиналар ёки машиналашган одамлар олами кўкка бўй чўзган буржлар, баланд ва ҳашаматли иморатлар, товусдай товланиб турадиган машиналар билан бирга воқеликка айланди. Аммо инсон руҳияти паканалашиб, майдалашиб кетди, ҳис-туйғу чўққилари, тафаккур буржлари дарз кетиб, қулай бошлади. Қадриятлар, инсон қадр-қиймати маъносизлик манзилида макон топди. Ана шунда яна фалсафа ёрдамга келди: ирода фалсафаси, ҳаёт фалсафаси, инсон фалсафаси, экзистенциализм (мавжудлик; Хайдеггер фалсафасида инсон ички борлиғининг моҳияти) фалсафаси, қадриятлар фалсафаси… бўлиб.  Инсониятни тафаккурсизликдан лаззатланиш вабосидан қутқазиш мақсадида… Аммо Исосини йўқотган, моддиюнчиликка муккасидан кетган Ғарбни ҳеч қандай бир некбин фалсафа ҳайқириғи орқага қайтара олмади: Дарвиннинг биологик, Фрейднинг психоаналитик таълимотлари Ғарбни маймунлар, бўрилар ва вамперлар билан қариндошликка ундади. Яхши “изм”лар ҳам, ёмон “изм”лар ҳам кўпайиб кетди. Аввалига марксизм, сўнг нацизм, ундан сўнг фашизм ана шундай ноинсоний таълимотларнинг маҳсулоти бўлиб майдонга чиқди. Бу вабо инквизиция балосидан ҳам мудҳишроқ бўлиб чиқди. Ғарбда тафаккур қуёши ботиб бўлган эди. Тафаккур қилиш, мулоҳаза юритиш, оддий инсоний муносабатларга риоя қилишдан мосуво дунё яратилди… Хантингтоннинг “Ғарб қуёшининг сўниши”, Патрик Бюкененнинг “Европа ўлими” номли асарларида ҳам ана шу аччиқ ҳақиқатлар ҳақида фикр юритилади…

 

 

III

 

Шарқ ва Ғарб ўртасидаги фикрий баҳслар ҳақида устоз Нажмиддин Комилов ўз асарлари, тадқиқот ва кузатишларида диққатга молик фикрларни билдириб ўтганлар. Жумладан, у кишининг “Шарқ халқлари маданиятига паст назар билан қараш адабиётшуносларгина эмас, балки европалик файласуфлар, тарихчилар орасида ҳам бирмунча кенг тарқалгандир”, “В.Жирмунский XII-XIII асрларда Андалусияда араб тилидан ўгирилган таржималарнинг Европа маданияти учун аҳамиятини қисқача қайд этса-да, испан олимлари Менендес Пидал ҳамда Анис Паласиоснинг Шарқ шеърияти трубадурлар лирикасига таъсир этди, деган фикрларини шубҳа остига олади” каби мулоҳазалари ушбу можароларнинг яқин ўтмишда ҳам, ҳозирги пайтда ҳам давом этиб келаётганини тасдиқлайди. Н.Комилов ушбу нохолис қарашларнинг асоссиз эканлигини, Ғарб Шарқдан уларнинг ўзи ўйлагандан ҳам кўпроқ нарса олганлигини, шу билан бирга, Шарқ ҳам Ғарбдан нималарнидир ўрганганлигини исботлаб берадилар. Бу ҳақда фақат шуни қўшимча қилиш мумкинки, Ғарб – рационал тафаккур – ақлиёт ва реализм рамзи бўлса, Шарқ – иррационализм – ҳиссиёт ва романтизм тимсоли. Бир инсоннинг вужудида ақл билан ҳиссиёт мужассамлашгани каби бу кўҳна дунё ҳам ушбу икки унсурсиз мавжуд бўлолмайди. Демак, Шарқ билан Ғарб аслида ушбу икки жараёндан таркиб топган ягона бир вужуд экан. Униси буниси билан, буниси униси билан яхлитлашадиган, мукаммаллашадиган ягона вужуд. Кун тунсиз маъносини йўқотади, қиш бўлмаса, баҳор ҳам оддий бир фаслга айланиб қолади.  Инсоният ҳам фақат ақлиётга таяниб, ёки мунтазам ҳиссиётга берилиб яшай олмайди. Хайриятки, Европада ҳам Шарқни эътироф этган, унинг мафтункор ва жозибали дунёсига кўнгил қўйган соғлом фикрли инсонлар олдин ҳам бўлган, ҳозирда ҳам бор. Данте, Гёте, Байрон, Ч.Диккенс, М.Арнолд, С.Моэм, Т.С.Элиот, М.Лермонтов, С.Есенин, Л.Арагон каби улуғ шоир ва ёзувчилар, Г.Этте, А.Арберри, Э.Фицжералд, И.М. Катарский, А.А.Фет, Н.Г.Чернишевский, М.Л.Михайлов, В.А.Жуковский, Н.Конрад, И.Ю.Крачковский, Е.Э.Бертельс, И.Брагинский, Ж.Сартон, Ж.Томсон, В.Бартолд, И.А.Орбели каби бир қатор европалик йирик таржимон ва олимлар Шарқнинг бой ва қадимий тарихи, маданияти, тамаддуни, адабиёти ва санъатига юксак баҳо бердилар, унинг тарғиботчилари ва муҳибларига айландилар. Ушбу рўйхатни Гегел ва Бэкон каби бир қатор европалик буюк файласуфларнинг номи билан ҳам давом эттириш, тўлдириш мумкин. Улуғ олмон мутафаккири Фридрих Нитше (1844-1900) эса ҳам файласуф сифатида, ҳам шоир ва ёзувчи сифатида ана шу силсилада алоҳида ўрин тутади.

 

 

IV

 

Ғарб мутафаккирлари сир-синоатларга бой ва афсонавий Шарқдан ҳамиша узоқ ўтмишда қолиб кетган инсоний ўзликни, сохта ва риёкорона илтифотлардан, ҳар қандай ғараз ва моддий манфаатдорликдан холи бўлган оддий инсоний муносабатларни, айниқса, самимият ва муҳаббатни излаганлар.

Ўтган асрда яшаб ижод этган машҳур инглиз ёзувчиси Сомерсет Моэм (1874-1965) Шарқий ва Жанубий Осиёнинг Ҳиндистон, Сингапур, Бирма, Хитой, Малайзия ва Индонезия каби гўзал ҳамда афсонавий мамлакатлари бўйлаб турли-туман саргузаштлар ва таҳликали вазиятларга бой сайру саёҳатларга чиқиб, шундай деган экан: “Цивилизациялашган жамиятда шахснинг индивидуаллиги йўқолиб кетади, чунки одам ҳар қадамда ўнлаб қонун-қоидаларга, тартиб-интизомга бўйсунишга мажбур. Маданият юзимизни беркитадиган ниқобга айланади. Бу ердагилар эса жамиятга мослашиш учун юзига ниқоб тақмасди. Улардаги индивидуаллик аниқ кўринарди” (С.Моэм. Ёмғир. Ҳикоялар. Инглиз тилидан А.Отабоев таржимаси, 2014.). Осиё ўлкаларида бўлиб, Шарқ халқлари турмуш тарзини Ғарб мамлакатлари маданияти билан таққослар экан, Моэм Европадаги катта шаҳарларда яшайдиган одамларни қопга тўлдирилган тошларга ўхшатади. Бир-бирига ишқаланаверган тошларнинг ҳаммаси бир хил силлиқ ҳолатга келиб қолади. Таити, Бирма, Индонезия каби тамаддундан узоқ мамлакатларда яшаётганларда эса шу “қирралар” силлиқланиб, йўқолиб кетмайди. Уларнинг характерида инсон табиатига хос хусусиятлар анча яққол кўринади”. Кейинчалик, ўзининг Европадаги ҳаёти қанчалик қизиқарли туюлмасин, дўст-ёрлар, улфатлар ва гӯзал аёллар даврасида қанчалик роҳат-фароғат ва айш-ишратда ӯтаётгандек кўринмасин, аслида анча чегараланган ва зерикарли бӯлганини мардонавор эътироф этган адиб, “Шарқ тематикасига мурожаат қиларкан, Ғарб босиб ўтган барча йўллардан холи одамлар ҳаётини акс эттиришга киришади ва жавобни, ҳақиқатни ажнабийлар тажрибасидан излайди. Адиб ҳикояларида Шарқ дунёқарашининг янгилиги европалик одам характеридаги анъанавийликка қарши қўйилади. Таити, Самоа, Бирма ёки Ҳиндистонга келиб қолган Моэмнинг ғарблик персонажлари бу мамлакатлардаги маданиятга мослашишга қийналишади. Адиб буни Ғарб ва Шарқнинг бир-биридан узоқлашиб, икки хил дунёга айланиб қолгани билан изоҳлайди. Адиб ҳикояларидаги кўпчилик қаҳрамонлар бу номаълум мамлакатларда қолиб кетади. “Бу ерга келгунимча менда кӯнгил борлигини билмаган эканман”,  – дейди улардан бири”. Моэмдан ўттиз йил олдин оламга келган ва ундан олдинроқ оламдан кўз юмган Фридрих Нитше “Зардушт таваллоси”да биринчилардан бўлиб Шарқ факторини ўртага ташлайди. Бу асар орқали у шарқлашган Ғарб мутафаккири сифатида тафаккур майдонига келади: унда у Зардушт билан суҳбат қуради, уни ўзида, ўзини эса унинг сиймосида кўради. Унинг тасаввуридаги Зардушт реал ҳаётдан, инсоният оламини ўраб олган табиатдан, борлиқдан айро эмас, балки унинг ажралмас бир бўлаги, таркибий бир қисми, борлиқнинг чексиз-чегарасиз, таг-туби номаълум денгизига шўнғиб, унда эркин суза олган, тубидан ҳикмат жавоҳирларини қўлга кирита олган Аъло одамдир.

 

 

V

 

Буюк немис экзистенциалист ёзувчиси ва файласуфи Фридрих Нитше “Зардушт таваллоси”да Телба образи билан алғов-далғов тушлар кўраётган Ғарбнинг XX аср инсонини бедорликка, ҳушёрликка даъват этди; тафаккурсизликнинг лойқа дарёсида хас-хашакдек шиддат билан оқиб кетаётган оломонга имдод қўлини чўзган, кибр-ҳаво, нафс ва зўравонлик зулматлари қоплаган Ғарб осмонини кўҳна Шарқ қуёши – донишманд Зардушт тафаккури билан чароғон этмоқчи бўлди. Шу сабаб ноанъанавий фикрлари билан кўзбўямачи, зоҳирпараст анъаначиларнинг айшини бузган Мансур Ҳаллож, Ибн Сино, Ибн ал-Арабий, Айнулқуззот, Насимий, Машраб, Бруно, Коперник… каби тафаккур осмонининг қуёшларидек ботишга маҳкум этилди. У ўзининг “Фожианинг мусиқа руҳидан туғилиши”, “Инсонга хос, ҳаддан ташқари инсонга хос”, “Йўловчи ва унинг сояси”, “Қувноқ билимлар”, “Зардушт таваллоси”, “Аччиқ ҳикмат”, “Яхшилик ва ёмонликнинг нариги тарафида”, “Ахлоқнинг келиб чиқиши”, “Санамларнинг оқшоми”, “ECCE HOMO” ва “Дажжол” (Антихрист) каби асарлари билан аввал Европани, кейинчалик Осиёни ҳайратга солди. Аммо яна бир мулоҳаза: Шарқда Мансур Ҳаллож, Айнулқуззот, Умар Хайём, Насимий ва Машрабга бўлган муносабат ўта зиддиятли бўлиб келганидек, Ғарбда Нитшега бўлган муносабат доимо айқаш-уйқаш, телба-тескари бўлиб келгани ҳам сир эмас. Жумладан, абсурд ва исёнкор одам фалсафасини олдинга сурган XX аср машҳур француз экзистенциалисти ва файласуфи Албер Камю (1913-1960) “Исёнкор одам” асари устида ишлаш жараёнида шундай деган эди: “Европанинг ёвуз даҳолари номини олган файласуфлар бор, уларни Гегел, Маркс ва Нитше дейишади… Биз уларнинг Европасида, улар яратган Европада яшаяпмиз”. Камю “Немис дўстимга мактуб”ни эълон қилгач, Томас Маннга ўхшаган кўпгина интеллектуалист ёзувчилар Нитшенинг гўзал афоризмларини баҳолашга ва уни ёқлашга киришадилар. Камюнинг Нитшега бўлган салбий муносабати кейинчалик ижобий томонга ўзгаради ва у ўзининг машҳур асарларидан бири – “Сизиф ҳақида асотир”ини маълум даражада Нитше қарашлари таъсири остида яратади. Агар Нитше инсониятга йўқолиб кетган “абадий қайтиш” ҳақидаги миф – асотирни таклиф этган бўлса, Камю “Сизиф ҳақидаги асотир”да ўзликни тасдиқлаш ҳақидаги мифни ўртага ташлайди.

Фридрих Нитше “Зардушт тавалло”сида “ўзини инсоният имкониятлари чегарасидан ташқарига чиққан онгни ўзида мужассамлаштирган Зардушт билан тенглаштирган”. У инсоният ва ҳаётга душман бўлган нарсалар, кимсаларни йўқ қилишга, йўққа чиқаришга тайёр турувчи, нажоткор, қудратли, матонатли, фидокор инсон идеали – Аъло инсон тимсолини яратишга интилади. Мусулмон Шарқида Комил Инсон тимсолини яратган мутафаккирлар – Ибн ал-Арабий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Азизиддин Насафий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Бедил… сингари. “Қаранг, – деб ёзади Нитше, – мен сизларга аъло одам ҳақида таълимот беражакман”.

Аъло одам заминнинг мазмуни. Сизнинг иродангиз айтсин “Майли, аъло одам заминнинг мазмуни бўлсин!” (Ф.Нитше. Зардушт таваллоси. Рус тилидан И.Ғафуров таржимаси, 2007). Нитшенинг Аъло Одами – кайҳоний одам. Унда биз ҳам “Авесто”да улуғланган Инсон, ҳам тасаввуф алломалари – Мансур Ҳаллож, Боязид Бистомий, Айнулқуззот Ҳамадоний, Ибн ал-Арабий, Фаридиддин Аттор ва Румий тасаввур этган Комил Инсон тимсолини кўрамиз. Олий Инсоннинг зардуштийлик ва ислом фалсафий тафаккуридаги тимсолларининг бир-бирига қоришиб кетган ҳолатини мушоҳада этамиз.

Сиёсатшунос ва жамиятшунос олим Нарзулла Жўраев Зардушт ва Нитше ўртасидаги алоқадорлик ҳақида фикр юритар экан, “асар услубида Зардушт билан Нитшенинг тенглиги яққол кўзга ташланади. Дарҳақиқат, муаллиф илоҳий шахс билан ўзини тенг қўяди, ўзаро мулоқотда бўлади, кўп ҳолларда Зардушт номидан гапиради, Зардушт ғояларини ўзининг қалб кечинмалари билан синтезлаштиради. Гарчи, улар туғилган макон турли минтақаларда жойлашган,  жуда улкан, маҳобатли тарихий давр уларни ажратиб турган бўлса-да (улар яшаган давр қарийб уч минг йиллик масофа билан фарқланади), қарашлар уйғунлиги фавқулодда ҳодиса сифатида, айни пайтда ўта табиий ҳолатда юзага келади. Бу шу даражада табиий, шу даражада мусаффо ва гўзалки, уни бир-биридан ажратишга интилиш ёки бир-биридан айро ҳолда тушуниш жиддий хатоликка олиб келади. Асарда муаллиф Зардушт билан замондошдай, яқин дўстдай ёнма-ён туриб гаплашади. Ўзининг ғояларини тўғридан-тўғри Зардушт орқали тушунтиришга ҳаракат қилади ва бунга ўта табиийлик билан эришади”, – деган ҳаққоний хулосага келади (Н.Жўраев. Тахайюл, тасаввур, тафаккур, 2015). Муаллиф Нитше тафаккурини таҳлил қилар экан, унинг “баён услубида, фикрни ифодалаш шаклида Европалик донишмандлар услубидан кўра кескин ва ёрқин ўзига хослик бор”, – дейди ва буни қуйидагича изоҳлайди: “Биринчидан, у ҳар қандай оғир, залворли фикрни, ақлни остин-устун қилиб юборадиган гапни жўшқин ҳиссиёт ва қайноқ эҳтирос билан йўғрилган ҳолда баён этади. Иккинчидан, у бевосита ва тўғридан-тўғри Шарқ феноменига мурожаат қилаяпти, унинг оламида яшаяпти. Ўзини ўзи танлаган, ихлос қўйган Зардушт тимсолида кўрмоқда. Шунинг учун Нитшенинг услуби “Авесто” матнларининг услубига жуда ўхшайди, яқин туради. Нитшега “Авесто”нинг таъсири шу даражада кучли бўлганки, ҳатто фикрни баён этиш услублари ҳам бир-бирига ўхшаш”.

 

 

VI

 

Нитшенинг “Худо ўлди”, деган машҳур ибораси бор. “Нитше “Худо ўлди” иборасини биринчи марта “Зардушт таваллоси”ни ёзмасидан олдин, 1882 йили нашр этилган “Қувноқ билимлар” асарида қўллаган. Унда шундай келтирилади: “Куппа-кундуз куни чироқ ёқиб, бозормайдонда тентираганча: “Худони қидиряпман! Худо қаерда?” – дея тинимсиз қичқирган телба ҳақида эшитганмисиз? – Унинг атрофида тўпланганларнинг кўпи даҳрийлар бўлиб, телбани майна қилишарди. Худони йўқотиб қўйдингми? – сўради улардан бири. Худо ёш боладай бўлса, адашиб қолгандир-да, – сўз қотди бошқаси. Балки беркиниб олгандир? Ёки биздан қўрқяптимикан? Сувга тушиб, чўкиб кетган бўлса-чи? Ё кўчиб кетдимикан? – усти-устига шарақлаб кулишарди. Шу пайт телба тўпланганлар орасига отилиб кирди-да, кўзини чақчайтириб ҳаммасига бир-бир қарай бошлади. “Худо қани? – ҳайқирди у. – Биласизларми, сизларга нима демоқчиман! Биз Уни ўлдирдик – сиз ва мен! Биз унинг қотилимиз!”

Илк ўрта асрлар Мусулмон Шарқида Мансур Ҳалложнинг ислом оламини ларзага келтирган “Анал-Ҳақ” деган ҳайқириғини эслатадиган ушбу таъбир ҳам ўз навбатида ноанъанавий, қулоққа эриш туюладиган, иймон-эътиқод аҳли учун куфрдан ўзга нарса эмас эди. Юз йилдан буён Ғарб ва Шарқда анчагина мунозараларга сабаб бўлиб келаётган, “Қувноқ билимлар” асарининг “Телба” номли 125-қисмида келтирилган ушбу таъбир ўзбек олими – Нарзулла Жўраев томонидан ҳам ўзига хос талқинини топади: “Бу билан Нитше, биринчидан, инсоният ҳали баркамол эмас, у ҳали тарбияга эҳтиёж сезмоқда. Одамларда Эътиқод, Иймон, Адолат, Ҳақиқат туйғулари заиф. Аксинча, разолат, қабоҳат, мунофиқлик ва эътиқодсизлик инсон қонида кўпирмоқда, демоқчи. Иккинчидан, телба воқеаси Нитше фалсафасидаги Олий одам тушунчасининг ўзига хос, бетакрор ифодаси. Бу ғоятда оғир, изтиробли руҳий ҳолат. Кишини чуқур ўйлашга, фикрлашга даъват этадиган, инсон ҳақидаги тасаввурларни остин-устун қиладиган, қалбингни ларзага солиб, ҳиссий бўҳронлар ва руҳий тўфонлар уйғотадиган драматизм. Балки фожеадир! “Худо ўлди!” дейишнинг ўзи қанчалар оғир. Бироқ, Худо билан бандаси, Олий хилқат билан инсоният ўртасидаги масофа одамларнинг чек­ланган дунёқараши, мураккаб феъл-атвори, суст эътиқоди, нотўкис ахлоқий ва маънавий даражаси туфайли анча узоқлашиб кетмаяптимикан?”

Тасаввур қилинг: “Худо ўлди!” дейишнинг ўзи даҳриёна сўз. Аммо бу сўзни айтаётган Телбанинг ёнида ундан-да даҳрийроқ кимсалар Худони масхаралаб туришипти. Нитше бу билан нима демоқчи? У даҳрий бир файласуфми? Муаллиф бир жойда буни инкор этади ва бизнингча ҳам шундай бўлиши керак: “Умуман олганда, телба қандай одам? У Нитше тасаввурида ростдан ҳам ақли заиф одамми? Балки бундай эмасдир. Чунки у ҳайратомуз даражада, тасаввурга сиғмайдиган ҳолатда Олий ҳақиқатни излаяпти, жамиятдан, атрофдаги одамлардан нафратланаяпти. Уларнинг Олий ҳақиқатдан узоқлашаётганидан дарғазаб. Уни йўқотиб, аниқроғи, унутиб қўйган кишилик оламининг бедаволигидан изтироб чекяпти” (Н.Жўраев. Тахайюл, тасаввур, тафаккур, 2015). Юқоридаги талқинга қараганда, бу ерда Телба – ҳушёр ақл ва бедор қалб тимсоли. Аслида, унинг атрофидаги одамлар – ҳақиқий телбалар, ҳақиқий даҳрийлар. Бу билан Телба, яъни Нитшенинг Аъло Одами айтмоқчи: инсоният ўлди, инсонийлик ўлди! Ўлган инсониятда Худо бўладими? Ахир Худонинг мавжудлигини англайдиган, тасдиқлайдиган мавжудот ҳам инсон-ку! Қалби, онг-шуури, тафаккури ўлиб бўлган инсонда, албатта, Худо ҳам мавжуд бўлмайди-да!

 

 

VII

 

Фридрих Нитшенинг Телбаси “Худо ўлди!”, деб бонг уради, нафс, шаҳват, мол-дунё, кибр-ҳаво, тафаккурсизлик, онгсизлик, жаҳолат, зўравонлик ботқоғига ботган, инсоний қиёфасини йўқотиб бўлган кимсаларни тўғри йўлга солмоқчи, уларни инсоф-диёнатга чақирмоқчи бўлади ва шунда зулмат қоплаган бу муҳитда “Куппа-кундуз куни чироқ ёқиш фурсати келмадими?”, деб ҳайқиради. Нитше ўзининг “Худо ўлди!” деган ибораси билан қайсидир маънода Мансур Ҳалложнинг “Мен Худоман!” деган таъбирига яқинлашса, “Куппа-кундуз куни чироқ ёқиб, бозормайдонда тентираганча: “Худони қидиряпман! Худо қаерда?” деган сўзлари билан Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Девони Кабир”даги мана бу сўзларини бир оз ўзгартирилган шаклда такрорлаётгандек:

 

Дий шайх бо чароғ ҳамегашт гирди шаҳр,

К-аз деву дад малуламу инсонам орзуст

 

Яъни: У куни шайх чироқ кўтариб, шаҳарни айланар экан дейди: “Девлар ва инс-жинслардан бездим, бир инсонни кўриш орзусидаман”. Албатта, бу баҳсли ҳолат. Бу фикр Шарқ мутафаккирларидан олинган бўлиши ёки Нитшенинг ўз мулоҳазаси бўлиши ҳам мумкин. Аммо шунинг ўзи Ғарб ва Шарқ олами аслида бир-бирига бегона эмаслиги, қачонлардир ягона бир вужуд бўлганлигига мисол бўлолади. Энг муҳими, “кундузи чироқ ёқмоқчи бўлаётган” инсон – Нитшенинг “Телба”си, яъни ўша Аъло одам Ғарбда тафаккур қуёшининг ботиб бораётгани, фалсафа машъалининг сўниб бораётганини бутун вужуди билан англаган, идрок этган ва бундан қаттиқ изтироб ва даҳшатга тушган одам. Бу одам бугунги даврда – глобаллашувнинг ҳеч қандай қудратли куч олдини ололмайдиган цунамилари, тўфонлари, зилзилалари дунёни ларзага солаётган даврда ҳам огоҳлик бонгини уриб юрибди…

Нитшенинг Телбаси – исёнкор одам. Унинг исёни – фалсафий исён, тафаккур ғалаёни, ўз-ўзини рад этаётиб, ўзлигини тасдиқлаётган ақл эгасининг исёни. Албер Камю “Исёнкор одам”ни шундай таърифлайди: “Исёнкор одам” дегани нимани англатади? Бу – “йўқ!” дейдиган одамдир. Аммо у инкор этаётиб, бу одам ўзининг биринчи ҳаракатидаёқ “ҳа!” дейдиган одам эканлигини ҳам рад этолмайди”. Нитшенинг девонаси аслини олганда буюк бир файласуф тимсолидир. Нитше ўзининг “Фалсафа, маърифат ва ҳақиқат” номли асарида файласуф сиймосига хилма-хил чизгилар чизади. Жумладан, шундай ёзади: “Файласуф – замон чархини тўхтатадиган тормоздир. Файласуфлар буюк бир хавф-хатар юзага келган даврларда зоҳир бўладилар. Замон чархи ўта катта суръатлар билан айланаётган бир паллада улар санъат билан бирга асотирнинг ичидаги бўш жойга қадам қўядилар. Лекин ўлар ўз даврларига қараганда анчагина олдинроқдадирлар”.

Фридрих Нитшенинг мастонавор, девонасифат, исёнкор ва ғалаёнли руҳияси Шарқ мутафаккирларининг кўпчилигида бот-бот учрайдиган ҳолат бўлган. Бунга Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Умар Хайём, Айнулқуззот Ҳамадоний, Фаридуддин Аттор, Жалолиддин Румий, Насимий, Машраб каби буюк мутафаккирларнинг ҳаётини мисол келтириш кифоя. Бу ҳолатни тасаввуф аҳли юмшатиш ва зоҳирпараст шариатчилардан жон сақлаш мақсадида  “шатҳиёт”, яъни, илоҳий жазба, кучли руҳий ғалаён ва бехудлик ҳолатида ихтиёрсиз равишда айтилган, шунинг учун ҳам узрли бўлган  сўзлар, деб изоҳлаганлар. Масалан, Боязид Бистомийнинг “Субҳани, субҳани, ма аъзам шаъни”, яъни, “Улуғланганман, улуғланганман, менинг шаъним улуғдир” деган машҳур сўзлари ана шундай “шатҳиёт”лардан биридир.

 

 

VIII

 

Мавлоно Жалолиддин Румий фалсафани унчалик хуш кўрмаган. Унинг ўзи буни “Маснавийи маънавий”да ҳам, “Девони кабир”да ҳам таъкидлаб ўтган. Аммо қандай фалсафани? Мана буниси муҳимроқ. У Мутлақ Вужуднинг борлиқдаги жилвасини мушоҳада этолмайдиган, илоҳий ишқ жазбасидан холи, Инсоннинг гўзал ва айни пайтда зиддиятларга тўла ботин оламидан бехабар, сўқир, ҳис-ҳаракатсиз, ишқ-муҳаббатсиз, Гёте айтганидек, қуруқ алжираш-валжирашлардан иборат бўлган, олам ва одам моҳиятини англашга ожиз фалсафани рад этади. Шунинг учун бўлса керак,  у ҳам Нитшенинг Телбасига ўхшаб, ожиз, нотавон, ҳиссиз-ҳаракатсиз оломон дастидан фарёд чекади:

 

З-ин халқи пуршикояти гирён шудам малул,

Он ҳою ҳўю наъраи мастонам орзуст.

Гўётарам зи булбул, аммо зи рашки ом,

Муҳр аст бар даҳонаму афғонам орзуст.

Яъни: Бу йиғлоқи, фақат шикоят қилишдан бошқа нарсани билмайдиган бу халқдан дилгир бўлдим. Мастларнинг наъраю фарёдларини эшитишни хоҳлайман. Булбулдан ҳам яхшироқ сайрайман, аммо омманинг рашку ҳасадидан оғзимга муҳр урганман ва фарёд этишни (овозимни чиқаришни) орзу қиламан.

Нитшенинг “Зардушт таваллоси” аслида Зардуштнинг эмас, балки Нитшенинг таваллолари, ўз-ўзига нисбатан исёнлари, бир умр унинг ичини кемириб юрган кўнгил ғалаёнлари ва дарду ҳасратларидир. Бу дарду ҳасратлар ичида ҳаёт ва ўлим баҳси алоҳида ўрин тутади. Нитше ҳам Румий сингари лаззатбахш лаҳзаларга асир бўлмасликни, алдоқчи зоҳирий гўзалликларга гирифтор бўлмасликни тавсия этади: “Агарда сиз ҳаётга кўпроқ ишонганингизда эди, унда сиз лаҳзаларга ўзингизни камроқ бағишлаган бўлардингиз… Ҳар томондан ўлимни тарғиб қилувчиларнинг саслари эшитилмоқда; ер ҳам ўлимни тарғиб қилиши керак бўлганлар билан тўлди”.

Тасаввуф таълимотида ва айниқса, Румий ижодида нафсга қарши курашиш масаласи қайта-қайта ўртага ташланади. Нитше ҳам нафсга берилмай яшашни олий бахт деб атайди: “Мен учун энг олий бахт шундаки, – дейди ўзига ўзи сизнинг кўп ёлғончига чиққан руҳингиз, – ҳаётга тили осилган итдай эмас, балки ҳирсу ҳавога берилмай қарашдир”. Ҳаёт ҳақида фикр юритар экан, Нитше ирода фалсафасига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Унинг назарида, ҳаёт ва ирода тушунчалари уйғун нарса, чунки бири мавжуд бўлган жойда иккинчиси ҳам мавжуд бўлиши лозим: “Фақат ҳаёт бор ердагина ирода ҳам бор; лекин бу ҳаётга ирода эмас, бироқ – сенга шундай ўргатганман – бу ҳукм суриш иродасидир! Ҳаётнинг ўзидан кўра ундан юқорида яшаш кўпроқ қадрланади”.

Инсоният тафаккури асосан учта фалсафий билиш усули – мантиқ ёки мантиқий фикрлаш, диалектика ёки диалектик тафаккур, трансценденция ёки интуитив билим билан чегараланган. Фалсафий тафаккур тарихида “гарчи мантиқ ва диалектика ҳам зарур бўлса-да, улар қуйи поғона вазифасини бажаради холос, юқори поғонани эса трансценденция эгаллайди. Трансценденция – файласуфнинг ғоят юксак фикрлаш салоҳиятидан далолат бўлиб, у барчага ҳам насиб этавермайди. Ҳатто Арастудек мутафаккирда ҳам мантиқ ва диалектика кучли бўлса-да, интуиция борлиги кузатилмаган” (Қуёшни тўсиб қўйманг! Файласуф олима Ш.Қаҳҳорова билан суҳбат. “Тафаккур” журнали, 2015/4.). Румий ботин сир-асрорининг кошифи, ҳис-ҳаяжонлар океанининг ғаввосидир. Унинг назарида “ботиний туйғулар зоҳирий сезгилардан кучлироқдир. Зоҳирий сезгилар йўлини тўсиш мумкин, лекин ботиний туйғулар йўлини тўсиш имконсиздир”. У беқарор ва беором руҳ тилидан сўйлайди. Ушбу доимий безовта ва бесаранжом руҳият унинг барча баҳс  мавзуларида ўз аксини топган. Айниқса, ҳаёт ва ўлим баҳсида.

Румий тафаккури инсон руҳиятининг диалектикасини очиб берадиган тафаккурдир. У “Маснавийи маънавий”да ҳам, “Девони кабири Шамс”да ҳам  ана шу диалектикани тасвирлаб беради: Ҳосили умрам се сухан беш нест / Хом будам, пухта шудам, сўхтам. Яъни: Умримнинг самараси ушбу учта сўздан ўзга нарса эмас: хом эдим, пишдим, куйдим.

Румий назарида ҳаёт ва ўлим деган тушунчалар ўртасида ҳеч қандай чегара йўқ. Аксинча, ўлим ҳам ҳаётнинг давоми саналади. Четдан қараганда бу икки нарса икки мустақил ва бир-бирига зид ҳолатларга ўхшаб кетади. Аслини олганда улар битта ҳолатнинг турлича манзараларидир. Улар изма-из, ҳеч қандай узилишсиз, бир-бири билан алоқадорликда содир бўладиган ҳодисалардир:

 

Жанозаам чу бубиний, магў фироқ, фироқ,

Маро висолу мулоқот он замон бошад.

Маро ба гўр супурдий, магў видоъ, видоъ,

Ки гўр пардаи жамъияти жинон бошад.

 

Яъни: Агар жанозамни кўрсанг, жудолик деб ўйламагин. Ўша замон (ҳолат)да мен учун висол ва мулоқот онлари юз беради. Мени қабрга қўйганда алвидо демагин, чунки қабр жаннат аҳлининг пардасидир.

Румий ўлимни маъшуқани кутиб олгандек катта қувонч билан қаршилаб олишни талқин этади. Жумладан, “Маснавийи маънавий”да дорга осилаётган Мансур Ҳаллож айтган сўзларни келтиради: Уқтулуни, уқтулуни, ё сиқот / Инна фий қатли ҳаётан фий ҳаёт. Яъни: Ўлдиринглар, ўлдиринглар. Менинг ўлимим (қатлим)да ҳаёт ичра ҳаёт мавжуд.

Зотан, бу ҳолат унинг назарида руҳнинг қайта туғилишидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Румий ўртага ташлаган ҳаёт ва ўлим баҳсини Ғарб абсурд фалсафасидаги “ўлим мантиқсиз ҳаётдан қутулишнинг ягона йўлидир” тушунчаси билан тенглаштириб бўлмайди. Абсурд фалсафасидаги ўлим – бу нуқта дегани. Бошқача айтганда, ҳаётнинг ўзи абсурд – маъносиз ва мантиқсиз нарса, шундай экан унинг давоми ҳам мантиқсизликдан ўзга нарса эмас. Албер Камюнинг назарида Инсон табиатдан, Коинотдан узилган мавжудот. Коинот эса жонсиз, мавҳум нарса. У ҳеч қачон Инсонни тушунмайди, Инсон ҳам у билан боғлиқ эмас. Натижада, Инсон яккаланиб, ёлғизланиб қолади ва ҳаёт унинг учун аянчли, зерикарли манзарага айланади. Лекин Инсон зарурат ва мажбурият юзасидан ана шу бемаъни ҳаётни яшаб ўтиши шарт. Шу ўринда Мавлоно Румийнинг “Маснавийи маънавий”сидаги Садри жаҳон вакили билан Камюнинг “Бегона”сидаги Мерсо образларини таққослаш кифоя. “Бегона” асарининг бош қаҳрамони – Мерсо “жамият билан ички алоқаларини узиб, инстинктларга итоат қилиб яшайди. У деярли ғайришуурий ҳолда одам ўлдиради” (А.Саидов. Альбер Камю – Ғарбнинг виждони / А.Камю. Бегона, 2016). Садри жаҳон вакили эса туҳматга учраб, Бухородан қочиб кетади ва бир муддат яшириниб юради, аммо охир-оқибат ишқ савдоси (Бухорога ва Садри жаҳонга бўлган муҳаббат, садоқат) бошидан ошиб, уни яна Бухорога қайтиб келишга ундайди. Дўстлари уни Бухорода муқаррар ўлим (шоҳнинг жазоси) кутаётганини, у ерга қайтиб бормасликни маслаҳат беришади. Аммо вакил оқибат нима бўлишини била туриб, ўз ихтиёри билан Бухорога қайтади ва ўлимни бўйнига олади. Мерсо эса ҳаётда фақат ўзи учун яшайди. Бошқача айтганда, у европача индивидуализм ва эгоизмнинг типик вакили. У Садри Бухоронинг вакилидан фарқли ўлароқ, ҳеч кимни севмайди, на бирон яқин инсонини, на она ватанини. Ҳатто онаси вафот этганда қабр устида унга таклиф этилган қаҳва ва сигаретни ҳам рад этмайди, бамайлихотир қаҳвасини ичиб, сигаретини чекади. Унинг одамларга бўлган меҳр-муҳаббати аллақачон сўниб бўлган. Ноҳақ туҳматга учраган Садри жаҳон вакили эса бутунлай унинг акси: у Садри жаҳонни, Бухорони жон-дилидан яхши кўради, уларсиз яшашни ўлим, улар бағрида ўлишни эса ҳаёт деб билади. Ҳатто севган ва идеал деб билганлари унга қилинган туҳматни чин деб билган бўлсалар-да, у барибир уларни яхши кўраверади ва бунинг учун афсусланмайди ҳам. Садри жаҳон вакили қалб одами, у оламга қалб кўзи билан қарайди, қалб кўзи билан идрок этади. Туҳмат ўз ишини қилиб бўлган, вакил ўзини оқлашга ожиз. Ҳукм эса қатъий: у қатл этилиши керак! Энг қизиғи, вакил ўзини оқлашга ҳаракат ҳам қилмайди. Унинг фақат биргина муддаоси бор: бир бор бўлса-да, хожаси – Садри жаҳонни ва ватани – Бухорони кўриш! Вакил Садри жаҳонни ва Бухорони кўриш учун бир пайтлар уни қочишга ундаган қўрқув ҳиссини енгиб, бошини баланд кўтарганча Бухорога кириб келади. Унинг учун жондан азиз кишиси олдида ўлиш – ҳаётнинг айни ўзи. Аммо Мерсо бутунлай ёлғизланиб қолган, у ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам кераксиз киши. Ҳаёт унинг учун бутунлай бемаъни ва мантиқсиз нарсага айланиб бўлган. У ҳиссиз, жонсиз машинага ўхшайди, қаёққа бориш ёки нимага бориб урилишнинг фарқи бўлмаган машинага. Фақат ўлимгина уни ана шундай маъносизлик ва абсурддан қутқариши мумкин. Унинг учун ягона йўл – пуч ва маъносиз ҳаётга туман ва бўшлиқ билан қопланган ўлим билан якун ясаш. Лекин у орзу қилаётган ўлим Румий назарда тутган ҳаётнинг абадий ва чексиз давоми эмас, балки унинг мутлақ чегараси, ниҳоясидир.

Нитшенинг ҳаёт ва ўлим ҳақидаги қарашлари Камюникидан нафақат кескин фарқ қилади, ҳатто аксинча, Мусулмон Шарқининг ўзига хос “экзистенциализм”и – тасаввуф таълимоти ғояларига ўхшаб ҳам кетади: “…Сизнинг эзгулигингизнинг қоидаси шундай бўлсин: “Сен ўз-ўзингни ўлдиришинг керак! Сен ўзингни ўзингдан ўғирлашинг керак!”. Тасаввуф улуғлари, жумладан, Румий нигоҳида инсон то ўзлиги – ўзининг “Мен”идан воз кечмаса, Ёрга – Мутлақ Ҳақиқатга етишолмайди. Бир ошиқ, – дейди Румий, – ҳар куни Дажла дарёсини кечиб ўтиб, соҳилнинг нариги томонида ўз Ёрининг висолига етарди. Кунлардан бир куни дарёнинг қоқ ўртасига етар экан, баногоҳ Ёрнинг юзидаги доғ эсига келади ва ғарқ бўлади. Румийдаги Садри жаҳон вакилининг ватанини соғиниб, ўз ўлимини бўйнига олган ҳолда Бухорога қайтиб келиши ҳам, ошиқнинг девонасифат Дажла дарёсини кечиб Ёр васлига етиши ҳам таслим ва фано даражасининг олий намунаси эди. Аммо кимнинг кўнглида Ёрнинг ниҳоясиз камоли ва жамолига нисбатан заррача бўлса-да,  шак-шубҳа ўйғонса, албатта ўша ошиққа ўхшаб мақсад соҳилига етолмайди.

Нитше ҳам Румий ва бошқа Шарқ мутафаккирлари каби одамларга ҳаётни севишни маслиҳат беради: “Сизнинг ҳаётга муҳаббатингиз, сизнинг энг олий умидингизга муҳаббат бўлгай – ҳаёт ҳақидаги энг олий фикрингиз мана шу олий умидингиз бўлгай”.

 

 

IX

 

Ойнинг ярми қоронғи бўлса, ярми ёруғ, дейди донишманд халқимиз. Инсон зоти борки, ана шу ёруғлик, нур ва эзгуликка қараб интилади, унинг иссиқ нафасини туйишни истайди. Нафақат инсон зоти, балки оламдаги барча мавжудотнинг пировард мақсади ёруғликка эришишдир. Тасаввур қилинг, тошни ёриб ўсиб чиққан нозиккина гиёҳ ёки гулни ҳам аслида ана шу ёруғлик ва нурга бўлган кучли иштиёқ ва муҳаббат ўзига чорлаган. Инсониятни доимо оғир ва қайғули дамларда сабр-тоқат қилишга, эртанги яхши кунга умид боғлаб яшашга ҳидоят этиб келган ушбу ҳикмат замирида чуқур фалсафий тафаккур ётади. Буни қалбининг туб-тубида ҳис этган, тафаккурининг чиғириғидан ўтказиб, чуқур англаб етган, идрок этган киши ҳеч қачон ҳаётдан, жамиятдан нолиб ўтмайди. Бундай инсоннинг қалби ҳеч қачон қаримайди ҳам, аксинча, унинг ҳаётга бўлган интиҳосиз муҳаббатидан балқиб чиққан нурдан ойдинлашган, чирой олган чеҳраси олам ва одамни мунаввар этади, инсониятни нур ва нурониятга, эртанги ёруғ кунлар умиди билан яшашга даъват этади.

Нур ва ёруғликка интилиш – халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, ментеллитетимиз атрибутларидан бирига айланган ғоядир. Узоқ ўтмишда яшаган аждодларимиз ёруғлик, қуёш, нур ва рўшнолик шайдоси бўлганлар. Уларнинг бу ҳақдаги қарашлари Наврўз фалсафаси ва зардуштийлик таълимотида ҳам, мифологик адабиётимиз, халқ эртаклари ва достонларида ҳам, минг йиллик мумтоз адабиётимиз, жумладан, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ҳам, ҳатто, бизнинг кундалик ҳаётимиз ва тафаккур  тарзимизда ҳам энг гўзал шаклларда ўз аксини топган. Нега деганда, сув ҳаёт манбаи бўлгани каби ёруғлик ҳам ҳаёт манбаи саналади. Чунки инсон ҳеч қачон умрининг охиригача зулм ва зулматда, жаҳл ва жаҳолатда яшай олмайди. Нафақат инсон, балки оламдаги бор мавжудот ана шу илоҳий нур файзидан, ёруғлик неъматидан баҳраманд бўлолмас экан, ўз мавжудлигини йўқотиши тайин…

Француз экзистенциализмининг йирик намояндаларидан бири Жан-Поль Сартрнинг “Инсон эркинликка маҳкум этилган”, деган машҳур иборасини эслайлик. Бу фикр, албатта, асосли, аммо чуқурроқ мулоҳаза қилинса, ҳар қандай эркин инсон ҳам ўтмиш, бугун ва келажак ҳақидаги ўй-фикрлар, ҳаётий муаммолар, кундалик турмушдаги икир-чикирлар, ташвишлар ва охир-оқибат, ўзининг ички кечинмалари, ҳис-туйғулари, юрак туғёнларидан қочиб қутулолмайди. Инсоний суврат ва сийрат эгаси бўлган ҳар қандай зот, у ким бўлишидан қатъи назар, ана шу фикр-хаёллар ва ички кечинмалар гирдобида яшайди, бир лаҳза бўлса-да, тафаккур, ички кечинмалар ва ҳис-туйғулардан холи бўлолмайди. Шундай экан, инсон тафаккур қилиш ва ўзининг ички кечинмалари билан яшашга маҳкум этилган зот бўлиб чиқмайдими?

…Бир куни тулки узумзорлар ичидан ўтаётиб, етилиб, ғарқ пишган ва қуёшнинг заррин нурларидан ялт-ялт товланиб турган бир бош энг катта узум тагида тўхтаб қолибди. Узумни узиб оламан деб, сакрабди, сакрабди, аммо мақсадига етолмабди. Шунда бечора тулки ҳафсаласи пир бўлиб, “Пуфф, сассиқ узум экан-ми?!”, деганича йўлида давом этган экан… Қиссадан ҳисса шуки, тарихда инсон феноменининг меҳвари, субстанцияси – руҳият ва тафаккур оламининг бепоён узумзорларидан узум узиб олмоқчи бўлиб, муродига етолмаган ва “Пуфф, сафсата экан-ку!” – деб чиқиб кетган кишилар ҳам кам бўлмаган. Буни ожизларнинг – мол-дунё ва мансабу шуҳрат учун борини сотишга тайёр одамларнинг заиф ва нотавон ақли доирасига сиғмаган,  ғайритабиий ва ғайриоддий уфқларда тафаккур суриб ўтган, чексиз-чегарасиз тахайюлоти ва тафаккуроти қаршисида оламлар ҳам тор бўлиб туюладиган ақл ва тафаккур даҳолари – Мансур Ҳаллож, Айнулқуззот, Жордано Бруно, Насимий ва Машраб фожеасида ҳам, Форобий, Ибн Сино ва Хайём сиймосида ҳам, Ибн ал-Арабий ва Мавлоно Румий тимсолида ҳам, Аттор ва Ҳофиз, Жомий ва Навоий мисолида ҳам, Николай Коперник, Леонардо да Винчи ва Галилео Галилей тақдирида ҳам, Бедил ва Аҳмад Дониш, Фридрих Нитше ва Албер Камю, Фитрат ва Чўлпон қисматида ҳам кузатиш мумкин. Шарқнинг мутаассиб жазаваси ва Ғарбнинг инквизитор ақли ғолиб чиқмаганида эди, Мансур Ҳаллож энг ваҳшиёна тарзда дорга осилиб, танаси бурда-бурда қилиниб, ўтда куйдирилиб, кули Дажла дарёсига сочилмаган, Ибн Сино дарбадарлик, қувғин ва зиндонларга маҳкум этилмаган, Жордано Бруно тириклайин ўтда куйдирилмаган, Айнулқуззот, Насимий ва Машраблар дорга осилмаган, Фитрат, Чўлпон ва Усмон Носирлар қатағонга учрамаган бўларди. Афсус­ки, ҳақиқий инсоний ҳаётни Хитой ва Туркия бозорлари деб тасаввур қиладиган, маънавият ва маърифат аҳли устидан кулиб, уларни телба, деб атайдиган, инсоний қиёфасини йўқотиб, жаҳолат ва разолат ботқоғига ботиб кетган, бутун яйловни ўзимники, деб ўйлайдиган сигирга ўхшаб тинмай кавшаш васвасасига тушган маънавий қашшоқ кимсалар, пул топиб, ақл топмаган бечоралар бугунги кунда ҳам хоҳлаган жойда истаганча топилади. Фридрих Нитше бундай кимсалар ҳақида ўз таваллосида шундай дейди: “Мана улар, худди ваҳший ҳайвон монанд тасқаралар, уларнинг ҳирсу ҳаво ёхуд ўз-ўзини ўлдиришдан ўзга йўллари йўқ…

Бу тасқаралар ҳали одам бўлиб улгурган эмаслар; майли, уларга ҳаётни нафрат деб тарғиб қилсалар қилаверсинлар ва ўзлари жўнаб кетаверсинлар!

Уларнинг юраклари – сил: туғилар туғилмас улар жон таслим қила бошларлар ва улар ҳорғинлик ҳамда муртадликка мукка кетурлар.

Улар жон-жон деб ўлик бўлишни хоҳлардилар ва биз уларнинг бу хоҳишларини маъқуллашимиз керак! Бу ўликлар тирилмасликлари учун ўзимизни эҳтиёт тутамиз ва бу тирик тобутларга зарар етказмаслик ҳаракатини қиламиз! Уларга ким дуч келмасин, касалми, қари-қартангми, мурдами, дарҳол унга шундай дейдилар: “Ҳаёт рад этилади!”

 

* Жаъфар Холмўминов – фалсафа фанлари номзоди.

[1] Болқон ярим оролида жойлашган ва 5 та оролни (Керакира, Лефкас, Кефалиния, Итака, Закинтос) ўз ичига олган Иония шаҳарлари (Юнонистон) милоддан аввалги 546 йили форслар томонидан забт этилган (изоҳлар таржимонники).

 

2017/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/06/%d0%b6%d0%b0%d1%8a%d1%84%d0%b0%d1%80-%d1%85%d0%be%d0%bb%d0%bc%d1%9e%d0%bc%d0%b8%d0%bd%d0%be%d0%b2-%d0%bd%d0%b8%d1%82%d1%88%d0%b5%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d1%88%d0%b0%d1%80%d2%9b%d0%be%d0%bd%d0%b0/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x