Юрт кўкида чарх урган ҳумо

Ватан меҳри

 

Парвоз этдим мен қушларга қўшилиб эркин,

Оқ булутлар пешонамни ўпдилар силаб.

Замин сеҳрин шунда қалбга жо этган эдим,

Оқ хирмондан ҳар ёқамга толалар улаб.

 

Ўзбекистон, зўр табаррук маъволар юрти,

Берунийлар, хоразмийлар, кубролар юрти,

Етти иқлим мафтун бўлган наволар юрти,

Ватан бирла миллатга жон фидолар юрти!

 

Янграганда чаманларда булбул овози,

Гуллар абад рақсда бунда, капалаклар маст.

Сир ва Аму – онам меҳри туташ дарёлар,

Қайга бормай, азиз нурлар жонимга пайваст.

 

Ўзбекистон, зўр табаррук маъволар юрти,

Бухорийлар, фарғонийлар, синолар юрти,

Етти иқлим мафтун бўлган наволар юрти,

Бизга мангу ижобатли дуолар юрти!

 

Ватан меҳри – хаёлларим узра биллур тож,

Ватан меҳри – орзуларим рамзи бебаҳо,

Ватан меҳри – иқболимнинг олтин калити,

Ватан меҳри – юрт кўкида чарх урган ҳумо!

 

Ўзбекистон, зўр табаррук маъволар юрти,

Улуғбеклар, термизийлар, даҳолар юрти,

Етти иқлим мафтун бўлган наволар юрти,

Ватан бирла миллатга жон фидолар юрти!

 

* * *

 

Эрта тонг шафағига

Бирга бир назар солсак,

Ажабмас, янги кундан

Яна жуфт меҳр олсак.

 

Дарёдан иккимиз тенг,

Тўлдирсак кафтимизни,

Дарё олис манзилга

Элтгайдир аҳдимизни.

 

Саҳар гулғунчаларга

Икков бир теккизсак қўл,

Гулзор бўстонга дўнар –

Ишққа оҳанрабо йўл.

 

Фарзандларга икковлон

Ногаҳон бир сўз айтсак,

Албатта, ул қалблардан

Қўшша нур бўлиб қайтар.

 

Ҳаёт шу жуфт нигоҳдан

Қудрат олгани янглиғ,

Оламни кўриш учун

Шудир ишқ деган ёрлиқ.

 

* * *

 

Поёнсиз ўрмонлар бағрида қолдим,

Безавол яхшилик ҳидига тўймай.

Лекин ҳафта ўтмай қислиқди юрак,

Жаннат бу ўрамдан бир илинж туймай.

 

Абадият бўлиб тоғлар ром этди,

Қоялар осмоннинг чўнг устунлари.

Бунда ҳам дунёга сиғмайин кетдим,

Дарага қамалган дулдул сингари.

 

Гарчи еру кўкка уйғундир умр,

Лекин ҳар юракнинг ўз туғроси бор.

Мен қандай муҳитда ким билан бўлмай,

Руҳим доим уйғоқ ва йўлга тайёр.

 

Мен – воҳа ўғлиман, талабим – кенглик,

Эркин ҳаволардан тўқийман шеърлар.

Бор бўл, маъно қадар ёрқин бўлган сўз,

Бор бўл, уфқ оша йўллар ва ерлар.

 

Кел, ойдин сўз

 

Бордим – келдим,

Юрдим – турдим.

Дунё дедим,

Дунё қурдим,

Элни кўрдим.

 

Қора қоя,

Пиллапоя,

Бахт ҳақида

Юз ривоят,

Минг ҳикоят.

 

Мен сал ўзсам,

Қўзди алам,

Ким кимга ким –

Ким ҳамқадам,

Ким ғам қадам.

 

Эй мулки ло,

Жон сенда жо.

Уйғоқларга

Бер тасалло,

Восил маъно.

 

Кеча-кундуз

Минг-минг юлдуз

Туғадир нур,

Кел, ойдин сўз,

Мен – ёруғ юз.

 

* * *

 

Эй инсон, мавқеинг тожи иймондур,

Иймонли зот меҳру рағбатга лойиқ.

Иймон бу толеинг тутган даста гул

Мавқеинг шул улуғ неъматга лойиқ.

 

Кутма, иймон ўзи бир кун келар деб,

Ўзликни англар кун яқин келар деб,

Ётма кин, риёга якун келар деб,

Тақдиринг қалбингда даъватга лойиқ.

 

Муҳаббат қасрига нажиб калит бўл,

Бул бино ғиштига, майли, қолип бўл,

Меҳр илмига сен абад толиб бўл,

Ёр ахтар жисму жон, сарватга лойиқ.

 

Юз етмиш минг пари келиб бир асно,

Ҳар гўдак қалбга бир дур этармиш жо,

Шул эмиш бутун умр мезони, илло,

Шулмиш оҳанрабо – мақсадга лойиқ.

 

Жаҳон саҳнидасан сўзи соз билан,

Огоҳ эт элингни лойиқ роз билан,

Юрмагин бош эгиб, тунд алфоз билан,

Йўл топ, Ҳақ – адолат, мақсадга лойиқ.

 

Гарчи умр файзи инсоф, диёнат,

Гуноҳдир ҳар фисқу фасод, хиёнат,

Ҳур сўзнинг сўлими – рамзул қиёмат,

Унга қасд этганлар риҳлатга лойиқ.

 

Дўстлар кўпдир доим елкадош бўлган,

Элнинг ҳар важҳига кўзу қош бўлган,

Барчага тенг боққан, элга бош бўлган,

Сафда бўл, ҳар одил даъватга лойиқ.

 

Заминдан куч олмиш Нуҳ ҳам Сулаймон,

Ғуруринг тўсмасин ҳеч довул, тўфон,

Кўрсангу нечалар Ҳақ дея нолон,

Жим кетсанг, бу мангу лаънатга лойиқ.

 

Хожа Аҳрор Валий, Яссавий, Кубро,

Пурёй Валий, Нақшбанд – Маъбади зиё,

Пирларга аёндир мунда ҳар савдо

Бўлгил шул иноят, қудратга лойиқ.

 

Номус-ор, ғуруринг, дилингни асра,

Муқаддас тут, тилинг, илмингни асра,

Қадри улуғ азиз элингни асра,

Фарзанд бўл, шул Ватан, миллатга лойиқ.

 

* * *

 

Чуғур-чуғур, қушим, ҳай,

Кўзлари дур, қушим, ҳай!

Адил тоққа учолим,

Дон, сув буюр, қушим, ҳай!

 

Тоғ пойина боролим,

Ойина қаср қуролим,

Ўттиз қушга бир ҳудуд

Ҳарф ўқиюр, қушим, ҳай!

 

Ҳар шайни ул ойина

Қўяр жойли жойина,

Уммон тубинда қатра,

Шуъла туюр, қушим, ҳай!

Асра бутун сирингни,

Асра бири-бирингни,

Қадамда қирқта махфий

Минг бир чуғул, қушим, ҳай!

 

Қузғун кўзи ёшлидир,

Лочин кўзи боғлидир.

Булбулларнинг исмини

Тўти қўюр, қушим, ҳай!

 

Етсанг ўшал биллурга –

Ўз-ўзингни билурга,

Ғубор, ғафлат ер бўлиб,

Балққай ғурур, қушим, ҳай!

 

* * *

Яшаш, бу – орзулар қанотин кермоқ,

Яшаш, бу – муҳаббат гулларин термоқ.

Яшаш, бу – умрнинг гулгун дамларин

Эл учун яшамоқ, эл учун бермоқ.

 

Омон МАТЖОН

 

“Шарқ юлдузи”, 2017–1

https://saviya.uz/ijod/nazm/yurt-kokida-charx-urgan-humo/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x