ЁН, ЁНАВЕР, МЕНИНГ ЮЛДУЗИМ!

“Анна Герман ҳақида сўз кетганида, даставвал,чинакам истеъдодли санъаткор, дея ­таъриф берилган бўлса, эндиликда бу таъриф ­давомида руҳий қудрат, улкан ирода соҳибаси, ­матонатли инсон сифатларини ҳам келтирмоқ жоиз”.

Татъяна Беляева

Инсон овози… У кўнгил ичидаги туғёнларнинг зоҳири, тўлқин ва ҳовурининг садоси эмасми? Қўшиқ эса инсон овозида туғилади. Ҳавога илоҳий нақшлар чизувчи созлар эса бундай овозга жўр бўлмоқ истайди. Ўтган асрлардан таралиб, ҳануз халқлар қалби билан дўст тутинган неча булбулнафасларнинг овози бунга далилдир. Улар орасида эса Анна Германнинг ноласи бўлакча. Анна Герман дейилса, барча миллат уни ўзига яқин олиб эслайди. Бугун, айни дамда ўзи билан ҳамнафас яшаётган замондошидек, қадрдонидек ҳис этади. Икки аср орасидаги аҳли инсоннинг миллати, тилига қарамай, мустаҳкам ришталарни боғлаган унинг ўлмас қўшиқлари, соҳир овози, маҳзун нолаларидир. Унинг қалбидан яралган куйлар бугун ҳам қалбларни янглишмай топиб келади. У тараннум этган севги, ҳаёт, инсоний ҳислар ширин хотираларимизни ёдга солади. Умрини куйлаб ўтказган бу поляк қизи не сабабдан барча миллатлар ардоғида қолган экан? Бу саволга жавоб топмоқ учун унинг чақиндек қисқа, бироқ мазмунли кечган ҳаёт йўлига бир қур назар ташламоқ кифоя.
Анна Герман 1936 йил 14 февралда хушовозлар диёри бўлмиш Хоразмда таваллуд топди.
Анна бошланғич таълимни қирғиз юртида олди. Онаси Ирма Мартенс ўқитувчилик қилган Талас вилоятининг Оқтепа шаҳарчасидаги мактабда учинчи синфга қадар савод чиқарди. Кейин эса Қозоғистоннинг Жамбулида таҳсилини давом эттирди. Бу саргардонликнинг сабаби оила боши Евгений Германнинг 1937 йил, қатағон авж олган даврда айғоқчиликда айбланиб, ўн йилга қамоқ жазосига ҳукм этилиши ва махфий равишда Тошкентда отиб ташланиши билан боғлиқ эди. Узоқ саргардонликдан сўнг Анна онаси ва бувиси билан Польшанинг Вроцлав шаҳрига кўчиб келишди. Ирма шу ердаги қишлоқ хўжалиги коллежида дарс бера бошлади. Анна эса шу ердаги лицейни тугатиб, Вроцлав университетининг геология факультетида ўқишини давом эттирди. Талабалик йилларида университетда ўтказилган кечаларда иштирок этиб, санъатга бўлган ихлосини намоён этиб борди. Илк қўшиғини эса яқин дугонасининг тўйида, омма олдида куйлади. Хор билан айтилган қўшиқ – “Аве Мария” Аннанинг хуш овозида яна ҳам гўзал янгради. Аннанинг вужудида санъаткорлик қудрати бор эди, аммо у қай шаклда намоён бўлишини унинг ўзи ҳам билмасди. Шундан бўлса керак, у “Калумпур” номли талабалар театрида ўзини актриса сифатида синаб кўрди. Аммо Анна ўзини бу соҳада топа олмаслигини илк саҳнасидаёқ пайқаб, қайта бу ишга уринмади. Уни куй-қўшиқ ўзига тортар эди. 1961 йилда эстрада хонандалиги бўйича имтиҳон топшириб, ундан муваффақиятли ўтди ва Италиянинг махсус стипендиясини қўлга киритиб, бир неча ойдан сўнг Рим сари йўл олди. У ерда актёр ва режиссёр Юлиан Квишканинг ижодий труппасига кириб, унинг кўмагида Сопот халқаро қўшиқ фестивалида Адриано Челентано, Дайон Уорвик, Сонни ва Шер, Далида каби хонандалар сафида иштирок этди ва “Бу мен учун шунчалар қийин” қўшиғи билан иккинчи даражали мукофотни қўлга киритди. Бу унинг профессионал хонандаликда эришган илк ютуғи эди. Аммо у чинакам шон-шуҳратни йигирма саккиз ёшида, “Рақс тушаётган Эвридика” қўшиғи билан қарши олди. Поляк қўшиқлари II фестивали ва Сопот халқаро фестивалида куйлаган ушбу қўшиғи уни бутун Европага танитди. Шундан сўнг, гўзал қўшиқлару улар эътироф этилган фестивалларнинг саноғи бўлмади. Унинг қўшиқларидаги бетакрор, ёқимли овози қаърида инсон қалбининг нафаси уфуриб турарди. У тинимсиз гастроллар уюштирар, альбомлари гулдаста мисол халқлар орасида тарқалиб борарди. Шундай даврда бир бахтсиз воқеа Анна Германнинг ижодий шиддатига дахл қилди. Италияга сафари чоғида у автоҳалокатга учраб, оғир тан жароҳати олади. Хонанданинг саҳналардаги жўшқин наволарининг ўрнини узоқ йиллик ингроқлар эгаллайди. У йиллаб тўшакка михланиб қолади. Унинг учун кечаги ҳаёти тушга ўхшаб туюлар, ўтган гўзал дамларини соғинар, яна куйлашни истарди. Шу изтироблар ортидан хонанданинг “Соррентога қайтаманми?” номли биографик китоби дунёга келди. Шундай қийин пайтда унинг ҳаётида Збигнев Тухольский пайдо бўлди. У муҳандис бўлса ҳам, санъатни жуда яхши тушунар, Аннани узоқ йиллардан буён севарди. Шу сабабдан, у Аннани то оёққа тургунича парвариш қилди. Омади чопганидан эмас, қийин кунларида ёнида бўлган инсоннинг муҳаббатини Анна ҳам қадрлади. Улар 1973 йилда оила қуришди.
Хонанда олти йиллик танаффусдан сўнг яна саҳнага қайтди. Уни соғиниб, интиқ кутаётган мухлислари учун Варшавада катта концерт уюштиради. Биргина “Инсон тақдири” қўшиғини куйлабоқ, яна бутун зални ўзига маҳлиё этади. Бу тарона унинг ўзи томонидан басталанган, дилида туғилган қўшиқ эди.
Анна ватанидан ташқарида ҳам уни соғинишларини биларди. Шунинг учун “Анна Герман тақдим этади” номи остида бутун ҳамдўстлик мамлакати бўйлаб гастроль ўтказади. “У менга ёқади”, “Севги садоси”, “Шопен мактуби”, “Боғлар гуллаганда”, “Ён, ёнавер, менинг юлдузим”, “Бошқача бўлолмайман”, “Умид”, “Тасодиф”, “Мен баҳорни кутаман”, “Мовий осмон”, “Ошиқлар шаҳри” сингари юзлаб қўшиқларида ўзининг нақадар ноёб санъаткор эканлигини намоён этди. Унинг барча қўшиқлари муҳаббат мадҳиясига айланди.
Хонанданинг овози лирик сопрано бўлиб, юқори тембрга эга эди. Ранг-баранг оҳангдорликда баланд пардаларини ҳам оларди. Унинг табиатидаги артистизм овозининг образлилиги, мусиқийлиги орқали акс этарди.
Анна Германнинг ижодий йўналишида черков қўшиқларининг сентиментал оҳанглари ва эски рус эстрадасининг жозибали романтикаси уйғунлиги бор. Украиналик хонанда София Ротару уни шундай хотирлайди: “Анна Герман ниҳоятда оқкўнгил ва яшовчан инсон эди. Ҳам нафис, ҳам кучли. Унинг овозидаги самимият ва тиниқлик бошқа ҳеч кимнинг овозида учрамасди”.
Анна Герман санъат осмонида ёрқин юлдуз бўлиб нур сочганида ҳам инсоний вазифаларини унутмади. Кўплаб ёш хонандаларни кашф этилишига йўл очди, янги овозларни концертларига олиб чиқиб, оммага таништиришни унутмади. Шон-шуҳрат ортидан қувмади, қалби амр этган бурчни адо этишга бор кучи, бор умрини сарфлади.
Маълумотларга қараганда, Анна машҳур бўлса ҳам, давлатманд бўлмаган. Оиласи билан жуда оддий ва камтар ҳаёт кечирган. Айниқса, автоҳалокатдан кейинги асоратлар умр бўйи уни тарк этмайди. Бироқ, у ижод учун, оила учун ҳамиша куч топади.
Анна Герман бор-йўғи қирқ олти йил умр кўрган бўлса-да, ҳам инсон, ҳам санъаткор сифатида гўзал яшаб ўтди. Сўнгги нафасигача куйлаб, 1982 йилда Варшавада бу оламни тарк этди.
Одатда, санъат юлдузлари бир чарақлайдилару ҳар доим ҳам ўша ёниқликни бардавом тутиб қололмайдилар. Аммо, Анна Герман бутун дунёдаги мухлисларининг меҳрини асраб қолишни яхши уддалайди. У муҳибларининг ўз тилида қалбига кириб бормоқ йўлини тутганди. Хонанданинг поляк, рус, итальян, француз тилларида куйлаган қўшиқларида умумбашариятга хос муштарак руҳ, изтироб ва туғён мужассам эди. Қолаверса, ҳамфикрнинг бўлиши истеъдоддан муҳимроқ, дейдилар. Зотан, Анна Герман бундай бахтга ҳам мушарраф бўлганди. У Владимир Шаинс­кий, Ян Френкель, Евгений Мартинов, Георгий Мовсесян, Александра Пахмутова сингари жаҳоннинг қирқдан ортиқ энг яхши замондош бастакорлари билан ижодий ҳамкорлик қилди. Ўзи ҳам элликка яқин қўшиқларига куй басталаган. Агар эътибор берилса, унинг қўшиқларидаги сўзлар ҳам бадиий юксаклиги билан кишини ром этади. Бунда хонанданинг шеъриятни теран тушунишини, нозик дид соҳибаси эканлигини илғаш мумкин. Унинг шоирлари Евгений Евтушенко, Расул Ҳамзатов, Роберт Рождеcтвенский, Александр Жигаров ва улар сингари нафис ижод вакиллари эди.
Анна Германнинг қўшиқларини, мусиқий альбомларию эришган ютуқларини санамоқ билан уларнинг салмоғини ўлчамоқ қийин. Аммо бир мезон борки, унда ижодкор умрининг асл қиймати яққол кўринади. Бу мезон – умрбоқийлик мезонидир. Анна Герман бу – қўшиқ, унинг манзили эса қалблардадир. Санъаткор ўз қўшиқларида замонлар оша яшаб келаётган экан, унинг юлдузи сира сўнмайди. Биз, унинг соҳир санъатидан баҳра олганлар, тинглаганлар, унга қўшилиб куйлаганлар эса шундай деймиз: “Ён, ёнавер, менинг юлдузим!”

Севара РАЖАБОВА,
ЎЗДСМИ ўқитувчиси

 

2018/2

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/24/%d1%91%d0%bd-%d1%91%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%b5%d1%80-%d0%bc%d0%b5%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d1%8e%d0%bb%d0%b4%d1%83%d0%b7%d0%b8%d0%bc/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x