Ян ПАРАНДОВСКИЙ (1895–1978)

СЎЗ КИМЁСИ

АДАБИЙ  ЛАБОРАТОРИЯЛАР

Шоирлар кўплаб асрлар мобайнида илмий унвонлардан воз кечишмаган. “Doctus” сўзи Рим шеъриятида фахрий мурожаат ўрнида қўлланилган. Лотин адабиёти дунёга келган даврда юнон адабиёти шеъриятда билимдонликнинг энг юқори чўққисига кўтарилган Искандария даврини бошдан кечирмоқда эди. Наинки йирик поэмаларда, балки ҳатто энг кичик эпиграммаларда ҳам мифология, тарих ёки адабиётнинг излари мавжуд бўлиб, уларни фақат энг билимдон кишиларгина тушуна олган. Ўз-ўзидан маълумки, ушбу ҳодиса янгилик эмасди, аммо Искандария даври учун ўзига хос характерга эга эди. Пиндар олим ва халқ ривоятларининг ажойиб билимдони сифатида тенги йўқ, мислсиз оҳангларни кашф қилиб, уларга ўзига хос ранг, тус бера олди. Гесиод пухта, синчков илоҳиётшунос эди, у “Теогония”ни тузган, “Меҳнатлар ва кунлар”ни ёзган чоғида эса дала ишларини ҳам зўр диққат билан кузатган. Ҳомер бронза асрига доир маълумотларни жиддий тадқиқотларсиз қўлга кирита олмасди ва яна бошқа жуда кўп нарсаларни, биринчи навбатда ҳарбий санъат, денгизда кемаларнинг юритилиши ва тиббиётга оид қимматли маълумотларни ҳам қунт билан ўрганиб чиққанлиги кундай равшан. Ундан кейин Троя уруши мавзуси устида иш олиб борган шоирлар мифологияга доир минглаб вариантлардан иборат улкан материал тўплашган. Шунга ўхшаш дастлабки изланишлар фожианавислар, айниқса, Еврипид ижодида ҳам кўп учрайди, у барчага маълум бўлган, кўп ишлатилган ва сийқаси чиққан ривоятнинг ғайриоддий ва ўзига хос шаклини топишга ҳаракат қилган.
Рим шеъриятининг отаси Энний ўзининг “Солнома”си учун материал тўплаётиб, китобларга ҳам қарамаганини, Лукреция эса “Нарсалар табиати ҳақида” номли поэмасида материалистик  фалсафага гўё умумий шарҳ бериб ўтганини тасаввур қилиш қийин. Вергилий “Энеида” учун ўзининг мифология, тарих, география ва дин бўйича олган бутун билимларини ишга солган – ҳар бир шеърда, ҳар бир таъриф-тавсифда тафсилотларни жиддий ва пухта ўрганиб чиққанлиги яққол сезилиб туради, жаноб Бержере ўзининг  “Вергилий – денгиз сайёҳи” асари устида қаттиқ ишлаган пайтида мазкур поэтик қомуснинг кичик бир қисмидан фойдаланган. Овидий “Метаморфозалар” устида ишлаётиб, ўзини чинакам мифограф олим сифатида намоён қилган, аммо унинг “Фасталар”и тугалланмай қолган, чунки ваҳшиёна Томаларда сургунда бўлган чоғида илмий асарлари ёнида бўлмаган.
Ўрта аср илм-фани ўз даврида бир қадар тартибсиз ва хаёлий бўлган, аммо шоирлар уни англаб, тушуниб етишни ўз бурчлари деб билишган ва “Илоҳий комедия” шоирнинг ўз замонаси ҳақидаги билимлари билан баб-баравар даражада Данте илҳоми ила йўғрилган эди. Унинг дунё тўғрисидаги билимлари “Базм”да ҳам ўз ифодасини топган, бу асар уни ўша даврнинг энг билимдон кишилари қаторига олиб чиқди. Гуманизм шоирларни ҳаттоки энг шахсий, интим ҳис-туйғуларни ифодалашда ҳам китоблардан олинган материаллардан фойдаланишга ўргатди, ўша даврда ёзилган ҳар бир шеърни ўқиётганда беихтиёр аввал китоб токчаси, ана ундан кейингина қоғоз, сиёҳдон ва перо томон чўзилган қўл кўз олдимизга келади. Мильтон лотин грамматикаси дарслигини, мантиқ, Англия тарихини ва илоҳиётшунослик бўйича трактат – “De doctrina christiana“ни нашр эттирди, катта лотинча луғат учун материаллар тўплади. XVII – XVIII асрларда Европада шоирлар томонидан дастлабки тайёргарликни талаб қилган мавзулар ишлаб чиқилди ва ҳатто “бекорчилар мактаби”нинг бирдан-бир, ягона ва эҳтимол, ҳақиқий шогирди бўлган Лафонтен табиатнинг ҳалол, виждонли тадқиқотчиси, деган обрў-эътиборга сазовор бўлди.
Романтизм ҳеч бўлмаса лирикани мажбурий билимдонликдан озод қилишга эришди, шу туфайли эндиликда эротик ёки “кайфиятга боғлиқ”, масалан, ёмғирли кун ҳақида шеър ёзувчилардан ҳеч ким ўтмиш шоирларига хизмат қилган «предмет адабиёти”ни ўрганиб ёки истиоралар ҳамда оҳ-воҳ, зорланишлар рўйхатини тузиб ўтирмайди. Бироқ романтизм ҳам шоирларга билимсиз бўлиш ҳуқуқини бермаган. Мицкевич ажойиб маълумот олишга эришган ва бу унга Лозаннада лотин ва “Коллеж де Франс”да славян адабиёти бўйича ҳеч қандай қийналмасдан маърузалар ўқиш имконини берган, унинг Наполеон III  га бағишлаб лотин тилида ёзган қасидасини эса бемалол XVI аср гуманист шоирларининг лотинча ёзган шеърий асарлари билан бир қаторга қўйиш мумкин. Красиньский тарих ва фалсафани яхши билган, Словацкий ўз билимларини бошланғич маълумотномалардан олмаган. Барча машҳур шоирлар ақлий маданиятни пухта эгаллашган, буни Польша тарихи ва антик даврни атрофлича ва чуқур ўйлаб кўрган Виспяньский ҳамда университет кафедрасини бошқарган Каспровичда ҳам яққол сезиш мумкин. Фақат ҳеч қандай келажаги йўқ умри қисқа адабий қовоқбошлардагина бемаза асарлар учраб туради.
Стефан Жеромский ўзининг “Снобизм ва тараққиёт” номли асарида поляк кубистлари, футуристлари ва экспрессионистларининг билимсизлиги ҳақида нафратланиб ёзган, орадан ўн йил ўтгач эса, аллақандай нўноқ шоир ижодкор номини орқаворатдан эшитган шекилли, уни ҳурмат қилгиси келмай, “француз больделерлари”ни ўзича рад этган. “Алкоголь” муаллифи Апполинернинг шеърлардан иборат жилдини очган ҳар қандай кишининг димоғига бирдан ақл-заковат, билимдонликнинг ҳиди урилади, бунга албатта,  Миллий кутубхонада ўтказган сон-саноқсиз соатлари ҳисобига эришган, зеро, ҳозирги мухлислари у бутун умрини қовоқхонада ўтириб ўтказган, деб ўйлашади, аслида эса мутлақо ундай эмас. “Шоир иш устида” – Эмил Верхарннинг Рейссельберг мўйқаламига мансуб портрети шундай деб номланади: шоир қўлёзма узра мук тушган, стол устида – очиқ китоб, қуйида эса кутубхона тасвири.
Қачонлардир роман ёзиш учун дастлабки тайёргарлик ишларига ҳожат бўлмаган. Гелиодор ўзининг “Эфиопика”сини, Лонг эса мафтункор идиллия “Дафнис ва Хлоя”ни ёзган ўша боқибеғам замонларда ва кейинчалик, Магелона ва Мелюзина ҳақида китоблар яратилган ва ниҳоят, ламанчилик рицарнинг бошини айлантирган ҳайратланарли севги қиссалари битилган даврларда роман ўқилган ва эшитилган эртаклар, ҳикоялар ва оқшомги суҳбатлар билан аралашиб, қоришиб кетган бой, тийиқсиз фантазия – бир сўз билан айтганда, дунёда инсон оёғи етган жой борки, барчасини айланиб, кезиб чиққан сон-саноқсиз мотивлар асосида юзага кела бошлади. Аммо ёлғон ва сафсаталар уясида гоҳо чангалзор ва чалкашликлар оралаб, ҳақиқий гўзаллик сари йўл оча олган чинакам ижодкор ҳам пайдо бўлиб қолар, бу албатта, истисно эди, чунки ўша даврда яратилган романларнинг аксарият кўпчилигидан ярмаркаларга хос балаганга ўхшаб кетар эди. XVIII асрда Польшада “роман” деб аталган уйдирма ва чўпчаклар кулгили ҳамда шармандали бир  нарса  эди, холос.
Роман ниҳоят, ушбу жирканч адабий шаклдан ҳазар қилмасдан, уни жиддий бадиий иш мавзуига айлантирган ёзувчилар шарофати билан янги ҳаёт остонасига қадам қўйди. Улар романга руҳият, турмуш тасвирини олиб кирдилар, тарихни чуқур ва тўғри ҳис қилиб, роман услубини ижтимоий ва фалсафий тафаккур билан бойитдилар, унга кайфият ва файз бахш этдилар. Англияда Ричардсон, Филдинг, Голдсмит, Стерн, Вальтер Скотт; Францияда Лесаж, Прево, Бернарден де Сен-Пьер, Шодерло де Лакло, Руссо; Испанияда улуғ Сервантес; Германияда Гёте (“Вертер”, “Вилҳелм Майстер”, “Ҳамроз диллар”) ўз асарлари билан роман агар ижодкорнинг айтар сўзи бўлса ва унга астойдил киришиб, меҳнат қилса, унинг санъат асари, тафаккур асари бўла олишини амалда исботладилар.
Адабиёт оламида Бальзак ва Стендаль, Теккерей ва Диккенс пайдо бўлди. XIX асрнинг баҳор сувлари жилдираб оқа бошлади. Флобер, Доде, Золя минглаб майда жилға, ирмоқлар билан Франция ҳаётини бутун дунёга кўрсатдилар; Гоголь, Тургенев, Толстой, Достоевский рус қалбининг қоратупроқ замин аро сирларини тасвирлаб, шимолий дарёларнинг қудратли оқимини юзага келтирдилар; Висла тўлқинлари ўзи билан Сенкевич, Прус, Жеромскийни олиб келган бўлса, Скандинавия мамлакатлари Ҳамсун, Бьёрнсон, Сельма Лагерлёф прозаси орқали ўзларини танитдилар. Европа адабиётининг ландшафти бирданига ўзгариб кетди. Яқиндагина қад ростлаб турган мағрур қасрлар, фил суягидан ясалган миноралар, шоирлар орзулаган ибодатхоналар жойлашган ерларда янги услубдаги бинолар, барча даврлар ва табақаларга мансуб оддий ва кундалик, сершовқин манзилгоҳлар пайдо бўлди. Қироллар ва рицарлар устахоналар, дўконлар, биржалар, чордоқлар ва оқова ариқлардан чиқиб келган оддий одамлар тўдасига қўшилиб, аралашиб кетдилар. Аслзода хонимларни севги-муҳаббат туйғусига бирдай тобе бўлган оддий аёллар орасида ажратиб бўлмасди, бундан зодагон аёлларнинг юраклари эзилар, чунки у аёлларни илгари адабий салонларга қўйишмас эди.
Роман замондош шоирлар томонидан рад этилган жанрлар – эпопея, дидактик поэма, идиллияни “ютиб” юборди, бироқ роман ушбу жанрлардан кўплаб композицион усулларни, мотивлар, персонажлар, кайфиятларни “ўрганди” ва тарих, социология, фалсафа ҳамда дунё организмининг барча шира-шарбатлари билан озиқлана бошлади. Роман таназзули ҳақида бир қанча вақтдан бери пайдо бўлган гапларга хилоф равишда у ҳамон давримизнинг бош адабий жанри бўлиб келаётир. Ҳатто гўзал Мелюзинанинг зот-зурриёти ҳам батамом қирилиб кетмади ва “Шарқ мамлакатидаги подшонинг олийжаноб қизи Банялука”нинг уруғ-авлоди янги либос кийиб, “мирза ва оқсочлар” учун мўлжалланган романларнинг саҳифаларида ўз саргузаштларини давом эттириб келмоқда, аммо улар ҳақиқий, чинакам адабиётга мансуб эмас.
Роман тикланиши билан ёзувчи иш фаолиятида катта ўзгаришлар бошланди. Энди ёлғиз фантазия билан силлиққина услубнинг ўзи етарли бўлмай қолди. Танланган мавзу меҳнатни талаб қиларди, бу ҳақда ҳатто тушунчага ҳам эга эмас эдилар ва эҳтимол, бунга нисбатан эскиликка амал қилувчи бўлмағур уйдирмаларнинг муаллифлари менсимайроқ муносабатда бўлишлари ҳам мумкин эди. Илгарилари тафсилотларга, реалияларга ҳеч қачон бунчалик аҳамият берилмаган, инсон ҳаётининг майда-чуйда икир-чикирларига ҳам ҳеч қачон бунчалик чуқур кириб борилмаган эди.
Роман муаллифи ўз материалини худди олим сингари йиғиб, тўплайди. Танланган мавзуга қараб, тарихни, қадимшуносликни, тиббиёт ёки қишлоқ хўжалигини ўрганади, ҳаётнинг ўзига хос хусусиятларини кузатиб, уларни қайд қилиб қўяди, маълум бир муҳитгагина хос бўлган лаҳжалардаги тафовутлар ва ибораларга қулоқ солади, воқеа ривожланадиган жой, ер билан танишади, айрим эпизодлар ёки персонажлар учун қўшимча махсус маълумотлар излайди, роман устида ишлаётган пайтда стратег (“Уруш ва тинчлик”даги жанг режалари)га, юрист, шахтёр, денгизчига айланиши ҳам мумкин, у барча касб-ҳунарларни, инсон иш фаолиятининг барча турларини жиддий, пухта билиб олишга ҳаракат қилади ва мабодо буни ўз шахсий тажрибасида қилиб кўришнинг уддасидан чиқолмаса – ўзи тасвирламоқчи бўлган, ҳаётнинг янги ва нотаниш соҳаларига ўзи кириб боролмаса агар, – унда буни сиртдан, ташқаридан, четдан диққат ва тиришқоқлик ила кузатиш билан кифояланади ёки жуда бўлмайдиган бўлса, бу ҳақда ишончли манбалардан зарур маълумотлар олишга эришади.
Ва шунда денг, ажойиб ишлар содир бўлади. Мактабда ўқиб юрган пайтларида илм деса кўнгли айниб, синфдан-синфга аранг кўчиб юрган, ўқув юртини ҳам чала-чулпа билим билан битириб чиққан худди ўша одамлар қачонлардир ўзлари менсимаган предметларни бирдан ўрганишга шунақанги ғайрат, иштиёқ билан киришиб кетадиларки, буни кўриб ё эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз, гўёки бу ерда гап уларнинг келажаги, дипломлар ва илмий даражалар ҳақида бораётгандай, ҳеч қандай қийинчиликлардан ҳам қўрқмасдан, фақат китоб ёзиш учун ўзларига зарур бўлган билимларни пухта эгаллаб оладилар. Томас Манн ўзининг енгилтаклик ва мулоҳазасизлик билан кечган ўқувчилик йилларини эслайди, бу ёқда эса “Сеҳрли тоғ”нинг, “Доктор Фаустус” ёки “Лотта Ваймарда” асарининг ҳар бир боби тегишли материалнинг, хоҳ у сил касаллиги сиҳатгоҳининг тиббий сирларига оид бўлсин, хоҳ Нафта билан Сеттенбрини ўртасидаги мафкуравий мавзулардаги баҳс-мунозараларга ё мусиқа ёки Гётенинг ҳаёти ва ижодига доир бўлсин, беками-кўст ўрганиб чиқилганидан далолат бериб турибди. Лекин шундай бўлса ҳам, Томас Манн ”Фаустус”ни ёзган йилларини хотирларкан, ўз ижодхонасига бирров назар ташлашимизга ҳам изн беради, у ерда материалларнинг улкан захиралари тўпланганини қайд этиш билан бирга, мусиқашунослар билан бўлиб ўтган сон-саноқсиз маслаҳатлашувлар ва кенгашларни ҳам эслатиб ўтади. Анатоль Франсга хос эрудиция ҳақида гап кетганда, унинг гимназияда ўқиган пайтларида илм-фан билан чиқишолмагани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди, университетга-ку, етиб боролмаган. Худди шунга ўхшаб, Жеромскийнинг ҳам интеллектуал ва жисмоний очликдан азоб чекканини унинг “Кундаликлар”идан билиб олиш мумкин. Лекин ҳормай-толмай меҳнат қилиб, пировардида наинки поляк ёзувчилари орасида камдан-кам учрайдиган билим даражасига эришди, балки олган билимларини ўзининг бутун ёзувчилик умр йўли мобайнида то сўнгги лаҳзага қадар муттасил кўпайтириб ва такомиллаштириб борди. “Денгиз шамоллари”нинг ҳар бир саҳифаси муаллифнинг улкан ақл-заковат соҳиби эканлигидан дарак бериб турибди. Ўзининг романларида шундай бир оддий ва тушунарли бўлган Прус эса, уларнинг саҳифаларида олимлар ва мутафаккирларнинг иш кабинетларига камдан-кам эшик очган, фақат шахсий қайд ва ёзувларидагина амалий теран тафаккур ҳамда илм-фан билан бўлган муттасил мулоқот сезилиб туради.
Шу зайлда ишлаш зарурати ёзувчи нима учун ўз билим доирасидан ташқарига чиқадиган мавзуларни ёқтирмаслиги ва улардан ўзини олиб қочиши сабабларини ҳам тушунтириб беради. Одатдаги, кўникиб кетилган муҳитни, шинам кабинетни тарк этиб, ақлли ва ёқимли китоблардан қочиб, ёғлаш учун ишлатиладиган мой ҳиди анқиб турган машиналар гуриллаб ишлаётган сершовқин цехга йўл олиш учун ҳам муайян даражада ўзини қурбон қилишга тўғри келади ва у ердаги елиб-югураётган, қаёққадир шошилаётган одамларнинг қаттиқ, дағал овозларига чидаб, винтлар, болтлар ва кўтарма кранларнинг чалкаш-чигалликларига дош бериб, сўнг янаям юқорироққа – мана шу тарақа-туруқ ва ғачир-ғучур “дунё”ни ҳаракатга келтирадиган математик формулаларнинг қўрқинчли муҳитига чиқиб бориш керак бўлади. Ва ёзувчи бутун бир китоб ёзиш учун эмас, балки баъзида ундаги биргина эпизод ёки икки-уч жумла, ҳатто бирдан-бир, ягона муқоясани деб, ўзини қурбон қилишнинг мана шундайин  ҳаракатларга ҳам тайёр туради. Флобер бошлаб қўйилган “Иродиада”нинг қўлёзмасини бир четга олиб қўяди-да, таниқли шарқшуносга хат ёзиб, ундан Махаэро қалъасидан чўққилари кўриниб турган тоғларнинг номларини айтиб беришини илтимос қилади, қаранг, нари борса, икки-уч бўғиндан иборат ном ёки номларни деб ёзувчи, то жавоб келмагунича ишни тўхтатиб қўяди, мақсад шубҳадан холи бўлиш ва йўл қўйилиши мумкин бўлган хатолардан сақланиш, холос. “Денгиз шамоллари”нинг биринчи қисмида Сментек виола  чалиши лозим бўлган бўлса, Жеромский контрапункт  билан шуғулланди, камонча билан чалинадиган турли хил мусиқа асбоблари, уларнинг келиб чиқиши ва тарихи билан танишиб чиқиб, буларнинг барчасини ён дафтарчасига ёзиб қўйди. Башарти бундай материал келгусида керак бўлмасдан, баён ёки сюжет таркибига киритилмаган тақдирда ҳам, романнавис ўз қаҳрамонлари учун уй қуришга киришар экан, ундаги деразаларнинг шакли, деворларнинг ранги, ошхонанинг жойлашиши, асардаги қаҳрамон қиз кириб борадиган эшик тутқичининг тузилишигача билиши лозим бўлади. Мабодо у кўйлак бичимини ёки кўйлак қайси газлама, матодан тикилганини билмаса агар, қандай кўнгилсизликлар содир бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг! Бу ўринда гап қадимги романларда учрайдиган узундан-узоқ баён ва баландпарвоз тасвирлар ҳақида эмас, балки инсон билан уйғунлашиб кетган ва унинг характер ҳамда ҳаётий тамойилларини олдиндан белгилаб берадиган нарсалар ҳақида бораётибди. Ахир, энтомолог Фабр ҳашаротлар яшайдиган ўсимликларга гўзалликни деб таъриф-тавсиф бермаган, шунинг учун ҳам роман муаллифлари табиатшунослардан одам билан олам ўртасидаги алоқа-муносабатларни қидиришни ўрганишган.
Эмлашларни ўзларида синаб кўрадиган бактериологлардан улги олиб, ёзувчилар ҳам баъзан гиёҳванд моддаларни қабул қилишдан қўрқишмайди, бундан мақсад романда шундай ҳолатни тасвирлашдан олдин унинг таъсирини синаб кўриш ёки бўлмасам, ўз қаҳрамонларини бўйинтуруққа қўшиш ёки сиртмоққа маҳкум қилишдан олдин ўз ҳаёт тарзини одатдан ташқари, ғайриоддий ва оғир бир вазиятга “алмаштириб” кўришдир.
Сўзда ифодалаш лозим бўлган ҳақиқийликка зориқиш, воқеа, ҳодисанинг туб моҳиятига кириб боришга бўлган ташналик гоҳида ёзувчи учун даҳшатнинг ўзгинасига айланади. Агар унинг ижодий режасида келгусида ўрганиш ёки тасвирланажак воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини янаям чуқурроқ тушуниб етиш учун тўлдириш ҳамда ойдинлаштириш мумкин бўлган бўш ёки ноаниқ жойлар қоладиган бўлса, ёзувчи бундан ҳеч бир муболағасиз изтироб чекади. Ёзувчи китоб ёзишга киришаётганда, унинг географиясини билишига, ландшафтларининг барча қисмларини жуда яхши тасаввур қилишига ишончи комил эди, буни қарангки, бирданига қуёш қайси томондан чиқарди, балиқчи қушлар эса кўл тарафга йўл тополмай, беҳуда уриняпти-ку, деган саволлар пайдо бўлиб, унинг тинчи йўқолди. Бунақанги ҳолатга тушган ёзувчи ёзув столининг ғаладонини шартта ёпади-да, чамадонга нарсаларини жойлаб, йўлга отланади. Флобер “Саламбо” устида ишлаётган пайтида худди шундай вазиятни бошдан кечирган, у яна бир бор Карфаген харобалари томон жўнайди. Отдан йиқилиб, қаттиқ шикастланган шифокорнинг хотини, қандайдир мадам Поншенинг дафн маросимига ҳам худди шу тарзда етиб борган: ўшанда Флоберга Бовари хотинининг дафн маросимида ўзини қандай тутишини тасвирлаш учун материал керак эди. Камина ҳам “Олимпия диски” устида ишлаётган чоғимда худди шундай ҳолатга тушиб, эрамиздан аввалги V аср бошларидаги Олимпия ҳақида яна бир бор тасаввур ҳосил қилиб олишим учун, ишни вақтинча тўхтатиб туришимга тўғри келган. Баъзан шундай китоблар ҳам учраб турадики, уларни кўриб одам уялиб кетади, негаки, уларнинг муаллифлари географияни фақат дарсликлардан ўқиб-ўрганганлиги яққол сезилиб туради ва ўзлари ҳеч қачон бормаган, кўрмаган жойларда чор-ночор “адашиб”, лекин уларни  ўзларига шунчалик ишонч билан тасвирлайдиларки, бунчалик сохтакорликни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Стивенсон ўзининг “Хазиналар ороли” учун эринмай харита чизиб чиққани ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Эҳтимол, романим учун хаританинг унчалик аҳамияти йўқдир, аммо ўзим учун ҳар доим керак деб ўйлайман. Муаллиф ўзи тасвирлаётган мамлакатни, ундаги мавжуд ёки ўзи тўқиб чиқарган воқеликни билиши, шунчаки эмас, балки беш қўлдай билиши лозим, – масофалар, дунё томонларининг йўналишлари, –  Ой ҳам беками-кўст тасвирланмоғи керак. Мен ҳеч қачон тақвимсиз ёзмайман”.
Мавзу ичига чуқур кириб кетиш ёзувчидан муайян куч-ғайрат сарфлашни талаб қилади. Мисол учун, Тургенев ўз қаҳрамонларининг таржимаи ҳолларини бутун тафсилотлари билан ишлаб чиқишга  одатланган ва бу борада ёлғиз  эмас эди – кўпгина ёзувчилар ҳам шундай йўл тутишади. Тургенев эса қандайдир даражада кўпроқ иш қилган: “Оталар ва болалар” романини ёзаётган пайтида Базаровнинг кундалигини юритган. Ҳар бир ўқилган китоб ҳақида, ҳар бир дуч келган одам ҳақида, ижтимоий ҳаётга оид ҳар бир муҳим воқеа ҳақида кундаликка шу йўсинда қайд қилиб борганки, агар кундалик муаллифи Базаров бўлганда, худди шу ёзувлар унинг хаёлига келган бўлиши керак эди. Натижада хийла каттагина жилд дунёга келади ва роман ёзиб тугаллангач, фойдаланиб бўлинган хомашё сингари, бутунлай нокерак нарсага айланади. Аслида эса кундалик  муаллифга ўз қаҳрамонидан кўз узмай, унинг фикрлари, ҳис-туйғулари ва таассуротларидан мунтазам хабардор бўлиб бориши учунгина зарур бўлган эди. Тургенев шу тариқа ўз персонажларининг ҳаддан ташқари ҳаётийлигига эриша олган.
Борди-ю, ёзувчининг ўз таъб-дидига тўғри келмайдиган, балки ғоя, дин ёки халқ олдидаги бурчи тақозо этган, ўзи шу пайтга қадар ўйлаб ҳам кўрмаган қандайдир мавзу устида ишлашига тўғри келиб қолса, у ҳолда материал устида олиб бориладиган тайёргарлик ишлари анча кўпаяди. Золя билан ҳам худди шундай ҳолат юз берган. У аллақандай умумий ғояга қизиқиб қолиб, уни гавдалантириб кўрсатмоқ учун тегишли муҳит, ижтимоий гуруҳ ёки табақани танлайди, сўнг ҳужжатлар тўплашга киришади. Фанга оид, кишилар ўртасидаги алоқа-муносабатлар, одамларнинг характерларига тааллуқли ўз кузатувларини ҳар куни ёзиб боради. Ўзининг “Аббат Мур”и ҳақида жиддий ўйлаб кўраркан, қўлтиғига қалин ибодат китобини қисганича кунига черковга қатнар, у ерда меҳробга яқинроқ турволиб, руҳонийнинг хатти-ҳаракатларини ва имо-ишораларини диққат билан кузатарди. “Парижнинг ички қисми” учун эса ҳар куни марказий бозоргача сайр қилиб келар ва йўл-йўлакай магазинларнинг витриналарига қўйилган молларнинг муфассал рўйхатини тузиб қайтарди. У ўз мавзуидан ташқарига чиқадиган ҳеч нимани ўқимас, аммо мавзуни кенгайтиришга, чуқурлаштиришга хизмат қиладиган жамики нарса билан танишиб чиқишга ҳаракат қилар эди. Эрталабданоқ ёзув столига ўтириб, танланган умумий ғоя мазмунини персонажлар ҳамда воқеалар билан қандай қилиб яхшироқ безаш ва бойитиш мумкинлигини обдан пухта ўйлаб, мулоҳаза қилиб оларди. Шунда иштирок этувчи персонажлар аста-секин кўрина бошлар, уларнинг биографиялари, ташқи қиёфалари, моддий аҳволи ҳам намоён бўлиб, шакллана борар, ундан сўнг, манзиллар дафтаридан уларга мос келадиган фамилияларни қидириб топиш қоларди, холос. Маълумотларнинг улкан захирасига эга бўлиб, мавзуни то майда-чуйда тафсилотларигача ўрганиб бўлгач, фақат шундан кейингина, романнинг муфассал режасини бобма-боб тузиб чиқар эди. Режа тап-тайёр бўлгач, ёзишни бошларди. Тўғри, у ва унинг издошлари ҳам ўта синчков, майдакаш бўлиб, романни ортиқча тафсилотлар, касб-ҳунарга оид атамалар билан тўлдириб ташлардилар. Ёзувчи умуман битта китобда ўзининг бутун билим захирасини тўкиб солиши шарт эмас.
Ёндафтарчалар, блокнотлар, чала-ярим қоралама варақлар солинган папкалар – буларнинг барчаси ҳар бир ёзувчи учун зарурий ашёлар ҳисобланади. Улар ё китобга унинг юзага келиш жараёнида ҳамроҳлик қилади ёки олдиндан тўплаб юрилган таассуротлар, кузатувлар ва қайдларнинг архиви вазифасини ўтайди. Шоирлар уларга қофиялар, шеър­нинг бошланишини, истиораларни ёзиб қўядилар. Теннисоннинг Корнуэлл, Уайт ороли ва Ирландия бўйлаб қилган саёҳатлари чоғида олиб юрган ёндафтарчаларини бунга мумтоз мисол қилиб кўрсатиш мумкин – уларда табиат манзараларидан тортиб, то қушларнинг чуриллаб сайрашларига монанд парча шеърлар ҳам учрайди.  Юлиан Тувим менга қачонлардир кўрсатган ёндафтарча ҳам қизиқарлиликда улардан қолишмайди. Шунчаки номига нашр қилинган Жеромский кундалиги  айнан мана шунақанги чўнтаки ён дафтарчалар воситасида юзага келган бўлиб, ёзувчи унга ўз даврида олинган таассуротлар, иқтибослар, қисқача таъриф-тавсиф ва тасвирларни шоша-пиша, кўпроқ қалам билан ҳам ёзиб қўяверган. Худди шунга ўхшаш нарса Анатоль Франснинг қоғозлари орасидан топилган. Альфонс Доде ўзининг petits cahiers – жажжи дафтарчалари ҳақида шундай дейди: “Бу ерда қайд этилган кузатувлар, фикрлар баъзан бир сатрни ҳам ташкил қилмайди – улар кейинчалик қайси бир асарда фойдаланилган ёки ривожлантирилган имо-ишора, оҳангни ёдга солиб турса бўлди. Парижда бўлганимда, сафар ва саёҳатлар чоғида, қишлоқда бўлган пайтларимда ушбу ёндафтарчалар ўзидан-ўзи тўлиб қолаверарди, улардан келажакда фойдаланиш фикри хаёлимга ҳам келмаган”.
Доде ушбу ён дафтарчаларга ўзининг диққатини жалб қилган исм ва фамилияларни ҳам ёзиб қўяверган, буни айтишни унутган, чоғи. Романнавис ва драматургга – айниқса, агар улар сермаҳсул бўлишса – жуда кўп бўғинлар комбинацияси керак бўладики, уларга қараб туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар, ҳужжатлар, пешлавҳалар ва қабристонлардаги ёдгорликларга номлари битилган шахсларни бир-биридан осонгина ажрата олиш имкони туғилади. Ёзувчи уларни ўзи излаб, қидириб топади, бундан ташқари, герб- лар китобидан, манзиллар дафтаридан, газеталардан олади. Оскар Уайльд ўз комедияларида аслзодаларни Англиядаги жойларнинг чиройли жаранглайдиган номлари билан атаган бўлса, поляк ёзувчиси Юзеф Вайсенҳоф ўз қаҳрамонларига Костков, Лигензов, Збарских деган номларни бериш учун аллақачонлар ўлиб кетган зодагонларнинг зот-зурриётларига мурожаат қилган. Пруст ўзининг шахсий “Готлар альманахи”ни чалкаш ва чигал шажаралар воситасида тузган.
Одатда одамлар ўз ҳаётида ўзига ўзи исм-фамилия танлаш имконига эга эмас. Камсонли тахаллуслар ёки фамилия ўзгартиришларни ҳисобга олмаганда, улар туғилган пайтда ўзларига берилган исм ва фамилияларни итоаткорлик, қатъият ёки фахр билан бир умр кўтариб юришади. Бироқ тақдирнинг муайян ижодкорона топқирлиги намоён бўладиган ҳоллар ҳам тез-тез учраб туради. Ўз фамилияларига ҳайратланарли даражада мос келадиган кишиларга деярли ҳар қадамда дуч келамиз, уларни ҳатто бошқа фамилия остида тасаввур қилиш ҳам қийин, фамилия бамисоли физиономия, характер, касб-кор учун рамзий ишора бўлиб хизмат қиладиган иероглифга айланади. Баъзида ҳатто шундай бир таассурот ҳам туғиладики, фамилия одамни бошқариб, гўё унга бахт ё бахтсизлик келтиради, келажагидан дарак беради.
Ёзувчилар ҳам топқирлик ва топағонликда тақдир-қисматдан орқада қолишни хоҳлашмайди, шу боис ўз қаҳрамонларига фамилияларни фавқулодда эҳтиёткорлик билан танлашади. Тўғри, уларга баъзан замона зайли билан бахтли тасодифлар ҳам учраб туради. Тасодифан эшитилган фамилия худди учар юлдуз каби “ялт” этиб, ўша пайтгача номсиз юрган қаҳрамон ҳаёти ҳақидаги фикрлар тугунини ёриб ўтади.
Адиба Мария Домбровская ногоҳ дуч келиб қолган Нехтице аҳоли пунктининг номи билан аталган хамиртуруш солинган банка наинки унинг “Тунлар ва кунлар”идаги қаҳрамон қиз фамилиясига асос солади, балки роман устидаги иш жараёнидан буткул ўзига хос тарзда мустаҳкам ўрин олади. Фамилия образ билан шу қадар уйғунлашиб кетадики, уни бошқаси билан алмаштириб бўлмайди, чоғи. “Туйғулар тарбияси”нинг қаҳрамонига Фредерик Моро деб ном берган Флобер, гарчи Руан атрофида худди шундай фамилияли оила истиқомат қилиши маълум бўлиб, айрим кўнгилсизликларга олиб келган бўлса ҳам, уни ўзгартиришга зинҳор рози бўлмаган. Худди шунга ўхшаш воқеа ўзимнинг бошимдан ҳам ўтган. “Ўт туташган осмон” романимдаги Гродзицких деган фамилия баъзи бир англашилмовчиликларга сабаб бўлган, лекин энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмас эди. Фамилия китобдаги персонаж учун худди характер ёки ташқи қиёфа кабидир, уни бошқа ҳеч нима билан алмаштириб бўлмайди.
Кўплаб асрлар мобайнида адабиёт “гапирадиган” фамилиялардан фойдаланиб келган, улар яқин-яқингача ҳам комедияларда учраб тургучи эди, эҳтимол, ҳозир ҳам бадиийлик унча етишмайдиган аллақандай асарларда гоҳо кўриниб қолса ажабмас. Уларни биринчи бўлиб яратган юнон (грек­ларда, худди биз, поляклардаги каби, исмлар ҳақиқатан ҳам “гапирадиган” бўлган) тилидан бошлаб, барча тилларда персонажнинг ниқоби ва либоси билан тенг қимматли бўлган ғалати лақаблар турли хил вариациялар воситасида такрорланиб келган. Улар муайян хусусиятлар ва ахлоқий камчиликларни жонлантиришга таяниб, типлар ва характерларга тўхталиб ўтишни жуда яхши кўрадиган содда адабий психология принципларига жавоб берган. Мазкур ифодали пешлавҳалар остида фикр билдирган персонажлар фақат характернинг биргина хусусиятини гавдалантирган, холос ва уларни фақат биргина эҳтирос кемирган, уларнинг инсоний шахсиятидаги қолган бошқа барчаси эса гўё буткул мавжуд бўлмагандек эди. Француз классик драмаси юнон мифларидан Федр билан Андромахни олиб, улардан жонли, оташин, азоб-изтироб чекадиган инсоний ҳис-туйғулар рамзларини яратган, бироқ улар замон ва муҳитдан ажралиб қолган эди. XVII – XVIII асрларда яратилган пьеса ва романларнинг муаллифлари ўсимликлар ва жониворларга грекча ёки лотинча номлар бериб, у ёки бу турнинг қандайдир хусусиятларини таъкидлаб ўтган табиатшунослардан ибрат олиб, йўл тутишган. Ўша давр Эраст, Клитандр, Альцей каби ишқий қаҳрамонларга тўла бўлиб, улар бир-бирларига маъшуқаларини инъом қилгани каби, ўз номларининг баҳридан ҳам ўтиб юбораверган. Уларнинг ўрнига Густавлар, Октавлар, Конрадлар ҳамроҳлигида Юлия, Коринна, Валериялар – ҳаттоки бизларнинг боболаримизга ҳам шу қадар азиз бўлган исмлар кириб келган.
Шахсларни ҳаётда ўзаро фарқлайдиган ўша хусусиятлар мажмуи, уларнинг чалкаш ва чигал зиддиятлар ҳамда кутилмаган воқеа, ҳодиса ва тасодифларга тўла шахсий тақдир-қисматларини олдиндан белгилаб берувчи хусусиятлар мажмуи, – фақат шугина ҳафсала ва қунт билан тузилган метрика талаб қилади. Пруснинг “Қўғирчоқ” асари қаҳрамони Вокульскийни шартли равишда “гапирадиган” фамилия остида тасаввур қилиш мумкинми? Бироқ бу нафақат XIX асрнинг, балки яна реализм даврининг ҳам хизматидир. Тримальхион Петрония, Дон-Кихот ва Санчо Панса, Лессинг қаламига мансуб Эмилия Галотти ва Минна фон Барнҳельм ўз фамилиялари ва туб моҳиятига кўра ўша, бизнинг тасаввуримизга роман фабуласидаги энг ғалати, қув ва мураккаб жараёнларга қараганда ҳам кўпроқ нарсани айтиб бера оладиган  ифодали ва тўлақонли фигуралардан саналади.
XIX асрда гуллаб-яшнаган, адабиётни гўё демократлаштирган реализм тўқима, уйдирмалар дунёсини ҳаддан ташқари кенгайтириб юборди (фақат Бальзакнинг биргина “Инсон комедияси”нинг ўзида беш мингта персонаж қатнашади) ва адабиёт бугунги кунга келиб, сон-саноғига етиб бўлмайдиган оломон билан шундай тўлиб-тошдики, унда черковсиз руҳонийлар, тарихга номаълум қироллар, ҳеч қандай насабномаларда қайд этилмаган князлар авлодлари, бутун дунё биржаларини бошқарадиган ўйлаб чиқарилган молиячилар, қомусларда номлари тилга олинмаган саноатчилар ва ниҳоят, расмий рўйхатдан ўтмаган, аммо тирик одамларга қўшнилар сифатида мавжуд бўлган шаҳар ва қишлоқларда яшовчиларни ҳам учратиш мумкин эди. Мана сизга ўйлаб чиқарилган уйларга жойлашиб олган ҳақиқий хаёлий шарпалар! Парижда ўзининг бир неча миллионлик аҳолисидан ташқари, француз адабиётининг фантазияси ва қайсидир даражада бошқа Европа адабиётларининг ҳам фантазияси дунёга келтирган яна деярли шунча шарпа-кўланкалар яшайди. Бунинг замирида ушбу шаҳарга хос бўлган жозиба-тароватлардан яна бири мужассамдир – ҳар бир киши уни худди Реймонтнинг “Хаёлпараст”и каби қабул қилади. Шунингдек, қитъамиздаги бошқа пойтахтларни ҳам, гарчи камроқ даражада бўлса-да, адабий персонажлар босиб кетган ва Ғарбий ярим шарда ҳам худди шунга ўхшаш манзара кузатилмоқда.
Ёзувчи ҳеч қандай сабабсиз (бунақаси ҳарқалай кам учрайди) амалда мавжуд бўлган аҳоли пунктларидан воз кечиб, уни ўйлаб топилган ном билан алмаштирса, айниқса, қадимий ва ҳурматга сазовор шаҳарга ўйлаб чиқарилган ҳамда ғайриоддий ном (Жеромскийда Клериков) берса, одамга алам қиларкан. Бальзак ҳеч қачон бунақа “гуноҳ” иш қилмаган, у Францияни барча шаҳар ва қишлоқлари билан бирга тасвирлаган: “Бўйдоқлар хўжалиги”да Иссуден, “Мутлақ нарсани излаб”да – Дуэ, “Қари қиз”да – Алансон, “Евгения Гранде”да – Сомюр, “Икки шоир”да – Ангулем, “Тур руҳонийси”да – Тур, “Қишлоқ руҳонийси”да – Лимож, “Провинциал муза”да – Сансер. Ҳаммасини санаб, адоғига етиш қийин. Бальзак тағинам шундай бир замонларда қалам тебратганки, у даврларда ҳозирги пайтда урфдан қолган: “Ушбу воқеа N ёки X шаҳрида юз берди” қабилидаги ибораларни қўллаш ҳали модадан қолмаган эди. Аноним, криптоним ва тахаллуслар асосан, муаллифларнинг журъатсизлигидан келиб чиққан, улар роман воқеаларини аниқ ва маълум муҳитда акс эттиришдан ёки кимнингдир нафсониятига тегиб кетишдан истиҳола қилибми ё ўз маҳоратига ишонмасликданми, шундай йўл тутишган, чунки ҳақиқатда мавжуд бўлган персонажни аниқ, тўғри ва бадиий акс эттиришдан кўра, ўйлаб чиқарилганини тасвирлаш осонроқ кўринган. Баъзан эса ишни оддий қулайлик осонгина ҳал қилган. Франс “Замонавий тарих” асарида типик провинциал шаҳар образини яратди, бунга у ўзи илгари кўрган барча француз провинциал шаҳарларини эсга олиб, хотирлаш орқали муваффақ бўлди, қандайдир Дижон ёки Греноблнинг топографиясини аслидай аниқ акс эттириш учун атайлаб Париждан ташқарига чиққиси келмаган.
Ёзувчидаги темперамент ва шахсий таъб-дидга кўп нарса боғлиқ. Аммо баъзан ёзувчи ўз таъб-дидига қарши борадиган ҳоллар ҳам учраб туради. Масалан, Мицкевич географик харитада ўзи йўқ шаҳарларни ва тарихда бўлмаган қиролларни ёмон кўришини эътироф этган, ўзи эса “Пан Тадеуш”да Соплицовони ниқоблаб яширишни шунақанги боплаганки, Новогрудок яқинидаги беш-олтита жой кимнинг  мулки эканлиги ёлғиз Яратганнинг ўзига маълум. Бир умр конспирация (сир сақлаш, махфий тутиш)га таяниб келган Стендалдан ўз қаҳрамонларига нисбатан лутфан очиқ-ошкора муносабатда бўлишни талаб қилиш қийин. Ўқувчини шу хилда лақиллатишга мойилликни Вацлав Берентда ҳам кўриш мумкин: “Чиркин муҳит”да воқеа қайси шаҳарда бўлаётгани ҳақида лом-мим демайди, “Жонли тошлар”ни эса шунчалик пардалаганки, ҳар қандай фараз-тахмин, ҳар қандай фаҳм-фаросат унга чикора. Прустда бир қадар бошқача манзарага  дуч келамиз. Бу синчков ва пухта тадқиқотчи ўзининг кичик “катта дунё”сини тасвирлашда фантазияга шу қадар берилганки, ҳақиқий ҳис-туйғу, эҳтирос, завқ-шавқ билан уйдирмаларни тўқиб ташлайверган. У Франция табиат манзараларига тўла-тўкис уйғун ва ҳамоҳанг бўлган кўплаб географик пунктларни ўйлаб чиқарган ва биз географик харитадан бундай шаҳарларни тополмай, харитани ушбу “камчилиги” учун айблашга тушамиз. Пруст эса пировардида энг ноёб ғалабани қўлга киритган: Илье деган жой ўз номига Прустнинг “Комбре”сини қўшиб олиб, ҳозирда бу гўша Илье-Комбре деб аталади, бунинг устига, ҳозир иш шу томонга қараб боряптики, мазкур қўшма номнинг биринчи қисми бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин ва шоир фантазиясининг маҳсули – Комбре келажакда Францияда муқим географик ном бўлиб қолади.
Фамилияларни танлашда ёзувчининг ўзига хос индивидуаллиги, услуби ва таъб-диди намоён бўлади. Одатда ёмон муаллифларнинг асарларидаги қаҳрамонларнинг фамилиялари ҳам қандайдир беўхшов чиқади. Эшитганда тишларинг ғичирлаб, ғашга тегадиган Ржавич, Зжарский, Жажжинский деган фамилиялар, гарчи ҳаётда учраб турса-да, лекин фақат ноталабчан қалам аҳлинигина жалб қилиши мумкин. Энг бемаъни фаранг романнависларидан бири бўлмиш Абель Эрман қайсидир романига рақсни олиб чиқиб, унга князь хотин де Коломеа-Пшемисль номини беради. Аммо бундай қўпол хатога йўл қўйган ёлғиз у эмас: ўзи чет эл адабиётида полякча исм ва фамилияларга омад кулиб боқмайди. Сорбонна профессори Шарль Брюно ўз мақолаларидан бирида Кельци французчада Сандомир деб аталади, деб тургандан кейин (ахир, булар иккита бошқа-бошқа шаҳар-ку!), беллетристлардан нима ҳам кутиш мумкин. Энди биз ҳам ўз навбатида қарздан қутулиш учун, биздан узоқда жойлашган халқларга, фантазиямиз уларнинг ўлкаларига адашиб бориб қолди дегунча, худди ўшандай билимсизлик ва беадаблик билан жавоб қайтарамиз.
Китобга ном танлаш ҳам ўзига хос нозик иш бўлиб, бунда таъб, дид, майл, ҳавас, мойиллик ва қизиқишлар, баъзан эса мазкур асар хизмат қилиши лозим бўлган ғайриихтиёрий тенденциялар ва ниҳоят, мода ёки давр урф-одатлари ҳам намоён бўлади. Баъзи бир ҳолларда оддий ва камтарона ном афзал кўрилса, бошқа пайтларда – унинг фавқулоддалиги, ажойиблиги, ғалатилиги, чалкаш-чигаллиги ва жумбоқли бўлишига эътибор қаратилади. Эльжбета Дружбацкая ўз поэмасига қуйидагича сарлавҳа қўйиб, бу борада бир қадар ўртамиёна иш тутган: “Фортеция, Худо ёрлақаган, беш дарвоза ортига бекинган, яъни беш туйғуга соҳиба инсон”. Ўша даврда ва ундан илгариги замонларда яшаб ўтган бошқа шоирлар эса ўз асарларига Шекспир драмаларининг илк нашрларидаги каби бир бетлик сарлавҳалар қўйишар, ўша сарлавҳаларда бутун бир пьесанинг салкам қисқача мазмуни ўз ифодасини топган бўларди. Бундан ташқари, ўша даврларда ҳукм сурган кайфият ҳам, – қувноқлик ёки қайғу, юраксизлик ёки жасорат, шодмонлик ёки дилгирлик кайфияти ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган, сентиментализм ҳукмрон бўлган замонларда ўта таъсирчан, нозик табиатли, ҳиссиётга берилувчан китобхонларни қанақадир қуруқ ном билан жалб қилиш қийин бўлган.
Рамз ишқибозлари китобларнинг номлари учун кўпинча гуллар, юлдузлар ёки асар маъно-мазмуни ва унинг ғоясини ўзида акс эттирган сўзларни танлайдилар. Ном замирида ҳар қандай сўз туркуми, ҳатто равиш ва ҳаттоки  Честертондаги “Generally speaking” – “Умуман айтганда” сингари равишдош ибора ҳам мужассам бўлиши мумкин.
Одатда ўқувчилар китобнинг номи қўлёзманинг илк саҳифасидаёқ бирданига пайдо бўлиб қолади, деб ўйлашади. Гоҳо шундай бўлиши ҳам мумкин, лекин бу камдан-кам учрайди. Ном танлаш муаллифга жуда кўп ташвиш келтиради, уни неча марталаб алмаштиришга, бу ҳақда бошқалар билан маслаҳатлашишга, ноширнинг фикри билан ҳисоблашишга тўғри келади. Флобер романи аввалига “Карфаген” деб аталиши лозим эди, кейинчалик эса “Саламбо” деб ўзгартирилган. Сенкевичнинг “Қирғин”и дастлаб “Бўри уяси” деб номланган, Сенкевич уни кейин дўстларидан бирининг маслаҳатига кўра ўзгартирган. Унинг “Тўфон” трилогияси иккинчи китобининг номини “Варшава кутубхонаси” муҳаррири Генкель ўйлаб топган. Муаллифга фақат учинчи қисмнинг номи – “Пан Володиевский” тегишли, холос.
Асарни бош қаҳрамон номи билан аташ одати “Одиссея” каби қадимий, антик трагедия учун эса бузилмас қоида ҳисобланган. Бундай номнинг қанчалик равшан ва ифодалилигига қарамасдан, баъзида у англашилмовчиликларга ҳам сабаб бўлган, мисол учун, “Пан Тадеуш”да худди шу номдаги персонаж бош қаҳрамон ролига мутлақо тўғри келмайди.
Ном, бу – мазкур асарни бошқа барча асарлар орасида ажратиб турадиган рамзий белгидир, агар асарга умрбоқийлик насиб қиладиган бўлса, ушбу рамз ўзига хос, алоҳида жозиба касб этади. Асар муаллифни буткул “ютиб” юборадиган ҳоллар ҳам учрайди, бунга “Роланд ҳақида қўшиқ”, “Нибелунглар”, “Минг бир кеча эртаклари”ни мисол қилиб келтириш мумкин, ёки муаллифдан хира, рангпар кўланканинг ўзи қоладики, у ҳолда китобхон уни бир четга улоқтириб, қўлига “Робинзон Крузо” жилдини олади. Кўпгина асрлар давомида биз билан бирга яшаб келаётган китоблар қатида қанчадан-қанча орзу, хаёллар, фикр-мулоҳазалар, оҳ-воҳ, зорланишлар ва хотиралар мужассам! Янги китобларнинг  муаллифлари баъзан улар билан ўзаро тажриба алмашиб туришади – масалан, Зигмунт Красиньскийнинг “Ноилоҳий комедия”си, буни баҳс ёки бирлик дейиш мумкин.
Номлар гоҳида бир-бирини такрорлайди. Худди ўша бир хил ном айни чоқда турли мамлакатларда пайдо бўлади, баъзан эса бир мамлакатнинг ўзида икки муаллиф бир-биридан бехабар бир хил ном остида иккита китоб чиқаради. Бундай китобларнинг пайдо бўлиши худди Довейка билан Домейка сингари ёқимсиз ҳолатдир. Бунга йўл қўймаслик учун ёзувчилар ўзлари ёзмоқчи бўлган китобнинг номи ҳақида олдиндан хабар қилиб, баъзан муаллифлик ҳуқуқини ҳам далил қилиб келтирадилар. Аммо кўпинча режалари ўзгариб, ваъда қилинган ном остида китоб ёзишни унутиб ҳам қўйишади.
Эдмон Ростан бир пайтлар ёзилмаган китоблар учун ўз кутубхонасида махсус токча ажратишни ўйлаб қўйган ва унинг фикрича, уларнинг барчаси чиройли муқовали, номлари зарҳал ҳарфлар билан ёзилган бўлиши, фақат саҳифалари бўм-бўш қолиши лозим эди – хуллас, буни ният қилинган ва номланган, фақат ҳали дунёга келмаган китобларнинг, ҳали сўзларга кўчиб улгурмаган ўйлар ва орзу-хаёлларнинг хилхонаси деб аташ мумкин эди.

Рус тилидан
Мирзаали АКБАРОВ
таржимаси
(Давоми келгуси сонда)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/01/06/%d1%8f%d0%bd-%d0%bf%d0%b0%d1%80%d0%b0%d0%bd%d0%b4%d0%be%d0%b2%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1895-1978-2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x