Ҳикоя
Араб тилидан
Шаҳло АҲМЕДОВА
таржимаси
Қатар адабиётида ҳикоянинг такомиллашувида адиба Ҳисса ал- Қаҳтанийнинг (Hissa al-Qaqhtani) ўрни беқиёс. Унинг асарлари араб ҳикоянавислигининг олтин фондига киритилган.
Адиба қаламига мансуб асарларни мутолаа қилган китобхон Қатар жамиятининг 1990-2000 йиллардаги ҳаёти билан яқиндан танишади, оддий қатарликларнинг, айниқса, аёлларнинг орзу-умидлари, армонларига ҳамдард бўлади, чунки адиба ҳаёт маъно-мазмунини яхши англаган, инсон тақдири ҳақида қайғуриб яшайдиган ижодкордир.
“Қисқа ҳикояларда Қатар овози” (“Аswat qatariat fa alqissat alqasira”) ҳикоялар тўплами 2003 йил Қатарда нашр қилинган бўлиб, мазкур тўплам турли ҳажмдаги ўн тўққизта ҳикоядан ташкил топган. Аксарият ҳикоялар муаллифлари аёллар ҳисобланади.
Мазкур ҳикоялар тўпламидан ўрин олган Ҳисса ал-Қаҳтанийнинг “Аҳду паймон” (“Аleahd”) асари жамиятда инсонга юклатиладиган вазифаларни масъулият билан ҳал этиш масаласига бағишланади.
Қўрқинчли тун зулматида ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилиб, бу темир қафасда айқаш-уйқаш фикрларимни жамлашга уриндим. Руҳим озод бўлиши учун шу тўрт девор ичидан чиқиш йўлини қидирардим. Ҳар бир лаҳзада борлиғим қамалганини ҳис қилар, ичимдаги қўрқинч бутун аъзойи баданимни эгаллаганди. Ёлғиз ўзим изтиробдаман. Уйинг, оиланг, яқинларингдан узоқда бўлсанг, уйқудан заррача лаззат тополмайсан экан.
Кўзимни юмишга ҳаракат қиламан-у, лекин “тиқ” этган товушдан даҳшатга тушиб уйғонаман. Онамнинг оғушида ухлашни хоҳлайман, чунки фақат ўша ергина тинч ва хотиржам. Сояга ўхшайман. Оиламга бўлган соғинч ҳисси мени адойи тамом қилмоқда, қўрқинч бутун вужудимни эгаллаган, надомат мени парчаламоқда.
Бу ерга келишим сабаблари ҳақида ўйласам, ўзимга савол бера бошлайман. Нега тубанлашдим, нега ёмонларга қўшилдим? Анча илгари отам менга насиҳат қилиб, ёмонларга қулоқ солмаслигим, уларга қўшилмаслигимни кўп бор таъкидларди. Унинг сўзлари ҳамон эсимда: “Саад, сен яхши боласан, онангдаги соддалик сенга кўчган-қўйган, шу сабабли сени алдаш жуда осон…”
Маҳкамада менга чиқарилган ҳукмни эсласам, ҳар гал ҳўнграб йиғлайман.
Қандай даҳшат! Энди ҳаётимнинг уч йили жонни олувчи сукунатда ўтади. Бошимга тушган кулфатдан даҳшатга тушиб судьяга бақирдим: “Мен гуноҳкор эмасман! Улар менга “бу ўйин, ҳазил билан тугайди” деб айтишган”. Ҳақиқатда ҳам бу менга ҳамма айбни тўнкаб, уларнинг қочиши учун ўйлаб тўқилган ёмон ўйин эди. Хаёлга чўмишдан бошқа ишим йўқ. Хаёллар эса қалбимга озор бериб, руҳимни эзарди. Улар менга дўстларидан бирини қўрқитмоқчи эканликларини, унга зарар етказмай, фақат таҳдид қилишларини айтишди. Бу ишни эса мен бажаришим, яъни унга таҳдид қилишни зиммамга олишим лозим эди. Бошида озгина иккиландим, аммо олдимда рақсга тушаётган шайтонлар “бу фақат ўйин, мазах” деб мени кулдиришди.
Шу кечада мени қамоққа олиб кетувчи “томоша” бўлаётгани мутлақо ақлимга сиғмасди. Мен ўтиб кетаётган ўша бечора одамга фақат таҳдид ва мазах қилиш учун бу ишга қўл урдим. У бор кучи билан ўзини ҳимоя қила бошлагач, мени қаттиқ қўрқув қамраб олди. Нима қилишни билмай турган эдим, бирдан “ёмон дўстлар” бостириб келишди-да, мен ҳатто исмини ҳам билмаган ўша йигитга ташланиб, кетма-кет уриб кетишди. Мен унинг қонга беланиб, ерга йиқилганини кўрдим. Аммо уни ҳимоя қилишга вақт жуда қисқалик қилди, тез ёрдам машинаси чақиришга ҳам улгурмадим. Ундан олдин полиция машинаси келди-да, мен ҳали ҳушимни йиғиб олмасдан туриб, қўлларимни орқага қилиб кишан тақишди-ю, машинага ўтқазишди.
Шу лаҳзаларда “ёмон дўстлар”дан бирортасини кўрмадим, улар аллақачон ғойиб бўлиб улгуришганди.
Улар мен танимайдиган йигитга ташланиб, ниятларига етишди, мен эса бу ишда восита эдим, холос. Тергов ишлари бошланганда ҳам менинг ишим ёпилмади. Йигит айблашда истисно қилмади, мен унга қўлимни теккизмаган бўлсам ҳам, мени улардан бири деб ҳисоблади.
Менга ҳукм ўқилди. Онамнинг йиғи овози бутун маҳкамани тутди, айниқса, судья олдида янада кўтарилди: “Ўғлим ҳали ёш, ҳаётда ҳеч нимани билмайди”. Отам эса кўзёшларини беркитишга уринарди.
Ҳар гал отамнинг кўзлари менга тушганда, у табассум билан бошини қимиллатар, гўё: “Қўрқма, Саад, биз ёнингдамиз!” демоқчи бўларди.Онам энди мени ҳимоя қилолмас, вазият ундан ҳам, мендан ҳам кучлироқ чиқди. Энди темир панжаралар ва овоз ҳам эшитилмайдиган деворлар ортида нима қиламан? Фақат ўлдирувчи ғам-ғусса, қўмсаш ва даҳшатли хотиралар.
Тонгнинг илк шуълалари худди менга: “Бизни кўришга сенинг ҳам ҳақинг бор”, деяётгандай. Ҳар тонгни кутиб олиш ва нурли кунни шомга кузатишга наҳот имконим йўқ. Кўйлагим аччиқ кўзёшларимдан намланди. Чуқур уҳ тортишлар ва саноғи йўқ саволлар….
Мени бу шафқатсиз қамоқда, қўмсаш, ёлғизлик, эрксизлик ва нафрат қийнади, чунки икки ойдан бери ҳеч ким мени кўргани келмади. Қайсидир сабабларга кўра, менга учрашув тақиқланган экан. Сабабини билишга эса ҳақим йўқ. Жиноятчи маҳбусларнинг қарашлари мени жуда қўрқитарди. Лекин вақт ўтган сари уларга ўрганиб қолдим ва аҳамият бермай қўйдим. Нариги томондаги маҳбуслар баланд овозда кулишар, уларга қараб ўзимча бир нималарни ғўлдирардим. Бу вақт ўтказишдан бошқа нарса эмасди. Бу ерда кулиш қанчалар аҳмоқона!
Ўша кунни ҳеч ёдимдан чиқармайман. Тўсатдан орқамдан кимдир: “Сен Саадсан, шундайми?” деди. Ҳайрон қолдим. Мен бу ерда ҳеч кимни танимайман-ку. Лекин у ўйлашга изн ҳам бермай сўзида давом этди: “Ҳайрон бўлма, иккинчи камерадаги дўстинг Рошид менга тарихингни сўзлаб берди”. Ғазабим қўзиди, лекин ўзимни босиб камера томон кетдим. У ерда битта одамдан бошқа ҳеч ким йўқ. У ҳам бўлса, нарироқда намоз ўқиш учун жойнамоз тўшаётган экан, у менга қараб табассум қилганди, бутун вужудимни мамнунлик чулғади. Унинг олдига ўтиришим билан ўртамизда дўстона суҳбат бошланди.
Иккимиз ҳам йўқотган нарсамизни топгандек бўлдик. У шундай шахс эдики, бу инсон билан гаплашиб бутун ғам-ғусса, ташвишларни бироз бўлса-да унутардим. Мен унга қамоққа тушишим сабабини айтиб берганимдан сўнг, у ҳам ўз тарихини сўзлай кетди: “Менинг жиноятим сеникидан оғирроқ. Мен шаҳвонийликка, айшу ишратга берилиб, оиламга бепарво бўлдим. Бунинг ҳаммаси ўғлимнинг қинғир йўлдан кетишига ва уни йўқотишимга сабаб бўлди. Рафиқамда курашишга ҳеч қандай куч-қувват йўқ эди. У мендан кўрган барча жабру ситамларга сабр қилар ва ўғлининг гуллаган ёшлигида сўлиб боришини маҳзун ҳолда кузатарди. Мен эса боши берк кўчага кириб қолгандим, бутун дунё мен учун гўё фақат тонггача давом этадиган айшу ишрат ва зиёфатга айланган эди. Шундай, ўғлим Саад. Бу қамоқ менга ҳаётнинг маъноси нимадан иборатлигини ўргатди, озодлик, эркинлик қадрини, борлиқ қадрини, вақт қимматини ўргатди”.
Кунлар аста-секин, шошилмасдан ўтар, сўнгра ундан-да зерикарли кечалар келарди, ҳар бир кун совуқ такрорий ҳодисалар билан чўзиларди. Буларнинг бари қалбимга қўрқув солиб, зулмат мени бутунлай кемирар эди. Ғам-андуҳ ва ҳасрат шарпасига айландим, бу ҳислар мени ҳеч тинч қўймас, фақат ҳали ҳаёт чангалида эканлигим озгина бўлса ҳам куч берар эди.
Бу тонг ўзгача бўлди. Мен хурсанд эдим. Ҳатто Абу Йосир – қамоқдаги дўстим ва бошқа камерадаги ўртоқларим тинмай кулишимдан, ҳазиллашишимдан ҳайрон бўлдилар. Сабаби қамоқхона хизматчиларидан бири менга учрашув учун рухсат берилганини хабар қилганди. Мен оилам билан учрашаман, уларни жуда соғиндим. Абу Йосир: “Саад, юзингга қон югурди, кўзларингда севинч ва бахт нурлари порламоқда! Уйингдагилар қачон сени кўргани келишади?” деб сўради. “Индинга, душанба куни” дедим. “Икки кун ҳеч нарса эмас, бир зумда ўтиб кетади. Яқин инсонларингни кўриб хурсанд бўласан”, деди у.
Якшанба тезроқ келиши учун ушбу кеча кўпроқ ухлашга ҳаракат қилдим. Қанийди душанбагача ухласам! Лекин эрта тонгдан қандайдир ғашликни сездим. Ўйлаганим ҳақ бўлиб чиқди, бир нечта маҳбус мени ўртага олиб “Рошидга нима бўлган? Саад, сен ўзингни нега ундан олиб қочасан?” деб сўроққа тутишди. Мен унинг қабиҳлигини, шу ерга келишимга у сабабчилигини айтдим. Шундан кейин улар мени шафқатсизларча дўппослашди. Кўзимни очиб шифохонада эканимни англадим. Ҳали ўзимга келмасимдан шифокордан сўрадим: “Оилам мени кўришга келмоқчи эди-ку?!”
У менга қараб табассум билан деди: “Дуруст, лекин сен ҳозир фақат дам олишинг керак!” Ундан ташвишланиб сўрадим: “Бугун қандай кун?” У вазминлик билан: “Тинчлан, бугун сешанба”, деди.
Бор овозим билан бақириб юбордим: “Нима? Мен душанбани кутган эдим. Ота-онамни, синглимни ва укаларимни жуда соғиндим. Илтимос, мен уларни кўришим керак”. Лекин у тепамга осилган дори шишасидан қўлимга осма укол қилди. Йиғлаб юбордим. Алаҳсирай бошладим. У мендан ухлашимни талаб қилди, чунки танам ва кўнглимдаги оғриқни эсдан чиқаришим зарур эди.
Қанчалик азоб чекаётганлигимни фақат ўзим билардим. Юрак қафасидаги оғриқ кучли, унинг устига бор вужудимни ғам-алам эгаллаган. Шунинг учун шифохонада ўн кундан ортиқ қолиб кетдим. У ердан чиққанимдан сўнг бир ҳафта ўтса ҳамки, уйдагилардан ҳеч қандай дарак йўқ эди.
Аҳволим янада ёмонлашди. Овқат емай қўйдим. Мутлақо сукут сақлардим. Кечқурун дўстимга ёлғизлигим ва қора хаёлларим ҳақида сўзлаб бердим, аммо у менга ёрдам бера олмади. Шунда қамоқхона хизматчиси эътиборсиз оҳангда мени кўргани келишганини ва унинг олдига тушиб боришим кераклигини айтди. Унга узоқ тикилиб “Менга айтяпсизми?” дедим.
У жаҳли чиқиб: “Беш юз ўн бешинчи сенмисан, ахир, тезроқ қимирла!” деди.
Бу менинг рақамим. Тез ўрнимдан турдим. Бу ерга келганимда менинг исмим ҳам нарсаларим билан бирга омонат сандиққа ташлаб қўйилиб, шу рақамга алмашганди. Қамоқхона ходими қўлимни кишанлаб, машинада олиб кетди. Учрашув биносига етиб келганимизда қамоқхона ходими мени катта залга олиб кириб, ойнали тўсиқ олдига ўтиришимни айтди. Бу қандай лаҳзалар эдики, онамни узоқдан кўрдим, у мен томон юриб эмас, балки учиб келмоқда эди. Ўрнимдан туриб тўсиққа янада яқинлашдим. Унинг ортидан отам, кичкина синглим ва укам келди. Онам мени бағрига босмоқчи бўлар, “болам, болажоним” деб зор-зор йиғларди. Сўнг тиз чўкди. Мен тўсиқ ортида бутунлай ожиз эдим. Қани энди бошимни онамнинг меҳрибон кўксига боссам? Бу ғамгин кўзлар орқасида отамни кўрдим, у ўзини тутишга ҳаракат қиларди. Гапирмоқчи бўлардиму бўғзимга нимадир тиқилганди. “Онам, онажоним, меҳрибоним менинг… Мен нотавон болангиз учун азиз кўзёшларингизни тўкманг. Улар мени баттар азобга солади”, деёлмасдим.
Онам ўрнидан туриб, кўз ёшларини артиб: “Эй, менинг азиз ўғлим Саад, жоним фидо бўлсин сенга!” деди.
Лаънати тўсиқ дарчасидан онамнинг қўлларини ушлайман. Шу пайт ойна олдига кичкина синглим яқинлашди. Унга табассум билан кулиб қарадим-да, укамга ҳам яқинлашишга ишора қилдим.
Синглим тутилиб-тутилиб “Саад акажон, бу ерда нима қиляпсиз? Сизни жуда соғиндим”, дерди.
Кўзимга ёш олиб: “Биз яна олдингидек бирга бўламиз. Сенга хоҳлаган ўйинчоғингни олиб бераман”, дедим.
Учрашув вақти тугагунча оилам билан гаплашдим. Вақт жуда тез ўтиб кетди. Қамоқхона ходимларидан бири келиб мени камерага олиб кетишга шайланди. Ундан яна бироз вақт беришини илтимос қилдим. У рад этди-да, қаршилик кўрсатишимга қарамай, мени торта бошлади. Онам ва синглим йиғлар, отам эса: “Саад, қўрқма, ўғлим, ҳукмни ўзгартирамиз!” дерди.
Қўриқчилар қуршовида қамоққа олиб борадиган жойга ўтдим. Даҳлизда ота-онам, укам ва синглимни узоқдан кўрдим. Тўсатдан кичкина синглим мен томон югуриб кела бошлади, қатор турган аскарлар ёнидан ўтиб: “Саад акажон, қаерга кетяпсиз? Сизни қаерга олиб кетишяпти? Биз ҳаммамиз сизни кутяпмиз!” деб бақира бошлади.
У бу сўзларни ҳўнграб йиғи аралаш гапирарди. Аскарлар олдида уни бағримга босиб маҳкам қучоқладим. Уларнинг баъзилари ушбу манзарадан ўзини тутолмай, кўзлари ёшланди.
Полициячи оилам билан хайрлашишга монелик қилмади. Ҳаммаларини бир-бир қучоқлаб, бағримга босдим. Ота-онамнинг пойқадамларини йиғлаб ўпдим.
Бу аччиқ ва аламли, лекин қайноқ меҳрга тўла лаҳзалар эди. Қамоқдаги энг бахтли куним!
Энди зулмат шарпаси ортиқ мени чўчитмасди. Мен жуда оддий нарсани – ота-онам, укаларим, яқинларим дийдорини хоҳлардим, холос, ундан зиёдини эмас.
Мен шу онда янги орзулар оғушида сузиб, ўзимга берилган ҳаётни фақат ва фақат яхшилик қилиш учун сарфлашга аҳду паймон қилдим.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/29/%d2%b3%d0%b8%d1%81%d1%81%d0%b0-%d0%b0%d0%bb-%d2%9b%d0%b0%d2%b3%d1%82%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d0%b9-1968-%d0%b9%d0%b8%d0%bb%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd-%d0%b0%d2%b3%d0%b4/