Ular ham shu oyda tug‘ilganlar…

1 МАРТ

1929–2005 йиллар. ОЗОД ШАРАФИДДИНОВ, атоқли адабиётшунос, танқидчи, таржимон, публицист, “Меҳнат шуҳрати” (1997), “Буюк хизматлари учун” (1999) орденлари соҳиби, Ўзбекистон Қаҳрамони (2002), “Жаҳон адабиёти” журналининг биринчи бош муҳаррири. “Замон. Қалб. Поэзия”, “Биринчи мўъжиза”, “Талант – халқ мулки”, “Адабиёт – ҳаёт дарслиги”, “Гўзаллик излаб”, “Маънавий камолот йўлларида”, “Чўлпонни англаш”, “Сардафтар сарлавҳалари”, “Ижодни англаш бахти” сингари қатор китоблари ўзбек адабий танқидчилиги ривожида муҳим ўрин тутади. Таржимон сифатида Лев Толстойнинг “Иқрорнома”, Пауло Коэльонинг “Алкимёгар”, Эфраим Севеланинг “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан” ва бошқа асарларни ўзбек тилига ўгирган.

4 МАРТ

1678–1741 йиллар. АНТОНИО ВИВАЛЬДИ, буюк итальян композитори, виртуоз скрипкачи. Асосан скрипка учун мўлжалланган концертлари билан шуҳрат қозонган. Айниқса, шу йўналишга мансуб тўрт қисмли “Йил фасллари” туркум асари машҳур. Вивальди лютня, шалмей, кларнет, валторна, фагот, виолончел, гобой, флейта каби мусиқий асбоблар учун махсус куй басталаган. Композитор ижоди давомида 40 га яқин опера, 500 дан зиёд концерт асарлари яратган.

6 МАРТ

 1475–1564 йиллар. МИКЕЛАНЖЕЛО БУОНАРРОТИ, улуғ итальян ҳайкалтароши, рассом, шоир, Уйғониш даврининг йирик намояндаси. “Кентаврлар жанги”, “Бола кўтарган Мадонна”, “Мадонна Брюгге”, “Даҳшатли суд”, “Довуд”, “Одамнинг яралиши”, “Уйқудаги Амур”, “Авлиё Матфей”, “Чормихга тортиш”, “Авлиё Антонионинг изтироби” ва бошқа асарлари жаҳон ҳайкалтарошлигининг мумтоз намуналари ҳисобланади.

1806–1861 йиллар. ЭЛИЗАБЕТ БРАУНИНГ, таниқли инглиз шоираси, таржимон. “Марафон жанги”, “Конгресс олдидан қўшиқ” поэмалари, “Идрок ҳақида тажриба ва бошқа шеърлар”, “Португалча сонетлар” номли шеърий тўпламлари инглиз адабиётида жиддий ҳодиса саналади. Таржимон сифатида Эсхилнинг “Занжирбанд Прометей” фожиасини инглиз тилига ўгирган.

7 МАРТ

1908–1973 йиллар. Анна МАНЯНИ, таниқли итальян актрисаси, “Оскар” мукофоти соҳибаси (1956), “Олтин глобус” (1956) ва Берлин кинофестиваллари ғолиби (1958). Италия неореализм киносининг илк намунаси – “Рим – очиқ шаҳар” (Р.Росселлини) фильмидаги Пина образи актрисани кенг жамоатчиликка танитган. Шунингдек, “Йўлдаги орзулар”, “Севги”, “Энг гўзал”, “Рома она” сингари Голливуд фильмларида ҳам суратга тушган.

8 МАРТ

1864–1919 йиллар. Апте Хари НАРАЯН, атоқли ҳинд адиби. Маратхи тилида ижод қилган. 1890–1918 йилларда “Караманук” (“Эрмак”) газетасини нашрдан чиқарган. “Ҳозирги замон тарихлари”, “Майсур йўлбарси”, “Чандрагупта”, “Саҳар”, “Мен”, “Яшвантрао Кхаре” каби жами 21 та роман муаллифи бўлиб, шулардан 11 таси ҳинд халқи тарихига бағишланган.

9 МАРТ

1814–1861 йиллар. Тарас ШЕВЧЕНКО, улуғ украин шоири, адиб, рассом, этнограф. Шоирнинг “Қўбизчи” шеърий тўплами украин миллий адабиётининг мумтоз намуналаридан ҳисобланади. Шевченко аксарият насрий асарлари (қисса, кундалик, мактублар) ва бир қанча шеърларини рус тилида яратган, шу боис унинг ижоди нафақат украин, балки рус адабиётига ҳам дахлдор. “Кавказ”, “Васиятнома” поэмалари, “Сафардан қайтмади”, “Хаёл”, “Қишлоқ”, “Ўроқчи аёл” ва бошқа шеърлари довруқ қозонган.

12 МАРТ

1946 йил. Лайза МИНЕЛЛИ, америкалик таниқли актриса, хонанда, “Оскар” мукофоти соҳибаси (1972). “Чарли Бабблз”, “Бепушт какку”, “Кабаре”, “Нью-Йорк, Нью-Йорк”, “Овозсиз кино”, “Оҳиста тараққиёт”, “Гўзалнинг ўлимига қадар” сингари кўплаб фильмларда турфа қаҳрамонларни гавдалантирган.

15 МАРТ

1924–1983 йиллар. Эътибор ЖАЛИЛОВА, ўзбек мусиқали театр актрисаси, хонанда, Ўзбекистон халқ артисти (1964). Зуҳра (“Тоҳир ва Зуҳра”), Шоҳиста (“Олтин кўл”), Ширин (“Фарҳод ва Ширин”), Лауренсия (“Қўзибулоқ қишлоғи”), Офтобхон (“Офтобхон”), Нурхон (“Нурхон”) образларини яратган.

16 МАРТ

1839–1907 йиллар. Арман СЮЛЛИ-ПРЮДОМ, машҳур француз шоири, эссенавис, адабиёт бўйича Нобель мукофотининг илк лауреати (1901). Замондош ижодкорлар билан бирга 1902 йили Француз шоирлари жамиятини тузади. “Вақт”, “Синган гулдон”, “Адолат” поэмалари, “Синовлар”, “Хилватгоҳлар”, “Станслар ва поэмалар” каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

 21 МАРТ

1839–1881 йиллар. Модест МУСОРГСКИЙ, буюк рус композитори, машҳур “Қудратли тўлқин” гуруҳи аъзоси. Композитор ижодида, айниқса, опера жанри алоҳида ўрин тутади. Хусусан, “Борис Годунов”, “Хованшчина”, “Сорочинск ярмаркаси” опералари, “Офтобсиз”, “Ажал қўшиқ ва рақслари”, “Болалик” вокал туркумлари, “Кўргазмадаги расмлар” фортепиано асари жаҳон мусиқа хазинасидан мустаҳкам ўрин эгаллаган.

24 МАРТ

1940–2005 йиллар. Шукур ХОЛМИРЗАЕВ, атоқли ўзбек адиби, замонавий ҳикоячиликнинг етук вакили, Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991), “Меҳнат шуҳрати” (1999) ордени соҳиби. Талабалик йиллари ёзган “Тўлқинлар” (1963) қиссаси билан эътироф топган. “Оқ отли”, “Ўн саккизга кирмаган ким бор?” қиссалари, “Олис юлдузлар остида”, “Ҳаёт абадий”, “Оғир тош кўчса…”, “Бодом қишда гуллади” ҳикоялар тўпламлари, “Сўнгги бекат”, “Қил кўприк”, “Йўловчи”, “Олабўжи”, “Динозавр” (1-китоб) романлари, “Қора камар”, “Зиёфат” драмалари билан ўзбек адабиёти ривожига ҳисса қўшган.

30 МАРТ

1746–1828 йиллар. Франсиско ГОЙЯ, буюк испан рассоми, наққош, романтизм даври тасвирий санъатининг ёрқин намояндаларидан бири. “Соябон”, “Идиш сотувчи”, “Мадрид бозори”, “Ярадор ғишт терувчи”, “Қирол IV оиласи”, “Сеньора Бермудес”, “Фердинанд Гиймарде” каби асарлари испан ранг-тасвирининг мумтоз намуналарига айланган. Шунингдек, мусаввир Испаниянинг озод бўлишига бағишланган картиналари билан ҳам машҳур.

1844–1896 йиллар. Поль ВЕРЛЕН, француз шоири, адабиётда импрессионизм ва символизм оқимининг асосчиларидан бири. “Сатурн поэмалари”, “Нафис байрамлар”, “Сўзсиз романслар”, “Донолик” шеърий тўпламлари билан машҳур бўлган. “Кузги қўшиқ”, “Итоат”, “Қасамёд”, “Тунги пейзаж”, “Шўрлик подачи бола”, “Ҳаргиз ҳеч қачон”, “Менинг туғишган тушим” ва бошқа шеърлар муаллифи.

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ
тайёрлади.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/03/28/ular-ham-shu-oyda-tugilganlar-3/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x