Томас МАНН (1875–1955) ЛОТТАНИНГ ВАЙМАРДАГИ ҲАЁТИ

Томас МАНН

(1875–1955)

 

ЛОТТАНИНГ

ВАЙМАРДАГИ ҲАЁТИ[1]

 

Роман

 

Олмон тилидан

Янглиш Эгамова

таржимаси

 

АСАР ВА УНИНГ ТАРЖИМОНИ ҲАҚИДА:

“Армонли муҳаббат қиссаси ёки мангуликка йўл”

 

XX аср романчилигининг асосчиларидан бири, немис реалистик адабиётининг таниқли вакили Томас Манн қаламига мансуб “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” романи ҳақида фикр юритишдан олдин муаллиф таржимаи ҳоли ҳақида мухтасар тўхталишни жоиз билдик.

Т.Манн 1875 йилнинг 6 июнида Германиянинг Любек шаҳрида бой-бадавлат оилада дунёга келган. У 1933 йилгача, яъни Гитлер ҳокимият тепасига келгунча Мюнхенда яшаган. Шундан сўнг у ва оиласининг умри муҳожирликда ўтган, аввал Швейцарияда, 1938 йилдан бошлаб АҚШда бошпана топган. 1952 йил июнида Т.Манн оиласи Швейцарияга қайтиб келган. У вайрон бўлган ўз мамлакатига қайтишни истамаганига қарамасдан, 1949 йилда Гёте таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан Германия­да бўлган. Томас Манн 1955 йилнинг 12 августида Цюрих шаҳрида оғир касалликдан вафот этган.

Т.Маннинг 1901 йилда “Будденброклар” номли икки жилдлик романи босилиб чиққан ва 1929 йили шу роман учун адиб Нобель мукофотига сазовор бўлган эди.

Т.Маннинг йирик асарлари, хусусан, “Юсуф ва унинг акалари” тетралогияси, “Сирли тоғ”, “Доктор Фаустус”, “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” романлари уни дунёга машҳур қилган. Бундан ташқари, у бир қанча новеллалар, “Гёте ва Толстой”, “Гётенинг “Вертери” сингари адабий-танқидий мақолалар, шунингдек, Ф.Нитше, Ф.Достоевский, А.Чехов ҳақида мақолалар ёзган.

Қадрли ўқувчи! Сиз Шарқнинг севимли Лайли ва Мажнун қиссаси каби Ғарбда машҳур “Ёш Вертернинг изтироблари” асарини (Йоҳанн Вольфганг Гёте қаламига мансуб) ўқиб чиққан бўлсангиз керак. Томас Маннинг “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” романи ўша асар қаҳрамонлари Шарлотта Буфф ва Вертернинг ҳаётдаги прототипи Гётенинг Ваймар шаҳридаги учрашувларига бағишланган бўлиб, унда “Вертер” романидаги воқеалар, жой тасвирлари, қаҳрамонлар портрети, хатти-ҳаракатлари, гаплари, фикр-ўйлари бот-бот тилга олинади.

Сиз Вертер ҳақидаги романда 19 ёшли Лотта ва 22 ёшли Гёте муҳаббатларига гувоҳ бўлгансиз. Томас Маннинг романида эса, 64 ёшли Шарлотта ва 67 ёшли Гётенинг қирқ тўрт йилдан кейинги учрашувларининг бадиий тафсилотлари билан танишасиз.

“Ёш Вертернинг изтироблари” ва “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” романлари турли замонларда яшаган икки муаллиф яратган ҳар хил услубдаги, бир-биридан кескин фарқ қилувчи бадиий асарлардир. Уларнинг биринчисида – ёшлик алангалари, эҳтирос туғёнлари, тизгинсиз талпинишлару ва ниҳоят, тўппончанинг битта ўқи билан тинчиган йигит тақдири ўз ифодасини топган.

Иккинчи асар эса, ярим асрдан сўнг хотиралар ўчоғи кулини титиб, кекса ошиқ-маъшуқларнинг ўчган ишқ чўғларини яна алангалатиш учун интилишга менгзайди. Яъни, унда балки, бунақа ҳам бўлиши мумкин эди-ку, деган кексалик хуморлари акс эттирилган.

“Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” асарининг сюжети шу даражада соддаки, тўрт-бештагина воқеадан роман бунёд этган санъаткорга тан бермасликнинг иложи йўқ.

Томас Маннинг ушбу  романидаги услуб ғоят ранг-барангдир. Айниқса, у мазкур муфассал насрни битишда ҳақиқий драматургдек таассурот қолдиради. Ҳаттоки бу романни тўққиз саҳна кўринишидан иборат пьеса, деб айтиш мумкин. Ёзувчи қаҳрамонларнинг мураккаб ички ва ташқи дунёсини асосан уларнинг диалог ва монологларида очиб беради.

Гёте хаёлотлари монологи (VII боб) бу услубнинг ҳадди аълосидир. Чунончи, муаллиф Магер образида бутун вужуди, юраги, хатти-ҳаракати, товуши, нутқида мислсиз ҳайратланган инсон сиймосини яратган. Гўё роман Магер ҳайрати билан бошланиб, Магер ҳайрати билан ниҳоясига етади. Магер Лоттага дуч келганида айтган гаплари, яъни “луқма”ларидан айримларини келтирамиз:

– Билсангиз эди, хоним, “Ёш Вертернинг изтироблари” романи менинг қалбим учун нималарни ифодалашини?!

– …Бугунгидек бир умрга татигулик учрашув насиб қилмаган.

– Ўша мудом суюкли кимсанинг прототипи бўлган энг табаррук аёл ҳаёт эканлиги, бирор кун келиб бу илоҳий хилқат билан юзма-юз тураман, деган фикр етти ухлаб тушимга кирмаган эди. Ҳатто буни орзу қилишга ҳам журъатим етмаган бўларди.

Магер ҳайрат чўққисида туриб:

– Ҳозир мен Вертернинг Лоттаси олдида турибман-а?,деб, саволига тасдиқ кутганида, Лотта устомонлик билан жўрттага унинг фикрини рад этишга уринади. Шунда ҳайрат тимсолининг китобхон юрагига урадиган сўзлари янграйди:

– Охирги саҳифасигача Вертернинг Лоттаси эмас экансиз, унда Сиз охирги соч толангизгача Гётенинг Лоттасисиз!

Гёте улуғлиги ва Лотта сиймоси шуҳрати қаршисида Магер ҳайратлари Томас Манн томонидан муболаға қилинган, дея олмайман. Чунки “Ёш Вертернинг изтироблари” романи босилиб чиққандан кейин асарни ўқиган бир инглиз сайёҳи Ваймарга келганида кўчада тирик Гётени кўриб ҳушидан кетгани айни ҳаётий ҳақиқат.

Олтмиш тўрт ёшли бева аёлнинг “балки шундай бўлиши мумкин эди-ку” деган хаёл қанотида Геслер шаҳридан Ваймарга келиши, адабиётшунослик тилида айтганда, асарнинг тугунидир. Ушбу романни ўқий бошлаган китобхон тўққизинчи бобгача Гёте монологи ва унинг меҳмонга таклиф қилгани воқеаларига келгунга қадар интиқлик билан жонини ҳовучлаб, асарни: “Энди нима бўларкин? Собиқ ошиқ-маъшуқларнинг кексаликдаги учрашувлари қандай кечаркин? Гёте Лоттани қандай қарши оларкин? Лотта не кўйларга тушар экан-а? Даҳо Гёте-чи? Кейин нима бўларкин? Чунки Гётенинг хотини Кристиана Вулпиус ва Лоттанинг эри Ҳанс Христиан вафот этиб кетишган-ку? Икковларининг ҳам “боши очиқ-ку?”, деган ўй-хаёллар ичида ўқийди.

Томас Манн бадиий услубининг яна бир қирраси шунда кўринадики, одатда унинг бошқа асарларида ҳар хил, яхши ва ёмон типлар муттасил тўқнашади. Ушбу зиддиятли тўқнашувлар силсиласи асар жозибадорлигига, ўқувчининг зерикиб қолмаслигига асос бўлади. Бу ҳодиса адабиётшуносликда “конфликт” истилоҳи билан юритилади. “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” романида эса қаҳрамонлар ўртасидаги зиддият, кураш, тўқнашув яққол кўзга ташланмайди. Бундаги конфликтлар асосан персонажларнинг дунёқарашлари, феъл-атворлари, хатти-ҳаракатларидагина кузатилади.

Масалан, Лоттанинг Ваймарга ташрифидаги ҳамроҳи – қизи Лотхен (онасининг ҳам, қизининг ҳам исми – Шарлотта; Лотта, Лотхен шу исмнинг қисқаргани, эркалатиб айтилганидир). Лотхен ёши ўттизни қоралаган қиз. Онасининг ҳар бир хатти-ҳаракати, кишилар билан муносабати, ҳатто кийим танлашигача Лотхеннинг эътирозли қараши билан талқин этилади. Ўзидаги фазилатларнинг қизида йўқлигидан она норози. Шарлотта ўзини эҳтиросли, меҳрибон, бағрикенг ҳисоблайди-ю, қизини совуққон ва меҳрсизликда айб­лашга мойил. Ҳатто она бўлатуриб қизининг сўққабошлиги, оила қурмагани сабабини унинг шу иллатларидан бири деб билади.

Қизига эса, онасининг – 64 яшар, боши қалтираб турадиган аёлнинг имконият бор жойда ўзини кўз-кўз қилишга уриниши эриш туюлади. Шунинг учун у онасининг ушбу сафаридан ҳам норози ва бу ҳақдаги фикрини очиқ айтади. Шунда она ноилож, қизининг фикрига ичида тан берса ҳам, ўз сўнгги маънавий тамаъгирлигидан асл мақсадини ошкор этишга мажбур бўлади: – Қизим, – дейди у, – жаҳон мулкига айланган чекдан фойдаланишга ҳаққим бор-ку…

Кампиршо “Вертер” туфайли нечоғлик буюкликка етишганидан доктор Ример олдида очиқчасига фахрланади: “Китоб (“Ёш Вертернинг изтироблари”) келди ва мен барҳаёт маҳбубага айландим. Битта эмас, Худо сақласин, улар бутун бир рўйхат, аммо энг машҳури, одамлар ҳаммадан кўп қизиқадигани мен эдим. Мана энди адабиёт тарихига, илмий изланишлар манбаига, зиёратгоҳга, Мадонна ҳайкалига айланаяпман, башарият ҳарамида унинг пойидан мудом халқ қадами узилмайди”.

Ҳатто севишган, эрта-индин тўйлари кутилаётган Август фон Гёте – Гётенинг ўғли ва Оттилия Погвиш образлари талқинида ҳам муаллиф персонажларнинг ғоявий қарашларидаги кескин тафовутларга алоҳида аҳамият беради. Август пацифист[2] – ватан хизмати, ҳарбий ишларга эътиборсиз, Оттилия эса, илғор ватанпарвар, ватан мудофааси жонбози. Ҳаракатчан, ватанпарвар ёшларга Август кулги бўлади, Оттилия, аксинча, илғор жанговар немис ёшлари тарафдори, керак бўлса, қўлига қурол олишга ҳам шай.

Бундай ўзига хос конфликтнинг яна бир оҳорли намунаси бор. Бу – бир кишининг ўзидаги икки хиллик, очиқрок айтсак, адабий тип иккиюзламачилигидир. Жаҳон адабиётида доктор Ример образи каби иккиюзламачининг ёрқин намунаси ҳам топилади. Яна шуниси ҳам борки, персонаж иккиюзламачилиги тутуриқсизлик даражасига етади-ю, муаллиф бунга фақат Римернинг Шарлотта билан диалоглари орқалигина эришади. Ример образи ўз нутқи орқали индивидуаллаштирилади.

Доктор Ример – коллеж ўкитувчиси, олим. У Гёте хизматида тўққиз йил котиблик қилган, айни пайтда ҳам шу хизматдан бўшамаган. “Мен шундай хилқат билан юзма-юз турибманки, – дейди Ример, – унинг ҳузурига жамиятнинг барча бўғинлари – болаларча содда оммадан тортиб зиёли инсонларгача юраклари ҳис-ҳаяжондан тўлиб-тошиб, чексиз ҳурмат-эҳтиром билан интиладилар. Бу аёлнинг номи даҳо тарихининг бошида, деярли бошида турипти. Бу ном муҳаббат илоҳаси томонидан даҳо номига, шунингдек, ватан маънавиятининг шаклланиш тарихи ва немис ғоявий дунёсининг империясига абадий қўшиб қўйилган”.

Бу сўзларни айтаётган киши ҳақиқиий олим эканига ўқувчи шубҳаланмайди. Шарлотта ва Фридрих Ример Йоҳанн Вольфганг Гёте шахси, ижодий улуғлиги хусусида фикр юритади. Ҳар гал улар Гёте сиймоси ва адабий даҳоси мислсизлигини сўзда таъкид ва иқрор этадилар-у, Ример гап орасида жуда усталик билан Гёте шахси ва ижодидан талай нуқсон ва адабий заифликлар кузатганини очиб солади. Шу тариқа шахсий қарашлар ўртасидаги ўтиб бўлмас чоҳлар кўрсатилади ва доктор Ример иккиюзламачи шахс сифатида яққол намоён бўлади.

Ажойиби шундаки, бу усулнинг ўзи муаллифга даҳо Гёте шахсининг бутун мураккабликлари билан очиб беришда қўшимча катта имкониятлар ҳам яратади.

Томас Манн Шарлотта ва Лотхен, Гёте ва ўғли Август муносабатлари талқинида оилавий ички зиддиятларнинг ранг-баранг кўринишларини намоён қилади. Тўғри, биз Гёте ва Август муносабатларида Шарлотта ва Лотхен муносабатларининг тескарисини кузатгандай бўламиз. Аслида эса, бундай эмас. Отасининг сояси бўлишга рози Августда ҳам, ўғлим деб суянадиган Гётеда ҳам сезилар-сезилмас ўзаро норозилик бор. Ахир Гётенинг ички монологида айтилган: “Менинг ўғлим – енгилтак зарурият ҳосиласи, беадабона тўшакдаги беадабона алоқалар меваси, у мақсаддан ташқари нарса”, деган фикр бежиз эмасдир.

Асардаги бош ва иккинчи даражали каҳрамонлар Шарлотта, Гёте, Август, доктор Ример, Роза Гэзль, Магер, Жон, Адель Шопенҳауэр, Оттилия образлари, портрет чизгилари шу даражада ҳар бирининг ўзига хос қилиб индивидуаллаштирилганки, ҳар қандай талабчан адабиётшуноснинг ҳам бунга тан бермай иложи йўқ.

Гёте “Ёш Вертернинг изтироблари” романида Лотта образида янгича кашфиётчилик – новаторлик юз кўрсатган. У жаҳон адабиётида биринчилардан бўлиб ўз қалбини жиловлай оладиган маъшуқа тимсолини яратди. Аслида Шарқ адабиётида аёлларнинг муҳаббатда фаоллиги устун эди. Юсуф ва Зулайҳо сюжетида юзлаб достон ва қиссалар яратилган ва уларда аёллар ишқининг зўрлиги тантанаси кузатилган.

Томас Маннинг тетралогияси[3] – “Юсуф ва унинг акалари” романида ҳам Зулайҳо муҳаббатда энг фаол аёл тимсолидир. Маъшуқалар ҳамиша ўз ошиқлари учун жонларидан кечишган. Лайли ҳам, Ширин ҳам, Зуҳро ҳам.

Лотта эса Вертерни севса-да, қисматим деб тан олган Албертдан (ҳаётдаги прототипи Ҳанс Христиан Кестнер) воз кечмайди. Ошиғи Вертер ўлиб кетади, Лотта “Алберт”ига ўн битта бола туғиб беради.

Томас Манн Оттилия образида худди Лотта қисматини ўзига хос равишда такрорлайди. У жароҳатланган жангчига жон фидо қилишга шай хатти-ҳаракатлар килса-да, Гётенинг ўғли бўлмиш бадавлат Августга кисматим деб қарайди. Ўз қисмати йўлида муҳаббатини, юрагини жиловлай оладиган иккинчи тимсол ана шу Оттилия Погвишдир. Энди маъшуқалар – Лотта ва Оттилия Погвиш ошиқларига фидо бўлмайдилар, бойлик, табақа ҳисоб-китоби билан турмуш қурадилар.

“Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти”  романида Гётенинг индивидуаллаштирилган образи бутун мураккабликлари билан тўла-тўкис намоён этилган. У адабий даҳо, Ҳерцогга содиқ монархистик қарашдаги зодагон, ҳатто Ҳерцог ҳарбий ҳаракатлар ўчоғида жонсарак бўлаётганида ҳам у Наполеон суҳбатига ноил бўлганидан фахрланиб, унинг “Фахрий легион” орденини ҳузур қилиб тақиб, ўзини дунёвий, халқаро кескин муносабатларга бетараф, тинчлик тарафдори бўлган арбоб сифатида тутади.

Гётенинг ички монологида нима учун унинг сиёсий ишларга аралашмаслиги сабаблари очиб берилган: “Афсуски, мен фожиали тўқнашувлар учун эмас, муроса учун яратилганман. Ахир менинг бутун фаолиятим муроса, зиддиятларни бартараф қилишдан иборат тасдиқлаш, тан олиш, барча инсонларнинг онгига яхши ғояларни сингдириш, бағрикенглик, фикрлар уйғунлигига интилиш эмасми? Ҳамма кучлар бирлашгандагина дунё барқарор бўлади”. Чунки, унингча, агар немислар ҳам, кўп жиҳатдан шоирнинг ўзи бурчли бўлган француз маданияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйсалар, руҳий-маънавий оламда кўтарилиш ва тиниқлашув юзага келган бўларди.

Шу ўринда Гётенинг доҳиёна узоқни кўрабилганини алоҳида таъкидлаш лозим. У ўз замонидаёқ жаҳон ҳозир ва яна узоқ йиллар лаънатлайдиган зўравон фашизм шарпасини ўз миллатида кўра олган эди. Томас Манн ва Гёте бир нуқтада фикрдош: улар ваҳший фашизмга ёв, аммо ўз халқларининг дунё халқлари ўртасидаги буюклигини маърифатда, маънавиятда кўрадилар.

Томас Манн Гёте образини шунчалик кўп қиррали қилиб тасвирлайдики, масалага кўпинча бирёқлама қарашга мойил бўлган биз – ўқувчилар тез-тез буюк даҳога қойил қоламиз, гоҳ унинг хатти-ҳаракатлари, қилиқларидан энсамиз қотади, ҳатто тамоман ахлоқий антиподимизга дуч келганимиз бизни қийнаб ҳам юбориши мумкин.

Томас Манн Шарлотта шарафига бу улуғ хонадонда берилган расмий зиёфатда зодагон Гётени шунчалик нозик чизгиларда хатти-ҳаракатлар қилдирадики, меҳмонлар унинг сўз муносабатларини бемалол икки хил талқин қила олади:

биринчидан, қуруқ; яъни расмий меҳмоннавозлик, улуғ амалдорнинг бир ҳурматли хоним ва унинг фарзандини ўз хонадонида илиқ қабул қилиш маросими, холос;

иккинчидан, Шарлотта ва унинг қизига нисбатан меҳр ва самимият маъракаси.

Аммо ҳар иккала ҳолатдаги вазиятда ҳам муаллиф бу маъракада бош фигуралар шу икки меҳмонгина эмаслигини Гёте сўзлари ва юриш-туришларида яхши ифодалай олган.

Қолаверса, ўқувчи Гётенинг ушбу меҳмондорчилик арафасида Шарлоттани чарлаш масаласидаги Августга айтган гапини эсга олмай қололмайди: “Гёте: Ҳа, тўғри, уларникига (синглиси Амалияникига, демоқчи. – А.С.) келган, чучуктомоқ кампир. Шон-шуҳратнинг мазасини татиб кўрмоқчи бўлган. Аслида, шон-шуҳрат ва ғийбат афсусланарли бир тарзда бир-бирига чатишиб кетган. Қабулда мулоҳазали, сипо, бардошли усулни қўллаш жоиз… Учрашувни унчалик ҳам узоққа чўзмаслик, уларни тезроқ бошимиздан оширишимиз лозим”.

Бу гаплар таассуротидаги ўқувчи Гётенинг зиёфат олдидаги ушбу гапини ҳазм қилиши қийин ва даҳо самимиятига шубҳа билан қарайди:

“Кадрли хонимлар, – деди у ўнг қўлини Шарлоттага, чап қўлини Лотхенга узатиб, кейин уларнинг қўлларини бирлаштириб, ўз қўллари орасида тутганча сўзида давом этди, – ниҳоят ўз оғзим билан сизларга Ваймарга хуш келибсизлар, дейман. Сиз бу ерда, мана шу лаҳзаларгача вақтни зўрға ўтказган одамни кўриб турибсиз. Бу чинакам ажойиб, ҳаётбахш ҳодиса… Ёшлик ҳам, – деди у энди фақат Лотхенга, қизга томон бурилиб, – қуёшнинг тилларанг нурлари янглиғ қоронғи уйимизга кириб келди… Гўзал, гўзал, гўзал! – деди у, – бу кўзлар йигитлар дунёсига анча-мунча ғалаён солган бўлса керак!”

Лекин синчиклаб қаралса, Томас Манн Гёте сиймосини юз қиррали олмосни намойиш этгандай ҳар томонлама санъаткорона кашф этганига, мислсиз маҳоратига лол қоламиз. Гёте – даҳо шахсининг Ватан тақдиридаги роли ҳақида унинг ўғли Август тилидан шундай эътироф қайд этилади: “Фаҳмладимки, улуғ шоир ҳукмдор ҳам экан. Унинг тақдири, унинг ижоди, ҳаётий режалари шахсий чегарадан чиқиб, миллатнинг шаклланиши, характери ва истиқболини белгилаб беради”.

Томас Манн илгари буржуача қарашлар тарафдори бўлиб, акаси – адиб Ҳайнрих Манн таъсирида нацизмга қарши турувчилар сафига ўтади. Ҳатто олдинги қарашларига мутлақо зид бўлган антифашистча нутқи “Мушоҳадага чақириқ” билан немис халқига мурожаат қилади (1939). Роман эса худди шу йили ёзилган. Қизиғи шундаки, муаллифнинг ана шу янги ғоявий қараши Гёте адабий даҳосини Гёте сиёсий даҳоси билан чамбарчас боғлаш имконини берган. Асарнинг бир неча жойида фашистча майллар немисларда Гёте замонидаёқ жунбушга келганини даҳо Гёте билганлиги ва муҳити мафкурачилари ҳамда улуғларини бу ҳақда огоҳлантиргани маълум.

Чунончи, профессор Пассовнинг антик дунё эрксеварлик руҳини немисларга сингдириш истагини Гёте рад этиб ташлайди: “Гапимни эшитинг! Антик дунё ҳақида нималаргадир ақлим етади. Аммо улардан ўрганмоқчи бўлганингиз эрксеварлик ва ватанпарварлик тушунчасининг ҳар дақиқада карикатурага айланиш хавфи бор! Немислар ўз қобиғига ўралашиб ўтирмасдан бутун дунёни ўз бағрига олмоғи ва кейин унга таъсир ўтказмоғи лозим. Мақсадимиз ўзимизни бошқа миллатлардан четга тортиш эмас, балки бутун дунё билан дўстона алоқа ўрнатиш, ҳатто туғма ҳис-туйғулар, ҳақ-ҳуқуқлар ҳисобига бўлса-да, ўзимизда ижтимоий фазилатларни тарбиялаш бўлмоғи зарур.

Жаноб доктор[4], биламан, ниятларингиз холис. Аммо ниятларнинг тоза ва холис бўлишининг ўзи етарли эмас. Одам ўз интилишларининг натижаларини олдиндан кўрабилиши лозим. Сизнинг ниятларингиз эса, мени даҳшатга солади. Чунки улар бир кун келиб немисларни энг шармандали бебошликларга олиб келадиган ярамас қилмишларнинг ҳозирча олийжаноб содда кўринишларидир. Агар улар Сизнинг қулоғингизга етиб борадиган бўлса, ўзингиз ҳам гўрингизда бир ағдарилиб тушган бўлардингиз!”

Гёте бадиий образи башорати юз берди: фашизм XX асрда Германияда жунбушга келди ва жаҳонга шарманда бўлди.

Томас Манни интеллектуал наср устаси сифатида тавсифлаганда унинг ўзини – мухтасар таъриф билан – инсоншунос, асарини эса инсоншунослик талқини, деб айтиш мумкин. Персонажлар ташқи қиёфасини чизишда Рембрандтга хос мукаммаллик, ички дунё кашфида ҳам теран мумтоз идроклилик барқ уриб туради. Шунинг учун ҳам агар бадиий асардаги муаллиф ҳикматларини таомга солинадиган туз деб қарасак, Томас Манн асарида туз ҳамиша расо бўлади.

Унинг қуйидаги ҳикматлари кимни ўйлатмайди? Айниқса, ўз немис миллатига баҳо беришидаги ҳикматнавислигини айтмайсизми:

  • “Бизнинг улуғлигимиз – маънавиятимизда”.
  • “Немис миллати – бу озодлик, маърифат, ҳар томонлама билимдонлик ва муҳаббат дегани”.

Энди турли мавзулардаги ҳикматлари шодасига назар ташлайлик:

  • “Ҳаёт олдинга силжияпти, ҳатто буюклик олдида ҳам тўхтамаяпти”.
  • “Албатта, одам ўз мақсадига қийинчилик билан етса, унинг қадри ошади”.
  • “Нимани ўйламасанг, ўшанга дуч келасан”.
  • “Бизлар вақт синовига бардош бердик, қандай бўлсак, шундайлигимизча қолдик. Қариган бўлсак, жисмонан, зоҳиран қариганмиз, ҳеч нарса ички дунёмизни ўзгартиришга, йиллар тўфони оша олиб ўта олган телбаларча “мен”имиз устидан ҳукмронлик қилишга қодир эмас”.
  • “Ҳаёт ва ёшлар ҳамиша тепада бўлишди, ҳаёт ҳамиша ёшлигича қолаверди”.
  • “Бировнинг қисматига ҳасад билан қараш – қанчалар тубанлик! Чинакам жирканч, нолойиқ туйғу”.
  • “Вақт кўзга кўринмайдиган бебаҳо бойлик. Агар сен уни қадрласанг ва тиришиб банд этсанг, у жимгина бунёд этаверади, у илоҳий кучларни уйғотади”.
  • “Қаҳрамонлик – сабр-бардошда”.
  • “Қўрслик ва қайcapлик ҳукмрон бўлган жойда вазминлик ва камтарлик анқонинг уруғи”.
  • “Маданият – бу бир-бирини жилмайишиданоқ тушунадиган имтиёзли кишилар жамоаси”.
  • “Кексайганда улуғ бўлганинг яхши, иззат-ҳурмат муҳим нарса”.
  • Ҳақиқатни ёмон кўришлари – бу тўғри эмас. Ҳақиқатнинг жозибасини пайқамаганлари – ачинарли ҳол, қалбаки нарсаларни, ҳар қандай бебошликларни қадрлашлари – даҳшат”.
  • “Асар – реаллашган виждон… эришилган ютуқдан қувониш – мана, у нима!”
  • “Дин ва унинг бутун тимсоллар дунёси маданиятнинг таркибий қисмлари ҳисобланади”.

 

Энди икки оғиз сўз “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” романи таржимони ҳақида. Марҳума Янглиш Эгамова ХХ асрнинг 70-йилларида Йоҳанн Вольфганг Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романи таржимони сифатида китобхонлар ўртасида машҳур бўлди. Бунинг сабаби иккита: биринчиси, асарнинг ёшлар онгу шуурини алғов-далғов қилгани; иккинчиси, асарнинг биринчи марта немис тилидан ўзбек тилига бевосита ўгирилгани эди.

Қизиқ ўхшашликлар: Гёте бу асарини йигирма тўрт ёшида бир ой ичида ёзган. Таржимон эса, орадан 200 йил ўтиб, Самарқанд Давлат университетининг ёш немис тили ўқитувчиси сифатида романни 40 кунда ўзбек тилига таржима қилган.

Томас Манн “Гётенинг Вертери” мақоласида Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романи ҳақида шундай ёзган: “Бу – шоҳ асардир. Унда ҳис-туйғулар ва барвақт етилган истеъдод бир-бирига ғаройиб тарзда қоришиб кетган. Унинг предмети – ёшлик ва даҳо. У ёшлик ва даҳодан дунёга келган”. Шубҳасиз, бу сўзлар муаллифга ҳам, таржимонга ҳам тегишли.

Таржима (1975 йилда) босилиб чиққач, ҳамма ҳайратга тушган. Чунки оддий университет ўқитувчиси қандай юксак истеъдод соҳибаси ва қандай соҳир сўз санъаткори экани яққол кўзга ташланган эди. Шу вақтгача бирорта ҳикоя ёзмаган, бирорта мўъжаз бадиий асарни таржима қилмай туриб, бирданига машҳур романни ўзбекчалаштиришга қўл урган таржимон шундай улкан муваффақият қозонганди.

Бу бежиз эмас. Аслида ҳам, Янглиш Эгамовада ушбу асар таржимаси учун етарли иқтидор ва адабий тайёргарлик захиралари мавжуд эди. Ахир, адабиётни теран тушунадиган инсонлар ўша пайтдаёқ: “Агар Гёте бу китобни ўзбек тилида ёзганида, худди шундай ёзган бўларди”, деб бежиз эътироф этмаган.

Я.Эгамова русча, ўзбекча китобларни кўп ўқир, шу жумладан, Николай Богословскийнинг Иван Тургенев ҳақидаги ”Ажойиб кишилар ҳаёти” туркумидаги китобини, ўзбекчага таржима қилинган И. Тургеневнинг кўп жилдлик асарларини бирма-бир синчиклаб меҳр билан мутолаа қилган. Опа И.Тургенев услубига хос баёндаги равонлик ва ширалиликни теран ўрганган. Тинимсиз мустақил адабий мутолаа ва хушманзара юрти Форишдаги баҳаво муҳит унинг таржималаридаги сўз бойлиги ҳамда ифода ширадорлигининг асоси бўлса, ажаб эмас.

Я.Эгамова олий ўқув юртида немис тилидан дарс бериш билан бирга илмий иш билан ҳам, бадиий таржима амалиёти билан ҳам бирдек шуғулланган. 1974 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Аввал Самарқанд Давлат университетида, кейин Сирдарё Давлат пединститутида (1992 йилдан Гулистон Давлат университети) талабаларга немис тили сир-асрорларини ўргатган. Кейин ҳам йирик-йирик асарлар таржимасига қўл урган. Немис тили ва адабиётининг Ўзбекистондаги фаол тарғиботчиси сифатида, жумладан, Бруно Апицнинг “Қашқирлар чангалида” антифашистик романини немис тилидан таржима қилган. Китоб 1986 йилда босилиб чиққан.

Кейинги ўн беш йил давомида Я.Эгамова таржима қилган асарларнинг сони ва салмоғи янада ортди. У Гётенинг “Ҳамроз диллар” романини (“Шарқ”, 2013, 2016), Фриц Вюртленинг “Бобур – йўлбарс” (“Андижон шаҳзодаси”. “Ўқитувчи’’, 2011, 2013) қиссасини, Й.Эккерманнинг ‘Гёте билан гурунглар” (“Ўзбекистон”, 2016) асарини, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарини (Ваҳоб Раҳмонов билан ҳамкорликда) (“Шарқ”, 2010) таржима қилиб халқимизга тақдим қилган.

Булардан ташқари, у немис ёзувчилари Вольфганг Борхерт, Маргарита Нойманн, Мария Луиза Кашнитс, Вольфганг Ҳилдесҳаймер ҳикояларини, Гёте ҳақидаги замондошларининг хотиралари, Гёте ва Шиллер ёзишмаларидан намуналарни таржима қилиб, газета-журналларда эълон қилган. У таржимашунос олима сифатида немис адабиётидан ўзбек тилига қилинган таржималар, ўзбек тилидан немисчага қилинган таржималар (Ойбек Остонов ижоди маҳсуллари), шунингдек, ўз таржималари, уларнинг дунёга келиш жараёни, таржимонлик тажрибалари ҳақида қатор илмий мақолалар ёзган. Немис тилидан бевосита ўзбек тилига таржима қилувчи таржимонлар билан Гёте институти воситасида яқин алоқада бўлиб, улардан ўз ёрдам ва маслаҳатларини аямаган.

Я.Эгамова ҳаёти давомида нимага эришган бўлса, ўзидаги тиришқоқлик, меҳнатсеварлик, қатъийлик, қийинчиликлардан чўчимаслик, ҳалоллик фазилатлари билан эришган. У ҳамиша “Одамнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ, фақат истак керак” деган қоидага амал қилган. Афсуски, шуҳрат шуълалари ёғилиб турган бу заҳматкаш аёл бошига фалак ўз зулмини ҳам ўтказди. 36 ёшли фозил фарзанди Тўлқинжондан жудо бўлди. Фарзандининг зурёдлари – икки норасида гўдак – Муборак ва Нуриддинни камолга етказиш, келини Камолахонга далда бўлиш масъулияти Янглиш Эгамовадан метин ирода, буюк сабр-бардош талаб қиларди.

Я.Эгамова нажотни яна қаламдан, ижоддан излади ва топа олди. У бир йил ичида Томас Маннинг “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” романини таржима қилди. Томас Манн ёзганидек: “Юрак тўлиб кетса, ҳаммаси тилга кўчади. Одамни руҳан эзадиган ҳолатларни енгиб ўтиш, гуноҳкорлик туйғуларидан халос бўлишнинг яхши усули ижодий истеъдод, поэтик истиғфор ҳисобланади. Ундай пайтда хотиралар жонланади, умуминсонийлик даражасига етиб, бир умр қалбни қувонтирадиган асарларга айланади”.

Мен ушбу романни аввалроқ рус тилида ўқиган эдим. Томас Манн услуби жуда мураккаб. Шундай бўлса-да, ўзбекча таржима силлиқ, ўқишли чиққан. Уни мароқ билан икки марта ўқиб чиқдим. Зотан, бундай мураккаб асарлар қайта-қайта ўқилмаса уларнинг моҳиятига етиш мушкул.

Я.Эгамовани навбатдаги йирик муваффақияти билан қутлаш учун сим қоққанимда, фарзанд доғида ўртанган опамизнинг ёруғ оламни бевақт тарк этганидан хабар топдим. Шу тариқа “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти” романи таржимасини китоб ҳолида кўриш асар таржимонига насиб этмади.

Аминманки, ушбу таржима ҳам “Ёш Вертернинг изтироблари” романи сингари ўзбек ўқувчиларининг севимли китобига айланади. Зеро, бу – моҳир таржимон Янглиш Эгамованинг ўз китобхонларига сўнгги видоси ва мангуликка ассалому алайкумидир.

 

Акмал Саидов,

академик

 

Этсин сени сарафроз

Амударё оҳанги.

Йўлларингга пойандоз,

Қўшиғимиз жаранги.

Сен борки, қўрқув абас!

Бахт жоминг доим тўлсин.

Умринг боқий бўлсин, бас,

Давлатинг боқий бўлсин![5]

 

“Ғарбу шарқ девони”дан

 

 

Биринчи боб

 

Ваймардаги “Фил” меҳмонхонасининг эшикоғаси, анча-мунча билим эгаси Магер, 1816 йил сентябрь ойининг охирларидаги илиққина кунда ҳаяжонли, қувончдан эсанкиратадиган воқеанинг гувоҳи бўлди. Ҳарқалай одатдан ташқари воқеа содир бўлмаган бўлса-да, бироқ, айтиш мумкинки, гўё Магер туш кўраётгандек эди.

Ўша куни эрталаб соат саккизларда бозор майдонидаги нуфузли бино олдида тўхтаган, Готадан келаётган почта извошида учта аёл келди. Бир қарашда, ҳатто такрор қараганда ҳам диққатни тортадиган нарса йўқ эди. Уларнинг бир-бирларига муносабатларини аниқлаш қийин эмас эди: булар она, қизи ва оқсоч қиз эди. Хуш келибсизлар, дея таъзим қилишга тайёр Магер йўлак панжараси олдида турганча хизматчининг она билан қизига извошдан тушишга кўмаклашаётганини кузатарди. Бу пайтда Клерхен исмли оқсоч қиз извошчи билан хайрлашар, афтидан йўл бўйи ёнида ўтириб, анчагина тил топишиб қолганга ўхшарди. Извошчи бўлса унга кўз остидан қараб қўйди, ҳамсафар қизнинг ўзига хос лаҳжада гапириши ёдига тушди шекилли, уни ўйчан кулимсираб кузатиб турди, қиз ўзича қилпанглаб, ноз-карашмалар билан юбкасини йиғиштириб баланд ўриндиқдан пастга тушди. Кейин почтачи елкасида осилиб турган карнайининг ипидан тортди-да, йўлдан ўтиб бораётган болалар, тонгги йўловчиларга қарата қизиқчиликка дудутлатиб юборди.

Хонимлар камтарона юкларини извошдан туширишларини кузатиб, бинога орқа ўгириб турар, Магер уларнинг кўч-кўронларидан кўнгиллари хотиржам бўлиб, ниҳоят эшик томон бурилишларини кутиб тураркан, устида тугмалари охиригача қадалган фрак, тик ёқасига ранги ўчган бўйинбоғ боғлаб олган, узун оёқларига ёпишиб турган тор панталонда, қизғиш бакенбард қоплаган, пишлоқ тусли юзида илтифотли, шу билан бирга, бироз тараддудланган табассум билан, чинакам дипломатлардек уларга шоша-пиша пешвоз чиқди.

– Салом, дўстим! – деди аёллардан энг кексаси, ёши тахминан олтмишлар атрофидаги, тўлагина, оқ кўйлакли, шол рўмолни елкасига ташлаган, қўлига оддий ипдан тўқилган ярим қўлқоп, бошига баланд чепец[6] кийиб олган аёл. Бош кийими остидан қачонлардир малларанг бўлган, ҳозир эса кулранг-қўнғир жингалак сочлари кўриниб турарди. – Бизга уч кишилик хона керак, икки кишилик хона мен билан қизимга, (қизим дегани ҳам у қадар ёш эмас, чамаси ўттиз ёшлардаги, қизғиш-қўнғир тусдаги жингалак сочлари чаккасига тушиб турган, бўйнини ўраб турган бурма ҳошияли кўйлакли, онасининг чиройли бурни унда андак ўткирроқ тарзда такрорланган аёл), бизга яқинроқ жойдан оқсочимизга. Бунинг иложи бўладими?

Аёлнинг хийла толиққан кўк кўзлари эшикоға оша меҳмонхона биноси томон  йўналди. Қарилик таъсирида мийиқлари буришган кичкина оғзи ғалати ёқимли қимирлаб турарди. Афтидан ёшлигида ҳозирги қизига нисбатан ёқимтойроқ бўлган бўлса керак. Бошининг енгил қалтираб туриши дарҳол кўзга ташланарди, бироқ бу кўпроқ ўз фикрини маъқуллашга ёки унга рози бўлишларига кескин чақириққа ўхшаб кетар, шунинг учун бу ҳолатни унинг ожизлиги деб эмас, балки феъл-атворидаги жўшқинлик ё бўлмаса униси ҳам, буниси ҳам деб қабул қилса бўларди.

– Бош устига, – жавоб берди Магер, она ва қизини ичкарига бошларкан. Оқсоч қиз шляпа қутисини кўтарганча уларнинг ортидан эргашди. – Тўғриси, бизда ҳамиша мижозлар кўп бўлади, ҳозирча ҳурматли меҳмонларни ҳам қайтариб юборишимизга тўғри келади, шекилли. Аммо Сиз азизларнинг истакларингизни бажо келтириш учун бор кучимизни ишга соламиз.

– Ундай бўлса, яхши, – деди хоним ва унинг тюрингия-саксония лаҳжасининг нуқси урган баландпарвоз сўзларига ишора қилиб қизи билан маъноли кўз уриштириб олди.

– Қани, марҳамат қилинг! Ўтинг, марҳамат, – деди Магер уларга тавозе билан эшикни кўрсатаркан. – Қабулхона ўнг тарафда. Меҳмонхона бекаси Элменрайх хоним сизларни кўриб боши осмонга етади. Марҳамат қилинглар!

Соч турмагига камон ўқини санчиб олган, кириш эшиги яқинлиги туфайли бўлиқ кўкрагини иссиқ нимча билан ўраб олган Элменрайх хоним гумбазсимон ишхонани йўлакдан ўзига хос тарзда ажратиб турган пештахта орқасида ручкалар, қумдон, ҳисоблагич асбоблар орасида ястаниб ўтирарди. Ёнидаги баланд ёзув столи олдида турган иш юритувчи пелеринали[7] пальто кийган киши билан инглиз тилида сўзлашарди, кираверишда турган бир гала жомадонлар чамаси шу одамга тегишли эди. Бека келувчиларга эътибор қилишдан кўра лоқайдлик билан кўпроқ тепага назар солганча кекса аёлнинг саломига ва қизнинг сезиларли тиз букиб таъзим қилишига виқор билан бош ирғаб жавоб қайтарди, кейин меҳмонлар талаби ҳақида эшикоғанннг маълумотларини диққат билан тинглади-да, чизиб қўйилган режани қўлига олиб, қалам учини юргизиб уни кўздан кечирди.

– Йигирма еттинчи, – деди у хонимларнинг юклари билан кутиб турган яшил пешбандли хизматчига юзланиб. – Афсуски, алоҳида хонам йўқ. Оқсоч қиз Эрфуртдан келган графиня Лариш деган қиз билан бирга турса бўлади. Ҳозир бизда ўз хизматкорлари билан келган меҳмонлар кўп.

Клерхен бекасининг орқасида туриб афтини бужмайтирди, аммо бека рози бўлди. Бир иложини қилишар, деган қарорга келди у ва кетишга чоғланаркан, белгиланган хонага юкларни олиб киришларини сўради.

– Бир дақиқа, хоним! – деди Магер. – Узр, яна бир расмиятчиликни бажариш лозим бўлиб қолди. Биз одат бўйича меҳмонлардан эсдалик учун икки-уч сатр гап ёздириб қоламиз. Жонга тегадиган бу одатни биз эмас, балки Муқаддас Ҳермандад жорий қилган. Уни рад қилиб бўлмайди, ахир. Қонун ва удумлар худди ирсий касалликдек наслдан наслга ўтиб келаверади. Илтифот ва марҳаматингизни дариғ тутмайсиз, деб ишонсак бўладими?

– Ҳа, албатта, – деди хоним, – ёдимдан кўтарилибди. Эътирозга ўрин йўқ. Сезишимча, У оқил одам кўринади (у Магерга ёшлигида расм бўлган учинчи шахсда мурожаат қилди), ўқимишли, билимдон. Қани берсин-чи!

У стол олдига қайтиб келиб, нозик бармоқлари билан ипга боғлаб осиб қўйилган бўрни авайлаб олмоқчи бўлган эди, бека бўрни унга тутқазди, хоним кула-кула бир неча меҳмоннинг номлари ёзилган тахта устига энгашди.

Секин-аста ёзаркан, бора-бора кулиши ҳам сустлашди, фақат сал-пал ўйноқи, хўрсинишга ўхшаган товушлар ундаги қувноқликнинг босилиб бораётганидан дарак берарди. Ҳолатнинг ноқулайлигидан бўлса керак, бошининг қалтираши анчагина кучайди.

Уни кузатиб туришарди. Бир томондан қизи, онасиникига ўхшайдиган чиройли қайрилма қошларини чимириб, лабларини масхараомуз буриб унинг елкаси оша қараб турар, бошқа томондан Магер, қизил билан белгиланган ойларни аёл тўғри тўлдираяптими-йўқми деган хавотирда, шу билан бирга, кичик шаҳарликларга хос қизиқсиниш ва мана энди, шу пайтгача номаълум бўлган яхши номини элга ёйиш учун кимгадир имкон туғилди, деган ҳасад аралаш қониқиш билан ёзувдан кўз узмасди. Иш юритувчи билан инглиз саёҳатчиси ҳам негадир суҳбатни тўхтатиб, бошини қалтиратганча ҳарфларни болаларча синчиклаб ёзаётган аёлни кузата бошлашди.

Магер кўзларини қисиб ёзувни ўқиди: “Сарой маслаҳатчисининг беваси Шарлотта Кестнер, асли Буфф, Ҳанновердан, охирги яшаш жойи Гослер, 1753 йил 11 январда Вецларда туғилган, қизи ва хизматкори билан”.

– Шу етадими? – сўради хоним, ҳеч ким унга жавоб қайтармагач, ўзи хулоса қилди: – Шу етса керак.

У кескин ҳаракат билан бўрни стол устига қўймоқчи бўлди ва унинг металл тиргакка боғлаб қўйилгани ёдидан кўтарилиб, тиргакни қулатиб юборди.

– Вой, қўполлигимни қаранг-а! – деди у қизариб ва кинояомуз лабини буриб, ерга қараб турган қизи томонга шоша-пиша назар ташлади. – Ҳа, ҳечқиси йўқ, буни бирпасда тузатса бўлади. Қани энди юринглар, хонамизга борайлик! – деди-да, эшик томонга жадал йўл олди.

Қизи, оқсоч, эшикоға ва жомадонлару сафар халталарни кўтариб олган ялтирбош хизматчи даҳлиз орқали унинг ортидан зинапоя томон силжишди.

Магер йўл бўйи тинмай кўзини қисар, ора-орада уч-тўрт марталаб кип­рик қоқиб қўяр, кейин бир муддат қизарган кўзлари билан бир нуқтага тикилиб қолар, шу орада ҳарҳолда тентакнамо бўлмаса-да, хаёли қочган одамга ўхшаб оғзини очиб турарди. Иккинчи қаватга чиққан жойдаги майдончада у ҳаммани тўхтатди.

– Маъзур тутасиз! – дея хитоб қилди у. – Минг бора узр сўрайман, борди-ю, саволим… бу шунчаки ноўрин қизиқсиниш эмас… Наҳотки биз… сарой маслаҳатчисининг хоними, Шарлотта Кестнер хонимни, вецларлик асли Буфф хонимни кўриш шарафига муяссар бўлиб турибмиз?..

– Ҳа, шу мен, – жилмайиб жавоб қайтарди қартайган хоним.

– Мен демоқчиманки… Жуда яхши, ҳа, албатта, демоқчиманки… Наҳотки сўз, Шарлотта, қисқа қилиб айтсак Лотта Кестнер, асли Буфф ҳақида бормоқди?.. Ҳалиги… Вецлардаги Немислар уйи, Немис диний жамоасига қарашли уйдаги… собиқ…

– Ҳа, гап худди ўша ҳақда, азизим. Лекин мен ҳечам собиқ эмасман, мана ҳозир ҳам борман, тезроқ бизга ажратилган хонага…

– Албатта, ҳозироқ! – хитоб қилди Магер ва бошини эгиб, югуришга ҳозирланган қиёфага кирди, аммо қайтадан жойида михлангандек туриб қолди-да, қўлларини чапак чалгандек бир-бирига урди. – Буни қаранглар-а! – деди у чуқур ҳаяжон оғушида. – Буни қаранг-а, ҳурматли хоним! Худо ҳақи, ҳурматли хоним, мени маъзур тутинг, мен айни ҳолатни, кўз олдимизда намоён бўлаётган истиқболни дарҳол пайқаёлмабман… Ахир бу… айтиш мумкинки… худди осмондан тушгандек… меҳмонхонамиз демак… ҳақиқий, асил тимсолни… қабул қилиш шарафига, бахтига мушарраф бўлди… агар шундай дейиш мумкин бўлса. Қисқаси, ҳозир мен Вертернинг Лоттаси олдида турибман-а…

– Адашмадингиз, дўстгинам, – хотиржам, виқор билан жавоб берди хоним, ҳингир-ҳингир кулаётган оқсочига маъноли назар ташларкан. – Агар шу нарса Сизга қулай имкон яратган бўлса, йўл азобини тортган биз аёлларни хонамизга тезроқ кузатиб қўйсангиз, беҳад миннатдор бўлардим.

– Кўз очиб юмгунча! – қичқирди Магер ва жойидан шошилинч қўзғалди. Йигирма еттинчи хона, вой худойимей, ахир у учинчи қаватда-ку. Марҳаматли хоним, бизда зинапоялар қулай, сезган бўлсангиз керак… Лекин олдиндан билганимизда эди… Меҳмонлар кўп бўлишига қарамай, топсак бўларди… Ҳарҳолда хона дуруст, деразалари бозор майдонига қараган, Сизга ёқади деб ўйлайман. Яқинда у ерда холаси, яъни обер-камерҳер[8] хонимникига меҳмонга келган ҳаллелик майор Эглофштайн рафиқаси билан туришган эди. Ўн учинчи йилнинг октябрида улуғ князь Константин зоти олийларининг генерал-адьютанти шу хонада тўхтаган эди. Буни эслашга арзигулик тарихий воқеа деса ҳам бўлади… Вой, худойим-ей, нималарни жавраяпман, қанақа тарихий воқеа! Ҳиссиётли қалб учун буларнинг тариқча аҳамияти бормикан… Тағин уч-тўрт қадам қолди, хоним! Зинапоя майдончасидан йўлак бўйлаб бир неча қадам ташласак бўлди. Хоним кўриб турганларидек, ҳамма деворлар янги оҳакланган. Ўн учинчи йилнинг охирида дон казаклари келиб кетишгандан сўнг ҳаммаёқни, зинапоялар, хоналар, йўлаклар, дам олиш хоналарини таъмирладик, бу гаплар энди ортиқча бўлса керак. Жаҳон тарихига молик зўравонлик ҳаракатлари бизни шунга мажбур қилди, бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, ҳаётдаги янгиланишларга зўравонлик катта туртки бериши мумкин экан. Шубҳасиз, биздаги таъмирлашлар фақатгина казаклар туфайли бўлди, демоқчи эмасман. Улардан ташқари, бизда прусслар, венгер гусарлари ҳам яшашди, французлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади…

У таъзим қилганча эшикни катта очиб уларни хонага таклиф қилди. Аёллар иккала деразадаги оҳорланган пардалар, деразалар орасида турган олтин гардишли, унча-мунча доғ босган трюмо, устига гулдор чодир тортилган иккита оппоқ кровать ва бошқа анжомларга синовчан назар ташлаб чиқишди. Антик давр қабрини акс эттирувчи мисга ўйиб ишланган ландшафт деворнинг бир томонини безаб турарди. Топ-тоза пол худди ёғ суртилгандек ялтирарди.

– Жуда яхши, – деди хоним.

– Агар бу ер хонимлар дидига мос келса, биз ўзимизни беҳад бахтли ҳис этардик! Бирор нарса керак бўлиб қолса, мана қўнғироқ ипи. Шубҳасиз, иссиқ сув ғамини ейман. Агар ардоқли хонимнинг кўнглини тополсак, ниҳоятда мамнун бўлардик.

– Ҳа энди, айланиб кетай, биз оддий одамлармиз, талтайганлардан эмасмиз, – омон бўлинг, яхши инсон, – деди у юкларни елкасидан тушириб, бурчакка қўяётган хизматчига юзланиб. – Сизга ҳам раҳмат, – дея мурожаат қилди у Магерга бош силкиб, – биз беҳад хурсандмиз, мамнунмиз, энди бироз дам…

Лекин Магер қўлларини қовуштирганча, қип-қизил кўзларини хонимдан узмай қаққайиб турарди.

– Худо шоҳид! – деди у, – марҳаматли хоним, бир умр эсдан чиқмайдиган ҳодиса! Мутлақо кутилмаган бир тарзда бунақа ҳис-ҳаяжонли воқеанинг бор бўй-басти билан бир одам елкасига тушгандаги ҳолатини марҳаматли хоним тасаввур ҳам қилолмасалар керак… Бундай ҳодисаларга, ҳурматли хоним, демоқчиманки, биз учун муқаддас бўлган бундай ҳолатларга кўникиб кетган бўлсалар керак, буни одатдаги ҳол ҳисоблаб, эътибор ҳам қилмасалар керак, шунинг учун, шеърият нурларига чулғанган, оловли қўлларини абадий шон-шуҳрат кўки томон чўзган кимса билан танишган, узр, кимсани кўрган лаҳзаларда ёшлигидан адабиётга меҳр қўйган ҳиссиётли қалбдан нималар кечишини тушунмасалар ҳам керак.

– Менга қаранг, дўстгинам, – дея хоним жилмайганча уни гапдан тўхтатди, шу аснода Магернинг сўзлари таъсирида гўё уларни маъқуллагандек, бошининг қалтираши сезиларли даражада кучайди. (Оқсоч қиз унинг орқасида турганча Магернинг йиғлаб юбориш даражасида таъсирланган юзига ёқимли қизиқсиниш билан қараб турар, қизи бўлса намойишкорона бепарволик билан хонанинг тўрида нарсаларни жойлаштириш билан шуғулланарди) – Дўстгинам, мен, ҳеч бир эътирозларсиз, оддий, кекса бир аёлман, ҳамма қатори одамман. Сиз бўлсангиз, дабдаба билан шунақа ошириб-тошириб сўзлаяпсизки…

– Менинг исмим Магер, – деди эшикоға аниқлик киритиш учун. У ўрта немис лаҳжасига монанд “Маахер” деб талаффуз қилди, бу товушда аллақандай ялинчоқлик ва кўнгилни юмшатувчи нарса бор эди. – Мақтанчоқликка йўйманг-у, тўғриси, мен бу уйда ишончли шахс, бу дегани, меҳмонхона бекаси Элменрайх хонимнинг ўнг қўлиман. У бева, бунга анча бўлди. Жаноб Элменрайх 1806 йилда, бизга алоқаси бўлмаган фожиали тўқнашувларда ҳалок бўлган. Менинг вазифамда, ҳурматли хоним, шаҳримиз бошдан кечиришга мажбур бўлган қийин даврларда ҳам ҳар хил одамлар билан муносабатда бўлишга тўғри келган, кўплаб эътиборга молик, насл-насаби ёки хизматлари орқасида обрў қозонган инсонлар билан алоқада бўлишга тўғри келади, шундай бўлгач, баланд мартабали, жаҳон аҳамиятига молик воқеаларга дахлдор шахслар, ўй-хаёлларингни титратадиган нуфузли номларга дуч келганингда у қадар ҳаяжонга тушмай ҳам қоласан, киши. Шунақа, муҳтарама хоним! Бутун умрим давомида, очиғини айтсам, бугунгидек бир умрга татигулик учрашув насиб қилмаган. Ўша мудом суюкли кимсанинг прототипи бўлган энг табаррук аёл ҳаёт эканлиги, Ҳанновер шаҳрида яшаши кўп одамлар қатори менга ҳам маълум эди. Буни билганлигимга мана энди қатъий ишонаяпман. Аммо менинг билимим аниқ бир асосга эга эмас эди, бирор кун келиб бу илоҳий хилқат билан юзма-юз тураман, деган фикр етти ухлаб тушимга кирмаган эди. Ҳатто буни орзу қилашга ҳам журъатим етмаган бўларди. Бугун тонгда уйқудан турганимда, бундан бор-йўғи бир неча соат олдин, бугунги кун ҳам бошқа юзлаб кунлардек идора ва стол олдида ўтадиган одатдаги ташвишлар билан тўла кун бўлади, деган ишонч менда ҳукмрон эди. Менинг рафиқам – мен уйланганман, ҳурматли хоним – хотиним Магер хоним, бу ердаги ошхона мутасаддиси ҳам бугун бирон ғайриоддий воқеани хаёлимга келтирмаганимга гувоҳлик бериши мумкин. Эрталаб қандай ҳолатда уйқудан турган бўлсам, кечқурун худди ўша ҳолатда тўшагимга ётишимга имоним комил эди. Энди бўлса! Нимани ўйламасанг, ўшанга дуч келасан, деган мақол бор халқда. Ҳурматли хоним мендаги ҳис-ҳаяжонни ва тинмай жаврашимни маъзур тутсинлар. Юрак тўлиб кетса, ҳаммаси тилга кўчади, дейди халқ, у қадар адабий бўлмаса-да, ҳар ҳолда ўринли қилиб. Агар таъбир жоиз бўлса, марҳаматли хоним,  шоирлар қироли бўлган буюк Гётега болаликдан қандай муҳаббат ва ҳурмат билан қарашимни билсангиз эди, мен Ваймар фуқароси сифатида уни ўзимизники, дея олишимдан фахрланаман… Билсангиз эди, хоним… “Ёш Вертернинг изтироблари” менинг қалбим учун нимани ифодалаганини… Бироқ мен жимман, марҳаматли хоним, буни таҳлил қилиш менинг вазифам эмас… Шундай бўлса-да, ҳақиқатни тан олиш керак, бундай сентиментал асар бутун инсониятга тегишли, ёшу қари ҳамманинг қалбини ҳаяжонга солади, “Ифигения” ёки “Никоҳсиз туғилган қиз” сингари асарларни эса, фақат жамиятдаги олий табақа вакилларигина тушунишади. Ўйлаб қарасам, Магер хоним икковимиз неча марталаб кечалари хира шам нурида китобчанинг илоҳий саҳифаларига юрагимиз сув бўлиб тикилган лаҳзаларда, мана ҳозир романнинг жаҳонга машҳур, ўлмас қаҳрамони бор бўй-басти билан, худди мендек… оддий одам сифатида кўз олдимда намоён бўлади, деган ўйга… Худо ҳақи, марҳаматли хоним! – қичқирди у ва қўли билан манглайига бир урди. – Тинмай жаврайверибман, жаврайверибману, ардоқли хоним ҳазратлари бугун қаҳва ичадиларми-йўқми, ҳатто сўрамабман ҳам, шу нарса ҳозир миямга урилди!

– Миннатдорман, дўстим, – деди кекса хоним самимий инсоннинг дил изҳорларини хотиржам нигоҳ ва лаблари бироз титраб тинглаб тураркан. – Қаҳвани керакли пайтда ичгандик. Умуман олганда, ҳурматли жаноб Магер, мени ёки бир вақтлар ёш бўлган пайтимни ўша шов-шувларга сабаб бўлган китобчанинг қаҳрамони билан тенглаштириб, жуда ошириб юборяпсиз, менимча. Мен бу гапларни айтаётган биринчи одам Cиз эмас. Буни мен қирқ тўрт йилдан бери эслатиб келаман. Ўша романтик тимсол шу даражада ҳаётга сингишиб, тугал машҳурлик касб этдики, бирорта одам келиб менга, икковларингни солиштирса, у ҳақиқий бўлиб чиқади, дейиши мумкин, мен бўлсам, буни инкор қилмоқчи бўламан: роман қаҳрамони ўша пайтдаги мендан кескин фарқ қилади, ҳозирги ҳолатим ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас. Масалан, ҳар қандай одам ҳам кўриб турипти: менинг кўзларим кўк, “Вертер”даги Лоттанинг кўзлари эса тим қора.

– Бу поэтик эркинлик! – хитоб қилди Магер. – Поэтик эркинлик нима эканлигини ким билмайди! Бу нарса, марҳаматли хоним, мавжуд ўхшашликнинг юзига зинҳор парда тортмайди! Бу билан изни бироз йўқотиш учун шоир шунақа усуллардан фойдаланган бўлиши мумкин…

– Йўқ, – деди хоним бошини чайқаркан, – қоп-қора кўзлар бутунлай бошқа нарса.

– Майли, нима бўпти! – гапни кесди Магер. – Эҳтимол, шу йўл билан ўхшашлик озроқ чекинишлар билан юмшатилган бўлиши мумкин.

– Оз эмас, анчагина, – қатъий таъкидлади Кестнер хоним.

– … ахир бошқа ўхшашлик умуман қўл урилмай қолмоқда-ку, яъни, демоқчиманки, ўша афсонавий хилқатнинг ўзи билан ҳеч бир ажратиб бўлмайдиган айнан ўхшашлиги, унинг қиёфасини буюк инсон яқиндагина ўз хотираларида илиқ бир илҳом билан тасвир этган эди. Ахир, ҳурматли хоним, охирги саҳифагача Вертернинг Лоттаси эмас экансиз, унда Сиз охирги соч толангизгача Гётенинг Лот…

– Менга қаранг, ҳурматли жаноб! – деди Кестнер хоним унинг гапини бўлиб. – Бизга меҳрибонлик қилиб хонангизни кўрсатмоқчи бўлганингиздан бери анча-мунча вақт ўтди. Энди хонадан фойдаланишимизга халақит бераётганингизни унутиб қўйдингиз, шекилли.

– Қимматли хоним! – хитоб қилди “Фил” меҳмонхонасининг эшикоғаси қўлларини қовуштириб. – Мени кечиринг! Шунақа… одамни кечиринг! Менинг қилиғим кечириб бўлмайдиган, буни ўзим биламан – шундай бўлса-да, Сиздан узр сўрайман. Зудлик билан кетаман, бу билан… бусиз ҳам ўзим айтай деб турувдим, ҳа, айтай деб турувдим, муомала маданияти қоидаларига биноан, аллақачон бу ердан, у ёққа кетишим керак эди, чунки ўйлаб кўрсам, Элменрайх хоним ҳалигача ҳеч нарсани билмайди, аниқки, у ҳозиргача меҳмонлар ҳақидаги маълумотлар ёзилган тахтага бир қур назар ташлашни ўйлаб ҳам кўрмаган, назар ташлаган тақдирда ҳам унинг фаросати… Магер хоним-чи, ардоқли хоним! Ошхонага шунақаям тезроқ югуриб боргим ва унга бунақа шаҳар миқёсидаги муҳим адабий янгиликни биринчи бўлиб етказгим келаяптики… Айни чоғда, муҳтарама хоним, шундай ҳаяжонли хабарни янада тўлдириш учун Сизга яна битта савол билан мурожаат қилишга журъат этсам… Қирқ тўрт йил! Мана шу қирқ тўрт йил ичида хоним яширин маслаҳатчи жаноблари билан бирор марта ҳам учрашмадиларми?

– Йўқ, дўстим, – жавоб берди у. – Мен Вецлардаги ёш амалиётчи адвокат доктор Гётени биламан, холос. Ваймарлик вазир, Германиянинг буюк шоирини бирор марта ҳам кўрмаганман.

– Лолман! Лол қолмай илож йўқ, ҳурматли хоним! Демак, қимматли хонимнинг Ваймарга келишлари сабаби ҳам…

– Ваймарга келишимнинг сабаби, – унинг гапини кескин бўлди хоним, – узоқ йиллардан бери кўрмаган синглим, камерал маслаҳатчи Риделнинг рафиқасини кўриш, мана шу сафарда менга ҳамроҳлик қилиш учун Эльзасдан келган қизим Шарлоттани айлантириш, холос. Биз оқсочимиз билан уч кишимиз, синглимникида тунаб, унга юк бўлишни истамаймиз, унинг оиласи катта. Шу туфайли меҳмонхонада тўхтадик, лекин тушликни қадрдонларимизникида қиламиз. Хўш, қониқдиларми энди?

– Жуда, қадрли хоним, жуда қониқдим! Бундан чиқди, хонимларни табльдот[9]да кўришдан маҳрум бўл… Жаноб ва хоним Риделлар, Эспланада олти, ҳа-а, биламан! Камерал маслаҳатчи хонимининг асл фамилияси… эҳ, буни билардим! Шарт-шароитлар, муносабатлар менга маълум эди, фақат ҳозир эслолмаяпман… Ё меҳрибон Тангрим! Ахир, демак, камерал маслаҳатчининг хоними овчилар уйининг кираверишида, Вертер у ерга илк бора қадам қўйган пайтда ҳурматли хонимнинг атрофини ўраб турган болаларга хоним нон улашаётганларида у ҳам нонга қўлчаларини узатиб турган экан-да…

– Дўстгинам, – гапни бўлди Шарлотта, – у пайтда овчилар уйида ҳеч қанақа сарой маслаҳатчисининг хоними бўлмаган. Сизни кутиб турган Клерхенимизга унинг хонасини кўрсатишдан олдин айтинг-чи, Эспланада бу ердан узоқми?

– Унчаликмас, ҳурматли хоним, яқингина. Ваймаримизда узоқ масофалар йўқ ҳисоби, бизнинг улуғлигимиз маънавиятимизда. Хонимларни камерал маслаҳатчининг уйигача кузатиб қўйишни ўзим учун фахр деб ҳисоблайман, борди-ю улар извош кира қилишни афзал кўришмаса, шаҳримизда извошлар тақчил эмас… Тағин бир оғиз сўз, қимматли хоним, бир оғиз сўз айтсам! Сарой маслаҳатчиси хоними Ваймарга биринчи нав­батда сингилларини кўриш учун келган бўлсалар, унда ҳурматли хоним ҳеч шубҳасиз имкон топсалар керак, Фрауенпланга…

– Бўлиши мумкин, дўстим, бўлиши мумкин! Энди оқсочимни пастга, хонасига олиб бора қолинг, чунки у ҳадемай менга керак бўлади.

– Ҳа, йўлакай менга айтинг-чи, – шипшиди қизгина, – “Ринальдо”ни, шундай ажойиб романни ёзган одам қаерда яшайди. Мен уни беш марта ўқиб чиқдим, уни кўчада учратиб қолиш бахтига муяссар бўлишим мумкинми?

– Мумкин, мамзель, мумкин бўлганда қандоқ, – паришонхотирлик билан жавоб берди Магер у билан эшик томон йўналаркан. Аммо у қўққисдан бўсағада тўхтаб қолди, бир оёғини полга тираб, мувозанатни сақлаш учун иккинчисини кўтарди.

– Яна бир оғиз сўз айтсам, қимматли хоним! – ўтинди у. – Охирги сўзим. Унга жавоб қайтариш қийин эмас! Қадрли хоним мени тушунадилар… Кутмаганда кишига асил қаҳрамон рўпарасида пайдо бўлиб қолиш насиб этса – ахир буни эътибордан соқит қилиб бўладими, бундан фойдаланиб қолиш керак-ку – муҳтарама хоним, Вертер жўнаб кетишидан олдинги ҳув охирги суҳбатни айтаман, уч кишининг юракларни ўртаб юборадиган саҳнасида марҳум онангиз, абадий жудолик ҳақида сўз борганда Вертер Лоттанинг қўлини маҳкам тутиб: “Биз қайта кўришамиз, биз топишамиз. Ҳар қандай қиёфада ҳам бир-биримизни таниймиз” дейди. Бу ростдан ҳам бўлган, шундайми? Жаноб яширин маслаҳатчи буни ўзидан тўқимаган-а? Худди шундай бўлган-а?

– Ҳа ҳам, йўқ ҳам, дўстим, ҳа ва йўқ, – деди ҳолдан тойган шўрлик аёл боши қалтираб. – Кетинг энди, кетинг!

Ҳайратланган Магер ювош мушукдек Клерхен билан бу ердан узоқлашди.

Шарлотта шляпасини ечаркан, чуқур уф тортди. Бутун суҳбат давомида кўйлакларни жавонга илиш, жомадондан ювиниш анжомларини олиб жой-жойига қўйиш билан шуғулланаётган қизи унга кинояомуз назар ташлади.

– Мана, – деди у, – юлдузингиз яна порлади. Таъсири чакки эмас.

– Ҳаҳ болагинам-а, – жавоб қайтарди она, – сен юлдуз деб атаган нарсани хоч десак тўғри бўларди, диний жамоадан берилган хоч… у менинг иштирокимсиз юзага чиқаверади, мен уни рад ҳам қилолмайман, бекитолмайман ҳам.

– Сал чўзиб юбордингиз, ойижон, агар биз мана шу андак ғайриоддий саёҳатимиз давомида меҳмонхонада эмас, Амалия холамникида тўхтаганимизда, мана шу шов-шувлар бўлмас эди.

– Бунинг мумкин эмаслигини ўзинг яхши биласан, Лотхен. Гарчи поччанг, холанг, жиянларинг асилзодалар маҳалласида яшашса-да, эҳтимол шу боисдандир уларда ортиқча хоналар йўқ. Уларникига уч кишининг бирданига бостириб бориб ноқулай вазиятни вужудга келтиришимиз, бир неча кунга бўлса-да, мумкин эмас. Поччанг Ридель хизматчининг маошига кун кўради, лекин 1806 йилда бошига оғир кун тушди: ҳамма нарсасидан айрилди, ҳозир у бой одам эмас, уни харажат тортишга мажбур қилишга ҳечам ҳаққимиз йўқ. Шунча йиллар ўтиб сингилгинам Малини бағримга босгим келган ва унинг муносиб умр йўлдоши билан бахтли яшаётганидан қувонгим келган бўлса, бунинг учун мени айблаш керакми? Мана шу меҳрибон туғишганларимга анча фойдам тегади, деб ўйлайман, буни унутма. Поччанг буюк ҳерцогликнинг камер-коллегияси директорлиги лавозимига кўтарилиш орзусида, эҳтимол мен бу ердаги танишларим ва дўстларим ёрдамида унинг орзулари ушалишига ўз ўрнида нафим тегиб қолар. Ўн йиллик айрилиқдан кейин тағин мен билан бирга эканлигинг, қариндошларникига сафар чоғида менга ҳамроҳлик қилаётганинг айни қулай фурсат эмасми, қизгинам? Наҳотки менинг бошимга тушган ғаройиб қисмат табиий юрак амрига бўйсунишимга тўсқинлик қилса?

– Йўқ, ойижон, албатта йўқ.

– Ким ўйлабди дейсан, – сўзида давом этди хоним, – келибоқ бакенбардли Ганимед[10]га ўхшаган мана бу жонбознинг қўлига тушишимизни?  Гёте ўз хотираларида одамларнинг “ҳақиқий Лотта ким, у қаерда яшайди?” деб сўрайверишларидан қийналаиб кетганидан шикоят қилади, бунақа саволлардан қочиб ҳатто бошқа ном билан юриши ҳам уни қутқазолмаган. Менимча, буни у ҳақиқий жазо деб ўйлайди ва агар шу китобча туфайли гуноҳ қилган бўлсам, гуноҳимни юз бора ошириб ювдим, деб ҳисоблайди. Бундан кўриниб турибдики, эркаклар, айниқса шоирлар, фақат ўзлари ҳақида қайғуришади: бизга ҳам шунақа қизиқувчиларга бардош беришга тўғри келганини у ўйлаб ҳам кўргани йўқ, устига устак шеърият ва ҳақиқат аралашиб кетган қип-қизил ёлғонлари билан мен ва раҳматлик отанг иккимизнинг бошимизга ёғдирган кўргиликларини айтмайсанми.

– Қора ва кўк кўзлар туфайли демоқчисиз-да.

– Бошига ташвиш тушган одам пичинглардан ҳам қутулолмайди, аввало ўз қизиникидан. Манави, мени нақ Вертернинг Лоттаси деб қабул қилган жинни одамни қара, унинг тилини тийиб қўйишга мажбур бўлдим-а.

– Сизни Гётенинг Лоттаси деб аташга айрим жиҳатлар тўғри келмайди, дея юпатишга ҳам журъат қилди.

– Менимча, худди шу гапларини ҳам эътибордан четда қолдирмай, норозилик билан сўзини кескин бўлдим. Сенинг қатъий қарашларингга мувофиқ бу одамнинг жиловини бошиданоқ қаттиқ тутишим кераклигини сезмаганимда, болагинам, сени яхши тушунмаган бўлардим. Айт, қандоқ қилиб? Ўз-ўзимдан воз кечайми? Ўзим ва ўз чекимга тушган воқеаларни билишни ҳам истамайман, деб уни ишонтирайми? Бироқ ана шу жаҳон мулкига айланган чекдан фойдаланишга ҳам ҳаққим бор-ку. Сен эса, болагинам, бутунлай бошқа табиатли одамсан, шуни билиб қўйки, шу нарса сенга бўлган муҳаббатимни зинҳор-базинҳор камайтирмайди. Сени киришимли деб бўлмайди – бу ўз ҳаётини бошқалар учун фидо қилишга тайёрлик хислати билан ҳечам қовушмайди. Гоҳида ҳатто шундай туюладики, гўё ҳаёт бошқалар учун ўзини фидо қилишдан, меҳнатдан, қийинчиликдан иборату бунда бирор кишини на мақташ, на айблашнинг кераги йўқ ёки айблашдан кўра кўпроқ мақташ лозим: одатда маълум қаттиққўллик киришимлиликка кам таъсир кўрсатади. Болагинам, менинг сенга бўлган эътиборим ва меҳр-муҳаббатимга ҳечам шубҳа қилма. Мана ўн йилдирки, сен Эльзасда хотини ва бир оёғидан жудо бўлган шўрлик акагинанг Карлни қўриқловчи фариштадек хизматидасан, бахтсизлик қўшалоқ келади, дейишади-ку. Шўрлик бемор боламнинг куни сенсиз қандай кечарди! Сен унинг ҳамшираси, кўмакчиси, уй бекаси, болаларининг боқувчисисан. Бутун ҳаётинг меҳнат ва фидойиларча муҳаббатдан иборат, бундай ҳаёт тарзи қалбингда ўзингдаги ва ўзгалардаги бемаъни ҳиссиётлиликни маъқулламайдиган жиддийликни туғдириши турган гап. Ҳаётдаги мушкулликларни ундаги байрамларга нисбатан афзал кўрасан ва тўғри қиласан! Улкан дунёдаги эҳтиросларга ва гўзал маънавиятга алоқадорлик бизнинг ҳам елкамизга тушган…

– Бизнинг? Менга бунақа алоқадорлик керак эмас.

– Қизгинам, истаймизми-йўқми, бу нарса биз билан бирга ва бизнинг номимизга учинчи, тўртинчи авлодимизгача туташиб бораверади. Самимий инсонлар тўлқинланибми ёки қизиқувчанлик биланми – буни қандай фарқлайсан? – бизни безор қилиш даражасига етишса, бундан аччиқланишга ёки хира одамларнинг кўкрагидан итаришга ҳаққимиз борми? Табиатимиздаги фарқ худди мана шу ерда намоён бўлади. Менинг ҳаётим осон кечмади, кўп нарсалардан воз кечишимга тўғри келди. Сенинг меҳрибон, унутилмас отангга яхши хотин бўлдим, деб ўйлайман, унга ўн битта фарзанд туғиб бердим, шулардан тўққизтасини муносиб инсонлар қилиб ўстирдим, иккитасини эгасига топширдим. Мен ҳам машаққат ва азобларга ўзимни қурбон қилдим. Лекин сен нафрат билан тилга оладиган киришимлилик ёки очиқкўнгиллик менга халақит бермаган, машаққатли ҳаёт мени жоҳилга айлантирмади, шунинг учун мен қандайдир Магердан юз ўгириб, унга: “Аҳмоқ, тинч қўй мени!” деёлмайман, нима десанг де, лекин мен бунга қодир эмасман.

– Мен билан шундай гаплашяпсизки, ойижон, – эътироз билдирди кичик Лотта, – гўё мен Сизга танбеҳ беришга ёки беодоблик қилишга журъат этгандек. Оғзимни ҳам очмадим-ку билсангиз. Одамлар Сиздаги сабр-бардош ва очиқкўнгилликни синовга солиб безор қилишса, ўз ҳис-ҳаяжонлари билан Сизни чарчатишса аччиғим келади, нима энди шунга мени айблаш керакми? Манави кўйлакни, – деди у онасининг пуштиранг бант қадалган оқ кўйлагини жомадондан оларкан, – кийишингиздан олдин дазмоллаш керакми дейман-да, анчагина ғижим бўлипти.

Хоним қизариб кетди, бу унга ниҳоятда ярашди. Чеҳрасига ҳайратланарли тарзда ёшлик-қизлик гўзаллигини ато этди: у йигирма ёшида қандай бўлганлигини дарҳол тасаввур қилса бўларди. Текис қошлари остидаги майин боқувчи кўзлари, бежирим бурунчаси, ёқимли кичкина оғзи мана шу қизиллик таъсирида бир неча сонияга бутун тароватини юзага чиқарди. Кекса хоним юзига инган қизиллик туфайли амтманнинг ёқимтой қизи, етимларининг онаси, Вольпертсҳаусдаги балнинг маликаси бирданига кўзга ташланди.

Кестнер хоним қора ёмғирпўшини ечди, энди қизи кўрсатган анави кўйлакка ўхшаган, ундан-да башангроқ оқ кўйлакда турарди. Ҳаво иссиқ кунларда (ҳозир кунлар худди ёздагидек эди) у ўзига хос ҳавас билан фақат оқ кўйлакда юрарди. Аммо қизининг қўлидаги кўйлак оч пуштиранг бант билан безатилган эди. Икковлари ҳам юзларини беихтиёр четга буришди: онаси кўйлакдан, қизи эса, онасининг юзидаги қизилликни кўриб, бу уни шу қадар лобар қилиб юборганидан ҳасади келди.

– Э, йўқ, – деди хоним қизи Шарлоттанинг таклифига жавобан, – ортиқча ташвишнинг кераги йўқ! Бу креп жавонда осилиб турса, ўзи текис бўлиб қолади. Ким билсин, ҳали мен уни кияманми-йўқми.

– Нега энди киймас экансиз? – деди қизи, – унда буни нега олиб келдингиз? Шунинг учунки, имкон туғилиб қолса, сўзсиз уни киясиз, ойижон. Тағин битта савол беришга ижозат беринг, кўйлакнинг кўкраги ва енгидаги очиқ рангли бантларни сал тўқроқ, масалан, нафармон ранглисига алмаштирмайсизми? Бирпасда алмаштириб тикардик…

– Қўйсанг-чи, Лотхен! – шоша-пиша эътироз билдирди хоним. – Сен, қизгинам, ҳазилни тушунмайсан. Менга айт-чи, қизим, мен ўйлаган мана шу кичкина маъноли ҳазил, эътиборни тортишга енгил ишоранинг нимаси сенга ёқмайди? Айтишга изн бер: юморни бу даражада, яъни сендек тушунмайдиган одамларни кам учратганман.

– Одам ўзи билмайдиган ёки кам биладиган кишиларда бу туйғуни тахмин қилиши тўғри эмас, – жавоб берди қизи.

Катта Шарлотта тағин нимадир деб эътироз билдирмоқчи бўлган эди, Клерхен кириб уларнинг суҳбати бўлинди. У иссиқ сув келтирди ва графиня Ларишнинг оқсочи яхшигина қиз эканлигини, улар биргаликда бемалол тил топишиб кетишларини қизғин тушунтира кетди. Бундан ташқари, анави ғалати жаноб Магер уни ишонтирган эмишки, “Ринальдо” деган ажойиб асарни ёзган одам, яъни жаноб Гётенинг қайниси кутубхоначи Вульпиусни албатта кўришим мумкин экан. У кутубхонага бораётганда бунга кўрсатаркан, ҳатто исми ўша роман қаҳрамони шарафига қўйилган, Ринальдо деган ўғлини ҳам мактабга кетаётганида кўрса бўларкан.

– Жуда яхши, – деди  хоним, – вақт анча кеч бўлди, икковларинг, сен Лотхен, Клерхен ҳамроҳлигида Эспланадага, Амалия холангникига бориб, бизнинг келганимиз ҳақида хабар беринглар. У етиб келганимизни билмайди, Готада, Либенауникида ушланиб қолишди, деган ўйда тушдан кейин ёки кечқурун бизни кутади, биз у ерда тўхтамадик. Бор, болам, Клерхен йўлни яхшилаб билиб олсин, холагинангни мен учун ҳам ўп, жиянларинг билан шу орада дўстлашиб ол. Мен, кекса аёл, бир-икки соат дам олишим зарур, сал ўзимга келиб олай, орқаларингдан бораман.

У гўё ярашиш белгисидек қизини ўпди, оқсоч қизнинг таъзимига бош ирғаб жавоб қайтарди ва ёлғиз ўзи қолди. Кўзгу олдида сиёҳдон билан ручка бор эди. У ўтириб бир варақ қоғоз олди, ручкани сиёҳдонга ботирди-да, боши қилтиллаганча олдиндан ўйлаб қўйган сўзларни тез-тез ёзди:

“Юксак мартабали дўстим! Синглимни кўриш учун қизим Шарлотта билан шаҳрингизга бир неча кунга келган эканман, истагим қизимни Сизга кўрсатиш билан бирга, ҳар биримиз ўзимизга насиб қилганича яшаганимиз мана шу узоқ йиллар мобайнида жаҳонга машҳур бўлган чеҳрага яна бир бора назар ташласам бахтиёр бўлардим. Ваймар, “Фил” меҳмонхонаси, 16 йилнинг 22 сентябри. Шарлотта Кестнер, асли Буфф”.

У хат устига қум сепди-да, бир зум кутди, кейин варақнинг чеккаларини ичига қайириб, яхшилаб бекитди ва манзилни ёзди. Шундан кейингина қўнғироқ ипини тортди.

 

 

Иккинчи боб

 

Шарлотта анчагача тинчлана олмади, тўғриси тинчланишга унчалик интилмади. Кўйлагини ечиб, катта жун рўмолни устига тортди-да, кичкина чодир остидаги кроватлардан бирига чўзилди, ўткир ёруғликдан ҳимояланиш учун – деразаларга қора парда тутилмаган эди – кўзларини рўмолча билан бекитди-да, киприкларини юмди. Шу аснода у ақл билан иш тутиб, яхшиси уйқуга кетиш ўрнига қалбини яна-да ларзага солувчи ўйлар билан банд бўлди, айни мана шу ёшликка хос мулоҳазасизлик орадан йиллар ўтган бўлса-да, унда сақланиб қолган қатъийликнинг белгиси ва исботи бўлиб туюлди, бундан у мамнун бўлиб ўзича жилмайиб қўйди. Қачонлардир ўша йигитнинг унга қолдирган хайрлашув хатчасида ёзилган: “Мен эса, севимли Лотта, кўзларингизда менинг ҳеч қачон ўзгармаслигимга бўлган ишончни ўқирканман, бундан бахтлиман” деган сўзлари ёшлигимизда ичган онти бўлиб, аслида биз бундан ҳеч қачон юз ўгиролмаймиз. Бу вақт синовига бардош берди, бизлар қандай бўлсак, шундайлигимизча қолдик, қариган бўлсак, жисмонан, зоҳиран қариганмиз, ҳеч нарса ички дунёмизни ўзгартиришга, йиллар тўфони оша олиб ўтаолган телбаларча “мен”имиз устидан ҳукмронлик қилишга қодир эмас. Ёшимиз бир жойга бориб қолганда кузатувлар қилиш юракка таскин, негаки бу қарилик рутбамиздаги ёруғ ва иболи сиримиз ҳисобланади. Мана энди қари аёл бўлиб ўтирибсан, ўзингни масхаралаб шундай деб атайсан ва эрингга туғиб берган тўққизинчи фарзанд – йигирма тўққиз яшар қизинг билан сафарга чиққансан. Бироқ манави ерда ётибсан, ўқувчи қизнинг юраги жинниларча шўхлик олдидан қандай ҳаяжонга тушса, сенинг ҳам юрагинг шундай дукиллаб урмоқда. Шарлотта бундай ҳолатга мафтун бўладиган одамларни кўз олдига келтирди.

Кичик Лотхеннинг бундай қалб ҳаяжонига гувоҳ бўлишини яхшиси тасаввур қилмаган маъқул.

Ярашиш белгисидек ўпганига қарамасдан, она унинг ҳазилни тушунмаслиги, кўйлак ва ундаги бантга пичинг қилгани, айниқса, шундай арзирли мақсадни кўзлаган сафарни “ғайриоддий” дея танқид қилгани учун қизидан ҳалиям хафа эди. Ҳаддан ташқари сезгир одамни бирга олиб юриш ноқулай, унинг назарида бу саёҳат фақат “Ўша одам” учунгина ўйлаб топилган, у ниқобдан бўлак нарса эмас, деб гумон қилади. Сенга дилингни оғритадиган даражада назар солишса, тўғрироғи, кўз остидан қарашса янада ёқимсиз туюлади, ҳаракатларингнинг турли-туман кўринишлари ичидан фақат мулойимлик билан кўз юмиб ўтиладиганларини кўришади, фақат ўшаларнигина тан олишади, очиқ айтиладиганларини эса, улар ҳарқанча арзирли бўлмасин, қуруқ гап деб ҳисоблашади.

Шарлотта бу тахлит фикрлашнинг, эҳтимол, ҳар қандай таҳқирловчи хўрликларини алам билан ҳис этди ва буни фақатгина қизидаги бошқаларга эл бўлолмаслик қусуридан излади.

Ўша “сезгирлар”, ўйлади у, ҳеч нарсадан қўрқишмайдими? Буни найза деб тасаввур қилсак-да, уни тескари айлантирсак, улардаги “сезгирлик”нинг асл сабаблари кўзга ташланиб қолади ва бунинг ҳақиқатпарварлик эмаслиги аён бўлади. Кеккайган Лотхендаги совуққонликни зийрак назар билан кузатилса, унда ҳам унчалик ёқимли бўлмаган хилма-хил фикрларни уқиш мумкин. Онасининг қисматига ёзилган ташвишлар бу арзанда қизнинг бошига ҳали тушмаган, феъл-атвори шу бўлса, бундай қисмат унга насиб этиши ҳам даргумон. Машҳур учликнинг бошига тушган, шундай қувноқ, шундай хотиржам бошланган ташвишлар кейинчалик биттасининг жиннилиги боис изтиробли бесаранжомликни келтириб чиқарган, улуғ, саховатпеша қалбнинг сабот билан енгиб ўтган синовларига айланиб кетди ва бир кун келиб – о, мағрурона умидсизлик! – бутун дунёни забт этиб, кўкларга кўтарилди, мавжудликнинг олий шаклига эга бўлди, қизнинг қалби бутун инсониятни ларзага келтирди, бунинг устига ўша пайтда жар солганларидек, уни хавф-хатарли ҳайрат тўрига ўради.

Фарзандлар қаттиққўл, ўйлади Шарлотта, онанинг шахсий ҳаётига тоқатлари йўқ: худбинларча билдирилган ҳурмат-эҳтиром муҳаббатни наф­ратга айлантиради, агар унга аёлларга хос ҳасад аралашса, яъни онанинг қалб кечинмаларига, бу кечинмаларнинг жаҳоний шон-шуҳратига нисбатан масхараомуз норозилик кўринишидаги ҳасад аралашса, бу, албатта, кўнгилга унчалик ўтиришмайди. Йўқ, расмиятчи Лотхен, ўша куни эри хизмат сафарига кетганда кечқурун у келгани, гарчи у рождество байрамигача кўринмаслиги лозим бўлса-да, барибир келганида онаси ҳис этган даҳшатли ажойиб ва жинояткорона ширин туйғуни ҳеч қачон ҳис этолмайди, ўшанда у беҳудага дугонасини чақиртирмоқчи бўлган, ўша билан ёлғиз қолишга мажбур бўлган, у Оссиан қўшиқларини ўқиётиб, ўз азоблари устига қаҳрамонларнинг изтиробларидан қийналиб ўқишдан тўхтаган, чорасизликдан бунинг оёқларига йиқилиб, кафтларини ўз кўзларига, шўр пешонасига босган, бу ҳам ич-ичидан унга ачиниб, унинг қўлларини қаттиқ қисганида ёнаётган ёноқлар бир-бирига тегиб кетган маҳалда борлиқ гўё ғойиб бўлган, у буни бағрига босганича нималарнидир шивирлаётган лабларини қайноқ бўсаларга кўмиб ташлаган…

Шунда Шарлотта, бу нарсани ўзи ҳам тушуниб етмаганини эслади. Бу буюк ҳақиқат эди, у кўзини рўмолча билан бекитганча ўша воқеаларни майда-чуйдалари билан аралаштириб юборди ва буларда ҳеч қандай жўшқинликни кўрмади. Ўша телба йигит ундан фақат битта бўсани ўғирлаган эди ёки агар шу ифода икковларининг ҳам ўша пайтдаги ҳолатларига тўғри келса. Ўшанда қуёш тиғи остида малина тераётганларида у буни ярим бепарво, ярим жўшқин эҳтирос билан ўпган эди, у тез ва юракдан, илҳом ва ғайриназокат билан ўпган, бу ҳам қаршилик кўрсатмаган эди. Лекин шундан кейин бу ўзини бу дунёда ҳам худди нариги дунёдагидек тутди, – ҳа, айнан шу боис у ерда мудом яхши хулқли сиймо бўлиб қолавериши мумкин, чунки бу ерда ўзини инжиқ қизга маъқул келадиган даражада яхши тутди. Чунки у ҳарқанча юракдан чиққан бўлмасин, кишини хижолат қиладиган, бемаъни, ман этилган, ишончсиз, бошқа дунёдан келган бўса эди, дайди шаҳзоданинг бўсаси эди, унинг учун қиз ҳам беҳад яхши, ҳам беҳад ёмон эди. Дайдилар дунёсидан келган шўрлик шаҳзоданинг кўзларида, бунинг кўзларида ҳам кейин ёш айланган бўлса-да, қиз унга беғараз норозилик билдирди: “Вой, уятсиз! Бунақа қилиқ ортиқ такрорланмасин, акс ҳолда дўстлигимиз барҳам топади! Билиб қўйсин, бу гап орамизда қолмайди, бугуноқ ҳаммасини Кестнерга айтаман!” Йигит қанча ялинмасин, қиз ўша куниёқ буни суюклисига етказди, негаки у билиб қўйсин: бунга анави сабабчи эмас, балки бунинг ўзи рухсат берди. Альберт буни алам билан тингласа-да, улар кейин суҳбат жараёнида ўзларининг оқил, ажралмас жуфт эканликларини эътиборга олиб, ардоқли учинчининг жиловини қаттиқроқ тутиш ва унга ҳақиқий вазиятни тушунтириб қўйиш лозим, деган қарорга келишди.

Бўса олган куннинг эртасига, тўғрироғи, учинчи кунида унаштирилган жуфт уни қуруққина кутиб олган лаҳзадаги афт-ангорини Шарлотта мана ҳозир шунча йиллардан сўнг юмуқ киприклар оша ҳайратомуз аниқ кўриб турарди. Ўшанда у кечқурун соат ўнда, улар икковлари уй олдида ўтиришганда гул кўтариб келган, улар гулни шу қадар илтифотсиз қабул қилишган эдики, у гулларни отиб юборган ва қулоқ эшитмаган беҳуда гапларни пичинг аралаш тўкиб ташлаган эди. Пудра сепилган, қулоқлари устига ёйилиб тушган сочлари остида юзи ғалати бўзариб кетган эди: катта ғамгин бурни, аёлларникидек оғзи ва  майин иягидаги мўйлабнинг ингичка сояси-ю, бурнига нисбатан кичик кўринадиган маъюс боқиб турган кўзлари, уларнинг устидаги фавқулодда чиройли, шоҳимисол ялтироқ қора қошлари ҳамон кўз олдида.

Бўса олган кундан кейин учинчи куни қиз уни шу ҳолатда кўрган ва куёви билан келишиб олишганидек, шуни эсингда тут, мендан яхши дўстликдан ортиқ бирор нарсани умид қилма, дея қуруққина қилиб тушунтирган эди. Буни ўзи ҳам билмасмиди? Унда нега қиз шу гапларни айтганида юзлари шалвираб, оқариб кетдики, кўзлари ва шоҳисимон қошлари оқарган юзида янада қорароқ бўлиб, кескин кўзга ташланди? Ушбу умидсиз, содда юз ифодасини ёдга оларкан, Шарлотта ҳаяжонли табассумини рўмолча остига яширди. Бу воқеани у ўша куни кечқуруноқ Кестнерга айтиб берган, шундан сўнг икковлари келишиб, эркатой девонага, икки кишининг, унинг ва Кестнернинг таваллуд кунлари, яъни абадиятга дахлдор йигирма саккизинчи август муносабати билан Ҳомернинг чўнтак нашри ва унда ҳам бирор нарса бўлсин, деган мақсадда кўйлакдаги бантни юборишган эди…

Сарой маслаҳатчиси хоними рўмолча остида қизариб кетди ва ўқувчи қизнинг олтмиш уч ёшли юраги дукиллаб ура бошлади. Онаси ишни пухта ўйлаб қилганини, “Лотта кўйлаги”нинг такрори, яъни янги тайёрлаган кўйлагидаги бант ўрнини атайлаб бўш қолдирганини кичик Лотхен ҳали билмайди. У ерда бант йўқ эди, ўша жой бўш эди, у анави хаёлпаришон йигитда эди, қиз куёви билан келишиб, таскин бўлсин, дея бантни унга жўнатган, у бўлса бундай бебаҳо тортиқни минглаб бўсаларга кўмган эди… Акаси Карлнинг ҳамшираси онасининг бундай сир-асрорларидан хабар топса, кинояомуз лабини буриб қўйган бўларди! Ахир буларнинг ҳаммаси ҳалол, садоқатли отасининг хотираси учун қилинган эди-да, бир вақтлар у бу ҳадяни на фақат маъқуллаган, балки ўзи шунга ундаган, инжиқ шаҳзода туфайли қанча азобларга бардош берган бўлса-да, сал бўлмаса унинг суюкли бойлигини ўғирлаб кетмоқчи бўлган кимса жўнаб кетгач, Лотхенга қўшилиб йиғлаган эди.

“У кетди” дейишди улар бир-бирларига, кечаси ва тонгда ёзилган хатчани ўқишгач: “Сизларни бахтли ҳолда қолдираман, дилларингизда яшаб қоламан… Хайр, минг бора хайр!” “У кетди” дейишди улар навбатма-навбат ва болалар ниманидир йўқотгандек хонама-хона юришар, “у кетди” дея тинмай такрорлашарди. Хатчани ўқиганда Лоттанинг кўзларига ёш қалқди, у куёвидан бекитмасдан бемалол йиғлайвериши мумкин эди, негаки Кестнернинг ҳам кўзлари намланди, у кун бўйи дўсти ҳақида гапирди: гоҳида ғалати одатлари бўлса-да, қандай ажойиб инсон, баъзи ҳолларда ёқимсиз, аммо турган-битгани даҳо, ҳайратланарли даражада ўзига хослиги билан кишини қайғуришга, унга ғамхўрлик қилишга, чин дилдан олдида бош эгишга мажбур қилади.

Кестнер мана шундай одам эди. Шарлотта миннатдорлик билан унга интилди, унга янада қаттиқроқ суянди, чунки у жўнаб кетган кимса учун Лотта йиғлаганида буни табиий ҳол деб ҳисоблади! Мана ҳозир, кўзларини юмиб ётаркан, унинг бесаранжом қалбидаги миннатдорлик туйғуси бор илиқлиги билан янгиланди. Гўё ишончли суянчиққа интилгандек унинг танаси ҳаракатга келди ва лаблари ўшанда айтилган сўзларни такрорлади: “Унинг кетгани яхши бўлди” такрорлади у, “у четдан келган ортиқча учинчи, барибир у хоҳлаган нарсани мен унга беролмасдим”. Унинг Альбертига бу сўзлар ёқди, чунки у кетган кимсанинг афзаллиги ва табиий шукуҳини худди Лотта сингари кучли ҳис этган, ҳатто биргаликда бахтли бўлиш ҳақидаги оқилона қарорларидан ҳам шубҳаланишгача бориб, ўзини танлайдими ёки шаҳзоданими, буни ўзи ҳал қилсин, деган мақсадда, менга берган сўзингни қайтиб олишинг мумкин, дея хат ҳам ёзган эди. Ва бу танлади, бу танлаш эдими! Айнан уни, ўз тенгини, ўзига аталган қисматдошини, Ҳанс Христианини танлади. Бунинг сабаби фақат севги ва садоқатнинг алданиб қолиш устидан ғолиб келгани эмас, балки учинчининг сирли феъл-атвори олдидаги, табиатидаги аллақандай ғайриоддийлик ва ишончсизлик олдидаги қўрқув кучи ҳам уни тутиб қолди, бунга у аниқ ном тополмади ва кейинроқ унинг ўз-ўзидан норози бўлган шикоятидаги “мақсадсиз ва қўнимсиз дайди…” сўзларини топди. Қизиқки, мана шу дайди шундай ёқимтой, очиқкўнгил, самимий йигит бўлиши мумкин эканки, болалар тинмай уни қидиришиб, “у кетди” дея хафа бўлиб юришди.

Ўша кезлардаги кўплаб ёзги манзаралар рўмолча остида Шарлоттанинг тасаввурида жонланди, янги, нурли бир кўринишда ярқ этиб кўзга ташланди-да, яна хиралашди. Бир куни Кестнер хизматдан бўш бўлган пайтда булар билан биргаликда учовлашиб сайрга чиққанларида, тоғ чўққисидан туриб қамишлар оралаб буралиб оқаётган дарёни, қалин дарахтлар билан қопланган тепаликларни, бутун гуллаётган водийни, кичик-кичик қишлоқларни, қоровул минораси, монастирь деворлари-ю, қаср харобаларини томоша қилиб, биргаликда табиатнинг қайноқ нафасидан ҳузур-ҳаловат топган пайтларда у бепоён олам ҳақида сўзлар ва кулгили қилиқлар қилар, шунда келин-куёвлар кулгидан ҳатто юролмай қолишарди. Ўтлоқда ёки уйда китоб ўқишган соатларда у севимли Ҳомеридан ёки “Фингал қўшиғи”ни ўқиётиб бирданига кўтаринки илҳом оғушида кўзлари ёшга тўлар, китобни улоқтириб юбориб, столга мушт туширар, кейин буларнинг ҳайрон бўлганларини кўргач, хохолаб кулиб юборарди… Икковлари, Вертер ва Лотта ёлғиз қолганларидаги қилиқлари-чи, – у қизга хўжалик ишларида кўмаклашиб, томорқада ловия териб, Немис диний жамоасига қарашли боғда олма узиб юрганларида яхшигина бола, меҳрибон дўст дейсиз, борди-ю, ички аламларини тўкиб сола бошласа, уни тартибга чақириш учун биргина назар ёки бир оғиз қаттиқ сўз кифоя қиларди. Шарлотта ҳозир ҳаммасини, уни, ўзини кўриб турар, унинг қилиқларини, юз ифодасини, ҳайқиришларини, кўрсатмаларини, ҳикоялари-ю, ҳазил-ҳузулларини, “Лотта!”, “Азизам Лотхен!” дея мурожаат қилишларини, ўзининг “Бунақа қилиқларини бас қилсин! Яхшиси дарахтга чиқиб олмаларни саватимга ташласин!” деган овозларини аниқ эшитарди. Лекин ажабланарлиси шу эдики, бу манзаралар ва хотираларнинг бениҳоя аниқлиги ҳамда ёрқинлиги, деталларнинг тўлақонлилиги, агар таъбир жоиз бўлса, бевосита эмас эди; хотира дастлаб буларнинг ҳаммасини сақлаб қолишга қодир бўлмаганидан, вақт ўтиб уларни қисмма-қисм, сўзма-сўз қайта дунёга келтиради. Улар таҳлил қилинади, қайта таъмирланади, майда-чуйда қисмларигача авайлаб тикланади, ялтиратиб пардозланади, ҳар қандай шубҳа-гумонларга қарамасдан гўё келажакда ҳеч бир кутилмаганда эга бўладиган маъноси шарафига ёқиладиган машъалалар нурига чўмади.

Ўша хотиралар таъсирида юзага келган ва ёшлик дунёсига саёҳатнинг табиий ҳосиласи бўлган юрак уриши остида ҳаммаси бир-бирига аралашаиб, маза-матрасиз тушларга айланиб кетди ва эрта бошланган кун ҳамда йўлдаги силкинишлар натижасида ҳолдан тойган олтмиш уч яшар аёлни ширин мудроқ икки соат давомида ўз бағрига олди.

Ўз ташвишларини, ўзи ётган бегона меҳмонхона бўлмасини, ёшлик дунёсига бораётган йўлдаги бу оддий бекатни бутунлай унутиб ухларкан, муқаддас Яъқуб саройи черковининг соати ўн ва ўн яримга занг урганда ҳам Шарлотта ухлашда давом этарди. У биров уйғотмасидан олдин, гўё кимдир уни огоҳлантиришга шошилиб бу ёққа яқинлашаётгандек ўзи ҳушёр тортиб уйғониб кетди, эҳтимол уйқусининг бузилиши кутиб қолган синглиси туфайли эмас, балки уни ҳаяжонга солган бошқа томондан хабар келганми, деган ярим қувончли, ярим ташвишли туйғу туфайли бўлмаганида у бунчалик безовталанмасди.

У ўтириб соатга қаради, вақт анча кеч бўлиб қолганини билиб қўрқиб кетди ва миясини фақат тезроқ қариндошларникига йўл олиш керак, деган ўй эгаллади. Эндигина пардоз-андозини тузатиб олишга киришган ҳам эдики, эшик тақиллади.

– Нима гап? – сўради у эшик олдига келиб шикоят ва норозилик оҳангида. – Кириш мумкин эмас!

– Бу менман, холос, ҳурматли хоним! – дейишди эшик ортидан. – Мен, Магерман. Безовта қилганим учун узр, қимматли хоним, гап шундаки, мисс Гэзл деган битта хоним, ўн тўққизинчи хонадан, англиялик хоним, бизнинг меҳмонимиз…

– Хўш, ундан кейин-чи?

– Мен тинчингизни бузишга журъат қилмаган бўлардим, – гапида давом этди Магер, – бироқ мисс Гэзл қимматли хонимнинг шу шаҳарда, бизнинг уйимизда эканликларидан хабар топиб, у билан учрашувга атиги бир неча дақиқага вақт ажратишларини ўтиниб сўрайди.

– Ўша хонимга айтингки, – деди Шарлотта ичкаридан туриб, – мен ҳали кийинмаганман, тайёр бўлганим заҳоти кетишим зарур, беҳад афсусдаман.

Шу сўзларнинг тасдиғи учун атайлаб енгил ёмғирпўшини елкасига ташлади, шу йўл билан бостириб киришларини қатъий даф қилишни кўзда тутган, бироқ бу қўлидан келмаган тақдирда ҳам тўсатдан кириб қолишса тайёргарликсиз ўтиришни истамади.

– Бу гапни мисс Гэзлга айтишим шарт эмас, – жавоб берди Магер йўлакдан туриб, – ҳамма гапни ўзи эшитиб турибди. Мана, у ёнимда. Гап шундаки, мисс Гэзл атиги бир дақиқага бўлса ҳам ҳурматли хонимни кўрмоқчи.

– Лекин мен у хонимни танимайман! – хитоб қилди Шарлотта бироз норози оҳангда.

– Айнан мана шунинг учун, – эътироз билдирди Магер, – ардоқли хоним агар изн берсалар, мисс Гэзл улар билан бирров танишиб олишни ниҳоятда муҳим деб ҳисоблайди. “She wants to have just a look at you, if you please”[11]  деди у сунъий товушда гўё ўзга тилда илтимос қилувчига айлангандек, афтидан бу ҳолат ихтиёрни воситачи қўлидан олиб, ўзи ҳаракат қилишга туртки берди шекилли, шу заҳотиёқ ташқаридан болаларча баланд овоздаги ҳаяжонли бидир-бидир эшитилди, сўзлар оқими тинай демас, балки аниқ талаффуз қилинган “most interesting, highest importance”[12] сўзлари тўхтамай жаранглар эдики, аста-секин қамалдаги кимса яхшиси ён бериш ва унга кўриниш керак, деган қарорга келди. Шарлотта унга инглиз тилида жавоб қайтариб, вақтини ўғирлашига имкон яратиш ниятида эмас эди. Шундай бўлса-да, у ўзининг енгилганини ярим ҳазил оҳангида: “well, came in, please”[13] дейиш билан ҳақиқий немислигини кўрсатди ва Магернинг “Thank you so very much”[14] деганига кулиб юборди, шу сўзларни айтаркан, у эшикни катта очиб, таъзим қилганча мисс Гэзлни ичкарига олди.

– Oh dear, oh dear![15] – деди қувноқ ва ўзига хос кўринишли жиккаккина аёл. – You have kept me waiting – Сиз мени куттириб қўйдингиз, but that is as it should be[16]. Мақсадимга етиш учун бундан ҳам кўпроқ тоқат қилишимга тўғри келган.  I am Rose Cuzzle. So glad to see you[17]. Оқсоч қиздан эшитганим заҳотиёқ, тушунтира кетди у, Кестнер хоним шу шаҳарга бугун келгани, айни шу меҳмонхонада, ундан икки хона наридаги хонада яшаётганини билгани заҳотиёқ у ҳеч иккиланиб ўтирмай югуриб келганмиш. Кестнер хонимнинг “In German literature and philosophy”[18] қандай роль ўйнагани унга кундек равшан эмиш (“I realise”[19]). “A celebrity, and that is my hobby, you know, the reason I travel”[20] Кестрнер хоним гўзал чеҳраларини мана шу хотиралар альбомига тезгина чизиб олишимга рухсат берадиларми?

У кенг форматли, бўз муқовали альбомни қўлтиқлаб олганди. Қип-қизил, жингалак сочлари ҳурпайган, сепкил босган қирра бурунли юзи ҳам қип-қизил, бўлиқ, аммо хушбичим лаблари орасидан оппоқ, соғлом тишлари кўриниб турар, кўзлари кўк-яшил, гарчи улар гоҳида ғилайдек туюлиб кетса-да, ёқимлигина эди. Устида енгил, гулдор матодан антик услубда тикилган кўйлак, унинг бурмали ортиқча қисмини шлейф[21]дек қўлида тутиб турар, худди бурнига ўхшаб сепкил босган кўкраги кўйлак ёқасидан сакраб чиқиб, думалаб тушадигандек туюларди. Елкасига юпқа шол рўмол ташлаб олган эди. Шарлотта уни кўринишдан йигирма беш ёшларда деб ўйлади.

– Қизгинам, – деди қизнинг ғайриодатий дадиллигидан соддалигига бориб бироз дили оғриган Шарлотта, шундай бўлса-да, асилзодаларга хос тоқатни намойиш қилишга қарор қилди. – Қизгинам, мендек оддий бир аёлга шунчалик қизиқиш билдираётганингиздан миннатдорман. Сиздаги қатъийликдан мамнунлигимни ҳам қўшиб қўйишимга рухсат беринг. Кўриб турибсиз, менинг меҳмон кутиб олишга, буни қўятурайлик, портрет чиздириш учун қиёфада туришга мутлақо имконим йўқ. Мен кетмоқчиман, меҳрибон туғишганларим кутиб қолишди. Сиз билан, ўзингиз айтганингиздек, қисқа фурсатга бўлса-да, танишганимдан хурсандман, афсуски, ўзим ҳам шуни талаб қилишга мажбурман. Бир-биримизни кўрдик, ортиқчаси келишганимизга монелик қилади. Энди хуш келибсизнинг ортидан дарров хайр-хўшлашишга рухсат этинг.

Мисс Роза унинг сўзларини тушундими-йўқми, билмаймизу, ҳарқалай у бунга заррача ҳам эътибор қилмади. Шарлоттани “dear” билан кўкларга кўтараркан, ғалати бўлиқ лабларини тўхтовсиз қимирлатиб, ўзининг эркин, кулгили-аслзодача тилида бу ерга келишдан мақсадини Шарлоттага тушунтиришга уринар, уни ҳам ҳақиқий изқувар ва коллекционернинг жўшқин ҳаётига олиб кириш ниятида эканлигини изҳор қиларди.

Аслида у ирланд эди. Саёҳати давомида расмлар чизарди, бундан мақсад ва кетадиган харажат орасидаги тафовутни фарқлаш қийин эди. Чамаси объектнинг машҳурлиги туфайли мададдан воз кечмасликка унинг таланти етарли эмас эди, лекин жўшқинлик ва амалий идрок кучли эдики, шу орқали ўз санъатини чидам билан такомиллаштиришга интиларди. Шунинг учун у давр тарихи юлдузлари кетидан чопар, донғи кетган жойларни излаб топиб, уларнинг суратини альбомига киритар, имкони борича уларни моделларнинг имзолари билан тасдиқлатиб оларди. Шарлотта уни тинг­лаб ўтириб ҳайрон қолди: бу қиз қаерларда бўлмаган дейсиз. У Арколь кўпригини, Афинадаги Акрополни, Кёнигсбергдаги Кант туғилиб ўсган уйни кўмир билан чизган эди. Эллик фунт тўлаб прокатга олган шалоқ қайиқда ўтириб Плимуд рейдида “Беллерефонт” кемасининг палубасида император Наполеоннинг қиёфасини қоғозга туширган, ўшанда у тантанали тушликдан сўнг қўлида тамакидон билан палубага чиқиб келган эди. Сурат унча ўхшамаган, буни ўзи ҳам тасдиқлади: атрофида тиқилиб ётган қайиқлар, улардаги “урра” деб қичқираётган эркаклар, аёллар, болалар, тўлқинда чайқалиш, шу билан бирга, императорнинг палубада қисқа муддат бўлиши оқибатида расм чиройли чиқмаган эди, қаҳрамон учбурчак шляпа, этаклари ҳилпираб турган сюртукда худди қийшиқ ойнада акс этгандек: тепадан босиб яссилаб қўйилгандек кулгили бир тарзда энига чўзилиб кетгандек эди. Шунга қарамасдан, рассом тарихий кемадаги таниш зобит орқали унинг дастхатини, ёки тўғрироғи, дастхат деб ҳисобласа бўладиган ажи-бужи ёзувини олишга муваффақ бўлган эди. Ҳерцог Веллингтон уни шундай шарафга муяссар қилган эди. Вена конгрессидан ҳам яхшигина ўлжа унган эди. Мисс Розадаги фавқулодда тезкорлик ҳар қандай банд одамга ҳам иш орасида унинг талабларини қондиришга имкон яратарди. Князь Меттерних, жаноб Талейран, лорд Кестерри, жаноб фон Ҳерденберг сингари Европанинг кўплаб вакиллари шундай қилишган. Шоҳ Александр ялтирбоши атрофида диккайиб турган сийрак сочларидан рассом гўё дафна япроғидан қилинган чамбар ҳосил қилгани учун уни тан олган ва ўзининг пучуқ бурун билан безанган қиёфасини имзо қўйиб тасдиқлаган. Рахил фон Варнҳаден, профессор Шеллинг, князь Влохер фон Вальштадтнинг портретлари бу қиз Берлинда вақтини бекорга ўтказмаганидан дарак бериб турарди. У ҳамма жойда вақтдан унумли фойдаланган. Бўз муқовали альбом яна анча-мунча ўлжаларни ўз бағрида яширган эдики, буларни у эсанкираб қолган Шарлоттага кўрсатиб изоҳларди. Ваймарнинг шон-шуҳрати, “of this nice little place”[22] донғи кетган немис маданиятининг ўчоғи ўзига мафтун қилгани учун бу шаҳарга келибди, унинг учун бу ер машҳурларни овлашнинг қулай манзили эмиш. Бу ерни кеч топганидан афсусланди. Кекса Виланд, шунингдек, улар “great preacher”[23] деб атайдиган Ҳердер ва “the man who wrote the “Räuber”[24] ўлиб кетиб, унинг қўлидан чиқиб кетишган. Унинг қайдларига қараганда бу ерда овлашга арзийдиган жаноб Фальк ва Шютце сингари  ёзувчилар ҳам ҳаёт эканлар. Шиллернинг бевасини, шунингдек, Шопенҳауер хонимни ва сарой театрининг икки-учта таниқли актрисалари – Энгельс ва Ларцингни альбомга туширишга улгурган. Ҳайгендорф хоним, яъни Ягеманнга ҳали етолмабди, шу мақсад сари у шунчалик тиришиб интилибдики, бир дилбар аёл орқали ҳатто саройга ҳам йўл топишдан умидвор экан – буюк княгиняга, яъни валиаҳд шаҳзоданинг рафиқасига йўл олиш учун алоқа ипларини топишга муваффақ бўлганмиш. Энди Гётега келсак, унинг номини у кўпчилик қатори шунақа қўрқинчли талаффуз қилдики, Шарлотта дастлаб ким ҳақида гап бораётганини англаб етмади, рассом унинг изига тушгану, бироқ ўлжа ҳали тутқич бермаяпти. Машҳур роман қаҳрамони, таниқли “модель”нинг бугун эрталабдан бери шу шаҳарда, шу меҳмонхонада, деярли қўшни хонада эканлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, уни ток ургандек бўлди – нафақат объетнинг ўзи қўлга тушди, балки бу билан танишлигидан фойдаланиб, – бу гапни у очиқчасига айтди – икки, ҳатто учта қуённи бирданига қўлга туширса бўлади: шубҳасиз, Вертернинг Лоттаси “Фауст” муаллифи томон йўл очади, кейингиси бир оғиз сўз айтса кифоя, Шарлотта фон Штайннинг эшиклари ланг очилади. Мазкур хонимнинг Ифигения тимсолига муносабати ҳақида ёзиб қўйган, German literature and philosophy бўлимидаги қайдлари эслашга арзигулик нарсалар бўлиб, рассом қиз уларни Штайн хонимнинг тимсоллар подшолигидаги отдошига жон-жон деб кўрсатди.

Шундай бўлдики, Шарлотта, енгил оқ ёмғирпўшида мисс Роза Гэзл билан олдиндан келишиб олганларидек, бир неча дақиқа эмас, балки қирқ беш дақиқани биргаликда ўтказди. Жиккаккина қиздаги содда жозиба ва қувноқ шижоатга маҳлиё бўлиб, у қўлга киритган, қайнаб-тошиб намойиш қилаётган ўлжаларнинг улуғворлигидан лол бўлиб ўтираркан, Шарлотта тушунолмасди, бундай санъат спортини арзимас бир машғулот деб ҳисоблаш керакми ёки унга шунчаки қўл силтаб қўяқолган маъқулми, нима бўлганда ҳам, юксак доираларга дахлдорлик шарафли туйғу, бунинг нафаси мисс Гэзлнинг “Ов китоби”дан келиб турипти, шу китоб саҳифаларидаги улуғлар қаторидан жой олиш ҳам фахр. Хуллас, қиздаги қувноқликнинг қурбони – Шарлотта кретон[25] қопланган иккита оромкурсилардан бирида жилмайиб ўтирганча жаҳонгашта рассомнинг бидирлашларини тинглар, бу бўлса унинг рўпарасида ўтирволиб суратини чизарди.

Қиз бу ишни маҳорат билан, нозик чизиқларда бажарар, ҳаракатлари дадил бўлса-да, чизгани ҳамиша ҳам дидига мос келавермасди чоғи, катта ўчирғич билан ўчириб ташлар, бироқ бундан зинҳор асабийлашмасди. Гапираётган гапларига дахли бўлмаган сал ғилайроқ кўзларига қараш Шарлоттага ёқарди. Узоқ юртлар ҳақида, машҳур кишилар билан учрашувлари ҳақида гапираётганда чўччайган лаблари ва улар орасидан кўриниб турган оппоқ тишларининг ялтираши, юм-юмалоқ кўкракларининг кўриниши кишига қувноқ тетиклик бағишларди. Бу ҳолат ҳам беозор, ҳам қизиқарли эди, шунинг учун Шарлотта аллақачон кетиши лозимлигини бир муддат унутди. Агар бу ташрифдан кичик Лотхеннинг дили хира бўлганида ҳам, онасининг руҳий хотиржамлиги ҳақида қайғуришини норозилигининг асосий сабаби қилиб кўрсатолмасди. Англосаксон уруғига мансуб бу қизгинадан хавфсираш жоиз эмас: у бундай нарсадан йироқ. Бу кишига хотиржамлик ва у билан мулоқотга ўзига хос жозибадорлик бағишлар эди. Фақат у гапирди, Шарлотта уни берилиб тинглади. Роза иш асносида валдираб ҳикоя қилган бир воқеадан ҳузур қилиб кулди, бир куни у Абруцция тоғларида қароқчиларнинг Боккаросса исмли атаманини ўз коллекциясига киритишга муваффақ бўлган, ботирлиги ва шафқатсизлиги билан ном қозонган босқинчи ўзига кўрсатилган эътибордан кўнгли юмшаб, ўз жанговар қиёфаси тасвиридан болаларча қувониб кетиб, воронка шаклидаги милтиқлардан ўқ узиб, мисс Роза шарафига салют беришни қароқчиларига буюрган ва тўдаси ҳаракат қиладиган ҳудуддан кузатиб қўйишни та­йинлаган экан. Альбомдаги ҳамроҳининг ёввойи, унинг фикрича, хийла мағрурона мардлиги Шарлоттага жуда хушёқди. Воқеаларга берилиб кетганидан Магернинг қаердан пайдо бўлиб қолганига ҳайрон бўлишга ҳам ақли етмаган Шарлотта унга тикилиб қолди, улар суҳбат ва кулги билан бўлиб, унинг бир неча бор эшикни тақиллатганини эшитишмаган экан.

– Beg your pardon[26], – деди Магер. – Халақит берганим учун узр. Бироқ жаноб доктор Ример қимматли хонимга ўз ҳурмат-эҳтиромини изҳор қилишдан беҳад мамнун бўлишини етказиб қўйишимни сўради.

 

Учинчи боб

 

Шарлотта шоша-пиша оромкурсидан турди.

– Магер, Сизмисиз? – сўради у гангиган алфозда. – Нима бўлди? Жаноб доктор Ример дейсизми? Ким у жаноб доктор Ример? Нима, яна меҳмон олиб келдингизми? Эс-ҳушингиз жойидами? Ахир бу мумкин эмас! Соат неччи бўлди? Вақт жуда кеч бўлди-ку! Болагинам, – мурожаат қилди у мисс Розага, – дўстона гурунгимизни тугатишимиз зарур. Аҳволимни қаранг! Тезроқ кийинишим ва кетишим керак. Мени кутиб қолишди! Хўп, хайр! Сиз эса, Магер, анави жанобга айтингки, мен меҳмон қабул қиладиган ҳолатда эмасман. Мени кетди, денг…

– Хўп бўлади, – деди Магер, бу орада мисс Роза бемалол ўз иши билан машғул эди. – Хўп бўлади, қимматли хоним. Бироқ ҳурматли хоним ушбу жаноб ҳақида бирор нарса биладиларми-йўқми, шунга ишонч ҳосил қилмагунимча буйруғингизни бажаролмайман.

 

– Нимани билишим керак! – қичқирди Шарлотта жаҳли чиқиб. – мени ҳар қанақа танишларингиз билан тинч қўясизми-йўқми? Менинг мутлақо вақтим йўқ. Айтинг ўша жаноб доктор…

– Ҳозироқ айтаман! – жавоб берди Магер итоаткорлик билан. – Аммо қимматли хонимни хабардор қилиб қўйишни ўз бурчим деб биламан: гап жаноб Ример, доктор Фридрих Вильҳелм Ример, жаноб яширин маслаҳатчи зоти олийларининг котиби ва ишончли кишиси ҳақида бормоқда. Эҳтимолдан ҳоли эмаски, жаноб доктор элчи бўлиб…

Шарлотта довдираганча Магерга тикилди, юзлари қизариб, бошининг қалтираши кучайди.

– Ҳа, шундайми, – деди у бўшашиб. – Барибир, у жанобни қабул қилолмайман, ҳеч кимни кўришни истамайман, менга айтинг-чи, Магер, мен жаноб докторни қабул қилишим мумкинлигини тасаввур қилганингизда нимани ўйладингиз? Мисс Гэзлни бу ерга зўрлаб тиқиштирдингиз, энди эса, дуруст кийинмаганим етмагандек, манави тартибсизлик устига доктор Римерни ҳам қабул қилайми?

– Бу ноқулайликнинг иложини топамиз, – жавоб берди Магер. – Иккинчи қаватда суҳбатхонамиз бор. Мен қимматли хонимнинг розилигига умид боғлаб, қимматли хоним пардоз-андозини тўғрилаб олгунларича жаноб доктор ўша ерда кутиб туришларини илтимос қилган эдим, кейин эса, қимматли хонимни ўша ерга бир неча дақиқага кузатиб қўйиш учун рухсат сўрамоқчи эдим.

– Ишонаманки, – деди Шарлотта, – манави гўзал қизга бағишланган дақиқалар ҳақида сўз бормаяпти. – Қизгинам, – мурожаат қилди у мисс Гэзлга, – ҳалиям ўтириб чизаяпсизми… Аҳволимни кўриб турибсиз. Ёқимли учрашув ва суҳбат учун Сизга чин дилдан ташаккур, аммо чизиб улгурмаган жойларни энди хотирадан тиклайсиз…

Унинг тавсияси ортиқча экан. Мисс Роза тишларини кўрсатиб жилмайганча, бўлдим, деди.

– I’m quite ready![1] – хитоб қилди у қўлларини олдинга чўзганча ўз асарини кўзларини қисиб томоша қиларкан. – I am ready[2]. Кўрасизми?

Биринчи навбатда буни Магер кўришни истади ва яқин келди.

– Ниҳоятда зўр сурат, – баҳо берди у билимдон киши қиёфасида. – Аҳамиятга молик ҳужжат.

Ўзини тартибга келтириш билан банд Шарлотта янги асарга бир кўз қирини ташлади.

– Ҳа, ҳа, жуда яхши, – деди у. – Шу менми? Ў, ҳа, албатта, ўхшашлик бор. Имзом керакми? Беринг бу ёққа, фақат тезроқ…

У тик турганча альбомнинг бурчагига тезкорликда Наполеонникидан қолишмайдиган имзо чекди. Ирланд қизнинг хайр-хўшига шошилинч бош қимирлатиш билан жавоб қайтарди. Магерга эса, жаноб доктор Ример яна бир неча дақиқа сабр қилиб турсин, дея тайинлади.

Кўчалик кийимларини кийиб, пардоз-андозини қилгач, шляпа ва мантилья[3]да, қўлида сумка ва соябон билан хонани тарк этди, Магер уни йўлакда кутиб турарди. У хонимни иккинчи қаватга бошлаб тушди-да, ўз одатига кўра эшикни очиб, уни суҳбатхонага ўтказди, у ерда кутиб турган меҳмон стулдан турди ва цилиндрини стул ёнига қўйди.

Доктор Ример – қирқ ёшлардаги, ўрта бўйли, қалин, жигарранг, яккам-дуккам оқ оралаган сочлари чаккаларига ёйилган, бир-биридан узоқ жойлашган кўзлари салгина бўртиб турган, гўштдор тўғри бурни, юмшоқ оғзи атрофида шикоятомуз, норози ифода акс этган одам эди. Устида тўғри ёқаси бўйнига ёпишиб турган сюртук, пике[4] нимчаси орасидан бўйинбоғи кўриниб турарди. Оппоқ кўрсаткич бармоғини муҳрли узук безаб турган қўли чарм шокилали ҳассанинг тутқичидан ушлаб турарди. Боши бир томонга қийшайган эди.

– Камина қулингиз, қимматли хоним, – деди у эгилиб жарангдор бурун товушида. – Бесабрлик қилиб ҳузурингизга югуриб келганим мутлақо кечириб бўлмайдиган ҳолат, бунинг учун ўзимни гуноҳкор деб биламан. Бу тахлит ўзини тутолмаслик, айниқса, ёшлар мураббийсига тўғри келмайди. Нимаям қилардик, ахир вақти-вақти билан ичимда шоир “қани тезроқ бўл” деб турса. Сизнинг ташрифингиз ҳақидаги хабар шаҳарга тарқалгани заҳотиёқ қалбимда енгиб бўлмайдиган истак пайдо бўлди, тезроқ бориб марҳаматли хонимга ўз эҳтиромимни изҳор қилгим, номи ватанимизнинг маънавияти тарихи билан, таъбир жоиз бўлса, руҳиятимизнинг шаклланиши билан чамбарчас боғлиқ бўлган инсонни шаҳримизга хуш келибсиз, дегим келди.

– Жаноб доктор, – деди Шарлотта унинг таъзимига муносиб тарзда тантанавор жавоб қайтараркан, – Сиздек хизмати сингган инсоннинг эъти­бори, шубҳасиз, бизни мамнун қилмасдан қолмайди.

Унинг қандай хизматлар қилгани Шарлоттага бирмунча қоронғи бўлгани боис бироз саросимада қолди. У Римернинг ёшлар мураббийси эканини эслатганидан қувонди, аммо унинг шоир эканлиги янгилик эди. Шу билан бир вақтда бу маълумотлар унда ўкиниш ёки нотинчлик туйғусини уйғотдики, булар унинг энг асосий, энг муҳим хислатини – унга қилган буюк хизматини гўё кўздан яшираётгандек эди. Ўз шахсининг қиммати ва улуғворлиги фақат шу хизмат билан чекланмаслиги лозимлигига у катта аҳамият бераётганини Шарлотта дарҳол сезди ва бу унга тантиқлик бўлиб туюлди. Ҳарҳолда у тушуниб етиши керак, Шарлотта учун унинг аҳамияти муҳим савол билан боғлиқ: у анави ёқдан бирон хабар билан келганми ёки йўқми? Шарлотта суҳбат йўсинини устомонлик билан шу саволнинг ечими томон буришга қарор қилди, унинг кийиниши шу мақсадга йўналтирилганлигидан мамнун бўлиб сўзида давом этди:

– Сиз ўзингизнинг бетоқатлигингиз деб атаган нарсани мен олийжаноб шижоат сифатида қадрлайман, бунинг учун Сизга миннатдорчилик билдиришга рухсат этинг. Ростини айтсам, менинг Ваймарга келишимдек ғайрирасмий воқеа ҳақидаги хабар Сизнинг қулоғингизга етиб боргани мени ҳайрон қолдирмоқда. Ўз-ўзимдан сўрайман: ким Сизга бу хабарни етказиши мумкин? Эҳтимол, синглим, камерал маслаҳатчининг хонимидан эшитгандирсиз? – шоша-пиша қўшиб қўйди у, – ўшаникига кетаётгандим, кечикканимни кечиради, деб ўйлайман, чунки мен унга шундай дилкаш ташриф ҳақида гапириб бераман-да, бундан ташқари, узримни қабул қилиши учун, бошқа унча муҳим бўлмаган, бундан олдинги учрашувни ҳам айтиб бераман: битта жаҳонгашта рассом қиз мендек кекса аёлнинг портретини тезгина чизишни истаб қолди, назаримда, у бу ишни қойилмақом қилиб бажара олмади. Ахир ўтирсак бўлмайдими?

– Ҳа, ҳа, – жавоб берди Ример ҳалиям стул суянчиғини тутиб тураркан, – афтидан қимматли хоним, бир неча чизиқ тортиш билан катта нарса яратишни хоҳлайдиган, истак ва амали мос келмайдиган табиатли кимсалардан бирига йўлиққан кўринасиз.

Ҳамма нарсани чизгиларда бериш

Менинг одатим

дея у шеър ўқиди. – Демак, кўряпманки, мендан олдин ҳам келишган экан, агар бошқалар ҳам мендек бетоқат бўлганларини билгач, ўзимни маълум маънода таскин топгандек ҳис этсам, унда менга насиб қилган қимматли лаҳзалардан тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлигини янада кўпроқ англайман. Албатта, одам ўз мақсадига қийинчилик билан етса, унинг қадри ошади, иқрор бўламанки, қимматли хоним, Сизнинг ҳузурингизга йўл топиш мен учун осон кечмади, шунинг учун Сизни кўришдек бахтдан ҳам осонликча воз кечолмайман.

– Осон кечмади? – ҳайрон бўлиб сўради Шарлотта. – Менимча, бу ерда улаш ва ечиш ҳуқуқи берилган одам, Магерни айтаман, кўринишдан ҳечам цербер[5]га ўхшамайди.

– Эҳтимол, – деди Ример. – Аммо ҳурматли хоним ўзлари ишонч ҳосил қилсинлар!

Шу сўзларни айтиб, у хоним ётоқхонасининг деразаси сингари бозор майдонига очиладиган дераза олдига Шарлоттани бошлаб борди-да, крахмалланган пардани кўтарди.

Тонгда ўзи келган пайтда бўм-бўш бўлган майдон ҳозир тўда-тўда бўлиб меҳмонхона деразасига кўз тиккан одамлар билан лиқ тўла эди. Айниқса, меҳмонхонага кираверишда кўп одам тўпланган, иккита фельдфебель кириш йўлагидан одамларни нари итаришга ҳаракат қилишар, ҳунармандлар, ёш савдо ходимлари, бола кўтарган аёллар, шунингдек, обрўли жаноблар тирбанд бўлишган, уларга ёш йигит-қизлар келиб қўшилишмоқда эди.

– Худо ҳаққи, – деди Шарлотта, унинг боши қаттиқ қалтирай бошлади, – ким керак уларга?

– Сиздан ўзга ким ҳам керак бўларди, хоним, – жавоб берди доктор. – Сизнинг келганингиз ҳақидаги хабар яшин тезлигида тарқалган. Сизни ишонтириб айтаманки, марҳаматли хоним ўзлари ҳам бунга гувоҳ бўлиб турибдилар, шаҳар худди чумолининг бузилган уясига ўхшайди. Ҳар бир киши Сиздан таралаётган нурдан бир чимдим баҳраманд бўлишдан умидвор. Дарвоза олдидаги одамлар Сизнинг чиқишингизни кутиб туришипти.

Шарлотта оромкурсига беҳол чўкди.

– Ё Парвардигор, – деди у, – буларни менинг бошимга йиққан ана шу ярамас Магердан ўзга ҳеч ким эмас. У бизнинг келганимиз ҳақида ҳаммаёққа бонг урган. Анави кўчманчи расмчини айтмайсизми, йўл очиқ пайтида чиқиб кетишимга тўсиқ бўлди. Манави пастдаги одамлар, жаноб доктор, наҳотки кекса бир аёлнинг уйини қамал қилишдан ўзга ишлари йўқ, ахир мен ўзимни ғаройиб бир ҳайвон қилиб кўрсатмаган бўлсам, ўз шахсий юмушларимдан бошқа ниятим бўлмаса.

– Улардан ранжиманг! – деди Ример. – Бундай ур-сур оддий қизиқувчанликдан кўра анчайин улуғвор туйғуларни, чунончи, халқимиздаги миллатнинг олий интилишларига соддаларча садоқатни, маънавиятнинг юксаклигини англатадики, борди-ю бу ерга иқтисодий мақсадлар аралашаиб қолган тақдирда ҳам юксак маънавият ўзидаги шодлик ва меҳр туйғусини йўқотмайди, – сўзида давом этди у Шарлотта билан хона ичкарисига қайтаркан, – агар оломон ўзининг соддаларча ишончи туфайли азалдан маънавиятдан нафратланган бўлса-ю, энди маънавиятни қадрлаш, унинг фойдали эканлигини англаб етиш учун ўзига мос йўл топган бўлса, бундан биз қувонишимиз керак эмасми? Одамлар кўп келиб кетадиган шаҳарчамиз немис даҳосининг обрў-эътибори орқасида сезиларли фойда кўради, бутун дунё даҳо деганда шаҳримизни тушунса, бизлар, яъни шу ерлик аҳоли учун битта шахсда мужассамлашган. Агар халқ қачонлардир беҳуда ҳисоблаган нарсани энди аста-секин қадрлай бошласа, бадиий маҳсуллар ва улар билан боғлиқ ҳамма нарсани ўз мулки деб қабул қилса, бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Бошқа оломон сингари буларга ҳам маънавият мевалари етиб бормаса, улар биринчи навбатда, шу асарлар ким учун ёки ким туфайли яратилган бўлса, ўшаларга ҳурмат бажо келтиришади.

– Назаримда, – жавоб берди Шарлотта, – Сиз бир қўлингиз билан уларга берган нарсани иккинчи қўлингиз билан тортиб оляпсиз. Чунки Сиз шундай нохуш қизиқувчанликни юксак истаклар деб асосламоқчи бўлдингизу, бир вақтнинг ўзида ана шу яхши томонларни моддий-таъмагирлик асосларига буриб юбордингиз, бу нарса мени заррача ҳам хурсанд қилмайди, аксинча, дилимни оғритади.

– Ҳурматли хоним, – деди у, – одамдек дудмал зот ҳақида очиқ-ойдин гапиришнинг ҳеч иложи йўқ, бундай баҳо бериш унинг инсонийлигига хиёнат қилиш бўлмаса керак. Менимча, агар одам ҳаётнинг фақат қувончли ва ижобий томонларинигина кўрмасдан, унинг ички томонидаги кўримсиз, чалкаш жиҳатларига ҳам назар ташласа, бундай одамни тирноқ остидан кир қидирувчи эмас, балки ҳаётнинг қадрига етувчи деб ҳисобламоқ лозим. Анави пастда турган бекорчиларнинг ёнини олишга барча асосларим бор, негаки юксак ижтимоий мавқеим билангина мен улардан фарқланаман, борди-ю ҳавас қилгулик даражадаги тасодиф туфайли ҳозир Сизнинг ҳузурингизда ўтирмаганимда эди, мен ҳам ана шу қора оломон орасида турган бўлардим. Одамларни бу ерга олиб келган шижоат мени ҳам, – назаримда анча кўтаринки ва такомилига етган ҳолатда – ҳаракатга келтирди, бундан бир соат олдин сочимни текислайтуриб сартарош менга шаҳардаги шов-шувли хабарни, эрталаб соат саккизда почта извошида Шарлотта Кестнер келиб “Фил” меҳмонхонасида тўхтаганини маълум қилди. Худди сартарош сингари, худди бутун Ваймар аҳли сингари мен ҳам бу ном нимани ифодалашини яхши биламан, эшитдиму, тўрт девор ичида қамалиб ўтиролмадим. Ўзимга ҳисоб бериб улгурмасданоқ дарҳол кийиндим-да, Сизга ўз ҳурматимни изҳор этиш учун бу ёққа шошилдим – бу бегона бўлса-да, қисмат орқали қариндошнинг, ҳатто уканинг, ҳаёти эркакларга хос йўсинда дунёни лол қолдирган улуғ ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ инсоннинг, – келгуси авлод буюк даҳонинг беқиёс хизматларини тилга олганда бунинг номи ҳам, унинг дўсти, ёрдамчиси сифатида тилга олинадиган кимсанинг укалик ҳурматидир.

Кўнгли бироз хижил бўлган Шарлоттага Ример бу мағрурона сўзларни айтганда мийиқларидаги ажинлар қуюқлашгандек туюлди, гўё бундай баландпарвоз талабни келажак авлод бажармаслиги мумкин деган ишончсизлик унда ҳукмрон эди.

– Ҳа, энди, – деди Шарлотта докторнинг тоза қирилган юзига боқиб. – Сартарошингиз, чамаси, вайсақи одамга ўхшайди. Бу унинг касб-корига мос келади. Бир соат олдин дейсизми? Бундан чиқадики, жаноб доктор, ғирт уйқучи билан танишиб турган эканман-да.

– Бўйнимга оламан, – жавоб берди Ример хомуш жилмаяркан.

Улар Буюк ҳерцог портрети остидаги стол олдида турган суянчиғи ўйма нақшли стулларга ўтиришди. Ҳерцогнинг ҳали ёш пайтидаги сурати эди, у узун қўнжли этикда, кўкрагида орден лентаси, турли-туман ҳарбий эмблемалар осиб ташланган қадимий постаментга суяниб турарди. Оддий жиҳозланган, бой мифологик нақшлар билан оро берилган хонани енгсиз, узун бурмали кўйлакдаги Флора[6]нинг ганч ҳайкали безаб турарди. Мармар безаклар билан қопланган, чўзинчоқ оқ печка қаршидан гўё Флоранинг жуфтига ўхшарди.

– Бўйнимга оламан, – сўзида давом этди Ример, – тонг уйқуси – ­менинг жону дилим. Агар заиф томонга риоя қилмоқ деб айтиш мумкин бўлса, мен шу иборани қўллаган бўлардим. Биринчи хўроз қичқириғидаёқ тўшакни тарк этмаслик – имтиёзли ижтимоий мавқедаги эркин кишига хос бўлган белгидир. Мен кун ёришиб кетгунча ухлашни ўзимга эп кўраман, ҳатто Фрауенпланда яшаганимда ҳам шундай қилардим. Хўжайин менга шунақа эркинликни бериб қўйган эди, ўзи бўлса, аниқ белгиланган – расмиятчи демайман – вақтда мендан бир неча соат олдин ўрнидан турарди. Биз, одамларнинг феъл-атворимиз ҳар хил. Бири ҳаммадан олдин туриб ишни бошлашдан ҳузур-ҳаловат топади, бошқаси эса, ҳатто ҳожат қистаётган бўлса ҳам, Морфей[7]нинг қучоғида эркаланиб ётавергиси келади. Энг муҳими, одамларнинг бир-бирига сабрли бўлиши, тан олиш керак, гарчи сабрлилик ҳамиша ҳам яхшилик келтирмаса-да, устоз буюкликни сабрдан топади.

– Яхшилик келтирмайди, дейсизми? – сўради Шарлотта ташвишланиб.

– Наҳотки шундай деган бўлсам? – ҳайрон бўлди Ример хонани паришонхотир кўздан кечираркан, бир-биридан узоқ жойлашган, салгина бўртиб турган кўзлари билан Шарлоттага тикилди. – Унинг ёнида ўзингни аъло даражада ҳис этасан, акс ҳолда мендек таъсирчан одам деярли тўққиз йил давомида узлуксиз у билан бирга ишлашга тоқат қила олармиди? Ҳа, ҳа, аъло даражада ҳис этасан. Маълум бир фикрлар борки, улар дастлаб ошириб-тошириб изҳор қилишни талаб қилишса, кейин худди шундай қатъий чеклашни талаб қилади. Бу – ўзига зид томонни ўзида мужассам этган зарурият. Ҳақиқат, марҳаматли хоним, ҳамиша ҳам мантиқ билан қаноатланмайди, ҳақиқатга содиқ қолиш учун гоҳида ўз-ўзингга қарши чиқишингга тўғри келади. Шу гапларни мен ҳозир сўз юритганимиз инсоннинг шогирди сифатида айтаяпман, холос, ҳа, шундай. У баъзан ўзига қарши мулоҳазалар акс этган гапларни айтади, бу энди ҳақиқатга садоқатми ёки ўзига хос аҳдидан қайтишми, ҳазилкашликми, нима бўлганда ҳам буни билмайман ва билишга қудратим ҳам етмайди. Менимча, биринчисини тўғри десак маъқул бўлади, чунки унинг фикрича одамларни йўлдан оздиришдан кўра келиштириш қийинроқ ва тўғрироқ… Мен бундан четга оғишдан қўрқаман. Менга келсак, унинг ҳузурида ҳис этадиган улкан бахт­ни таъкидлар эканман, ҳақиқат тарафида бўламан, шуниси борки, бунда ҳам оғир қарама-қаршиликка дуч келасан киши, бу шундай оғир туйғуки, жойингда ўтиролмай қочиб қолгинг келади кишининг. Қимматли хоним, булар мустаҳкам зиддиятлар, улар тўққиз йилдан бери, ўн уч йилдан бери сақланиб келмоқда, чунки уларнинг ўрнини, Муқаддас ёзувларда айтилганидек, ҳар қандай ақлдан юқори турувчи муҳаббат ва ҳайрат эгаллади.

У тўхтаб қолди. Шарлотта жим эди, биринчидан, гапнинг давом этишини истаётган бўлса, иккинчидан, унинг ҳам мужмал, ҳам ранжиган-илмоқли хабарларини ўзининг узоқ ёшликдаги хотиралари билан қиёсларди.

– Ундаги бардошлиликка келсак, – яна гап бошлади Ример, – ундаги беғамлик демаслик учун, – кўриб турибсиз, мен мантиқий фикр юритаяпман, калаванинг учини йўқотмаяпман, – демоқчиманки, бунда насронийликка хос, кенг маънодаги насронийликка хос итоаткорликдан келиб чиқадиган бағрикенглик билан, кенг маънодаги насронийликка хос бўлган ўз гуноҳкорлигини ҳис этиш ва шу гуноҳларнинг кечирилишига умид боғлаш туйғусини фарқлаш лозим ёки бу ҳам эмас, аслида мен, муҳаббатдан келиб чиқадиган бағрикенглик билан бефарқлик, нописандлик келтириб чиқарган бағрикенгликни кўзда тутган эдим, бу нарса кишига қаттиққўллик ва муросасизликдан ҳам кўра кўпроқ таъсир қилади, ҳатто уни Тангри юборган тақдирда ҳам унга тоқат қилиб бўлмасди ва у вужудингни тилка-пора қиларди. Ҳатто ўшанда ҳам, бизнинг тушунчамизга кўра, бир чимдим муҳаббат сақланиб қоларди, бу ерда эса ўша ҳам йўқ, аслини олганда, бардошлилик муҳаббат ва нафрат билан чамбарчас боғлиқ бўлади ва унда ҳеч қандай илоҳийлик сезилмаса-да, у Худо томонидан юборилганлиги учун унга на фақат тоқат қилишади, балки бир умр унга сиғинишади… Бу билан нима демоқчиман? Нега биз бу ҳақда гап бошладик, менга эслата оласизми? Мен бир зумга калавамнинг учини ҳарқалай йўқотганимга иқрорман.

Шарлотта унга қаради, у нозик қўлларини ҳасса тутқичига суяб, бақрайган ҳорғин кўзларини бўшлиққа тикканча ўтирарди, шунда Шарлотта аниқ-равшан тушуниб етдики, Ример бу ерга унинг учун келмаган, балки устози, хўжайини ҳақида гапириш мақсадида ундан фойдаланиб қолмоқчи бўлган, эҳтимол шу йўл билан ҳаёти давомида юк бўлиб келаётган кўп йиллик жумбоқни ечишга яқинлашмоқчи бўлгандир. У бирданига ўзини, ҳамма далил-исботларни кўриб турган ва ўзини-ўзи алдашлардан нафратланадиган кичик Лотхен ўрнида ҳис этди ва ҳатто ундан узр ҳам сўрамоқчи бўлди, негаки у ўз-ўзига, биз иродамиздан ташқари бўлган зийраклигимиз учун айбдор эмасмиз, бундай зийраклик гоҳида панд беради, деярди. Сендан бор-йўғи восита ўрнида фойдаланаётганлари ҳам ёқимли туйғу эмас, шу билан бирга, у бу одамга таъна қилишга ҳаққи ҳам йўқ эди, чунки Ример уни деб келмагани сингари бу ҳам уни деб учрашувга розилик бермаган. Ахир Шарлоттани ҳам бу ерга бошлаб келган нотинчлик, ўтмиш ҳақидаги ҳал этилмаган, бирданига кучайиб кетган, мудом безовта қилиб келган хотиралар, уларни қайта жонлантириш ҳамда ғайриоддий усулда ҳозирги кун билан боғлашга бўлган бетайин истак эди. Икковларининг ҳам, меҳмон ва унинг ҳам мақсадлари бир эди, аслида келишиб олгандек, бу ерда топишишларининг сабаби икковларига азобли бахт ато этувчи, асабларини таранг ҳолга олиб келган жумбоқли учинчи киши бўлиб, бу жумбоқнинг тубига ҳар икки томон биргаликдаги ҳаракат билан бир илож қилиб етишлари мумкин эди. Шарлотта зўрма-зўраки жилмайиб деди:

– Ҳурматли жаноб доктор, калаванинг учини йўқотиб қўйганингизга ҳеч ҳам ҳайрон қолмаса бўлади, чунки Сиз инсонга хос бўлган шунчаки оддийгина одат – уйқучилигингиздан сўз очиб, уни бу қадар кенг қамровли, одоб-ахлоққа доир муҳокама-ю мунозарага айлантириб юбордингиз. Ичингиздаги олим Сиз билан қаттиқ ҳазиллашди. Хўш, нимада тўхтаган эдик? Сиз аввалги тўққиз йиллик лавозимингиздаги уйқучилигингизни нима деб атасангиз ихтиёрингиз – мен уни шунчаки одат деган бўлардим – ҳозир адашмасам, давлат хизматидасиз, гимназияда ўқитувчилик қиласиз, тўғрими? Сиз кўринишдан катта аҳамият берадиган аввалги қизиқишингизни ҳозирги фаолиятингиз билан қандай қўшиб олиб борасиз?

– Ҳарҳолда амаллаяпмиз, – жавоб берди у оёқларини чалиштирб, энди икки учидан ушлаб турган ҳассасини тиззаси устига қўяркан, – ҳарҳолда аввалги, янгисига нисбатан беқиёс маълуму машҳур вазифамга ҳурмат юзасидангина унга эгалик ҳуқуқини талаб қилмасликка интилаяпмиз. Ҳурматли хоним тўғри тушунибдилар, – деди у қаддини ростларкан, чунки олдинги ҳолатда ўтираверишни ноқулай деб ҳисоблади ва шахсан ўзларига ҳурмат юзасидан бир дақиқа шу ҳолатда турди, – тўрт йилдан бери шу гимназияда хизмат қиламан, ўз уйимда яшайман. Яшаш тарзини бу тахлит ўзгартириш зарурият бўлиб қолди. Буюк инсон хонадонидаги менинг ҳаётим ҳарқандай моддий ва маънавий афзалликларга қарамасдан ўттиз тўққиз ёшдаги одам учун гап маълум маънода энг нозик туйғу бўлган эркаклик ғурури масаласига бориб тақалади, ҳурматли хоним, демак, нима бўлганда ҳам ўз кучим билан оёққа туришим керак эди. Мен, нима бўлганда ҳам деяпман, негаки менинг орзу-истакларим бунақа ўртамиёна ўқитувчиликдан кўра хийла юқорироқ эди, мен устозликнинг юксакроқ поғонасини – университетда фаолият юргизишни, ҳурматли устозим, ҳаллелик машҳур мумтоз филолог Вольф изидан боришни кўзлаган эдим. Аммо бундай бўлмади, мана ҳалигача аҳвол шу. Бу ғалати туюлиши мумкин, шундайми? Менинг яширин маслаҳатчи билан кўп йиллик ҳаммага маълум ҳамкорлигим олий орзуимга етишишда энг қулай трамплин вазифасини ўташи мумкин, деган фикрга ҳам борса бўлади – шундай улуғ ва нуфузли дўстлик ва ҳомийлик орқасида немис олий ўқув юртларидан бирида ўзим истаган ўринни осонгина эгаллаб олишим мумкин, деса бўлар? Адашмасам, Сизнинг кўзларингиздан худди шу саволни ўқияпман. Нима ҳам деяолардим. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: қанча кутмайин, қанча ҳисоб-китоб қилиб кўрмайин, бундай имтиёз, бундай мадад, бундай ўз сўзимни айтиш имконияти менга насиб қилмади. Ортиқча куйиб-ёнишлардан энди нима наф? Тўғри, гоҳида – эҳ афсус! – кечаю кундуз шу ҳақда ўйлаб бош қотираман, бироқ бу пуч хаёллардан фойда йўқ, улар ҳеч қандай натижага олиб ҳам бормайди. Улуғ инсонлар ўз ёрдамчиларининг шахсий ҳаёти ва шахсий бахти ҳақида, ёрдамчилар уларга ва уларнинг ишларига ҳарқанча фойда келтирган тақдирда ҳам, қайғуриб ўтиришмайди. Афтидан, улар аввало ўзлари ҳақида жон куйдиришади, агар борди-ю улар ва уларнинг ижоди учун бизнинг хизматимизнинг муҳимлиги тарозу палласини босиб кетса, биздаги шахсий қизиқишларга зид ҳолда, бизга бўлган эҳтиёж, ноёблигимиз ғалаба қилади ва бу бизга шунчалик ғурур бағишлайди, шунчалик ёқимли бўладики, истасак-истамасак уларнинг нуқтаи назарига, уларнинг иродасига аччиқ, аммо фахрли қувонч билан бўйсунамиз. Мана, масалан, яқинда менга Росток университетида бўш ўринни таклиф қилишди, мен рад қилишга мажбур бўлдим.

– Рад қилдингиз? Нега?

– Негаки мен Ваймарда қолишни истадим.

– Унда, жаноб доктор, шикоят қилишингизга ҳожат йўқ.

– Нима, мен шикоят қилаяпманми? – яна ҳайрон бўлиб сўради Ример. – Ниятим зинҳор бу эмас эди, Сиз мени  нотўғри тушундингиз шекилли. Мен бор-йўғи ҳаётдаги, кўнгиллардаги қарама-қаршиликлар ҳақида мулоҳаза юритаяпман, холос ва у ҳақда ақлли аёл билан гурунглашишни ниҳоятда қадрлайман. Ваймардан кетиш? Йўқ, йўқ! Мен уни яхши кўраман, унга боғланиб қолганман, ўн уч йил давомида бу шаҳарнинг ўз кишисига айландим. Ўттиз ёшимда Римдан келдим, у ерда элчи жаноблари фон Ҳумболднинг болаларига тарбиячилик қилардим. Унинг тавсияси билан бу ерга келганим учун ундан миннатдорман. Камчиликлари ва қоронғи томонларими? Ваймарда ҳам бани башарга, биринчи навбатда кичик шаҳарликларга хос бўлган камчилик ҳамда қоронғи томонлар мавжуд. Эҳтимол саройдаги калтафаҳмларнинг, калондимоғ ва қолоқ кимсаларнинг ини ярамасдир, бу ерда ҳам ҳамма одамга бошқа ҳамма жойдагидек яшаш қийиндир, эҳтимол янада қийинроқдир, юқорида одатдагидек ўғрилар ва фирибгарлар, эҳтимол яна ҳам баттарлари ўтиришипти. Аммо Ваймар равнақ топишга имкон бераоладиган шаҳар, гапнинг рости, ўзим яшай оладиган ва яшашни истайдиган бошқа жойни тасаввур қилолмайман. Унинг диққатга сазовор жойларидан бирортасини кўрдингизми? Саройни? Экзерцирплац[8]ни? Театримизни? Паркдаги дарахтларни-чи? Э, ҳали буларни кўришга улгурасиз. Торгина кўчаларимизнинг кўпчилиги қинғир-қийшиқлигига ҳайрон бўласиз. Четдан келган одам ёдда тутмоғи керакки, биздаги диққатга сазовор жойлар шунчаки ўз-ўзидан эмас, балки Ваймарники бўлганлиги учун диққатга сазовордир. Меъморий нуқтаи назардан қаралса, сарой мақтагулик эмас, театрни янада салобатлироқ кўргимиз келади, экзерцирплац энди бемаъниликдан ўзга нарса эмас. Бундоқ қараганда, нима сабабдан мендек одам бутун умрини мана шунақа жинкўчалар ва ҳаракатдаги декорациялар ичида тентираб ўтказаётганига, ўзини шуларга боғлиқ деб ҳисоблаётганига тушунолмайсан киши, шуларни деб ҳатто ёшликдан қалбимда ардоқлаб келган орзу-истакларим рўёбидан ҳам воз кечдим. Росток масаласига қайтаман, негаки, Сиз, қимматли хоним, менинг бунга рад жавоби берганим сабабларини унча яхши англамаган кўринасиз. Биласизми, мен буни маълум бир тазйиқ, яъни вазият тазйиқи остида рад қилдим. Ушбу таклифни қабул қилиш менга ман этилган эди – онгли равишда номаълум шахсни қўллаяпман – шундай нарсалар борки, ҳеч ким уларни бировга ман қилмайди, улар ўз-ўзидан ман қилинган бўлади, ҳарҳолда ман этиш сен боғлиқ бўлган одамнинг назари ва юз ифодасида намоён бўлиши мумкин. Ҳурматли хоним, ҳар ким ҳам ўз йўли билан кетиш учун, ўз ҳаёти билан яшаш учун, ўз бахтини ўзи яратиш учун туғилмаган ёки тўғрироғи, одам ҳеч нарсани олдиндан билмайди, ўзича режалар тузади, умид-орзулари кетидан югуради, бир кун келиб қарайдики, унинг ўз шахсий ҳаёти, шахсий бахти барча орзу-истаклардан воз кечишдан иборат экан. Бундай одам учун мантиққа зид равишда, шахсий жиҳатлар – ўзлигидан воз кечиш, ўзига ҳам, ўз ишларига ҳам дахлдор бўлолмайдиган ишга хизмат қилишдан иборат. Сабаби, бу мутлақо шахсий иш, бу шундай шахски, унга ғайриихтиёрий, итоатгўйларча хизмат қилинади, устига устак, бу фавқулодда юксак эътибордан келиб чиққан ҳолат бўлиб, бу замондошлар ва келгуси авлод назарида шундай ҳайратангиз ишга хизмат қилиш билан боғлиқ бўлади. Ғайритабиий обрў-эътибор! Одамнинг обрў-эътибори ўз шахсий ҳаёти билан яшашида, майли, оддийгина бўлса-да, ўз иши билан шуғулланишида, деб эътироз билдириш мумкин. Бироқ қисмат менга икки хил, яъни аччиқ ва ширин обрў-эътибор мавжудлигини ўргатди, мен бўлсам мардларча аччиғини танладим, аслида қисмат инсон учун бирор йўлни танлаб, унга бошқа илож қолдирмаганидан кўра одам ўз йўлини ўзи танлагани маъқул. Тақдирнинг бу тахлит амрига мослашмоқ, у раво кўрган йўлга кўникмоқ учун, агар таъбир жоиз бўлса, аччиқ ва ширин обрў-эътибор ўртасида бир битимга келиш лозим, гарчи биздаги мағрурлик ширинини хоҳлаб турса ҳам. Биздаги эркакларга хос худбинлик шу томонга тортиб туради, худди мана шу нарса менинг ўша хонадондаги ҳаётимга чек қўйган келишмовчилик ва норозиликларга сабаб бўлди ва менда ҳечқачон интилиш бўлмаган гимназияда ўқитувчилик қилишга кўникишга мажбур қилди. Мана Сизга битимлардан бири – ҳарҳолда буни бошлиқларимиз ҳам тан олишади, лотин ва юнон тили дарслари жадвалга, у ердан кетган бўлсам-да, ҳалигача давом этиб келаётган фахрли хизматим ҳисобга олинган ҳолда қўйилади, масалан, бугунгига ўхшаган кунларда у ерда менга зарурият бўлмайди, шунда мен тонгда тўйиб ухлашдек дунёвий имтиёздан фойдаланаман. Ҳатто мен аччиқ ва ширин обрў-эътиборни мувофиқлаштирувда – буни эркак обрў-эътибори деса ҳам бўлади – анча ютуқларга эришдим, яъни ўз хонадонимни барпо қилдим. Ҳа, икки йил бўлди уйланганимга. Лекин, ҳурматли хоним, бу ерда ҳам, айниқса, менинг мисолимда, ўзига хос ҳаётий битимнинг гувоҳи бўласиз! Уйланишим менинг мустақиллигимни таъминлаш ва мени анави аччиқ обрў-эътибор масканидан қутқазиш ўрнига, аксинча, унга янада қаттиқроқ боғлаб қўйди, тўғрироғи, шундай бўлдики, бу қадамим мени ўша манзилдан заррача ҳам узоқлаштирмади, демак, қадам деган тушунча ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Гап шундаки, Каролина – менинг рафиқам, асли Улрих, ўша хонадоннинг боласи, етим қиз, бундан бир неча йил олдин яширин маслаҳатчининг марҳума хоними уни хизматкор қилиб олган эди. Орадан бирмунча вақт ўтиб маълум бўлдики, хонадон соҳиблари етим қизни узатиш ҳаракатига тушиб қолишгану мени энг муносиб жуфт сифатида танлашган ва бу истак менинг мустақил бўлишга интилишим билан мос тушган, қизга ўзим ҳам бефарқ эмас эдим… Буни қаранг, муҳтарама хоним, Сиздаги чидам ва кўнгилчанликка қойилман, ўзим ҳақимда тинмай гапираверибман-а…

– Йўқ, йўқ, илтимос, – шоша-пиша жавоб қайтарди Шарлотта, – мириқиб тинглаяпман.

Аслида у бироз норози бўлиб, ҳарҳолда аралаш туйғулар билан тинглаётган эди. Бу одамнинг эътироз ва оғриниши, мағрурлиги ва кучсизлиги, ўз қадр-қиммати учун ожизона кураши уни довдиратиб қўйди, унда дастлаб нохайрихоҳ ачиниш билан бирга нафрат ҳиссини уйғотди, бу аста-секин меҳмон билан бирдамлик туйғусига айланди ва бундан маълум бир қониқиш ҳосил бўлди: Римернинг сўзлаш тарзи гўё унга юрагида борини тўкиб солиш ҳуқуқини берди, у бу ҳуқуқдан фойдаланадими-йўқми, фарқи йўқ.

Шунга қарамасдан, гўё Ример унинг фикрларини уққандек суҳбат маромини ўзгартирганидан қўрқиб кетди.

– Йўқ, – деди Ример, – мен фахрли қамалнинг, синчковлик қамалининг қурбони бўлиб турган ҳолатимизни суиистеъмол қиляпман, ҳарбий воқеалар ҳали хотирамиздан унчалик ўчиб улгургани йўқки, биз бундай вазиятга хотиржам, ҳатто юмор билан мослаша олмаяпмиз. Айтмоқчиманки, агар ўзимни Сизга танитишдек вазифамга ҳаддан ортиқ киришиб кетган бўлсам, демак, унда қулай имкониятдан ёмон фойдаланибман. Ахир мени бу ерга етаклаб келгн нарса гапириш эмас, балки кўриш, эшитиш истаги эди. Мен бу лаҳзани қулай дедим, аслида уни бебаҳо дейиш жоиз эди. Мен шундай хилқат билан юзма-юз турибманки, унинг ҳузурига жамиятнинг барча бўғинлари – болаларча содда оммадан тортиб зиёли инсонларгача – юраклари ҳис-ҳаяжондан тўлиб-тошиб, чексиз ҳурмат-эҳтиром билан интиладилар, бу аёлнинг номи даҳо тарихининг бошида, деярли бошида турипти, бу ном муҳаббат худоси томонидан даҳо номига, шунингдек, ватан маънавиятининг шаклланиш тарихи ва немис ғоявий дунёсининг империясига абадий қўшиб қўйилган… Мана шу тарихда ўз навбатида ўзига хос роль ўйнаб, унинг қаҳрамонига эркакчасига мададкор бўлиш, яъни масалан, ўша қаҳрамонона ҳаводан биргаликда нафас олиш насиб этган мендек одам қандай қилиб бу ерга келганингиз ҳақидаги хабар қулоғимга етгани заҳотиёқ, Сизга таъзим қилиш истагини туймайин, қандай қилиб Сизда ўз туғишган опамни, онамни, энг яқин кишимни кўрмайин, мен унга кўп нарсаларни айтиб беришни, шу билан бирга, ундан янада кўпроқ эшитишни истаган эдим… Мен Сиздан сўрамоқчи бўлганим – савол аллақачон тилимнинг учида айланаяпти – айтинг-чи, ҳурматли хоним, ҳарҳолда менинг наридан-бери изҳор қилган иқрорларим эвазига айтинг-чи… Биз биламиз, ҳамма билади, бутун инсониятга маълумки, Сиз ва Сизнинг Худо раҳмат қилгур турмуш ўртоғингиз даҳонинг ножўя иши туфайли анча қийналдинглар. У оқлаш жуда қийин бўлган йўсинда Сизнинг шахсингиз, сизларнинг ўзаро муносабатларингизни ҳеч ўйлаб ўтирмасдан бадиий асар қилиб, бутун дунёга, бутун ер юзига намойиш қилди, бунинг устига ҳақиқат билан тўқимани аралаштириб, ҳақиқатга поэтик тимсол тусини бериш билан тўқимага ҳақиқат тамғасини босиш санъати воситасида ҳақиқат ва тўқима ўртасидаги фарқ умуман сезилмай қолди. Хуллас, унинг беандишалиги, садоқат ва ишончни писанд қилмаслиги сабаб анчагина азоб чекдинглар, дўстларига билдирмасдан секин-секин уч кишини бирлаштириши мумкин бўлган нарсани бир вақтнинг ўзида ҳам кўкларга кўтариб, ҳам ерга урганида албатта у айбдор эди. Буни ҳамма билади, марҳаматли хоним, ҳамма сизларга ачинади. Ўтинаман Сиздан, айтинг-чи, Сиз ва раҳматлик сарой маслаҳатчиси кишини довдиратиб қўядиган бундай воқеага, зўраки қурбонлик қисматига қандай дош бердинглар? Айтмоқчиманки, еткизилган жароҳатнинг оғриғини, озорни енгишга, асарга мавзу бўлган ҳаётингизнинг иштирокчиси бўлиб кузатишга, мавжудлигингизнинг юксак эъзозланиши, улуғланиши Сизда кейинчалик уйғонишга туртки бўлган туйғуларни ҳамоҳангликка келтиришга қандай ва қай даражада муваффақ бўлдинглар? Агар мумкин бўлса шу ҳақда Сиздан эшитсам…

– Йўқ, йўқ, жаноб доктор, – шоша-пиша деди Шарлотта, – ҳозир гапиролмайман. Бошқа пайт, бирор кун мавриди бўлар. Сизни берилиб тинг­лаяпман, десам, бу зинҳор faęon de parler[9] эмас, гапимга ишонинг. Ахир Сизнинг даҳо билан муносабатларингиз, шубҳасиз, жуда муҳим ва диққатга сазовор, буни яхши биламан.

– Бу жуда баҳсталаб, ҳурматли хоним.

– Келинг, мақтовларни бир четга қўяйлик! Сиз асли Шимолий Германиядансиз-а, шундайми, жаноб профессор? Мен буни талаффузингиздан билдим.

– Силезияликман, – деди Ример фахр билан бироз сукут сақлаб туриб. Уни ҳам икки хил туйғу эгаллади. Хонимнинг гапни чалғитиши уни хижил қилди, аммо, ўз ҳақингизда гапиришда давом этинг, дея қилган илтимоси маъқул бўлди.

– Менинг ҳурматли ота-онам тўкин-сочинликда яшашмаган, – сўзида давом этди у. – Мендаги Худо берган қобилиятни ривожлантириш учун улар ҳамма шароитларни яратишганидан чексиз миннатдорлигимни айтиб тугатолмайман. Устозим, ҳаллелик яширин маслаҳатчи Вольф менга катта умид боғлаган эди. Унинг ишларини давом эттириш азалий орзуим эди. Университет ўқитувчиси деган ном нуфузли, у ерда дилга илҳом бағишловчи инсонлар билан кўнгилочар учрашувлар қилиш мумкин, уларга ихлосим жуда баланд – ўша лавозим мени ўзига тортади. Бироқ бу муқаддас маскан остонасида узоқ муддат кутиш учун маблағни қаердан оламиз? Мен тузган катта юнон тили луғати – унинг илмий довруғи Сизга ҳам, эҳтимол, етиб боргандир – мен уни тўртинчи йилда Йенада нашр қилдирган эдим, у ўша пайтда бутун хаёлимни банд қилган эди. Даромадсиз шон-шуҳрат, хоним. Буни мен Римга элчи қилиб тайинланган жаноб фон Ҳумболднинг болаларига ўқитувчилик қилган чоғимда бўш вақтларда тузган эдим. Шу лавозимда бир неча йил Боқий шаҳарда яшадим. Сўнгра дипломатик ҳомийим Ваймардаги машҳур дўстиникига мени тавсия қилди. Бу 1803 йилнинг кузи, мен учун эсда қоларли, эҳтимол, немис адабиётининг мукаммал тарихи учун ҳам эсда қоларли воқеа эди. Келдим, ўзимни танитдим, менга ишонч билдиришди, Фрауенпландаги хонадон аҳли қаторига қўшилишга таклиф қилинишим улуғ инсон билан биринчи марта мулоқотда бўлишимга йўл очди. Унинг этагидан маҳкам тутмасликка ҳаддим бормиди? Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Истиқболимда бундан ортиқ, бундан яхшироқ йўл йўқ эди. Мактабда ўқитувчилик қилишни, ҳақмидим ёки ноҳақмидим, билмайман, ўз салоҳиятим, ўз обрў-эътиборим учун номуносиб деб билдим…

– Аммо, жаноб доктор, мен Сизни тўғри тушундимми? Ахир ҳар қандай бошқа фаолиятдан кўра фахрлироқ ва ёқимлироқ бўлган бу ишдан Сиз бахтли эмасмидингиз, мактаб ўқитувчилигини-ку қўятурайлик?

– Худди шундай, ҳурматли хоним, мен бахтли эдим. Бу мен учун шараф эди. Ўйлаб кўринг: шундай улуғ зот билан кундалик учрашувлар, кундалик мулоқотлар! Унинг мислсиз даҳолигини англаб етиш учун ўзимда поэтик салоҳият етарли эди. Унга ўз маҳоратим намуналарини кўрсатдим ва улар, сирасини айтганда, унинг ўзига хос кўнгилчанлигини эътибордан соқит қилганимизда ҳам, ёқди деб ўйлайман. Бахтлиям гапми? Бошим кўкка етганди! Бу яқинлик мени илмий ва аслзодалар дунёсининг кўзга кўринган, ҳа, ҳавасни келтирадиган босқичига олиб чиқди! Бироқ, очиқчасига гапиришга изн беринг, бунда ҳам қандайдир тиканак бор эди, яъни бошқа танлаш йўли йўқ эди. Миннатдор бўлишга мажбурлик ўша миннатдорлик туйғусини ва у бахш этадиган қувончни бироз емиради, шундай эмасми? Хулласи калом, агар биз минг бора миннатдор бўлишимиз лозим бўлган одам бизнинг унга тобе эканлигимиздан бирон фойда кўзласа, бу бизни ранжитади. Бунда у айбдор эмас, ўз ҳадяларини нотекис тақсимлаган қисмат бунга жавобгар, лекин у бу вазиятдан фойдаланади… Буни одам ўзи бошдан кечириши лозим… Келинг, муҳтарама хоним, вақтимизни бу тахлит панду ўгитларга сарфлаб ўтирмайлик! Энг фахрли ва олийжаноб иш ҳарҳолда шу эдики, улуғ дўстимизга мен керак бўлганман. Расмиятчилик юзасидан менинг вазифам Вульпиус хонимдан қолган ягона ўғил Августга лотин ва юнон тилларини ўргатиш эди, аммо унинг бу соҳадаги билими шу қадар саёз эдики, тез орада мен бундай номуҳим вазифани йиғиштириб қўйиб, отасининг бундан кўра қизиқарлироқ, мазмундорроқ хизматига ўтиш лозимлигини тушундим. Шубҳасиз, бошиданоқ режа шундай бўлган. Ҳарҳолда, Ҳаллега, устозим ва валинеъматимга ўз вақтида ёзган мактубидан ҳам хабарим бор эди, унда мени таклиф қилишдан мақсади болада классик билимлар етарли эмаслиги, энг ёмони, унга ўзи ёрдам беролмаётгани баён қилинган эди. Бироқ бу улуғ филологга нисбатан шунчаки ҳурмат эди. Аслида устозимиз узлуксиз мактаб таълими ва тарбиясига кам аҳамият беради, аксинча, ёшларнинг ўзлари хоҳлаганча эмин-эркин билим олишларига шароит яратиб бериш тарафдори. Мана, ундаги бепарволик, бағрикенгликнинг яна бир кўриниши, инкор қилмайман, эҳтимол бу унинг меҳрибонлиги, кенгфеъллиги, кўнгилчанлигидир, у мактаб таълимидаги зўрма-зўракилик, расмиятчиликка қарши ёшлар тарафини ёқлайди, бунга энди майли деймиз. Бироқ бунга тағин бошқа нарса аралашади, бироз эътиборсизлик, ёшларни ва уларнинг ички дунёсини назарга илмаслик, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини тушунмаслик ва ҳоказо, буни энди маъқуллаб бўлмайди. Гарчи у бу нарсаларни инкор қилмаса-да, унинг фикрича, болалар фақат ота-оналар учунгина керак, уларнинг ягона вазифаси ота-оналарга тенглашиб, аста-секин уларнинг ҳаётларини ўзларига сингдириш…

– Ҳурматли жаноб доктор, – гапга аралашди Шарлотта, – ҳамиша ва ҳамма жойда, ҳарқанча яхши кўрса ҳам, ота-оналар билан фарзандлар ўртасида маълум тушунмовчилик ва келишмовчиликлар бўлиб туради, шунингдек, болаларда ота-оналарнинг шахсий ҳаётига нисбатан муросасизлик, ўз навбатида фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқларига ота-оналарнинг ҳам менсимай қараш ҳоллари мавжуд.

– Шубҳасиз, – деди меҳмон юзини шифтга буриб паришонхотирлик билан. – Мен у билан педагогика мавзуларида извошда ёки унинг ишхонасида кўп суҳбатлашганман, айнан суҳбатлашганман, баҳслашмаганман, чунки ўз нуқтаи назаримни ўтказишдан кўра унинг фикрларини эҳтиром билан ҳузур қилиб тинглаш мен учун қизиқарлироқ эди. Боланинг шаклланиши деганда у қулай шарт-шароитларда вояга етиш жараёнини тушунади, ўғли ўсиб-улғаяётган шарт-шароитларни у қулай деб ҳисоблайди, негаки бу ерда фақат отаси кўзда тутилади, энди унинг онасига келсак… ҳа, энди, майли… ана шундай қулай шароитларда унинг бемалол камол топиши таъминланган, деб ўйлайди. Август унинг ўғли, назарида шу тушунча бола ҳаётининг бутун мазмун-моҳиятини ташкил этади. Гўё йигитчанинг ягона вазифаси фақат унинг ўғли бўлиш ва бир кун келиб елкасидаги ҳаёт юкидан уни халос қилиш, холос. Бу нарса болага кичиклигиданоқ сингдирилган. Ундаги феъл-атворнинг шаклланиши, унинг келгуси мақсадларидан келиб чиқиб тарбиялаш ҳақида ҳеч ким қайғурмаган. Шундай бўлгач, зўрлаб узлуксиз таълим беришнинг нима кераги бор? Шуни ҳам унутмаслик керакки, ота ҳам ёшлигида шундай нарсани билмаган. Ҳамма нарсани ўз номи билан атайлик: у болалигида ҳам, ўсмирлик палласида ҳам узлуксиз мактаб таълимини олмаган, фақат айрим соҳаларни чуқур ўзлаштирган. Буни ҳеч ким осонгина пайқаёлмайди, фақат узоқ вақт шунга яқин соҳада бўлгандагина ёки чинакам чуқур илмий билим соҳиби бўлсагина сезиши мумкин, чунки ўз-ўзидан маълумки, у ўзидаги ўткир идрок, мустаҳкам хотира, руҳиятидаги фавқулодда ҳаракатчанлик билан билимларни дарҳол илиб олар, ўзлаштирар ва бошқа фазилатлари – зукколик, жозибадорлик, рағбат, сўзга чечанлик – кўмагида ўша билимлардан ҳар қандай чуқур билимли олимдан кўра юксакроқ муваффақият билан фойдаланарди.

– Мен Сизни, – деди Шарлотта, бошининг янада қаттиқроқ қалтирашини унинг сўзларини маъқуллаш белгиси деб англатишга зўр бериб уринаркан, – мен Сизни жон қулоғим билан тинглаяпман, бунинг сабабини тушунтиришга сўз тополмаяпман. Сизнинг сўзлаш усулингиз оддий, бироқ унда алланечук ҳаяжонли нимадир бор, ҳаяжонлиси шуки, улуғ инсон ҳақида тўлиб-тошиб эмас, балки хотиржам, қуруққина, амалий, кундалик оддий мулоқотларга асосланиб сўзлаётганга ўхшайсиз. Мен эски воқеаларни хотирлаб, улар узоқ ўтмишда кечган бўлса-да, ўз кузатишларимни бундоқ тарозуга солиб кўрсам, Сиз айтганингиздек, ҳаммаси ўз-ўзини эркин тарбиялайдиган ёш йигитга дахлдордир. Назаримда унинг ўша пайтдаги хатти-ҳаракати қаттиққўлларча тизимли тарбиялашга нисбатан ўз ҳақ-ҳуқуқларини афзал кўрганининг исботидир. Ҳарҳолда ўша йигитни, йигирма уч яшар йигитни мен яхши билардим, уни узоқ муддат кузатган эдим, аниқ айтишим мумкин: унда ўқишга, хизматга интилишни, меҳнатсеварликни ҳечам сезмаганман. Вецларда у айтарли ҳеч иш қилмаган, бу ерда ҳам, таъкидлаб айтаман, унинг барча ҳамкасблари, амалиётчилар, суд назорати ходимлари, Кильмансегге дейсизми, легацион котиб Готтер, бу ҳам шеърлар ёзарди, Борн ва бошқалар, ҳатто шўрлик Иерузалем, Кестнер ҳақида-ку гапирмай қўяқолай, ҳамма-ҳаммаси тинмай ишлашарди. Бир куни Кестнер у ва ўзлари ўртасидаги фарқ ҳақида гапириб, мени ўйлашга мажбур қилди, айтдики, Худо яратган дунёда унга яшаш шундай осон, хотинларнинг бошини айлантиришга уста, давраларнинг гули бўлиб, гулдек очилиб, қувнаб-яйраб, ҳаммани оғзига қаратиб, ҳузур қилиб эмин-эркин яйрайди, бошқалар бўлса, маҳбубаси ёнига серташвиш ўтган кундан сўнг ҳориб-чарчаб келади-да, унга бир оғиз ширин сўз айтишгаям кучи етмай қолади. Гарчи бошқа йигитлар бўш вақтларида – уларда ҳам бўш вақт бўларди ахир! – очилиб-сочилиб, дўстимиз сингари самимий ҳазил-ҳузил қилиб ўтиришларига гумоним бўлса-да, бу ерда тенгсизлик борлигини ҳамиша билиб турардим ва буни Ҳанс Христианим фойдасига буришга уринардим. Бироқ бошқа томондан ундаги жўшқинликнинг бир қисми бекорчилиги туфайли, шунингдек, бутун борлиғини дўстликка бағишлашга мойиллигидан, деб ўйлардим, фақат бир қисмини, холос, чунки унинг қалбидаги гўзал куч-қудратни – буни нима деб атасам экан – ҳаётий жозибани тушунтиришга сўз тополмайман. Ҳатто у хафа, ранжиган, бутун оламдан, одамлардан норози бўлган ҳолатда ҳам анави якшанба кунлари ҳам ишдан бош кўтармайдиганлардан кўра дилтортарроқ бўларди. Буни ҳозир ҳам аниқ-тиниқ эслайман. Кўпинча у менга Дамашқ қиличини эслатарди, қайси жиҳати билан, ҳозир ёдимда йўқ, уни Лайден банкаси[10]га ҳам ўхшатардим, бу ҳам энди куч-қувват, заряд билан боғлиқ-да, чунки у мудом худди зарядлангандек, ғайратга, энергияга тўла бўларди. Гўё унга бехосдан бармоғинг тегиб кетса, бирхил балиққа тегиб кетгандагидек, худди ток ургандек бўларди. Бошқа, аъло даражадаги десак ҳам бўлади, одамлар унинг ҳузурида, ҳатто у бўлмаса ҳам бўшанг туюлишарди. Хотираларимни ковлаштириб эсласам, унинг нигоҳи ўзига хос очиқ эди, “очиқ” дейишимга сабаб кўзлари жигарранг ва яқин жойлашганлиги, айниқса, катта-катта бўлганлиги эмас, айнан нигоҳи очиқ, жонбахш эди, худди шундай эди, агар уларда самимият балқиб турса қора бўлиб кетарди. Ҳозир ҳам унинг кўзлари шунақами?

– Кўзлари, – деди доктор Ример, – кўзлари гоҳида қудратли бўлиб кетади.

Ўзининг шишадек ялтироқ, бўртиб чиққан, қаттиқ ўйга толганлигидан орасига чизиқчалар тушган кўзларидан сезилиб турардики, у гапга диққат билан қулоқ солмас, ўз хаёллари билан банд эди. Суҳбатдоши бошининг қалтирашини сездими-йўқми, номаълум эди, чунки катта оппоқ қўлини ҳасса тутқичидан олиб, хушхулқ одамларга ўхшаб бурнидаги енгил қичишишни бартараф қилиш мақсадида юзи томон кўтарганида унинг қўли ҳам қалтирарди. Шарлотта буни сезиб, кўнгли алланечук бўлиб кетди ва ўзидаги шундай ҳолатни иложи борича тўхтатишга уринди, астойдил уринса бунга кучи етарди.

– Гап феномен ҳақида боряпти, – хаёл оғушида давом этди Ример, – унинг ичига чуқур кириб боришга арзийди, у одамни соатлаб чуқур ўйга толишга мажбур қилишга қодир, майли, бу самарасиз, бирор мақсадни кўзламайдиган ўй-хаёл бўлсин, бу машғулот ҳақиқий мулоҳазадан кўра кўпроқ хаёлпарастлик, орзулар кетидан қувишга ўхшаса ҳам майли: бошқача айтадиган бўлсак, бу илоҳийлик тамғаси, шакл ва жозиба, бунақа нарсани табиат ёқимли табассум билан, – шундай деб тасаввур қиламиз – суюкли руҳга сингдиради, натижада у дилбар руҳга айланади, бу битта сўз, битта ном, уни биз инсоният учун одатга айланган ёқимли категория сифатида тилга оламиз, аммо уни яқиндан туриб, диққат билан кузатсак, бундай феномен ақл бовар қилмайдиган, юракка ғулғула соладиган, шахсан олиб қарасак, дилни оғритадиган жумбоқ бўлиб қолаверади. Агар хотирам панд бермаса, биз ноҳақлик ҳақида сўз юритдик-а? Бу ерда ҳам, шубҳасиз, ноҳақлик кўзга ташланади, бу табиий, шу жиҳатдан ҳурматга лойиқ, гапнинг рости, ажойиб ноҳақлик, буни ҳар куни кўрадиган ва сезадиган одам учун унинг тикони ҳам йўқ эмас. Бунда қадр-қимматнинг ўзгариши, пасайиб кетиш, ошиб кетиш ҳоллари юз бериши мумкин, буни ҳам сен жон-жон деб, чексиз қувонч билан қарши оласан, агар шундай қилмасанг Худога ва табиатга қарши чиққан бўласан, аммо барибир, ҳақиқат нуқтаи назаридан айтганда, ўзингга, ҳеч кимга билдирмасдан бундан норози ҳам бўлиб қўясан. Ўзингни қаттиқ меҳнат, илмга бўлган соф муҳаббат орқасида эришилган билим қайта-қайта синовлардан ўтган яхшигина илмий бойлик эгаси эканлигингни сезасан. Бунинг охири қанчалик ўзига хос ёқимли бўлса, шунчалик аччиқ кулгили хулосага келасанки, ўша комил ва Худо ярлақаган руҳ, ўша ҳаммадан афзал деб ҳисобланган ақл тасодифан қўлга киритилган ёки сен ўзинг унга етказиб берган – пайти келганда илмий билимларни унга етказувчи ҳам бўласан – билимларнинг арзимаган бир бўлагига кабинетидан чиқмай ишлайдиган бутун дунё, бутун бир авлод олимларининг ҳаммаси фанга қўшадиган ҳиссадан икки-уч карра ортиқроқ қиммат ато қилади, бунинг сабаби яна ўша шакл ва жозиба, – лекин булар қуруқ сўзлар – йўқ, шунчаки у тасодифан қўлга киритилган билимга ўзидан нимадир қўшиб, шу билан бирга, унга сайқал бериб, ўз қиёфасини унда муҳрлаб дунёга қайтадан тортиқ қилади. Амалда одамлар тоғларни портлатишади, ерни қазишади, рудаларни қазиб олиб тозалашади, қирол эса, булардан тангалар зарб қилади… Бу нима, қироллик ҳуқуқими? Бунда шахс ҳақида кўп гапиришади, унинг ўзи ҳам бу ҳақда гапиришни яхши кўради, маълумки, у буни бани башарнинг олий бахти деб билади. Бу унинг қарори, бинобарин, бу инсоният учун лозим бўлган қарор. Умуман олганда, бу таъриф эмас, бу шунчаки тасвир, холос. Сирли ибодатга қандай таъриф берса бўлади? Сирли ибодатларсиз одамнинг куни ўтмайди, борди-ю насронийликдан кўнгли қолса, у мажусийлик ёки шахснинг сир-асрорлари билан ўзини овутади. Бизнинг донишмандимиз насронийлик ҳақида эшитишни ҳам хоҳламайди, насронийлик мистикасига берилган шоир ва рассомни хуш кўрмайди. Табиат сир-асрорларини беҳад қадрлайди, чунки бу унинг ўзиники… Аслини олганда, биз оддий бандаларнинг бу сир-асрорларни паст даражада қадрлашга ҳам қурбимиз етмаслиги катта бахт, акс ҳолда қандай изоҳлаб бўладики, ҳақиқий зиёлилар ва илм аҳли зўр даҳо, жозибали инсон атрофида тўпланишни ўзлари учун улуғ шараф деб биладилар, унинг ҳузурида, мулозимлари қаторида туришни, унга ўз билимларини тортиқ қилишни, унинг учун жонли луғат бўлиб оғирини енгил қилишни, уни ортиқча қоғозлар орасида кўмилиб ўтиришдан қутқазишни истайдилар, мендек одам ёқимли табассум билан – бу ўзимга баъзан аҳмоқона бўлиб туюлади – йиллар давомида унга бор-йўғи котиблик қилиб юрганимни қандай изоҳлаш мумкин?

– Менга қаранг, ҳурматли жаноб профессор! – деди айтилган барча гапларни қулоғига олган Шарлотта ҳайрат оғушида унинг сўзини бўлиб. – Сиз шунча муддат устоз ҳузурида хизмат қилиб, нуқул ўзингизга муносиб бўлмаган арзимас ёзув-чизувлар билан шуғулландим, демоқчи эмасмисиз?

– Йўқ, – жавоб берди Ример бироз тўхтаб, фикрларини жамлаб олгач, – бундай демоқчи эмасман. Агар шунга ўхшаш нимадир деган бўлсам, демак, унда ҳаддан ошибман. Ҳар бир нарсани ўз маъносида тушунмоқ керак. Биринчидан, улуғ ва қимматли инсонга кўрсатиладиган холисона хизмат унвон ва даражаларга қарамайди. Бунда каттаю кичик ҳамма тенг. Гап бу ҳақда эмас. Бундан ташқари, унинг айтиб тургани бўйича ёзиш оддий бадхат одамга тўғри келмайдиган иш. Бундай одам учун бу иш ҳайф. Аллақандай Жон, Кройтер деган котибга ёки бирорта хизматкорга бу вазифани юклаш – бефаҳм одамга гап уқтириш билан тенг. Бу ҳақда ўйлашнинг ўзиёқ маърифатли, фикр доираси кенг, олийжаноб одамни виждонан қийнайди. Фақат олимга, фақат ишнинг жозибадорлигини, ноёблиги-ю қадр-қимматини мендек ҳис этишга қодир одамгагина бу вазифани ишонса бўлади. Матнни айтиб тургандаги дабдабали, ёқимли, жарангдор овознинг эшилиб чиқиши, соатлаб давом этадиган, ҳис-туйғулар бостириб келгандагина бироз узиладиган ижод жараёни, белга тиралган қўллар, ранго-ранг кенгликларга тикилган нигоҳ, тимсол ва сўзнинг амрона, шу билан бирга, бетакаллуф сеҳри, эркинлик ва дадиллик ҳукмрон бўлган руҳий муҳитда перони шоша-пиша ҳўллаб олиб қисқартиришлар билан ёзишга улгуриш, кейин буни терлаб-пишиб рисоладагидек қилиб қайта кўчириш – ҳурматли хоним, қилаётган ишингга авайлаб муносабатда бўлиш ва уни дуч келган одамга ишонмаслик учун буни ҳис этмоқ, таҳсинлар ўқиб бундан завқланмоқ лозим. Шуниям эслатиб ўтиш керакки, бу ерда гап лаҳзалик ижод тўғрисида бормаяпти, бунда осмондан мўъжиза ёғилаётгани йўқ, булар йиллар, эҳтимол, ўн йилликлар давомида қалб тубида асраб, ардоқлаб келинган, бир қисми ёздиришдан олдин муфассал қайта ишлаб чиқилган ижод маҳсулидир. Шуни эсда тутиш лозимки, бу ерда биз жўшқин феъл-атворни эмас, балки иккиланишларга мойил, қилаётган ишини тинмай мулоҳаза элагидан ўтказувчи, орқага сурувчи, қатъиятсиз, энг ёмони тез толиқадиган, фикрини бир нуқтага тўплаёлмайдиган, битта вазифа устида узоқ вақт ишлаёлмайдиган, хаёлини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга тортадиган инсонни кўрамиз, серташвиш фаолият туфайли ўйлаб қўйган битта асарини ниҳоясига етказиш учун унга узоқ йиллар керак бўлади. У табиатан сезилмай ўсадиган, жимгина ривожланадиган бирор асарини узоқ, жуда узоқ муддат, эҳтимол ёшлик йилларидан қалбида аллалаб, кейин дунёга келтирадиган инсон, унинг тиришқоқлиги сабри билан теппа-тенг, яъни агар кўнгли жудаям хилма-хилликни тилаб қолса, битта асар устида ниҳоятда узоқ вақт давомида қунт ва чидам билан ишлаш қобилиятига эга. Ҳаммаси рост, менга ишонинг, мен мана шу қаҳрамонона ҳаётга шайдо бўлган бир гувоҳман. Айтишадики, унинг ўзи ҳам айтади, у қалбида ниш уриб келаётган режа-ниятларини сир сақларкан, унга зарар етмасин деяркан, бу ҳақда ҳеч кимга гапирмас экан, чунки бошқа бирорта одам етилиб келаётган ҳосилнинг жозибасини ҳис этолмайди ва моҳиятини тушуниб етмайди, бунинг мафтункорлигини фақатгина қалбида ардоқлаб юрган одамгина тушунади. Аммо бу жимлик у қадар ҳам мустаҳкам эмас. Бизнинг сарой маслаҳатчимиз Мейер, устоз унга, Худо билади, қанча хизматларни нисбат беради, хуллас у, муаллиф ҳали “Ҳамроз диллар” романи режасини ичида тузиб юрган пайтидаёқ менга у ҳақда батафсил айтиб берган, деб мақтаниб юради, бу гап рост бўлиши ҳам мумкин, чунки бир куни ҳали Мейерга айтмасидан олдин у менга роман режасини берилиб баён қилган эди, фарқи шундаки, мен унга ўхшаб дуч келган жойда бу гапни достон қилиб юрганим йўқ. Бу тахлит ўз сирини очиши, бошқалар билан бўлишиши, таъбир жоиз бўлса, маҳмадоналигида мени ҳайратга соладиган, ёқадиган томони – кўнглини ёзиш учун соф инсоний истак, оддий ишонувчанликдир. Улуғ даҳода шунақа инсоний хислатларни кўриш, уни майда-чуйда қувликлар ва такрорларда қўлга тушириш, ҳатто кўзга кўринмайдиган руҳий-маънавий хўжаликда ҳам юз берадиган тежамкорликда қўлга тушириш кишига таскин беради ва ҳайрат даражасида қувонч бағишлайди. Бундан уч ҳафта бурун, ўн олтинчи август куни гап орасида у менга немислар ҳақида анчагина аччиқ гапни айтди, маълумки, у ўз миллати ҳақида ҳамиша ҳам мақтовли сўз айтмайди: “Севимли немисларимизни яхши биламан, – деди у, – улар аввал жим туришади, кейин айблашади, кейин рад қилишади, ундан кейин тунаб кетишади-да, лом-мим демай тураверишади”. Худди шундай деди, мен буни суҳбатдан кейиноқ дарҳол ёзиб олдим, биринчидан, буни зўр фикр деб ҳисобладим, иккинчидан, бу унинг жонли ва ўта аниқ сўзлаш санъатининг ёрқин намунаси бўлиб туюлди, у немисларга хос аҳмоқона феъл-атворни жойида ўткир ва ёрқин таърифлаб қўйди. Кейин Целтердан эшитдимки, – Берлинда яшайдиган Целтер деган мусиқачи ва хормайстер, устоз унга, негалиги номаълум, ўзига яқин олиб “сен”лаб мурожаат қилади, бундай танловлар билан ҳисоблашишга мажбурсан киши, шундай пайтда беихтиёр Гретхеннинг “Ҳеч тушунмайман, бунга унинг нимаси ёқади?” деган сўзларини эслайсан, – хуллас, ўша Целтердан эшитдимки, мен ўн олтинчи август куни сўзма-сўз ёзиб олганим ўша жумла шу ойнинг тўққизинчисида Теннштедт санаторийсидан Целтерга юборилган мактубда қайд этилган экан. Бу гап унга ўта маъқул бўлган шекилли, аллақачон қоғозда аниқ-равшан қайд этиб қўйган, мен билан суҳбат чоғида гапнинг даромади сифатида айтиб юборган эди – бу кичкина ғирромликни табассум билан ad notam[11] тарзида қабул қиласан киши. Умуман олганда, шундай улкан ақл эгасининг дунёси ҳам, барибир, чегараланган дунё, яхлит бутунлик, унда мотивлар ва тимсоллар, гарчи катта узилишлар билан бўлса-да, такрорланиб туради. “Фауст”да, боғдаги машҳур суҳбат чоғида Маргарита севгилисига сингилчаси, бир бурдагина гўдак ҳақида гапириб, уни онаси кўкрак сути билан боқолмаётганини, ўзи уни “сут ва сув” билан парвариш қилаётганини айтади. Оттилия Эдуард билан Шарлоттанинг боласини “сут ва сув” билан меҳр оғушида тарбиялаши билан юқоридаги воқеа орасида қанчалар узоқ ҳаётий масофа ётибди? Сут ва сув. Шишадаги ана шу суюққина кўкиш ичимлик шундай улкан бошга нечоғлик мустаҳкам ўрнашиб қолди экан! Сут ва сув. Ёдимга сололмайсизми, нега мен сут ва сув ҳақида гап бошладим, менимча, мавзуга алоқаси йўқ, бекорчи деталларга мени нима бошқарди ўзи?

– Ҳурматли доктор, менинг ёшликдаги дўстимнинг асарларини тайёрлашдаги тарихий хизматингиз туфайли Сизга кўрсатилган ҳурмат-эътибор ҳақида гапирдингиз. Сиз айтган сўзларнинг қизиғи йўқ, бекорчи эканлигидан уларга қўшилмаслигимни изҳор қилишга рухсат беринг.

– Рад қилманг, ҳурматли хоним! Ўта улкан, ўта қайноқ мавзу борасида сўз борганда одам беихтиёр беҳуда фикрларни гапириб юборади, сўзини йўқотиб нима дейишни ҳам билмай қолади ва на фақат энг муҳим, энг қайноқ нуқтага етолмасдан, довдираб уни унутиб қўяди, балки ўзинг ҳам барча айтганларинг энг зарур ва ҳаяжонли нарсани четлаб ўтиш учун бир баҳона эканлигини тушуна бошлайсан. Билмайман, бу ерда қанақа бемаъни, беҳуда гаплар айтилди! Ҳарҳолда буни ҳаммага маълум тажриба билан қиёсласа бўлади: тўла шишанинг бўйнини паст томонга қилиб тезлик билан тўнтаринг, гарчи оғзи очиқ бўлса-да, ундаги суюқлик бирданига тўкилмайди, идиш ичида ушланиб қолади. Бу ердаги фикрий боғланишнинг қовушмаслиги мени яна хижолатга соляпти. Аммо барибир! Менга нисбатан кўпроқ, мислсиз кўпроқ одамлар беҳуда таассуротларга ортиқ даражада берилишади! Сизга ўзимнинг гўё иккинчи даражали, аслида эса асосий ишимдан мисол келтирай: ўтган йилдан бери йигирма жилдлик асарлар тўпламининг янги нашрини тайёрламоқдамиз, штутгартлик Котта уни босиб чиқариб, ўн олти минг талер ҳисобида яхшигина қаламҳақи тўлайди, у жуда бағрикенг, мард одам, у кўп нарсани қурбон қилади, менга ишонинг, гапим ҳаммаси рост, чунки даҳо шоир асарларининг кўпчилиги ҳақида одамлар билишни ҳам истамайди. Хуллас, мана шу тўплам устида у ва мен, биргаликда ишларканмиз, “Вильҳелм Майстернинг таҳсил йиллари”ни қайта кўриб чиқдик, шу аснода мен айрим нозик грамматик нуқсонларни кўрсатдим, имло ва тиниш белгилари борасида маслаҳатлар бердимки, бу соҳада шоиримиз айтарли кучли эмас. Шунингдек, унинг услуби хусусида ҳам анчагина суҳбатлашдик, менинг бу соҳадаги таҳлил ва талқинларим уни қизиқтириб қолди. Чунки у ўзи ҳақида кам билади, шундай пайтлар бўлганки, ўзининг эътироф этишича, масалан, “Вильҳелм Майстер”ни ёзаётганида уйқусираган ҳолатда бўлган экан. Шунинг учун ўзини ўзига маромида изоҳлаб берсангиз ёш боладек мириқиб тинглайди. Бу ҳам энди на Мейернинг, на Целтернинг иши, бу – филологнинг иши. Давримизнинг фахри, ғурури бўлган, ҳар қадамда ҳайратланишга имкон берадиган романни ўқирканмиз, қанчалар ажойиб лаҳзаларни бошдан кечирганимиз фақат Худога аён, бироқ унда табиат манзаралари тасвирига деярли ўрин берилмагани шундоққина сезилиб туради. Биз бемаъни таассуротлар ҳақида сўз юритдик, ҳурматли хоним, ушбу китобда қандай совуқ, зерикарли милжирашларга ҳам гоҳида дуч келамиз! Тез-тез учраб турадиган узуқ-юлуқ фикрларни айтмайсизми! Кўпинча – буни одам аниқ тушуниб олиши керак – бунинг жозибаси ва қимматини илгаридан юрак тубида асраб келинган ва тилга чиқарилмаган фикрларнинг ўткир ва жонли ифодаланишидан қидирмоқ жоиз, бундай тасвирга ўз-ўзидан янгилик белгилари ва жозибадорлиги хаёлий дадиллик ҳамда юксак таваккалчилик билан қоришиб кетадики, ҳаяжондан нафасинг бўғзингга тиқилади, – ҳа, оқилона батартиблик ва жасорат, шу билан бирга, телбанамо ҳаракатлар биргаликда ширин эсанкирашлар манбаи бўлиб, тенги йўқ муаллиф бизни шу жараёнга олиб киради.

Бир куни мен унга эҳтиёткорлик билан бу ҳақда айтган эдим, у кулиб жавоб қайтарди: “Болагинам, – деди у, – менинг ичимликларим сизларнинг бошларингни айлантирса ҳам мен буни ўзгартиролмайман”.  Айрим масалаларда унга маслаҳатлар берадиган қирқ яшар одамни “болагинам” деяр экан, эҳтимол ғалати туюлиши мумкин, бироқ бу менинг қалбимни юмшатиб, фахр туйғусига тўлдиради, негаки бунда ҳарҳолда ишонч мужассам, юқори ва қуйи, лойиқ ва нолойиқ хизматлар ўртасидаги фарқ ҳам унга қўшилиб кетади. Оддийгина котибликми? Беихтиёр кулгим қистайди, ҳурматли хоним. Ахир котиблик ишим шундан иборат эдики, узоқ йиллар давомида мен унинг ёзишмаларини юргиздим, на фақат у айтиб туриб ёздирди, балки ўзим мустақил унинг учун, тўғрироғи, унинг ўзи бўлиб, унинг ўрнида, унинг номидан, унинг руҳида ёздим. Мана энди кўряпсизки, нима юз беради: мустақиллик ўрнини ўз-ўзидан унинг тескариси эгаллайди ва мустақиллик деган нарсадан ном-нишон қолмайди, ана энди мен умуман мавжуд бўлмай қоламан, менинг гапларимни у айтади. Чунки мен уларда мулойим, таъсирчан, кўтаринки-илмоқдор бирикмаларни қўллаб ташлайман, натижада мен битган хатлар у айтиб туриб ёздирганларидан кўра ҳам кўпроқ Гётеники бўлиб туюлади. Менинг фаолиятим жамоатчиликка таниш бўлганлиги боис маълум бир мактубни мен ёзганманми ёки уми, деган одамни қийнайдиган иккиланишларга дуч келамиз – кеккайган кимсаларнинг аҳмоқона саволи бу – ким ёзгани бирибир эмасми, дея норозилик билан таъкидлаб қўйгим келади. Тўғриси, иккиланиш менда ҳам бўлади, бу энг оғир, энг ҳаяжонли муаммолардан бири бўлиб қолаётган иззат-обрў муаммосига дахлдор. Умуман олганда, ушбу муаммо нуқтаи назаридан бу ишда қандайдир уятли бир нарса бордек, ҳарҳолда баъзан менга шундай туюлади. Агар шундай йўл билан Гётега айланиб, унинг хатларини ёзсанг, бундан ортиқроқ шарафни тасаввур қилиб бўлмайди. Ким у ўзи, айтинг-чи? Аввал-охир у ким бўлдики, бутун ҳаётингни унга қурбон қилиб, унинг ичида йўқолиб кетишни ўзинг учун шон-шараф деб билсанг? Шеърлари, Худо ҳаққи, шеърларини айтмайсизми! Мен ҳам шоирман, аммо ундан жуда-жуда паст туришимни афсус билан қайд этаман. “Юрагим уриб кетди” ёки “Ганимед”ни ё бўлмаса “Ўлкани сен биласанми”ни, атиги шулардан бирортасини ёза олсам эдим, о, қимматли хоним, бунинг эвазига нима берса бўлади, берадиган ниманг бор ўзи, демайсизми! Унинг шеърларида Франкфурт лаҳжасидаги қофиялар тез-тез учраб туради, у ўйлаб ҳам ўтирмасдан “zeigen” (кўрсатмоқ)ни “weichen” (четга тортмоқ)қа қофия қилаверади, чунки у сўзлаганида “zeichen” деб (агар “zeischen” деб юбормаса) талаффуз қилади, менда бунақа қофиялар учрамайди, биринчидан, мен франкфуртлик эмасман, иккинчидан, бунақа ҳолатларга йўл қўймайман. Нима, булар унинг асарларида учрайдиган инсон йўл қўядиган ягона ҳолатми? Йўқ, шубҳасиз, йўқ, сирасини айтганда, унинг асарлари ҳам инсон қўли билан ёзилган, ҳаммаси ҳам шоҳ асарлар эмас ахир. Унинг ўзи ҳам бундай алдоқчи хаёлларга берилмайди. “Ким нуқул шоҳ асарлар ёзади” дейишни яхши кўради ва бунда у ҳақ. Унинг ёшликдаги дўсти, тўғрисўз Мерк – Сиз уни билсангиз керак – “Клавиго”ни ярамас асар деган эди, унинг ўзи ҳам шу фикрда бўлса керак, “Ҳамиша ҳам ҳаммадан яхши бўлавермайсан-ку” деб қўярди. Бу камтарликми ёки бошқа нарсами? Бу шубҳали камтарлик. Барибир у қалбининг тубида чинакам камтар, шундай камтарки, унинг ўрнида бошқа одам бундай бўлмас эди, мен уни ҳатто журъатсиз деган ҳам бўлардим. “Ҳамроз диллар” романини ёзиб тугатгач, у ростакамига журъатсиз бўлиб қолди. Фақат анча кейинроқ у ушбу роман сўзсиз лойиқ бўлган юксак фикрларни изҳор қилди. У мақтовларга тез учади, гарчи илгари бу асар борасида турли шубҳа-гумонлар ичини кемирган бўлса-да, шоҳ асар яратдим, деган фикрни ўзига сингдирди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ундаги камтарлик гоҳида энсани қотирадиган даражага етадиган ўз-ўзига ишонч билан тенг туради. У ўзига хос феъл-атвори, табиатидаги заифлик ва мураккабликлар ҳақида гапираркан, соддадиллик билан: “Буларни мендаги юксак афзалликларнинг тескари томони деб қарамоқ жоиз” деб қўшиб қўяди. Ишонасизми, бунақа гапни эшитгач, оғзинг очилганча қолаверасан киши, гарчи фавқулодда истеъдод ҳамда шу даражада соддаликнинг уйғунлиги сени қойил қолдирганига ўзингни ишонтиришга уринсанг-да, барибир, бунақа соддаликдан даҳшатга тушасан. Шу билан хотиржам бўлиб қўяқолса бўладими? Ўзини қурбон қилишни шу йўл билан оқлаб бўладими? Нега у ҳаммадан юксакда? – сўрайман ўз-ўзимдан, бошқа шоирларни: камтаргина Клаудиусни, нафосатли Ҳелтини, мағрур Маттисонни ўқирканман, наҳотки уларда табиатнинг ёқимли саси эшитилмаётган бўлса, наҳотки мусиқийлик, немисларга хос самимийлик фақат унинг шеъриятида бўлса? “Тағин водийлар бағрида…” – бу инжу, шу шеърнинг атиги икки мисрасини ёзолсам эди, эвазига докторлик дипломимни берган бўлардим. Вандсбеккернинг “Кўкда ой чиқди” шеърининг нимаси ёмон? У Ҳелтининг “Май кечаси” шеъри олдида уялса бўлармиди: “Кумушранг ой нури буталар орасидан мўралаганда”! Уялиш қаёқда дейсиз! Аксинча! Шунга хурсанд бўлиш мумкинки, у билан бир қаторда бошқалар ҳам бемалол ўзларини намоён қилишмоқда, на фақат унинг улуғлиги олдида ўзларини енгилиб, синиб қолишдан асрашмоқда, балки соддалигига ўзларидаги шу хислатни қарама-қарши қўйиб, гўё у мавжуд эмасдек баралла куйлашмоқда. Шу боисдан уларнинг овозларини янада юксакроқ қадрлаш жоиз, негаки асарнинг фақат мутлақ қадр-қимматига баҳо бериш керак эмас, балки унга маънавий ўлчов нуқтаи назаридан қарамоқ ва яратилган шарт-шароитни ҳам ҳисобга олмоқ керак. Савол туғилади: Нега у ҳаммадан юқори? Қандай куч ундан ярим худо ясаган, уни осмону фалакка кўтарган? Улкан характерими? Унинг қаҳрамонларида – Эдуард, Тассо, Клавиго, ҳатто ўша Майстер ва Фаустда қани ўша характер? Ўзини тасвирлайман дейди-ю, муаммоли, бўшанг, омадсиз қаҳрамонларни яратади. Гапнинг рости, муҳтарама хоним, гоҳида улуғ бритт[12]нинг “Цезарь” асаридаги Кассийнинг сўзларини ёдга оламан: “Худолар! Ҳайронман, бунақа бўшанг табиатли одам қандай қилиб дунёда олдинги қаторни эгаллаб, ғалабани қўлга киритди?”.

Жимлик чўкди. Кўрсаткич бармоғига олтин узук таққан Римернинг қўли ҳасса тутқичини тутиб турган бўлса-да, сезиларли титрарди, кекса хонимнинг боши ҳам тез-тез қалтирарди. Шарлотта сўз бошлади:

– Жаноб доктор, раҳматли эримнинг ва менинг ёшликдаги дўстимизни, “Вертер”нинг яратувчисини ҳимоя қилишга ўзимни бурчли деб биламан, гарчи бу асар унинг шон-шуҳратининг асоси бўлган, у яратган ижод маҳсулларининг энг гўзали бўлиб қолган бўлса-да, Сиз буни ҳатто эсламадингиз ҳам, назаримда, унинг улуғлигига рахна соладиган таъна-маломатларни ёғдирдингиз. Бироқ мен бундай васваса ёки вазифадан тийиламан, айтмоқчиманки, Сизнинг бу улуғ инсон билан ўн уч йил давомида унинг дўсти, ёрдамчиси сифатида ҳамкорлик қилганингиз меникидан кам эмас. Сизнинг танқидингиз, буни бошқача қандай айтса бўлади, қисқаси, Сизнинг фаҳмлаш йўсинингиз унинг қарашларига нисбатан садоқатли ҳайратга асосланган, бунинг олдида менинг ҳимоям кулгили туюлиши ва ўзаро тушунмовчиликка олиб келиши мумкин. Мен оддий аёлман, бироқ кўп нарсалар чуқур тушуниб етиш орқали изҳор қилинишини, танқид қилинаётган нарса таъналарга осонгина дош беришини яхши тушунаман, бунда қойил бўлиш – заҳар тил билан, ғийбат эса, ҳамду сано шаклида ифода этилади. Гапларим тўғрими?

– Сиз жуда самимийсиз, – жавоб берди Ример, – кўмакка муҳтожнинг ёнини оляпсиз, менинг гапларимни тўғри талқин қиляпсиз. Очиғи нималар деганим ёдимда йўқ, аммо Сизнинг сўзларингиздан англаяпманки, афтидан, анча-мунча ортиқча гапларни гапириб юборганга ўхшайман. Баъзан тилимиз майда-чуйда сафсаталарни бехосдан гапириб, бир-икки сўзга комик тус бериб юборамиз, натижада тингловчининг кулгисини маъқуллаб тураверамиз. Лекин катта мавзуларда сўзлаш кенг кўламли бўлади, сўзнинг оғиздан дарҳол чиқиб кетишига Худо йўл бермайди, шунда сўкиниш керак бўлган жойда маломат ёғдирамиз. Виждонан айтадиган бўлсак, назаримда, буюк нарса ҳақида гап кетганда, ҳамиша “Буюк! Буюк!” деявериш ва ярамас нарса ҳақида мафтункорлик чўққисидан туриб жилмайиб гап сотиш бефойда ва нотўғри. Гап айнан шу ҳақда, яъни ер юзида буюк нарса кўзга ташланиши мумкин бўлган энг нозик шакл: поэтик даҳо ҳақида – буюкликни олий мафтункорлик тимсолида, мафтункорликни эса, олий буюклик шаклида тасаввур қилиш ҳақида бормоқда. Даҳо худди шу йўсин орамизда яшайди ва фаришталарникидек оғзи билан гапиради. Ҳа, хоним, фаришталарникидек оғзи билан! Унинг ижод маҳсуллари дунёсидан истаган биттасини очинг, мана, масалан, “Театрдаги пролог”ни, мен бугун сартарошни кутиб ўтириб уни қайта ўқиб чиқдим ёки мана бу, пашшанинг ўлими ҳақидаги йўлакай ёзилган чуқур мазмунли, қувноқ масални олайлик:

 

Тумшуқчаси илк сўришдаёқ

Етса ҳамки заҳарга шундоқ.

У маст эди, митти вужудин,

Қопласа-да, акашак мутлоқ.

 

Бироқ бу кулгили бир тасодиф, кўр-кўрона эркинлик, мен қўл остимда бўлган мўл-кўл асарлар орасидан бошқасини эмас, айнан шуни танладим – қисқаси, булар ҳаммаси фаришталарникидек оғиздан, етукликнинг олий даражасидаги илоҳий оғиздан чиққан-ку, ҳар бир тимсол, ҳар бир драма, ҳар бир қўшиқ, ҳар бир ҳикояга қандай зарб билан безак берилган, ҳар бирида соф индивидуал жозибадорликнинг – Эгмонтга хос жозибадорликнинг муҳри акс этган! Уларни шундай деб атайман, “Эгмонт” драмаси ёдимга тушади, қаҳрамон ҳам ва у иштирок этадиган асар ҳам мутлақо бенуқсон жозибадорликлардан холи эмас. Ёки унинг насрий асарларини, ҳикоя ва романларини олинг – бу мавзуни тилга олгандик шекилли –  назаримда мен бу ҳақда нималарнидир гапиргандим. Бундан дилбарроқ латофат, бундан соддароқ ва жонлироқ тасвир бўлмайди. Уларда на дабдабалилик, на баландпарвозлик бор, гарчи ички томондан ҳаммаси фавқулодда улуғвор, бошқа ҳар қандай баён услуби, хусусан, кўтаринкилик бу услубга нисбатан босиқ туюлса-да, ташқи кўтаринкилик, тантанаворлик, ваъзхонлик оҳангидан, ясамалик ва эҳтирослар бўҳронидан асар йўқ, бу ерда, хоним, сокин, енгил шивирлаш оғушидаги илоҳийлик ҳукмрон. Агар бу тил ҳамиша чегара билмаслигини ёддан чиқарсак, унда мулоҳазакорлик, ҳақиқий нафосат ҳақида гапирса бўлади, бироқ тил хотиржам, нозик бир оддийлик билан ўрта йўлни танлайди, унинг журъати ҳам одоб доирасида, етук поэтик мароми ҳам бехато. Эҳтимол мен ортиқча гапларни гапираётгандирман, аммо, онт ичаманки, гарчи эҳтиросли қасамларим кўтарилган мавзуга дахлдор бўлмаса-да, тескари фикрларни қўллаган чоғимдаги каби ҳақиқатни гапиришга ҳаракат қиламан. Мен айтаманки, айтишга уринаманки: у ҳамма нарсани ўртача пардада айтади, ғоятда босиқ, ғоятда прозаик, бу ёруғ оламдаги энг ғаройиб ўйноқи проза бўлиб, унда янги яратилган сўз аллақандай жилмайиб тургандек сеҳрли жило касб этади, қувноқ-хаёлий, шу билан бирга, тилларанг, мутлақ кўтаринки, беҳад ёқимли-вазмин, ажиб ўзгарувчан, болаларча сеҳрли доноликка тўла мулойим дадиллик билан тақдим этади.

– Сиз жуда чиройли гапираяпсиз, жаноб Ример. Сўзларингизни тингларканман, чин кўнгилдан миннатдорлик туйғусини ҳис этаяпман. Фикрлаш тарзингиз билимингиз кенг қамровли эканлигидан, мавзу ичига чуқур кириб бориб, узоқ ва қаттиқ шуғулланганингиздан дарак беради. Бундан ташқари, кўнглингизга олманг-у, ушбу ғоят муҳим мавзу устида фикр юритатуриб яна ортиқча нарсаларни гапириб юбордим, дея хавфсирашингиз, менимча, асосли. Инкор қилмайман, Сизни диққат билан, ҳузур қилиб тинглаётганим фикрларингиздан қониқдим, уларни тўлиқ маъқуллайман, деганим эмас. Мақтов сўзларингизда – балки уларнинг ниҳоятда аниқлиги сабаблидир – қандайдир камситиш, мени зимдан ваҳимага соладиган, мен дилдан қабул қилишни истамайдиган қандайдир ғийбат белгилари борга ўхшайди. Юрагим менга, Сиз ҳақиқатни гапирмаяпсиз, демоқда. Даҳо ҳақида: “Буюк! Буюк!” деб қичқириш кулгили бўлса бўлаверсин, Сиз у ҳақда ўта расмиятчилик билан гапирсангиз ҳам майли, мен унинг феъл-атворини яхши биламан, менга ишонинг, мен биламан, ҳис этаман, у муҳаббат фарзанди. Лекин саволимни тўғри тушунинг, шоирона илҳомни қуруқ расмиятчилик билан изоҳлаб бўладими?

– Илҳом, – такрорлади Ример. У ҳасса тутқичи устида турган қўллари томон бошини секин, гўё қийналиб эгди. Бехосдан сапчиб тушди-да, йўқ, дегандек бошини чайқади. – Сиз адашаяпсиз, – деди у, – у илҳомланмайди. Унда аллақандай бошқа нарса бор, эҳтимол, ундан-да юксакроқ, айтайлик, Тангри марҳамати мададкорми, ҳарҳолда у илҳом эмас. Тангри таолони илҳомланган ҳолда тасаввур қилиб бўладими? Йўқ, бўлмайди. Худо илҳом манбаи, аммо унинг ўзига бу ҳолат бегона, унда ўзига хос совуққонлик ва емирувчи бепарволикни сезмасликнинг иложи йўқ. Худо нимадан илҳомланиши керак? Кимнинг томонини олиши лозим? У ҳамма нарса, унинг томони ҳам ўзиники, ўз томонида туради, афтидан, унинг иши ҳамма нарсани қамраб олувчи киноя. Мен теолог ҳам эмасман, қимматли хоним, файласуф ҳам эмасман, бироқ ҳаётий тажриба мени тез-тез ҳамма нарсанинг ҳеч нарса – nihil билан боғлиқлиги, уйғунлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилади, агар менга мана шу мавҳум сўздан фикрлаш тарзини, дунёқарашни ифодалайдиган сўз ясаш имкони берилса эди, унда ҳамма нарсани қамраб олувчи руҳни бемалол “ниҳилизм” руҳи деб атаса бўлади. Бундан келиб чиқадики, Худо ва иблис қарама-қарши тамойиллар, аслини олганда, иблис, таъбир жоиз бўлса, Худонинг тескари томони – нега энди шундай? – дейиш хато қараш бўлади. Бошқача қандай бўлиши мумкин? Агар Худо ҳамма нарса бўлса, унда у ўз навбатида иблис ҳам, демак иблисга яқинлашмай туриб, Худога яқинлашиш мумкин эмас, айтиш мумкинки, унинг бир кўзидан само ва муҳаббат балқиб турса, иккинчи кўзидан совуқ инкор ва емирувчи бепарволик қараб туради. Аммо иккала кўзда ҳам, қимматли хоним, улар бир-биридан узоқ жойлашганми ёки яқинми, барибир, битта нигоҳ мавжуд, мана шуни Сиздан сўрамоқчи эдим: бу қандай нигоҳки, унда ҳар иккала кўзлар ўртасидаги ихтилоф йўқ бўлиб кетади? Бунинг жавобини Сизга ва ўзимга ҳозир айтаман. Бу санъатнинг, мутлақ санъатнинг нигоҳи, бир вақтнинг ўзида бу мутлақ муҳаббат ва мутлақ қирилиб кетиш ёки бепарволик ҳамда илоҳий-шайтоний тушунчага яқинлашишни билдирувчи, биз “буюклик” дейдиган нарса. Мана Сизга жавоб. Шуларни айтарканман, Сизнинг келганингиз ҳақида сартарошдан хабар топганим заҳотиёқ Сизга шу гапларни айтаман, деб қарор қилган эдим чамаси, чунки бу фикрлар Сизни қизиқтиради, деб ўйладим ва ўзимни ҳам бу ерга юрагимни бўшатиб олиш истаги бошлаб келди. Ўйлаб қаранг, бу шунчаки майда гаплар эмас, шундай туйғу билан Худонинг берган куни шундай феномен қаршисида яшаш – бу маълум даражада асабларнинг зўриқишига олиб келади, бундан қутулиш учун сени бунга ўхшаган нарса кутмаётган Ростокка кетиш мутлақо мумкин бўлмай қолади. Сизга аҳволни яхшироқ тушунтирадиган бўлсам, бекорга Сизнинг диққатингизни шу нарсага қаратишни ният қилмадим, ўйлайманки, Сиз мени жон қулоғингиз билан тинглайсиз, қисқаси, агар менга бу ҳодиса ҳақида икки оғиз сўз айтишга изн берилса, шуни изҳор қилмоқчи эдимки, бу ҳодиса “Таврот”да Ёқуб пайғамбарга оқ фотиҳа берилгани ҳақида кўп бора ўйлашга мажбур қилган, у ерда айтилишича, Худо Юсуф пайғамбарни “кўкдаги кучлар ва ер қаърида ётган кучлар номи билан дуо қилган”.

Мени кечиринг, бу Муқаддас битикдан келтирган сўзларим бор-йўғи чекинишга ўхшаган нарса, аслида фикрларим тарқоқ эмас, гапимни йўқотиб қўйишдан ҳечам қўрқмайман. Ахир биз буюк маънавий қудратнинг ўта соддалик билан ягона инсоний қомусда бирлашиши ҳақида гапирдик ва бунақа бирлашиш инсониятнинг олий ҳайратига сабаб бўлишини таъкидладик-ку. Гап фақат боя айтганимиз дуо ҳақида эмас. Гап қўшалоқ дуо, яъни руҳий олам ва табиат дуоси ҳақида бормоқда, бундай ўйлаб қаралса, бу дуо умуман бутун инсониятнинг ҳам дуоси, ҳам қарғиши ҳисобланади, негаки одам бу дунёда омонатлиги билан табиатга, бошқа томондан эса, айтиш мумкинки, энг ҳал қилувчи томондан руҳий оламга дахлдордир. Буни бироз кулгили, бироқ ишнинг моҳиятини яхши очиб берадиган тимсол орқали тушунтирса бўлади: айтайлик, бир оёғимиз билан бир дунёда, иккинчиси билан бошқа дунёда турибмиз – мияни қотирадиган ҳолат – бунинг қийинлигини ниҳоятда чуқур ва жонли ҳис этишни бизга насронийлик ўргатган, агар одам мана шу хавфли, гоҳида уятга қолдирадиган ҳолатда ўз-ўзига ҳисоб берса ва табиат ришталаридан ўзини озод қилиб руҳий оламга интилса, у насронийдир. Насронийлик – бу чексизликни қўмсашдир, бу таърифим тўғрилигига ишончим комил. Афтидан мен юзинчидан мингинчига томон сакрадим, бироқ Сиз бундан ташвишланманг! Мен мингинчида туриб юзинчини, ҳатто биринчини ҳам унутмайман ва калаванинг учини маҳкам ушлаб турибман. Мана энди яна айтиб ўтилган буюклик феноменига – буюк инсонга қайтамиз, у баравар мақомда: ҳам буюк, ҳам инсон, чунки анави қарғиш аралаш дуо, ўша тан олинган инсоний икки хил кайфият унда бир вақтнинг ўзида ҳам сўнгги чегарага етган, ҳам мавжуд эмас, мавжуд эмаслиги шу маънодаки, қўмсаш, соғинч сингари майда-чуйда ҳис-туйғуларга бу ерда ўрин бўлиши мумкин эмас, икки томонлама, яъни ҳам кўкдаги кучлар, ҳам ер қаърида ётган кучлар номидан дуо қилинса, қарғиш зарбасидан асар ҳам қолмайди ва итоаткор бўлмаса-да, таслим бўлмайдиган ўта олийжаноб уйғунлик ва заминий ҳузур-ҳаловат формуласига айланиб кетади. Буюк инсонда руҳий томон етакчилик қилади ва бу табиий томонга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмайди, яратувчи руҳ ўзига қандай ишонса, табиат бу руҳга ундан ортиқ ишонади, чунки руҳ қандайдир йўсинда яратувчи руҳ билан боғлиқ ва унинг ишончли руҳи, табиатнинг акаси ҳисобланади, табиат унга ўз сир-асрорларини тўлиқ ишонади, ахир яратувчилик – руҳ ва табиатни чамбарчас боғлайдиган қон-қардошлик риштаси. Буюк руҳга дахлдор бу феномен, табиатнинг суюкли ва ишончли кишиси, одамларга хос буюкликка ва насронийлик гармониясига мувофиқ келмайдиган бу феномен одамни на фақат тўққиз, на фақат ўн тўрт йил, балки умрбод ўз ёнидан жилдирмасликка қодир ва ҳар қандай иззатталаблик, эркалик агар у билан мулоқот қилишдан бош тортишга тенг бўлса, унинг ихтиёрига зид ўлароқ одам ўз шахсиятининг аҳамиятини намоён қилолмайди. Мен ширин ва аччиқ обрў-эътибор тўғрисида гапириб, унинг фарқини асослаб ҳам берганим ёдимда. Бироқ шу феноменга муҳаббат билан хизмат қилишдан ҳам, унинг ҳузурида яшаш, ҳар куни нигоҳига кўзинг тушган заҳоти жойингда қотиб қолишдан ҳам ширинроқ обрў-эътибор борми? Унинг ёнида одам ўзини яхши ҳис қиладими, деб сўраган эдингиз. Элас-элас ёдимда, унинг ҳозирлигидан ҳосил бўладиган фавқулодда ҳузур ҳақида гапирган эдим, шунингдек, бунда маълум даражада зўрма-зўракилик, тортиниш ҳам йўқ эмаски, баъзан жойингда ўтиришинг қийин бўлиб, қочиб кетгинг келиб қолади. Ҳозир аниқ эслаяпман, биз бу ҳақда ундаги сабр-бардош билан, бепарволик билан, ройишлик билан боғлиқ ҳолда гаплашган эдик, менимча, ройишлик тушунчаси бехосдан оғзимдан чиқиб кетган эди, аслида бу тўғри эмас, чунки у гапни кўнгил юмшоқлиги, насронийлик ва шунга ўхшаган жиҳатларга буриб юборади, бу эса бемаънилик, аввало, шунинг учунки, ройишликнинг ўзи феномен бўлолмайди, аммо у ўз навбатида ҳамма нарса ва ҳеч нарсани биргаликда қамраб олувчи nihil, Худо ва иблис бирлиги билан алоқадордир. Аслини олганда, ройишлик бирликнинг натижаси, шунинг учун кўнгилбўшликка унинг ҳеч қандай дахли йўқ, кўпроқ ўзига хос совуққонликда, емирувчи лоқайдликда, бетарафликда, мутлақ санъатга бепарволикда намоён бўлади, бу дегани, ҳурматли хоним, унинг томони ўзиники, бир шеърда айтилганидек, “мен ҳеч нарсага буюртма бердим”, хуллас, ҳамма нарсани қамраб олувчи кинояга буюртма бердим. Бир куни у извошда менга шундай деган эди: “Киноя, – деган эди у, – бир чимдим туз, у овқатга таъм киритади”. Бу сўздан мен на фақат оғзимни очганча қолдим, балки танамни совуқ музлатиб юборгандек бўлди, чунки менинг қиёфамда шунақа одамни кўряпсизки, у халқ эртагидаги, қўрқувни ўрганиш учун йўлга чиққан қўрқмас аҳмоққа ўхшайди… мени қўрқитиш осон, буни бўйнимга оламан, аммо шубҳасиз бу ерда қўрқишга етарли асос бор эди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, киноя, id est[13] ниҳилизм аралашмаса, ҳамма нарсанинг таъми бузилармиш. Агар илҳомнинг мутлақ санъатга дахлдорлигини  ҳисобга олсак, агар шуни илҳом деб аташ мумкин бўлса, бу – ниҳилизмнинг ўзи, илҳомнинг кушандаси. Мен бу сўзларни ҳечам унутолмадим, ҳарҳолда аллақачон хулосага, бироз ёқимсиз хулосага келдим, яъни унинг айтган сўзлари осон унутилади, Ҳа, осон унутилади. Бунинг сабаби, қисман, одам уни севганидан, у ёки бу сўзни айтаётгандаги товуши, нигоҳи, юз ифодасига беҳад маҳлиё бўлиб кетганидан бўлса керакки, сўзларнинг маъносига диққат қилишга фурсат ҳам етмай қолади, тўғрироғи: маънонинг ажралмас қисми бўлган товуш, нигоҳ, юз ифодасини чиқариб ташласак, эҳтимол айтилган фикрдан кўп нарса қолмаслиги мумкин, унинг сўзларидаги маъно қамровининг шахсият билан боғлиқлигини ҳеч ким билан қиёслаб бўлмайди. Ишонтириб айтишим мумкинки, мана шу шахсият ундаги ҳақиқат билан шу қадар алоқадор бўладики, шахсиятнинг қўшимча кўмагисиз ҳақиқат ўз кучини йўқотади. Майли, шундай бўлақолсин, бунга ҳеч бир эътирозим йўқ. У айтган сўзларнинг осон унутилиши сабабини фақат шу билан изоҳлаб бўлмайди, бунинг сабаби ўша сўзларнинг ўзида бўлиши ҳам мумкин, назаримда бу сабаб сўзлар маъносидаги қарама-қаршилик, талқин қилиш қийин бўлган ҳам табиий, ҳам мутлақ санъат моҳиятидан иборат бўлган, унинг мустаҳкамлиги ва яроқлилигига зарар етказадиган иккимаънолиликда кўзга ташланади. Шўрлик инсон онги учун фақат маънавий томони яроқли ва фойдали. Маънавий бўлмаган нарсани, балки стихияли, бетараф, ғазабни қўзғатадиган, хуллас, эльф[14]ларга хос жиҳатни – келинг, шу атамани қабул қилайлик – яъни ҳамма нарсани тан оладиган ва сабр-бардошни емирадиган дунёдан, ёвузлик ва яхшилик кинояли бир тарзда тенглаштирилган сабабсиз ва мақсадсиз дунёдан келадиган нарсани одам қабул қилолмайди, чунки у бунга ишонолмайди, фақатгина эльфларнинг одамга сингдирадиган чексиз ишончи, яъни одамнинг зид нарсаларга фақат зид муносабатда бўла олиши бундан мустасно, холос. Чунки, ҳурматли хоним, бу чексиз ишонч эльфларнинг табиатига хос бўлган, шу билан бирга, зид бўлган чексиз кўнгилчанлик билан боғлиқ, зидлиги шу даражадаки, у: “Одам нимага муҳтож, буни биласанми?” деб сўрайди-да, ўзи жавоб қайтаради: “Яхши сўз хайрли ишларга даъват қилади, бандаси буни билади ва бу сўзларга жиддий қулоқ солади”. Шундай қилиб, биргина кўнгилчанлик орқасида эльфларга хос табиий асос ва ҳамма нарсани қамраб олувчи киноя барибир маънавий асос бўлади, бироқ, очиғини айтсак, унга нисбатан чексиз ишонч мутлақо маънавий эмас, акс ҳолда у чексиз бўлолмасди. Ишонч ўз навбатида стихияли, табиий ва ҳамма нарсани қамраб олувчидир. Бу маънавиятга зид, аммо одамларни борлиғича қамраб оладиган, буюк инсоннинг кўнгилчанлигига ишонч бўлиб, у одамни ҳақиқий тавбаларни қабул қилувчи руҳонийга айлантиради. У ҳамма нарсадан хабардор, ҳамма нарсани билади, унга ҳамма нарсани айтгинг келади ва айта оласан, чунки сезиб турасан: у одамларга яхшилик қилишга интилади, уларга ҳаёт гўзаллигини очиб беради, яшашга ўргатади, буни уларга ҳурмат юзасидан эмас, балки меҳр-муҳаббат юзасидан, тўғрироғи, уни ёқтиргани туфайли қилади. Мана шу сўзни алоҳида уқтиргим келади, чунки шу сўз унинг ҳузурида чуқур ҳис этадиган фавқулодда оромбахшликни беради – унга яна қайтишимнинг сабаби ҳали бу ҳақда мириқиб гапиролганим йўқ – менимча, “ёқтириш” сўзи бу ерга яхшироқ мос келади, бошқа ҳаяжонли сўздан кўра яхшироқ очиб беради. Оромбахшлик ҳам ҳис-ҳаяжонли сўз эмас, айтмоқчиманки, руҳий эмас, кўпроқ… қаранг, шу сўзни тополмаяпман! – фаол, ақлий оламга дахлдор, гарчи у ўзида зиддиятларни, яъни ҳаддан ортиқ тортиниш ва хавотирни мужассам этган бўлса ҳам. Агар қочиб кетиш ҳақидаги талвасали истак туфайли ўрнимда ўтиролмай қолиш борасида гапирган бўлсам, бу ҳам сўзсиз ўша оромбахш ҳис-туйғунинг руҳсиз, ҳаяжонсиз, номаънавий моҳияти билан боғлиқ. Аввало шуни эслатиш лозимки, бунақа тортиниш бизга боғлиқ эмас, балки оромбахшлилик қаердан келаётган бўлса, ўша муҳитга, яъни ҳамма нарса ва ҳеч нарсанинг айнан ўхшашлигига, мутлақ санъат ва ҳамма нарсани қамраб олувчи кинояга боғлиқдир. У ерда бахт истиқомат қилмайди, буни, қимматли хоним, аниқ-равшан биламан, шундан гоҳида юрагим қинидан чиқай дейди. Турлича қиёфага кира оладиган, лекин ҳамиша Протей[15]лигича қолаверадиган, шунингдек, яна мудом ўзгача ва ўзлигини йўқотмаган ҳолда такомиллашиб борувчи хилқатни, сўрашга изн беринг, шуни бахтли деб ҳисоблайсизми? У Худо ёки Худо янглиғ зот, ундаги илоҳийликни дарҳол ҳис этамиз, қадимгиларнинг айтишича, илоҳийлик ўзидан ажиб бир ёқимли ифор таратиб туради, биз нафас оладиган ана шу ёқимли ифордан Худони ва илоҳийликнинг яқинлигини сезамиз – бу сўз билан ифодалаб бўлмайдиган дилтортар туйғу. Биз “Худо” дейиш билан насронийликка зид нарсани айтамиз, бунда насронийликдан асар ҳам йўқ, бунга шубҳа йўқ, дунёдаги яхшиликка ишонч, шу яхшилик учун курашга истак йўқ; айтмоқчи эдимки, кўнгилда шавқ-завқ йўқ, чунки завқ-шавқ идеал нарсага тегишли. Табиатнинг ўзига айланган руҳ эса, идеал нарсани ҳам қадрлайди: бу эътиқодсиз, қалбсиз руҳ, у фақат ёқтириш тарзида ва маълум даражадаги шўхликда намоён бўлади, аслида унинг қисмати ҳамма нарсага шубҳа билан қараш – Протей қисмати. Биз ҳис этадиган ғаройиб ёқимли туйғу, бу ерда бахт истиқомат қилади, деган ишончни бизга сингдиролмайди. Негаки бахт, агар мен тамоман адашмаётган бўлсам, ишонч ва завқ-шавқ бўлган жойда, тортишувлар бўлган жойда яшайди, эльфларга хос киноя ва емирувчи лоқайдлик билан келишолмайди. Яратганнинг ифори, ҳа, ҳа! Бундан нафас олиб тўймайсан киши! Тўққиз йил, яна тўрт йил давомида бу флюидлар[16] билан ўзингни овутолмайсан-ку, ҳеч нарса кўрмасдан, кўплаб ҳодисаларга дуч келмасдан яшаб бўлмайди-ку ахир, ҳодисалар ҳам шунақаки, мен бахт деб атаган нарсанинг даҳшатли исботи сифатида уларни баҳолаган тақдирдагина эҳтимол тўғри тушунтирган бўларсан: бадқовоқлик, норозилик, умидсиз сукут – мана шундай кўнгилсизликдан одамлар ҳамиша сиқилади – мезбон тарафдан эмас бу, уй эгаси сифатида у ўзига буни раво кўрмайди, аммо меҳмон чуқур сукутга чўмиб, лабларини қимтиганча у бурчакдан бу бурчакка бориб келаверади. Бунақа зимистон ва тушкун ҳолатни тасаввур қилиб кўринг! Ҳамма жим, ахир у лом-мим демаса кимнинг ҳам гапиришга журъати етади? Улар у хонадан-бу хонага сандироқлашиб: “Унинг кайфияти ёмон” дея шивир-шивир қилишади. Бу ҳолат тез-тез содир бўлиб туради. Бундай пайтда қанчалар совуқ расмиятпарастлик, ниқобланган сертакаллуфлик ундаги тушуниксиз тортинчоқликни, ниҳоятда тез толиқиб қолишини, чарчоқни, бир хил доирадаги ҳаёт тарзини: Ваймар-Йена-Карлсбад-Йена-Ваймар – бекитиб туради, ёлғизликка, мутаассибликка, золимона бетоқатликка, мижғовликка, ғалати қилиқларга, афсунгарликка хос одатларга кучайиб борувчи иштиёқ, ҳурматли, қимматли хоним, буни кексалик аломати деб бўлмайди, кексаликда бундай бўлиши шарт эмас. Бунақа ҳолатларда мен тугал ишончсизликнинг, эльфларга хос ҳамма нарсани қамраб олувчи киноянинг сезилмас, даҳшатли белгиларини кўрганимдан сўнг англаганим шуки, завқ-шавқ ўрнини ишни ўз вақтида бажариш, ўта ҳайратлантирувчи ажиб бир фаоллик, ғайритабиий батартиблик эгаллайди. Эльфларга хос ҳамма нарсани қамраб олувчи киноя одамларни қадрламайди, одамлар гўё ҳечқачон ақли кирмайдиган ҳайвонлар. У озодлик, ватан тушунчаларига ишонмайди, булар унинг учун табиийликдан йироқ қуруқ хашак. Лекин у мутлақ санъатнинг моҳияти бўлатуриб лоақал шу санъатга ишонадими? Мутлақо ишонмайди, муҳтарама хоним. Аслида у бунга бетараф.

Бир куни шоирнинг мана бу гапи қулоғимга чалинди: “Шеър, аслини олганда, ҳеч нарса эмас. Биласизми, шеър дунёга тортиқ қилинган бўсага ўхшайди. Бироқ бўсадан болалар туғилмайди”. Бунга у ҳеч қандай қўшимча қилмади. Адашмасам, бир нарса демоқчи эдингизми?

Шарлоттага гўё сўз бермоқчи бўлгандек унга томон чўзилган Римернинг қўли кишини ташвишга соладиган даражада титрарди. Аммо унинг ўзи афтидан буни сезмасди, гарчи у қўлини пастга туширишини Шарлотта жуда хоҳлаган бўлса-да, у бунга эътибор ҳам қилмасдан ўша қўлини, худди зилзила пайтидагидек титраётган, силкинаётган бармоқларини ҳавода анча вақт ушлаб турди. У кўринишдан ҳолдан тойган, бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўларди. Ахир одам бир нафас билан шундай узоқ, кўнгилга яқин олинадиган нарсалар ҳақида, узлуксиз, ҳаяжон билан, бирор соат нафас ростламасдан гапирадими! Шарлотта бунинг натижасини ташвиш билан унинг ташқи қиёфасида пайқади: ранги оқариб кетган, манглайи тер билан қопланган, бўртиб турган кўзлари бўшлиққа маъносиз тикилган, мудом вайсақилиги сезилиб турган оғзига фожиали ниқоб тутилганга ўхшар, оғир, тез-тез нафас олар, нафас олиши эшитилиб турарди.

Пишиллаш ва қалтираш аста-секин йўқолди, ҳеч бир ҳиссиётли аёл кўз олдида бирорта эркакнинг нафаси қисилиб турганини кўрса – ҳатто бу оддий йўтал бўлса ҳам – бепарво қараб туришни ўзига муносиб кўрмайди. Шарлотта ҳам, ундаги ҳаяжон ва асабларининг таранглигига қарамасдан, бўсага дахлдор ҳазил-ҳузил сўзлар билан кула-кула уни юпатишга ҳаракат қилди. Ҳақиқатан ҳам, “бўса” унинг учун калит сўзга айланди; бунга у ҳаракат билан муносабат билдирган эди, Ример буни гўё у нимадир демоқчи, деб тушунган, ҳарҳолда бу ҳам асоссиз эмас эди, гарчи у нима демоқчи эканлигини ўзиям яхши билмаса-да, миясига нима келса сўзлай бошлади:

– Нима қиласиз энди, қимматли жаноб доктор! Бўса билан қиёслаш шеъриятни мутлақо камситмайди. Аксинча, бу ғоят гўзал қиёслаш, бу унинг шеърият деган номига ярашиқли, уни энг муносиб тарзда ҳаётга ва борлиққа қарама-қарши қўяди… Биласизми, – сўради у тўсатдан, гўё рўпарасидаги қаттиқ ҳаяжонланган одамни чалғитиш ва фикрини бошқа мавзуга тортиш мақсадида, – мен нечта болага ҳаёт бағишлаганимни айтайми? Ўн биттага, Худо қайтариб олган иккитаси ҳам шу ҳисобда. Мақтанчоқликка йўйманг-у, мен жуда куюнчак онаман, ўз бахтини кўз-кўз қиладиган ва Яратганнинг марҳаматига шукрона айтиб чарчамайдиганлар сирасиданман. Бутпарастлар қироличаси бошига тушган жазодан насроний аёл хавфсирамаса ҳам бўлади. Унинг исмини эсимга сололмайсизми, негадир ёдимдан кўтарилипти? – Ҳа, Ниобия[17]. У она сифатида кибрланиб кетганлиги учун шафқатсизларча жазоланган эди. Умуман олганда, оиламизда серфарзандлик одатий ҳол, бу менинг шахсий хизматим эмас. Немис диний жамоасига қарашли уйда агар бештаси вафот этмаганида эди, ўн олтита бўлардик. Ўзим она бўлгунимга қадар мен бу кичкина тўданинг онаси ўрнида эдим, ўшандаёқ анчагина машҳур бўлиб қолган эдим, Вертер ҳақидаги китоб етиб келиб, уйимизда қўлдан-қўлга ўтганда Гёте билан яқин алоқада бўлган укам Ҳанснинг қувончи еру кўкка сиғмагани худди бугунгидек ёдимда. Китоб иккита эди, биз уни бир вақтда ўқиш учун варақлар ва саҳифаларга бўлиб олган, болалар, айниқса, тинмасак Ҳансимиз уйимиздаги бутун икир-чикирларнинг романда муфассал ёритилганидан қувонишар, меҳрибон эрим билан менинг қандай ранжиганимиз, шахсиятимизнинг элга дастурхон қилинганидан, ҳақиқатга ундан кўпроқ нарса ёпиштириб ташланганидан хавотирга тушганимиз хаёлларига ҳам кириб чиқмасди.

– Айнан шу ҳақда, – ўзини эндигина босиб ола бошлаган Ример фурсатдан фойдаланиб гап қўшди, – айни шу ҳис-туйғулар ҳақида билмоқчи эдим-да.

– Мен бу ҳақда шунчаки сўз очдим, холос, – давом этди Шарлотта, – негалигини ўзим ҳам билмайман, бу ҳақда тўхталиб ўтиришни хоҳламайман. Булар чандиққа айланган жароҳатлар, эски оғриқларни фақат чандиқлар эслатиб туради. “Ёпиштириб” сўзи хаёлимга келиб қолди, чунки бу сўз ўша пайтдаги муносабатларимизда катта роль ўйнаган эди ва дўстим ўз мактуб­ларида буни кескин рад қилган, кўнглига жуда яқин олган эди: “Ёпиштириб” эмас, “сингдириб” дейиш керак” деб ёзган эди. Хўп майли, сингдириб бўлақолсин. Бундан аҳвол на яхши, на ёмон бўлиб қолмасди. У Кестнерни, сен Альберт эмассан, мутлақо бундай эмас, деб юпатарди, лекин одамларни бунга қандай қилиб ишонтирасиз? Тўғри, мени Лотта эмассан, деб исбот қилмади, бироқ эримдан, менинг қўлимни қисиб, қуйидаги сўзларни унинг номидан айтишини илтимос қилди: “Сенинг номинг минглаб муқаддас оғизларда эҳтиром билан тилга олинишини англаш ҳарҳолда оғзига кучи етмаганларнинг ғийбатлари ўрнини босади”. Бунда у чинакам ҳақ эди. Мен аввал бошиданоқ ўзим ҳақимда эмас, ранжиган эрим ҳақида кўпроқ қайғурдим, унинг гўзал хислатлари эвазига ҳаёт унга ато этган яхшиликлар учун чин дилдан қувондим, айниқса, у фарзандларимнинг отаси бўлди, у ҳам, бу ҳам уларга ҳамиша меҳр кўрсатишганини тан олмаслик мумкин эмас. Бир куни у бизга, ҳамма фарзандларимизга исм қўйишни хоҳлашини, негаки биз қандай бўлсак, улар ҳам унга шундай яқинлигини ёзган эди. Биз ростдан ҳам етмиш тўртинчи йилда тўнғичимизни чўқинтиришини илтимос қилдик, бу болага Вольфганг деб исм қўйишимизни жуда истаган, бироқ биз бундай исмни хоҳламай ўзимизча уни Георг деб атаган эдик. Аммо саксон учинчи йили Кестнер ўша пайтда нечта боламиз бўлса, ҳаммасининг силуэтини унга юборган, у бундан беҳад шодланган эди. Бундан олти йил бурун у, франкфуртлик Липперт фамилияли қизга уйланган врач ўғлим Теодорга ўша ернинг фуқаролигини олишга ва Тиббиёт-жарроҳлик академияси профессори лавозимини эгаллашга ёрдам берган эди. Ҳа, кечирасиз-ку, у бунда ўзининг барча имкониятларини ишга солди. Ўтган йили Теодор укаси, легацион маслаҳатчи Август билан бирга Гербермюлда, доктор Виллемерникида уни кўргани борганида уларни очиқ чеҳра билан кутиб олган, менинг аҳволимни сўраб суриштирган, ҳали шўх болакайлик чоғларида марҳум оталари юборган силуэтлардан уларни танишини айтган. Август билан Теодор бу ташриф ҳақида менга батафсил сўзлаб беришган эди. У силуэтлар ҳақида гапириб, илгари ўзи ҳақида эсдалик қолдириш учун қулай бўлган усул урфдан қолганидан афсусланибди. Ўғилларимнинг айтишларича, у жуда илтифотли бўлган, фақат беш-олтита одамлар йиғилган боғдаги суҳбат маҳалида қандайдир безовталаниб, майсалар устида, бир қўли чўнтагида, иккинчиси кўкрагида у ёқдан-бу ёққа юрган, тўхтаганда эса, оёқларида маҳкам туролмай дарахтга суянган.

– Ҳа, бу ўз-ўзидан тушунарли, – деди Ример. – Унинг кайфияти ёмон бўлган. Силуэтлар ҳақидаги гап шунчаки, нимадир дейиш баҳонасида айтилган. Буни таъкидлаб ўтирмаса ҳам бўлади.

– Билмадим, ҳурматли жаноб доктор. Ўз вақтида у қайчида ишлаш санъатининг нафосати ва афзалликларини қадрлашни биларди. Агар биз унга юборган силуэтлар бўлмаса, у менинг фарзандларим ҳақида қандай тасаввур ҳосил қилган бўларди? Ахир уларга ҳарчанд ихлоси баланд бўлса-да, улар билан танишишга, эски дўсти Кестнер билан қайта учрашишга имкон топмади ҳам, имкон қидирмади ҳам. Силуэтлар шу маънода унга жуда қўл келди. Сиз билсангиз керак, Вецларда Гётеда менинг силуэтим бўлган эди (ҳозир ҳам унда ўша силуэт сақланганми-йўқми, жуда билгим келади), у Кестнердан ўша ҳадяни олганида қанчалар жўшқин қувонч ва миннатдорчилигини изҳор қилган эди. Эҳтимол, унинг бу санъатга ихлоси ҳам шундандир.

– О, ҳа, албатта. Бу нодир буюм бошқа шунга ўхшаш буюмлар орасида турибдими-йўқми, ҳозир аниқ айтолмайман. Бу жуда муҳим нарса, бирор қулай фурсат бўлганда буни аниқлашга ваъда бераман.

– Ўзим ундан бу ҳақда сўрашни истардим. Нима бўлганда ҳам, у қачонлардир бу шўрлик сояга нечоғлик сиғингани менга аён… “Мен уни минг-минг марталаб ўпганман, кетаётганимда ва уйга қайтиб келганимда минг марталаб унга қўл силкиганман”. Худди шундай ёзган у. “Вертер”да айтилишича, у силуэтни менга қайтарган. Худога шукурки, ҳаммамизнинг бахтимизга у ўз жонига қасд қилмади, демак, агар силуэт вақт ўтиши билан йўқолиб кетмаган бўлса, ҳалиям унда тургандир. Бундан ташқари, у расмни менга қайтаролмасди, негаки уни Кестнердан олган эди. Айтинг-чи, жаноб доктор, шу совғани ҳатто мендан эмас, менинг турмуш ўртоғимдан, тўғрироғи, икковимиздан олган лаҳзадаги унинг қайноқ қувончи ва унга фавқулодда меҳр қўйиши озгина нарсага ҳам қаноатланишидан дарак бермайдими, нима деб ўйлайсиз?

– Бу шоирона қаноатланиш, – деди Ример, – Сиз айтган нарса, шоирлар учун улкан бойлик, оддий одамлар учун арзимас нарса.

– Афтидан мана шу нарса, – маъқуллади Шарлотта, – болалар билан ростакамига танишишдан кўра уларнинг силуэтлари билан кифояланиб қўяқолишга ундаган бўлса керак, акс ҳолда бирор ёққа сафари чоғида йўлакай бурилиб кирса бўларди-ку. Агар Август билан Теодор ташаббус кўрсатиб, Франкфуртдан Гербермюлга уни кўргани ўтишмаганда, у бу одамчалардан бирортасини ҳам кўрмаган бўларди, ҳолбуки болаларимнинг ҳаммасини ўзи чўқинтиришни истаган эди, чунки уларни ҳам худди биздек ўзига яқин оларди. Худди биздек. Унинг эски дўсти Кестнер, менинг Ҳанс Христианим, бундан ўн олти йил бурун уни бирор марта ҳам кўрмасдан мени ёлғиз ташлаб абадиятга кетди, у болалардан менинг аҳволим ҳақида ижикилаб сўрабди, бироқ узоқ умримиз давомида бу ҳақда ўзимдан сўрашга озгина бўлса ҳам уринмади. Агар энди, умримиз охирлаб қолганда ташаббусни ўзим қўлга олмаганимда, – эҳтимол бундай қилмаслигим керакмиди, ахир мен синглим Риделникига келганман, қолган ҳаммаси a propos[18] қилинган.

– Қимматли хоним, – доктор Ример Шарлоттанинг юзига қарамасдан унга томон эгилди, айтмоқчи бўлган гаплари таъсиридами юзида қотиб қолган ифода билан овозини пасайтирди, – қимматли хоним, мен Сизнинг a proposингизни ҳурмат қиламан, сўзларингиздаги таъсирчанликни, ташаббус бўлмаганлигидан ҳатто енгил афсусни тушунаман, бу ҳолат у қадар табиий эмас ва одамгарчиликка тўғри келмайди. Илтимос, гапларимдан ҳайрон бўлманг. Бундоқ ўйлаб кўрсак, аслида завқланишга сабаб топилган жойда ҳайрон бўлишга ҳам сабаб топилмай қолмайди. У Сизни, қачонлардир қалбини забт этган ва ўлмас ҳис-туйғу бағишлаган инсонни бирор марта ҳам бориб кўрмабди. Бу ғалати ҳол. Агар хайрихоҳлик ва миннатдорликка нисбатан табиат алоқаларига кўпроқ аҳамият берилса, шунақа фактлар юзага чиқадики, улардаги очиқ-ойдин кўриниб турган ғайриодатийлик Сизнинг тажрибангиздаги совуқ ўй-фикрларга таскин бўлиши мумкин. У ерда қандайдир ғалати бадқовоқлик бор, таърифлаш қийин бўлган руҳий тўсиқ, инсоний қонун-қоидаларга зид, одамни кўкрагидан итарадиган нимадир мавжуд. У бутун умри давомида ўз туғишганларига қандай муносабатда бўлди? Ҳеч қандай, улар ҳақида тилининг учида гапирарди-ю, аммо хиёнаткорона бепарволик кўрсатарди. Ёшлигида, ҳали ота-онаси, синглиси ҳаёт чоғларида, ундаги биз қоралашга журъат қилолмайдиган аллақандай тортинчоқлик уларни бориб кўришга, уларга хат ёзишга монелик қиларди. Синглиси, шўрлик Корнелиядан қолган биттаю битта болани эсламайди ҳам, ҳатто уни танимайди ҳам. Франкфуртдаги тоғалари-ю холалари, жиянларини-ку бирор марта эслаб ҳам қўймайди. Марҳума онасининг кексайиб қолган опаси ўша ерда ўғли билан яшайди, агар улар бунга беришлари керак бўлган, марҳума онасидан қолган озгина меросни ҳисобга олмаганда, улар билан ҳеч қандай алоқа риштаси йўқ. Ўз онаси-чи, ўзи таъкидлаганидек, унга “одамларнинг кўнглини ёзадиган қувноқ феъл-атворни” юқтирган бечора онагинаси-чи? – доктор Ример янаям пастга эгилди, нигоҳини пастга қаратганча овозини пасайтирди. –   Ҳурматли хоним, бундан саккиз йил олдин у абадиятга рихлат қилганида (у ўшанда мазза қилиб дам олгандан сўнг Карлсбаддан ўз муҳташам уйига қайтаётган эди), улар ўн бир йил кўришмаган эдилар. Ўн бир йил-а, бу айтишга осон, одамнинг ақлига сиғмайдиган ҳолат. У эзилиб кетган, жуда чуқур қайғуга ботган эди, буни ҳаммамиз кўриб, билиб турдик ва Эрфуртда Наполеон билан учрашуви уни тушкун аҳволдан олиб чиққач, хурсанд бўлдик. Аммо ўн бир йил давомида у бирор марта ота юртига, туғилиб ўсган уйига бирров кириб чиқишни хаёлига келтирмади ёки бунга фурсат топмадими? Э-э, бунга узрли сабабларни истаганча топса бўлади: касалликлар, уруш, курортларга бориш зарурияти… кейингиларни шунчаки ўзни оқлаш учун келтирдим, аммо ўринсиз бўлди, аслида ана шу сафарлар асносида йўлни буриб, ота-она хонадонига кириб чиқиш учун имкониятлар бор эди. Лекин у бундай қилмади, ҳафсаласизлик қилди – нега, деб мендан сўраманг! Эсимда бор, илоҳиёт дарсида устозимиз биз ўғил болаларга Исо Масиҳнинг ўз онасига қарата: “Аёл, сен билан нима ишим бор?” деган гапларини изоҳлашга беҳуда уринарди. Буни шундай ҳолда тушунмаслик керак, дея уқдирарди у, бу юзаки қараганда гўё ҳурматсизларча мурожаат ҳам, Худонинг ўғли, барчамиз учун муқаддас бўлган нарсани ўзини гуноҳдан халос қилиш мақсадига бўйсундиришга уриниш ҳам эмас. Бироқ устозимиз бу сўзларнинг маъносини оқлашга бекорга уринган эди, чунки ўша сўзларнинг ибратли томони биз учун шунчалик кам эдики, ҳеч ким уларни тилга олишни истамасди. Фикрдан чалғиганим учун маъзур тутинг! Шу муносабат билан бу гапни тез-тез ёдга олиб тураман, ҳозир ҳам унинг бегоналашиб кетганлигини оқлаш ва Сиздан умуман хабар олмай қўйганлигини изоҳлаш учун келтирдим. Ўн тўртинчи йилнинг кузида, Райн ва Майн бўйлаб сафари чоғида Франкфуртга борганида, она шаҳри уни ўн етти йил кўрмаган эди. Бу нима? Даҳонинг ўз она шаҳрига, деворлари уни эмбрион ҳолатида кўрган, туғилиб вояга етган, уни кенг дунёга чиқишга йўллаган шаҳрига бўлган туйғуларини қанақа журъатсизлик, қанақа тийиб бўлмас тортинчоқлик ёки кекчил уятчанлик белгилайди? Нима, улардан уяладими ёки уларга кўрингиси келмайдими? Биз фақат сўраймиз ва тахмин қиламиз. Аммо на шаҳар, на меҳрибон онаси бундан заррача ҳам ранжимасди, Франкфуртда чиқадиган “Почта хабарлари” газетаси унинг келишига бағишлаб мақола эълон қилган эди (мен уни сақлаб қўйганман); энди онасига келсак, қимматли хоним, ўғлининг буюклиги олдида бош эгиши ва дунёга шундай даҳо инсонни тортиқ қилганлигидан фахрланиши ҳамиша тенг эди. Ўғли узоқда бўлса-да, ҳар бир янги чиққан асарини, тўла асарлар тўпламининг ҳар бир жилдини юбориб турар, биринчи юборган шеърлар тўпламини онаси мудом қўлидан қўймаган. У вафотига қадар саккиз жилдни олишга улгурган ва уларни ярим чарм муқовада муқовалатиб қўйган…

– Ҳурматли жаноб доктор, – унинг гапини бўлди Шарлотта, – шуни эслатиб қўяйки, Сиз менга бекорга она шаҳрининг кечирувчанлиги ва она муҳаббатининг чексизлигини уқдиришга уриняпсиз. Агар Сизни тўғри тушунган бўлсам, уларни менга намуна қилиб кўрсатмоқчи бўляпсиз, ҳолбуки мен бунга муҳтож эмасман! Мен мутлақо хотиржам, тўғри, унинг қилиқларидан таажжубланган, бироз ранжиган ҳолда камтарона хулосага келдим. Кўриб турибсиз, мен худди пайғамбар айтгандек иш тутаяпман: тоғ менинг олдимга келмаса, мен тоғ олдига бораман. Агар пайғамбарнинг таъби нозик бўлса, келмаган бўларди. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, пайғамбар тоғ олдига фурсати топилганда боради, тўғрироғи, у тоғни четлаб ўтмоқчи эмас, таъби нозиклик айни мана шунда кўзга ташланади. Мени тўғри тушунинг, Худо раҳмат қилгур ҳурматли хонимнинг оналарча ройишлиги менга тамоман маъқул, деб айтолмайман. Мен ҳам онаман, бир гала ўғилларни ёруғ дунёга келтирдим, ҳаммаси одобли, фаол инсонлар бўлиб вояга етишди. Борди-ю шулардан ҳеч бўлмаса биттаси ўзини империя маслаҳатчиси хонимининг ўғилчасидек тутсами, ўн бир йил давомида атиги бир мартагина эшигимдан бош суқмаса ва мен турган шаҳар ёнидан ўтиб-қайтиб, курортма-курорт юрсами, мен унга ўғил қандай бўлиши кераклигини ўргатиб, ишонинг менга, доктор, яхшилаб адабини бериб қўйган бўлардим.

Кўринишдан Шарлоттани зардали-қувноқ кайфият чулғаган эди. Бу аччиқ-тизиқ сўзларни айтаркан, соябонини ерга уриб дўқиллатиб қўяр, кулранг-қўнғир жингалак сочлари остидаги пешонаси қизариб кетган, лаблари табассум қилмоқчи бўлгандагидек эмас, балки бошқача бир тарзда бурилган, кўк кўзларида қизиққонликданми ёки бошқа сабабданми ёш йилтилларди. Гапида давом этаркан, улар киприкларида илиниб турарди:

– Йўқ, гапнинг очиғи, оналарга хос бунақа кўнгилчанлик менинг табиатимга тўғри келмайди; юксак фазилатларнинг тескари томонини, яъни ўғилга хос сипоҳликни ҳам кечирмаган бўлардим. Кўрардингиз, пайғамбар тоққа ўзи борганидек, ўзим югуриб келардим-да, унинг ақлини киргизиб қўйган бўлардим. Гапимга ишонаверинг, тоққа нима бўлганини билиш учун мана ҳозир келган эканман, унда қандайдир ҳақим бўлгани учун эмас, Худо сақласин, мен унинг онаси эмасман, у менга нисбатан истаганча бепарво бўлаверсин, бироқ инкор қилмайман, мен билан тоғ ўртасида эски, узилмаган ҳисоб-китобимиз бор, эҳтимол, ана шу эски, узилмаган, қийнайдиган ҳисоб-китоб мени бу ёққа етаклаб келгандир…

Ример Шарлоттани диққат билан кузатарди. У талаффуз қилган “қийнайдиган” сўзи лабларидаги ифода-ю кўзларидаги ёшга мос келадиган биринчи сўз эди. Зеҳни паст эркак-аёлларнинг нималарга қодирлиги ва ҳатто ҳис-туйғуларда ҳам муғомбирлик қила олишларидан ҳайрон қолди ва завқланди: у азоблари, эҳтимол, бир умрлик азобларини ифодалашга, кўз ёшлари ва бурилган лабларига бошқача маъно юклашга хизмат қилувчи матнни олдиндан ўйлаб қўйган эди. Бу матнни шунчалик нотўғри намоён қилдики, гўё буларнинг ҳаммаси унинг зардали-қувноқ нутқи билан боғлиқ эди ва аллақачон, ўша фош қилувчи сўз оғзидан чиқиб кетгунгача гўё шундай эди, у айтган сўзларини ҳеч ким ўша азобларга олиб бориб боғлашга ва айниқса, ўзини олдиндан юрагини тўкиб солиш ҳуқуқи билан таъминлайдиган, бундан олдин айтган сўзлари нуқтаи назаридан қабул қилишга бирор кишининг журъат қилишини, шундай қила олишини истамасди. Ўта айёр мавжудот, ўйлади Ример, учига чиққан муғомбир, макр ва самимиятни бир бутунликда намоён қилиш маҳоратини эгаллаган, дунёга ишқий саргузаштлар учун келган. Биз – эркаклар, қўпол айиқполвонлармиз, уларга қиёслаганда лапашангмиз.

Мен унинг қартасига қарашга ва ҳийла-найрангларини англаб етишга муваффақ бўлганимнинг боиси шуки, мен ҳам худди у тортган азобларни бошдан кечирдим, чунки биз шерикмиз, азобларда шерикмиз… Ример унинг сўзини бўлишдан сақланди. Бўртиб чиққан кўзларини унинг бурилган лаб­ларига тикканча гапнинг давомини кутди. Шарлотта сўзида давом этди:

– Қирқ тўрт йил, қимматли жаноб доктор, агар унга ўша пайтдаги менинг ўн тўққиз ёшимни қўшсак, мен учун жумбоқ бўлиб қолди, азобли жумбоқ, Сиздан яшириб ҳам нима қилдим, силуэтлар билан кифояланиш, шеърият билан кифояланиш, ўзи айтганидек, болаларни дунёга келтирмайдиган бўса билан кифояланиш, аммо улар дунёга келишди, агар иккита ўлганларини ҳам ҳисобласак, ўн битта бола Кестнеримнинг ҳақиқий, соф муҳаббатидан туғилишди. Яхшилаб ўйлаб, тасаввур қилишга уриниб кўринг, бутун умрим давомида нега бу шубҳалардан халос бўлолмаганимни тушуниб оласиз. Билмадим, ўша пайтдаги ҳолат Сизга маълумми-йўқми… Олий суд тафтиши бошланган пайтда Кестнер, Фалькнинг шахсий котиби сифатида олтмиш саккизинчи йилда Ҳанновердан Вецларга келди. Фальк – Бремен ҳерцогининг элчиси эди, буни билсангиз керак. Буларнинг ҳаммаси вақти-соати етиб тарихий аҳамият касб этади, ўзини зиёли ҳисоблаган ҳар бир одам буни билиши жоиз, буни хаёлдан соқит қилмаслигимиз зарур. Демак: Кестнер – ювош, хушахлоқ, тарбияли ёш йигит, Бремен миссиясининг котиби сифатида шаҳримизга келди. Мен, ўн беш яшар қизалоқ – ўшанда эндигина ўн бешга кирган эдим-да, – дарҳол унга ишонч билдирдим, у ишидан имконият туғилган пайтларда Немис диний жамоасига қарашли уйи­мизда бўлар, гавжум оиламизнинг гўё аъзосига айланган эди, ўшандан бир йил олдин биз суюкли, қимматли, унутилмас онажонимиздан жудо бўлган эдик, “Вертер” романи орқали уни бутун дунё билади. Отамиз, амтман, бир тўда болалар билан бева қолди, мен эса, унинг иккинчи фарзанди, ўзим ҳали деярли гўдак, бор кучим билан болаларни тарбиялаш, уй тутишда раҳматлик онамнинг ўрнини босишга ҳаракат қилдим, қўлимдан келганча уларнинг бурунларини артдим, қоринларини тўйдирдим, бошқарувни иложи борича ўз қўлимда тутишга уриндим, негаки энг каттамиз Лина бу ишларга қизиқмасди ҳам, уқуви ҳам йўқ эди. Кейинчалик, етмиш еттинчи йилда у сарой маслаҳатчиси Дицга турмушга чиқиб, унга бешта баҳодир ўғиллар ҳадя қилди, улардан энг каттаси, Фрицхен, у ҳам ўз навбатида Империя олий суди архивида сарой маслаҳатчиси бўлди, буларнинг бари вақти келиб маълум бўлади, чунки бу маълумотлар таълим мақсадларида ҳали ўрганилади, шу боисдан мен уларни ёдимдан чиқармай юрибман. Бундан ташқари, Сизга айтиб қўймоқчиман, энг каттамиз Каролина ке­йинчалик аъло даражадаги рафиқа ва она бўлди, тарих унга ҳам муносиб баҳо бериши учун қайғурмоқ керак. Аммо у кезларда ориққина, оқ-малла сочли, кўзлари кўм-кўк қизалоқ бўлсам-да, уй-рўзғор ишларига у эмас, кўпроқ мен моҳир эдим, ҳарқалай ҳамма шу фикрда эди. Фақат кейинги тўрт йилда аёл сифатида қаддимни анча ростладим – Кестнерга ёқиш ва уни севганим учун қатъий ишонч билан шундай қилдим. У анчадан бери, ҳарҳолда менга шундай туюлганди, менинг уй-рўзғор ишларига чечанлигимни кузатиб, ҳар нарсани ўз номи билан аташ керак, муҳаббат нигоҳи билан менга разм солиб юрарди. У ҳамма соҳада нима хоҳлашини биларди, бинобарин, бунда ҳам, дастлабки кунларданоқ у мени, Лотхенни, ўзига рафиқа, хонадонига бекаликка танлаб қўйган, фақат иши юришиб, тўй қилишга моддий аҳволи йўл берса бўлди эди. Бу меҳрибон отамиз қўйган шарт эди, Кестнер ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласини боқишга қурби етадиган бўлсагина отам тўйга оқ фотиҳа беришга ваъда берган, унгача бу ҳақда оғиз очмаслик лозим эди, бунинг устига у пайтда мен ҳали ўн беш яшар суяги қотмаган гўдак эдим. Шунга қарамасдан, ўшандаёқ унаштириш бўлган, ҳар икки тараф иштирокида сўзсиз аҳд тузилган эди: У, олийжаноб Кестнер, менинг уй-рўзғор ишларига чечанлигим учун мени хоҳлашини, мен эса, у мени жуда хоҳлагани ва унга беҳад ишонганим учун уни чин дилдан хоҳлашимни айтдим, хуллас, биз бир умрга аҳдлашдик, бутун ҳаётимизни биргаликда тасаввур қилдик, агар мен кейинги тўрт йилда жисмонан бироз тўлишиб, айтиш мумкинки, аёллик қиёфасига, жуда гўзал қиёфага эга бўлган бўлсам, албатта шундай бўлмоғи зарур эди: энди мен учун ўсмирликдан аёллик даврига қадам қўйиш, поэтик тил билан айтганда, гуркираб очилиш фурсати етган эди. Бу энди ўз йўлига, аммо менинг ҳис-туйғуларим ва тасаввурим бўйича бошқача бўлиши керак эди – ҳаммаси худди шундай аниқ бир ният билан пишиб етилди, фурсати етиб, у куёв деган номга, ўз навбатида мен келин ва бўлғуси она деган номга муносиб қадду бастга эга бўлишим менга  етишишни истаган садоқатли одамга муҳаббат ва ҳурмат юзасидан амалга ошди. Ўша пайтдаги тушунчам бўйича, менинг балоғатга етиб, гўзал, келишган қиз бўлиб улғайишимни кутган олийжаноб, садоқатли йигитгагина аталганимни нега таъкидлашни жуда муҳим деб ҳисоблашимни тушунасизми-йўқми, билмайман.

– Тушунаяпман чоғи, – деди Ример нигоҳини пастга олиб.

– Ана энди, айни шу ишлар етилиб турганда учинчи киши, дўст, ёқимтой шерик келди, у четдан келди-да, мана шу муҳитга, ардоқлаб тайёргарлик кўрилган ҳаётга капалак мисол бостириб кириб келди. Уни капалак деганимга ҳайрон бўлманг, чунки у унчалик ҳам енгилтак йигит эмас эди, яъни масалан, енгилтаклиги ҳам бор эди, бироз телбанамо, кийинишлари кетворган, қизларга илакишишни хуш кўрадиган, кучини ва чаққонлигини кўз-кўз қилишни ёқтирадиган, давраларнинг гули эди, у энг қизиқ ўйинларни ўйлаб топар, энг яхши раққоса қизлар жон деб унга қўл узатишарди, булар энди ўз йўлига, ҳарҳолда виқор ва ясан-тусан ҳамиша ҳам унга тўғри келавермасди, чунки бунинг учун у оғир, руҳияти бой ва фикри кенг эди, аммо чуқур мулоҳазакорлик ва буюк фикрлардан ғурурланиш ҳисси – мана шулар жиддийлик ва енгилтаклик, ўйчанлик ва ўз-ўзидан қониқиш ўртасидаги боғловчи восита бўлиб хизмат қиларди, умуман олганда, у мафтункор эди, буни тан олиш зарур: очиқкўнгил ва олийжаноб, бирор хато иш қилиб қўйса, дарҳол бўйнига оладиган хилидан. Кестнер икковимиз уни бирдек ёқтирардик, уччаламиз ҳам чин юракдан дўстлашиб қолган эдик, чунки у, четдан келган кимса, бизнинг орамиздаги муносабатлардан ҳайратга тушган эди, у буларни қувонч билан қабул қилди, дўст ва учинчи киши сифатида унга аралашиб кетди. Бунга унинг вақти етарли эди, чунки Империя судида яхшими, ёмонми ҳеч вақо қилмасди, айни пайтда турмуш ўртоғим юқорироқ лавозим умидида, тағин мени деб кечаю кундуз элчининг идорасидан чиқмай ишларди. Ҳозир ҳам ишончим комил, келгуси тадқиқотчиларни ишонтириб айтаманки, дўстимиз ҳам бундан ҳайратга тушарди. Кестнернинг меҳнатсеварлигини айтмоқчиман, бу унга мен билан ёлғиз қолиш имконини туғдиргани учун эмас, йўқ, у садоқатсиз дўст эмас эди, ҳеч кимнинг бундай дейишга ҳаққи йўқ. Шу билан бирга, у бошиданоқ мени севиб қолгани йўқ, мени тўғри тушунинг, у бизнинг бир-биримизга аталганимизни, кутилаётган бахтимизни севиб қолди. Шу боисдан у меҳрибон Кестнеримни худди оға-инидек яхши кўрар, унга хиёнат қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Аксинча, иккимизни биргаликда севиш ва бизнинг режали муносабатларимиздан ўз улушини олиш учун садоқат билан унинг елкасига қўлини қўйган, менга эса кўзини тиккан эди. Бироқ шундай бўлдики, гарчи садоқатли қўлини елкадан олмаса-да, уни унутиб қўйди, менга томон йўналган нигоҳ эса ўзгача ифода касб этди. Доктор, менинг ҳолатимни кўз олдингизга келтириб кўринг, бутун ҳаётим давомида, фарзандларимни ичимда кўтариб, тарбия қилиб юрганимда ҳам шу ҳақда тинмай ўйладим, ҳозиргача ҳам ўйлайман! Меҳрибон Тангрим, унинг назари аста-секин садоқатига қарши бош кўтараётганини, энди у бизнинг унаштирилганимизни эмас, балки мени, бир умрга мени хоҳлаган, фарзандларимнинг отаси бўлишни орзу қилган одам учун тўрт йил давомида қандай ўзгарган бўлсам, шуни севишини сезиб қолдим, агар сезмасам, аёл бўлмасдим. Бир куни у менга аллақандай, ўз ҳолатини, менга бўлган ҳиссиётларини ифодалайдиган, ифодалаши лозим бўлган бир нарсани ўқишга берди, ҳалиям Кестнернинг елкасида турган қўлларига эътибор қилмади. Бу босишга берилган қандайдир асар эди, чунки у тинмай ёзарди, Вецларга ҳам “Темир қўлли рицарь Гец фон Берлихинген” драмасининг қўлёзмаси билан келган эди. “Кронпринц” қаҳвахонасидаги улфатлари шу драмани ўқиб, унга “Очиқкўнгил Гец” лақабини беришган эди. У тақризлар ва шу сингари нарсаларни ҳам ёзарди, менга берган битиклари “Франкфурт илмий ахборотномаси”да босилган бўлиб, унда аллақайси поляк яҳудий шоири ёзиб эълон қилган шеърлар таҳлил қилинган эди. У ерда яҳудий ва унинг шеърлари ҳақида кам гапирилган, ўзини ортиқ тутолмаган шекилли, дарҳол қишлоқдаги тинч гўшада учрашган қиз билан йигит ҳақидаги ҳикояга кўчган, мендаги ҳарқанча ибо ва камтарликка қарамасдан, бу қизда мен ўзимни танимай қололмадим. Матн менга, менинг муҳитимга, ўзаро меҳр-муҳаббатга йўғрилган хотиржам оила даврасига, уйдаги иккинчи она сифатида қиз қалбан ва жисмонан балоғатга етган хонадонга бағишланган дилтортар тасвирларга шу қадар тўлиб-тошган эдики, қизнинг муҳаббатга тўла қалби ҳар қандай юракни ўзига ром қилади (унинг сўзларини айнан келтиряпман), шоир ва олимлар ундаги туғма фазилатларни туғма жозиба билан уйғунликда ҳайрат билан томоша қилиш учун жон-жон деб унинг ҳузурига боришади. Қисқаси, бунақа ишораларнинг охири-кети йўқ, мақсади нима эканлигини пайқамаслик учун одам қип-қизил аҳмоқ бўлиши керак эди. Бу шундай ҳолат эдики, ҳақиқатнинг тубига етиш учун уятчанлик ва камтарлик халақит беролмасди. Бироқ энг ёмони, мени даҳшатга ва таҳликага солган нарса – йигитнинг қизга ўз қалбини таклиф қилгани, бу ёш, жўшқин қалб қиз билан бирга дунёнинг узоқ манзилларидаги сирли ҳузур-ҳаловатга (у худди шундай деган) интилиш, қайнаб-тошадиган бирдамликда (“қайнаб-тошадиган бирдамлик”ни мен қандай билмаслигим керак эди!), абадий яқинликнинг олтинга тенг умидларини (сўзма-сўз келтираяпман) ва бир умр сўнмас муҳаббат лаззатини тотиш учун яратилганини изҳор қилган эди.

– Менга қаранг, қимматли хоним, – унинг сўзини бўлди Ример. – Сиз беҳад муҳим гапларни айтяпсиз. Шунақа маълумотларни келтирдингизки, илм учун буларнинг қиммати нечоғлиги борасида афтидан ўзингизга ҳисоб бермаяпсиз. Бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Бу гапларни мен илк бора эшитиб туришим, ишонгим келмайди. Аниқ, қария… бу маълумотларни мендан яширган. Менимча, булар унинг ёдидан кўтарилган ҳам бўлиши мумкин…

– Бунга ишонмайман, – деди Шарлотта, – бунақа нарса унутилмайди. “… қиз билан бирга дунёнинг узоқ манзилларидаги сирли ҳузур-ҳаловатга интилиш” – шубҳасиз, буни у худди мендек ёдида сақласа керак.

– Эҳтимол, – қизишди доктор, – бу ҳужжат Вертер ва унга асос бўлган ҳис-туйғулар билан боғлиқ. Қимматли хоним, бу бениҳоя муҳим аҳамиятга эга иш! Сизда ўша ёзувлар сақланганми? Уни топиш ва филологлар қўлига етказиш зарур…

– Шунақа кўрсатма билан фанга хизмат қилишни ўзим учун шараф деб биламан, – жавоб берди Шарлотта, – ҳарҳолда якка-ярим хизматлар билан диққатни ўзимга қаратиш жоиз эмасдир, деган фикрни ҳам қўшиб қўймоқчийдим.

– Гапингиз тўғри! Жуда тўғри!

– Яҳудий ҳақидаги тақриз менда йўқ, – давом этди у, – бу билан ҳафсалангизни пир қилишимга тўғри келади. Ўшанда у ёзувни менга дарҳол ўқиб чиқишга берган ва унинг кўзи олдида ўқишимни талаб қилган эди, агар мендаги камтарлик ва сезгирлик ўртасида қанчалик оғир ихтилоф келиб чиқишини билганимда эди, сираям бундай қилмаган бўлардим. Унинг афтига ҳам қарамасдан тақризни қайтариб берганим учун юзида қанақа ўзгариш бўлди, билмайман. “Сизга ёқдими?” – сўради у паст овозда. “Яҳудий унчалик мамнун бўлмайди” дея совуқ жавоб қайтардим мен. “Сиз-чи, Лотхен, Сиз мамнунмисиз?” “Руҳий осойишталигим жойида” жавоб қайтардим мен. “О, мен ҳам шундай деяолсам эди ўзим ҳақимда!” дея хитоб қилди у гўё тақризнинг ўзи камлик қилгану яна бу хитобга зарурият туғилгандек, бу билан Кестнернинг елкасидаги қўл унутилган, энди бутун тириклик Кестнерга тегишли бўлган унинг қайноқ севгисининг жонлантирувчи нигоҳи остида менда барг ёзаётган нарсага қарайдиган кўзларига йиғилганини билдирмоқчи бўлди чоғи. Ҳа, менинг борлиғим, менда нима бўлса ҳаммаси, ўн тўққиз ёшимнинг жозибаси деб аташ мумкин бўлган ҳамма нарса суюкли турмуш ўртоғимга, бизнинг соф ҳаётий орзу-умидларимизга аталган эди, у “сирли ҳузур-ҳаловат” ва қанақадир “бир умр сўнмас муҳаббат”га бағишланмаганди, мутлақо. Лекин, доктор, Сиз мени тушунасиз, ишонаманки, ҳамма мени тушунади, сабаби, қиз бола унинг баҳорий гўзаллигини фақат бир киши эмас, у кимга аталган бўлса, айтиш мумкинки, ким учун дунёга келган бўлса, фақат ўшагина эмас, балки бу гўзалликка тағин бошқа биров, учинчи киши ҳам кўз тикса, бундан қувонади ва роҳатланади, бу биз учун ҳам, ўша гўзалликка эга бўлиш манглайига ёзилган киши учун ҳам қадримизни оширади. Меҳрибон Кестнерим менинг бошқалар наздидаги, айниқса, ўзининг беназир истеъдодли дўсти наздидаги ютуғимдан қувонганини кўриб мен ҳам беҳад қувонардим, у дўстидан ҳайратга тушар, менга ишонгандек унга ҳам ишонар ёки тўғрироғи, сал бошқача, унча чуқур ҳурмат билан эмас, чунки турмуш ўртоғим менга ишонарди, менинг ақл билан иш қилишимга, нима хоҳлашимни билишимга ишончи комил эди, унга ишонишининг сабаби, у нима хоҳлашини ўзи мутлақо билмас, мақсадсиз, довдираган бир ҳолда эди, уни шоир сифатида севарди. Қисқаси, доктор, ўзингиз кўриб турибсиз! Кестнер мени жиддий қабул қилгани учун менга ишонарди, унга ҳам ишонарди, гарчи ундаги шукуҳ ва улуғворликдан ҳайратга тушса-да, уни жиддий қабул қилмасди, шоирона муҳаббати орқасида тортадиган изтиробларига ачинарди. Мен туфайли унинг азобланаётганидан, яхшигина дўстликдан кечиб бунақа аҳволга тушиб қолганидан мен ҳам қийналардим, бироқ Кестнернинг уни жиддий қабул қилмагани, уни у қадар ҳурмат қилмасдан ишониши мени икки карра хафа қилар, бундан тез-тез виждоним қийналарди, назаримда мен бунақа нолойиқ муносабатдан дўстим билан бирга ранжиб, турмуш ўртоғимга хиёнат қилаётгандек эдим. Шу билан бирга, бундай ишонгани мени хотиржам қилар, бунга панжа орасидан қарашга, учинчининг самимий дўстлиги шубҳали бир тарзда ўз тусини ўзгартиргани, Кестнернинг елкасидаги қўлини унутганини кўриб жуфтни тоқ дейишимга йўл очар эди.

Тушунасизми, доктор, бундай хафалик туйғуси менинг ўз бурчим ва мулоҳазакорликдан бегоналашишимнинг белгиси эканлиги ҳамда Кестнердаги ишонч, кўнгли кенглик мени андак мулоҳазасиз қилиб қўйгани Сизга равшан бўлди менимча-а?

– Юксак хизматларим туфайли, – жавоб берди Ример, – бунақа нозик масалаларни ечишда тажрибам бор, ўйлайманки, ўша пайтдаги ҳолатга ҳарҳолда фаҳмим етади. Шу ҳолат Сиз учун туғдирган қийинчиликлардан ҳам, ҳурматли хоним, кўз юмиб ўтолмайман.

– Бунинг учун Сизга раҳмат, – деди Шарлотта, – ишонтириб айтаманки, воқеалар қачонлардир бўлиб ўтган бўлса-да, бу нарса Сизга миннатдорчилик билдиришимга монелик қилолмайди. Бу ерда вақт одатга қарши умуман аҳамият касб этмайди. Айтишим мумкинки, қирқ тўрт йил давомида ўша пайтдаги ҳолат ҳалиям худди ҳозир бўлгандек эскирмаган ва янги-янги мулоҳазаларни келтириб чиқараверади. Ҳа, ўша ўтган йиллар қувончу ташвишларга ҳарқанча тўла бўлмасин, бирор кун йўқ эдики, ўша воқеалар ҳақида хаёлга толмасам, унинг оқибатлари, бутун онгли инсоният учун улар нималар келтириб чиқаргани кундек равшан.

– Кундек равшан.

– Гапимни тасдиқлаганингиз қандай яхши, жаноб доктор, бу билан мени беҳад руҳлантирдингиз! Бундай ёқимли сўзларни айтишга тайёр турган одам билан суҳбатлашиш дилга ёқади. Афтидан, Сиз “юксак хизматлар” деб атаган нарса кўп жиҳатдан ростдан ҳам Сизда акс этган ва одам ҳамма нарсани айта оладиган ва айтишни истайдиган истиғфорни қабул қилувчи руҳоний хислатларини сингдирган, чунки буларнинг ҳаммаси унга “кундек равшан”. Ўшандаги ва анча кейинги воқеалар боис менда пайдо бўлган азобли мулоҳазаларнинг айримларини тўкиб солиш учун Сиз менга жасорат беряпсиз, булар анави четдан келган, биров қурган инга ўз ҳис-туйғуларининг какку тухумини қўйган учинчи кишининг роли ва феъл-атвори ҳақидаги мулоҳазалардир, Илтимос, “какку тухуми” деган сўзимдан ҳайрон бўлманг, эслаб кўринг, бунақа дадил ва қўпол ибораларни қўллаб ўзингиз менга намуна бўлган эдингиз. Сиз “эльфларга хос моҳият” ҳақида эслатган эдингиз, “эльфлар” сўзининг “какку тухуми”дан ҳеч бир аъло жойи йўқ. Бунинг устига, бу сўз узоқ йиллар давомидаги узлуксиз ва чуқур ўй-хаёлларнинг ифодаси, мени тўғри тушунинг, мен: натижаси демаяпман! Натижаси, десак чиройли ва муносиб бўлмас эди, бу аниқ. Йўқ, таърифлар, маълум маънода, давом этадиган ўй-хаёллардир… Демак, мана бу гапдан ортиқ ҳеч нарса демоқчи эмасман: тузуккина бир йигит қизга севгисини бағишлаб, пойига сажда қилмоқчи – сажданинг ичида, қизни хижолат қиладиган хиралик ҳам йўқ эмас, албатта. Йигит ўзини қанчалик ўзгача ва ёрқинроқ намоён қилса, у билан мулоқотлар қанчалик мароқли бўлса, шубҳасиз, булар қизнинг қалбида ҳам жавоб ҳиссиётларини уйғотади. Менимча, йигит ўз дидидаги қизни ўзи танлаб, ўз ҳаёт йўлида ўзи топиб, унинг афзалликларига ўзи баҳо бериб, унга ўз қалбини тортиқ қилиш учун уни номаълумлик ботқоғидан олиб чиқиши жоиз эди. Мана шу қирқ тўрт йил давомида ўзимга берадиган саволни нега энди Сизга бермаслигим керак: бу йигит билан мулоқот нечоғлик гаштли бўлмасин, нега ўз жуфтини танлашда ва севишда унда мустақиллик етишмайди, нега учинчи бўлиб бошқага аталган ҳамда ўша туфайли куртак ёзаётган одамни афзал кўради? Ким бошқаларнинг севгисига бурнини тиқади, бошқаларнинг ҳаётига бостириб кириб, ўзгалар насибасига қўл чўзади? Унаштирилган қизни севиш, мана шу нарса мени турмушга чиққанимдан кейин ҳам, бевалик йилларимда ҳам бошимни қотириб келди. Куёвга садоқатли дўстлик туйғуси билан йўғрилган севги, ҳарқанча хираликлар қилмасин, у севгисидан воз кечмайди, бўсани ҳисобга олмаганда куёвнинг ҳуқуқларини чеклашни хаёлига келтирмайди, барча ҳаётий ҳуқуқ ва мажбуриятларни дўстининг ихтиёрига қўяди, анави икковининг никоҳидан туғиладиган болаларни чўқинтиришни олдиндан ўз бўйнига олади, агар бу ҳам насиб қилмаса, силуэтлар орқали улар билан танишади… Биласизми, бу нима дегани: унаштирилган қизни севиш – нега бу нарса узоқ йиллик оғир кечинмаларга сабабчи бўлиши керак? Охири шунга келдики, тилимнинг учида битта сўз тинмай айланадиган бўлди, ичдан ҳарқанча қаршилик кўрсатмайин, бундан ҳечам қутулолмадим. Бу – “текинхўрлик” деган сўз.

Жим қолишди. Кекса аёлнинг боши қалтирарди. Ример бир зумга кўзларини юмди ва лабини тишлади. Кейин ўзгача бир хотиржамлик билан гап бошлади:

– Шу сўзни айтишга ўзингизда куч топганингизда уни эшитишга менда ҳам жасорат бўлишини ҳисобга олган бўлсангиз керак. Фикримга қўшиласиз деб ўйлайман, иккаламизни ҳам бир зум жим қолишга мажбур қилган қўрқув ўша сўзнинг маъноси ва илоҳий аҳамияти билан боғлиқ қўрқув эди, уни айтаётганда бу Сизнинг ҳам эътиборингиздан четда қолмади. Мен бу фикрни бутун борлиғи билан тушунаман, бундан хотиржам бўлаверинг. Илоҳий текинхўрлик – илоҳийликнинг инсон даргоҳига тушиши, деган тушунча ҳам мавжуд, бу бизнинг тасаввуримизда янгилик эмас, заминий ҳузур-ҳаловатда илоҳнинг тасодифий иштироки, бандасига тегишли маҳбубанинг олий мақомда сайланиши, тақводор, Худодан қўрқадиган, бунақа аралашувлардан ўзини таҳқирланган, ҳақоратлангандек эмас, балки аксинча, ҳурмат-эҳтиромга сазовордек ҳис этадиган инсон завжасига Тангрининг ишқи тушиши демакдир. Унинг ишончи, хотиржамлиги шерикликнинг айнан шу қўнимсиз-илоҳий моҳиятидан келиб чиқади, бу шерикликка иззат-ҳурмат ва илоҳийлик уйғотадиган ҳайратга зиён етмаган ҳолда маълум бир реал аҳамиятсизлик хос – буни эслатаётганимнинг сабаби Сиз “жиддий қабул қилмаслик” ҳақида гапирган эдингиз. Аслида илоҳийликни тамоман жиддий қабул қилмаслик жоиз, албатта, чунки у инсонлар орасида истиқомат қилади. Заминий куёв тўла ҳуқуқ билан ўзига: “Ташвиш тортма, бу фақат Худо” дейиши мумкин, бунда “фақат” сўзи шерик-ошиқнинг олий табиатини самимий тан олиш билан тўлиб-тошган бўлади, шубҳасиз.

– Шунақа эди, дўстим, унинг ишончи мана шундай лиммо-лим, ҳатто ундан-да ортиқ эди, турмуш ўртоғим Кестнернинг кўпинча азобланганини сезардим: гарчи анави учинчининг эҳтиросларини жиддий қабул қилмасак-да, шундай буюк шахс олдида мен севгилимга эга бўлишга лойиқманми? Мен уни анавичалик бахтли қила оламанми, ҳарқанча қийналсам-да, яхшиси ундан воз кечиб қўяқолсаммикан? – дея иккиланарди. Иқрор бўламан, шундай вақтлар бўлардики, мен Кестнердаги шубҳаларни бартараф қилишга бутун қалбим билан тайёр бўлмасдим, буни истамасдим. Буларнинг ҳаммаси, доктор, эсингизда бўлсин! Гарчи биз иккаламиз ҳам ўзимизча сезардикки, унинг эҳтирослари изтиробларга қанчалик мубтало бўлмасин, қандайдир ўйинга ўхшаган, ишониб бўлмайдиган бир нарса эдими, қандайдир ғайриоддий, ғайриинсоний мақсадларни кўзловчи кўнгил воситасими, ишқилиб, охири шу хулосага келдик.

– Қимматли хоним, – деди доктор ҳаяжонланган ва огоҳлантирувчи оҳангда, у ҳатто узук безаб турган бармоғини баланд кўтарди, – шеърият – бутун илоҳиётлигига қарамасдан ғайриинсоний эмас. Тўққиз йил, яна тўрт йил мен шеъриятга мардикорлик ва котиблик қилдим, яқин алоқада бўлиб, у ҳақда кўп нарса ўргандим ва у ҳақда бемалол гапира оламан. Аслини олганда, у сирли ибодат, илоҳийликнинг инсонийликка айланиши; у тенг даражада ҳам инсоний, ҳам илоҳий – бизни насронийлик илмининг чуқур сир-асрорларига ва мажусийликнинг мафтункор мифларига йўлловчи феномен. Бунинг сабаби унинг илоҳий-инсоний икки тарафлилигида ёки у гўзалликнинг айни ўзи эканлигидами, майли, фарқи йўқ, у ўз-ўзига мафтун бўлишга мойил ва бу ўз аксига маҳлиё бўлган қадимги гўзал бола тимсолини эсга солади. У жилмайиб, ўз-ўзига қандай назар ташласа, сўзлар, ҳис-туйғулар, фикрлар, эҳтирослар ҳам шундай ҳаракатланади. Ўз-ўзига мафтун бўлиш – бу оддий фуқарога хос эмас, аммо олий доираларда, муҳтарама хоним, бу сўз айб ҳисобланмайди – ахир гўзаллик, шеърият қандай қилиб ўз-ўзига маҳлиё бўлмасин? У энг эҳтиросли эҳтирос билан ўз-ўзига маҳлиё бўлади, у изтиробларда инсоний, ўзига маҳлиёликда илоҳийдир. У муҳаббатнинг турли шакллари ва кўринишларида ўзини намоён қилади, масалан олайлик, унаштирилган, яъни севиш мумкин бўлмаган қизни севиб қолади. Ўзида бегона, ноинсоний, ишқий олам белгисини ташир экан, шеърият ўз ихтиёри билан аралашиб қолган гуноҳлардан маст бўлиб, одамлар билан алоқага киришишни, уларнинг ишларига бош қўшишни ёқтиради, деб ўйлайман. У улуғ амалдордан кўп нарса юқтирган, бу эса ундан, шеърият аталмиш бу жаноб оддий халқдан чиққан, ақлини йўқотиб, унга топинадиган қиз олдида пальтосининг барларини ланг очиб, испан сарой аъёнининг ҳашаматли кийимида пайдо бўлишни ёқтиради… Шеъриятнинг ўз-ўзига маҳлиёлиги мана шундай…

– Бу ўз-ўзига маҳлиёлик, – деди Шарлотта, – назаримда, ўта камсуқумлилик билан боғлиққа ўхшайдики, унинг ҳақ-ҳуқуқларини бор бўйича англаб етиб бўлмайди. Ўша кезлардаги мендаги саросималик, узоқ давом этган саросималик – буни яшириб ўтирмайман – нисбатан ачинарли роль орқасида пайдо бўлган эди, ҳозир эса буни Сиз айтган илоҳийлик билан тенглаштираяпмиз. Сиз, қимматли доктор, оғзимдан чиқиб кетган қўпол сўзни ниҳоятда юксак даражада талқин қилишга муваффақ бўлдингиз, бунинг учун Сиздан миннатдорман. Аммо, гапнинг пўсткалласини айтганда, илоҳий текинхўрлик деганингиз қанчалар ачинарли кўринишга эга эди, биз, бир-бирига аталган оддий инсонлар қалбида орамиздаги учинчига, дўстимизга, гарчи у оддий бандалардан беҳад юқори турса-да, аллақандай ачиниш ҳисси ҳукмрон эди. Лекин ўзини бечорадек тутиб, бошқалардан садақа қабул қилиши керакмиди унга? Кестнер унга совға қилган менинг силуэтим, кўйлагимдаги бант садақа бўлмай нима? Яхши биламан, улар ўз навбатида қурбонликка, яраштирувчи қурбонликка ўхшаган нарсалар эди, чунки мен, келин, ўзим буни хоҳлаган, совға менинг розилигим билан қилинган эди. Лекин барибир, доктор, бутун умрим бўйи, бу Худо қиёфасидаги йигитнинг камсуқумлигига ҳайратланишдан тўхтамадим. Ҳозир Сизга бир воқеани айтиб бераман, бу ҳақда қирқ йилдан бери бош қотириб келаман, лекин изоҳини тополмайман – буни менга Борн айтиб берган эди, Лайпцих бургомистрининг ўғли, уни университетда ўқиб юрганидан бери танийдиган, амалиётчи Борн, – уни Сиз биласиз. Борн у билан, биз билан ҳам, айниқса Кестнер билан яхши муносабатда эди. Ажойиб, яхши тарбия кўрган йигит бўлиб, ўта назокатли эди, айрим қилиқларни кўпам маъқуллайвермасди. Кейинроқ билишимча, унинг ўзини тутиши, менга яқин олиши Борнни ташвишга солган экан, чунки буларнинг барини, яъни орқамдан эргашиб, мени умр йўлдошимдан тортиб олишга интилишини Кестнер учун зарарли бўлган бекорчи ишлар деб ҳисоблаган. Кестнер сафарга кетган пайтида Борн унга мана бу гапларни айтган. “Оғайни, – деган у, – бунақаси кетмайди, нима қиляпсан, бу ишнинг охири нима билан тугайди? Қизни ҳам, ўзингни ҳам ғийбат қилишларига йўл очяпсан, агар мен Кестнер бўлганимда, Худо ҳаққи, бу менга ёқмаган бўларди. Ақлингни йиғиб ол, оғайни!” Биласизми, у нима деб жавоб қайтарган? “Майли, мен аҳмоқман, – деган у, – лекин бу қизни ниҳоятда қадрлайман, агар у мени алдаса (агар мен уни алдасам, у шундай деган), агар у ўзини одатдагидек тутиб, ўз жозибасини янаям кўз-кўз қилиш учун Кестнердан ниқоб сифатида фойдаланса, мен буни пайқаган лаҳза, уни менга яқинлаштирган, яъни у турмуш ўртоғига хиёнат қилган лаҳза танишувимизнинг сўнгги лаҳзаси бўлади”. Хўш, бу гапга нима дейсиз?

– Жуда зўр, ўринли жавоб, – деди Ример кўзларини пастга олиб, – Сизга бўлган ишончидан, унинг Сизга эргашиб юрганини нотўғри тушунмаслигингизга умид боғлашидан дарак беради.

– Нотўғри тушунмаслигим? Ҳозиргача ҳам уни нотўғри тушунмасликка ҳаракат қиламан, айтинг-чи, уни қандай тўғри тушуниб бўлади? Йўқ, у хотиржам бўлаверсин, мен зинҳор гўзаллигимни кўз-кўз қилиш учун Кестнеримни ниқоб қилишни ўйламаганман, бунинг учун мен ҳаддан зиёд ақлсиз бўлишим ёки унинг сўзлари билан айтганда, ўзимни одатдагидек тутмаслигим керак эди. Бироқ унинг ўзи-чи, эрига хиёнат қилишни истамайдиган банд қизга нисбатан эҳтиросларига ва ўз ҳаракатларига ниқоб сифатида Кестнердан фойдаланмадими? Ўзи мени алдамадими, қалбимни ўзгарувчи илҳомбахш-жозибадор кўркамлиги билан мени қийнамадими, ахир мен бу жозибадорликни хоҳламаслигимни, бунга ҳаққим йўқлигини, бунга интилмаслигимни ўзиям биларди-ку? Бир куни Вецларга дўсти, дароз Мерк келди, у таъбимга ўтирмасди, ҳамманинг устидан кулаверадиган, ғазабнок қиёфали, турқи совуқ кимса, қарасам юрагим сиқилади, лекин ақли ўткир, уни ўзига хос тарзда, чинакамига севарди, эҳтимол у севадиган ягона киши шудир. Буни кўриб истасам-истамасам унга яхши муносабатда бўлдим. Хўш десангиз, ўша Мерк унга нималар дегани кейинроқ қулоғимга етиб келди. Прокуратур Брандтнинг қизлари Аннхен, Дортельхенлар билан бирга рақс кечасида рақс тушиб, фант[19] ўйнаб келиш учун боргандик, улар менинг қўшниларим ва яқин дугоналарим бўлиб, Немис диний жамоаси ҳовлисидаги бир уйда ижарада туришарди. Дортель гўзал, бўйчан, менга нисбатан анча кўзга яқин эди, мен Кестнер учун очилиб кетганимга қарамасдан ҳали хийла нозик эдим, унинг кўзлари ҳам чаросдек қоп-қора бўлганидан кўпинча унга ҳасадим келарди, чунки унга қора кўзлар ёқишини, уларни кўк кўзларга нисбатан афзал кўришини билардим. Ана ўша дароз Гётени четга тортиб шундай деган: “Тентак, нима қилиб юрибсан, бировга унаштирилган қизга эргашиб, вақтингни елга совуриб? Ундан кўра ана қоракўз Юнона – Дортелга назар солсанг-чи, ўшанинг этагидан тут, ана ишинг юришиб кетади, унинг боши бўш, халақит берадиган ҳеч нарса йўқ. Ҳа, сен ахир вақтни елга учиришга устасан-ку!” Дортелнинг синглиси Аннхен буни эшитиб қолиб, кейин менга айтиб берган эди. У Меркнинг сўзларига кулиб қўйди, деган эди Аннхен, унинг вақтни бекорга ўтказиш ҳақидаги таънасига парво ҳам қилмаган, менга сарфланган вақтини елга учди, деб ўйламагани, агар истасангиз, Дортелнинг банд эмаслигини менинг фазилатимдан кўра афзал деб ҳисобламагани менга ёққан эди. Эҳтимол, бу қизда бирор фазилат кўрган бўлса ҳам, бу унга керак бўлмагандир. Ҳар ҳолда, романда Лоттага Дортелнинг қора кўзларини берган, агар бу унинг қора кўзлари бўлса. Бироқ айтишларича, бу кўзлар Максимилиана Ларошга тегишли эмиш, у франкфуртлик баққол Брентанонинг ёш хотини бўлган, у ўшанинг ёнида “Вертер”ни ёзмасидан олдин уззукун ўтираркан, охири эри жанжал кўтаргач, бормай қўйган экан. Одамларнинг гапларига кўра, қора кўзлар ўшаники эмиш, айримлар уялмасдан, Вертернинг Лоттаси айрим нарсаларни ҳисобга олмаганда менга у қадар ўхшамаслигини уқтиришади ҳам. Бунга Сиз нима дейсиз, доктор, илм кишиси сифатида қандай баҳо берасиз? Ахир бу даҳшат эмасми, ўйлаб кўринг, бор-йўғи қандайдир қора кўз туфайли мен энди Лотта бўлмай қолсам, дилим оғримайдими?

Унинг йиғлаётганини кўриб, Римернинг кўнгли бузилиб кетди. Суҳбатдошининг назаридан қочиб, кескин четга бурилган кекса хонимнинг бурни қизарди, лаблари титраб, ингичка бармоқлари шоша-пиша сумкасидан дастрўмолчасини қидира бошлади, у билан киприклари пирпираётган бўтакўзмонанд кўзларидан қуйилай деб турган ёшларини артмоқчи эди, бироқ у яна – Ример буни пайқади – аввал йиғлаганидек, маълум бир мақсадда йиғларди. Аёлларга хос макр-ҳийла эҳтиёжидан у аллақачон томоғига тиқилиб турган кўз ёшларига, ақлга сиғмайдиган сабаблар ҳақидаги, ўзи уялаётган кўз ёшларига бироз оддий, ҳарҳолда анча бемаъни маъно юклаш мақсадида тез ва айёрона ҳаракатлар қилди. Бир неча сония дастрўмолчасини кўзларига босиб турди.

– Қимматли, ҳурматли хоним, – деди Ример, – шундай бўлиши мумкинми? Арзимас бир иккиланиш Сизнинг обрў-эътиборингизга соя солиши, бир зумга бўлса-да, кўнглингизни хира қилиши мумкинми? Менинг назаримда, сабр-бардошли ва хуш кайфиятдаги қурбонлари бўлиб турганимиз бизнинг ҳозирги қамал ҳолатимиз, миллатимиз кимда абадий барҳаёт қаҳрамон тимсолини кўришига Сизда зинҳор шубҳа уйғотмаслиги лозим. Бу гапни мен унинг ўзи – изн беринг! – хотираларининг учинчи қисмида айтиб ўтганидан сўнг гўё Сизнинг улуғлигингиз ҳақида умуман шубҳа бўлиши мумкинми, деган фикрда айтаяпман. Буни Сизга эслатишим жоизми? Худди санъаткор ўз Венерасини кўплаб гўзаллар тимсоли асосида яратганидек, дейди у, у ҳам ўз Лоттасида бир қанча латофатли қизлар фазилатларини тўплаган, дея қўшимча қилади у, энг суюкли – энг суюкли қиздан олинган, қимматли хоним! Тўхтанг, ҳозир айтаман, ўн иккинчи китобдамиди ёзилгани – кимнинг уйи, кимнинг оиласи, феъл-атвори, ташқи қиёфаси, хушчақчақлигини у шундай бир меҳр билан, аниқ тасвирлайдики, бу ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди. Вертернинг Лоттаси битта ёки бир нечта моделдан яратилганми, дея одамлар сафсата сотаверишсин, майли – буюк даҳо ҳаётидаги энг севимли, энг эҳтиросли эпизодлардан бирининг қаҳрамони, ёш Гётенинг Лоттаси, қимматли хоним, фақат битта…

– Буни мен бугун бир бора эшитгандим, – деди у табассум билан юзлари қизариб, рўмолча остидан назар ташларкан. – Анави эшикоға, Магер, гап орасида шу фикрни айтди.

– Бунга қарши эмасман, – эътироз билдирди Ример, – оддий одамлар ҳақиқат ичига кириб боришса, уларга қўшиламан.

– Аслини олганда, – деди Шарлотта енгил хўрсиниб, рўмолчасини кўзларига олиб бораркан, – бу анчайин диққатни тортадиган ҳақиқат ҳам эмас, буни ёддан чиқармаслигим керак эди. Битта эпизодга битта қаҳрамоннинг ўзи етади. Аммо эпизодлар кўп бўлган, айтишларича, ҳалиям топиларкан. Мен узун рўйхатга киритилганман…

– Бардавом рўйхат, – гапни тўлдирди Ример.

– Мени бу рўйхатга тақдир киритган, – гапини тўғрилади Шарлотта. – Бундан шикоятим йўқ. Кўпларимизга қараганда тақдир менга кулиб боқди, у менга, мен бир умр содиқ қолган меҳрибон эрим билан биргаликдаги бахтли ҳаётни тортиқ қилди. Орамизда ранги сўлғинроқ, ғамгинроқ тимсоллар ҳам бор, улар ёлғизликда кўз ёш тўкишдан мадорлари қуриб, эрта оламдан ўтиб кетишди. У менга изтиробларсиз кетмаганини, аммо Фредерикага нисбатан хийла тоза виждон билан кетганини ёзади, бироқ айтишим зарурки, менинг ҳолатимда виждони бироз қийнаган бўлиши керак, у ўзининг мақсадсиз хираликлари билан мени шу даражада жонимдан тўйдирган эдики, юрагим қинидан чиқиш даражасига етарди. У кетгач, ўзимиз, оддий одамлар, ўз даврамизда ёлғиз қолгач, кўнглимиз хира бўлиб, фақат у ҳақда гапирардик, холос. Лекин енгил тортиб ҳам қолдик, ҳа, ўзимизни енгил ҳис қилдик. Ўшандаёқ мен буни ўйладим, аниқ эсимда бор, мана энди, бир умрга ўзимизга мос, табиий, ҳақиқий хотиржам кунларимиз қайта тикланди, деб ўзимни ишонтиришга уринган эдим. Э, қаёқда дейсиз! Ҳаммаси шундан сўнг бошланди, китоб келди ва мен барҳаёт маҳбубага айландим, ягона эмас, Худо сақласин, улар бутун бир рўйхат, аммо энг машҳури, одамлар ҳаммадан кўп қизиқадигани мен эдим. Мана энди адабиёт тарихига кирдим, илмий изланишлар объектига, зиёратгоҳга, Мадонна[20] ҳайкалига айландимки, башарият ҳарамида унинг пойидан мудом халқ қадами узилмайди. Менинг қисматим мана шундай бўлди, Сиз ҳайрон бўлманг, мен мудом ўз-ўзимга савол бераман: нега бундай бўлди? Ўша ёз кунлари менинг бошимни айлантирган йигит шунчалар буюк бўлиб кетгани сабаб мени ҳам ўз ортидан эргаштириб кетдими? Ўшандан бери ўзимни таҳликада, оғриқли шон-шуҳрат оғушида ҳис этаманки, бунга сабаб унинг ўшандаги мақсадсиз хираликлари эмасми? Менинг оддий, маъносиз сўзларим қандай қилиб абадият учун айтилгандек бўлиб қолди? Жияним билан балга кетаётганимизда гап мавзуси аввал романларга, кейин рақсларга бориб тақалганда, мен нималардир деб валдираганимда, Худо ҳаққи, бу валдирашларим асрларга ошиб ўтишини, китобда абадий сақланиб қолишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Буни билганимда эди, ўшанда тилимни тишлаб ўтирган ёки абадиятга мос келадиган бирор гап айтган бўлардим. Эҳ, жаноб доктор, уларни ўқисам хижолат бўлиб кетаман, пойимдаги бутун инсоният олдида ўша сўзлар билан туришдан уялиб кетаман. Ахир ўша йигит, модомики у шоир экан, менинг сўзларимни сал чиройлироқ қилиб ўзгартирса бўларди-ку, шунда инсоният олдида Мадонна сифатида туришим ярашиқлироқ бўлармиди. Ахир унинг мақсади мени ихтиёримдан ташқари абадиятга дахлдор қилиш экан, бу унинг вазифаси эди-ку…

У яна йиғлади. Бир марта йиғлаган одамнинг кўзида ёши қуримайди. У қисмати олдида ожизона ҳайронликда боши қалтираганча яна рўмолчасини кўзига босди.

Ример унинг ярим қўлқоп кийган, сумкасини тутганча тиззаси устида ётган чап қўлига эгилди-да, унинг устига авайлабгина ўз қўлини қўйди.

– Ҳурматли, қимматли хоним, – деди у, – қачонлардир Сизнинг сўзларингиздан йигитнинг қалбида уйғонган ҳаяжон инсоният қалбини ҳам абадий ҳаяжонга солаверади. У шоир сифатида буни ҳисобга олган, бу ерда гап сўзларда ҳам эмас.

Эшик тақиллади. “Киринг!” деди Ример беихтиёр ўз ҳолатини ҳам, товушидаги мулойим юпатувчи оҳангни ҳам ўзгартирмасдан.

– Ройишлик билан қабул қилинг, – сўзида давом этди у, – Сизнинг номингиз унинг мислсиз ижодида тилга олинган аёллар орасида ҳамиша ярақлаб туради ва илмли авлодлар Сизларнинг учрашувларингиз ҳақида худди Зевснинг муҳаббат саргузаштлари ҳақида гапиргандек гапириб юришади. Бунга кўникинг, ҳа, дарвоқе, Сиз бунга аллақачон кўниккансиз, мен каби Сиз ҳам унинг хизматлари туфайли тарих, ривоятлар, барҳаётлик нури тушадиган одамлар, эркаклар, аёллар, қизлар сирасига кирасизки, баайни Исо Масиҳ атрофидагидек… Ким у? – сўради Ример қаддини ростларкан, ҳалиям ўша ҳаяжонли оҳангда.

Хонага Магер кириб келди. Гап Исо Масиҳ ҳақида бораётганини эшитиб, у қўлларини ибодат қилаётгандек қовуштириб олган эди.

 

(Давоми келгуси сонда)

 

[1] Бутунлай тайёрман (инг.).

 

[2] Тайёрман (инг.).

 

[3] Мантилья – елкага солиб юриладиган енгсиз узун кийим.

 

[4] Пике – ғижим қилиб тўқилган бир хил мато.

 

[5] Цербер – юнон мифологиясида жаҳаннам дарвозасини қўриқловчи қопағон ит.

 

[6] Флора – қадимги Рим мифологиясида гуллар, баҳор ва ёшлик маъбуди.

 

[7] Морфей – қадимги Рим мифологиясида уйқу ва туш маъбуди, Ҳипноснинг ўғли.

 

[8] Экзерцирплац – аскарларга сафда юриш ўргатиладиган майдон.

 

[9] Қуруқ сўз, мулозимат (фр.).

 

[10] Лайден банкаси – электр энергияси тўплайдиган асбоб, конденсаторнинг бир тури.

 

[11] Белгилаб қўйиш (лот.).

 

[12] Бритт – бриттлар (қадимги Англияда яшаган кельт қабилалари).

 

[13] Яъни (лот.).

 

[14] Эльф – қадимги Скандинавия мифологиясида руҳ, пари каби афсонавий мавжудот.

 

[15] Протей – қадимги юнон мифологиясида денгиз илоҳаси, у беихтиёр ўз туси ва шаклини ўзгартира олган.

 

[16] Флюидлар – одам ёки ҳайвонлар танасидан чиқадиган ёхуд бошқа бирор нарсада нурланадиган аллақандай “руҳий токлар”.

 

[17] Ниобия – юнон мифологиясида Лидия қироли Танталнинг қизи.

 

[18] Шунчаки (фр.).

 

[19] Фант – қуръа билан танланган иштирокчи ҳазил топшириқни бажарадиган эрмак ўйин.

 

[20] Мадонна – католикларда Биби Марьям номи.

 

 

Манба: Thomas Mann,  “Lotte in Weimar”  Roman, Aufbau-Verlag Berlin und Weimar, 1976

[2] Пацифист – ҳар қандай урушларга, жумладан миллий озодлик урушларига ҳам қарши чиқадиган, тинчликни пассив равишда тарғиб қиладиган шахс.

[3] Тетралогия – ғояси ва мазмуни бир бўлган тўртта адабий ёки мусиқий асар.

[4] “Доктор” деган хитоб ҳозирги магистр, фан номзоди тушунчасини ифодалайди.

[5] Немис тилидан Садриддин Салим Бухорий таржимаси.

[6] Чепец – аёлларнинг енгил, иссиқ бош кийими. (Шу ва бундан кейинги изоҳлар Эркин Раҳмоновники).

[7] Пелерина – елкага ташлаб юриладиган кийим.

[8] Обер-камерҳер – юқори мартабали сарой амалдори.

[9] Табльдот – Европа мамлакатларида ҳамма меҳмонларнинг бир умумий стол атрофида овқатланиши.

[10] Ганимед – қадимги юнон мифологиясида Зевс ўғирлаб кетиб, ўзига косагул қилиб олган чиройли йигит.

[11] Рухсатингиз билан у Сизга бир назар ташламоқчи, холос (инг.).

[12] Жуда қизиқ, беҳад муҳим (инг.).

[13] Яхши, кираверинг (инг.).

[14] Cамимий ташаккур билдираман (инг.).

[15] О-о, азизам, азизам (инг.).

[16] Лекин бу муҳим эмас (инг.).

[17] Мен Роза Гэзлман, Сизни кўрганимдан хурсандман (инг.).

[18] Немис адабиёти ва фалсафасида (инг.).

[19] Биламан (инг.).

[20] Машҳурлик – бу менинг жону дилим, Сизга айтсам, саёҳатларимнинг мақсади (инг.).

[21] Шлейф – аёллар кўйлагининг узайтириб тикилган орқа этаги.

[22] Бу ажойиб гўша (инг.).

[23] Буюк тарғиботчи (инг.).

[24] “Қароқчилар”ни ёзган одам (инг.).

[25] Кретон – қалин ип-газлама тури.

[26] Узр сўрайман (инг.).

 

2018/1

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/16/%d1%82%d0%be%d0%bc%d0%b0%d1%81-%d0%bc%d0%b0%d0%bd%d0%bd-1875-1955-%d0%bb%d0%be%d1%82%d1%82%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d0%b2%d0%b0%d0%b9%d0%bc%d0%b0%d1%80%d0%b4%d0%b0%d0%b3%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x