Тиш-жағ аномалиялари

Болаларнинг соғлом ўсишида тиш-жағ тизими аъзолари: тишлар, улар атрофидаги жағ суяклари ва пастки жағни ҳаракатга келтирувчи мушаклар алоҳида рол ўйнайди. Тиш-жағ тизими аъзолари овқатни узиб олиш, майдалаш билан бирга сўлак ва меъда шираси ажралишини тезлаштириб, овқатни меъдада ҳазм бўлишини осонлаштиради. Бундан ташқари, тиш-жағ тизими аъзолари нафас олишда, сўзларни талаффуз қилишда фаол иштирок этади. Агар у касалликка чалинса, болалик ва ўсмирлик даврида нотўғри ривожланса ёки тиш тушиб кетган бўлса ўз вазифасини тўла бажара олмайди.

Туғилгандан бошлаб 7 ёшга киргунча боланинг оғирлиги 7-8 марта, 15 ёшларда 12-13 марта ошади. Тананинг бундай зўр бериб ўсиши ёш организмнинг озиқ моддаларга бўлган талабини бир неча марта ошириб юборади. Бу эса ўз навбатида бола тиш-жағ тизими аъзолари яхши ишлашини талаб қилади. Овқат яхши чайналганда, оғиз бўшлиғи сўлак билан етарли намланганда углеводлар яхши парчаланиб, унинг организмга сингиши яна ҳам ортади. Борди-ю овқат яхши чайналмаса ва оғиз бўшлиғида сўлак билан етарлича намланмаса, меъдада яхши ҳазм бўлмайди, бу бола организмининг ўсиши билан бирга жисмонан ривожланишини сусайтириб қўяди.

Баъзи болаларнинг тиш-жағ тизими аъзолари меъёрида ривожланмай қолади (аномалия), деформация (шаклини ўзгартириш) ҳолатлари кузатилади. Бундай ўзгаришлар бола кичик ёшида унча билинмайди, ўса борган сайин эса сезила бошлайди, яъни юз-жағ шакли ўзгариб, қийшаяди ва хунуклашиб қолади.

Тиш-жағ тизими аъзолари аномалиялари ва деформациялари турлича кечиб, тишлар, тиш қаторлари, жағлар, юқори ва пастки тиш қаторларининг ўзаро муносабати тишлам (окклюзия) прикус мушаклар номутаносиблиги (аномалияси)да кўзга ташланади. Бунда тишларнинг сони, шакли, уларнинг катта-кичиклиги, жағ суягида жойлашиши ўзгаради.

Нутқ бузилишига сабаб бўлади

nutq

Баъзан тишлар сони 32 тадан кам бўлиши ёки айримлари чиқмай қолиши мумкин. Бунга тиш куртагининг йўқлиги ёки тишнинг жағ суягини ўз вақтида ёриб чиқа олмаслиги сабаб бўлади. Жағда чиқмаган тиш ўрни бўш қолади. Баъзи вақтларда одатдан ташқари “ортиқ” тишлар чиқади. Тишлар нотўғри чиққанда бола овқат чайнашга қийналади, унда товуш ҳосил қилиш функцияси бузилади, тиш ва милклари касалланади. Айниқса лаб томонидан чиққан тишлар лабни кўтариб юз ҳуснини бузса, тил томондан ёки танглай томондан чиқса нутқни бузилишига сабаб бўлади.

Одатда олдинги (фронтал) тишлар пастки олдинги тишларнинг тож соҳасининг учдан бир қисмини қоплаб туради. Оғиз юмилганда олдинги тишлар жипслиги, оғир ҳолларда ён тишларнинг жипслашмаслиги кузатилади, бу “очиқ” ёки кесишган прикус дейилиб, овқатни узиб олиш мумкин бўлмай қолади, бурун орқали нафас олиш бузилиб, оғиз билан нафас олинади.

Айрим ҳолларда юзнинг пастки қисми калта бўлади, бурун-лаб, ияк тери бурмалари (чуқурлашиб) билиниб туради. Пастки лаб осилиб, оғиз бурчаклари бичилиб ётади, айрим ҳолларда бир жағдаги олдинги тишлар кўринмайди ва ниҳоят, пастки олдинги тишлар қирраси билан танглайнинг олдинги томонини жароҳатлаши мумкин. Бунда овқат фақат ён тишлар билан узиб олинади, олдинги тишлар билан узиб олиб бўлмайди. Бу турдаги аномалияни “чуқур” прикус дейилади.

Баъзан юзнинг бир томони ботиқ бўлиб қолади. Тишларнинг ўзаро мослиги бузилади, яъни пастки жағ ёки юқори жағнинг бир томони ўсмай қолади, улар қарама-қарши ён томонга сурилган бўлади. Овқатни чайнаш функцияси бузилади, бу “қийшиқ” прикус дейилади. Баъзи болаларда лаблар бирикмай, юқори олдинги тишлар кўриниб туради, айрим ҳолларда бу тишлар лаб томонга оғиб, пастки лабни босиб туради. Юқори жағ пастки жағга нисбатан олдинда туради, ён тишлар жипслашганда олдинги тишлар жипслашмайди. Натижада товуш ҳосил бўлиши бузилади.

Юз-жағ соҳасида нуқсони бор болалар, ўсмирлар ва ҳатто катта ёшли одамлар кўп гапирмасликка, кулмасликка ҳаракат қиладилар, ийманиб кўпчиликка қўшила олмайдилар. Бу эса уларнинг асаб тизими ишига салбий таъсир кўрсатади.

Айтиш мумкинки, ҳомиладор аёлнинг кўп касал бўлиши, оғир юк кўтариши, ҳомиладорлик таомномасида боланинг ўсиши учун керакли озуқа моддалари ва минерал элементларнинг етишмаслиги, чақалоқни нотўғри йўргаклаш ёки уни доим бир хил ҳолатда ётқизиб қўйиш, боланинг юқумли касалликларга кўп чалиниши, авитаминоз, ҳаво ва қуёш нурининг етишмаслиги, сунъий овқатлантириш (ёки болани сўрғичга ўргатиш), тиш касалликлари, сут тишларнинг доимий тишлар билан ўз вақтида алмашмаслиги, касал тишларни даволатмаслик ёки уни эрта олиб ташлаш, юз-жағ соҳасидаги яллиғланиш жараёнлари, боланинг зарарли одатлари (яъни қўлни сўриш, ўтириш ва юриш вақтида қоматни нотўғри тутиш) болаларда юз-жағ тизими ва тишлар нуқсонларини келтириб чиқаришга сабаб бўлади.

Зарарли одатлардан воз кечилса…

Бармоқни, лабни, лунжни ва ҳар қандай нарсаларни сўриш ва тишлаш, сўрғич сўриш, тишларни ғижирлатиш, нотўғри ютиниш ва тил билан тишларни итариш, оғиз орқали нафас олиш, нотўғри – сўзларни талаффузи, пастки жағ ва тилни тинч ҳолатда нотўғри тутиш сингарилар зарарли одатлар бўлиб, болалар бундай ҳолатни асосан 1,5-2 ёшли бўлганда ўрганади. Агар сўриш одати 3 ёшгача йўқолиб кетса, пайдо бўлган деформация ўз-ўзидан тузалиб кетади. Бола бу одатини 4-5 ёшгача давом эттирса деформация зўрайиб кетади. Бармоқни сўриш натижасида пастки жағ юқори жағга нисбатан орқада қолади (прогнатик прикус), пастки ва юқори олдинги тишлар жипслашмайди (очиқ прикус), пастки жағ бир томонга сурилиб қолади (қийшиқ прикус). Лунжни сўриш одати туфайли ён тишлар ичкари томонга оғади. Ручка, қалам тишлаганда олдинги тишлар соҳасидаги суяк ўсмай қолади, натижада бу тишлар жипслашмайди.

Овқатни тўғри чайнаганда, яъни иккала томонда галма-гал чайналганда тиш-жағ тизими тўғри ривожланади. Овқатни ҳар доим бир томонда чайнаганда “қийшиқ прикус пайдо бўлиши” агар овқат доим олдинги тишлар билан чайналса, очиқ прикус пайдо бўлади. Бу тишлар меъёрдан ортиқ босим туфайли қимирлаб, қийшайиб қолади. Овқатни эринчоқлик билан чайнаш туфайли тиш-жағ фаолияти меъёрда кечмай, секин ривожланади. Болаларда овқат чайналган томонда тишлар тезроқ чиқади, жағ, мушаклар ўсиб ривожланади, чайналмаган томонда эса бунинг акси рўй беради.

Овқатни тўғри ютиш ҳам катта аҳамиятга эга. Гўдак сунъий овқатлантирилганда ютиш жараёни бузилиши мумкин. Бунга кўпинча узун сўрғич, она сутининг кўп бўлиши, сўрғич тешигининг катталиги сабаб бўлади. Нотўғри ютишга болани узоқ вақт суюқ ва ярим суюқ овқатлар билан овқатлантириш, бурун йўллари касалликлари, сурункали тонзиллит, сўрғични доим сўриб юриш, бармоқни оғизга солиб юриш каби одатлар сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолат узоқ вақт давом этганда тиш-жағ ёйи ва бошқа юз суяклари нотўғри шаклланиши мумкин.

Оғиз билан нафас олиш бир қанча ўзгаришларни келтириб чиқаради. Бу вақтда жағ ва юз скелетининг шакли ўзгаради, тиш-жағ аномалиялари пайдо бўлади, юқори жағ тиш ёйи торайиб қолади, талаффуз бузилади, пастки жағ юқори жағга нисбатан орқада туриб қолади ва очиқ прогнатик прикус пайдо бўлади.

Гавдани нотўғри тутишга одатланиш, қадди-қоматнинг ўзгаришига олиб келади. Бошни нотўғри қўйиб ухлаш, чалқанча ётиш, қорин ёки бир ёнбош билан, қўлни бош устига қўйиб, баланд ёки паст ёстиқда ётиш одати жағ-юз суякларининг носимметрик ривожланишига, уларнинг торайишига, бир-бирига нисбатан сурилиб қолишига, тез ёки секин ўсишига сабаб бўлади.

Бола ёмон одатларга ўрганмасдан туриб олди олинса, ўз-ўзидан нуқсонлар тўғриланиб қолади. Шунинг учун ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, ясли ва боғча болалари тарбияловчилари, ўқитувчилар ўртасида болалар стоматологи ёки педиатр мутахассислар томонидан суҳбатлар ўтказилиб турилиши лозим. Бу суҳбатлар ёмон одатлар натижасида пайдо бўлган аномалияли ва деформацияли болаларнинг расмлари, ёмон одатларини йўқотишда кўргазмали қуролларни намойиш қилиш билан биргаликда олиб борилса яхши натижа беради. Агар боланинг юз тузилишида, тишларида, жағида, нафас олишида, гапиришида, чайнашида бирор камчилик сезилса, тезда оила шифокорига кейинчалик стоматолог мутахассисга кўрсатиш зарур.

Муҳаммаджон АЗИМОВ,

Тошкент тиббиёт академияси

“Болалар юз-жағ хирургияси” кафедраси профессори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x