Бу беъманилик бизга кеча ёки бугун кириб келмаган, бунга анча бўлган, аммо бундан огоҳлантириш масаласи ҳар доимгидек «кўриб чиқиляпти». Бу касаллик илмий журналларда «секс по телефону», «sex by phone» деб келади.
Ҳозирги вақтда Телеграм, Имo, Одноклассники кабиларда турли гуруҳлар авж олган. Аёл-эркак аралаш, биров билан бировнинг иши йўқ. Ит эгасини, мушук божасини танимайдиган «бардак» гуруҳларда ёш йигит-қизлар танишиб, «личкалашишади». Бундай суҳбатларда Саъдийнинг «Гулистон» асари муҳокама қилинмайди, албатта. Катта эҳтимол билан оила қуриш учун ҳам ёзилмайди, аксари жинсий эҳтиёжларини қондириш учун ёзишишади. Уйланмаган, «чап» кўчаларга киришга ё пули, ё духи етмаган ва кўпинча, виждони йўл қўймайдиган, Аллоҳдан сал бўлса ҳам қўрқуви бор ёш йигитлар «чатлашиш», «телефонлашиш» орқали шаҳватини қондиради. Номаҳрам аёл/қизнинг эшилиб салом бериши ҳам эркак кишининг қўзғалиши учун етарли. Бундай «суҳбатларнинг» ниҳояси истимно (ўз-ўзини қониқтириш) билан якунланади. Тиббиётда истимно «онанизм» деб аталади. Аллоҳ бизни ва фарзандларимизни булардан асрасин, амийн!
Хўш, кейинчи? Кейинини мен айтаман. Онанизмга «ўтириб» қолганлар оила қурганларидан кейин жинсий ҳаётдан тўлиқ қониқолмайдилар. Чунки никоҳгача улар бошқа «механизм» билан ҳаракатланишган. Бу ҳали ҳаммаси эмас, онанизм хотирани пасайтиради, мия фаолиятига зарар беради. Дастлаб, «хатлар» орқали олинган лаззат каттароқ «қадамларга» тортаверади. Фахш суратлар, порнографик видё-фильмларга ружу қўйиш бошланади. Аммо бу ҳам ҳаммаси эмас. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, ҳақиқий алоқага қизиқиши тушиб кетаверади, истакларини фақат вертуал олам орқали амалга оширишга ўрганиб қолгач, реал алоқада ўзига нисбатан ишончни йўқотади. Аёл кишига нисбатан мутлақ қизиқиш сўниши ҳам мумкин, кўп Ғолиббойларнинг «касаллик тарихи» биринчи шу қадамдан бошланган экан…
Жинсий ҳаёт, жисм, мия фаолияти инқирозга юз тутгани ҳаммаси тугади, дегани эмас. Ирсият деган нозик масала бор. Онанизм «бандилари»дан IQ (ақлий салоҳият)си паст фарзандлар туғилади. Олма тагига шафтоли тушмайдику, тинмай порно кўриш мия тўқималарини ўлдиради. Тафаккур, узоқни кўриш, фикрлаш, ривожланиш каби сифатлар «занглаб», мияда фақат «қониқиш» дастури қолади. Яна оғиз кўпиртириб, «Нега биздан Бухорийлар чиқмаяпти?», дейишади. Шунақа пайт қулоғини тагига қўйворсанг…
Масалага ечим нимада?
❗️ Диний бўшлиқни тўлдиринг. Зино фақат бегона билан ётиш эмас. Унинг тури, даражаси кўп. Ҳеч бўлмаса, ҳафтада бир диний аудиолар эшитинг, бир ойда бир диний китоб мутолаа қилинг. Аллоҳдан дуо қилиб сўранг, Аллоҳ асрамаса, минг чиранганингиз беҳуда. Бизда «дуо» масаласи тўй-маракада, катталардан олинадиган бир «оқ фотиҳадек» шаклланиб қолган. Кимдир мушкулим бор деса, унга дуо қил, Аллоҳга осон десангиз, кулгиси келади.
❗️ Бўш қолманг. Бекорчилик ҳамма балони етаклаб келади. Максимал муҳим ишлар билан банд бўлинг, китоб ўқиш, спортга қизиқмасангиз, пул топишга ўзингизни уринг. Пулнинг ортиқчаси бўлмайди.