Сурункали толиқиш

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида АҚШ нинг Невада штатида яшовчи доктор Поль Чейни икки юздан зиёд беморга «сурункали толиқиш синдроми» (СТС) ташхисини қўйди. Бу синдром (яъни, мунтазам чарчоқ ҳиссини туйиш) турли кўринишларда кечиши, баъзида дард ўткир респиратор касалликлар (иситма, томоқ, мушаклар, бўғим ва бош оғриши) га ўхшаб кетишини аниқлаган олим сўнгги тадқиқот натижаларини кузатаркан, «шамоллашдан фарқли ўлароқ, сурункали толиқишда кишининг дарди ҳадеганда ўтиб кетавермайди, балки бир неча ҳафтадан сўнг янада зўраяди, толиқиш кучайиб, беморнинг аъзойи бадани қақшаб оғрийди, у кундалик ишларни ҳам зўрға бажарадиган бўлиб қолади» деб ёзади.

Тушкунлик ҳолати қийнаса

kayfiyat yo'q

Сурункали толиқишларда бора-бор юрак-қон томир тизимида ўзгаришлар рўй беради, юрак ритми бузилишидан ташқари, кўкрак соҳасида оғриқлар кузатилади.

Беморнинг асаби кўп бузилиб, юраги гупиллаб уради, кўпинча меъда-ичак фаолияти издан чиқади ва гастритга хос белгилар (кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, оғиз қуриши, ич кетиши) ҳолсизлик пайдо бўлади. Ичак ва ўт (сафро) ишлаб чиқарув йўлларининг дискинезияси келиб чиқади. Бемор пешобга ҳам қийналиб қолиши мумкин. Эркаклар бу дардга учраганида импотенция (жинсий заифлик), аёлларда эса вагинизм (жинсий алоқага монелик) ривожланади.

Бемор танҳо қолишдан чўчийди, руҳи тушкун, ғам-ташвишга берилувчан бўлиб қолади, кўпинча ўз-ўзидан сиқилиб йиғлайди, тузалишдан умидини узади. Ишхонадаги ёки оиласидаги арзимас кўнгилсизликлар ҳам уни изтиробга солиб, кўпинча тушкунлик ҳолатида юради.

Одатда, киши бирор касаллик билан оғриса, маълум вақтдан сўнг соғайиб, куч-қуввати ўз ҳолига келади, чарчоғи йўқолади. Сурункали толиқиш дардига учраганда эса ойлар, йиллар ўтса-да, ўзига келавермайди, чарчоқ кечаю кундуз тарк этмайди, ҳатто ўзи бажариб юрган кундалик юмушларга ҳам хоҳиш-истаги йўқолади, чарчаб қолишдан чўчиб, ишга қўли бормайди. Бундай хасталикни бошдан кечираётганларнинг организмида кўпгина жиддий ўзгаришлар келиб чиқади. Яъни меъда-ичак, буйраклар, жигар ҳамда юрак фаолияти бузилиб, ҳар хил ҳидларга, дори-дармонларга, алкоголга сезгирлиги кучаяди. Бемор яхши овқатланса ҳам озиб кетади, кечалари терлаш, ёруғликдан қўрқиш, қаттиқ товушлар уни безовта қилаверади. Сочлари тўкилади, баъзан лабларига учуқ тошиши, дерматит, эшакеми тошишидан шикоят қилади.

Ёшликдаги чарчоқлар

o'smir

Ўсмирларда сурункали толиқиш бирданига пайдо бўлади. Уларда бу ҳол кўпинча ўткир инфекцион хасталиклардан сўнг кузатилади. Баъзан олти-ўн икки ёшли болаларда ҳам ҳеч қандай сабабсиз толиқиш аста-секин ривожланади ва бир неча ойдан йилларгача давом этади. Бу пайтда томоқ, мушаклар, бўғимлар оғрийди, уйқу бузилиб, хотира сустлашади, лимфа тугунлари безиллаб туради.

Гарчи бола сиртдан соппа-соғга ўхшасада, нуқул тез чарчаб қолаётганидан шикоят қилади. Бундай пайтда ота-оналар “болам дангасалик қиляпти”, деб ўйлаб фарзандининг дардини муғомбирликка йўйишади. Оқибатда бола аҳволи ҳақида бошқа оғиз очмайди, ўзича руҳан сиқилиб юраверади. Бу эса дарднинг кўп йилларга чўзилишига имкон туғдиради.

Сурункали толиқиш синдромини аниқлаш осон: ёш бўла туриб куч-қувватдан қолаётганини ҳис этиб турса, ундаги чарчоқ бир неча ойларга чўзилса, томоғи оғриши, лимфа тугунларининг қўлга уннаши ва безиллаб туриши, уйқу бузилиши, бўғимлар ва бош оғриғи ўз-ўзидан рўй берса, жисмоний ишдан сўнг силласи қуриса, сурункали толиқишга хос аломатлар бўлиши мумкин.

Сурункали толиқишда фитотерапия ёрдам беради. Масалан, қизилмия (солодка) томири вирусларга қарши курашиш хусусиятига эга бўлиб, қонда кортизол (стрессга қарши курашишда ёрдам берувчи табиий гормон)ни кўпайтиради. Аммо қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиб, қизилмия томирини қанча миқдорда олишни аниқлаш даркор.

Иммунитетни кўтаринг

immunitet

Валериана беҳаловатлик ва уйқусизликка қарши фойдали. Бунинг учун 2 чой қошиқ майдаланган илдизни 1 стакан сувга солиб, 5 дақиқа қайнатиш, сўнг сузгичдан ўтказиб, кунига 3 маҳал 1-2 ошқошиқдан ичилади.

Қаттиқ чарчасангиз, кечқурун уйқудан олдин 5 дақиқа лавр баргли ванна қабул қилинг: 6-8 та баргни 1 литр совуқ сувга солиб, оловга қўйинг. Қайнагач, 20 дақиқа турсин, Қайнатмани ваннадаги сувга қўшинг, сув ҳарорати ўртача 37-38 даража бўлсин.

Лимонли ванна ҳам фойдали: 5 дона лимонни тўғраб, 2 литр совуқ сувга 2 соат солиб қўйинг. Кейин сузиб, ваннадаги сувга қуйинг. Лимонли ваннани ҳафтада 2 марта қабул қилсангиз, кифоя.

Хуршидахон РАСУЛОВА,
невропатолог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x