Сурункали кечадиган ўпка касаллиги

Сурункали обструктив ўпка касаллиги (СОЎК) аста-секин ривожланадиган касаллик бўлиб, асосан бронхларнинг обструкцияси (сиқилиб қолиши) ва нафас етишмовчилиги билан кечади. Янаям аниқроқ қилиб айтганда, бронх шиллиқ пардаларининг ноаллергик тарзда сурункали яллиғланишидан сўнг беморда нафас етишмовчилиги зўрая боради. Кўпинча бу касаллик сурункали обструктив бронхитлар (сурункали бронхит, бронхиал астма ва ўпка эмфиземаси) нинг асорати сифатида вужудга келади.

Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилган. Булардан энг асосийси атроф-муҳитдаги нохуш таъсиротлар ва касбга алоқадор зарарли омиллардир. Масалан, хлорорганик бирикмалар, дефолиантлар, пахта ва дон чанглари, олтингугурт ва азот диоксидлари, ҳавода кремний миқдорининг ошиши сингарилар бронх шиллиқ пардаларига зарар етказади. Шунингдек синтетик қурилиш материаллари ва иситиш тизимларидан фойдаланиш жараёнида ҳам худди шундай ҳолат юзага келади. Лекин бундай шароитда яшаб меҳнат қилаётганлар бирданига дардга чалинишмайди, балки зарарли омиллар таъсири узоқ йиллар давомида организмда тўпланиб бориши натижасида СОЎК пайдо бўлади.

Тамаки чекиш ҳам СОЎК юзага келишида муҳим омил саналади. Маълумки тамаки таркибидаги моддалар ўпканинг турли тўқималарига салбий таъсир кўрсатади. Тамаки таркибидаги никотин катта ва кичик қон томирларининг эндотелиал ҳужайраларини зарарлаб, уларда қон ивиб қолишига ва тромблар (тиқинлар) ҳосил бўлишига олиб келади. Шунингдек, чекиш натижасида нафас йўлларининг майда тўқималари фаолияти издан чиқади, сурункали бронхит ва ўпка эмфиземаси ривожланади. Отаси ёки онаси тамаки чекадиган болаларда СОЎК нинг пайдо бўлиш хавфи айниқса юқоридир.

Булардан ташқари вирусли респиратор касалликлар, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик ҳам сурункали обструктив ўпка касаллигига имкон яратувчи омиллардир.

Асоратлари билан хавфли

СОЎК нинг енгил тури кўпинча кашандаларда учраб, йўтал, бироз ҳансираш ва 70 фоиз ҳолларда зарб билан нафас олиш кузатилади. Ўртача турида эса ҳансираш билан бирга ўпкада хириллаш эшитилади. Жисмоний ҳаракатдан сўнг балғамли йўтал пайдо бўлади. Бемор 45-50 фоиз ҳолларда зарб билан нафас чиқаради ва унда гипоксия (кислород етишмаслиги) намоён бўлади. СОЎК нинг оғир турида бемор салгина ҳаракат қилса ҳам ҳансираб қолаверади. Доимий йўтал тутади, хириллашлар кучаяди, ўпка эмфиземаси зўрайишининг илк белгилари сифатида юз ва лабларнинг кўкариши, 40 фоиз ҳолларда зарб билан (қийналиб) нафас чиқариш ҳолатлари юзага келади.

СОЎК ривожланаётганда беморнинг ранги кўкимтир тус олади, кўкрак қафаси кенгая бошлайди, бўйин веналари бўртиб чиқади, кучли ва оғриқли йўтал тутади. Айниқса эрталабки пайтда балғам тўпланиши кучаяди. Шунингдек бемор тез оза бошлайди. Касаллик ўз вақтида аниқланиб тегишли даво қилинмаса ўткир ва сурункали нафас етишмовчилиги, ўпка гипертензияси, иккиламчи полицитемия келиб чиқади. Аксар ҳолларда бу асоратлар бемор ҳаётига жиддий хавф солади.

Беморлар тузалиши учун аввало чекишни ташлашлари зарур. Албатта бу осон эмас. Чекишдан воз кечишга жуда секинлик билан киришилади. Шунинг учун ҳам даво дастурига никотин ўрнини босувчи препаратлар киритилади. Масалан, беморга таркибида никотин мавжуд бўлган сақичларни бериш лозим. Ютиладиган никотиннинг ножўя таъсирларини камайтириш учун сақичдан тўғри фойдаланиш кераклигини беморга ўргатиш лозим. Сақични никотиннинг мазаси чиққунича атиги 5-10 марта чайнаб, бир неча дақиқа лунж орасида қолдирилади, кейин никотини яна чиқиши учун қайта чайнайди. Таркибида 2 мг никотини бўлган сақич кам чекадиганларга ва 4 мг никотини бор сақичлар эса ашаддий кашандаларга берилади.

Даволаниш 12 ҳафтадан то бир йилгача давом эттирилади. Бундан ташқари кашандалик туфайли СОЎК га чалинган беморларнинг даволашда бошқа хил никотинли муолажалар ҳам қўлланилади.

Никотинли пластир организмга никотин етказиб берувчи препарат бўлиб, 16 соат давомида бир миллиграмм никотин ажратади. Бунда организмга тушадиган никотин миқдори чекишда олинадиган даражанинг 50 фоизини ташкил этади. Бундай пластирни ишлатиш сақич чайнашдан кўра осонроқ. Муолажа муддати 8-12 ой қилиб белгиланади. Шунингдек никотинли ингалятор 5 мг никотин ажратиб чиқаради ва асосан бу муолажа махсус клиникаларда қўлланилади. Беморларни тузатишда яллиғланишга қарши препаратлар (глюкокортикостероидлар) дан фойдаланилади. Бронхлар спазмини камайтирувчи, бронхлар шиллиқ пардаларидаги яллиғланишни йўқотувчи ва балғам ажралишига ёрдам берадиган дори-дармонлар ҳам буюрилади.

Кислородли муолажалар

Сурункали обструктив ўпка касаллиги (СОЎК) туфайли сурункали нафас етишмовчилиги рўй берганда кислород билан даво қилинади. Бунинг учун дақиқасига 5 литргача кислород етказиб берадиган ва 24 соат ишлайдиган кислород концентраторларидан фойдаланилади. Яна шуни ҳам таъкидлашим керакки, мушакларни машқ қилдириш СОЎК нинг энг оғир турига учраган беморлар учун ҳам реабилитация ўрнини босади. Фақат жисмоний машқнинг бундай тури билан узоқ вақтлар шуғулланиш лозим бўлади.

СОЎК да беморларнинг айримлари вазн йўқотишади, баъзи бирларини эса ёғ босиш безовта қилади. Агар улар тўйимли овқат ейишмаса нафас мушаклари фаолияти издан чиқади, артериал гипоксемия рўй беради. СОЎК нинг оғир турига учраган беморлар эса кўпинча жуда озиб кетадилар. Улардаги тушкунлик, касаллик туфайли юз берган депрессия, руҳий чарчоқ, мунтазам йўталишдан кейинги жисмонан толиқиш туфайли ейилган овқатнинг танага «юқмаслиги» озиб кетишларига сабаб бўлади. Беморлар таркибида ёғ кам бўлган овқатлар ейишлари ва энг мақбул вазнни сақлаб қолишлари керак. Оз-оздан овқат ейиш мақсадга мувофиқ. Қандай таомларни истеъмол қилиш ва уларнинг қувватлилик даражасини шифокор беморнинг умумий аҳволи ва унда кечаётган СОЎК турига қараб белгилайди. Умуман тегишли даво қилиниши учун касаллик қандай ривожланаётганлигини аниқлаш муҳим.

Баъзи ҳолларда респиратор инфекциялар, юрак етишмовчилиги, ўпка томирларидаги эмболия, аллергик ҳолатни келтириб чиқарган дори-дармон ва сифатсиз овқатлар СОЎК қайталаниши (хуруж қилиши) га сабаб бўлади. Бундай вақтда бемор албатта шифохонада ётиб даволаниши шарт. Аҳволи енгил ва ўртача бўлган беморлар эса амбулатор шароитларда шифокор назорати остида муолажа олиб туришлари лозим.

Тоза ҳавода сайр қилинг

Аввало кашандаликдан сақланиш лозим. Чунки, тамаки таркибидаги зарарли моддалар чекишдан сўнг саккиз сония ичидаёқ мияга етиб боради ва қон орқали бутун организмга тарқалади. Саломатликка таъсир кўрсатувчи экологик зарарли омиллардан ва айниқса чанг-ғубордан киши ўзини асраши лозим.

Тоза ҳавода тез-тез сайр қилинг, ухлаш олдидан хона ичини шамоллатишни унутманг. Умуман, ёмғирли ва қорли кунларда пиёда юриб сайр қилиш ҳам ўпка ишини енгиллаштиради.

Шамоллаш касалликлари бошланаётганда бир неча кун уйда ётиб даволаниш, зарур дори-дармонларни вақтида ичиш керак. Сифатли овқатланиш ҳам соғлиқни сақлашда муҳим аҳамиятга эга.

Бронхитнинг олдини олинг, нафас йўлларидаги ва бурун бўшлиқларидаги ўчоқли инфекцияларга барҳам беринг. Сурункали тонзиллит ва тиш кариесларини зўрайиб кетмасидан даволатинг.

Абдужалол ЯКУБОВ,
Тошкент тиббиёт академияси 1-клиникасининг пульмонология
бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x