Сурункали буйрак етишмовчилиги буйрак ва буйракдан ташқари баъзи касалликларнинг асорати ҳисобланиб ушбу симптомокомплекс асосида нефронларнинг босқичма-босқич, қайтмас тарзда бужмайиши ёки буйракнинг сурункали авж олиб борувчи касаллигидир.
Статистик маълумотларга кўра, сурункали буйрак етишмовчилиги дунё мамлакатлари ичида тарқалиши бўйича ўртача 1 миллион аҳолига 120-600 нафарни ташкил этади.
Сурункали буйрак етишмовчилиги авж олгач беморларнинг ҳаёт сифати кескин ёмонлашиб боради. Чунки бу ҳолат беморнинг мунтазам даволанишини, кечки босқичларида эса гемодиализ ва буйрак трансплантацияси амалга оширилишини тақозо этади. Шундай экан, соҳа мутахассисларининг асосий мақсади сурункали буйрак етишмовчилигининг патогенетик бўғинларига турли йўллар билан таъсир қилиб жараён кечишини секинлаштириш, шунингдек бемор ҳаёт сифатини яхшилаб, умрини узайтиришдан иборат.
Нефронлар нима?
Нефронлар буйракнинг тузилмавий ва функционал бирлиги бўлиб, улар орқали бир кеча-кундузда 1,5-1,8 литр пешоб ажралиши рўй беради, оқибатда организмдаги моддалар алмашинуви ва бошқа жараёнлар туфайли пайдо бўлган заҳарли моддалардан халос бўлиш мумкин. Шунингдек буйрак организмда гемеостаз, артериал қон босимини мувофиқлаштириб туриш ҳамда эритроцитлар ҳосил қилишни рағбатлантириш каби муҳим жараёнларда ҳам иштирок этади.
Соғлом шахснинг иккала буйрагида жами икки миллионтача нефрон бор. Инсон буйрагининг резервуарлик (заҳира кучи) қобилияти шу қадар юқори бўладики, соғлом шахс учун битта буйрак бир умрга кифоя қилади.
Тиббий манбаларда келтирилишича, жами нефронларнинг 90 фоизи нобуд бўлиб, уларнинг сони 200-300 мингдан камая бошлагач беморда сурункали буйрак етишмовчилигининг илк яширин босқичи бошланади.
Буйрак ва буйракдан ташқари кўплаб касалликлар, масалан буйрак паренхимаси, гломерулонефритлар, пиелонефрит, буйрак-тош касаллиги, гидронефроз, қандли диабет, геморрагик васкулитлар, амилоидоз ва буйрак поликистози, шунингдек узоқ йиллар давом этган гипертония, бирламчи ва иккиламчи артериал гипертензиялар, атеросклероз ҳам бевосита нефронларнинг бирин-кетин бужмайишига сабаб бўлади.
Илк аломатлар
Кўнгил айниши, оғиз қуриши, бош айланиши, бош оғриши каби енгил интоксикация (заҳарланиш) симптомлари, шунингдек никтурия (кечаси кўп пешоб ажралиши) ва енгил полиурия (пешоб миқдорининг кўпайиши) касалликнинг иккинчи босқичида намоён бўла бошлайди.
Касаллик босқичдан босқичга ўтгани сари беморда пешоб миқдори кўпайиб боради. Фақат охирги терминал босқичига келиб пешоб миқдори камая бошлайди. Шу билан бирга умумий интоксикация (захарланиш) белгилари кучаяверади. Беморларда буйрак билан боғлиқ бўлган камқонлик, суяклар остеодистрофияси, остеопорози ва қонда бошқа минераллар ва кислота-ишқор мувозанати номутаносиблиги юзага келади.
Кўп ҳолларда беморлар буйрак соҳасида оғриқ бўлмагани ва пешоб миқдори камаймагани учун ўзларидаги интоксикация белгиларини ошқозон-ичак тизими хасталикларига йўйиб мутахассис нефролог шифокорга кечикиб мурожаат қилишади. Барча хасталикларда бўлгани каби сурункали буйрак етишмовчилигида ҳам эрта ташхис қўйилиши муҳим аҳамият касб этади.
Ташхис қўйишда беморларни керакли лаборатор текширувларидан ўтказиш зарур. Қонда мочевина, креатинин, қолдиқ азот каби заҳарлар, шунингдек гемоглобин, калий, натрий, кальций, фосфор микроэлементларини миқдорини аниқлаш, буйрак ўлчамларини ультратовуш текширувида кўриш ва бошқа бир қатор синамаларни ўтказиш лозим бўлади.
Парҳез — кўмакчи даво
Беморга 7-парҳез дастурхони тавсия этилади. Унга кўра ош тузи чегараланади. Баданда шиш бўлган ҳолатда туз умуман берилмайди. Оқсилнинг суткалик миқдори 40 граммгача (шундан 70-75 фоизи ҳайвон оқсили) камайтирилади.
Тавсия этилган миқдордаги мол гўшти ва балиқ қайнатиб пиширилади. Овқатнинг таъмини лимон кислотаси ва соуслар билан яхшилаш мумкин.
Сут ва сут маҳсулотлари эса қуйидагича тавсия этилади: сут – 140 г, творог – 25 г, сметана – 140 г, тухум суткасига 1 дона (чала пишгани), ёрмалар ва сабзавотлар кунига 400 г, картошка 300 г гача берилади. Қовоқ парҳезбоп таом сифатида тавсия этилади.
Шунингдек мевалар, ўткир бўлмаган чой ва қаҳва, наъматак суви, кепак ивитмаси, ҳар хил сабзавот ва мева шарбатлари тавсия этилади.
Нонуштага манний бўтқаси буюрилади.
Парҳез давомида беморларга олий ва 1-навли ундан тайёрланган нон ва нон маҳсулотлари, ёғли гўшт, балиқ ва қўзиқоринли аччиқ шўрвалар, колбаса, шўр балиқ, дудланган маҳсулотлар, консервалар, икра, дуккакли донлар, шовул, исмалоқ, шоколад, какао, қийин эрийдиган ёғлар (думба ва чарви) тавсия этилмайди. Алкогол, азотли экстратив моддалар, ўткир ва тузли ҳамда хамирли таомлар берилмайди.
Сабабини бартараф этинг
Касалликнинг тўртинчи терминал босқичигача бўлган даврда беморга дори-дармонлар буюрилади. Бунда заҳарланишга қарши даво, камқонлик ва остеопорозни даволаш ҳамда минераллар номутаносиблигини мувофиқлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилади.
Касалликни радикал (мутлақ) даволаш усули буйрак трансплантациясидир.
Сурункали буйрак етишмовчилигининг профилактикаси унга олиб келувчи барча касалликларни ўз вақтида мукаммал даволашдан иборат.
Шунингдек буйрак касалликларини жадаллаштирувчи бир қатор ҳолатлар ўткир респиратор вирусли инфекциялар, организмдаги йирингли ўчоқларнинг бўлиши (масалан абсесс, пиодермия, ангина), ҳар-хил заҳарланишлар (дори-дармон, алкоголь истеъмоли) ҳолатлари бартараф этилиши лозим.
Мақсуд СОБИРОВ,
тиббиёт фанлари номзоди, доцент.
Бурҳон МУНАВВАРОВ, нефролог.