Стрессларга қарши туринг

Соғлом бўлай десангиз, нохуш вазиятларга қарши тура олишни ҳамда турли воқеа-ҳодисалардан ҳаддан ташқари таъсирланмасликни ўрганиш лозим.

Асабийлик ҳолатига тушмаслик учун ўзингизга мос бирор усулни танланг.

Масалан эрталаб йўл транспортлари тирбанд бўлиб, ишга кеч қолаётган бўлсангиз, вазиятни ўзгартириш қўлингиздан келмайди. Лекин шу туфайли асабийлашиш ҳам ноўрин. Чунки бундай вақтда юрак тез уриб, организмда бир қатор нохуш ҳолатлар рўй бериши мумкин.

Хўш, нима қилмоқ керак?

Фурсатдан фойдаланиб, кечқурун қандай дам олиш тўғрисида ўйланг. Ёки таътилни ажойиб тарзда ўтказиш режасини тузинг.

Нима бўлганда ҳам, чалғишга ҳаракат қилганингиз маъқул.

Қўлингизни банд қиладиган бирорта буюмни ўзингиз билан олиб юринг. У темир соққа, резина шарча ёки ёнғоқ бўлиши ҳам мумкин.

Асабийликнинг олдини олиш учун соққа ёки ёнғоқни кафтингизда думалатинг, шарчани сиқинг. Бу тинчланишнинг синалган усули.

Унутмангки, кафтда биологик фаол нуқталар кўп бўлгани учун ташқи таъсир туфайли рефлексотерапия “муолажа”си ўтказилиб, сиз тинчланасиз. Демак, соққа ёки ёнғоқ сизга албатта ёрдам беради.

Ароматерапия ҳам қалтис вазиятларда ички хотиржамликни таъминлайди. Сиз ўзингиз ёқтирган атирни ёнингизда олиб юринг.

Шунингдек, асабийлаша бошласангиз хушбўй гиёҳлар тўлдирилган кичкина ёстиқчани ҳидлаб қўйишингиз ҳам мумкин. Бунинг учун қуритилган райҳон, ялпиз, мойчечак, маврак ўтларини майдалаб, сўнг сурп халтачага солиб ёстиқча шаклида тикиб олсангиз бўлади.

Бармоқ учлари билан бош терисини аста-секин уқалаш ҳам наф беради. Бу муолажа тинчлантириб,теран фикрлашингизга кўмаклашади. Уқалаш сўнгида энсадан елка томонга қарата бўйнингизни силаб-сийпаланг.

Бир бўлак шоколад ёки банан есангиз, уларнинг таркибидаги кайфиятни кўтарувчи модда сизни ас абийликдан асраб қолади.

Ялпиз қўшилган бир пиёла кўк чой ҳам стрессга қарши ажойиб ичимлик эканини ёдда сақланг.

Табиат қўйнида сайр қилинг, боғ ва хиёбонларни кезинг. Ёки гул дўконига кириб, у ерда бир оз айланинг. Бундай сайр сизни кундалик ташвишлардан чалғитиб, руҳингизга ором беради.

Денгиз тузи аралаштирилган илиқ ванна қабул қилинг. Унга 1-2 томчи тинчлантирувчи эфир мойларидан қўшинг. Бундай мойлар дорихоналарда тайёр ҳолда сотилади.

Майин мусиқани қўйиб, чироқни ўчиринг. Ўн дақиқа давомида мусиқа эшитиб дам олинг.

Асабийлашаётганг вақтингизда оддий машқларни бажариш ҳам ёрдам беради. Масалан чалқанча ётиб, оёқларни тепага кўтаринг ва бошни ёнга буринг. Оёқлар тўғри ва товонлар туташган бўлсин.

Оёқ учларини ерга тегизинг. Иккала қўлни оёқ бармоқларига узатинг. Шу ҳолатда 5 дақиқа туришга ҳаракат қилинг. Сўнг оёқларни секин полга қўйинг.

Қорин билан ётиб, тўпиқларингизни ушланг. Кўтарилишга уриниб, умуртқангизни эгик шаклга келтиринг. Бош билан сонни иложи борича баландроқ кўтаринг. Шу ҳолатда чуқур ва секин нафас олинг.

Марҳамат ЁҚУБОВА,

невролог, тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x