Шакар: кўп истеъмол қилинса кони зарар

Шакарни ишлаб чиқариш дастлаб Ҳиндистонда бошланган. Кейинчалик Арабистон орқали Рим империясига олиб келинган, XI асрда шакарни Русияга келтиришган. Бизнинг аждодларимиз шакарқамиш шакарини илк бор татиб кўришганига 150 йилдан ошди. Энг аввало шакар шакарқамиш шарбатидан олинган, кейинчалик эса уни қанд лавлагидан тайёрлайдиган бўлишди. Ҳазирги кунга келиб жаҳонда шакарнинг 40 фоизи қанд лавлагидан ва 60 фоизи шакарқамишдан олинмоқда.

Хўш, шакарнинг организмга қандай фойдалари бор? Бу маҳсулот энергия манбаи, у организмда глюкозага айланиб энергия учун сарфланади. Жисмоний зўриқишларда, айниқса куннинг иссиқ ёки совуқ кунларида далада оғир меҳнат қилиш, спорт билан шуғулланишда шакар истеъмол қилинса энергияга бўлган эҳтиёж тезда бартараф этилади. Ақлий меҳнат билан машғул кишиларда ҳам бош миянинг углеводларга бўлган эҳтиёжи ортади ва бундай вақтда шакар истеъмол қилиш орқали уни қондириш мумкин. Шакар кайфиятни кўтарувчи гормон (серотонин) ишлаб чиқилишини рағбатлантиради ва бош мия ҳужайраларнинг озиқланишини таъминлайди.

Шакарнинг фойдаси билан биргаликда организмга зарари ҳам анчагина. Шу ҳақда тўхталамиз.

Ёғ тўпланишига олиб келади. Доимий равишда меъёрдан ортиқ шакар қабул қилиш организмда гликоген заҳирасини оширади, у ёғ тўқимасига айланади, қоринда ва оёқларда тўплана бошлайди, шундан сўнг семиришга(айниқса болаларда) олиб келади.

Сохта очлик ҳиссини уйғотади. Шакар истеъмол қилинганда қонга тез сўрилиб, глюкоза миқдорини бирдан оширади, бунга жавобан ошқозон ости бези қўшимча равишда инсулин ишлаб чиқара бошлайди ва глюкоза миқдорини тезда туширади, бу ўз навбатида бош мияда иштаҳани очувчи ҳужайраларни қўзғатади. Оқибатда иштаҳа ошади ва сохта очлик ҳисси пайдо қилади, киши кўп миқдорда овқат ейиши ва ширинликлар истеъмол қилиши доимий тус олади. Оқибатда қонда доимий инсулин миқдорининг ошиши сурункали қандли диабет касаллигини ёки юрак миокарди инфарктини келиб чиқишига замин яратади.

Тез қаришга олиб келади. Кўп миқдорда ва узоқ муддат шакар истеъмол қилиш терида ажинлар пайдо бўлишини тезлаштиради. Чунки шакар тери қопламасининг коллагенига таъсир қилиб унинг эластиклигини пасайтиради. Иккинчидан, шакар эркин радикаллар чақириши оқибатида организмнинг ички ҳужайралари нобуд бўлади.

Юрак ишига таъсир қилади. Шакар юрак мушакларига ножўя таъсир ўтказади, тиамин миқдорининг камайиши юрак мушакларида дистрофик ўзгаришларга ҳамда томирдан ташқари суюқлик тўпланишига олиб келади.

Иммунитетни пасайтиради. Қонда шакар миқдори қанчалик юқори бўлса, иммунитет шунчалик паст бўлади. Нима сабабдан қандли диабет касаллигида асоратлар кўп бўлади, чунки унинг асосида шакар миқдорининг ошиши ётади. Шакар айрим ҳолларда веноз қон томирлар варикоз кенгайишини келтириб чиқаради, кўз кўриш қобилиятини пасайтиради, ўт пуфагида тош ҳосил бўлиши ва ҳомиладорларда токсикозга олиб келади, шунингдек эндокрин, асаб, буйрак, ҳазм, суяк ва бўғим аъзоларига салбий таъсир кўрсатиб кўпгина касалликлар келаб чиқишини тезлаштиради.

Бактериялар кўпайиши учун шароит яратади. Шакардан тайёрланган суньий ширинликларни болалар хуш кўришади ва кўп истеъмол қилишлари туфайли оғиз бўшлиғида бактериялар кўпаяди, натижада бодомча безлар тез-тез яллиғланади. Бактерияларнинг кўпайиши оғиз бўшлиғида кислоталик муҳитини оширади, бу эса тиш эмалини бузилишига, яъни тиш кариеси ривожланишига олиб келади. Шакар кўп истеъмол қиладиган болаларда тишлари касалланиб ва тўкилиб кетиши жуда кўп учрайдиган ҳолат.

Сайдулло РАСУЛОВ, нутрициолог,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

 

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x