Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Қирғизистонда бўлди. Ташриф доирасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатор келишувларга эришилди.
Давлат ва жамоат арбоблари билан учрашувда икки қардош халқнинг биродарлиги, маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга доир таклифлар билдирилди. Президент Шавкат Мирзиёев ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва ижодини рағбатлантириш мақсадида қирғиз оқини Идрис Айтбаевни мукофотлади. Оқинга “Malibu” автомобили ҳамда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан уй совға қилинди.
Бу хушхабарни эшитиб, Идрис Айтбаевнинг қувончу ҳаяжонлари, таассуротлари билан ўртоқлашдик.
– Идрис, аввало, Президент Шавкат Мирзиёевнинг совғалари қутлуғ бўлсин! Ўзбек ва қирғиз халқининг дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида ижод қилишдан толманг! Бундай юксак эътибор ва рағбатга муносиб кўрилганингизда қалбингиздан нималар кечди?
– Раҳмат. Тақдир – инсон учун доимо сирли, жозибали. Қуръони каримда Аллоҳга таваккал қилиш кераклиги айтилади-ку, бу ёғи шундай бўлди. Катта йиғинларда кўп қатнашганман, саҳналарда соатлаб қўшиқ айтганман. Сира ҳаяжонланмайман. Қайтага, ўзимни кучли ҳис қиламан.
Олий даражали учрашувда куйлаётганимда ҳам шундай эди. Аммо қўшиғим тугаши билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев чақирганида ҳаяжондан титраб кетдим. “Идрис ўғлим, баракалла!” деб бағрига босган пайтидаги ҳолатимни эса тасвирлаб беролмайман. Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Шаршенович ҳам худди шу сўзларни айтиб бағрига босди. Бу учрашувда мендан бахтлироқ одам йўқ эди. Икки мамлакатнинг Президентлари ўз фарзандидек кўриши бир ижодкор учун улкан бахт, албатта.
Ўша қисқа учрашувда жуда кўп нарсаларни ўйладим. Ҳар икки давлат раҳбари – юртининг, халқининг тимсоли. Менинг зиммамга жуда залворли ва ўта масъулиятли вазифалар юкланган, деб айтсам бўлади. Ижодим икки халқ ўртасида кўприк бўлишини орзу қиламан, мен бу йўлда ҳеч чарчамайман. Ўзбек ва қирғизнинг жигарлик илдизлари Ўшдаги Сулаймон тоғидан ҳам қадимий бўлса керак.
Мана, неча кундирки, шодиёналар тўхтагани йўқ. Қаерга бормай, мени қутлашади, табриклашади. Бундай пайтларда Яратганга шукр айтаман. Яратган Эгам ўзбек ва қирғиз халқининг қувончини бардавом, орзу-истакларини ижобат қилсин!
– Оқин ва бахшилар замондошларининг ўй-фикри, қувончу ташвишларидан айтади, улуғ аждодлардан мерос эпосларни ҳам баралла куйлайди. Айтинг-чи, Сиз бу икки халқнинг илдизларини туташтирувчи қайси эпосларни ижро этиб келасиз?
– Гапингиз тўғри. Аждодлардан келаётган маънавий меросни замондошларимизга етказишда бахши шоирларнинг бениҳоя катта хизматлари бор. Оқинларнинг йўриғи эса бироз бошқачароқ – улар кўрганидан айтади, айни пайтдаги воқеликни чечанлик билан созга жўр этади. Ўнлаб достонларни биладиган оқинлар ҳам бор. Эшитганда беихтиёр ҳайратланасиз, “Бунча гапни қандай билади”, деб ҳайрон бўласиз.
Ўзимга келсак, “Манас”ни айтганимда доим тингловчиларга эътибор қиламан. Халқ шу эпосни жон қулоғи билан эшитади. Давранинг сел бўлиши оқинни янада илҳомлантиради. “Алпомиш”ни ўқиб ўрганганман. Бу достон бахшилар тилида бошқача жозиба билан жаранглайди. Икки алп – Алпомиш билан Қоражоннинг дўстлигидек дўстликни, жигарликни бошқа бирор эпосда учратган эмасман. Бу дўстликни Худо кўнгилга солган-да! Шу ўринда яна бир гап: Худо кўнгилга солмаса, оқиннинг ҳам, бахшининг ҳам тилига ҳеч бир сўз кўчмайди.
– Сиз ўтган йили Ўзбекистондан Ўшга борган меҳмонларни кутиб олишда ҳам қатнашган эдингиз…
– Қирғизистонликлар ўзбек қардошларини қучоқ очиб, катта самимият билан кутиб олишди. Эт билан тирноқнинг янада жипслашганини, ота ва қизнинг, ака ва сингилнинг дийдорлашувини кўриб бағримиз тўлгандек бўлди. Бу ҳолат меҳмонлар учун ҳам бегона эмас эди. Ўзи, меҳмонлар бегона эмас-да (кулади). Ўзбеклар меҳнатда чиниққан, шахдам қадамли инсонлар. Эслаган учрашувимизда ширинсўз, олижаноб оқсоқоллар, қадамидан ўт чақнайдиган ёшлар билан танишдим, қадрдон бўлдим.
– “Дўстлик” чегара мажмуасидаги учрашув катта байрамга, халқ сайлига айланиб кетди. Бир-бирини соғиниб қолган оға-иниларнинг дийдорлашуви ўзгача бўлар экан. Эндиликда икки мамлакат ўртасида сиёсий-иқтисодий соҳалар қатори маънавий-маърифий жабҳада ҳам ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Бу борда Сиз қандай ташаббус кўрсатмоқчисиз?
– Шу саволингиз болалигимни эсга солди. Болалигимда божхоначи бўлишни орзу қилганман. Негаки, отам Ўзбекистонда туғилган, онам эса Қирғизистонда. Оиламиз ҳақидаги бу гапларни эшитган дўстларим: “Идрис, сен чегарада туғилмаганмисан?” деб ҳазиллашарди. Ана энди, ўйланг, қариндошлар тўй ё маърака қилса, ёки қариндошлар бир-биридан хабарлашмоқчи бўлса, чегарага ишимиз тушиши аниқ. Онам яқинлари олдига боришда кўп ноқулайликларга дуч келганида божхоначи бўлишни орзу қилганман. Гўё “Бу киши менинг онам”, десам, ўтиб-қайтиши осонлашадигандай. Улғайганимда билдимки, қонун ҳамма учун баробар экан.
Оқсоқолларнинг бир гапи бор-ку: “Ҳар гапга фаришталар омин дейди”. Менинг болалик орзумга ҳам фаришталар омин деган экан. “Дўстлик” чегара мажмуасининг очилиш маросимида қўшиқ куйлаб, одамларнинг шоду хуррамлигига тариқдек бўлса-да ҳисса қўшдим. Бундай хизматни пешонамга ёзгани учун Худойимга шукрона келтираман. Юрт эгаларига раҳматлар айтаман. Икки халқ интибоқчилиги йўлида елкамга қандай вазифа юкланса, сидқидилдан адо этаман.
“Дўстлик” чегара мажмуаси очилганидан буён Қирғизистонга келган қўноқлар ҳам, Ўзбекистонга борган меҳмонлар ҳам қўнғироқ қилиб, давраларига чорлашади. “Телефонда бўлса ҳам қўшиғингни эшитайлик”, дейдилар. Яқинда Қўрғонтепа туманига бориб, пахтакорлар хизматида бўлмоқчиман. Насиб этса, каттароқ концертлар ҳам берамиз. Кези келганда айтиб ўтай, яқинда “ЭТНО-ЎШ” фольклор ансамблини туздим.
– Сиз учун Ўзбекистондаги энг қадрли, халқ тили билан айтганда, “белингизга қувват бўлиб турадиган” нарса нима?
– Ота-онам, яқинларим… Санайверсам, адоғи йўқ. Болалигим шу юртда – Қўрғонтепа туманидаги Намуна қишлоғида ўтган. Одам ёлғиз қолганда ўзи билан ўзи суҳбатлашади, болалик кунларига хаёлан саёҳат қилади. Мен бундай дамларда доимо қишлоғим кўчаларини кезаман. Бу йўлларнинг ҳар бир қаричигача менга таниш, қадрдон. Бир сўз билан, жондек азиз, деб қўяқолай…
– Идрисбек, самимий суҳбатингиз учун журналхонлар номидан миннатдорлик билдираман. Келгусидаги ижодий ишларингизга зафарлар тилайман. Сиз билан неча маротаба телефон ёки ижтимоий тармоқлар орқали боғланган бўлсак, доим тилдан қўймай айтган гапингизни мендан ҳам эшитинг: ўзбек ва қирғиз халқининг дўстлиги абадий бўлсин! Бу сўзларни қанча кўп такрорласак, кўнгилда шунча чуқур илдиз отади.
– Тўғри айтасиз. Бу дўстликни қўшиқ қилиб куйлашдан чарчамайлик!
Нурилла Чориев суҳбатлашди.
“Ёшлик”, 2017 йил 9-сон
https://saviya.uz/hayot/suhbat/shaxdam-qadamli-insonlarni-kordim/