Рустамжон УММАТОВ БОБУР ВА НАПОЛЕОН

(эсседан боблар)

ДАФН ВА ҚАТЛ ГУЛХАНЛАРИ

Тириклайин ёндирилган аёллар. Искандар
Зулқарнайннинг мутаассирлиги.
Инквизициянинг Ҳиндистондаги одамкуш ханжари.

Ҳиндистон – ниҳоятда ўзига хос, ҳатто ақл бовар қилмас ғаройиботлар ва анъаналар мамлакати: гоҳ куласиз, гоҳ ёқангизни ушлайсиз, гоҳ даҳшатга ҳам тушасиз. Ҳиндлар девдай филни елпиғичнинг чўпи билан бошқара оладилар, денгиз тубидан маржон топиш, лаъл тусли лаққа чўғ устида оёқяланг юриш, заҳрининг зарраси арслонни ўлдирадиган илондан раққос яратиш ҳам уларга чўтмас. Аммо шунақанги урф-одатлари ҳам борки, бунақасини бошқа халқларда топиш қийин. Чунончи, катҳиёвар, жажҳар, сати ва ҳоказо…


Сати қачон ва қандай урфга айлангани ҳақида тарихан муқим фикр айтиш мушкул. Фақат ривоятлардан хулоса чиқариш мумкин. Маъбуд Дакшаражапатининг қизи Сати маъбуд Шивани севар ва иккови турмуш қуриб, бахтли яшар эдилар. Қайнота бу никоҳга қарши, нуфузи тобора юксалиб бораётган куёви Шивани ёмон кўрарди. Кунлардан-бир кун Дакшаражапати катта зиёфат бериб, унга казо-казоларни, калон-калон зотларни таклиф этди, фақат қизи ва куёвинигина чақирмади. Шундай бўлса-да, Сати эрига ёлвориб, бирга боришга кўндиради. Таассуфки, бу ташриф қайнотага ёқмайди, куёвини хўрлайди, ёмон сўзлар билан ҳақоратлайди. Суюкли ёрининг бунчалар оёқости қилинишига чидолмаган Сати ўзини оловга ташлайди. Шива унинг ортиданоқ аланга ичига интилади, лекин аёлнинг куюк мурдасинигина олиб чиқади. Жононидан жудо этилган йигит қоракўнгил қайнотасини қаҳр устида шартта чопиб ташлайди…
Ривоят бу билан хотималанмайди, унинг якуни бир неча вариантларда талқин қилинади. Ўша-ўша эрини деб тириклайин ўзини ўтда куйдириш ҳинд аёли учун муҳаббат ва садоқат рамзига айланиб, сати номини олган эмиш.
“Махобхорат” эпосида эрамиздан аввалги 400 йилда содир бўлган сати гулханлари ҳақида маълумот бор. Санскрит тилидаги “Ригведа” (мадҳиялар мажмуаси) китобида эса 30 аср бурун эри билан бирга ёндирилган аёллар тилга олинади. Аммо у пайтларда сати зодагонлар оиласидагина амалга ошириларди.
Александр Македонский эрамиздан аввалги 316 йилда шундай воқеа­нинг устидан чиққан: икки кундош марҳум эрининг дафн гулханида ёнмоқ ҳуқуқини талашиб турган экан. Бу юнон саркардасида чуқур таассурот қолдирган ва бундай ҳолат Ҳиндистонда тез-тез учрашини таъкидлаган.


Жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутувчи буюк ҳукмдорлардан йигирма бир нафарининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида М. А. Лятскийнинг китоби бор (М. А. Лятский. Великие мира. Петроград, 1915 г.) Муаллиф Жалолиддин Акбар тўғрисида ёзаркан, шуни таъкидлайди:
“У (Акбар) 1587 йили бева қолган ҳинд аёлларининг дафн гулханида ёндирилишини тақиқловчи фармони олийга имзо чекди…”
Аврангзеб саройида бўлган Франсуа Бернье бевалар учун жаллод болтасига айланган 17-аср дафн гулханлари ҳақида кенг маълумот беради. Шуниси ишончлики, муаллиф бу фожиаларнинг деярли ҳаммасини ўз кўзи билан кўрган ва ёзган:
Шайтоннинг измидаги бир аёл бўйдоқ қўшниси билан дон олишиб қолади. Жазмани чевар бўлиб, чилдирма ҳам чаларди. Маъшуқа эрини заҳарлаб ўлдиради ва ҳамсояни холи топиб, ниятини изҳор қилади:
– Сенинг йўлингга юриб, шу ишни қилдим, энди икков олисларга қочиб, ҳаловатда яшайлик. Агар тезроқ қочмасак, ҳали-замон мурдага қўшиб, мениям ёқиб юборишади.
Чилдирмачи-ошиқ жувонни қанчалик севмасинки, қотилга шерик бўлишни асло хоҳламайди.
– Нима бўлсанг – ўзинг бўл, лекин мени бу жиноятга аралаштирма! – чўрт кесади у.
Чорасиз хотин ортиқча сўз демаса-да, кафтига туфлайди-қўяди ва ота-онасига эри тўсатдан қазо қилганини, ўзи дафн гулханида куймоқчи эканини айтади. Қизнинг мардона аҳди оила учун обрўнинг каттаси ҳисобланарди. Хандақ кавлаб, ўтин-чўп ташланади, ғарам устига марҳумни ётқизадилар, ифорли мойлар, сандал тарашаси кукунлари сепилади ва гугурт чақилади. Хандақни қуршаган издиҳом марҳум эр ва унинг фидойи хотини ҳақига дуолар қиларди.
Ўзини ўлимга чоғлаган қотил маъшуқа олов гурлагач, даврадаги яқинлари билан бирма-бир видолаша бошлайди. Машшоқлар орасида чевар қўшни мусиқа чаларди. Аёл у билан ҳам хайрлашмоқчи: жазман чилдирма чўпини қўйиб, хотинга қучоғини очди.
– Алвидо! – деди аламзада маъшуқа ва йигитга маҳкам чирмашди-да, уни ҳам чуқурдаги оловга судраб кетадилар…
– Ўзим кўрган дафн гулханлари даҳшат эди, уларни айтиб адо қилолмайман ва шуни ҳам ўйлайманки, менинг битикларимга Европада бирор ким ишонадими-йўқми? – ёзади Франсуа Бернье.
Аҳмадободдан Аграга бораётган карвонимиз кичик қишлоқда тўхтади. Кун ниҳоятда иссиқ, кечгача салқинлаб, оқшомда йўлга тушмоқчи бўлдик. Марҳум эри билан куйдириладиган 12 яшар (!) келинчакнинг хабари келди. Олов ёниб турибди, унинг ёнидаги норасида жувон титраб-қақшайди, хуни бийрон йиғламоқда. Уч-тўрт браҳман билан бир кампир бечорани ўтга итарадилар, кейин оёқ-қўлини чилвирлаб, аланга устига ўтирғизадилар ва шўрлик додлаганича ёниб кетади.
Кези келганда шуни эътироф этмоқ лозимки, Ҳиндистонга инглизлар кириб келгач, сатига қарши кураш кўлами янада кенгайди ва ҳинд маърифатпарварлари ҳам бунга қўшилдилар. Жюль Верннинг “Дунё бўйлаб 80 кун” романида сатининг бориб турган ваҳшийлик экани жуда ишонарли тасвирланган.
Ўн тўққизинчи асрда Бҳаратенду Ҳаришчандр, Дин Бандҳу Митра, Бонкимчандра Чаттержий, Мадҳу Судан Датт ва бошқа ёзувчилар хурофотларга қарши ўт очишган. Бҳаратенду Ҳаришчандр (1850-1885) аёллар учун махсус “Банабадҳини” номли журнал ташкил этди. Унда эри ўлгач, ўзи ҳам қатлга маҳкум жувонларнинг мусибати тез-тез тилга олинарди. 1828 йили ташкил топган “Браҳма Самож” жамияти, кейинчалик Тагор, унинг отаси билан бобоси, шунингдек Ганди сингари халқнинг улуғ даҳолари сати аксилинсоний ҳодиса эканини далиллашди. Замонавий ҳинд маърифатпарвар адиблари ўша кўҳна курашни ҳамон давом эттирмоқдалар.
1889 йили сатини ўз кўзи билан кўрган англиялик журналист Жон Фрестер шундай ёзади:
– Бу Банорас шаҳрига яқин қишлоқлардан бирида содир бўлди. Ўтга ташланадиган жувоннинг ўн гулидан бир гули очилган эмас, ёши йигирма саккизда. Коҳин унга қандайдир ичимлик берди, чамаси у оғриқни камайтирса керак. Шўрлик қиз фарёд уриб, қочмоққа уринди. Лекин оломон бунга йўл қўйгани йўқ. Бир кампир унинг сочларидан тутамлади, икки йигит қўлларини қайирди. Маҳкума ҳарчанд қутулишга интилмасин, қариндошлари бераҳмлик билан уни мурда тарафга судрайдилар. Боз устига коҳин сакраб турди-да, бечоранинг бошига қўлидаги таёқ билан солди.
Кўз олдимдаги қотилликка ақлим ишонмасди: мен даҳшатли фильм кўраётганим йўқми? Жону дилим билан бевага ёрдам берсам дейман, лекин мутаассиб оломон йўл қўядими? Шу аснода аёлни марҳум билан ёнма-ён боғладилар. Кимдир гугурт чақди. Таёқ зарбидан беҳуш мазлума дарҳол ўзига келди. У жон аччиғида шундай дод солдики, бу оҳу зор ҳатто ноғоралар гумбурини ҳам босиб кетди. Аланганинг қип-қизил тили тирик инсонга чанг солди, у жонли оловга айланди. Ўтинга хушбўй нарсалар сепилган дейишди, лекин куйиндининг қўланса ҳидидан беҳуш йиқилаёздим. Бундан ҳам даҳшатлиси шундаки, дафн гулханининг кулини коҳинлар таомига қўшиб берар экан. Айтишларича, бу билан гуноҳкор бандалар боқий дунёга покланиб кетармиш…
Ҳамма ерда ҳамхобидан жудо бўлган мотамзадаларга ҳамдардлик билдирилиб, кўнгил сўралса-да, ҳиндларда нега бундай? Неча юз йиллардан бери сатига қарши курашилгани ҳолда, нима учун бу мудҳиш ақида ҳамон барҳам топмаяпти?
Бунинг иккита муҳим сабаби бор дейиш мумкин. Аввало, ҳиндуизм мутаассиблари бевани ёндирмаслик – гуноҳи кабира деб оёқ тираб олишган. Иккинчи омил шуки, бутун мамлакатда, алалхусус, қишлоқ жойларда эрсиз қолган аёлларнинг ҳаёти ниҳоятда аянчли, улар фақат ҳазар ва ҳақоратга маҳкум. Илгариги замонларда бу бахтиқароларнинг сочлари қириб ташланган, оқ кўйлак кийиш, зеб-зийнат тақиш уларга мумкинмас. Тул хотин фақат буғдой нон ва гуручли таом ейишга ҳақли, башарти, бошқа егулик истеъмол қилса, жазо муқаррар. Эл уни тирик мурда деб билади, ҳаёт қувончларига, ҳатто ташвишларига ҳам йўлатмайдилар. Эрининг бошини еган деб, бахтсизлик тимсоли саналувчи бундай бечораларга тўйхоналар эшиги ёпиқ, байрамларга йўл бўлсин, унақалар янги туғилган набирасини ҳам оғушига ололмайди. Кўчада кетаётган бахтиёр йўловчи бирор бевани кўриб қолса бас, таъби тирриқ бўлади. Чунки, бу ёмонлик аломати-да. Бева ташқарига чиқмагани, ерда ухлагани маъқул, диванда ётиш ҳам тақиқланади. Тул хотин эр зоти билан, ҳатто ўғиллари билан ҳам сўзлашолмайди. Бева қайта турмушга чиқадими? Йўқ, албатта. Аммо айни муаммода ягона истисно бор: аёл марҳум эрининг туғишган инисига тега олади. Шундагина уни оловга тириклайин улоқтиролмайдилар.
Юқорида тилга олинган Жон Фрестернинг ёзишича, 2001 йили қишлоқлардан бирида шунақа бўлган ва эрнинг укаси бева кеннойисини никоҳлаб олган. Икков уч йил бирга яшайдилар ва таассуфки, иккинчи эр ҳам дунёдан ўтади. Сатига бир карра чап берган ва манглайига бахтсизлик тамғаси тушган ҳинд аёли энди қазодан қочиб қутулолмайди. Бир неча йил бурун Малегаономда (Марказий Ҳиндистон) эри ўлган жувон ўзини осиб қўйибди. У дафн гулханида куйишга кўнмаган ва ота уйига қайтгач, қисматидаги таҳқирларга чидашга мажбур. Унинг онаси тунда кўрсаки, бева қизи ердамас, каравотда ухлаётган эмиш. Бояқиш дарҳол уйдан қувилади, аммо қаерга борсин? Ноилож қўлидаги арқон билан боққа чиққан…
Эри ўлган бошқа бир жувон кўзгуга қараётган экан. Бу “кори бад”ни опалари кўриб қолади: икков уни уриб-тепкилайдиларки, бахтиқаро сингил ўлар ҳолатга етади. Олис тарихда эмас, 2006 йили Ҳиндистонда содир бўлган бу воқеанинг боиси шуки, “эрининг бошини еган” хотин зоти ойнадаги аксига боқишга ҳам ҳақли эмас…
Бобурийларгача Ҳиндистон тарихида сатига қарши кимдир курашгани ҳақида бирор маълумот топиш амри маҳол. Демоқчимизки, тирик инсонни мурда билан ёндиришдай жаҳолатга барҳам берилиши энг аввало Бобурийларнинг саъй-ҳаракатлари самараси эдики, бу ҳам буюк сулолага муносиб эзгулик ва тарихий хизматдир.


Европада қатл гулханлари “ижодкори” бўлмиш инквизиция суди қачон вужудга келди? Бу саволнинг жавоби баҳсли ва турли-туман. Тадқиқотчилар ҳар хил саналарни кўрсатишади: 1198–1230, 1184–1252, 1198–1216, 1227–1241 ва ҳоказо йиллар. Лекин шуни бемалол айтиш мумкинки, инквизиция жаллодларининг одамкуш ханжаридан камида олти аср муттасил қон томиб, сон-саноқсиз инсонларнинг умрига зомин бўлди.
Инквизиция чақимчилари ҳар ерда ҳозир: 14 яшар болалар, 12 ёшлик қизлар ҳам бу иркит хизматга жалб этилаверарди. Сеҳр-жоду ё фолбинликда, роҳибни танқид қилишда ё ғайридин билан дўстлашувда, черковга қарши чиқишда салгина шубҳа туғилса бас, у энди омон қолмайди. Ҳомиладор аёл ҳам, мўйсафид қария ҳам, ҳатто норасида гўдак ҳам аяб ўтирилмайди.
1597 йили Гельнгаузенда (Германия) 67 га кирган бева Клара Гейслер ҳибсга олинган. Чақув тушганки, кампир жодугарликда, чунончи, бир эмас, учта жин билан ишрат қилганликда айбланади. Ваҳоланки, бундай куракда турмас жиноят гумондорнинг етти ухлаб тушига кирганмас, бориб турган бўҳтон. Уни қийноққа соладилар, исканжа қисувидаги суяклари қисирлайди. Оғриқ азоби ҳилвиратган аёл ахийри “қилмишлари”ни бўйнига олиб, инквизитор қозилар уйдирмасидаги ушбу “гуноҳлари”га иқрор бўлади:
– Мен қирқ йил давомида кўплаб иблислар билан муттасил зино қилдим. Улар ётоғимга ит ва мушук ёки қурт ва каналар қиёфасида кириб келишарди. Шайтонлардан 17 фарзанд орттирдим ва болаларимнинг барини ўлдириб, гўштини едим, қонини ичдим. Шунингдек, 240 кишининг ая­нчли ҳалокатига сабаб бўлдим, улар орасида ёшлар ҳам, кексалар ҳам бор эди. Ўттиз ё қирқ йил давомида кенг минтақада бўронни қутуртирдим, афсун билан олов ёндириб, тўққиз марта уйларни кулга айлантирдим. Ўзим турган шаҳарни ёнғин домига топшириб, батамом яксонламоқчи эдим. Бироқ Бурсиан исмли иблис розилик бергани йўқ. Унинг айтишича, ҳали бу шаҳардаги бир талай қиз-жувонларни жодугарга айлантириши ва улар унинг йўлига юриб, шайтонга эътиқод қилишлари керак экан…
Клара Гейслернинг иқрорномаси шу нуқтада узилиб қолган. Чунки, терговда жаллодлар қийноғидан шўрлик аёл ўша аснода жон таслим қилган.
Инквизиция пичоғини қайраб, уларнинг қотилликларига қонуний тус берувчи кодекслар ҳам талай. Шундай “низом”лардан бирининг муаллифи Антониу де Соуза (Португалия, XVII аср) эди. Соуза жаноблари ёзади:
“Инквизиторлар императорларни, қиролларни ва дунёвий ҳокимиятнинг барча-барча вакилларини жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга.”
Яъни, инквизиция подшоҳлар устидаги подшоҳ бўлиб олганди. Шу боис, ўрта аср арбобларидан бири Рим папаси бошлиқ бу трибунал ҳақида шундай деган:
“Менинг ҳаётим мудом даҳшат тазйиқида. Хоҳ сўзлаган чоғим, хоҳ хат битар чоғим – ҳамиша қўрқувдаман. Ўзим билан гаплашаётиб ёки хаёл сурган дамларимда… ҳатто сукут сақлаганимда ҳам ҳадиксираб тураман.”
Инквизиция қўлидаги “қонуний” асослардан бири “Тақиқланган китоблар индекси” эди. Бунинг учун 1571 йили махсус ҳайъат тузилиб, у то 1917 йилга қадар фаолият кўрсатди ва ўқиш гуноҳ саналган “шайтоний” адабиётлар рўйхатини мунтазам нашр этди. Индекс 17-асрда 3 марта, 18-асрда етти марта, 19-асрда 6 ва 20-асрда 12 марта чоп қилинган. Унда китоблар сони муттасил ошиб борарди. Масалан, 1900 йили 7200 та бўлса, 1948 йилда 8000 дан зиёд эди. Галилей, Кеплер, Коперник, Паскаль, Вольтер, Руссо, Спиноза, Лейбниц, Кант, Бэкон, Гоббс, Локк, Милль, Сартр, Дефо, Дюма, Стендаль, Бальзак, Гейне, Гюго, Золя, Мильтон сингари буюк олим ва файласуфларнинг, шоир ва ёзувчиларнинг асарларини мутолаа қилган ҳар қандай одамнинг калласи кетарди. “Тақиқланган китоб­лар индекси”ни нашр этиш 1966 йилдагина барҳам топди.
Инквизиция гулхани Европа ҳудуди билан кифояланиб қолган эмас. Бу ўт балоси мустамлакачи ҳарбийлар ва миссионерлар тимсолида Америкага, Африкага, Ҳиндистонга, ахийри, бутун дунёга тарқади…
Бобур ва Бобурийлар бева аёлларнинг ёстиғини қуритаётган дафн гулханларига қарши кураш бошлаган чоғи Европадаги қатл гулханлари Ҳиндистон соҳилларига ҳам ҳамла қилди. Дўппидайгина Португалия 16-асрда қудратли колониал империяга айланган эди. Васко де Гама ва бошқа истилочилар шарқ сари сузиб, ҳатто Хитойгача етиб боришди. Ҳиндистоннинг ғарбий қирғоғидаги Гоа князлиги португалияликларнинг штаби бўлиб, колониал ҳокимият ва католик миссионерлар шу ерга уя қургандилар. Улар мусулмон, ҳинд, будда ибодатхоналарини вайрон қилибгина қолмай, аҳолини мажбуран католиклаштира бошладилар. Кимки кўнмаса, унга раҳм қилмайдилар. Алалхусус, испаниялик Франсис­ко-Ксаверий пешволигидаги иезуитлар ниҳоятда қутуриб кетишганди.
Гоада 1561 йил инквизиция трибунали таъсис этилди. Бу маҳкама кимнинг пайига тушганди? Ҳиндистонликларнинг, барча ўзга дин вакилларининг, айниқса, мусулмонлар ва бой-бадавлат кишиларнинг шўрини қуритарди, албатта. Бу Акбаршоҳ замони эди. Биламизки, Буюк Акбар диний бағрикенглик байроқдори бўлиш билан бирга, бева ҳинд аёлларининг марҳум эри билан ёндирилишига дил-дилидан қарши курашган. Шундай шароитда Гоа ва унинг теварагидаги аҳолининг даҳрийликда айб­ланиб, тириклайин оловга улоқтирилиши дард устига чипқон бўлди.
“Гоа инквизиция трибунали қонхўрликда испан ва португал жаллодларидан илдамлаб кетди”, деб ёзади француз тарихчиси Ж. Лавалль.
Бироқ 1579 йили Акбар Гоадаги европалик инквизиторларнинг асл мақсади ва хунхўрлигидан ҳали хабарсиз эди, саройига келган уч иезуитни яхши қабул қилди, уларнинг ибодати учун шароит ҳам яратиб берди. Ҳатто иезуитларнинг пасха байрамида қатнашди (Р. Аквавива ва Монсерратенинг кундаликларида Акбаршоҳ ҳақида муҳим маълумотлар бор.)
Энди буни қаранг – Ҳиндистондаги Сати гулханларига илк ва ҳал қилувчи зарбани Бобурийлар урганларидек, Европада инквизиция оловига барҳам берилиши Наполеон Бонапартнинг хизмати эди. Португалияда “муқаддас” қозилар террори Наполеоннинг генерали Жюно Лиссабонни фатҳ этгунича (1808 йил) давом этди. Қирол Жоан Олтинчи аркони давлати билан ватанини ташлаб, Бразилияга қочиб кетди. Французлар Португалиядаги тараққийпарвар кучларнинг қувватлашига ишонган ҳолда инквизицияга барҳам беришди. 1789 йили Буюк француз инқилобини инквизиция найза билан кутиб олганди. Испанияга Франциядан ҳатто китоб ва газета келтириш ман этилганди. Лекин Наполеон бостириб кирганда, унга сотилган ҳам Испания инквизиторлари бўлди. Мадриддаги аксилфранцуз қўзғолони чоғи Наполеонни ёқлаб прокламация чиқарган ҳам бебурд инквизиция эди.
Ҳолонки, омад қуши қўлига қўниб турган Бонапарт ўша кунлари инквизиторларнинг бунақанги ҳушомадларини сариқ чақага олмасди. Аксинча, у алоҳида декрет билан (1808 йил 4 декабрь) бу “муқаддас” трибунални жинояткорона муассаса сифатида тақиқлади ва унга тегишли мол-мулкларни Испания давлати фойдасига мусодара қилди.
Умуман, Наполеон қаламравидаги барча ҳудудларда инквизиция фаолиятига чек қўйилди. Айни чоғда унинг қонли ишларини фош қилиш кампанияси бошланди. Испан инквизиторлари ҳақидаги ҳаққоний ҳужжатлар асосида икки жилдлик тўплам 1812–1813 йилларда нашрдан чиқди. Унинг муаллифи Мадрид трибуналининг собиқ котиби Хуан Антонио Льоренте эди.
Наполеон акаси Жозеф Бонапартни Испанияга қирол қилиб қўйганди. Льоренте Жозеф билан фаол ҳамкорликка киришиб, унинг фармонига биноан испан инквизициясининг муфассал тарихини ёза бошлади. Бироқ Наполеоннинг 1814 йил баҳордаги мағлубияти ва унинг Эльба оролига қувилиши бу хайрли ишнинг белига тепди. Льоренте Парижга қочиб кетди, лекин тарихнависликни тўхтатгани йўқ ва тўрт жилддан иборат китоб 1817–1818 йиллари француз тилида босилди. Асар жуда кўп тилларга таржима қилиниб, 24 марта нашр этилди. “Испан инквизицияси тарихи” номли бу солнома ҳамон илмий-тарихий қимматини йўқотган эмас…
Шу асноларда Галилей ва Брунонинг “муқаддас” трибуналга дахлдор муҳим ҳужжатлари топилдики, бу серможаро романнинг ўзгинаси.
Наполеон папа қаламравидаги ҳудудларни ўз империясига қўшиб олгач, архивдан Галилео Галилейга алоқадор фондларни Парижга олдириб келади. Бироқ император уларни эълон қилишга улгуролгани йўқ, ундан тож-тахтини тортиб оладилар. Парижга Бурбонлар қайтиб келади, Людовик XVIII Франция тахтига ўтирди. Рим папаси Пий Еттинчи Ватиканда яна ҳукмронлигини бошлади. Унинг Париждаги вакили Гаетано Марини дарҳол қирол ҳукуматидан Галилейнинг судловига тааллуқли архивни қайтаришни талаб қилди. Людовик унинг талабини қондирармиди-йўқмиди? Бу номаълум, гап шундаки, орадан ҳеч қанча вақт ўтгани йўқ, Гаетано Марини тўсатдан ўлиб қолди.
Наполеон 1815 йил баҳорида Парижга яна кириб келди: бироқ юз кунликкина ҳукмронлиги асносида у қандайдир ҳужжатларни ўйлай олмасди. Алқисса, унинг омонат тахти ёздаёқ кунпаякун бўлди. Рим папасига тағин жон кирди ва унинг қирол ҳузуридаги янги вакили Марино Марини Галилейга оид баённомалар масаласини қўзғай бошлади. Сарой ишлари вазири граф де Блак орадан хийла вақт ўтгач, ҳужжатлар топилганини ва Ватиканга қайтарилажагини маълум қилди. Лекин де Блак турли баҳоналар билан, масалан, қоғозларни Людовик Ўн саккизинчи шахсан кўраётганини айтиб, уларни пайсалга солиб юрди…
Бу ва бу каби тафсилотлар узундан-узоқ. Шу сабабли, ўқувчини чалғитмай, сўзимизга қайта қоламиз. Фақат таъкидлаш лозим: инквизицияга қарши қақшатқич ва ҳал қилувчи кураш байроқдори Наполеон Бонапарт эди.

АВЛОДЛАР ДОВОНИ

Биродаркушлик ва ота-бола урушлари.
Бобурийларнинг фожиона тақдири.
Жувонмарг Наполеонзода билан ўйноқи раққоса. Дантес –
Пушкиннинг қотили эса-да, Наполеон Учинчининг дўсти эди.
Қамалдаги Парижда ит ҳам, мушук ҳам қолгани йўқ.
Бизга замондош шаҳзода ва маликалар.

Бобуршоҳ оламдан ўтганида ўн саккиз фарзандидан саккизи ҳаёт эди: 1532 йили вафот этган Моҳим Бегимдан – Ҳумоюн Мирзо (1508–1556); Гулруҳ Бегимдан – Комрон Мирзо (1509–1557) ва Аскарий Мирзо (1512–1558); Маъсумасултон Бегимдан – Гулранг Бегим, Гулчеҳра Бегим, Ҳиндол Мирзо (1518–1551) ва Гулбадан Бегим (1522–1603). Номлари тилга олинган шаҳзодаю маликалар кўҳна тарихнинг безаги эдилар.
Ҳумоюн Мирзо падар амрига биноан иш тутди. Бироқ жигаргўшалари бўйсунмаслик ҳаракатига тушиб қолдилар. Аскарий Мирзо билан Ёдгор Носир Мирзо икков Аграни кўзласа, Ҳиндол Мирзо Деҳлини қамалга олди. Бу хабарлардан ичи қизиган Комрон Мирзода ҳам подшоҳлик даъвоси пайдо бўлди ва қуролланган ўн икки минг суворий билан Деҳли фатҳига отланди…
Шаҳзодалар орасидаги ана шу ноаҳиллик ва жиққамуштдан ютган киши фақат Шерхон Сур бўлди. Унинг икки тўқнашувдаги устма-уст (1539, 1540) ғалабасидан кейин Ҳиндистон Бобурийлар қўлидан чиқди. Ана шу сабабли Ҳумоюн подшоҳнинг саргардонлиги бошланиб, 1555 йилдагина тахтни қайта эгаллай олди. Бу орада Бобурзодалар бошига не-не яхши-ёмон кунлар тушди. Комрон Мирзонинг кўзларига мил тортилди, Аскарий Мирзо икков ҳаж зиёратига жўнатилиб, Арабистонда қолиб кетишди. Панада пайт пойлаган қотил Ҳиндол Мирзони шаҳид этди. Хуллас, фитна-фасод ва тож-тахт талашувларидан Бобурзодалар қаттиқ шикаст топдилар…
Ниҳоят, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга вафо қилмаган тож-тахт Ҳумоюнга ҳам вафо қилгани йўқ. Падари фожиона ҳалок бўлганда (1556) валиаҳд Акбар Мирзо 14 яшар эди. У бобоси ва отасидан кўра узоқроқ умр кўриб, пайғамбар ёшида (1605) вафот этди ва ярим аср Ҳиндистон ҳукмдори бўлиб, Бобурийлар шарафини кўкка кўтарди.
Акбаршоҳнинг буюклиги шундаки, у Панипатни иккинчи бор Бобурийлар зафарномасига киритди: ўттиз йил бурун бобоси ғалаба қозонган тарихий жанггоҳда асосий ғаними Хемунинг катта қўшинини енгди. Таъкидлаймизки, ўшанда у 15 ёшга ҳам тўлган эмасди. Акбар ҳукмронликни шаҳд ва шиддат билан бошлаб, 18 ёшидаёқ бек аткаси Байрамхон измидаги давлат тизгинини ўз қўлига олди.
Акбаршоҳ даврида кемасозлик юксак даражага кўтарилди. Сурат бандаргоҳида қурилган кемаларни португалиялик корчалонлар бажонудил сотиб олишарди. У Фатҳпур-Секридай улуғвор шаҳарни бунёд этди: ҳамиша янгиликка интилган подшоҳ Акбар бу ерда ҳамма нарсани ҳисобга олганди, фақат сув таъминоти унутилганди. Ҳозир уни шарпалар шаҳри десалар-да, Бобурзодалар бунёдкорлигининг ҳайкалидай жаҳон сайёҳларини имлаб турибди. Аслида Акбар қурган меъморий обидаларнинг саноғи йўқ, ижод, тасвирий санъат (хусусан, миниатюра) гуллаб-яшнади, подшоҳнинг кутубхонасида 24 минг китоб бор эди.
Бобуршоҳнинг йирик тилшунос экани-ку аён, аммо Акбаршоҳнинг тилшунослик илми олдидаги хизмати ҳам кичкина эмас. Акбар бир кун дарборидаги донишмандларга шундай савол беради:
– Башарти, чақалоқ таваллуд топган куниёқ одамлардан мутлақо ажратиб, бирор сўз эшитишига асло имкон қолдирилмаса, у улғайгач, қайси тилда гапиради?
– Олампаноҳ, – дейишади алломалар, – ҳеч ким ўргатмасинки, бари бир, ҳар қандай инсон отаси ва онасининг тилида сўзлайверади. Ҳинд – ҳинд тилида, непаллик – непал тилида, эронлик – форсча гапиради-да.
– Унақа бўлмаса керак, – дейди ишонмаган подшоҳ ва махсус фармони билан бир неча гўдакни унинг назоратида парваришлай бошлашади. Болалар учун алоҳида жой ҳозирланиб, белгиланган мураббийларнинг тили кесиб олинади. (Хоналарнинг калити Акбаршоҳнинг киссасида.)
Шу зайлда орадан етти йил ўтади, айни муддат мобайнида болалар ҳалиги мураббийлардан ўзга кишини кўрмаган ва битта ҳам сўз эшитган эмас. Тақиқланган эшиклар очилади: етти яшар норасидалар ҳамон тилга кирмабди, имо-ишорани, маъносиз вағир-вуғурни билади, холос. Бу даҳшатли тажриба ривоят ё ҳақиқат эканидан қатъий назар, “тил – ижтимоий ҳодиса” ақидасининг амалий исботи эди…
Акбаршоҳ 1605 йили қазо қилди, шаҳзода Салим Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ номи билан тахтга чиқди. У диний сиёсатда падари каби бағрикенг эмасди. Бу ҳиндлару мусулмонларнинг маълум қисмида норозилик уйғотди, унинг устига, подшоҳнинг валиаҳди Хисрав Мирзо Панжобда қўзғолон бошлади. Ота-ўғил муҳорабаси исёнкор шаҳзоданинг мағлубияти билан якунланди ва Хисравнинг кўзларига мил тортилди.
Жаҳонгир зарби зўр подшоҳ эди, 1614 йили Меварни қўшиб олди, бир йилдан кейин Кангра, сўнгроқ Киштвар ҳам қўлга кирди. Европаликлар Ҳиндистондан тобора мўмай бойликларни исташарди. Ички низолар ёнига улар билан тўқнашувлар ҳам қўшилди. Айниқса, португалияликлар тажовузидан Жаҳонгиршоҳ флоти кўп шикаст еди ва подшоҳ инглизлар билан иноқлашув йўлини тутди. Англия қироли Яков Биринчининг элчиси Томас Ро уч йил (1615–1618) Жаҳонгир саройида турди.
Бенгалия ҳам нотинч: бу ҳудуд Акбар замонида эгалланган бўлса-да, Мусохон ва Усмонхон раҳнамолигидаги қуролли қўзғолонларни (1608, 1612) бостириш хийла қийин кечди. Юсуфзайлар, сикҳлар ҳам тек туришмасди. Барибир, Жаҳонгир даврида Бобурийлар ҳудуди кенгайди, торайгани йўқ, унинг қўшини 1621 йили Аҳмаднагарни забт этди, Декан ҳудудидаги учала давлат ҳам йирик миқдорда хирож тўлашни ўз гарданига олди.
Бобурийлар давлатида Гужаротнинг иқтисодий салоҳияти ва тараққиёти юксак даражада эди. Шундай йирик тужжорлар бўлардики, масалан, Виржа Бохрани Жаҳонгиршоҳ замонида дунёдаги энг бадавлат одам ҳисоблашган. Аҳмадобод, Агра, Бурҳонпур, Голконда ва Деҳлида юзлаб гумашталар унинг сармояси билан иш юритардилар. Виржа Бохра Гужарот-Малабар савдоси тизгинини ўз қўлида тутиб, ажнабий молларнинг устама нархини шахсан ўзи белгиларди.
Бу пайтларда шаҳзода Хуррам Мирзо Гужарот ҳокими бўлиб, Декандаги ғалабалар суюнчисига Жаҳонгир томонидан унга Шоҳжаҳон номи берилганди. Ҳоким йигит Виржа Бохра каби бойлардан ундирилган солиқлар эвазига Гужаротда йирик хазина ва черик тўплади-да, отасига қарши исён кўтарди. У ўгай онаси Нуржаҳон Бегимнинг таъсири остида валиаҳдлик қўлидан кетишидан, Ҳиндистон тахти ё Шаҳриёр, ё Доварбахшга (Хисравнинг ўғли) қолишидан хавотирда эди. Икки қўзғолон ҳам Шоҳжаҳонга зафар келтиргани йўқ, ғолиб ота барибир ўғлини кечирди, аммо Гужарот ҳокимлиги ўрнига Декандан кичик бир ҳудуд тасарруфини берди…
Сарой мусаввири Абулҳасан чизган Жаҳонгиршоҳ портрети бор: қай бир чизгилари биз билган Бобур сиймосини эслатади, фариштали ва шоҳона суратидан қудрат тўла сийрати ҳам намоён. У саройидан Жамна соҳилигача етадиган “Адолат занжири” боғлатди, 30 газ узунликдаги олтин занжирни эҳтиёжманд фуқаро тортса, 30 жуфт тилла қўнғироқ жарангларди ва унинг арзи подшоҳга етарди. Тамға, мир баҳри солиқлари, маҳкумларнинг қулоқ ва бурунларини кесиш жазолари Жаҳонгир замонида бекор қилинган.
Ҳиндистон тарихида янги-янги саҳифалар очиб, Бобурийлар солномасига ўз дастхатини битган Жаҳонгиршоҳ 1627 йилнинг октябрида оламдан ўтди ва 1628 йил бошида Шоҳжаҳон ота тахтига ўтирди. Тарихий адолат юзасидан айтиш зарурки, бунга қадар бир неча даъвогар, жумладан, Шаҳриёр ва Доварбахш ўз бошидан айрилди.
Бобурийлар дарбори Шоҳжаҳон замонигача бунчалар ҳашаматни ҳам, бунёдкорликни ҳам кўрган эмасди. Ҳиндистон подшоҳлари силсиласида армияси мукаммал ва кўп сонли Бобурзодалардан бири ҳам Шоҳжаҳон эди. Лекин унинг салтанат суриши енгил-елпи кўчгани йўқ: аввало, бобоси ва отасининг қиличи остида бўйин эгиб, эндиликда саркашлик йўлини тутаётган маҳаллий рожаларни бўйсундиришни уддалади. Чунончи, Декан қайта фатҳ этилгач, ҳокимликка ўғли Аврангзебни қўйди. Шунинг устига Португалия интервенцияси тағин хуружга келди. Айниқса, Бенгалияга мустаҳкам ўрнашиб олган португаллар Шоҳжаҳоннинг фуқароларига жабр-зулмни ҳаддан ошириб юборишганди. Масалан, ҳалигача ҳеч замонда кўрилмаган тамаки солиғини ўшалар жорий этишди, ҳиндулар ва мусулмонларни мажбуран чўқинтириш, масжид ва ибодатхоналарни таҳқирлаш, шаҳар-қишлоқларга талончилик уюштириш, қўлга олинганларни Европа қул бозорларида сотиш… Бу бедодликларга мазлум халқ ҳам, Ҳиндистон подшоҳи ҳам ортиқ тоқат қилолмасди. Унинг қўшини Хугли шаҳрини португаллардан озод қилиб, тўрт минг душманни асир олди. Асирлар Аграга олиб келинди ва Шоҳжаҳон зўравонлик билан насронийликни тиқиштираётган португалияликлардан уларнинг ўз усули билан ўч олди:
– Ё ҳамманг исломни қабул қиласан, ё ҳамманг қатл этиласан!..
Тарих асрлар бўйи шоҳидки, Бобур авлодлари фақат фотиҳ ва саркарда эмас, ислоҳотчи, яратувчи ва меъмор бўлиб ўтишди. Хусусан, Ҳиндистоннинг шимоли ва ҳозирги Покистонда улар тиклаган обидаларнинг саноғи йўқ. Масжидлар, мадрасалар, қалъалар, шаҳарлар, анҳорлар… Лоақал Қизил Қалъа – Лаъл Қалъа ва Тожмаҳал мақбарасини эслайлик: бу мўъжизавий иншоотлар ҳақида китоблар ёзилган, иккови Ҳиндистоннинг фахригина бўлмай, миллий рамзига айланиб кетган.
Воқеаларни илдамлатиб, 1947 йилга келамиз ва Ҳиндистон истиқ­лолининг илк кунига назар соламиз. Буюк Британия қироллик ҳукуматида Ҳиндистонни иккига бўлиш ва икковига доминион ҳуқуқини бериш ҳақидаги декларация (1947 йил 3 июнь) имзолангач ҳам, Лондонда баҳслар давом этаверди. Ниҳоят, августнинг илк кунларида парламент мазкур ҳужжатни тасдиқлади ва у “Маунтбэттен режаси” номини олди. (Чунки, уни амалга ошириш Ҳиндистон вице-қироли Л. Маунтбэттен зиммасига юклатилганди.) Янги қонун 15 августдан кучга кирди ва Жавоҳарлаъл Неру худди ўша куни Лаъл Қалъада Ҳиндистон миллий байроғини кўтарди. Бу кошона Шоҳжаҳондан ёдгорлик эди ва Ҳиндистон мустақиллиги айнан Акбаршоҳ бошлаган ва уч ярим аср давом этган тарихий курашнинг адолатли хотимаси бўлганди…
Соҳибқирони Соний – Шоҳжаҳон қартайиб борарди, 64 ёшида (1656) унга оғир дард ёпишиб, анча вақт тўшакка михланиб қолди. Соппа-соғ падарига қарши қўшин тортишдан уялмайдиган шаҳзодаларга мўйсафид отанинг хасталиги айни муддао эдики, Темур авлодидаги касал (Ойбек таърифи) Соҳибқирони Соний саройида “қайтавуллади”. Аврангзебнинг тож-тахти оға-инилари қонига беланди. Аврангзеб Оламгир 1658 йили Ҳиндистон тожини кийди ва Шоҳжаҳондай қиблагоҳини зиндонбанд этди…
Ярим аср ҳукмронлик қилган Аврангзеб шахси ўта мураккаб: уни кўкларга кўтармоқ учун истаганча фазилат топса бўлади, айни чоғда қусур ва иллатлари ҳам бор. Аврангзеб даврида Бобурийлар салтанати шу даражада кенгайдики, унгача ва ундан кейин ҳеч бир Ҳиндистон подшоҳи бунчалар йирик ҳудудни қаламравига олган эмас. Қандаҳордан ташқари афғон ерлари, ҳозирги Покистон ва Бангладеш, шимолда Кашмирдан то жанубий Ҳиндистондаги Пеннар ва Тунгабхарда дарёси ёқаларигача – ҳаммаси Аврангзеб Оламгир қўлида эди. Армиясидаги суворий аскарлар сони 170 мингдан ошиб кетганди. Табиийки, Аврангзеб бунга темир интизом, қаттиққўллик ва бақувват хазина билан эришганди.
У 1707 йили бир кам тўқсон ёшда бўлиб, ҳамон қилич қўлида, арғумоқ остида: навбатдаги ҳарбий юришни якунлаб, Бурҳонпурга қайтарди. (Аврангзеб пойтахтни бу шаҳарга 1681 йилда кўчирган.) Йўлда мўйсафид подшоҳнинг тоби қочди, бир амаллаб Аҳмаднагарга етказдилар, лекин кун-соати битган экан…
Аммо, Зебуннисо Бегимнинг (1639–1702) бокира исми эсланмас экан, нафақат Аврангзеб Оламгирнинг, балки бутун Бобурийлар сулоласининг тарихи кемтик бўлиб қолади. Шоиранинг онаси Дилрасбону бўлиб, Бобурнинг қизи Гулбадан Бегим унинг катта момосидир. Аврангзеб ундаги ноёб истеъдодни пайқаб, Мулло Муҳаммад Ашраф Исфахонийни мураббий қилиб тайинлаган. Шунингдек, у Ҳафиза Марям Бону ва Мулло Жавондан ҳам таълим олган. “Ўзбек шоиралари” асарида Тўхтасин Жалолов ёзади:
– Зебуннисо Бегимнинг ҳаёт йўли романтик бир қиссадир. Ҳусну латофат ва фазлу малоҳатда беназир маликага муносиб умр йўлдоши насиб этмаган. Бегимдан сўрабдилар:
– Оила қурсангиз бўлмасмикан?
Жавоб:
– Менинг эрим ҳам, бахтим ҳам, ҳатто жаннатим ҳам китобдир!
Зебуннисонинг Оқилхон Розий деган йигитга муҳаббат қўйгани ҳақида ривоят бор, лекин ошиқни ёшлигидаёқ ўлдириб юборишган…
…Малика Зебуннисонинг мунгли ва давомли қиссасини мухтасар қилиб, Бобурий подшоҳларнинг кейинги тарихига қайта қоламиз. Аврангзеб Оламгирдан сўнг сулоланинг зафарли юришлари аввалгидай давом этгани йўқ. Таассуфки, Бобурийлар саройида тож-тахт талашуви ниҳоятда авжига чиқди, ҳамжиҳатлик чекинди. Бобуршоҳ вафотидан сўнг 177 йил (1530–1707) давомида бешта подшоҳ ўтди: Ҳумоюн (1530–1556), Акбар (1556–1605), Жаҳонгир (1605–1627), Шоҳжаҳон (1627–1658), Аврангзеб (1658–1707). Улар жуда катта ҳудудни бирлаштириб, давлат бошқарувини мукаммал ҳолга келтиргандилар. Ана ундан кейинги бир ярим аср (1707–1858) ичида Бобурдан мерос табаррук тахтга соҳибу даъвогарлар сон-саноқсиз. Ҳиндистонга неча кун, неча ой подшоҳлик қилганлар бўлди, эсизки, қанчалаб Бобурзодаларнинг боши кесилди. Европаликлар тажовузи ҳам улуғ империяни емирувчи асосий омилга айланиб, инқирозни жадаллатди…
Ост-Индия компанияси Бобурийлар империясининг, умуман, Ҳиндистон мустақиллигининг кушандаси бўлганди. Компания аввалбошда савдо ташкилоти мақомидаги хусусий муассаса бўлиб, бора-бора ҳарбий-сиёсий ва маъмурий аппаратга айланди, Ҳиндистондаги монополистик фаолияти икки ярим асрдан ортиқ (1600–1858) давом этди. Анг­лия парламенти қабул қилган қатор меъёрий ҳужжатларда (1773, 1784, 1813, 1833, 1853) Ост-Индиянинг ваколатлари белгилаб берилган. Компания 1858 йили тугатилиб, пайчиларга (3 миллион фунт-стерлинг) улуш тўланди. Энди Ҳиндистонни бошқариш Лондондаги алоҳида вазирнинг ва Калькуттадаги (кейинчалик Деҳлидаги) вице-қиролининг ваколатига ўтди…
1773 йилдаги низомга биноан Англия парламенти генерал-губернаторни ва унинг тўрт маслаҳатчисини тайинлайдиган бўлди. Уоррен Хейстингс (1732–1818) Ҳиндистоннинг биринчи генерал-губернатори эди. У 1750 йилдан буён Ост-Индия хизматида бўлиб, 11 йил Калькутта ва Мадрасда колониал кенгаш аъзолигига, 1772 йили Бенгалия губернаторлигига тайинланди ва сўнгроқ мамлакат генерал-губернатори сифатида 11 йил ишлади. Хейстингс Ҳиндистондаги узоқ фаолияти давомида икки марта судланди ва ҳар иккисида ҳам сувдан қуруқ чиқди.
Хейстингс (Бенгалия губернатори бўлган чоғи) Шоҳоламнинг нафақасини батамом тўхтатди, устига-устак Ҳиндистон подшоҳи измидаги Кора билан Аллоҳободни Аудҳ рожасига 50 лакка (беш миллион рупия) сотиб юборди. Орадан ўттиз йил ўтиб, инглиз колониал маъмурияти янгилангачгина, Шоҳолам уларнинг эсига тушиб қолди: пенсиясини тиклаб, гўё Деҳли тахтини ҳам қайтариб бердилар. Бироқ кўзларига Амирхон Рохилл мил торттирган сўқир ва кекса подшоҳнинг ҳукми Қизил Қалъадан ташқарида ўтмасди. Кейинроқ, Акбар Иккинчи (1806–1837) даврида Деҳли ҳам батамом англиялик генерал-губернатор ихтиёрига ўтиб кетди. Сўнгги Бобурий подшоҳ Баҳодиршоҳ Иккинчи қўлида фақат ўша Лаъл Қалъа қолганди (бу ҳақда бобнинг ниҳоясида тўхталамиз.)
Алқисса, Бобур подшоҳ бунёд этган империя хомталаш қилинаверди: маҳаллий рожаларга, Эрон подшоҳи ва афғон қабилаларига, инглиз ва французларга, португал ва голландларга – ҳаммасига Ҳиндистондан мойли ўлжа керак. Уларга қарши майдондорлик қила олувчи Акбаршоҳдай, Аврангзеб Оламгирдай подшоҳлар қани?..
Билъакс, Аврангзебнинг эвараси Фаррух Сияр 1717 йилиёқ қирққа яқин шаҳар-қишлоқни Ост-Индияга хатлаб берган. Махсус фармон имзолаб, инглиз товарларини божхона чиқимидан озод қилдики, ўз хазинаси нақд 3 миллион рупия йиллик даромаддан маҳрум бўлди. Аврангзебнинг учинчи ўғли Азимушшаън эса Хугли дарёсининг чап соҳилидан Ост-Индияга ер ажратиб, бепул бериб юборган. Инглизлар бу жойга Уильям фортини қурди…
Марказлашган Ҳиндистонга асос солган Бобурийларнинг давлат бошқаруви халқчил бўлиб, давр синовидан ўтган эди. Энг муҳим жиҳати шуки, мамлакат бойликларини Бобур авлодлари ҳеч қаёққа ташиб-ташмалаган эмас. Акбар замониданоқ ҳинду-мусулмон диний жиҳатдан тенг тутиларди. (Аврангзебгина бундан мустасно.) Қолаверса, Ҳиндистон подшоҳлари табиий офат бўлса, ёки нарх-наво кескин тушиб кетса, солиқларни камайтиришар ё заминдорларга давлат хазинасидан кўмак берар эди.
Англиялик мустамлака маъмурларининг сиёсати эса мутлақо бўлакча: қатъий миқдордаги тўлов албатта ундирилади, ҳеч қачон, ҳеч кимга имтиёз йўқ. Алалхусус, деҳқонни иқтисодий асоратга солувчи райятвари ва мавзавар усуллари ҳатто йирик феодалларга ҳам малол келарди. Негаки, бу асрлар давомида Бобурийлар такомиллаштирган ер-сув эгалиги тизимига зид эди.
Саноат ва ҳунармандчиликдаги шароитлар ҳам оғирлашди. Биргина мисол: илгари Ҳиндистон газмолларини оладиган инглиз тужжорлари кейин фақат ипга харидор бўлиб қолдилар. Натижада, ҳинд тўқимачилиги, алалхусус, Банорас (Варанаси) ҳарир матолари касодга учради. Инглизлар Калькутта кемасозлигига ҳам халақит бера бошладилар. Мухтасар айтганда, асоратга солинган Ҳиндистон халқи чекаётган азоб-уқубатлар адоқсиз…
Колониал ҳокимиятнинг халққа қарши курашида асосий куч сипоҳийлар армияси эди. Бу инглиз-ҳинд қўшини 1830 йили 223,5 минг кишига етди. Дастлаб шахсий таркиб 1:6 нисбатида, яъни бир англиялик ва олти ҳиндистонлик тартибида тузиларди. Кейинчалик (1861–1864 йилдаги ҳарбий ислоҳотдан сўнг) 1:2 ва 1:3 нисбати ўрнатилди.
Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги қуролли кучлари халқ қўзғолони арафасида 270 мингдан ошди: қирқ минги англиялик, 230 мингдан зиёдроғи сипоҳийлар. Улар уч округга бўлиниб (Бенгалия, Бомбей, Мад­рас), ҳарбий-стратегик, жанговар-техник жиҳатдан Бенгалия армияси мустамлака раҳбариятининг бош таянчи эди, у сони бўйича ҳам (128 минг) устун турарди. Маҳаллий аскарларнинг ойлик маоши 7000 рупия бўлиб, у турмуш кечиришга бемалол етса-да, сипоҳийлар сафидаги оз сонли ҳинд ва мусулмон зобитларининг энг “юксак” унвони фақат субадор (капитан) ноил эди, погонига бундан ортиқ нишон берилмасди.
Ана шунда Ҳиндистон халқ қўзғолони (инглизлар сипоҳийлар исёни деб ёзишади) бошланди. Унинг маркази Панжоб ва Бенгалия орасида бўлиб, қўзғолоннинг қуролли ўзагини ҳиндистонлик аскарлар ташкил этарди.
Мератҳ шаҳридаги ҳарбий база англияликлар учун ўта стратегик аҳамиятли ҳисобланиб, халқ қўзғолонига айнан шу ерда “гугурт чақилди”. 1857 йил 10 май куни Бенгалия пиёда сипоҳийлари таркибидаги 11, 20-полклар ва 3-енгил суворийлар полки бош кўтарди. Исёнчилар британиялик зобитлар қаршилигига парво қилмадилар, аксинча, уларга қарата ўт очдилар. Европаликлар амридан бўйин товлаганлар даставвал ҳеч қанча эмасди: 85 киши, холос. Қўмондонлик ўз вақтида эҳтиёт чорасини кўрмагани ва муроса йўлини тутмагани туфайли норозилик қуролли можарога айланиб кетди. Сипоҳийлар қамоқхоналардаги мингга яқин бегуноҳ маҳбусни озод этишди.
Қўзғолон учун вазият етилган бўлса-да, баҳона топилмай турганди. Ўша баҳонани инглизларнинг ўзлари топиб берди. Лондондан келтирилган замонавий “Энфилд” милтиқларининг қувури ва ўқининг қоғоз қобиғи ҳайвон ёғи билан мойланарди. Муаммо бунинг учун қўлланадиган чўчқа ва мол ёғидан чиқади: мусулмонларга – чўчқа ҳаром, ҳиндлар учун – сигир муқаддас. Маҳаллий аскарларнинг вакиллари буни тушунтирмоқчи бўлсалар, европалик командирлар ҳарбий интизомни маҳкам тутиб, ён беришмасди.
Инглизлар кейин тушунгандай ҳам бўлишди, лекин ғишт қолипдан кўчиб, энди қўзғолончилар Бобурий подшоҳ саройи сари кетиб борарди. Уларга йўл-йўлакай ҳинду мусулмонлар ва Деҳлидаги қуролдошлари ҳам қўшилдилар. Қўзғолончилар минбаъд мустамлакачиларга бўйсун­масликлари ва Ҳиндистонда Бобурийлар салтанати тикланганини эълон қилишди. Сипоҳийлар ва мулкдорларнинг вакиллари Қизил Қалъага кириб, Баҳодиршоҳ Зафарга арзларини етказишди. Йигирма йилдан бери номига Ҳиндистон подшоҳи бўлса-да, инглизлар пенсияси билан кун кечирувчи ва амру фармони девор ортида бировга ўтмайдиган Сирожиддин Абулмузаффар Муҳаммад Баҳодиршоҳ шундай кунни орзиқиб кутган эмасмиди? У Ҳиндистонни озод қилиш ҳақидаги қўзғолончилар даъватномасига имзо қўйди, муҳрини босди. Асосий кучлар уч шаҳарда (Деҳли, Конпур, Лакҳнав) жамланганди. Деҳлида ҳокимият ягона бўлмаса-да, олий ҳокимият Баҳодиршоҳ қўлида эди, фақат шаҳар сипоҳийлари қўмондонлигини Бахтхон ўз зиммасига олди. Шиддат шунчаларки, ватанпарварлар икки ҳафтадаёқ Шимолий Ҳиндистонни тўлиқ эгаллашди. Аммо икки ярим йилда бари барбод бўлди.
Ҳам форс, ҳам урду тилларида ижод этган Баҳодиршоҳ Иккинчи Зафар (гоҳо Абу Зафар) тахаллусини қўлларди. Мирзо Ғолиб унинг қатор ғазалларига мухаммас боғлаган. Ана шундай мухаммаслардан бири ватанжудоликда кўз юмган подшоҳнинг вафотига ўзига хос марсия бўлиб, унинг муқаддимаси айниқса эзгиндир:

Ярим қолди оёғингга ишқалангач кишан-занжир,
Энди йўқсан, ярим битган сағонангга керак таъмир,
Намозинг ҳам ярим қолди, ярим-ёрти дуо-такбир,
Токи маҳшар йиғлаб яшар қиндан ярим чиққан шамшир,
Ярим жонинг қолиб бунда, ярим жонинг олди тақдир…

Мустамлакачилар қўзғолончилардан беармон ўч олиб, энг шафқатсиз усулларни қўллашди. Халқ ҳаракатининг етакчиларини замбаракнинг оғзига боғлаб отдилар. Баҳодиршоҳнинг асирликдаги икки ўғли ва бир набираси қатл этилди. Майор Уильям Ходсон учовининг ҳам қонли калласини подшоҳга (наврўз туҳфаси қилиб) жўнатган экан.
– Аллоҳимга шукурки, – дейди оппоқ соқолидан дувиллаб ёш оқаётган Баҳодиршоҳ, – Темурий шаҳзодалар ҳамиша оталаридан бурун, Маҳшар сари йўлга тушардилар, мана, менинг жигаргўшаларим ҳам шу удумга содиқ қолдилар…
Ҳинд халқ қўзғолонидан британияликлар хулосаси: Бобурий подшоҳ мункиллаб қолган бўлса-да, омманинг бошини қовуштирди ва олға етаклади. Демак, сулолага ва унинг салтанатига узил-кесил барҳам бериш зарур, Баҳодиршоҳни Ҳиндистондан олислатиб, босган ҳар бир қадамини кузатмоқ лозим. Мустамлака маъмуриятига сургун манзили сифатида Рангун жуда боп кўринди. Трибунал ҳукми билан 1858 йилда Баҳодиршоҳ Бирмага қувилди, инглиз ҳарбий кемаси сўнгги Бобурий подшоҳни Рангунга олиб бориб ташлади.
Тахту бахти тортиб олинган, энг сўнгги курашда зафар насиб этмаган Баҳодиршоҳ Зафарнинг ёнида маликайи олия Зийнат Маҳал Бегим ва икки ўғли бирга эди: 17 яшар Мирзо Жавон Бахт (хотини 15 ёшли малика Шоҳ Замони Бегим билан) ва 13 яшар шаҳзода Мирзо Шоҳ Аббос. Улар муттасил капитан Нельсон Дэвис кузатувида: ана шу нозирнинг қарорига биноан подшоҳ оиласига ҳар бири каталакдай тўртта хона ажратилиб, ҳиндлардан тўрт хизматкор тайинланди. Тартиб-қоиданинг қамоқхонадан фарқи йўқ, шунчаликки, маҳкумларга қалам, сиёҳ, қоғоз бериш мумкин эмас, ташқи дунё билан алоқа тақиқланади. Ваҳолонки, Зафар (Абу Зафар) улуғ шоир эди, тасаввуф илмидан теран билим эгаси ва қилқалам хаттот эканини ҳамма тан оларди. Қизил Қалъадаги шеърий-мусиқий анжуманларнинг, ҳиндий, форсий ва урду тилларида кечадиган мушоираларнинг донғи довон ошганди. Ахир, шундай кишига қоғоз-қалам зарур эмасми?!
Рангундаги зулм остида подшоҳзодаларнинг, аввало, тўқсонни қоралаётган подшоҳнинг саломатлиги ёмонлашаверди. Ёшгина малика Шоҳ Замони Бегимнинг аҳволи оғирлашиб, ахийри, иккала кўзи кўрмай қолганди.
Инглиз маъмурларининг бир хуфияномасида 87 ёшли чол ниҳоятда мункиллаб, ҳолдан тойиб бўлгани битилган. 1862 йил октябрь ойининг сўнгги кунларида у тўшакка михланиб қолгач, капитан Дэвис: “бу ёққа қараши даргумон”, деб ёзади. Қўл-оёғи ҳаракатсиз подшоҳни қошиқда овқатлантиришарди, лекин шунда ҳам қийинчилик билан юта оларди. Олтинчи ноябрь куни Баҳодиршоҳнинг томоғидан таом ўтмай қолди ва нозир-капитаннинг буйруғи билан подшоҳ ётган уйнинг ёнидан қабр кавланиб, ғишт ва оҳаккача ҳозирлаб қўйилди.
Эртасига (1862 йил 7 ноябрь) Ҳиндистоннинг сўнгги императори оламдан ўтди. Унинг жанозасида икки ўғли ва сургунда кулфатдош мулозимлар бўлишди, холос. Англияликлар Баҳодиршоҳнинг вафотини сир тутдилар, Рангун аҳли ҳам ундан неча кунлар ўтгачгина хабар топди.
Мустамлакачилар 1867 йили Бобурийларга “шафқат қилиб”, оз-моз енгилликлар беришди. Уларга Рангун ҳудудидан чиқмаган ҳолда, шаҳарнинг бошқа ерларида яшашга рухсат тегди. Шаҳзода Жавон Бахт рафиқаси билан бўлак хонадонга кўчиб ўтди. Марҳум подшоҳнинг беваси маликайи олия Зийнат Маҳал Бегим эридан сўнг 20 йил яшади. У вафот этганида (1882) Баҳодиршоҳнинг қабрини топа олмадилар. Мўъжаз ҳовлидаги бир дарахтни мўлжал қилиб, подшоҳнинг шу ерга кўмилгани тусмолланди-да, марҳумани эрининг ёнига дафн этишди. Икки йилдан сўнг қирқ икки ёшга ҳам тўлмаган шаҳзода Жавон Бахт оламдан ўтди. Уни ҳам ўша жойга қўйдилар. Равнақ Замони Бегим (Баҳодиршоҳнинг набираси) бу ҳовлидаги охирги қабрдан мангу қўним топди. Шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, сургундаги Бобурзодалардан Мирзо Шоҳ Аббосгина узоқроқ яшади. У Рангунда маҳаллий мусулмон тужжорнинг қизига уйланиб, 65 ёшида қазо қилди…
Бир гуруҳ ҳиндистонликлар 1903 йили Баҳодиршоҳнинг қабрини зиёрат қилиш учун Рангунга боришади. Бироқ орадан қарийб ярим аср ўтганди, нафақат подшоҳ, ҳатто Зийнат Маҳал Бегим ва шаҳзодаю маликалар ётган жойни ҳам ҳеч ким аниқ кўрсатиб беролмади. Майдон четидаги дарахтнинг ён-верида экани айтиларди, холос.
Ана шу фожиа бирмалик мусулмонлар жамоасининг кўзини очади. Улар ҳиндистонлик диндошлари олдида изза тортиб, Буюк Британиянинг маҳаллий маъмуриятига ёзма равишда мурожаат қиладилар:
“Майли, Баҳодиршоҳ ҳукмдор ва тарихий сиймо сифатида ҳеч ким бўлмасин, лекин Аллоҳ яратган ҳар бир банданинг хотираси эъзозга лойиқ-ку!”
Улар Ҳиндистоннинг сўнгги императорига ёдгорлик тиклаш учун ер ажратишни сўрашди. Бироқ инглизлар бу ҳақли талабни рад қилдилар, натижада бирмалик мусулмонлар орасида норозилик бошланди ва тобора авж олаверди. Вазият мураккаблашгач, колониал ҳокимият муроса йўлини тутишга мажбур бўлди: мармар лавҳага ижозат этилди. Лекин ёзиладиган жумлани ўзлари белгилашди: Ҳиндистоннинг собиқ подшоҳи Баҳодиршоҳ 1862 йил 7 ноябрь куни Рангунда вафот этди ва мазкур ҳудудга дафн қилинди. Кейинчалик Зийнат Маҳал Бегим учун ҳам ёзувли тоштахта қўйилди. Бора-бора Бобурийларнинг мангу оромгоҳида мақбара қад ростлади, Баҳодиршоҳнинг ўғли Мирзо Жавон Бахт, набираси Равнақ Замони Бегим ва бошқаларнинг номлари ҳам мармарга битилди. Мақбаранинг ўнг ва чап ёнига икки масжид қурилди: бири – эркаклар, бошқаси – аёллар учун.
Ниҳоят, йигирманчи аср охирлади: Рангун ерости захоба шаҳобчасини тозалаш чоғи ғиштин қабр топилди. Узунлиги 2,75, эни 1,85 ва баландлиги 2,15 метр ўлчамидаги бу қурилма бир метр чуқурликда бўлиб, Баҳодиршоҳнинг қабри эди. Мақбаранинг олд томонига зал ва марҳум подшоҳ зиёратига тушиш учун пиллапоялар қурилди. Ҳиндистон ҳукуматининг фаол иштирокида бунёдга келган янги мажмуа 1994 йил 5 декабрь куни тантанали маросим ва қорилар тиловати билан очилди. Унда Мьянма (Бирма) ҳарбий ҳукуматининг дин ишлари бўйича вазири Мьо Ньюн, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа жойларда яшаётган бобурийлар, ислом жамоаларининг вакиллари қатнашдилар. Ана шу куни янгиланган мақбара қадамжо бўлиб қолажаги расман эълон қилинди. Девордаги арабий битиклардан биридаги мазмунга кўра, Баҳодиршоҳ ашъорлари билангина эмас, аввало, пойдор иродаси, собирлиги, марҳамати, ҳалимлиги ва охиратни чуқур ҳис этолгани учун тасаввуф алломаларидан бири сифатида Бирма мусулмонларига ҳамиша азизу мукаррамдир…
Деҳлидаги Mughal Trust (яна мўғул!) жамғармаси нуфузли ва бообрў ташкилотлардан бўлиб, исломий алломалар ва бизнес эгалари томонидан таъсис этилган. Жамғарманинг кенг кўламли дастур ва мақсадлари таҳсинга лойиқ: 16-19-асрларда Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган улуғ сулоланинг фаолиятини ўрганиш, подшоҳларнинг бугунги авлодларини қидириб топиш, Баҳодиршоҳ Зафарнинг қабрини ота-боболари ватани, яъни Ҳиндистонга кўчириш, умуман, Бобурийлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни бор бўй-басти билан тиклаш… Ҳозиргача жамғарма олимларининг саъй-ҳаракати билан сулоланинг 270 дан ортиқ вакили аниқланган.
Баҳодиршоҳ никоҳидаги маликаларнинг яна иккиси маълум: Роҳат Маҳал Бегим (Абдулло Мирзо билан Абубакр Мирзонинг онаси) ва Ишрат Маҳал Бегим – Мирзо Қуёшнинг волидаси. Ана шу Мирзо Қуёшдан Мирзо Ғафурнинг отаси, Лайло Уммахонимнинг бобоси Мирзо Абдулло туғилган.
Лайло Уммахоним – бизга замондош, “Ҳиндистонда Бобурийлар оиласи” (Ҳайдаробод) жамиятининг раисаси, Бобурзодалардан тўрт ўғил – Зиёвиддин, Масиҳуддин, Орифиддин (1986 йили Машҳадда ҳалок бўлган) ва Шажоуддиннинг онаси.
Бобурнинг бизга замондош авлодларидан опа-сингил икки хонимни эслаб ўтишга бурчлимиз. Тоҳира Султонбегим Лондон шаҳрида яшайди. Бу иқтидорли шоиранинг урду тилидаги шеърий тўплами Зокиржон Машрабов томонидан Андижонга олиб келинган. Китобни З.Машрабов бошлиқ экспедиция Ҳиндистонда бўлган чоғи шоиранинг Деҳлида истиқомат қилувчи синглиси Покиза Султонбегим ҳадя этади. Бу опа-сингил Баҳодиршоҳ Зафарнинг чевараси бўлишади – оналари Қамаржаҳон Зебуннисобегим Баҳодиршоҳнинг эвараси экан.
Маълумки, Буюк Британия қироличаси Елизавета Иккинчи Ҳиндис­тонга уч марта (1961, 1983, 1997) ташриф буюрган. У илк ташрифи чоғи эри шаҳзода Филипп билан Бомбай, Ченнаи, Калькутта шаҳарларида бўлган ва мамлакатнинг ифтихори ва рамзи бўлган Тож Маҳални зиёрат қилган. Қиролича ҳазрати олиялари ўшанда бугунги Бобурийлар ҳақида хабар топади-да, Қамаржаҳон Зебуннисобегимни тантанали қабул маросимига таклиф қилади. Бу ҳам шарофатли авлод учун тарихий воқеа эди, албатта.
Хонадон аҳли Ҳиндистон ҳукумати томонидан йўқлаб турилади. Дарвоқе, икки буюк арбоб – Жавоҳарлаъл Неру ва Индира Ганди ҳам бу хонадонга қадам ранжида қилишган…
Эндиликда подшоҳ Баҳодиршоҳ Иккинчи ҳазрати олийларининг Рангундаги турбати сари Ҳиндистон ва Покистонлик зиёратчиларнинг қадами узилмайди, бу икки давлатнинг арбоблари ҳам бориб туришади.
Бобурийларсиз Ҳиндистон тарихини хаёл этиб бўлмагани каби, Ҳиндистон жуғрофияси ҳам Бобурий топонимларсиз тасаввурга сиғмайди. Аввалидан бошласак, Харьяна штатидаги Бобурпур шаҳарчаси: у саркарда бобомизнинг Иброҳим Лўдий устидан қозонган беназир ғалабасини беш асрдан бери ҳам эслатиб, ҳам олқишлаб турибди. Нафсиламрини айтганда, ярим оролнинг қай ҳудудида бу умрбоқий сулоланинг изи йўқ?
Деҳлидаги доимо гавжум, сайёҳлар ташрифи тинмайдиган ва маҳобатли обидалар асосан 16-18-асрларда бунёд этилган: Лаъл Қалъа (Қизил Қалъа), машҳур Жоме масжиди, Пурона Қалъа, Ҳумоюншоҳ мақбараси… Бугина эмас, уч даҳадан иборат шаҳарнинг шимоли-шарқий мавзеси – Эски Деҳлини ҳиндлар Шоҳжаҳонобод аташади. Негаки, у (1648) пойтахт­ни Деҳлига кўчириб, мислсиз қурилиш ва ободонлаштириш ишларини юзага чиқарган. Шунингдек, Уттар-Прадеш штатида ҳам Шоҳжаҳонпур шаҳри бор, Жаҳонобод эса Патнадан 80 километр жануброқда.
Таниқли урду шоири Назир Акбарободий (1740–1830) Акбаршоҳ каби диний бағрикенглик ва тенглик куйчиси бўлиб, худди ўша Акбарободда таваллуд топган. Аврангобод деган жой эса бир эмас, иккита: биринчиси – Махараштра штатида, бошқаси – Бихарда. Махараштрада қачонлардир соҳиби тахт бўлган Фотиҳхон шаҳарни Фотиҳнагар деб аташни буюрганди, 17-асрнинг охиридан Аврангобод номини олган. Декан адабий муҳитида алоҳида ўрин тутувчи ва урдузабон шеъриятининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшган Вали Аврангободий шу шаҳарда туғилган. Аврангободда 17-18-асрларда қурилган қувурли сув тармоғи Бобурийлар даври муҳандислик санъатининг ноёб обидаси бўлиб, шуниси ажабки, у ҳозир ҳам шаҳар аҳлининг корига ярамоқда. Қувурнинг даҳана бошидаги сув тиндиргичда (уни “осма ҳовуз” дейишади) тилла балиқлар тинимсиз ўйноқлайди. Ривоятга кўра, уларни Аврангзеб Оламгир ўз қўли билан кўпайтирган экан, шу боис, бу жониворларни табаррук деб биладилар, уларга ҳеч ким озор бермайди.
Кези келганида бир тарихий ҳақиқатни ҳам эслаш жоиз: ёрининг ёдига маҳобатли ёдгорлик бахшида этган Аврангзеб Оламгир ўзи дунёдан ўтгач, дабдаба қилмасликни буюрган экан. Дарҳақиқат, шон-шавкати беқиёс бу шоҳнинг Хулдободдаги қабртоши зеб-зийнатдан холи, битик­лари одмигина:
“Ҳувал ҳаййул қаййум. Абулмузаффар Муҳиййиддин Муҳаммад Аврангзеб Баҳодир Оламгир Подшоҳи Ғозийи жаннатмакон. Таваллуд – санайи 1027, жулус – санайи 1068, вафот – санайи 1118”.
Бир пайтлар Патна шаҳри Азимобод аталган. Бунинг сабабкори Аврангзебнинг ўғли шаҳзода Азимушшаън эди… Хуллас, Ҳиндистонда (Покистон, Бангладеш, Афғонистонда ҳам) Бобур ва унинг авлодлари исми билан аталувчи жой номлари, шаҳар-қишлоқлар, кўчалар, майдонлар беадад.
Ҳиндистон яриморолида Бобурийлар номини абадийлаштириш ҳақида ҳукуматнинг расмий ҳужжати бор-йўқлиги хусусида муайян гап айтиш қийин. Лекин Бобурий подшоҳлар ҳинд ва урду адабиётининг (фольклорнинг ҳам) етакчи персонажларига айланиб кетишган. Нобель мукофотининг Осиёдаги биринчи лауреати Робиндранат Тҳокурнинг қатор асарлари, жумладан, “Шоҳжаҳон” балладаси, “Тожмаҳал” шеъри ана шу мавзуда:
Амри вожиб шоҳсан, Шоҳжаҳон ҳазрат,
Валекин қисматинг кўз ёшу ҳасрат.
Гўё бир ҳофиздир оппоқ ул мармар,
Қўшиғи ҳижрондан унсиз минг хабар.
Асрдан-асрга, йиллардан-йилга,
Тарқатар гулвафо бўйин ҳар дилга.
“Мумтозим” деб ўтдинг, ўтдинг Шоҳжаҳон,
Сен учун йиғлайман, йиғлайман гирён.

Р. Тҳокур, “Шоҳжаҳон”.


Бир финжон қаҳва учун лоақал чақаси бўлмаган, юпун уст-бошининг чўнтакларида шамол ўйнайдиган корсикалик йигитчанинг французларга император бўлиб қолиши… У давлат ғазнасидан оладиган йиллик маош нақд 25 миллион франк! Бу, албатта, ҳасадгўйга ёки ҳақиқатгўйларга ёқмасди…
Унинг отаси, онаси, бобосию бобокалонлари оддий кишилар. Наполеон Италияда жуда кенг тарқалган исм, Бонапарт эса 16-асрдан кейинги ёзма манбаларда гоҳо учраб туради. Карло Буонапарте ва Летиция Рамолини оиласида улғайган Бонапартзодалар бир этак эди. Улар улуғ оғалари шарофати билан тарихий шахсларга айланишди, то ҳануз номлари тилдан тушмайди. (Люсьен Бонапартгина (1775–1840) бу “имтиёз”дан мустасно.) Наполеон акаси Жозеф (1768–1844) бошига аввал Неаполитания (1806–1808), сўнгроқ Испания (1808–1813) тожини кийдириб, қироллик тахтига ўтқизиб қўйганди. Лекин Жозеф Бонапарт унчалик рози бўлмаган, негаки, ўз салтанатига акасини валиаҳд қилса, ҳақи кетмасди, ахир. Император укаси Луига (1778–1846) Голландия қироллигини берди (1806-1810) ва ўгай қизи Гортензия Богарнега уйлантириб қўйди. Кенжатой Жером Бонапарт (1784–1860) акасининг марҳамати билан 1807–1813 йиллари Вестфалияда қирол эди. Тўнғич сингил Элиза ёки Анна-Элиза хоним (1777–1820) бир эмас, уч салтанат маликаси ё буюк герцогиня бўлиб, то 1814 йилга қадар давр сурди. Полина (1780–1825) Италиянинг каттакон бўлагида герцогиня эса-да, жигаридан хафа, негаки, дурустроқ бир одамга узатгани йўқ-да. Королина (1782–1839) – Неаполитания қироли бўлган маршал Иоахим Мюратнинг хотини, егани олдида, емагани ортида. Фақат маршал-куёвнинг ичи чиқмайди, чунки, олампаноҳ қайноғаси Польша тахтини ундан қизғонди…
Яна бир оғирроқ можаро шуки, ҳатто она-император зоти олияларининг дунёни зириллатаётган ўғлидан гинаси бор:
– Қўлида ўшанча давлати туриб, оғзининг ҳовриниям аяйди, Европанинг битта-яримта парчасини бечора Люсьенга “ол” деворса, нимаси кетарди? – деб аразлайди Летиция момо…
Бефарзанд Наполеон биринчи консул (ҳали император эмас) чоғи ўзини юпантирадиган бир чора топди: укаси Луини асранди қизи Гортензияга уйлантиради, никоҳ риштаси Бонапартлар қонини Жозефинанинг наслига туташтиради-да, ёшларнинг тўнғичини ўзи ўғилликка олади, ана – валиаҳд. Тўй 1802 йил аввалида бўлиб ўтди. Гортензия ва Луи уч ўғил кўришди: Наполеон Луи Шарль (1802–1807), Наполеон Луи (1804–1831), Шарль Луи Наполеон (1808–1873, бўлғуси Наполеон Учинчи).
Бироқ ўзи тирик туриб, боласини акага ўғил қилиб бериш укага хуш келмасди. Уни юмшатиш учун Наполеон мол-дунё, орден, унвонлар берди, 1806 йили Голландия тахтига ўтқизди. Аммо қирол Луи Бонапарт бари бир саркашлигини қўймайди, боз устига, хотинини акасидан қизғонади, ахир, бутун Европада зарбулмасал анави миш-мишлар…
Император 1811 йил 20 март куни ўғилли бўлди. Бахтиёр ота (42 ёшда эди) унга Жозеф Франсуа Шарль Бонапарт деб исм қўйди ва Рим қироллигини суюнчи қилди. Шу гўдак буюк Наполеоннинг қонуний ва асл валиаҳди эди. Император оғир кунларга қолиб, икки карра (1814, 1815) тож-тахтидан ўғлининг фойдасига воз кечаркан, шаҳзодани Наполеон Иккинчи деб эълон қилди. Лекин зафар шукуҳидан кўзини мой босган ғолиб иттифоқчилар Бонапартни ҳарбий асир ҳисоблаб, сулолага барҳам беришди. Париждаги қонунчилик органлари 22 июнь куни (1815) французлар императори Наполеон Иккинчи эканига иқрор бўлса-да, Париждаги асосий аркони давлат 7 июлгача шу қарорни тутса-да, эртасига (8 июль) Людовик Ўн саккизинчи пойтахтга тағин кириб келди. Наполеонзода учун энди ҳаммаси барбод бўлди, Бонапартчилар ўз орзу-умидларининг тимсолига айланган йигитни “Бургутча” деб улуғлашарди.
Шаҳзода эса Франция сарҳадларидан олисда – австриялик бобоси Франц Биринчи 1814 йилдаёқ уни Венага олиб кетган. Волидаси Мария-Луиза ҳазрати олиялари Нейперг деган биров билан дон олишиб бўлгач, яна бошқасининг этагини тутди. Бахт қуши бошидан учган император эса аввал Эльбада, сўнгроқ Авлиё Елена оролида илҳақ, у ўғли ва рафиқасини ойлаб-йиллаб кутди.
Венадаги император бува (Наполеоннинг ашаддий душмани) тирик етим набирасини ўкситиб қўймади. Тўрт яшар шаҳзодага тайинлаган мураббий ва муаллимлар Австриянинг машҳур олимлари эди. Болакай эс таний бошлагач, император унга Рейхштадт шаҳрини ҳадя этади ва Шенбрунн қасрини ҳам тасарруфига берди. Бу кошона соҳибига айланган Наполеонзодани энди герцог Рейхштадтский деб аташарди.
Лекин соқчилар посбонлигидаги Шенбруннинг пўлат панжаралари ўта мустаҳкам бўлиб, ҳар бир қадами кузатиладиган шаҳзода учун бемалол турма вазифасини бажара оларди. У улғайгани сайин, айғоқчилар ҳушёрликни ошириб боришди, албатта.
Наполеонзода 1832 йил 22 июлда Венада жувонмарг бўлди. Ёруғ дунёда ёруғлик кун кўрмаган бегуноҳ шаҳзода эндигина 21 ёшга тўлганди…


Заҳириддин Муҳаммад Бобур афсус билан ёзадики, Ҳусайн Бойқародек улуғ подшоҳнинг ўн тўрт ўғлидан ўн бири валадуззино эди. Наполеондай шавкатли император ва саркарданинг жувонмарг “Бургутча”дан ўзга барча зурёдлари ҳам, таассуфки, никоҳсиз таваллуд топишган.
Тарихга Александр Валевский (1810–1868) номи билан кирган француз давлат арбоби ва дипломати Наполеоннинг валадуззино ўғли экани ўқувчига маълум. Император Польшада танишган Мария Валевская (мўйсафид граф Анастас буванинг рафиқаси) дунёга келтирган бу Наполеонзоданинг асл исми – Александр Флориан Колонна эди.
Наполеон Учинчи ўз ҳукмронлиги даврида Бонапартларга қариндош-уруғ бўлган ҳаммани бойлик ва рутбалар билан сийлади, жумладан, А.Валевскийга граф мақомини бериб, ташқи ишлар вазири этиб тайинлади.
Қрим урушида (1853–1856) Россия яккаланди, қамалдаги Севастополда ҳар куни 1000-2000, ҳатто 3000 киши ҳалок бўларди. Икки ярим йил давом этган уруш камида икки юз минг жангчининг (асосан, рус, француз, инглиз, турк) бошини еди. Париж сулҳ шартномаси (1856 йил, март) бу хунрезликка барҳам берди: олти мамлакат иштирокидаги музокараларда Россия бир мунча ютқазган бўлса-да, томонлар келишиб олишди. Бунда Франция делегацияси ва унинг раҳбари граф Валевскийнинг жўяли таклифлари ҳал қилувчи омиллардан бири бўлганди.
Англаб тургандирсиз, ҳикоямиз яна Наполеон Учинчи устига кўчди. У Франция ва Бонапартлар тарихида салмоқли ўрин тутадиган шахс: Наполеон Биринчининг жияни, Луи Бонапарт билан Гортензия Богарне никоҳидан туғилган учинчи ўғил, асл исми Шарль Луи Наполеон (1808–1873).
Шарль Луи Наполеоннинг болалиги 1814 йилгача император амакиси шарофати билан тўкин-сочинликда кечди. Биринчи империя кунпаякун бўлгач, “кўчдинг-ўчдинг” қабилида яшаган. Шунда онаси қўлидаги сердаромад мулк (қиммати – 3 миллион франк) кор келиб, яхши билим олди.
Наполеон Бонапартнинг ўғли герцог Рейхштадтскийнинг вафотидан сўнг (1832) Шарль Луи Наполеон валиаҳд мақомини олди. У биринчи бор Франция тахтини эгаллашга (1836 йил 30 октябрь) уриниб, қўлга тушди ва Америкага сургун қилинди. Онаси Европада оғир хасталигини эшитиб, АҚШдан қочди ва Гортензиянинг ўлимидан (1837 йил 5 октябрь) сўнг Швейцарияда яшаб қолди. Кейин Англияга кўчиб ўтган шаҳзода 1840 йил 6 август куни иккинчи бор давлат тўнтариши қилмоқчи бўлиб, бу гал ҳам иши чаппасидан келди. Натижада, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, Гам қалъасида 6 йил ётди ва қамоқдан қочиб, Англияга кетди.
Февраль инқилоби (1848)дан кейинги ислоҳотлар туфайли у ватанига қайтиш имконига эга бўлди. 1840 йили Наполеон Биринчининг қабри Парижга кўчирилгач, бонапартизм шунчалар бош кўтардики, Наполеон шахсига сиғиниш бошланганга ўхшарди. Бу эса Шарль Луи Наполеоннинг омади эди: 1848 йил, сентябрь ойида таъсис кенгаши депутатлигига, ўша йилнинг охирида (10 декабрь) Франция президентлигига сайланди.
Шундан сўнг бонапартизмга қайтадан жон киргандай бўлди. Президент-шаҳзодага яқиндан кўмак берганлардан бири укаси Шарль Огюст – герцог Морни эди. У 1851 йилдаги давлат тўнтаришида ҳам фаол иштирок этган. Париж конгресси якунлангач, герцог Морнини акаси Россияга элчи қилиб тайинлаган.
Бонапартчилар уюшиб, “Ўнинчи декабрь жамияти” тузилди ва президент-шаҳзода давлат аппаратини ўз тарафдорлари билан бутлашни 1849 йил кузига қадар ниҳоясига етказди. Хуллас, Шарль Луи Наполеон 1851 йил 2 декабрь куни армия ёрдамида давлат тўнтариши қилиб, мухолифларини тамоман маҳв этди, конституция ҳам янгиланди.
Энди президентдан императорга айланиш ва душманлар амакисидан тортиб олган тахтни эгаллаб, бошига тож кийиш қолганди. Давлат тизгини ўз одамлари қўлида, уларнинг кўмаги билан халқнинг фикрини бемалол бошқарса бўлади. Аммо Европа сиёсатини белгиловчи буюк давлатлар-чи, уларнинг ҳукмдорлари не дейди?..
Францияда “Ўнинчи декабрь жамияти” билан ҳамкор ва ҳамфикр “Пуатье қўмитаси” бор эдики, у аксарият кучли ҳокимият тарафдори бўлган монархистлардан ташкил топганди. Президент ана шу қўмита фаолларидан бирини шахсан яхши биларди. У ким десангиз, Жорж Шарль Дантес – барон де Геккерн, яъни улуғ рус шоири А.С.Пушкиннинг дуэлдаги қотили Дантес эди. Наполеон уни хуфёна чақириб, махфий дип­ломатик топшириқ берди. Бу 1852 йил май ойидаги гап: Дантес дарҳол йўлга чиқиб, Австрия, Пруссия, Россия императорлари билан юзма-юз учрашиб, президент-шаҳзоданинг ниятини айтди ва уларнинг муносабатини сўради. Учала ҳукмдор ҳам Францияда империянинг тикланишига хайрихоҳлик билдиришди.
Президент-шаҳзода амакиси 1804 йили қўллаган усулни дадил ишга солди: 1852 йил ноябрда унинг ташаббуси билан умумхалқ референдуми ўтказилди. Аксар французлар мамлакатда империя бошқарувини тиклашни ёқлаб овоз беришди. Ўша йили 2 декабрда (Наполеон Биринчи тахтни эгаллаган кун) Шарль Луи Наполеон-Бонапарт Франция императори деб эълон қилинди ва Наполеон Учинчи номи билан тахтга ўтирди, аммо тантанали тож кийиш маросимини рад этди.
Янги ҳукмдор дарҳол шахсий дастуридаги уч юмуш ижросига қўл урди. Аввало, республика тузумига буткул барҳам бериб, империя бошқарув аппаратини амакисидан қолган андозада тузди. Сўнгра монархия пойдеворининг яратувчилари бўлмиш ўз одамларига саховат эшикларини очди: айниқса, “Ўнинчи декабрь жамияти” ва “Пуатье қўмитаси” фаоллари шоҳона марҳаматлардан мўл-кўл баҳраманд бўлишди. Жумладан, Дантес ҳам сенаторлик лавозими ва Фахрий Легион ордени билан тақдирланди. Олампаноҳнинг учинчи режаси баридан муҳим, император 45 ёшга етган бўлса-да, ҳануз сўққабош эди. Аркони давлат у ёқ-бу ёққа оғиз солиб кўрди, бироқ Европанинг улуғ подшоҳларидан бирортаси уни куёв қилиш ниятида эмасди. Алқисса, Наполеон 1853 йили 30 январь куни уйланди, ўзидан 18 ёш кичкина графиня Тобская – Мария Евгения Августина Игнасия де Монтихо испан гўзали эди…
Наполеон Учинчи ниҳоятда серғайрат, янгиликка ўч ва тезкор киши бўлиб, урушни яхши кўрарди. Унинг пухта ўйланган сиёсати Франция хазинаси ва ҳарбий қудратини юксалтирди, дунёнинг турли бурчагидан келаётган даромадлар ошиб кетди. Франциянинг иккинчи императори мамлакатини кўзга кўрсатиб қўйди, ҳамма ҳузур французларники бўлиб, улар жуда бойиб-битиб кетгандилар. Биржа ўйинларини ўйлаб топишди, буюк халққа Европа неъматлари энди кифоя қилмасди, негаки, Африка ва Осиёнинг, Америка ва олис жаннатий оролларнинг маҳсулига жуда мазахўрак бўлиб қолишган. Наполеон Парижни қайта қуриб ташлади, кўчалар торроқ бўлса-да, пойтахт ҳеч қачон бунчалик обод бўлган эмасди.
Сувайш канали… Британиялик муҳандис Стефенсон, Ҳинд уммони Ўрта ер денгизидан саккиз метр баланд, башарти икки сув туташгудай бўлса, Европа соҳиллари тошқинда қолади, деб ваҳима қиларди. Инсон тафаккури, Фердинанд Лессепснинг саъй ҳаракати ва арабларнинг пешона тери билан бу ғоя рўёбга чиқди. Бунда Наполеон Учинчининг хизмати ҳам озмас, зеро, акцияларнинг 53 фоизи Францияники эди.
Очилиш маросими (1869) мислсиз халқаро тантанага айланиб кетган. Меҳмонлар орасида Эмиль Золя, Теофиль Готье, Генрих Ибсен каби атоқли адиблар, Австрия императори Франц-Иосиф, Пруссия шаҳзодаси Фридрих, яна қанча тождор арбоблар бор. Аммо давранинг гултожи Франция империясининг вакили Евгения Монтихо (“Иккинчи Клеопат­ра”) зоти олиялари эди. Миср ҳукмдори Исмоил пошо маликага хушомад қилиб, масъул муҳандисларга дўқ урган бўлди:
– Башарти, хоним афандимнинг кемалари қум-пумга ўтириб қолса, ҳаммангни қозиққа ўтқизаман!
Ҳазрати малика жойлашган “Эгль” яхтаси ортидан бутун бир карвон суза кетди. Бироқ пошони ўз ходимлари эмас, бастакор Жузеппе Верди хижолатга қўйди: у буюртма бўйича каналга бағишланган “Аида” операсини битказиб, тантаналар чоғи намойиш этиши зарур эди, бироқ ваъдасини уддаламади.
– Афсуски, – деди сув сайридан қайтиб, француз маликасини холи топган Исмоил, – сизга ваъдабоз бастакорнинг қозиққа ўтқизилган афтини кўришдай ҳузурни бағишлашга имконим йўқ.
Евгения шўх қиқирлади ва елпиғичи билан пошонинг қўлига туртиб, шивирлади:
– Ростини айтинг-чи, ҳарамингиздаги ўшанча хотин сизга шунчалар зарурми?
Исмоил пошо тушунди, демак, тағин хушомад қилиши керак:
– Бирининг оҳу кўзлари, бошқасининг товусдай хироми, учинчисининг донолиги, тўртинчисининг шамшод қомати, бешинчисининг ҳалимлиги жонимга ҳузур-да. Лекин сиз учун бу ҳаловатларнинг баридан минбаъд кечаман, зеро, илк кўрганимдаёқ англадимки, аёл зотининг минг бир фазилати танҳо ўзингизда мужассам…
Пошо олиймақом меҳмонларга 30 миллион франкка битказилган янги қасрда зиёфат берди. Уч минг кишилик дастурхон тузатилган, Евгения Монтихонинг ётоғи алоҳида, унинг учун бир неча хона шарқона ҳарамлар андозасида жиҳозланган, бу ердаги ҳашаматнинг харажати ярим миллион франк, “холос”…
Миср сафаридан ўлгудай толиқиб, ўғлини соғиниб қайтган маликайи олия шаҳзодани суюб бағрига олди, унинг қўлчаларини ўпаркан, тушкун кайфиятдаги эрига боқди:
– Сизга нима бўлди, ҳазратим?
Император парламент ва ҳукуматдан ҳасрат қилиб, қандайдир хатолардан гап очди.
– Хато дегани бўлади-да, – далда аралаш маслаҳат берди зоти олиялари, – биласиз-ку, уруш ҳамма хатоларимизни тузатишга қодир. Лоақал манави гўдаккина жигаргўшангиз учун, шу Лулужон валиаҳд бўладиган тахтингизни сақлаб қолишга ҳам уруш керак…
Хатоларини тўғрилаш устида хўб тафаккур қилган Наполеон 1870 йил 19 июлда Пруссияга қарши уруш бошлади. Бу императорнинг энг охирги ва энг хунук айби эди – ўз тақдири ҳам, Франциянинг шон-шавкати ҳам барбод бўлди. Иккинчи империя 4 сентябрь куни ағдарилди, Наполеон душман қўлига асир тушди.
Зафар туртки бўлди-да, Бисмаркнинг орзуси амалга ошди: ниҳоят, шимолий ва жанубий немис давлатлари бирлашиб, ягона Германия империяси ташкил топгани эълон қилинди.
Ўшанда европаликларнинг нақли туғилди:
– Бисмарк Германияни буюклик осмонига кўтарса-да, немис халқининг қаддини букди…
Французлар учун қиёмат куни келганди: 27 октябрь маршал Базен учун шармисорлик санаси бўлди: Мец гарнизонида 173 минг қуролланган аскари туриб, шаҳарни қўшқўллаб топширди. Француз солдатлари илма-тешик байроқларини ўпиб-ўпиб ўтга ташлашди (ёнаётган байроқлари аламидан йиғлаётган фаранглар ҳолини кўриб, немислар ҳам йиғлаб юборган экан.)
Парижда учинчи республика эълон қилинди. Наполеон бошлаган Франциянинг босқинчилик уруши энди миллатнинг озодлик урушига айланди. Империянинг куни битиб, император Седанда оқ байроқ кўтарган эса-да, француз халқи таслим бўлган эмас, пойтахт эрк учун курашнинг бош таянчи эди.
Париж қамалда, уни немис тўпчилари нишонга олган: замбараклар – 400 та, снаряд-бомбалар – 100 минг дона. 27 декабрь (1870) тонгида буйруқ берилгач, Европанинг бош шаҳри кўчалари ва хиёбонларига, боғлари ва гулзорларига, музей ва театрларига, шифохона ва ғарибхоналарига ёғаётган “ёмғир”дан аланга кўтарилаверди. Яхлит Германиянинг дояси, аммо Франциянинг кушандаси бўлмиш Отто фон Бисмарк француз қироллари ўрдаси Версалда ғолибона керилиб ётган дамларда парижлик­лар увоқ нонга зор эдилар. Шаҳарда илк бор озиқ-овқат паттаси пайдо бўлди, лекин егуликнинг ўзи қани? Меъёр бўйича қамалдаги шаҳарда жон бошига 15 грамм гуруч ёки нўхат, 20 грамм сули ва 30 грамм кўкат қоқи берилади. Париждаги қаҳатчиликни ўз кўзи билан кўрган бир рус муаллифи ёзади:
“Ит, мушук, сичқон-каламушлар беҳад танқис: мушук – 20, каламуш – 4 франкка сотиларди. Бир қадоқ бўри гўштининг 30 франкдан арзони йўқ, сутнинг тўртдан уч улуши сув бўлиб, у ҳам топилиб-топилмайди…”
Боз, ўша йили қиш Париж устига қиличини шунчалар қайраб келдики, кўмир тезда соб бўлиб, кўча-боғлардаги асрий ва эъзозли дарахтлар, мебеллар, ноёб китоб ва қўлёзмалар – нимаики топилса, бари печкага тиқиларди. Очлик ва совуқ аксари қариялар, хасталар, ногиронлар, норасида болалар ва урушдан жароҳатланиб қайтган аскарларни тутдай тўкар эди…
Аммо Париж ғолиблар устидан ғолиб эди, ҳамма хонадонларнинг эшик-деразалари берк. Дўконлар, ошхоналар, идоралар – бари ёпилган, пешлавҳалар устида эълон:
– Миллий мотам! Француз халқи азадор!
Немис армиясига ҳувиллаган кўчаларгина “пешвоз” чиқди. Ҳеч ким, ҳатто, ит-мушуклар ҳам йўқ. Қуршовдаги шўрлик шаҳар еб битирган, ахир.
Дарвоқе, сафларнинг аввали тасодифан бир парижликка йўлиқиб қолди.
– Қийшайтириб чизилган карикатуралардаги афт-ангорингизни танигандай бўлдим, Бисмарксиз-да, а? – сўради француз.
– Шундай, Бисмаркман.
– Отиб ташлайин десам, афсуски, қуролим йўқ, аммо башарангизга туфлай оламан.
Канцлер бетидаги тупукни артаркан, Париждаги ягона ўткинчига юзланди:
– Бу ишинг Венадаги кўргиликларим олдида ҳолваси, ошна. Бўпти, қаҳрамон, бор, йўлингдан қолма…
Париж оккупацияси 62 соатгина давом этди: босқинчилар кимсасиз шаҳарда ғолиблигини кимга ҳам кўз-кўз қилсин? Уруш Германияни 2,7 ва Францияни 9,8 миллиард маркага “чув туширди”. Мағлуб учун контрибуция деганлари ҳам бор: ернинг тагидан бўлса ҳам французлар олтин ҳисобида 7 миллиард марка товон пулини топишлари ва немислар ғазнасига тўлашлари шарт. Билъакс, оккупацион қўшинлар Франциянинг белгиланган ҳудудида еб-ичиб ётаверадилар, шартнома шунақа…
Франция халқига дунё тан беради, тан бермасликнинг иложи ҳам йўқ-да! Бутун миллат оёққа турди, бой ҳам, камбағал ҳам киссасини кавлади. Яширин ғазнадаги олтин захираси очилди: у ертўлада, занглаган тунукалар билан ғилофланган, қалтис вазиятда сувга бостириш тизими ҳам тайёр, Сенадаги даҳана очилса бас эди. Франция емади-ичмади, аммо ана шу пулни тез топди ва озодликка чиқди, оккупантлардан қутулди… Французлар бошига тушган бу қора кунлар Наполеон Учинчининг “каромати”, у бошлаган урушнинг “шарофати” эди…
Қолмишига, у янги хуружнинг ҳаракатига тушиб қолди. Бу қарийб нақд бўлиб, Англиядан денгиз орқали бориб, қуролли десант тушириш 1873 йил 20 мартга белгиланди. Наполеон Учинчи буюк амакисининг 1815 йилдаги жасоратини такрорлаш бўсағасида тайёр турарди. Аммо тарих олдидаги шунчалар масъулиятни касал ҳолида уддалай оладими? Йўқ, соппа-соғ бўлиши керак: бинобарин, Наполеон операция столига ётишга ва сийдик йўлидаги тошни олдиришга рози бўлди. Бироқ меъёрдан ўта ортиқ хлорални кўтаролмади-да, оламдан ўтди-кетди. Унинг ҳамма режалари чиппакка чиқди, лекин француз халқини янги бало-қазолардан Худо асради.
Наполеон Учинчини уст-боши билан тобутга қўйиб, Англия тупроғига топширишди. Марҳум императорнинг икки қизи ва бир ўғли (Эжен Луи Наполеон) бор эди. Бонапартистларнинг ҳамма умиди энди ана шу йигитдан: ёш шаҳзода отасининг тахтини қайтариб олса, неажаб? Уни ҳалитданоқ Наполеон Тўртинчи атаётган хайрихоҳлар талай. Тағин, Буюк Британия қироличаси Виктория ҳазрати олияларига ҳам шундай бўлгани маъқулроқ. Бироқ йигитча ҳали қилич кўтариб, жангга кирганича йўқ, француз халқи уни асл Бонапарт деб қабул қилмоғи учун эса катта бир иш кўрсатиб оғизга тушиши, жанговар шуҳрат орттириши керак. Бу мулоҳаза мантиқли эди, шу боис Наполеоннинг беваси Евгения ва қочоқ оилага Чизльхерстдан жой берган Виктория икков шаҳзодани жанггоҳга жўнатишди.
Бу пайтда (1879 йил, январь) Англия Африкадаги зулус қабилалари билан урушаётган бўлиб, инглиз армиясининг зобити Эжен Бонапарт ҳам “қора қитъа”га етиб борди. Бироқ зулуслар ассагайи – раҳнамоси фақат Бонапартчиларнинг режасини эмас, бутун Европа сиёсатини ўзгартириб юборди. Шаҳзода минган отнинг айили узилиб, зобит тошлоқ яндамага чаппа тушди ва баданига қувлаб келаётган ҳабашларнинг заҳарли пайконлари санчилди. Ҳали уйланмаган 23 яшар шаҳзода устидан Жанубий Африка тупроғи тортилди ва Наполеон Учинчининг авлодига нуқта қўйилди…
Ўшандан то бизнинг кунларга қадар келаётган Наполеонлар сулоласи Жером Бонапарт (Наполеон Бонапартнинг укаси) авлодларидир. 1879 йилдан бу ёғига шаҳзода ҳисобланувчи Наполеонзодалар хронологияси қуйидагича: Виктор (Наполеон V, 1862–1926); Луи (Наполеон VI, 1914–1997); Жан Кристоф (Наполеон VII), у 1986 йилда таваллуд топган.
Мазкур Наполеонлар ҳам, уларнинг келгуси авлодлари ҳам қайсидир давлатнинг монархи бўлиши ҳам мантиқий, ҳам сиёсий нуқтаи назардан амри маҳол. Уларни халқ, масалан, французлар Бонапартдан қолган жонли ёдгорлик сифатидагина қабул қилишлари мумкин.
Бу мавзуга тааллуқли яна иккита гап қолди. Биринчиси: Наполеон Бонапартнинг яна бир фарзанди – беникоҳ туғилган қизи хусусида. Граф Шарль-Тристан де Монтолон сургунга бирга кетиб, унга адъютантлик қиларди. Гап шундаки, у Авлиё Еленага оиласи билан борган: рафиқаси Альбина де Монтолон ниҳоятда шинам ва гўзал аёл бўлиб, Наполеон шу хонимга қизиқиб қолади. “Қизиқиш” натижасида 1818 йили бир қиз туғилиб, исмини Жозефина Наполеоне де Монтолон қўядилар. Бироқ қизалоқнинг умри қисқа экан, узоқ яшамайди, 1819 йилда ёшига етиб-етмасдан оламдан ўтади.
Беихтиёр хаёлга келадики, Бонапартнинг ўлимида граф Монтолоннинг қўли борлиги ҳақидаги миш-мишлар ана шу “қизиқиш”га дахлдор бўлса-чи? Хотини ва хожасининг хиёнатидан воқиф бўлгач, граф собиқ императорнинг косасига… У ёғини энди Худо билади…
Иккинчи гап шуки, Наполеон куёви Иоахим Мюратни маршал (1804) унвони билан сийлаб, империя шаҳзодаси рутбасини (1805) ҳам берганди. Иккинчи империя даврида Мюратнинг фарзандларига шаҳзодалик мақоми тикланди. Маршалнинг тўнғичи Ахилл (1801–1847) вафот этгач, иккинчи ўғли Наполеон Люсьен Шарль Мюрат йўқ салтанатга “валиаҳд” эди. Италия уруши пайтида бу шаҳзода император тоғаваччаси кўмагида Сицилия тахтини олмоқчи ҳам бўлди, лекин Наполеон III уни қувватлагани йўқ…
Ҳозир Мюратлар кўпайиб, бутун дунёга тарқаб кетишган. Шаҳзода саналувчилари ҳам бор, улардан бири, яъни Мюратнинг эвараси Наполеон Ахиллович Мюрат (1873–1943) чор Россиясининг генерали эди ва ҳоказо…

2019/3

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/07/22/%d1%80%d1%83%d1%81%d1%82%d0%b0%d0%bc%d0%b6%d0%be%d0%bd-%d1%83%d0%bc%d0%bc%d0%b0%d1%82%d0%be%d0%b2-%d0%b1%d0%be%d0%b1%d1%83%d1%80-%d0%b2%d0%b0-%d0%bd%d0%b0%d0%bf%d0%be%d0%bb%d0%b5%d0%be%d0%bd/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x