Рудакий

(858-941)

 

Форс-тожик классик адабиётининг буюк намояндаси, атоқли шоир ва мутафаккир Абулҳасан Рудакий ҳозирги Тожикистоннинг Панжакент туманига қарашли Панжрудак қишлоғида дунёга келди. Жуда ёшлигидан бошлаб шеър айта бошлади. Унинг шуҳрати ўша замоннинг машҳур ҳукмдорлари Сомоний подшоҳларга етиб, у Бухорога чақириб олинди. Рудакий Бухорода замонасининг жуда кўп машҳур шоирлари, файласуфлари, тарихчилари билан танишди, ўзи ҳам турли фанларни ўрганиш мақсадида зўр бериб китоб мутолаа қила бошлади.

Рудакий сарой шоири бўлишига қарамай, ўзининг ғазал, рубоий ва қасидаларида дунёвий муҳаббатни куйлади, халқнинг ҳаётини ҳаққоний тасвирлашга интилди. Рудакий ёзиб қолдирган шеърий асарлардан бизгача жуда оз қисми етиб келган. Бу асарлар буюк шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида қимматли маълумот берадиган ажойиб манба ҳисобланади. Рудакийнинг “Қариликдан шикоят”, “Май онаси” қасидалари, ўнлаб ўйноқи, равон, мазмундор ғазаллари кишини ўзига мафтун этади. Бу асарлари билан Рудакий ижоди ҳақида илмий иш олиб борган адабиётшунослар унинг “Калила ва Димна”ни назмга айлантирганлигини қайд этадилар.

Рудакий ўзининг прогрессив дунёқараши ва халқпарварлик руҳи билан суғорилган ижоди орқали сомонийлар саройига тўпланган реакцион маддоҳ шоирларга қақшатқич зарба берди. Сарой шоирлари ва қорагуруҳчи амалдорлар қариган чоғида унинг икки кўзини ўйиб олдилар. Хўрланган шоир ўз ватанига қайтиб, қашшоқликда вафот этади. Рудакий Панжрудак қишлоғига дафн этилган. Унинг ватандошлари ҳозир ҳам шоир яратган ажойиб қўшиқларни ёд айтиб юрадилар.

 

 

Қариликдан шикоят

Тишим бари тўкилиб кетди, дурри ғалтон эди,

Уларни тиш дема, балки чироғи тобон эди.

 

Оқиш кумуш эди-ю, худди дурри маржон эди,

Булоқнинг қатраси ёинки тонгда чўлпон эди.

 

Биронта қолмади куртакланиб, тўкилди бари,

Бу қайси наҳс эди, наҳс бўлганда Кайвон эди?

 

Менимча, наҳсдан ё узоқ умрдан эмас,

Не бўлди? Мен эта қўйсам қазойи осмон эди.

 

Кўзингни соққасидек айланиб турувчи жаҳон

Ҳамиша айланади, ҳамма вақт гардон эди.

 

Қачонки дори-ю, дармони оғриқ ўрнидадир,

Кезида оғриғи ҳам дори бирла дармон эди.

 

Кўз очқуча тўзитар у қаерда янги эса

Дам ўтмайин тузатар у қайдаки вайрон эди.

 

Талайча боғнинг ўрнини чўл этиб қўйди,

Ва қанча боғлар ўрни бурун биёбон эди.

 

Сен, эй юзи тўлин ойдай гўзал, не билғайсан?

Беш-олти кун нари ҳолим нечоғли шодон эди?

 

Кўпинча сен гажагинг бирла менга мақтанасан,

Гажак-гажак қаро сочим мисоли чавгон эди.

 

Юзим текислиги атлас каби замон ўтди,

Менинг сочим у замонда қаро-ю қатрон эди.

 

Чунончи шунча гўзаллик азиз меҳмон экан,

Қайтмагай яна. Беш-олти кунга меҳмон эди.

 

 

Акрам УЗОҚОВ

 

“Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги халқлари адабиёти” (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент, 2007) ўқув қўлланмасидан.

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/rudakiy/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x