Рақамли стоматология

Бир неча йиллар аввал жаҳонда рақамли стоматология “ҳаракати” бошланган эди, ҳозирга келиб у тўхтовсиз ривожланиб бормоқда. Чунки бу хизмат турининг афзаллик жиҳатлари кўп. Масалан, ҳозирга қадар амалда бўлган сунъий тиш конструкциялари, ортодонтик аппаратлар, имплантантлар, тишларни реставрациялаш ва тиш қаторлари нуқсонларини бартараф этиш, шунингдек туғма ва орттирилган юз-жағ тизими деформациялари (шакл бузилишлари)ни қайта реконструкция қилиш ва ниҳоят косметологик операцияларни бажариш мутахассисларнинг узоқ йиллик тажриба ва маҳоратларига ҳамда қўл меҳнатларига таяниб амалга оширилиб келинган. Эндиликда мижозларга тўла кафолатли, сифатли, оғриқсиз ва кам харажатли замонавий тиббий ускуналар ёрдамида сифатли хизмат кўрсатиш кенг йўлга қўйилди.

Давр тиббиёти шитоб билан ривожлангани сайин стоматология амалиётида ҳам рақамли технология асосида математик ҳатто микрон даражасидаги аниқликда юз-жағ ва тиш конструкцияларини яратишниамалга ошириш, реставрацияда нанотехнологияларга асосланган хом-ашёлар қўлланилиши заруратга ва ниҳоят ҳақиқатга айланди.

elektron-tibbiy-karta

Электрон тиббий карталар. Стоматология клиникасига юз-жағ соҳасидаги касаллик ёки бирор нуқсон билан мурожаат этган мижозга ходимлар рўйхатхонада унинг шахси ҳақидаги маълумотни электрон картага жойлаштиришади. Маълумот интернет тармоғи орқали даволовчи врачга жўнатилади. Врач мижознинг шикоятини ва визуал текшириш натижаларини электрон тиббий картага киритади. Махсус ва қўшимча ўтказиладиган замонавий текшириш усуллари натижалари, даволаш, профилактика, маслаҳат бериш, реконструктив муолажа ва реабилитация қилиш тартиблари ҳам соҳа мутахассиси томонидан электрон тиббий картада жамланади ҳамда беморлар учун умумий электрон маълумотлар базасига жойлаштирилади. Маълумот компьютернинг хотирасида бир умрга қолади, истаган пайтда уни очиб ўрганиш, даволашни давом эттириш ёки зарурат бўлганда бошқа шаҳарга ва ҳаттоки бошқа давлатларга юбориш имконияти мавжуд бўлади.

tabassum

Табассумнинг рақамли дизайни виртуал тести. Юз-жағ тизими реконструктив операцияси, косметологик операция, турли тиш конструкцияларини ўрнатиш, имплантант экиш, прикусдаги реконструктив жараёнлар, тишларни реставрация усулида тиклаш ва бошқа қатор стоматологик муолажалар натижаси ҳамда келажакда қандай кўринишга эга бўлишини ҳар бир бемор олдиндан билишни хоҳлайди. Бу имкониятни, яъни аксингизни олдиндан кўрсата оладиган – башоратловчи 3D визуализациянинг махсус программаси амалга оширади. Бунинг учун бемор юз ҳолати сканердан ўтказилади ва мутахассислар компьютер ёрдамида “янги юз”ни лойиҳалаштиради. Бу жараёнда бемор, врач ва техник қатнашади. Беморнинг табассум қилиб турган суратини яратишда эстетик жиҳатдан сурат беморга ёқиши, врач бу физиологик вазифани бажара олиши, техник эса конструкцияни амалда ясаш имкониятлари ҳисобга олинади. Бизга худди шу параметрли конструкцияни тайёрлашда CAD/CAM тизимли компьютер технологияси ёрдам беради.

CAD/CAM системалари – бу замонавий стоматологиянинг энг сўнгги ютуқларидан бири бўлиб, Европада, Америкада ва ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам амалиётда қўлланилиши бошланди. CAD/CAM учта асосий элементдан: сканер, компьютер дастури ва фрезердан иборат. Аввал жағнинг гипсли модели сканердан ўтказилади, бу моделнинг уч ўлчамли, яъни 3D тасвири яратилади. Сўнг уни компьютерга файл сифатида жойланади ва автоматик режимда тайёрланиши керак бўлган идеал модел тасвири фрезерга юборилади. Фрезер ёрдамида математик аниқликларда ҳатто микрон аниқлигидаги тиш конструкцияси ишлаб чиқилади. CAD/CAM тизими керамик ва металлдан ясалувчи қопламалар, вкладкалар, керамик винирлар, керамик пломбалар, индивидуал абатментлар, кўприксимон протезлар ва бош қисми аъзолари анатомик суякларининг хирургик шаблонларини ясаш имконини беради.

Бунда беморларнинг врач қабулига қатнови кескин камаяди, протезлаш жараёнида бемор атига икки марта келади холос.

tish-tomografiyasi

CONE BEAM CT – компьютер томографияси жағ суякларининг тузилиши, қаттиқлигини аниқ математик ҳисобларда мониторда намоён этиб берувчи тузилма бўлиб, имплантантнинг катталиги, узунлиги ва жағ суякка жойлаштириш муҳитини башоратлаш учун хизмат қилади.

optik-skaner

ОПТИК СКАНЕРЛАР стоматологияда тишларнинг рақамли картасини, рақамли қолипини, рангини яратишда ишлатилмоқда. Рақамли рангли карталар тиш реставрациясида нанотехнологик хом-ашё учун мос келувчи табиий рангни танлашда ёрдам беради. Авваллари беморлардан қолип олиш учун ёқимсиз масса билан ишланар ва кўнгил озиш ҳолатлари кузатилар эди. Оптик сканерлар шундай ноқулайликларни бартараф этади.

apeks-lokator

Апекслокатор – стоматологик эндодонтия ёки тиш илдизлари тўғрисидаги фан йўналиши амалиётида ишлатиладиган замонавий махсус ускуна бўлиб, ундан тиш илдизининиг апикал торайишини, илдизнинг узунлигини аниқлашда ва канал пломбасини сифатини баҳолашда фойдаланилади. Тишнинг қаттиқ тўқимаси ўтказувчанлик жиҳатидан маълум бир қаршилик кучига эга эканлигига асосланиб махсус электрод ёрдамида овозли сигналлар юборилиб, натижаси экрандаги рақамли кўрсатгичлар асосида баҳоланади ва маълумот электрон базага киритилади.

Diagnodent

DIAGNODENT тиш каресини эрта аниқлайдиган замонавий ускунадир. Ундан юборилаётган овозли тўлқинлар ёки лазер нурлари ёрдамида тиш қаттиқ тўқимасининг макро- ва микроэлемент таркиби тўғрисидаги маълумот олинади. Тишнинг қаттиқ тўқимасидаги макро – ва микроэлементларнинг миқдори унинг резистентлигини белгилайди. Шу маълумотга таяниб кариесли ва кариессиз тишнинг қаттиқ тўқимаси жароҳатлари аниқланиб, олдиндан аниқ ташхис қўйилади ҳамда замонавий лазер ускуналари ёрдамида профилактика – даво усуллари қўлланилади.

og'iz-ichi-kamerasi

ОҒИЗ ИЧКИ КАМЕРАСИ тиш ва тиш атрофи тўқимасининг аниқ тасвирини компьютер мониторига исталган катта-кичикликда етказа олади. Бу врач учун қулайлик яратса, бемор учун хотиржам ўтириш ва врачга нисбатан ишончни орттиради. Замонавий стоматологик ускуналарни ушбу камераларсиз тасаввур этиш қийин.

СТОМАТОЛОГИК ЛАЗЕРЛАР замонавий стоматология амалиётига кенг кириб келмоқда. Улар юмшоқ ва қаттиқ тўқимага тўлқин узунлигига боғлиқ холда бирдек таъсир кўрсата олади. Тўлқин узунлиги 1 мкм (микрометр) – 760 нм (нанометр)лазер нури ҳосил қилиб, 400-760 нм тўлқин узунлигида инфрақизил, 400-180 нм тўлқин узунликда ультрабинафша нур шаклида кўринади. Нур тўлқинлари 12-15 мм гача терига сингиб боради. Агар тўлқин узунлигини бир-неча минг нанометргача кучайтириш зарур бўлса махсус квант линзалардан фойдаланилади. Юмшоқ тўқималар учун мўлжалланган лазерлар: аргонли лазер (тўлқин узунлиги 488 нм ва 514 нм), Nd:YAG-лазер (неодимли лазер, тўлқин узунлиги 1064 нм), He-Ne-лазер (гелий-неонли лазер, тўлқин узунлиги 610-630 нм) ёрдамида оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватидаги патологик ўзгаришларда, пародонт тўқимасидаги яллиғланишларда, жарроҳлик муолажаларида қўллаш мумкин. Стоматологияда қаттиқ тўқималар учун СО2-лазер (углекислотали лазер, тўлқин узунлиги 10600 нм), ErYAG-лазер (эрбиевли лазер, тўлқин узунлиги 2940 ва 2780 нм), Диодли лазер (тўлқин узунлиги 792-1030 нм) кўлланилади. Уларнинг афзаллиги – оғриқсиз, кам ҳаражатли ҳам бемор, ҳам врач учун қулай (шифокор беморнинг оғзига ускуна, пахта ва қўлини тиқиб, безовта қилавермайди)дир. Лазер билан ишлаганда тўқимадан қон кетмайди, жароҳатланмайди ҳамда вақт тежалади.

tekscan

TEK-SCAN тишларнинг окклюзион контакти, яъни тепадаги ва пастдаги тишларнинг бир-бирига тегиб туришини ўрганувчи рақамли компьютердир. У ўта ингичка микросенсор билан жиҳозланган. Шу микросенсор ёрдамида тишларнинг контакт нуқталари тўлиқ суратга олинади.

wand

WAND компьютерли ускуна стоматология амалиётида оғриқсизлантириш учун анестетик дори воситасини маълум бир тезликда ва миқдорда юборилишини ҳамда бемор томонидан оғрик сезмаслигини таъминлайди.

Демак юртимизда замонавий стоматологик клиникалар ва яқин келажакда ўз истиқболини яратишга ҳаракат қилаётган шифохоналар рақамли стоматология ёрдамида текшириш, профилактик ва самарали даволаш ишларини амалга ошира бошладилар. Кафолатли, башоратловчи компьютерлашган электрон технологиялар, электрон касаллик карталари ва бошқа янгиликлар халқимиз учун сифатли ва самарали беминнат хизмат қилади деган умиддамиз.

Суннаттилло ҒАФФОРОВ,
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти
1-стоматология кафедраси профессори.
Нозима УСМОНОВА,
кафедра клиник ординатори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x