Исай КАЛАШНИКОВ
(1931–1980)
ҚАТТОЛ АСР
Тарихий роман
Рус тилидан
Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ таржимаси
БЕШАФҚАТ ТАРИХНИНГ
ЖОНЛИ САҲИФАЛАРИ
Инфаркт хуружидан сўнг янгидан бошлаган ҳаётимнинг биринчи кунларини касалхонада шифтга термилиб ўтказардим. Туриш, юриш, қимирлаш, ҳатто гаплашиш ҳам мумкин эмас. Хонада ёлғиз ўзим…
Бир куни навбатчи шифокор текшириш учун хонамга кирди. Қўлида китоб. Нарироқдаги стол устига китобни қўйганча мени текшира кетди: юракни эшитди, қон босимини, ҳароратимни ўлчади. Китобга қизиқиш устун келиб, кетар чоғида ундан илтимос қилдим:
– Китобингизни кўрсам майлими?
– Майли, кўра қолинг, – деб қўлимга салмоқли китобни тутқазди. Устига “И.Калашников. Жестокий век” деб ёзилган экан. Хаёлим дарров автомат ясовчи Калашниковга кетди. Номи ҳам урушга мос.
– Калашников автомати ҳақидами? – деб сўрадим.
– Йўқ, бу ёзувчи Калашников. У китобида Чингизхоннинг ҳаётини ёзган, – деди шифокор.
– Роса қизиқ китоб бўлса керак… Тарихийми ё ҳаммаси тўқимами?
– Тарихий. Ўша даврда яшаган кўплаб тарихий шахслар, жойлар номи айнан келтирилган.
– Эрталабгача китобингизни менга бериб кетинг, – дедим умид билан.
– Жон деб берардиму сизга китоб ўқиб қаттиқ ҳаяжонланиш мумкин эмас-да.
– Одам китобдан ҳаяжонланиб ҳам ўзига зарар қилиши мумкинми?
– Э, нималар деяпсиз?! Одамлар китоб ўқиб уввос солиб йиғлайдилар-ку! Бу ҳаяжонланишмасми?
– Бундан хабарим бор, лекин…
– Бироз вақт ўтсин, юрагингиз қонашдан тўхтаб, жароҳати битсин, кейин ўқийверасиз. Майли, мен энди борай, – деди-да, шифокор чиқиб кетди.
Уч-тўрт кун ўтиб, ўтиришга рухсат теккандан сўнг ўша китобни сўраб олдим. Ётавериб роса уйқуга тўйиб олганимдан, деярли туни билан ўқир, воқеаларга қизиқиб кетганимдан кўзимга асло уйқу инмасди. Китобни икки-уч кунда ўқиб тугатдиму, аммо эгасига қайтариб бергим келмади. Ўзимга ёққан лавҳаларни қайта-қайта ўқирдим.
Касалхонадан чиққач, уйга кўргани келган укам Шуҳрат билан гаплашиб ўтирганда ўша китобни эсладим.
– Менга шу китобни топиб келгин. Ўз-ўзимга! – дедим.
– Майли, ўйламанг. Топамиз, – деб мени хотиржам қилди укам.
Шундай қилиб, китоб топилди, жиянлару сингиллар қўлма-қўл қилиб ўқиди. Қачон тўплансак, гап “Жестокий век”ка тақаладиган бўлди.
Кейин китобнинг ўзбекча таржимаси бор-йўқлигини суриштира бошладим. Қарангки, ўзбекчаси йўқлиги тугул, русчасидан ҳам кўпчилик бехабар экан. Қўшни республикада беш-олти марта қайта нашр қилинган ушбу тарихий роман бизда бир марта ҳам чоп этилмаган. Шунда юрагимга чўғ тушди, қанчадан-қанча одамлар бу китобдан маънавий завқ олиши мумкинлигини ўйлай кетдим.
Асар аввал ўқиган тарихий китобларимга ўхшамас, тили, ранг-баранг тасвирлари, майда-чуйда ашёларгача усталик билан таърифлангани, муаллифнинг инсон руҳиятидаги нозик нуқталарни ҳис эта олиши, образлар характерини тўлақонли очиши билан ажралиб турарди. Эҳтимол, тарихда осиёликлар бошдан кечирган қирғинбаротларнинг бутун фожиавийлиги билан баён этилиши бошқа асарларда кам учрар. Романни ўқир экансиз, турмуш ва рўзғор тавсифларида аниқ-тиниқ этюдлар чизиш муаллифга қанчалик заҳматли бўлганини тасаввур қиласиз. Томирларнинг гупиллаши-ю чаккадан оқаётган терни ҳамма тасвирлай олар, аммо изтироблар, қалб тубидаги ўйлар, яшин тезлигидаги фикрларни қандай акс эттириш мумкин? Шу жиҳатлари билан “Қаттол аср” (“Жестокий век”) романи мени тамоман ўзига маҳлиё қилди. Асарни ўзбек тилига таржима қилишга аҳдландим.
Романнинг қамрови жуда кенг, унда исмлари келтирилган 243 дан ортиқ, шунингдек, “Бобоси”, “Қоровул”, “Кешиктан” сингари номлар билан киритилган яна беҳисоб персонажлар иштирок этади. Ҳаммаси бир бўлиб “Қаттол аср” тасвирларини чизишга ёрдам беради. Тахминан саксон-юз йиллик даврни қаҳрамонлар билан бирга яшаб ўтасиз.
Асарда Осиёнинг ўттиздан ортиқ дарёлари, кўллари, элликдан зиёд жойлар, шаҳар ва қалъалар, истеҳком ва пойтахтлар номи тарихда қандай бўлса, шундайлигича келтирилган. Сон-саноқсиз ўсимликлар – дарахтлар, буталар, ёввойи ўтлар тасвири ўқувчи тасаввурини кенгайтиради. Исай Калашников табиат манзараларини чизар экан, у тасвирлаётган жой ва пайтни яққол кўрасиз. Баъзи саҳифаларни ўқиётганда исиб кетасиз, баъзиларида жунжикасиз. Инсон ички кечинмалари тасвирлари сизни ё кулдиради, ё йиғлатади.
Асарнинг фалсафий, ахлоқий ва тарбиявий жиҳати шундаки, унутилган ҳақиқатлар, панду насиҳатлар сизу бизни мутолаа давомида мушоҳадага чорлайди, тарих, ҳаёт, ўзимиз ҳақида ўйлаб кўришга ундайди. Орадан минг йил ўтса ҳам эскирмаган, хира тортмаган қадриятлар – мардлик, инсонпарварлик, ватанга муҳаббат, яхшилик, кексаларга ҳурмат, аждодлар шаъни, ваъдага вафо каби кўплаб хислатларни ёдимизга солади.
Романда саналар мучал ҳисобида белгиланган. Маълумки, мучал ҳисоби Осиё, Шарқ халқларига тегишли бўлиб, руслар Осиёга юришларидан сўнг бу ҳисобдан хабардор бўлганлар. И.Калашников воқеалар таъсирчанлигини оширишда анъаналар, удумлар, расм-русумлар қаторида мучал ҳисобидан ҳам усталик билан фойдаланади.
Мутолаа чоғида Чжунду шаҳридан тортиб Мозандаронгача, Курдистондан то Киевгача бўлган ҳудудларда от елдирасиз. Буюк Гоби саҳроси бўронларида қоласиз, ёйилиб оқаётган Днепр тўлқинларидан роҳатланасиз. Гоҳ боши танасидан жудо қилинаётган инсонга ачинасиз, гоҳ “ёғоч эшак” устидаги қатлни кузатасиз. Кечинмалар ҳам дунё қадар…
“Қаттол аср”дан фақат чексиз ҳузур олдим. Китобдай камтар ва оқил, меҳрибон ва ғамхўр дўст кўрмадим. У тўғри йўл кўрсатадиган, бошингни силайдиган, орқангдан кўзи ёшланиб кузатадиган авлиёсифат оқсоқолга ўхшайди. Балки Хизр деганлари китобдир!
Таржимондан
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/02/26/qattol-asr/