Қанот жуфт бўлади

Талаба эдим. Қишда, музғалакда сирпаниб кетдим-у, ўнг қўлим синди. Бир ойдан ортиқ зилдай гипсни бўйнимга осиб юрдим. Дарсга борсам – ёзолмайман, уйга келсам – эмин-эркин овқатлана олмайман. Кийиниш – ундан азоб. Ёруғ дунё кўзимга тор кўриниб, асабларим қақшар эди. Ўшанда соғлик дунёдаги энг бебаҳо неъмат эканлигини, тик оёқда юриш, гурунгларга қўшилиш, яқинларингни бағрингга боса олишнинг ўзи катта бахт эканлигини англагандим.

Тўшакка михланиб қолган, ногиронлик аравачаси ҳам улови, ҳам оёғига айланган ёки турли сабаблар билан эс-ҳушидан айрилган инсонлар билан учрашувга борар эканман, бошимдан ўтган рутубатли кунларимни эсладим.

Ўзимча ўйлайман: улар ҳам бошқалар каби соғлом туғилиб, оиласи, яқинлари бағрида соппа-соғ, эмин-эркин, бахтиёр ҳаёт кечиришлари, фарзанд кўришлари мумкин эди. Бироқ Яратган уларга бошқача синовни раво кўрди. Синов ўлароқ уларнинг яқинларини ҳам имтиҳондан ўтказди. Ногирон яқини учун кимдир умрини бағшида этди, этмоқда. Кимдир “ортиқча ташвиш”дан осонгина қутулди: давлат қарамоғига топширди.

Давлат кўнгли ўксик бу инсонларга оиласи беролмаган меҳр, ош-овқат, кийим-кечак, иссиқ жой, муолажа тақдим этди. Ногиронлар ҳам унинг соғлар каби тенг ҳуқуқли фуқаролари.

Янгиер шаҳрида жойлашган “Мурувват” ногирон аёллар интернат уйи юртимизнинг турли шаҳару қишлоқларидан келган жисми ва руҳиятида шикасталиги бор 140 жонни ўз бағрига олган. У ерда тақдири азал етаклаб келган мўътабар ёшдаги кекса онахон ҳам, умрининг айни гўзал онларини бошидан кечираётган ўн тўққиз ёшли қизлар ҳам бор. Бири ўзбек, бири рус, бирови корейс… Дард, изтироб, соғинч, ёлғизлик уларни бирлаштирган. Уларга шу гўшада ўз номи билан Мурувват кўрсатилади.

 – Беморларимизнинг кўпчилиги хаёлий ҳаётида яшайди. Бири соғайиб, турмуш қуриш ниятида бўлса, бошқаси тўрт мучаси бутунлар каби юришни, қийналмай гапиришни, эшитишни орзу қилади. Уларнинг дардларини ҳис қилмаслик асло мумкин эмас, – дейди интернат уйи директори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Нафиса Шарипова. – Вазифамиз бу нурли, лекин машаққатли йўлда уларга ҳар томонлама ёрдам бериш. Даволаш, кўнглини кўтариш. Суянчиқ бўлиш. Шукрки, ходималаримизнинг ҳаммаси бу шарафли вазифани сабр-бардош, юксак масъулият ва катта меҳр билан уддалаётир. Мабодо, орасидан тили ёки қўли “дағал” ходим чиқиб қолса, жазоси тайин: бу ердан қадами тийилади.

Бугун мазкур мурувват уйида бир юз йигирмадан ортиқ ходим фаолият юритмоқда. Терапевт, невропатолог, гинеколог, стоматолог каби шифокорлар, физиотерапевтлар, ҳамшира ва ошпазлар, кутубхоначи ва назоратчилардан иборат аҳил жамоа беморлар хизматида. Мақсади бир – беморларнинг жисмоний ва руҳий аҳволи яхшиланса, ҳаётга қизиқиши ортса, бу дунёда ўз ўрнини топиб ёки ҳис этиб, ўксинмасдан яшаса.

Интернат раҳбарининг сўзларига қараганда, беморларга кўрсатиладиган барча хизматлар, дори-дармонлар бепул. Кунига тўрт маҳал овқатланади, сайрга чиқади, ювиниб-тараниб, телевизор кўради ёки китоб ўқийди.

Мурувват уйида доимий ётоқ режимидаги аёлларга ҳам кўзимиз тушди. Нафиса опанинг айтишича, бундай беморлар алоҳида парваришга муҳтож. Баъзиларининг жағ суяги яхши ривожланмагани учун овқатни жуда секин ейди. Ходимлар ярим соатми, бир соатми – то улар тўйиб овқатланмагунча ёнидан жилмайди. Тановвулига кўмаклашади. Бундай кенг шароит ва доимий ғамхўрлик самарасида соғайиб, оиласи бағрига қайтганлар ҳам бор.

 – Шифокор бадантарбияга рухсат этган беморлар билан ҳар куни эрталаб машғулот ўтказамиз. Копток, арқон, халқа, ҳодалар билан турли ўйинлар ўйнаймиз, – дейди фитнесс мураббияси Хабарой Шомансурова. – Жисмонан чиниқиш танадаги дардларни енгишга, қолаверса, руҳиятнинг яхшиланишига катта ёрдам беради.

Чошгоҳда беморларнинг кўпчилиги ҳовлига чиқади. Майин мусиқа таралади… Нафиса опа изоҳ беради: “Беморларимизни мусиқа терапия орқали даволашга ҳам ҳаракат қиляпмиз. Нафи жуда катта. Асабларни тинчлантиради. Кайфиятни кўтаради”.

Беморларнинг айримларини суҳбатга тортдик. Исмларини ўзгартириш шарти билан таклифимизга рози бўлишди.

 

Юля:

 – Онам болалигимда қўғирчоқ ясашни ўргатган эди. Шу-шу қўғирчоқ ясаш севимли машғулотимга айланган. Ҳар гал қўғирчоқ ясаганимда, онамни эслайман. Бағрида ўтказган кунларимни қўмсайман.

Қўғирчоқ ясаш учун менга ип-игна шарт эмас. Озроқ мато ва ичини тўлдириш учун конфет қоғози бўлса бас. Ясаган қўғирчоқларимни бу ердаги дугоналарим, шифокорларимизга совға қиламан. Ҳатто, “асарларим” кўргазмага ҳам қўйилди. Жуда севиндим. Қўшиқ айтишни ҳам яхши кўраман. Майлими, сизга ҳам айтиб берсам?

Юля қўшиқ бошлайди. Она ҳақида, ёлғизлик ҳақида, соғинчларга тўла қўшиқ…

Шунда бу масканга келган ҳар бир меҳмон беморлар учун катта қувонч ҳадя этишини ҳис қилдик. Қизнинг самимий гаплари, болаларча беғубор орзуларини эшитиб, ўйлаганлари рўёбга чиқишини, аравачага михланган бемажол оёқларига жон ато этишини Яратгандан илтижолар қилиб сўрадик.

 

Нодира:

 – Жиззахданман. Мен – оиламиздаги олти фарзанднинг кенжаси. Онам анча олдин вафот этган. Ҳамма ака-укаларим уйли-жойли. Мен ҳам турмуш қургандим. Афсуски, ўхшамади. Ҳомилаларим кетма-кет нобуд бўлди. Охири ажрашдим. Ота уйимга қайтдим. Лекин сиғмадим. Акам, янгам чиқиштирмади. Бора-бора уриш-жанжаллардан, асабларим чарчади. Уйдан бошим оққан томонга чиқиб кетадиган бўлиб қолдим.

Бирор кор-ҳол бўлишидан қўрққан отам бечора йиғлаб-йиғлаб, мени шу ерга олиб келиб ташлади. Бир йилча бўлди. Лекин шу вақт ичида отам бир мартагина йўқлади, холос. Баъзан наҳот умрим охиригача шу ерда қолиб кетсам, наҳот жигарларим мени бутунлай унутган бўлишса, дея ўйланиб қоламан. Мен ҳам бошқалар каби бахтли яшашни, турмуш қуриб, фарзандли бўлишни истайман.

Яхшиямки, бу ерда психолог ва шифокорлар бор. Мени тушкун кайфиятдан, ёмон ўй-хаёллардан чалғитишади. Далда ва умид беришади.

 

Малика:

 – Мактабда инглиз тилидан сабоқ берардим. Кейин бир хориж компаниясига таржимон бўлиб ишга кирдим. Бир куни тўсатдан қулоғимда шанғиллаш бошланди. Аввалига эътибор бермадим. Бора-бора шовқин кўпайди. Шифокор кўригидан ўтсам, миямда шикаста борлигини ва дардим жиддийлигини айтишди. Эслаб кўрсам, бир марта самолётда бошимга сумка тушиб кетган эди. Ўшанинг оқибатида мияда ўзгариш юз берган. Сўнг онам билан шу йўналишдаги шифохоналарни қидирдик ва бу ерга келиб қолдик. Келганимга бир йилдан ошди. Онамни соғинишимни инобатга олмаса, қолган барчаси уйимдагидек. Дори-дармон ва муолажаларнинг яхши таъсирини сезяпман. Яна ўз ишимга, оиламга қайтишни жуда-жуда истайман.

Беморларнинг мунгли қарашларини кўриб, болаларча самимий сўзлашлари, орзу-умидларини эшитиб, юрагингизга ханжар ботаётгандек бўлаверади. Шу тобда сеҳргарга айланиб, бировига ақл, бировига оёқ, яна бирига соғлом вужуд ато этгингиз келади…

Яхшиямки, мурувват уйи каби масканлар, меҳридарё инсонлар бор. Меҳрга зор яқинидан вақтини қизғанаётган, бир оғиз ширин сўзи, меҳр-эътиборини ундан дариғ тутаётганлар ҳам йўқ эмас.

Улуғлар ёзмишларки, инсон қуш кабидир. Юксакларга парвоз қилмоғи учун унга қувват бағишлайдиган икки қанот зарур: Меҳр ва Оқибат!

Оқшом мурувват уйидан чиққанимизда унинг деразаларидан нур таралиб турар эди.

 

Гўзал МАЛИКОВА,

“Ҳуррият” мухбири,

Сирдарё вилояти

 

uzhurriyat.uz

https://saviya.uz/ijod/publitsistika/qanot-juft-boladi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x