Пўлат Мўмин

(1922–2004)

Болаларнинг севимли шоири Пўлат Мўмин ёшлигиданоқ адабиётга ҳавас қўйди. У Тошкент педагогика билим юртида ўқиб юрган вақтида адабиёт тўгарагига фаол қатнашди. Адабиётни қунт билан ўқиди, ўрганди. Ўрта маълумот олгач, ҳозирги Низомий номли Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факултетига ўқишга кириб, уни муваффақиятли тамомлади, аспирантурада ўқиди, мактабларда ўқитувчилик қилди. Сўнгра Ўзбекистон давлат нашриётида ишлади. Пўлат Мўмин қаерда ишламасин, доимо адабиётга муҳаббат билан қаради, уни қунт билан мутолаа қилди, ўрганди. Кичик-кичик шеърлар ёза бошлади. 1944 йилда “Баҳорга саёҳат” номли биринчи шеъри босилиб чиқди. Биринчи шеърлар тўплами эса 1949 йилда “Сайранг, қушлар” номи билан нашр этилди. Китоб адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Тўпламдан муносиб ўрин олган “Сайранг, қушлар”, “Обод ўлкам”, “Ҳайкал”, “Алла ва Жалла” (эртак) сингари асарлари мазмундорлиги, қизиқарлилиги билан китобхонларнинг эътиборини ўзига жалб этди.

Болаларга атаб ижод этиш, бу соҳада муваффақият қозониш учун қобилият ва истакнинг ўзигина етмайди. Белинский таърифи билан айтганда, болалар ёзувчиси бўлиб туғилиш керак. Бу болалар ёзувчиси моҳир педагоглардай бола қалбининг билимдони бўлсин, нозик таъб эгаси, гўдак табиати ва психологиясининг билимдони, меҳрибон ва болажон, камтарин ва самимий, болаларча соддадил ҳам доно бўлсин, деган мазмунни тақозо этади. Биз Пўлат Мўмин ижодида ана шундай олийжаноб хусусиятлар мужассамлигини ҳис этамиз. Шоир бутун умрини болалар орасида ўтказиб келмоқда. У ўз ёш китобхонларининг ўй-фикрларини, орзу-умидларини яқиндан билади. Уларнинг дилларидагини тилларга чиқара билади.

Шоирнинг тинимсиз ижодий меҳнати туфайли “Ҳунардан унар”, “Тўғри ўсган гул бўлар”, “Ақл қаерда бўлар?”, “Ўринбосарлар”, “Олтин най”, “Бир ярим Карим”, “Энди адашмайди”, “Барча бола дўст бўлса”, “Раҳматга раҳмат”, “Газполвон эртак айтар”, “Чанг ютар ботир”, “Дўстинг қанча кўп бўлса”, “Офтоб ва одоб”, “Яхшиларга ўхшасам”, “Бу жуда соз”, “Эсон ва омон”, “Олтмиш олти олтин қўл”, “Устозлар изидан”, “Болаларнинг бахти кулган”, “Бир юз бир олтин қўл” шеърий тўпламлари: “Чаноқвой билан Қовоқвой”, “Баҳодирнинг ботирлиги”, “Оқ фил йўқолди”, “Суқатой-конфетвой”, “Она болам дейди” каби эртаклари, песалари юзага келди. Бу китобларга кирган энг яхши шеър ва қўшиқлари, достон ва эртаклари болалар адабиёти хазинасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди, уни бойитди. Бу асарлардан бир қанчаси жаҳон халқлари тилларига таржима қилинганки, бу фақат шоирнинг эмас, балки ўзбек болалар адабиётининг ҳам ютуғи, обрўси ҳисобланади.

Кимда-ким аъло ва яхши баҳоларга ўқиш учун астойдил интилса, ҳаракат қилса, заҳмат чекса, шубҳасиз, у мақсадга эришади, самарали билим олади. Агар бу интилиш жисмоний меҳнат билан қўшиб олиб борилса, янада муваффақиятли бўлади. Пўлат Мўмин таълим ва жисмоний меҳнатга бағишланган шеърларида меҳнат ва меҳнатсевар болалар ҳақида фикр юритади. Баъзан ишёқмас, дангаса, ялқов ўқувчиларни танқид қилади, уларнинг камчиликларини очиб ташлайди. Масалан, “Беш олдим, беш!” деган шеърини олайлик. Асар қаҳрамони узоқ вақт паст баҳога ўқиб юради, фанларни кўнгилдагидек ўзлаштира олмаганлигидан дўстлари, ота-онаси ва ўқитувчилар олдида ўзини гуноҳкордек ҳис қилади. Ўқувчи бундай қийин аҳволдан фақат кўпроқ дарс тайёрлаши, китоб ўқиши билан қутулиб кетиши мумкинлигига ҳам ишонмайди. Нима бўлади-ю, бир куни у уйга берилган топшириқни қайта-қайта ўқийди, дарс ва китобдан бошқа ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қилади. Натижада эртаси куни “беш” баҳо олади. Шу-шу бола китобни севиб қолади. Қунт қилиш, берилган топшириқ устида кўп меҳнат қилиш лозимлигини тушуниб етади. Ўзидаги бундай ижобий ўзгаришдан хурсанд бўлади. Боладаги бу қувонч ва ҳаяжонни шоир ёш китобхон руҳиятига мос равишда чизиб беради:

Шундай қилиб, дўстларим,

Айтсам юрак сўзларим,

Юришиб қолди ишим,

Кўпайиб кетди “беш”им.

Болалар шоирининг “Туганмас кон”, “Ўқитувчи баҳо қўйганда”, “Кўчаларни тўлдириб”, “Сизга нима бўлди, ўғил болалар?”, “Юқумли “2”лар”, “Билса бўлар экан-ку!”, “Сентабрдан ким севинар?” каби шеърлари ҳам аъло ва яхши ўқиш учун интилаётган, ҳаракат қилаётган болалар тўғрисида ёзилгандир.

Баъзан ўқувчи-ёшлар орасида муғамбир-у писмиқ болалар ҳам топилиб қолади. Шоирнинг “Қўл кўтариб қўлга тушди” деган асари ана шундай болаларга бағишланган. Асар қаҳрамони аслида дангаса, ишёқмас, қолоқ ўқувчи. У буни ўқитувчисига сездирмаслик учун ҳар куни дарс пайтида “Мен айтаман, деб кўтаради қўл”. Ўқитувчи эса боланинг бундай муғамбирлигини сезмайди, у дарсни яхши ўзлаштирибди, деб ундан сўрамайди. Охири бир куни “Майли, айта қол” дейди. Шунда ҳалиги бола саволга жавоб бера олмай, ўқитувчи ва ўртоқлари олдида изза бўлади:

Дарвозасига

Урилгандай гол

Қўлга тушганди

У кўтариб қўл.

Шоир шеърларида кичкинтойларнинг жисмоний ишга интилишлари ҳам яхши очиб берилади. Унинг “Офтоб чиқди оламга”, “Ер чопилди – жавоб топилди” шеърлари фикримизнинг далилидир. “Офтоб чиқди оламга” асарида у халқ оғзаки ижодидан унумли фойдаланган. Шеърда болаларнинг ҳаракати, уриниши, катталар ишига кўмаклашиши ниҳоятда таъсирли ва ширали ифодаланган.

Пўлат Мўмин ҳақиқатан ҳам офтоб – бу олам-олам қувонч, шодлик, меҳнат, яшаш, яшариш рамзи эканлигини кичкинтой болалар тимсоли орқали янада ёрқинроқ, таъсирлироқ акс эттиришга ҳаракат қилади:

Офтоб чиқди оламга,

Чопиб бордим даламга,

Дадам кўчат экарди,

Салом бердим дадамга.

Пўлат Мўминнинг “Ер чопилди – жавоб топилди” асарида меҳнатдан завқланиш туйғуси ёрқин ифодаланган. Асар қаҳрамони дастлаб уйга берилган топшириқ – мисолларни ишлай олмайди. Шунда у жисмоний меҳнат қилишга киришади – ер чопади, терлаб-пишади. Натижада кўнгли ёришади, фикри ойдинлашади. Уйга берилган мисолларни ҳам ечади, ерни ҳам чопади.

Барча саволга

Жавоб топилди.

Шу баҳонада

Ер ҳам чопилди.

Пўлат Мўминнинг “5” баҳо қўшиғи”, “Хурсандмисиз?, Хурсандмиз!”, “Сентабрим”, “Уч баҳо – пуч баҳо” сингари қўшиқлари ўқиш, илмли бўлиш мавзусига бағишланган. Ўз устида кўп ишлаш, китоб ўқиш, дарс қолдирмаслик “аъло” ўқишнинг мустаҳкам нойдевори эканлигини шоир “Уч баҳо – пуч баҳо” қўшиғида ёритиб беради. Оналарни, кексаларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш (“Ачом-ачом бувижон”, “Меҳрибоним онажон!”), ўзаро ҳурмат, дўстликни жойига қўйиш (“Бир жаҳон болалармиз”), ҳар бир шодиёна, байрамларни зўр тайёргарлик билан кутиб олиш, чеварлик касбини болаликдан билиб бориш (“Кўйлагим”) мавзуларига бағишлаб шоир ўнлаб қўшиқлар яратганки, бундай қўшиқлар болаларнинг жон-дилидир.

Пўлат Мўмин ахлоқ ва одоб куйчиси ҳисобланади. Бу масала кўпроқ унинг “Бировлар”, “Бир одамнинг афсуси”, “Сўзи шунақа – ўзи шунақа”, “Беҳзодни биласизми?”, “Улғайдими ақлингиз?”, “Қўлинг олтин – йўлинг олтин”, “Биринчи бўл, биринчи!” каби шеър ва қўшиқларида очиб берилади.

Пўлат Мўмин “Алла билан Жалла”, “Зийрак фил ва зиқна баққол”, “Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига”, “Унутган ўғил”, “Олтин най”, “Доно бола”, “Билганни қари – билмайди пари” сингари эртак, достонларида халқ оғзаки ижоди намуналаридан унумли фойдалангани кўриниб туради.

Пўлат Мўмин достончи шоир сифатида ҳам жуда қадрлидир. Унинг “Олтин нокли боғ”, “Кўча – кўпчилик учун”, “Эҳ, роса ширин экан!”, “Холнинг жийрон велосипеди”, “Кўнгил истар яхшилик” деган поемалари аллақачон кичкинтойларнинг севимли асарларига айланиб кетган. Шоирнинг достонларида болалар ўртасидаги дўстлик, биродарлик, ўқитувчи ва жонажон мактабга муҳаббат, бирлик, байналмилаллик каби масалалар илгари сурилган. Болалар ҳаётида содир бўладиган ютуқ ва камчиликлар бадиий бўёқларда, қизиқарли лавҳаларда чизиб берилган. Бир сўз билан айтганда: мактаб ўқувчиларининг ҳаёти завқ-шавқ билан тасвирланади.

Пўлат Мўмин ўзининг эртак-песалари билан ҳам ёш китобхонлар ўртасида шуҳрат қозонди. Унинг “Қовоқвой билан Чаноқвой”, “Суқатой-конфетвой”, “Она болам дейди, бола онам дейди” номли фантастик эртак-песалари узоқ вақтлардан бери болаларнинг қувончига қувонч қўшиб келаётир.

Қовоқвойнинг дангасалиги, лапашанглиги, эркалиги, тантиқлигини ўткир кулги остига олувчи ва Чаноқвойнинг билимдонлиги, донолиги ва меҳрибон дўстлигини улуғловчи “Қовоқвой билан Чаноқвой” болаларни яхшиликка даъват этади.

Бу асардаги яхши фазилатлар драматургнинг бошқа бир эртак-песаси “Суқатой-конфетвой”да ҳам кўринган. Тематика ва ғоявий йўналиши, услуби жиҳатидан бу икки асар бир-бирига яқин. Унда ҳам илм, одоб, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик улуғланади. Воқеа Билим хола, Жанжал хола, Қурт ўртасидаги кураш асосида ривожланади.

Пўлат Мўминнинг бутун эътибори, ижодининг моҳияти болаларга покиза ҳаёт йўлини кўрсатиб беришга интилишдан иборат:

Ақл, Одоб, Фан йўли,

Йўлламинг энг маъқули.

Кимки юрса уч йўлдан,

Иши келади ўнгдан.

Йўллар элтар мактабга,

Етказади мақсадга.

Бугина эмас, болалар Пўлат Мўминнинг ўнлаб топишмоқларини ҳам севиб ўқиб ўрганадилар ва зеҳнларини чархлайдилар.

 

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

  

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/polat-momin/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x