ОЗАРБАЙЖОН ТАСВИРИЙ САНЪАТИ

Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари маданияти, бадиий адабиёти ва тасвирий санъати, хусусан, нафис миниатюра соҳасида умумий жиҳатлар кўп. Ўрта аср Озарбайжон санъати тараққиётида Низомий даври деб юритиладиган XII аср ва XIII асрнинг бошлари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу даврда ҳунармандчилик ривожланди. Қатор шаҳарлар маданий марказга айланди. Озарбайжон маданиятининг йирик вакиллари шу ерда яшаб ижод қилганлар. Шу даврда шаклланган маҳобатли меъморлик усуллари кейинги асрларда ҳам ўз қийматини йўқотмади. Меъморлик ва тасвирий санъатда салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.
Ўрта асрларда Озарбайжон тасвирий санъатида миниатюра алоҳида ўринни эгаллайди. Дастлабки рассомлик санъати намуналари “Манафи ал-ҳайя” (ҳайвонлар тўғрисида) китобига ишланган иллюстрациялар бўлиб, уларни бир қанча рассомлар ҳамкорликда яратишган. Бу суратларда турли ҳайвонлар, уларнинг хатти-ҳаракатлари кўрсатилган. Айрим миниатюраларда нақш унсурлари етакчилик қилади. Бу хусусият Рашидиддиннинг “Йилномалар” тўпламига, “Шоҳнома”га, “Хамса”га ишланган миниатюраларда яққол сезилади. Миниатюрачи рассомлардан Султон Муҳаммаднинг асарлари чуқур лиризм билан суғорилган. “Хусрав Шириннинг чўмилишини томоша қилмоқда”, “Базм”, “Китоб ўқиётган шаҳзода” каби миниатюралари унинг қимматли асарларидандир.
Озарбайжон маданияти тарихида тасвирий санъат бадиий адабиётга нисбатан секинроқ ривожланган. Озарбайжон санъатининг қадимий мероси ҳисобланган деворий суратларнинг энг мукаммали Уста Қамбар Қорабоғий (1830–1905) ижодида намоён бўлди. У Шекин хони саройининг таъмирлаш ишларида иштирок этган, Мехмандаров ва Рустамовлар уйининг ички деворларига суратлар ишлаган. Устанинг композицион бой ҳамда ранглар ечимига эга суратларида график чизиқлар мураккаб ўсимликсимон нақшлар билан уйғунлаштирилган. Қорабоғийнинг кейинги ишларида реалистик тасвир сезиларли даражада ўсиб боради.
Озарбайжон рассомларидан яна бир йирик вакили Мир Маҳсун Наввоб (1833–1918) шоир, мусиқа назариётчиси ва ҳаттот сифатида ном қолдирган. Унинг “Баҳр-ул Хазан” (“Бир дунё қайғу”. 1864 й. Боку, Озарбайжон Фанлар академияси Қўлёзмалар фонди) деб номланувчи ўз қўлёзмасига ишлаган иллюстрациялари энг машҳур асарлари ҳисобланади.
XIX асрларга келиб, Озарбайжон рангтасвирида дастгоҳли шакллар юзага кела бошлайди. Бу даврда етишиб чиққан портрет устаси Мирза Қадим Эривоний (1825–1875)нинг ижодида Ўрта аср Шарқ миниатюраси анъаналари билан чамбарчас боғлиқликда юзага келган. “Раққоса”, “Дарвеш”, “Паҳлавон”, “Суворий” каби портретлари Озарбайжон реалистик дастгоҳли рангтасвирининг дастлабки йирик намуналаридир. Баҳруз Кенгарли, Азим Азимзода каби йирик рассомлар ижоди ушбу йўналиш ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.
Озарбайжон рассомларининг изланишлари натижасида тасвирий санъатнинг барча йўналишлари ривожланиб борди. Рассомлар ижодида миллий анъаналарини давом эттирган ҳолда янги ижодий тажрибалар янгиланиб борди. Матода мойбўёқ билан ишлаш тажрибаси рассомликни мустақил ўрганган Алибек Ҳусейнзода (1864–1940) томонидан бошлаб берилади.
Азим Азимзоданинг сайи-ҳаракатлари билан профессионал рассомларни тайёрловчи Боку санъат билим юртига асос солингач, рангтасвирнинг барча йўналишлар бўйича ижодкорлар авлоди етишиб чиқади. Боку санъат мактабининг илк битирувчилари А.Рзақулиев, А.Қозиев, И.Қулиев, Г.Ҳолиқов, И.Охундов, Х.Мустафоев, С.Саломзода кейинчалик катта ижодий муваффақият қозониб, ўз даври санъатига мазмун бағишлайди.
ХХ асрнинг 50-йиллар Озарбайжон тасвирий санъати Т.Салоҳов, С.Бах­лулзода, М.Абдуллаев, В.Наримонбеков, Р.Бобоев, Н.Абдурахмонов, А.Жа­фаров, В.Самедова, Н.Қосимов, Э.Рзақулиев, С.Қурбонов, Т.На­ри­ман­бековлар ижоди билан характерланади. Р.Бобоев, Ю.Ҳусейнов, А.Ҳо­жиевлар графикада, рассомлар, Э.Ҳусейнов, Ф.Нажафовлар ҳай­кал­та­рошлик соҳасида забардаст асарлари билан ўзига хос мактаб яраган.
Манзара жанри Н.Қосимов, С.Бахлулзода, М.Тагиевлар ижодида чин маънода камол топади. Уларнинг асарларида Озарбайжон табиатининг бетакрор манзаралари моҳирнона муҳрланади. Мавзули (тематик) рангтасвир бўйича Э.Рзақулиев, Х.Ҳақбердиев, Б.Алиев, Л.Файзуллаев сингари рассомларнинг ижоди келгуси авлод учун муайян маънода намуна вазифасини ўтаб келмоқда.
Озарбайжонда қадимдан шаклланган тасвирий санъатнинг яна бир йў­налиши – ҳайкалтарошликнинг янгиланишига ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Бокуда шаҳарсозликнинг тез суръатларда ривожланиши, янги қурилаётган биноларни тарихий услубда ҳайкаллар билан безатиш, тошга нақш ўйиш санъатининг қайта туғилишига сабаб бўлади. Бокуда биринчи ҳайкалтарошлик устахонаси С.Гордецкий томонидан ташкил этилган. Зейнал Абдинбек Алиев озарбайжонлик биринчи профессионал ҳайкалтарош саналади.
ХХ асрнинг 50-йиллари Москва ва Санкт-Петербургда таҳсил олган бир гуруҳ озарбайжон ҳайкалтарошлари ижодий майдонга чиқишади. Т.Мамедов, О.Элдоров, Х.Абдуллаев, М.Мирқосимов, С.Қулиев, К.Алиакбаров, Э.Ша­милов, Г.Сужаддинов, А.Мустафоев, Ф.Нажафов, Э.Ҳусейнов каби ҳай­калтарошлар шулар жумласидан.
Озарбайжон замонавий тасвирий санъатида миллий анъаналар Ғарбий Европа санъатига хос йўналишлар билан бойиб бормоқда. Мустақиллик даврида дастгоҳли рангтасвир, минатюра, графика, ҳайкалтарошликда – тасвирий ва амалий санъатнинг барча йўналишлари мавзу ва жанрлар қамрови ўзгара бошлади.

Асалхон РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн институти
(PhD) таянч докторанти

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x