ОЗАРБАЙЖОН ШЕЪРИЯТИДАН

Расул РИЗО

(1910–1981)

  РАНГЛАР ТУРКУМИДАН

 

             Оқ ранг

 

Уйқудаги гўдак табассуми.

Умид.

Таъмасиз бир яхшилик.

“Сизда саратон йўқ”, –

сўзлари айтилган дақиқа.

Инсон саодатига сабаб бўлувчи ҳамма нарса…

Ҳатто –

Тасалли учун айтилган ёлғон.

Ва яна инсоний бир дўстлик.

 

Оқ рангнинг севинч туси

 

Бувининг белбоғи.

Ватан тупроғи.

Гул очган баҳор бутоғи.

Кабутар қанотлари.

Шимол қори.

Гўдакнинг сутга буланган юз-кўзи.

Шўрвага юзламча ботириб чиқарилган

Қошиқдан олинган лаззат.

Шубҳалар тарқаб кетган кун.

Дўстнинг қўли.

Ечилган тугун.

Инсон номига лойиқ

Ишлар, ишлар, ишлар.

 

             Бўзранг

 

Кўпларга қоришиб йитганлар.

Ҳар тупроқда битганлар.

Жонсиз бармоқлар орасида

сўнган сигаретнинг узун гули.

Еткин гуллар – елим қоғозга ўроғлиқ.

Бўш кунлар,

бўш юраклар.

Ҳам ундоқ, ҳам бундоқ одам.

Одатдаги кўнгилсиз кулги.

Совуқ танҳоликдан

сочларга қўнган кумуш.

Етим бир қизалоқнинг

униқиб кетган этаги.

Вақтнинг туссизлиги.

 

Мовий

 

Долғасиз денгиз.

Изтиробсиз муҳаббат.

Самонинг теранлиги.

Дегонинг “Раққосалар”и,

Ёш бир рассом чизган қуёш.

Кўзлар осойишталиги.

Инсоннинг ўйлари.

Муз ороллар орасида

сув кўчалари.

 

             Қора

 

Номард душман.

Шуурга яширинган қўрқув.

Абадий айрилиқ азоби.

Яшаш учун суринганлар издиҳоми.

(Хаста бўлиб суринганлар бундан хориж).

Ғирт ёлғон.

Дудоқларни куйдирган оҳ.

Қатл кунига очилган сабоҳ.

Доғ тушган сўзлар.

Кўзлардаги учқун.

Сочлар, қошлар.

Қоранафас бўлган жайроннинг эти.

Ва яна

баъзи инсон нияти.

 

Фикрат СОДИҚ

 

(1930 йилда туғилган)

 

Умид мендан юз ўгирса

 

Умид мендан юз ўгирса,

Деразамни чертса қўрқув,

Бир қўлимдан қўбиз тутар,

Бир қўлимдан Дада Қўрқут.

 

Ғариб бўлсам ёт элларда,

Тентирасам Ғариб каби –

Оқ отида учиб келар

Кўмак учун Хизир Наби.

 

Танг қолибон дорга тушсам,

Йўққа чиқса ёлғон-тўғри,

Тез жўнатар Хон Авазни

Додимга жўмард Гўрўғли.

 

Умр қанча аччиқ бўлса,

Хаёл айлар уни ширин.

Ширин-ширин эртакларда

Таянчи бор ҳар шоирнинг.

 

 

 

Юсуф ҲАСАНБЕК

 

(1932 йилда туғилган)

 

Денгизга бир юрак бер

 

Денгизга бир юрак бер,

Денгизлик кўрмоқ истасанг,

Маёқ берма,

Кўрфаз берма,

Шамол берма,

Туман берма,

Қасирға бер,

Пўртана бер,

Ўзи қадар бир долға бер унга.

Қояларни бер,

Кўтарсин байроқ каби

Уфқлар ўртигида.

Қориштирсин бир-бирига

Тубидаги

Тошларини, қумини.

Тўсолмасин ҳеч нарса унинг

Гувиллаши,

Ҳамласи, ҳужумини.

Силкаласин соҳилларни –

Еру само титрасин тинглаб

Унинг гулдурагини.

Денгизга бир юрак бер,

Денгизлик кўрмоқ истасанг,

Бергин унга

Оддий инсон юрагини.

 

             Айри тушмасин

 

Эшигинг зулфига бир қулф бўлойин,

Сен очмасанг мени, очмасин ҳеч ким.

Боғчангда йиғлайин бир булоқ каби,

Сен ичмасанг мени, ичмасин ҳеч ким.

 

Билмадим, ағёрнинг менга қасди на?

Токайгача чидай ҳижрон дастина.

Кўприк бўлай, ёрим, сойлар устина,

Сен кечмасанг мени, кечмасин ҳеч ким.

 

Бу ўлкада ботиб қолмиш кемам-да,

Кема ичра қолдим мен шўрлик ғамда.

Бу ёр танлаш пайти, сайлу сайрамда

Сен сечмасанг[1] мени, сечмасин ҳеч ким.

 

Юсуфни паришон кўрсанг, эй гулим,

Айтким, ноком ишқдан чекарсан зулм.

Сой эдим, дарёга етмади қўлим,

Дарёсидан айри тушмасин ҳеч ким.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Аббос АБДУЛЛА

 

(1940 йилда туғилган)

 

* * *

Чиқди қишлоғидан шоир бир ўғлон,

Бир она оғуши қолди ўғилсиз.

Она “Ёлғизман” деб осмади қозон,

Қолди ўчоқ-қозон ўтсиз-ўтинсиз.

 

Эл ундан хафадир, у эса элдан,

Ўзининг гуноҳин сўнг англаб олмиш –

Бир шоир юраги осилган қилдан,

Бир гўзал оғуши онасиз қолмиш…

 

 

Дунёнинг менсиз шаҳарлари

 

Бу дунёнинг шаҳарлари

Мени орзу қилармикан?

Уйларига меҳмон бўлсам,

Танирмикан, билармикан?

 

Осмонга устун томлари,

Гул ёзади бодомлари,

Мен йиғласам, одамлари

Кўз ёшимни силармикан?

 

Бу дунёнинг кўприклари

Боғлаб турар кўкни, ерни.

Йўлга боқар Табриз шаҳри,

Менга толе кулармикан?

 

Дўст қучгали қўллар очиқ,

Боғлиқ қолган йўллар очиқ.

Қараб турма, йўлларга чиқ!

Шундоқ бир кун келармикан?

 

Шундоқ бир кун етса келиб,

Бу соҳилдан унга елиб,

Тўйга кетдик, деб севиниб

Аббос шунда ўлармикан?

 

 

 

 

             ҲИДОЯТ

 

 (1944 йилда туғилган)

 

             * * *

Баъзан куз бўлурсан, баъзида баҳор,

Қишингда сочимга эланади қор…

Гоҳ сиғмас кўксимга туйғулар зинҳор –

Нега мени соқит қўймайсан, юрак?

Ширин хаёллардан тўймайсан, юрак.

 

Севасан инсонни, табиатни сен,

Қайдан топдинг бундоқ муҳаббатни, сен?

Излаб тинмагайсан саодатни сен…

Мен-да ингроғингни туяман, юрак,

Сен билан ёнаман-куяман, юрак.

 

Аср асаблари елкангда юкдир,

Дард-ғаминг дунёдан юз бор буюкдир.

Сенга айтолмаслар: ишқинг сўникдир;

Кўкда минг юлдузга ҳайронсан, юрак,

Ерда-чи, бир қизга қурбонсан, юрак.

 

Сирдирсан, билгисиз коинотинг бор,

Ғамгин фурсатинг бор, хуш соатинг бор…

Сенинг-да, сенинг-да, ўз ҳаётинг бор,

Менга суръат берган тўфонсан, юрак!

Сен – само, сен – дарё,

Жаҳонсан, юрак…

 

* * *

Эсади сарсари кузак еллари

Бургутли тоғларга чанг тушган замон.

Юрагим ловуллар, юрагим ёнар

Хаёл осмонимга сен тушган замон.

 

Ахир, не қолади менинг изимдан?

Билакдан куч кетса, қувват тизимдан,

Қайтмасман илк ишқим – ёниқ сўзимдан

Қора сочга оппоқ ранг тушган замон.

 

Илҳом – гоҳ ҳолсиз сой, гоҳ жўшқин кулак[2],

Ҳар мисра юракдан чиқмоғи керак,

Қани, не туяркин сендаги юрак,

Унинг эшигига ман тушган замон!

 

Султон МЕРЗИЛИ

 

(1948 йилда туғилган)

 

 

             ЯШАТАР МЕНИ

 

Бу куз ёмғиридан бўсалар олдим,

Хотирлатди сенинг кўз ёшларингни.

Ҳар дафъа янгидан дунёга келдим,

Юзимда туйганда боқишларингни.

 

Ўп мени, ўп мени ёмғир томчиси,

Умр деганлари бу бир томчи сув!

Менинг муҳаббатим юракдан келур,

Қурит ёшларимни, кўзда қолмасун.

 

Ол юрагимни, бир япроққа ўра,

Исминг муҳрланган дудоққа ўра.

Мен сени ишқимга ватан билганман,

Ўшал бир ҳовуч тупроққа ўра.

 

Ювар юз-кўзимни бу куз ёғиши,

Малак навозишли бир қиз боқиши,

Куздан мени олгил, етказ баҳорга,

Унутай ҳасратни, унутай қишни.

 

Япроқлар тўкилиб, тўзғитар мени,

Томчилар сепилиб, музлатар мени,

Бу бегона юртда ўлиб кетардим,

Сенинг муҳаббатинг яшатар мени!

 

БИР ҲОВУЧ ТУПРОҚ

 

Сайёҳлар дерларки,

Тушсанг ғурбатга,

Унда ғариблар бор – ҳасратда адо.

Тенгдир зиёратга,

Тенгдир турбатга,

Келтирсанг ватандан бир ҳовуч тупроқ.

 

Олиб бор,

Минг карра бадал оласан,

Биров олтин берар,

Биров лаъл-гавҳар.

“Бир ҳовуч”… айтишга нақадар осон,

Она тупроқ беҳад оғир, биродар…

 

Ҳовучим тўлдирдим,

қўлларда титроқ,

Вақт мисоли оқиб, тўкилди тупроқ…

Кафтимда Кура, Араз шиддати,

Кўзимда Савалан ростлади қаддин.

 

Кўрдим бир дунёдир, сиғмайди кафтга,

Унингдир умидим, орзум, ризқ-рўзим.

Мен ундан бир ҳовуч қандоқ олайин,

Ахир, бир ҳовуч хок қарздорман ўзим?!

 

 

 

Воқиф ЖАБРОЙИЛЗОДА

 

(1949 йилда туғилган)

 

Тоғларнинг у томонида

 

О жоним йигитлар,

Кўзим арслонлар,

Дор оғочига осилганлар

Чўзила-чўзила

Оёқ бармоқларнинг учидан

Илдиз отдилар тупроққа.

 

Ўғиллар

Дор оғочидан чўзилганда тупроққа

Туманли тоғларнинг у томонида

Нораста болалар куч йиғардилар

Ҳовлидаги қора тошларни суриб.

Болалар ҳам куч йиғиб

Илдиз отдилар тупроққа.

 

Ўғиллар

Дарахт бутоқларидек

Ён-ёнга ёйилганда

Туманли тоғларнинг у томонида

Оппоқ-оппоқ келин – тераклар

Ғамли-ғамли боқардилар оналарга.

 

 

 

 

Фикрат МУРСАҚУЛОВ

 

(1955–1989)

 

ТАСАЛЛИ

 

Ўқиб-ўқиб,

ёзиб-ёзиб,

Нур алифбосин ўргатмоқдаман

бармоқларимга.

Хуш кўрдик, кўзларим,

хуш кўрдик!

 

* * *

Таралган куйларнинг бир қўли кесик,

Юқори пардалар ғам қанотинда.

Ул чаман сафоси, осмон ғовури,

Хўнграйди кўксимда қафас ортинда.

 

Қориб аламига умидини ҳам,

Кўзлайди қўшиғи ёруғ кундузни.

Бир он кўрсам, дейди, ўлимдан аввал,

Бир гул ғунчасини, осмон юзини.

 

 

Аёз АРАБАЧИ

 

(1967 йилда туғилган)

 

КУЗ ОҚШОМИДА…

 

Бу куз оқшомида наргиз атри бор,

Уфуриб шошқалоқ кўкламдан келди.

Кел, ҳеч бўлмаса сен сўрма, қалбимга

Совуқ кунда баҳор қайлардан келди…

 

Кўнглим чечак очар шаббодалардан,

Овозинг ёмғирдек синггар жонимга.

Илк ишқнинг сарғайган мактуби каби,

Чинор япроқлари тушар ёнимга.

 

Ўтдим боғингиздан, ойна тагидан,

Орзумнинг сарҳади, девори йўқдир,

Юзимга икки ой боқди бу кеча,

Булут киприкларнинг хабари йўқдир.

Менинг сўзларимга лаб бурар эдинг,

Боқ, куз ҳам баҳордек билар қадрингни.

Ахир, сендан бошқа ким келтирарди,

Бу куз оқшомида наргиз атрини.

 

 

Улвий Юсуф ўғли Бунёдзода

 

(1969 йилда туғилган)

 

* * *

Мен ёнгандим ўтда бир кун

Сен ҳам тушасан, ёнасан.

Айланиб бир оқ каптарга,

Келиб елкамга қўнасан.

 

Ёшлик эди бошда тожим,

Энди оппоқ бўлди сочим.

Сен, эй, кўзлари қийғочим,

Қўлимга қўнган хиносан.

 

Дедим: “Гулим, кетма зинҳор,

Бахтим, ётма, бўлгин бедор,

Бу дунёдан кетишим бор”,

Нега сен йиғлаб ёнасан?

 

Бу савдодан жўшди қоним,

Юракда қайнар армоним.

Сен ўзгага эмас, жоним,

Бир Улвийга жононасан.

 

        ХОТИРАЛАР

 

Шаби ҳижрон етган сари,

Қочиб бўзлар хотиралар.

Висол умри битган сари

Яхлаб-музлар хотиралар.

 

Умрнинг гўзал онидан,

Ҳаётнинг қийлу қолидан,

Ёрнинг ҳажру висолидан

Нелар сўзлар хотиралар.

 

Қайтар хаёл илк йилларга,

Илҳом берар кўнгилларга.

Узун-узун бу йўлларга

Солур излар хотиралар.

 

Элдор БОХИШ

 

(1947 йилда туғилган)

 

             Қийини

 

Қийини – онадан туғилмоқ,

онадан туғилдингми,

ҳар ҳолда, улғаярсан

бу ер юзида,

жоним Маммад, кўзим Маммад.

 

Қийини – улғаймоқ,

улғайдингми,

китоблар беришар қўлингга,

ўтириб тинимсиз ўқиб чиқасан.

 

Қийини – китоб ўқимоқ,

китоб ўқидингми,

сева бошлайсан.

 

Қийини – севмоқдир,

севдингми,

боланг туғилар.

 

Қийини – боладир,

боланг туғилдими,

жоним Маммад, кўзим Маммад,

онадан туғилганинг

чиқар ёдингдан…

Жоним Маммад, кўзим Маммад,

қийини – онадан туғилмоқ.

 

[1] Сечмоқ – танламоқ, сайламоқ.

 

[2] Кулак – шамол

 

Озарбaйжoн тилидан  Усмон ҚЎЧҚОР таржимаси

2019/6

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x