Онага берилган заҳар

Қадим замонларда Лили исмли бир қиз турмушга чиқибди. Кўп ўтмай, қайнонаси билан бир уйда яшай олмаслигини англаб, тушкунликка тушибди.

Қайнона эса Лилининг ҳар бир ишидан камчилик топиб жанжал чиқарар, унинг сабр косаси борган сари тўлиб бораркан. Бироқ урфга кўра, у қайнонасининг барча инжиқликларига кўниб яшашга мажбур экан. Лилининг бунга сабри етмабди ва ўйлай-ўйлай, отасининг Хуанг исмли гиёҳ сотувчи дўсти ёнига борибди. Унга қайнонасини ўлдириш учун заҳар кераклигини айтибди. Хуанг эса унга: “Сен оддий оғу ишлатмаслигинг керак. У ўзидан сўнг асорат қолдириб, шубҳа уйғотиши мумкин. Сенга шунақа заҳар берайки, у одам танасига секинлик билан таъсир қилади ва ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди. Сендан ҳеч ким гумон қилмайди”, дебди.

Кейин қаттиқ тайинлабди: “Заҳарни бергач, қайнонангга ширин гапир, гап қайтарма, жанжаллашма. Нима иш буюрса, оғринмасдан, чин кўнгилдан бажар. Доим хизматига шай тур, унга итоат эт. Қарабсанки, кўп ўтмай, мақсадингга эришасан, сабрли бўл”.

Лили доришунос айтганидек, қайнонаси билан хушмуомала бўла бошлабди. Буюрганларини рад этмай бажарибди. Бироз вақт ўтиб, уни ўз онасидек яхши кўриб қолибди. Орадан бир ой ўтгач, Лили Хуаннинг ёнига йиғлаб келибди. “Заҳарни қайнонамга бердим. Аммо мен энди аввалгидек уни ёмон кўрмайман, ўз онамдек бўлиб қолди. Илтимос, бир иложини қилиб, уни даволанг”, деб йиғлаб ёлворибди. Шунда Хуанг: “Йиғлама, мен сенга ҳеч қандай заҳар берганим йўқ. У шунчаки, соғлиқни янада мустаҳкамловчи гиёҳ эди, холос”, дебди. Лили хурсанд бўлганича уйига югурибди. Кела солиб: “Сиз менинг онамсиз!” дея қайнонасини қучоқлабди.

 

Инглиз тилидан

Озода ВАЛИЕВА

таржимаси

 

“Оила даврасида”дан олинди.

https://saviya.uz/ijod/nasr/onaga-berilgan-zahar/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x