Китоб мутолааси инсонни нафақат маърифатли, маънавиятли қилишга хизмат қилади, балки унинг саломатлигиучун ҳам фойдали экани билан аҳамиятли. Хўш, китоб мутолааси инсон саломатлигига қайси жиҳатлари билантаъсир этиши мумкин?
– Ҳаётдаги кундалик муаммоларнинг таъсири асаб тизимига, асаб толаларининг зўриқишига олиб келади, – дейди невропатолог Зафар БЎТАЕВ. – Бунинг таъсирида баъзан кимдир қаттиқ тушкунликка тушиб қолади, кимдир эса кучли асабийлашишдан руҳий касалликка чалиниши мумкин. Мана шундай ҳолатларда кўп китоб ўқиган одам йўлини топиб кетишга ўзида куч топади. Китобга алоқаси бўлмаган инсон муаммо олдида ожизлик қилиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам мутолаанинг асабларни тинчлантиришга, кундалик чарчаш синдромини бартараф этишга, тушкунликка барҳам беришга, хотира пасайишининг олдини олишга, эшитиш қобилиятини кучайтиришга катта фойдаси бор. Агар кучли асабий ҳолатда туриб, олти дақиқа китоб ўқилса, инсон хотиржамликка эришади. Бу усулни анъанавий қоғоз китобда қилиш керак.
Атрофимизда китоб нима, унинг мутолааси қандай куч эканини англаб етмаётган ёшлар сони оз эмас. Мавриди келганда фарзандини ўқишидан кўра оғир меҳнатини афзал билгувчи ота-оналар ҳам кам эмас. Уларга китоб мутолааси, билим олиш ҳақида гапирсангиз уни зерикарли машғулотлар сифатида билиши тайин. Бугунги кун муаммосига айланган ёшлар орасидаги маданиятсизлик, қўполликлар, зўравонлик туйғуларининг сабаби, мана шу турмуш тарзидан пайдо бўлмаяптимикан?
– Қизиқарли ва ўқувчининг ҳаётига таниш бўлган асарни топиб ўқиш ҳар қандай кишини ҳам яхшиликка чорлашга қодир, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова. – Мутолаа инсонга гўзаллик, эстетик дид, яхши хулқ, хушмуомалалик, сўзамолликни бахшида этади. Ўқувчининг дунёқарашини кенгайтириб, ширинзабон қилишга ёрдам беради. Бугун китоб топиш, уни мутолаа қилиш муаммо эмас. Бунинг учун барча шароитлар етарли. Бизнинг болалигимизда-чи? Китобнинг ўзини топиш мушкул эди. Шунинг учун битта асарни жамоа бўлиб, тунлари дугоналаримизнинг уйига бориб ёки ёши катталарга ҳамроҳ бўлиб ўқирдик. Бироқ бугунги ёшлар бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланяпти, дея олмаймиз. Интернет уларнинг ҳаёти мазмунига айланиб боряпти. Аммо ҳеч ким китоб ўқимаяпти, дейиш ҳам нотўғри. Шунчаки фарзандларимизнинг болалигидан телефон ёки компьютерга эмас, китоб мутолаасига қизиқиши орттириб борилса, янада фойдали бўларди. Бугунги болалар сабрсиз, замон каби шиддатли. Фақат уларнинг қизиқишини фойдали машғулотларга тўғри йўналтиришимиз керак.
– Китобни ўқиш ва уни яхши тушуниш учун, аввало, кўз соғлом бўлиши керак, – дейди офталмолог Дилшод НАБИЕВ. – Китобни кўзга яқин қилиб ўқиймиз. Шу боис, электрон китоблар оддий китоблардан кўра кўзни тез чарчатади. Электрон нурлар эса турли кўз касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун, китоб ўқиётган хонамизда етарлича кислород ва керакли ёруғлик бўлиши керак. Тоза ҳавода ўқилса, янада яхши. Китобга тушадиган нур ҳам кўзимизни қийнаб қўйиши керак эмас. Ёруғ тўғри бўлиб тушиши керак. Ётиб ўқиганда ўпка билан юракка ҳаво етиб бормайди. Нафас олиш қийинлашади. Китоб ва кўз оралиғи 15-20 сантиметр бўлади. Натижада одам тезда толиқиб қолади. Китобни ўтириб ўқиш кўз учун фойдали. Шунингдек, 45 дақиқа ўқиб, 5-10 дақиқа кўз ва мияга дам бериш лозим. Бу ҳолат кишига китобни таҳлил қилиб олишга ва хотирада сақлашга ҳамда кўзни дам олдиришга ёрдам беради.
Оддий чўпон ёки қурувчи, иқтисодчи, ошпаз, хуллас, ҳамма ўз соҳасида ижодкор ҳисобланади. Буни янада бойитишда эса китоб бизга ҳамроҳлик қилади. Изланиш, умумий саводхонликни ошириш, ўз қобилиятини ривожлантириш, соҳанинг устаси бўлишда мутолаанинг ўрни беқиёс.
Соҳиба СУЮНОВА
“Оила даврасида”дан олинди.
https://saviya.uz/hayot/nigoh/olti-daqiqa-mutolaa-xotirjamlikka-erishish-uchun-kifoya/