Хат – ғалат, маъно – ғалат…

Тилнинг юксак мақоми

Ҳозирги замонда давлат тили мақомига эга бўлмаган тилларнинг юксак даражада равнақ топишига асло ишонманг.

Мана, 28 йилга яқинлашяптики, ўзбек тили – давлат тили. Хусусан, мустақилликка эришганимиздан кейин она тилимиз тараққиёти учун жуда катта қулайликлар юзага келди. Шу тилда давлат сиёсати олиб бориляпти. Оммавий ахборот воситаларининг миқдор-миқёси шу қадар кенгайиб кетдики, мамлакатимизда ҳар куни ўзбек тилида амалда қанча оғзаки ва ёзма матн тузилаётганини ҳисобга олишнинг ҳеч имкони йўқ.

Нутқимиз ўсди. Лоф эмас, ҳозирги пайтда радио ёки телевидение ходими микрофон тутса, катта-кичик ҳар қандай ўзбек ўз фикрини равон ифодалай оладиган даражага келди. Ўзбек тилини яхши биладиган бошқа миллат ва элатлар вакиллари сони ҳам ошиб бораётир.

 

Қизим, сенга айтаман…

Буюк Алишер Навоийнинг устози ва пири Абдураҳмон Жомийнинг:

Нусхаи ошуфтаи девони

умри мо мапурс,

Хат – ғалат, имло – ғалат, иншо – ғалат, маъно – ғалат, –

деган машҳур бир байти бор. Ундан: “Умримиз девонининг ошуфта нусхасини сўрама, (унда) хат (ёзув) – хато, имло – хато, иншо – хато, маъно – хато”, – деган маъно-мазмун англашилади.

Албатта, бу ерда шахс ҳаётининг хатоликлар билан ўтгани ҳақида сўз боряпти. Шоир буни “девон” истиораси орқали ифодалаган. Лекин зимдан муаллиф бу билан, ўша замондаги “хат – ғалат, имло – ғалат, иншо – ғалат, маъно – ғалат” шеърий девонлар ҳам бўлганига ишора қилмаган, дея олмаймиз ҳам.

Тил бор экан, у равнақ топади. Аммо бу тараққиёт тинимсиз равишда мавжуд хатоликларни аниқлаш ва тузатиш орқали кечади. Шу маънода тилимиз билан боғлиқ муаммолар ҳам етарли. Уларни бартараф этиш учун аввал масаланинг ўзини, уни қандай қилиб тузатиш мумкинлигини аниқлаштириб олиш зарур.

 

“Холтоев”ми ёки “Калтаев”?

Шўро даврида Холтой ака ўғил кўриб, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун қишлоқ советига борибди. У ерда ўзбек тилини чалароқ биладиган, рус мактабини тугатган бир киши ишлар экан. У киши отларини сўраган экан, “Қолтой”, – дебдилар қишлоқларидаги талаффуз билан. Албатта, котиб сўзларни русчага мослаб ёзишга ўрганиб қолган. “Қ”ни “К”, “о”ни “а” ёзиш кераклигини билади. Ҳужжатга “Калтаев” деб ёзибди-да…

Ўшандан бери Холтой аканинг ўғиллари ҳар гал “Калтаев” деб фамилияси ўқилганда, бир қизаради, бир бўзаради. Чунки ўзининг бўйи икки метр экан-да. Фамилияси бўйига тамоман тескарилиги бошқаларда кулги қўзғашидан норози бўлар экан.

Лекин… Шуни бориб ўзгартириб келиш мумкинлигини 60 йилдан бери ўйлаб кўрмайди.

Иложи бор. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 226-моддасида фуқароларга шундай ҳуқуқ берилган.

Хўш, фамилия, исм ва ота исми қандай ҳолатларда ўзгартирилади?

Агар фамилия, исм ва ота исми эшитилишда ёқимсиз бўлса; фуқаронинг миллатига тўғри келмаса; хоҳишига қараб, никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан кейин ҳам) қайтиш фикри пайдо бўлса; оилада бир хил фамилияда бўлиш истаги туғилса (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилияни танламаган бўлса) ва бошқа узрли деб топилган асосларга кўра ўзгартирилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги қонунининг 15-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахслар – миллатидан қатъи назар, фамилия, исм ва отасининг исмини миллий-тарихий анъаналарга монанд ўзгартириш ҳуқуқига эга. Ички ишлар бўлимлари 30 кун мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, ўз хулосасини беради. Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими хулосани олгач, ҳужжатлар асосида фамилия, исм ва отасининг исмини ўзгартириш ёки бу таклифни рад этиш тўғрисида асослантирилган хулоса тузади ва далолатнома ёзувига тегишли ўзгартиришларни киритиб, фуқарога янги гувоҳнома беради.

Эринчоқлигимиз, ҳужжатбозликлардан ўзимизни олиб қочишимиз оқибатида кўпларимизнинг шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатларимизда фамилиямиз, исмимиз, ота исмимиз хато ёзилган.

Маълумки, бизда фуқаро 16 ёшга тўлганда унга паспорт берилади. Агар фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш эҳтиёжи бўлса, бу ишни паспорт олгунига, яъни 16 ёшга тўлгунига қадар амалга оширган – ҳар тарафлама маъқул. Чунки юқорида қайд этилган узрли сабаблар бўлганида ёки “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига кўра, фамилия, исми ва отасининг исмини ўзгартириш истагини билдирган ота-она ёки 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган боланинг аризаларига асосан, ФҲДЁ бўлими томонидан ариза қабул қилинган куниёқ масала ҳал этилиши мумкин.

Шўро даврида паспортга ҳам ўзбекча, ҳам русча қилиб фамилия, исм ва ота исми ёзилар эди. Албатта, кўпинча “ў”, “қ”, “ғ”, “ҳ” ҳарфлари русчага “у”, “к”, “г”, “х” бўлиб ўтар эди. Собиқ Иттифоқда давлат тили рус тили бўлгани учун давлат идораларида русчаси бирламчи аҳамиятга эга ҳисобланар, ички ишлар тизимида русчаси асосий кучга эга эди. Фуқароларга Ўзбекистон Республикаси паспорти берилаётганда, албатта, русчасига суяниш қоидасига амал қилинган.

Бундай ҳолатга дуч келган фуқаролар – агар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси фамилияси, исми ва ота исми ўзбекча қандай ёзилган бўлса, янги паспортига шундай ёзилишини талаб қилишга ҳақли.

”Отлиқ” – ким?

Ўзбек тили кўп узоқ йўлни босиб ўтган. Йўл-йўлакай ўзига керакли нарсаларни “қўлтиқлаб” келаверган. Баъзи сўзу ифодаларимиз халқона талқинларда эски шаклини айнан сақлаб ҳам қолаверади.

Масалан, бир камёб нарса ҳақида гап кетса: “Бу нарса отлиққа йўғ-у…” – деб қўйилади. Бу ердаги “отлиққа” сўзини айримлар суворий, яъни от минган киши маъносида тушунар экан. Йўқ, агар бу иборада агар “отлиқ”, чиндан ҳам, суворийни англатса эди, у, бу нарса бой одамда йўғ-у, камбағалда қаёқдан бўлсин, деган маънода келиши керак эди. Шундан келиб чиқиб, баъзилар ҳозир: “Бу нарса отлиққа йўғ-у, пиёдада қаёқдан бўлсин”, – деб ишлатишяпти. Мабодо, шундай бўлганида эди, ибора “отлиққа йўқ” эмас, “отлиқда йўқ” бўлиши керак эди.

Ҳолбуки, ўрин-пайт келишиги қўшимчаси (-да) ўз ўрнида ишлатиладиган шеваларимизда ҳам ибора “отлиққа йўқ” тарзида қўлланади. Аниқ бўлдики, бу ерда гап от минган киши ҳақида кетаётгани йўқ.

“Отлиққа” дегани бу ерда “номига”, “отига” деган маънода келади. Яъни, бу ибора, бу нарса, ҳатто, номини тилга олиш учун ҳам топилмайди, деган маънони англатади.

Тилимизда “номига” сўзининг “атиги” деган маънодоши ҳам бор. “Атиги” ҳам, аслида, “номига” калимасига маънодош бўлган “отига” сўзининг талаффузда ўзгарган шакли (“атига” – “атиге” – “атиги”), холос.

 

Гап… “буғдойда”ми?

Худди шундай бир хатони яна бир мисолда кўрамиз.

“Гап унда эмас, ака, буғдой-да”, – деб ёзади баъзи бир адибларимиз.

Демак, кимлардир, бу иборадаги “унда” сўзида гап буғдойдан олинадиган ун ҳақида кетяпти, деб тушунар экан-да.

Ҳолбуки…

“Гап унда эмас”, “гап бунда эмас”, – деган иборалар, аслида, гап бошқа ёқда эканини айтиш учун қўлланади. Демак, бу ердаги “у” – олмош, у ўрин-пайт келишигида келгани учун орага “н” қўшилади. Бу ердаги “гап унда эмас” ибораси русча “дело не в этом”нинг айнан сўзма-сўз таржимаси, холос.

Демак, бу иборанинг буғдойга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Модомики, тилимиз халқимизнинг бебаҳо бойлиги экан, ҳар биримиз уни асраб-авайлашга, сўзу ибораларни бузмай ва ўринли қўллашга масъулмиз.

 

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари номзоди

 

“Оила даврасида”дан олинди.

https://saviya.uz/hayot/nigoh/xat-galat-mano-galat/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x