Олим Қўчқорбеков (1932–2015)

Олим Қўчқорбеков 1932 йилнинг 12 августида Тошкент шаҳар Бешёғоч даҳасига қарашли Қатортол мавзесида деҳқон оиласида дунёга келган. Ўрта мактабдан сўнг 1951–1957 йилларда Ўрта Осиё Давлат университетида ўқиган.

У ўқишни тугатгач, қарийб қирқ йил давомида “Муштум”да фаол ва изчил меҳнат қилди. Оддий адабий ходимликдан бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари даражасигача кўтарилди. У бир вақтнинг ўзида ҳам болалар, ҳам катталар адабиётига хизмат қилди. Биринчи шеъри 1948 йилда матбуотда эълон қилинди. Шундан сўнг болалар учун “Чоричамбар” (1963), “Сирли хум” (1969), “Қайсар бузоқча” (1974) каби китоблари нашр этилди.

Сўнгра кетма-кет “Куйларим ва ўйларим” (1960), “Умрим боғида” (1970), “Кўнгил мезони” (1972), “Ваъзхон ва Зағизғон” (1974), “Нозик кўнгил” (1983) каби шеърий тўпламлари юзага келди.

Шу даврда “Биринчи сорт бўйдоқ” (1969), “Саломига яраша” (1982) каби ҳажвий асарлари чоп этилди. Унинг “Лўли бола” номли илк қиссаси 1978 йил босмадан чиқди. 1980 йилга келиб адибнинг Бухоро амири Олимхоннинг сўнгги маъшуқаси ҳақидаги “Сўнгги каниз” романи “Шарқ юлдузи” журналида “Инқироз” номи билан эълон қилинди. “Амирликдан маҳбусликка” деган романи ҳам ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди.

Олим Қўчқорбековнинг бир қатор ҳажвий асарлари ўз вақтида машҳур “Наштар” сатирик киножурнали саҳифаларидан ўрин олган эди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Олим Қўчқорбеков қандай жанр ва қайси мавзуга мурожаат этмасин, ҳамиша инсонларни покликка, ҳалолликка ва энг муҳими, комил инсон бўлиб яшашга даъват этиб қалам тебратди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/olim-qochqorbekov-1932-2015/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x