Кўпинча (масалан уйни таъмирлагандан сўнг, янги хонадонга кўчиб ўтгач ёки мебеллар харид қилганда) юкни кўтариб белгиланган жойга элтиш зарур бўлади. Шундай вақтда эҳтиётсизлик қилинса, киши бирор жароҳат олиши ҳам мумкин. Аслида ўта оғир юкларни кўтариш инсон саломатлиги учун зарарли бўлиб, қуйидаги хавфли ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин:
- Умуртқа поғонаси остеохондрози хуруж қилиб, зўрайиши;
- Мушакларнинг зўриқиши ва мушак спазми ривожланиши.
- Умуртқалараро диск чурраси, шунингдек киндик ёки чов чурраси юзага келиши.
- Радикулопатия (спинал илдизчалар синдроми) – кўп кузатиладиган невралгик синдром бўлиб, бунда умуртқа поғонасидан чиқадиган нервларнинг сиқилиб қолиши оқибатида тананинг турли соҳаларида, шу жумладан бўйин, қўл-оёқ, бел ёки тананинг орқа қисмида оғриқ пайдо бўлади.
- Бавосир хуружи рўй бериб, геморроидал қон кетиши.
- Бачадон тушиши (аёлларда).
Оғир юк кўтаришга зарурат туғилганда қуйидаги маслаҳатларга амал қилинг:
- Юкнинг оғирлигини тахминан чамалаб кўринг.
- Юкка иложи борича яқинроқ туринг, оёқларингизни кенгроқ очинг, юк оёқларингиз орасида турсин. Мувозанатни сақлаш учун бир оёғингизни сал олдинроққа суринг.
- Чўкка тушинг, гавдангизни тўғри ушланг, қўлларингизни юкнинг остига киритиб, уни маҳкам ушлаб олинг.
- Юк кўтараётганда оёқларингиз мушакларини зўриқтиринг, гавда орқасидаги мушакларни эса зўриқтирманг.
- Оғир юкни кўтараётиб гавдангизни бурманг, чунки бу хол бел санчиб оғриб қолишига сабаб бўлади.
- Иккала қўлда биттадан оғир сумка (пакет, халта) ни кўтариш битта қўл билан битта оғир сумкани кўтаришдан хавфсизроқ. Чунки умуртқа поғонасига тушаётган оғирлик бир текисда тақсимланиши лозим.
- Юк кўтараётганда ва ташиётганда гавдангизни текис ушланг. Умуртқа поғонаси учун оғир юкдан ҳам кўра бир текис тақсимланмаган оғирлик тушиши хавфлидир.
- Агар киши юкни гавдасини қийшайтириб, бир томонга оғиб кўтарса, у унча оғир бўлмаган юкни кўтариш натижасида ҳам жароҳат олиши мумкин.
- Организми жуда нозик бўлганлиги сабабли қизлар ва аёлларга оғир юк кўтариш тавсия этилмайди.
Феруза АЙХОДЖАЕВА,
1-республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси, шифокор.