Авитаминоз сабаблари

Баъзан ҳазм фаолиятидаги нуқсонлар туфайли истеъмол қилинадиган овқатларнинг ичакда ўзлаштирилиши бузилади. Айрим ҳолларда эса ичак микроорганизмлари томонидан организмда витаминлар синтез қилиниши сусаяди. Бу ҳар икки ҳолат ҳам кишида авитаминоз (витамин танқислиги)ни келтириб чиқаради.

Бир қанча омиллар, масалан, доим бир хил егуликлар (айниқса, рафинадланган, қуритилган ва консерваланган маҳсулотлар)ни истеъмол қилиш, кундалик овқатланишда янги мева ва кўкатларнинг бўлмаслиги, маҳсулотларни нотўғри сақлаш, овқат пиширганда сабзавотлардаги зарур витаминларнинг парчаланиб кетиши, ақлий ва жисмоний толиқиш сингарилар витамин танқислигига сабаб бўлиши аниқланган.

Меъда-ичак касалликлари (гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси)да, ҳатто гижжа касалликларида организмда витаминлар сўрилиши бузилади. Аёлларда эса ҳомиладорлик ва бола эмизиш даврида ҳамда киши айрим антибиотиклар – сулфаниламид препаратлари узоқ вақт ичиб юрганда витамин етишмовчилиги келиб чиқади.

Авитаминоз рўй берганда, аввало танага қайси витамин етишмаётганини аниқлаб олиш муҳим аҳамиятга эга. Шундан сўнг бемор шифокор маслаҳатига кўра поливитаминларни қабул қилиши ёки янги мева ҳамда сабзавотларни истеъмол қилиш орқали тананинг кундалик дармондориларга бўлган эҳтиёжини қондириши мумкин.

Унутманг, ўзида А ва Е витаминларининг хусусиятларини жамлаган баъзи препаратлар авитаминозни қисман бартараф этишга мўлжалланган. Лекин бундай препаратлар шифокор маслаҳатисиз ичиб юрилса, тескари натижа бериши мумкин. Чунки кишида зимдан кечаётган ёки сурункали тус олган баъзи хасталиклар (масалан, юрак етишмовчилиги, буйрак яллиғланиши, тиреотоксикоз ёки диффуз токсик буқоқ) мавжуд бўлганда бундай препаратларни қўллаш умуман мумкин эмас.

Маслаҳат шуки, тўғри овқатланиш ва егуликларни янгилигича сақлаш авитаминознинг олдини олишини ёддан чиқарманг. Масалан, картошка ва бошқа сабзавотлар совуқ сувга солиб пиширилса, таркибидаги витаминларнинг 30 фоизи нобуд бўлади. Агар қайнаб турган сувга солсангиз витаминлари тўла сақланади.

Баргли ўсимликлар (исмалоқ, салат-коҳу, шовул)ни қайнатиб ёки қовурсангиз идиш қопқоғини, албатта, ёпинг, акс ҳолда таркибидаги 70 фоиз витамин йўқолиб кетади.

Сабзавот маҳсулотларини зангламайдиган металл ёки чўян қозонларда пиширсангиз, таркибидаги витаминлар парчаланмайди. Наъматак қоқиси қайнатиб ичиб юрилса, организмда аскорбат кислота танқислиги рўй бермайди. Ошкўкларни кўп харид қилманг, чунки улар бир кундан кўп сақланса, таркибидаги С витаминининг 40-60 фоизи йўқолади.

Нигора ТУРСУНОВА, шифокор, педагог.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x