Шеърият мулкининг султони, улуғ мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби ҳазрат Алишер Навоий сиймоси нафақат ўз даврининг миниатюра усталари, балки ХХ асрнинг реализм йўналишида ижод қилган мўйқалам соҳиблари эътиборида ҳам бўлиб келган. Қайси давр рассоми бўлмасин, Навоий образида, аввало, забардаст шоир, етук файласуф ва маърифатпарвар шахс тимсолини кўрганлар.
Маълумки, буюк шоирнинг тасвирий санъатдаги дастлабки сиймосини миниатюра мактаби намояндалари яратган. Бу миниатюралар шоҳлар ҳаётида алоҳида ўрин тутиб, қимматбаҳо қўлёзмаларнинг таркибий қисми ҳисобланган. Самарқанд, Ҳирот ва Бухорода яратилган мана шундай нодир асарларда Навоийни гоҳ ёлғиз ҳолатда, гоҳида эса муайян сюжет қатнашчиси сифатида кўрамиз. Бироқ мазкур асар муаллифлари шоир портретини яратишни мақсад қилмаган, шу боис Навоийнинг ҳақиқий қиёфаси ҳақида аниқ тасаввур йўқ. Буни фақат шоирни яқиндан кўрган-билган муаррихлар таърифидан билиб оламиз.
Миниатюра асарларидан сўнг Алишер Навоий сиймосини яратишга бўлган интилиш ХХ асрда кучайди, кўплаб рассомлар шоир қиёфасини чизишга ҳаракат қилдилар. Журналимиз муқовасини безаб турган картина ана шундай асарлардан биридир. Дастгоҳли рангтасвирда ишланган ушбу портрет мусаввир Георгий Никитин мўйқаламига мансуб. Сурат матога мойбўёқда ишланган. Асарнинг асл нусхаси Нукус шаҳрида, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат тасвирий санъат музейида сақланмоқда.
Шу ўринда картина муаллифи ҳақида икки оғиз сўз.
Георгий Николаевич Никитин (1898–1963) Россия академик тасвирий санъати мактабида таълим олган. Афсуски, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар кўп эмас. У 1918–1919 йилларда кўҳна обидаларни муҳофаза қилиш ҳайъати билан ҳамкорлик қилиб, бир гуруҳ замондош рассомлар қаторида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ёдгорликларни тадқиқ қилиш, ўлчаш ва таъмирлаш баробарида, уларнинг суратларини холст ва қоғозга муҳрлаб борган. Бу ишларда маҳаллий халқ усталари ҳам фаол қатнашиб, Москва ва Санкт-Петербургдан келган олиму рассомлар билан елкама-елка ишлашган. Афсуски, бугун Никитиннинг ушбу туркумга мансуб кўплаб асарлари тақдири мавҳум бўлиб қолаётир.
1920-30 йилларда Тошкентда кўнгиллилар учун тасвирий санъат тўгараклари-студиялар ташкил қилинган. Шулардан бири Ўзбекистон давлат санъат музейида фаолият кўрсатган бўлиб, айрим архив ҳужжатларида Георгий Никитин шу студиянинг илғор намояндалари, маҳоратли рассомлар – А.Сиддиқий, И.Икромов Ў.Тансиқбоев, Б.Ҳамдамий, А.Тошкенбоев, Н.Карахан, В.Еремян, М.Рахимов, Х.Икромовлар қаторида фаол қатнашчиси бўлгани қайд этилади.
Георгий Никитин ижодида “Алишер Навоий портрети” картинаси алоҳида мавқега эга. Чунки асарнинг яратилиш тарихи ўтган асрнинг 50–60-йилларида Ўзбекистон ҳукуматининг шоир юбилейини нишонлаш бўйича ўтказган танлови билан боғлиқ. Фикримизча, рассом полотнони айнан шу тадбирда қатнашиш мақсадида яратган.
Картина композицияси ХХ асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонга Россия орқали кириб келган Ғарб портретчилик анъаналари асосида яратилган. Тасвирлар классик учбурчак шаклида жойлаштирилган: 1) Алишер Навоий сиймоси; 2) адиб қўлидаги китоб; 3) шаҳар манзараси. Тасвирий санъатда бундай ёндашувнинг илдизлари Италия Уйғониш даври рангтасвирига бориб тақалади (Леонардо да Винчи, Рафаэль Санти асарларини эсланг).
Картинада шоир сиймоси белигача тасвирланган бўлиб, хона ичида, ён томондан кўрсатилган. Шоирнинг ҳозиргина дераза ортидаги манзарага маҳлиё чеҳраси кутилмаганда томошабин сари бурилади. Қўлида – зарварақлари икки томонга очилган қўлёзма. Шоир гўё қўлёзма билан танишиш баробарида, бехосдан дераза олдига келиб қолган ва энди ташқарига разм солмоқчи. Лекин у ташқарига эмас, бизга қараб турибди. Бу усул билан муаллиф ҳазрат Навоийни миллатнинг маънавий йўлбошчиси сифатида талқин қилади. Чунки асар композицияси картина ғоясига мутаносиб ҳолда танланган. Дераза ташқарисидаги манзара – табиатнинг оддий бўлаги эмас, халқ, миллат тимсоли. Буни ранглар гаммаси ҳам тасдиқлайди. Масалан, картинанинг учдан икки – асосий қисми шоир турган хонага, бир қисми манзарага бағишланган. Ичкарининг умумий ранги – ҳорғин; ундан зулмат нафаси анқиб туради. Бу билан рассом шоирни қийнаган носоғлом муҳитга ишора қилади.
Дераза ортидаги ҳаёт эса кўтаринки кайфиятда, ўйноқи ранглар уйғунлигида тасвирланган. Бундай тасвир орқали Георгий Никитин буюк шоир ижодининг (қўлёзма – ижод тимсоли) зулмат қаъридан нур (табиат – халқ, келажак тимсоли)га интилаётганини кўрсатмоқчи бўлади. Бу нур моғор босган муҳит, норасо жамиятни ўзгартирмоқчи. Лекин нурнинг миқдори жуда сийрак бўлгани учун йиллар давомида қатлам-қатлам бўлиб кетган зулматни енгиши маҳол. Бу мотив орқали рассом Навоий яшаган даврнинг мураккаб ва зиддиятли дамларига ишора қилади. Шоирнинг юзи ва хона ичкарисига тушаётган нур ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди. Фақатгина бир деталь – ганчкорлик йўли билан деворга ўйилган “занжира” нақши орқали шоир саройда эканини сезамиз. Лекин рассом саройга хос бошқа шоҳона деталлардан онгли равишда воз кечади. Мусаввир наздида сарой қанчалик ёрқин ранглар, қимматбаҳо буюмларга бой бўлмасин, у руҳий-маънавий жиҳатдан бўм-бўш. Шу боис полотнода ортиқча деталлар кўзга ташланмайди.
Бугун Ўзбекистон тасвирий санъатида Алишер Навоий сиймоси бўйича Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаев (1918–2001) яратган вариант андоза сифатида қабул қилингани маълум. Биз сўз юритган асар эса сал аввалроқ яратилган. Тушуниш мумкинки, Абдулҳақ Абдуллаев Георгий Никитин томонидан дастгоҳли рангтасвирда бошлаб берилган илғор ютуқларни давом эттирган. Шуниси билан Никитиннинг мазкур картинаси Ўзбекистон дастгоҳли рангтасвири тарихида муносиб ўринга эга.
Шунингдек, журналимиз муқовасида ёш мусаввир Мафтуна Мирзараҳмонованинг миниатюра санъатининг намуналаридан ҳам фойдаланилган. Улуғ бобокалонларимиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, ижодига доир “Навоий билан суҳбат”, “Искандарнинг Ҳиндистонга юриши”, “Навоийнинг дуоси”, “Ёш Бобур” асарлари Мафтунанинг келажаги порлоқ, умидли мусаввир сифатида улғаяётганидан далолат беради. Айни вақтда Мафтуна Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Хаттотлик ва миниатюра” йўналишида таҳсил олмоқда. Тилагимиз шуки, у келгусида Уста Мўмин, Чингиз Аҳмаров каби устоз санъаткорлар йўлини давом эттириб, гўзал асарлар яратади ва миллий миниатюра мактабимизнинг ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Равшан ФАТҲУЛЛАЕВ,
санъатшунослик фанлари номзоди
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/02/26/yaponiya-matbuoti-alisher-navoiy-butun-umrini-adolat-va-ezgulikka-xizmat-qilishga-bagishladi/