Николай Гаврилович ХЛУДОВ (1850-1935)

 

Николай Хлудов 1850 йилда Орлов губерниясида туғилган. Ўз фаолиятини харита чизувчиликдан бошлаган рассом эллик йиллик умрини қозоқ халқи ҳаёти, турмуш тарзи, қадриятлари, менталитетини тасвирий санъат орқали акс эттиришга бағишлади.

Рассом Қозоғистонда рангтасвир мактабининг асосчиларидан ҳисобланади. Қозоқ халқининг тасвирий санъати ривожи ҳақида гапирилганда, унинг номини тилга олмай иложимиз йўқ.

Кўчманчилар ҳаёти ва маданияти унинг севимли мавзуси эди. Шу мавзуга оид “Бўронда қолганлар”, “Буқа минган бола”, “Сигир соғиш”, “Подачи” каби асарлари қозоқ халқи маданиятида алоҳида ўрин эгаллайди.

Николай Хлудов Одесса мусаввирлик мактаби ҳамда Петербургдаги хусусий мактабларда таҳсил олган. 1877 йил Қозоғистонга келиб, бир неча биолог ва тадқиқотчилар билан биргаликда илмий  изланишлар олиб борган. Чизмачи топограф сифатида турли ҳудудлар, манзаралар тузилишини ўрганиш ишларида фаол иштирок этган. Шу саёҳатлар таассуротлари натижасида кўплаб  манзара, портретлар яратди.

1904-1907 йиллари рассом Вознесенкий Кафедрал черковини безашда қатнашган. Шу йиллар давомида Олма-отадаги  ўрта мактаблардан бирида тасвирий санъат фанидан дарс берди. 1925 йилда Еттисув ўлкасида биринчи кўргазмасини ташкил қилди.

Таниқли рус санъатшуноси Юрий Домбровский “Қадимги буюмлар сақловчиси” асарининг тўртинчи бобини тўлиқ Николай Хлудов ижодига бағишлаган. У ерда шундай сўзлар бор: “Ёрқинлик, қувноқлик ва ҳаётийликни холстга туширганлиги учун Хлудов ижодини яхши кўраман”.

Муқовамизда акс этган картинада оддийгина қозоқ аёллари тасвирланган. Арчазор ва майсалар фонида улар яққол кўзга ташланиб турибди. Олдиндаги нозик аёл таёққа таяниб, сувдан оҳиста ўтаётганини кўришимиз мумкин, орқа пландаги аёлнинг елкасида эса оғир юкни кўрасиз. Суратда тасвирланган аёлнинг билагида осилган арқон унинг ҳам ўтин ташишга кетаётганини англатади. Бу асарда турмуш тақозоси сабаб турли вазиятларга тушиб қолган бўлса-да, ўз нафосати ва назокатини йўқотмаган қозоқ аёлининг гўзал сиймоси тасвирланган.

Николай Гаврилович 1920 йили етмиш  ёшида шаҳардаги биринчи рассомлик студиясини очди.

Унинг ишлари Москва, Санкт-Петербург, Бишкек, Олма-ота шаҳарларида сақланади. Бундан ташқари, 117 та рангтасвир, 39 та қаламтасвир, 55 та акварель ва 3 та этюд альбомлари Қозоғистон марказий давлат музейи фондидан ўрин олган.

Оловиддин СОБИР ўғли тайёрлади

2017/11

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/03/06/%d0%bd%d0%b8%d0%ba%d0%be%d0%bb%d0%b0%d0%b9-%d0%b3%d0%b0%d0%b2%d1%80%d0%b8%d0%bb%d0%be%d0%b2%d0%b8%d1%87-%d1%85%d0%bb%d1%83%d0%b4%d0%be%d0%b2-1850-1935/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x