Европада ўтказилган йирик маданий анжуманлардан бирида йигирма биринчи асрнинг биринчи ярмида адабиёт, санъат ва кинематографияда қайси мавзулар етакчи бўлиши хусусида илмий баҳс-мунозара борди. Нотиқларнинг бу хусусдаги фикри, гарчи кутилмагандек бўлиб туюлса-да, бир-бирига яқинлиги билан эътиборга моликдир. Кўпчилик иқлим ўзгариши, ичимлик суви муаммоси ва ер ости бойликларининг бешафқат талон-тарож қилиниши инсониятнинг бу ёруғ оламда яшаб қолиши билан бевосита боғлиқ муаммо эканини куйиниб айтди. Таассуфки, бу уч мавзу адабиёт, санъат, кино ва маънавий тарғиботда, жамоатчилик муҳокамаларида ўз аксини зарур даражада топмаётир. Шундай эътиборсизлик эса янги, янада оғир ва талофатли тўртинчи муаммони юзага чиқармоқда.
Бу фикр ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида матбуотда Орол муаммосига доир эълон қилинган дастлабки огоҳлик мақолалари, ижодкор зиёлиларнинг куюнчаклик билан жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилган танқидий мулоҳазаларини ёдга солади. Уларда, бугунгидек, бу ноёб баҳри уммонни қутқариш эмас, унинг сув сатҳи муттасил пасайиб бораётганини эътиборга олиш, шунга яраша чора-тадбирлар белгилаш, дунё миқёсида юзага келиши мумкин бўлган фалокатнинг олдини олиш ҳақида таклифлар билдирилганди. Мутасаддилар бунга қулоқ тутишмади. Ташвишли фактлар, аниқ ҳисоб-китоблар, экологик муаммо аста-секин оёққа тураётгани, қум ва туз тўзони ҳавони булғаётгани тузум кўзини очмади. Касаллик маддалаб, йирик минтақанинг бутун вужудини чирмовуқдек қамраб, қон томирлари-ю нафас йўлларини тўсиб бўлганидагина ҳаракат бошланди. Аммо… кўп нарса бой бериб бўлинганди. Бу уч муаммога дунё нуқтаи назаридан қараган киши инсоният бугун ҳам нималарнидир бой бераётганига амин бўлади.
Бундан йигирма йил аввал Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга ҳамроҳ бўлиб, Нукусда Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлапберген Қаипбергенов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этдик. Расмий маросим тугагач, бизни енгил катерда Амударё бўйлаб сайр қилишга таклиф этишди. Дарёнинг баъзи жойларида сув сатҳи бир метрдан ошмасди. Катердан тушиб, оёқяланг сув кечдик. Ўйноқлаб, қирғоқларига тўш уриб оқадиган дарё тузалмас хастадай номигагина ҳаракат қилар, нима бўлганини ўзи ҳам тушунмай тургандай эди.
Абдулла ака қўлини сувда чаяр экан, бирдан жўшиб кетди. “Дарёни қуритиб бўпсизлар, Аму адойи тамом бўпти. Бирортанг дурустроқ асар ҳам ёзмадинг, эртага ҳаммамизни қандай фалокат кутаётганини сезмаётганларингга не дейин”, дея маҳаллий ёзувчиларга жиддий танбеҳ берди. “Хайф сизларга шундай дарё”, деди.
Ўртага оғир сукунат чўкди. Сув бизни тинглаб турарди. Хаёлимга бир фикр келди: юртимизга бостириб келган жамики босқинчилар шу дарёдан ўтишган, қайтишда ўмарган нарсаларини қўлтиқлаб, шу дарёдан ўтишган. Юртимизда туғилиб вояга етган не-не алломалар илм излаб, шу дарёдан ўтиб, олис-олисларга йўл олишган, Ҳаж ибодатига отланишган. Қайтишда ҳам шу йўлдан юришган. Демакки, Амударё буларнинг барчасига гувоҳ. Ёзсангиз қоғоз кўтара олмайдиган дардлар. Сувда жон бор, хотира бор дейишади-ку. Демакки, сувга эътиборсизлик жонга эътиборсизликдир.
Мавзу йўналишини ўзгартираётганим йўқ. Дунёда мавжуд жамики сув манбаларининг тўқсон етти фоизи истеъмол учун яроқсизлигидан хабардормиз, аммо парвойимиз палак. Бозорда деҳқон билан ярим соат тортишиб, битта тарвузни 5 минг сўмга сотиб оламиз-да, ҳовлига олиб келиб, камида минг литр сувни оқизиб, уни совутамиз. Дунёнинг не-не мамлакатларида ичимлик сувининг баҳоси қанчалигини билсак-да, ҳовлига, йўлакларга олачалпоқ қилиб ҳам эмас, кўллатиб сепамиз, қўлбола фаввора ясаймиз. Набиралар бир-бирларига сув сепиб, кийимларини жиққа ҳўл қилиб мириқишади. Япониядан келган олимдан бошқа ҳеч ким бунга парво қилмайди. Чунки, Орол қуриб битаёзган бўлса-да, сув сероб деган фикр ҳали-ҳануз ўзгармаган. Бир-биримизни “Сувдек сероб бўл”, деб дуо қиламиз. Баҳорда сел келиб, ҳар жой-ҳар жойда уюлиб ётган чиқиндиларни оқизиб кетса, “Яхшиям сув бор”, дея хурсанд бўламиз. “Сувга тупурма, ахлат ташлама, қудуққа тош тўкма, ювиндини ариққа оқизма”, деган ўгитларни кўпчилик унутиб бўлган.
Бундан бир неча йил аввал япониялик таниқли олимлардан бири Ўзбекистонга келиб, Буюк ипак йўли ўтган шаҳарлар бўйлаб саёҳат қилади. Саёҳати якунида ўзбек хонадонларидан бирида меҳмон бўлади. Уй эгалари югуриб-елиб тансиқ таомлар тайёрлашади, дастурхонга қанд-қурс, сархил мева қўйилади. Қиз-келинлар кўча, йўлак ва ҳовли юзини супуриб-сидириб, шлангда тизиллатиб сув сепишади, гул-райҳонларнинг баргларини ювишади. Айни шу пайти дарвозадан меҳмонлар кириб келишади. Япониялик олим аёлларнинг бу ҳаракатини кўриб, аввалига ерга сепилаётган сув ҳақида сўрайди, ичишга яроқлилигини билиб, ҳайратга тушади ва ҳамроҳларидан бирига: “Уй соҳиби миллиардер бўлса керак” дейди…
Ҳамкасблар билан Миср давлатида бўлганмиз. Қадимий эҳромлар, неча минг йиллик тарихга эга бу маданият эришган ютуқлар хотирамизда нақшланиб қолди, аммо бошқа бир нарса ҳам ёдимиздан чиқмайдиган бўлдики, ҳар гал чанқоғимизни қондираётганда уни эсламасликнинг иложи йўқ.
Саёҳат дастури ғоят тиғиз бўлгани учун кечқурун ҳориб-чарчаб, меҳмонхонага қайтамиз. Кечки таом пайти белгиланган меъёрдаги бир финжон чой ёки шарбатга қаноат қилмай, тарвуздай чойнакда аччиқ-аччиқ чой дамлатиб, ичаверибмиз. Ҳисоб-китоб пайти… бир терлаб, чўнтагимиз дурустгина енгиллаб олди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Томорқани суғорганда ҳар бир дарахтнинг тагида сув кўллаб, қўшни томонга пайнов чиқмагунча кўнглимиз тўлмайди. Далага сув очсак, эгатларга тараб қўйиб, эрталаб хабар оламиз… Телевизорда неча минг йиллардан бери бир қултум сувга зор чўлу биёбонларни, сувсизликдан лаблари қақраб, ёрилиб кетган болаларни, қуриб-қақшаб ётган ўрмонларни кўрамиз, аммо бунга ажабланмаймиз ҳам. Бу ноёб неъмат ҳақидаги ажабтовур ахборотлар ҳам бор: Ўрта ер денгизи атрофидаги айрим давлатлар ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш учун Шимолий муз океанида сузиб юрган чучук сувли баҳайбат айсбергларни шатакка олиб судраб келиш, эритиб истеъмол қилиш режаларини тузишмоқда экан. Хўп, шундай бўлди ҳам, дейлик. Аммо… бу табаррук сувнинг бир пиёласи қанчага тушаркин?
Қамчиқ довонидан ўтаётганимизда тоғнинг нақд белида қолиб кетган сув изларига кўзимиз тушади, сув сатҳи йилдан-йилга пастлаб бораётганига, бу жараён ҳали-вери орқага қайтмаслигига гувоҳ бўламиз, аммо ёнимиздаги ҳамроҳимизга бўлсин, ичимлик сувининг камайиб бораётгани, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлиги хусусида бир оғиз сўз ҳам айтмаймиз.
Қадимда сув танқислиги боис, карвон йўлларида сардобалар қурилган. Манбаларда айтилишича, Мовароуннаҳрда қирқдан ортиқ тоза сув сақлагич сардобалар бўлган. Уларнинг девор ва гумбазига пишиқ ғишт, ганч, пойдеворига тарашланган тош ишлатилган. Сардоба гумбази ер юзидан 7 метргача кўтарилиб турган. Сардоба қурилиши учун сув, тупроқ ва қум алоҳида тоза жойдан, ганч Қоровулбозор, Нуротадан олиб келинган. Қумга янтоқ, қамиш, юлғун кули қўшилган. Иншоот учун ишлатиладиган ғишт иссиқ ва совуққа чидамли бўлиши лозим бўлган. Хумдонга тут, ўрикнинг қуруқ новдалари ёқилган. Ғиштларни бир-бирига ёпиштирадиган махсус қоришмага қўй сути, туя жуни қўшилган. Натижада иншоот янада мустаҳкам бўлиб, сув сизиб чиқиб кетмаган ва муҳими, икки йилгача айнимаган, қиш-қировли кунларда иссиқ, ёзда эса муздек турган. Бунинг учун Сардобанинг остига 3 қават қорамол ва туя териси, 3 қават кигиз, унинг устига бир қават ганч, энг юқорисига сифатли ғишт ётқизилган.
Сардоба олдига махсус сув тиндиргич қурилган. Чор-атрофдан оқиб келадиган қор ва ёмғир сувлари шу ҳовузга тўпланган, лойқа ҳовуз тубига чўккан, тоза сув сардобага қуйилган. Сув тиндиргичга, сардобага чорва моллари кириб кетмаслиги учун унинг атрофи пахса девор билан ўралган. Сардобалар минглаб инсонлар ташналигини қондирган муқаддас иншоотлар ҳисобланган. Кўриниб турибдики, бундай сув ҳосил қилиш учун сарфланган сарф-харажат айсбергларни судраб олиб келиш харажатидан кам бўлмаган.
Сув билан боғлиқ бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аммо бир нарса аниқки, бизнинг сув ҳақидаги тасаввуримиз ё тўла эмас, ё ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, “сув ёқосинда ўлтирган ёбулар”ники каби бирёқлама. “Отанг мироб бўлса ҳам, сувни исроф қилма” деган мақол бор. Ҳикмат китоблардан бирида ўқидим. Чўлда ҳориб-толиб бораётган савдо карвонининг олдидан кекса бир киши чиқиб қолади. Карвонбоши қарама-қарши томондан аранг оёқ босиб келаётган бу кишини танийди: кўпларни илм йўлига бошлаган улуғ устоз. Саломлашиб, мулозимларига: “Устозга бир пиёла сув узатинглар” дейди. Устоз сув тўла пиёлани қўлига олиб ичмоқчи бўлади, аммо… бирдан тўхтаб қолади. Карвонбоши: “Ичинг устоз” деса ҳам, “Хўп, ҳозир” деб, худди бир нимани кутаётгандай тураверади. Мулозимлардан бири бетоқат бўлиб, “Сув бергандан кейин ичинг-да, нима, бизни йўлдан қолдирмоқчимисиз?” дея танбеҳ берганидан сўнггина сувни аста сипқоради. Кейинроқ, шогирдлардан бири бу тўғрида сўраганида, устоз: “Ўшанда бир чивин учиб келиб, пиёланинг лабига қўнди-да, чанқоғини қондира бошлади, мен унинг учиб кетишини кутиб турдим”, деган экан…
Бундан хулоса шуки, сув нафақат инсоннинг, бутун табиатнинг, жамики жонзотнинг, шу билан бирга, еру осмоннинг, бу ёруғ оламга биздан кейин келадиган авлодларнинг ҳам ризқ-насибаси. Бировнинг ҳақига хиёнат қилиш эса оғир гуноҳ.
Сув ҳақида куюнчаклик билан ёзилган бир мақолани такрор-такрор ўқийман: “Аллоҳ таоло бандаларининг ҳожатига ярайдиган, унинг тириклигига сабаб бўладиган сувни денгиз, уммонлар шаклида тўплаб беради. Сув бир жойда туриб айниб қолмаслиги учун Парвардигоримиз уни тузлар билан тўлдириб қўяди… Худованд: “Бўлди, мен сувни яратиб қўйдим, энди ундан ўзинг фойдаланиб ол”, демади, балки булутни уммон тепасига келтириб, ундаги чучук сувларни ўзига сўриб олиб, шамол билан бандалари устига олиб келиб, сув қилиб ёғдирди. Аллоҳ таоло кўринишидан тоғларга ҳусн бўлиб турган қору музликларни бизлар учун ўша ерда жамлаб қўйди. Худованд: “Бўлди, ана тоғларга жамлаб қўйдим, энди уни ўзинг бориб, парчалаб, уйга олиб келиб, эритиб ишлатавер” демади, балки ўзи Қуёшни унинг устига олиб келиб, тагидан эритиб, ариқлар, сойлар қилиб, хонадонларимизнинг олдигача оқизиб қўйди…”
Олим дўстим менга тушунтирди: бугун ёмғир, дўл, жала бўлиб ерга сингиётган сув – кеча, ўтган ой ёки ўтган йили ердан кўтарилган буғ эмас, неча миллион йил аввал буғланган, ердан кўтарилган, ҳадсиз-ҳудудсиз коинотни неча минг бор айланиб чиққан сув. Демак, бугун шивалаб ёғаётган ёмғир томчиларида ўтмиш аждодларнинг хотираси бор, деган гапга ажабланмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам “Сувга тупурма” дейилган. Фақат шу эмас, аввало, бу неъматни исроф қилмаслик керак. Ёзнинг жазирама кунлари йирик шаҳарларда яшаётган аҳоли жон бошига 600-800 литргача сув ишлатилади. Африканинг қурғоқ ҳудудларида бунча сув кичикроқ қишлоқ аҳолисини бир кунлик нормаси. Шу ўринда сув муаммоси билан боғлиқ баъзи маълумотларни келтириб ўтсак.
АҚШда ҳар бир киши кунига ўртача 380-450 литр, Буюк Британияда 180 литр, ривожланаётган мамлакатларда эса 6-8 литр сув сарфланади. Экспертларнинг хулосаларига кўра, 2025 йилга бориб, 5 миллиард киши сув танқислигига дучор бўлади. Муаммони ҳал қилиш учун сарфланадиган ҳар бир доллар маблағ ўртача 9 доллар фойда бўлиб қайтади. Аммо ҳозирнинг ўзидаёқ бу муаммо баъзи ҳудудларда, масалан, Африкада кескин тус олаётгани сир эмас. Бу қитъада кейинги ўн йил ичида иккинчи жаҳон урушидан кейинги жамики ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган болалар сонидан кўп норасидалар тозаланмаган сув муаммоси туфайли орттирган касалликлари боис вафот этишди. Нил дарёсидан фойдаланишда Эфиопия, Судан ва Миср ўртасида, Ботсвана, Ангола ва Намибия ўртасида эса Окаванго дарёси сувини бўлиш хусусида келишмовчиликлар мавжуд. Ливиянинг марҳум раҳбари Муаммар Каддафи Шимолий Африкани тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида кўплар “афсонавий, хаёлий” деб ҳисоблаган 25 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириб, жаҳоннинг ўзига хос саккизинчи мўъжизасини яратишга муваффақ бўлди. Чуқурлиги 500 метрли 1300 та қудуқдан чиқаётган тоза сув улкан қувурлар орқали бирлаштирилди ва 1989 йили бошланган катта қурилиш 2007 йили якунланиб, сув мамлакатнинг йирик шаҳарлари ҳамда сув омборларига, жумладан, Триполигача етиб келди. Навбатдаги босқич – ичимлик сувини Сиртгача етказиш эди. Аммо… уруш бу орзуни, у билан бирга бутун мамлакатни ер билан яксон қилди. Муаммар Каддафининг “Бу қурилишнинг муваффақияти душманларимизни беҳад даражада ғазаблантиради, тўғрироғи чўчитади”, деган сўзлари тарихга кирди.
Тарихга назар ташласак, сув ҳамиша Яратган эгамнинг ноёб мўъжизаси ҳисобланиб келган. Мироблик касби улуғ касблардан бири бўлган. Чанқаган кишининг қўлига бир пиёла сув тутиш беадоқ савоб ҳисобланган. Сувни исроф қилиш гуноҳи азим дейилган. Бугун юртимизга хорижий давлатлардан илғор тажриба сифатида кириб келаётган томчилатиб суғориш ҳам дастлаб ўзимизда қўлланилган. Ҳа-ҳа, ўзимизда. Таассуфки, кейин-кейин сувга доир кўп қадриятлар унут бўлиб кетди. Лекин сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш борасида ҳеч бир иш қилинаётгани йўқ десак, тўғри бўлмайди. Мамлакатнинг сув ресурслари, жами сувларнинг миқдор ва сифат тавсифлари доимий равишда ўрганиб борилади. Сув омборлари қурилиши натижасида Ўзбекистонда 4,3 миллион гектардан ортиқ ерда суғорма деҳқончилик қилиш, сув ресурсларидан гидротехника ва балиқчилик мақсадларида янада кенгроқ фойдаланиш имкониятлари яратилди. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг қуйидаги маълумотлари фикримизга далил бўла олади: “Мамлакатимизда 97 та ер ости сув конлари аниқланган бўлиб, улардан 19 тасининг ҳосил бўлиш зонаси қўриқланадиган табиий ҳудудлар тоифасига киритилган. Кейинги йилларда республиканинг сув танқис жойларида аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида муайян тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи, 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2902 та қишлоқ аҳоли пункти эҳтиёжлари ер ости сувлари захиралари ҳисобига қондирилаётир. Аммо бу муаммо тўлалигича ўз ечимини топгани йўқ”.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 майдаги “2017–2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ичимлик суви таъминотини мақсадли дастурлар асосида амалга ошириш белгиланган. Бунда ушбу соҳага тааллуқли илмий-амалий тадқиқот натижалари атрофлича ўрганилиб, ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни қатъий назорат қилиш, уларнинг захираларини кўпайтириш, ифлосланишига йўл қўймаслик, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш вазифаси кўзда тутилади. Ер ости ичимлик суви конларининг ҳозирги ҳолатини баҳолаш, истиқболли чучук ер ости сув захираларини қидириб топиш ҳам бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация объектларини қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш ишлари учун Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза ичимлик суви” жамғармаси ташкил этилган.
Бошқа маълумотларга ҳам эътибор берайлик. 2050 йилга келиб ер юзи аҳолиси 9 миллиардга етиши башорат қилинмоқда. Глобал иқлим ўзгариши натижасида табиатда турли хил хавф-хатар, масалан, қурғоқчилик юз бериши мумкин. Ҳозирги илм-фан кўп нарсага қодир, аммо ҳеч нарса сувнинг ўрнини боса олмайди. Шунга қарамай, ичимлик суви заҳираларининг камайиши ва ифлосланиши, экин майдонларининг шўрланиши, сув исрофгарчилиги давом этмоқда. Тугаб бораётган сув заҳиралари ҳам бор. Ҳар куни дунёда 6 мингга яқин бола ичишга яроқсиз сув истеъмол қилгани боис касалликка чалиниб, вафот этмоқда. Сувнинг ифлосланиши туфайли одамлар ошқозон-ичак, буйрак, жигар, аллергик хасталикларга дучор бўлмоқда. Замонавий саноатнинг тез суръатлар билан ривожланиши, ишлаб чиқариш ва маиший чиқиндиларнинг кўпайиши, қайта ишланмаслиги, заҳарли кимёвий моддалар ишлатилган экин майдонларидан оқиб чиққан пайнов сувларнинг зарари тўғрисида кўп ёзилмоқда, аммо эришилаётган натижалар қониқарли эмас.
Йирик давлатлар ер юзида иқлим ўзгаришига салбий таъсир кўрсатаётган омилларга қарши курашишда ошкора сусткашлик қилмоқдалар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, жами юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик сув сифатининг пастлиги ҳамда сув таъминотида санитар-гигиеник қоидаларнинг бузилишлари билан боғлиқ. Бугун дунё аҳолисининг деярли ярми ифлосланган сув истеъмол қилади. Инсон заковати билан олис сайёраларнинг таркиби, ҳаракатланиш траекторияси, об-ҳавоси бехато ўрганилаётган, яна неча минг йилликлардан кейин қайси бир юлдуз қайси бир юлдузга яқин келиб қолишини аниқ билганимиз ҳолда бизга заминдош ҳар иккинчи киши тозаланмаган сув ичаётганига ажабланмаймиз.
Кейинги йилларда тоғларга қор кам тушмоқда, музликларнинг умумий майдони қисқармоқда, тоғ зоналаридаги сув заҳирасини тўпловчи ўрмон ва арчазорлар кесилмоқда. Ўзбекистон Экологик партияси маълумотлари кишига бироз тасалли беради: сувдан оқилона фойдаланиш, бу борадаги фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан йўлга солиш мақсадида қонунлар, ҳукумат қарорлари қабул қилинмоқда. Зарафшон дарёси сувини экологик соғломлаштириш юзасидан аниқ тадбирлар ишлаб чиқилган. Мамлакат ҳудудидаги барча дарё ва каналлар қирғоғида сув муҳофазаси зонасини ташкил этиш ва уни амалга ошириш, дарё ва каналларга ташланаётган оқова сувларини назоратга олиш, канализация тизимларини мукаммаллаштириш, шунингдек, бактериологик ифлосланишнинг олдини олиш муҳим вазифа деб белгиланган. Бу йўналишда жиддий иш бошланган. Анҳору каналлар, пойтахтимизнинг сув ва ҳаво йўллари йилда ўн икки ой даромад берадиган “қўлбола” иморатчалардан тозаланмоқда. Аҳвол шу даражага етганки, маҳаллада, катта-кичик давраларда одоб-ахлоқ, ҳалоллик-покликдан гап очиб, тинимсиз ваъзхонлик қиладиганлар, ёшларни саранжом-саришталикка даъват қилиш бурчлари ҳисобланган мансабдорлар (баъзилари эл-юртда таниқли кишилар) сув бўйларига чойхона, емакхона қуриб, оқовани тоза сувли каналларга тўғрилаб қўйганлар. Журналист сифатида ушбу тозалаш жараёнини яқиндан кузатишимга тўғри келди. Ён дафтаримга тушган ушбу жумладан ўзим сесканаман: “Мўмай даромад инсонни шундай ҳолатга соладики, у бетўхтов келаётган фойда эвазига ҳеч нарсадан ҳазар қилмайдиган бўлиб қолади”.
Дунёнинг кўпгина мамлакатларида ёмғир, қор сувидан унумли фойдаланиш, тошқин ва селни беҳуда оқизиб юбормаслик, ҳатто эрталабки шудрингни исроф қилмаслик, оқовани қайта тозалаб, экин-тикинга, техника мақсадларига ишлатиш муаммолари аллақачон ҳал қилиб қўйилган. Биз эса, тан олайликки, “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди” деган мақолни унутганмиз. Чунки, ҳозирча сув етарли, шу боис, бу илоҳий неъмат ҳақидаги тасаввурларимизда мантиқдан кўра “сув” кўп.
Аҳоли сонининг ошиши билан ер усти ва ер ости сувларидан ичимлик суви сифатида фойдаланиш янада кучаяди. Демак, сув ресурслари сифатини пасайиб кетишидан сақлаш учун ифлос ташлама (оқова) сувлар миқдорини қисқартириш, уларни дарё ва сув ҳавзаларига ташланишига барҳам бериш, ишлатилган сувларни тозалаш усулларини такомиллаштириш, шу мақсадда махсус қурилмалар ўрнатиш зарур.
2014 йили покистонлик ўн олти ёшли ўқувчи қиз, тинчлик учун курашчи Малала Юсуфзай Нобель мукофотини олар экан, дунёни эндиликда қалам ва дафтар, яъни болалар ва айниқса, қизларнинг саводхонлиги қутқаради, деган эди. Бугун унинг бошқа бир тенгдоши, Нобел мукофотига номзод швециялик Грета Тунберг жаҳон давлатлари раҳбарларини иқлим ўзгариши, ичимлик сувининг танқислиги билан боғлиқ муаммоларга бефарқ бўлмасликка чақирмоқда. “Аҳвол шу даражада қолаверса, биз ёшлар учун ҳеч қандай келажак йўқ. Буни билган ҳолда жим туриш мантиқсизликдир. Таассуфки, сиёсатдонлар бу масалада ўзларини болаларча тутмоқдалар”, дейди у. Дарҳақиқат, бу муаммоларнинг ечими кўп жиҳатдан болаларнинг донишманд боболарига боғлиқ. Ва яна…
Сувни тежайдиган, тозалайдиган мосламалардан фойдаланиш, янги сув омборлари қуриш, сувга ўч экинларни камайтириш, сув нархини оширишдан ҳам муҳим бир вазифа бор, у ҳам бўлса, аввало ўзимиз, фарзандларимиз, набираларимиз, беистисно ҳаммамизнинг сувга нисбатан муносабатимизнинг ўзгариши. Бу ўзгариш содир бўлмас экан, муаммо йилдан йилга, мавсумдан мавсумга мураккаблашиб, охир-оқибат довондаги чўққилар пойида бир вақтлар сув сатҳи қолдирган ноёб излар афсонага айланиши аниқ.
Вақт бор, нажот эшиклари ҳали ёпилмаган. Калит ўз қўлимизда.
Аҳмаджон Мелибоев
4/2019
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2019/08/15/%d0%bd%d0%b0%d0%b6%d0%be%d1%82-%d1%8d%d1%88%d0%b8%d0%b3%d0%b8%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d0%ba%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%82%d0%b8/