Таниқли ёзувчи ва олим, филология фанлари доктори, профессор, кўпдан-кўп илмий ва оммабоп асарлар муаллифи, Давлат мукофоти совриндори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси Наим Каримов бу йил табаррук 85 ёшга тўлдилар. Олим бутун умрини адабиёт соҳасига бағишлаб, эл-юрт хизматида ҳамиша камарбасталар. Наим Каримов фаолияти маърифатпарварлик адабиётидан то бугунги кун адабиётигача бўлган даврни қамраб олади. Олим ўтган йиллар мобайнида жуда кўп шогирдлар тарбиялади. Ўз илмий мактабини яратди.
Наим Каримов сўнгги йилларда нафақат етук олим, балки адиб сифатида ҳам баракали ижод қилмоқда. Унинг қаламидан чиққан Чўлпон, Сўфизода, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Миртемир, Усмон Носирга бағишланган маърифий-биографик роман ва қиссалар ўзбек адабиётида шу жанрнинг шаклланиши йўлидаги дастлабки қадамлардан бўлди.
Биз устоз олим, адиб Наим Каримовга янгидан-янги илмий-ижодий муваффақиятлар, умрларига баракот тилаймиз. Ўзбек адабиётшунослиги, ўзбек адабиёти ривожидаги меҳнатларида куч-ғайрат, сиҳат-саломатлик ёр бўлсин.
Таҳририят
Буюк немис шоири ва мутафаккири Иоганн Вольфганг Гёте (1749-1832) жаҳон адабиётининг мумтоз намояндалари орасида Шарқ адабиётини, айниқса, форс шеъриятини катта меҳр билан ўрганган, Алишер Навоий ижодидан ҳам баҳраманд бўлган ва Шарқ бадиий маданиятига ихлосининг далили сифатида “Шарқу Ғарб девони”ни яратган буюк ижодкордир. Унинг бир ўзи немис адабиётида бутун бир адабий даврни ташкил этади. Унинг “Фауст” асари жаҳон адабиётининг энг муҳташам намуналаридан бири сифатида фан ва маданият арбоблари эътиборини ҳамон ўзига жалб этиб келади. Миллий тиллар тараққиёт даражаси шу асарнинг таржима этилганлиги ва шу таржиманинг сифати билан белгиланади, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистонда Гёте ижодига қизиқиш узоқ тарихга эга эмас. ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига қадар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ҳукм сурган тарихий-ижтимоий шароит, Европа билан Ўрта Осиёдаги мамлакатлар ўртасида маданий алоқаларнинг йўлга қўйилмаганлиги ўзбек халқининг Гёте ижоди билан кечроқ танишишига сабаб бўлган.
1922 йили Германияга ўқишга юборилган олтмишдан зиёд ўзбек ёшлари Гёте диёридаги турли ўқув юртларида таҳсил олиш билан бирга немис халқининг бой адабиёти, санъати ва илғор техникаси билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлдилар. Улар Германиянинг диққатга сазовор тарихий ва маданий жойларига, театрлари ва музейларига ташрифларидан олган таассуротлари, олиб борган ва олиб бораётган ишлари ҳақида Берлинда нашр этилган “Кўмак” журналида, Ўзбекистон газеталарига юборган мақолаларида жўшиб ёздилар. Ўзбекистонга қайтиб келганларидан сўнг, ким олий ўқув юртида ишлаган бўлса, талабаларга, ким матбуот муассасаларида хизмат қилган бўлса, газетхон ва журналхонларга немис фани, адабиёти, санъати ва шу соҳаларнинг дарғалари ҳақида маълумот беришга, ватандошларини улар ижоди намуналари билан таништиришга интилдилар. Шундай мақолалардан бири Марям Султонмуродова қаламига мансуб бўлган “Ўлмас бир сиймо”дир.
“Жаҳон адабиётида, – деб бошланган “Гулистон” журналининг 1935 йил 8-сонида босилган мақола, – энг юқори ўрин тутган ёзувчилардан бири ХVIII асрнинг охирларида яшаган немис шоири Иоганн Вольфганг Гётедир.
Гёте феодализм жамияти ўрнига капитализм бош кўтараётган бир даврда яшади…
…Буржуазия маданиятининг тараққиётига қадам қўйи[ли]ши дастлаб Англияда, кейин Францияда бошланди. Уларда маданият буюк суръатлар билан ўсаётганида Германияда ҳам буржуазия табақаси пайдо бўлган эди. Лекин у маҳалларда Германия ўз қўшниларига нисбатан ниҳоят даражада қолоқ бўлганидан немис буржуазиясининг ғояларини қувватловчи ва унга эргашувчи омма йўқ эди. Мамлакатдаги барбодлик, йўқсуллик, маданиятсизликка барҳам бергудай бир куч бўлмагани каби, турмушнинг яхши томонга қараб ўзгаришига ҳам умид йўқ эди. Бу аҳволга қарши амалий курашиш учун ўзида куч топа олмаган буржуазия[нинг] фикр ва санъат аҳллари бутун кучларини адабиётга бера бошладилар. Бу орқада немис адабиёти мислсиз даражада гуллади, Германиянинг бутун адабий сиймолари бир вақт ичида деярлик юзага чиқдилар. Гёте билан Шиллер, файласуф Кант билан Фиҳте, Ҳегель – ҳаммалари бир даврнинг болалари эдилар…”
М.Султонмуродова мақоласининг каттагина қисми Гёте яшаган тарихий давр таҳлилига бағишланган. Бунинг сабаби шундаки, биринчидан, бу мақола, янглишмасам, ўзбек матбуотида босилган Гёте ҳақидаги биринчи мақола эди. Иккинчидан, шу даврдаги ижтимоий-сиёсий шароит газета ва журнал таҳририятларидан ҳам, муаллифлардан ҳам нафақат Навоий, Бобур, балки Гёте сингари хорижий адиблар яшаган тарихий даврларни ҳам тавсифлашни, иложи бўлса, жиндек қоралаб ўтишни талаб қилган. Бундан ташқари, яна шу нарса ҳақиқатки, нафақат Навоий ва Бобур, балки Гёте сингари даҳолар ҳаётига теран назар ташлаган киши, бу даҳолар билан улар яшаган давр ўртасида муайян зиддият бўлганини кўрган. Бунинг боиси даҳоларнинг ўз даврларидан илғорлаб кетиб, шу даврларда канонлаштирилган тартибу ақидаларни парчалашга қаратилган ижодий фаолиятларидир.
Германиянинг тараққиётда бошқа Европа мамлакатларидан орқада қолганлиги илғор немисларни безовта қилмай қолмаган. Гёте 1749 йили шундай кишилардан бири Иоханн Каспар оиласида туғилган ва шу оилада дастлабки таълим ва тарбияни олган. Сўнгра Лейпциг (1765-1768) ва Страсбург (1770-1771) шаҳарларида таълим-тарбия олган. Шу йилларда ҳуқуқшуносликка қаттиқ берилган Гёте айни пайтда турли соҳалар, ҳатто тиббиёт билан ҳам қизиқиб, шу соҳаларга оид маърузаларни тинглашни канда қилмаган. У ҳатто ўша вақтдаги университет таълимининг самарадорлигига шубҳа билан қараб, “ҳақиқий билим”ни ахтариш дардига йўлиққан. Унинг ўша йиллардаги қарашлари кейинчалик “Фауст” трагедияси ҳамда “Шеърият ва ҳақиқат” китобида ўз ифодасини топган.
Гёте Страсбургда таҳсил кўраётган кезларида немис файласуфи, ёзувчи ва адабиётшуноси Иоҳанн Хотфрид Гердер билан танишиб, унинг таъсирида “Бўрон ва ҳужум” номи билан машҳур бўлган ҳаракатда фаол қатнаша бошлайди. У 1775 йили герцог Карл Августнинг таклифи билан Веймарга бориб, маъмурий ишлар билан шуғулланади. Аммо тақдирнинг бу киноясини тушунгач, 1785 йили Карл Августнинг “қўғирчоқ” феодал давлатини тарк этиб, Италияга йўл олади. Ҳатто герцогнинг саъй-ҳаракати билан эришган дворянлик унвонидан ҳам воз кечиб, гулчилик корхонасида ишлаётган Христина Вильпиус деган оддий қизга уйланади. Бўлажак шоир француз инқилобини вазминлик билан кутиб олган бўлса-да, 1792 йил сентябрида Вальм бўсағасидаги жангдан кейин шу инқилобга бўлган муносабатини кескин ўзгартиради. Унинг ёзишича, “Шу куни, шу ерда умумжаҳон тарихининг янги даври бошланган эди”.
Веймар Гёте ва Ф.Шиллер ижодий дўстлигининг бешиги бўлди. Кўп ўтмай Европанинг барча гўшаларидан Ҳ.Ҳайне, У.Теккерей, А.Мицкевич, В.А.Жуковский сингари адабиёт ва санъат дарғалари ҳам Веймарга оқиб кела бошладилар. Гётенинг қайноқ ижодий ҳаёти ана шу илҳомбахш муҳитда кеча бошлади.
Гётедан бой адабий мерос қолган. Гётенинг билим ва қизиқиш доираси уфқсиз бўлганидек, адабий меросини ташкил этган асарлар ҳам тасвир этилган давр, мавзу, жанр, услубий йўналиш, бадиий (шеърий) шакллар нуқтаи назаридан ранг-баранг. Агар машҳур “Фауст”ни Гёте ижодининг чўққиси ҳисобласак, шу чўққи сари интилишимизда “Ёш Вертернинг изтироблари”, “Муҳаммад ҳақида қўшиқ”, “Гёц фон Берлихинген”, “Торквато Тассо”, “Ифигения Тавридда”, “Вильхельм Мейстернинг таҳсил йиллари” сингари ўнлаб қоя-асарлар эътиборимизни ўзининг мунаввар қирралари билан жалб этади. Шундай асарлар орасида “Эгмонт” (1788) трагедияси ҳам бор.
“Эгмонт”ни ёзиш ғояси Гётенинг Франкфуртни тарк этиб, Веймарга кўчиб борган кезларида туғилган. Гёте 1775-1787 йилларда Италияда асар устида ишлаб, унга 1788 йилда сўнгги нуқта қўйган. “Эгмонт”дан аввал ёзилган “Гёц фон Берлихингер” драмаси конфликти негизида тарихий шароитнинг етилмаганлиги туфайли халқ оммасини ўз ортидан эргаштира олмаган доҳий фожиаси ётган. Худди шу конфликт “Эгмонт”нинг ҳам ғоявий йўналишини белгилаб берган. Аммо “Гёц”дан фарқли ўлароқ, қаҳрамоннинг ўлими бу асарда фаол ҳаракатга даъват янглиғ бонг уриб туради.
“Гёте, – деб ёзган эди шоир ижодининг рус тадқиқотчиси Н.Вильмонт, – “Эгмонт” мавзуига мурожаат этганида, яқин-орада қўзғолон бўлишига ишонганми? Ҳа ҳам, йўқ ҳам. У ўзининг сабрсиз юрагига қулоқ солганида – ишонган, теварак-атрофдаги воқеликка қараганда эса – йўқ. Ҳар ҳолда “Эгмонт” Франкфуртда ҳам, Гётенинг Веймардалик даврида ҳам ёзиб тугалланмаган. Бунинг боиси шундаки, яхши ҳаёт учун курашган кишининг қатл этилиши ХVII асрда Германиядаги воқеаларнинг инқилобий ечимини тезлаштира олмас эди” (Гёте. Эгмонт. Трагедия в шести действиях, 1958).
Н.Вильмонтнинг юқоридаги сўзларида ҳақиқат зарралари йўқ эмас. Аммо унинг “Эгмонт” устидаги ижодий жараённинг чўзилиш сабаби ҳақидаги сўзларига қўшилиш қийин. Зеро, ҳеч бир ёзувчи, айниқса, Гёте сингари улуғ ижодкорлар “инқилобий воқеалар ечимини тезлаштириш учун” асар ёзишмаган ва, ишонаманки, бундан кейин ҳам ёзишмайди. Лекин шундай асарлар бўладики, улар жамият “дарахт”ида ниш урган “куртак”ларнинг “яшил барглар”га айланишини тезлаштириб юборади.
Эгмонт – ХVI асрда Нидерландияда яшаган тарихий шахс. У бутун ҳаёти ва фаолиятини Нидерландияни испан мустамлакачилари чангалидан халос қилиш ишига бағишлаган ва шу қутлуғ йўлда ҳалок бўлган. Гётешунослар берган маълумотга қараганда, Гёте мазкур асарини ёзишда иезуит Страда ва холланд тарихчиси Эмануэль ван Матерннинг тарихий-мемуар асарларидан кенг фойдаланган. Шу манбалардан аён бўлишича, Гаврия шаҳзодаси граф Эгмонт Нидерландиянинг таниқли дворянларидан бири бўлган. У Испания қиролига содиқ, ҳақиқий католик, ор-номусли ва олийжаноб инсон бўлганлиги туфайли асилзодалар ҳам, оддий кишилар ҳам уни ҳурмат қилишган. Унинг сиймосида сотқинни эмас, ватанпарвар саркардани кўришган. Реал Эгмонтнинг хотини ва 11 фарзанди бўлган. У қатл этилгач, хотини ва фарзандлари очлик, муҳтожлик ва доимий тазйиқ остида яшашган. Гёте реал Эгмонтнинг шахси ва ҳаёти фактларига бир мунча эркин ёндошиб, уни Нидерландиянинг озодлиги учун курашган, Клерхен сиймосида мазлум нидерланд халқи билан бир тан, бир жон бўлишга интилган қаҳрамон даражасига кўтарган.
Асар мазмуни тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун асосий қаҳрамонлар билан танишиш мақсадга мувофиқ. Булар: Нидерландия маликаси Маргарита Пармская – император Карл V нинг қизи, Филипп II нинг синглиси; герцог Альба ва унинг ўғли Фердинанд – испан саройидаги хушомадгўйликка нафрат билан қараган, оқкўнгил йигит; муҳаббати Клерхен томонидан рад этилган шаҳарлик Бракенбург ва Клерхеннинг режали-риштали онаси. Шу қаҳрамонлар орасида Эгмонт исёнкорлик руҳи, кучли ва эҳтиросли табиати билан кескин ажралиб, томошабинларни ўзига ром қилиб келган. Ҳибсга олинган, романтик ният ва орзулари сароб бўлган Эгмонтнинг зиндондаги оташин монологи нафақат оддий томошабинлар, ҳатто буюк немис композитори Людвиг ван Бетховеннинг қалбини ҳам жунбишга келтирган. У ёзган музика Гёте асарига учқур қанот бағишлаган. “Эгмонт” шу икки даҳо илҳомининг меваси сифатида ҳанузга қадар жаҳон театрлари саҳналарини безаб келади.
Иккинчи жаҳон уруши хавфи остида яшаган совет давлати ёш авлодни, халқни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда “Эгмонт” трагедиясидан фойдаланишга қарор қилган. Исёнкорлик руҳи, зулмга қарши эрк ва ҳуррият учун кураш ғояси билан суғорилган Гёте асари Катта театр саҳнасида ижро этилибгина қолмай, машҳур актёрлар ижросида моноспектакль сифатида ҳам собиқ совет республикаларини айланиб чиққан. Ўзбекистон радиоси ҳам бу маданий компаниядан четда турмади. Эгмонтнинг “Зиндон” саҳнасидаги монологи ҳамда Клерхеннинг икки қўшиғи ўзбек тилига таржима этилди ва Гётенинг ўлмас асари асосида радиоспектакль тайёрланиб, эфирга узатилди. Буни қарангки, “Эгмонт” трагедиясидаги “Зиндон” саҳнасини таржима қилиш Усмон Носирга, асардаги бош қаҳрамон образини яратиш эса Аброр Ҳидоятовга топширилган эди. Агар Эгмонтнинг эҳтироси билан Аброр Ҳидоятовнинг эҳтироси ва ижро манерасини кўз олдимизга келтирсак, радиорежиссёрнинг ботиний туйғусига тасаннолар айтишдан бошқа иложимиз қолмайди.
Афсуски, Аброр Ҳидоятов таржима матнини қўлига олиб, роль устида ишлай бошлаганида, қатағон гулхани гурлаб, асар таржимони Усмон Носир қамоққа олинади. Шундан кейин “Эгмонт” радиоспектакли эфирга чиқдими ё йўқми, бу ҳақда турлича фикрлар мавжуд.
Архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон компартияси Марказий Комитетида масъул лавозимда ишлаган, айни пайтда республика Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилган Қурбон Берегин “Эгмонт”дан олинган парчани таржима қилишни Усмон Носирдан, уни радио микрофони олдида ўқишни эса Аброр Ҳидоятовдан илтимос қилган экан.
“Тахминан июль ойи ўрталари ёки август ойи бошларида, – деган Ўзбекистон радио комитети адабий-мусиқий эшиттиришлари таҳририятида хизмат қилган ходималардан бири тергов чоғида, – мен “Эгмонт” мусиқали эшиттириш таржимони Усмон Носировнинг миллатчи сифатида қамоққа олинганини эшитиб қолдим. Мен шуни Пеккер (радио комитетидаги адабий-мусиқали эшиттириш таҳририяти мудири, таниқли санъатшунос олима Ян Борисович Пеккер – Н.К.)га айтиб, “Энди нима қиламиз?” деб сўрадим. Пеккер менга аниқ жавоб бермади. Орадан кўп вақт ўтмай, Ўзбекистон радио комитетига республикада хизмат кўрсатган артист Аброр Ҳидоятов кириб келди ва Пеккер ундан таржимоннинг аксилинқилобчи, миллатчи Усмон Носиров бўлганини онгли равишда яшириб, “Эгмонт”дан олинган монологни ёдлаш учун берди. Бу ҳам майли-я, Аброр Ҳидоятов: “Таржимани ким қилган?” деб сўраганида, [Пеккер] “Усмонов деган аллақандай киши”, – деб жавоб берди. Таржимоннинг миллатчи эканини яширди. Пеккер эса таржимон фамилиясини онгли равишда бузди. Пеккер менга миллатчи Усмон Носиров асарини эфирга чиқариш учун Ўзбекистон компартияси Марказий Комитетидан рухсат олмоқчи эканлигини айтди.
Биламан, таржима учун 700 сўм тўланган. Шунга қарамай, ўзбек тилидаги адабий эшиттириш [таҳририяти] муҳаррири Ҳошимов Қосим ҳам “Эгмонт”ни ким таржима қилганини яшириб юрди. [Шундай кунларнинг бирида] Пеккер Ҳошимовга [“Эгмонт”ни] 200 сўмга [қайта] таржима қилиб беришни таклиф қилди. Шунда Ҳошимов хафа бўлиб, Пеккерга унинг, яъни Пеккернинг миллатчиларга бўлган муносабатини фош этажагини айтган. Мен буни Ҳошимовнинг ўз оғзидан эшитганман…”
Яна шу гувоҳнинг қайд этишича, “Эгмонт” радиоспектакли ўзбек маданиятининг юксалганини намойиш этувчи кўрсатгич сифатида Париж кўргазмасига юбориш учун тайёрланган.
Пеккернинг “жиноий иш”и бўйича терговга чақирилган гувоҳлардан яна бирининг кўрсатма беришича, у 1937 йил 31 июлда айнан шу радиоспектаклни эшитган. Унинг айтишича, сухандон радиоспектакль намойиш қилиниши олдидан бундай сўзларни айтганмиш: “Ўртоқ радиотингловчилар! Халқаро урушга қарши кунга бағишланган концертни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Шопеннинг “а-дур” этюдини тингланг. [Фортепианода] артист Абрамова ижро этади”.
Сухандоннинг шу сўзларидан кейин “эшиттириш” бошланган эмиш.
Мазкур кўрсатмадаги “концерт”, “Шопен” сўзларига асосланиб шундай хулосага келиш мумкинки, гувоҳ ё “Эгмонт”ни бошқа бирор концерт билан аралаштириб юборган ёки шу концертдан кейин радиоспектакль ҳам эфирга узатилган.
Орадан бир қанча вақт ўтгач, 50-йилларда радио комитетига ишга келган таниқли санъаткор Убай Бурҳон ташаббуси билан “Эгмонт” радиоспектакли қайта тайёрланиб, эфирга берилди. Спектаклда Эгмонт монологини Бетховеннинг илоҳий мусиқаси фонида Убай Бурҳон қойилмақом қилиб ўқиди. Радиоспектакль радио тингловчилари ўртасида шундай катта муваффақият қозонганки, ҳатто 60-70 йилларда ҳам ижро этилиб, фаол яшашда давом этди.
Юқорида илк бор эълон қилинган тергов материаллари билан танишганимдан сўнг, менда Убай Бурҳон ижросидаги “Эгмонт” радиоспектакли ёзилган магнит лентасини топиш истаги туғилди. Бахтимга, бу асар Ўзбекистон радиосининг “олтин фонд”ида сақланаётган экан. Мен уни магнит лентасидан кўчириб олиб, Эгмонт монологи ва Клерхен қўшиқлари матнини қоғозга туширдим. Бу монолог ва қўшиқлар таржимони Усмон Носир деган қатъий ишонч билан уларни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилдим.
Мана, ўша матн:
ЭГМОНТ
(Трагедиядан парча)
Клерхен қўшиғи
(Мусиқа)
Янграр барабанлар
Ҳам флейта куйлар.
Менинг ёрим отряд
Олдида борар.
Эй, завқинг келар,
Кўнглинг қўзғолар.
Эй, бўлса агар
Дубулға, қалқон,
Курашга чиқардим
Мен ҳам бегумон.
Борардим ортидан
Қолмай изма-из.
Чекинди ёв. Олға –
Борар полкимиз.
Қандай яхши ботир,
Зўр жангчи бўлмоқ,
Зўр жангчи бўлмоқ…
Э г м о н т (ёлғиз). Қадрдон дўстим! Вафоли уйқу! Бошқа дўстларим каби наҳотки сен ҳам мени тарк этдинг! Сен ахир эркин ўйларимга ором берар, гўзал ва сўнмас бир севги чамбари каби ардоқлар эдинг. Жанглар сурони ва дунё ташвишлари остида мен, бир бегуноҳ гўдак сингари, оғушингда тинч ва енгил нафас олар эдим. Бўрон дарахт бутоқлари ва япроқлари орасидан эсиб ўтиб, унинг танасини силкитса ҳам ўзаги омон қолади-ку! Нечун мен қалдирамоқдаман? Дадил ва содиқ қалбимни ғалаёнга солаётган нима? Биламан: бу – қотил болтаси! У менинг ҳаёт илдизларимни кемирмоқчи бўлади. Қоматим расо турса ҳам, ичдан қалтироқ сезаётирман. Нима учун сен, энг қўрқинчли хавф-хатарларни совун кўпикларидек учириб юборган киши, сенга қарши келаётган даҳшатларни маҳв этиб ташлаёлмайсан? Ахир сен ўлимнинг ҳар қандай даҳшатлари ичида, ҳаётнинг оддий ташвишлари ичида яшагандек баҳузур яшардинг-ку!.. Йўқ. Мени даҳшатга солган ўлим эмас. Бу мард юрак ногиҳон ўлим билан олишишга ҳар қачон тайёр. Гўрга ўхшаш бу зиндон қўрқоқлар назарида ҳам, ботирлар назарида ҳам жирканч кўринади. Давлат кенгашида князлар ҳал қилиниши жуда осон бўлган масалалар устида узундан-узоқ музокара юритганларида, юмшоқ креслода ўтириб, уларни тинглаш нақадар оғир эди менга! Узилмас залнинг деворлари остида мен ўзимни худди бўғилгандек ҳис қилардим. Ўшанда мен имкон борича у ердан тезроқ қочишга шошилар ва отга минар, соф ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш учун олисларга, эркинлик қўйнига, қирларга чопардим. У бепоён далаларда табиат ўзининг ер тагидан чиққан бутун ноз-неъматларини инъом этар ва осмон ўз юлдузлари билан оламни ёритарди. У ерларда биз она ернинг фарзандлари каби унинг оғушида худди паҳлавонларга ўхшаб юксакларга баланд парвоз қилиш учун яна кучлироқ интилардик. Биз у ерда бутун инсоний ҳис-туйғуларни сезардик, қонларимизда бутун инсоний интилишлар алангаси ёнар, у ерда ёш овчининг кўнглида олға интилиш, зафар ташналиги, ўз куч-қудратини кўрсатиш орзуси жўш урарди.
Оҳ, бу фақат хаёлот, холос. Кўп замонлар молик бўлганим саодатнинг сохта хаёлоти, холос! Бу маккор тақдир сени қаёққа ундар? Ёки сени ҳеч қачон қўрқита олмаган ўлимни қуёш чеҳрасига келтириш ўрнига гўр азобидан дарак бермоқчими? Бу тош деворлар нақадар бадбўй ҳид сочадилар менга! Ҳаётим сўнаётир. Тобутга ўхшаш бу уйқу тўшагига бош қўйиш нақадар даҳшатли…
Оҳ, ҳасрат, қайғу! Мени бевақт ўлимга маҳкум этмоқчи бўлган ҳасрат, тўхта, қўй мени!.. Қачондан бери Эгмонт оламда бутунлай танҳо қолди? Сени эзаётган нарса бахт эмас, шубҳалар, шубҳалар эзаётир… Наҳотки, сен бутун умр ишонганинг қиролнинг адолати ёки маликанинг муҳаббатсимон дўстлиги сени қоронғи сўқмоқда ёлғиз қолдириб, тун қўйнида ғойиб бўлиб кетди? Наҳотки, шаҳзода Оранский дўстларга бош бўлиб, мени озод этишга журъат этолмаса? Наҳотки, халқ кўтарилмаса? Наҳотки, қудратли куч бўлиб ўз қадрдон дўстига нажот бермаса?
Эй, мени ўз исканжасига олган деворлар! Ўз қалбларини қалқон қилиб мен учун ёрдамга келаётганларнинг йўлини тўсмангиз! Авваллари менинг кўзларимдан эмиб олганлари у жасорат оловлари энди уларнинг қалбларидан яна менинг қалбимга қуюлсин. Ҳа, ҳа! Улар минг-минг бўлиб қўзғолаётирлар! Улар менга мадад берадилар! Уларнинг ўтинч нидолари кўкка учмоқда, улар мўъжиза истайдилар, улар найза ва қилич олажаклар. Уларнинг зарбалари остида дарвозалар қулаб тушади. Кишанлар парчаланади, деворлар йиқилади ва Эгмонт ёришаётган тонг шуълалари остида озодлик қаршисига пешвоз чиқади. О, қанча-қанча таниш юзлар шодиёналик билан кутиб олурлар мени!..
Клерхен қўшиғи
(Мусиқа)
Шодлик ва қайғу
Фикринг банд этар.
Ёрим чарчаб, нафас
Кучланар, қийнар.
Фақат муҳаббат
Бахту баҳор билан,
Севги-муҳаббат…
Азоб тугаб, уни
Қучади шафқат
Ва бахтиёрлик.
Э г м о н т. Ҳаммаси тугади. Ҳаммаси ҳал. Нажот йўқ. Турмадан чиқишга ҳам йўл йўқ. Жаллодлар бостириб кирадилар. Мен эса бошимни болта остига қўяман ва шу турмада мангу уйқуга кетаман. Мен қўлда қилич билан эмас, шуҳратли жангда эмас, Гравелин жангида ўзини жангга ташлаган ва орқасидан бутун қаҳрамонлар полкини етаклаб борувчи қаҳрамон сифатида эмас, турмада ҳаёт билан видолашмакдаман. Энди шу қора турма деворлари остида, шу болта остида танҳо жон бераман.
Ҳаммаси тугади. Ҳаммаси ҳал. Нима бўлди менга? Нима учун кўнглимда осойишталик? Бу қандай тоза руҳ? Менга ҳеч нарса қўрқинчли эмас. Мен танҳо эмасман. Эй менинг дўстларим, жонажон халқим, ўртоқларим! Мен сиз учун яшадим ва менинг руҳим абадий сиз билан бирга. Қалбим тўла нур ҳам ором. Мен ухламоқ истайман ва ишонаманки… Эй, жаллод, мени уйқудан уйғотмасданоқ…
Кел, эй менинг тинч оромим! Мен ухламоқ истайман ва ишонаманки, ухлайман. Ум-м… жаллод мени уйқудан уйғотмасданоқ умримга хотима бера қолсайди. (Мусиқа.) Кел, эй менинг тинч оромим! Кел, ҳаёт ва ўлим ҳақидаги бутун тасаввурларни бир-бирига қориштириб юбор. Шодлик ва ўлимни ҳам бир-бирига қўш. Сен ҳам кел, эй менинг севгилим! Кел, эй менинг ягона Кларам, лабларимга лаб қўйиб, сўнгги видолашув бўсасини бер. Кел, тинч оромим, ҳаётимнинг сўнгги ороми, кел. (Мусиқа.)
Мен ажойиб лавҳани кўрдим! Қуёш нурига бурканган озодлик тимсолини кўрдим ва унинг орази, бу – эрк орази, севгилим Кларанинг оразидек табассум қилди менга. Сизлар – менинг қалбимдан жой олган эрк ва севгилим, айтинг, қайси бирингизнинг севгингиз кучли экан?.. Бироқ мен сўнгида кўрдимки, Кларанинг табассуми озодлик қайғуси билан ва қон офтоб қиёфасида равшан кўринди. Бу қон эрк оёғи остида тупроқни қип-қизил қилиб бўяди. “Бу, сенинг қонинг, сенинг, Эгмонт! Бу, кўпларнинг қони, эрк севувчиларнинг қони!” – деган садо янгради. Бу қон беҳуда тўкилмади. Бу қон озодлик учун тўкилган қутлуғ қондир.
Сенинг қонинг табаррук бўлади, Эгмонт! Қўзғол, халқим, қўзғол, сени зафар кутади. Сен денгиздек улуғвор халқсан, денгиздек қудратли ва қўрқинчлисан. Сен денгиз тўфони каби бутун тўсиқларни парчалаб ташлайсан.
О, жонажон шаҳрим, душман сенинг деворларингга яқинлашмоқда. Халқим, гражданлар, дўстларим, нега ҳозир сиз билан бирга эмасман? Аммо руҳим сиз билан бирга. Яна мардон бўлинг, ўлимдан қўрқманг! Озодлик учун, ўлмас муҳаббатга эга бўлган ҳамма одамлар учун ўлим йўқ! Демак, озодлик учун курашингиз! Бу турмада тинч ва шодлик билан жон бераётган мен каби сиз ҳам жангда шодлик билан жон беринг.
Жаллод, қани кир, ўз ишингни тугат! Эй, сиз, ёлланган солдатлар, сиз жанг майдонида керак эмассиз. Менинг олдимга бостириб кирсангиз ҳам, ўз сафларингизни оширсангиз ҳам, барибир, менинг олдимда ожиз қоласиз, мен энди икки умр билан яшайман. Бирини сиз оласиз, аммо иккинчисини сизга бермайман. Иккинчиси – менинг умрим. Бу умр халқ билан озодликда яшайди. (Тантанали мусиқа.)
Эгмонт-Убай Бурҳоннинг магнит лентасига ёзилган сўзлари шулардангина иборат.
Мен “Эгмонт” трагедиясининг ўзбек тилига Усмон Носир қалами билан таржима қилинган бу лавҳасини эълон қилганимдан мамнун бўлиб юрдим. Орадан бир мунча вақт ўтгач, бу таржима ҳам, мендаги мамнуният туйғуси ҳам бориб-бориб унутилди. Аммо…
Аммо орадан беш-олти йил ўтгач, эски газета тахламларини варақлаётганимда, кўзим дафъатан Миртемирнинг “Эгмонт” сарлавҳали унутилган мақоласига тушиб қолди. Мақола хассос шоир ва таржимоннинг бундай сўзлари билан бошланган эди:
“Эгмонт” Гётенинг революцион трагедиясидир. У бундан бир ярим аср илгари ёзилишига қарамай, энг илғор гуманизм ва революцион пафоси билан бизга замондош асарлардан саналади. Буюк Гёте “Эгмонт” асарида нидерланд халқининг ХVI аср испан абсолютизмига қарши озодлик курашини ўлмас образларда ва юксак драматизмда тасвирлагандир. Эгмонт – озодлик учун курашган нидерланд халқининг етакчиси – қаҳрамон сифатида берилган. Бу тарихий ҳақиқат бўлиб, Гёте қаламида ҳеч ўлмас бир асар, драматургиянинг классик намунаси бўлиб қолган. “Эгмонт”га буюк бастакор (композитор) Бетховен мусиқа ёзган. Бетховен мусиқаси асарни яна юқори поғонага кўтарган, асарда қаҳрамонлик руҳи тағин ҳам кучайган, бадиий қиммати яна ҳам ортган» (Миртемир. “Эгмонт”, “Қизил Ўзбекистон” газетаси 1940 йил 14 ноябрь).
Мақоладан маълум бўлишича, 1937-1938 йиллар бўрони тиниб, 1940 йилнинг совуқ кузи бошланган айёмда Ўзбекистон радио комитети яна Гётенинг ўлмас асарига мурожаат этиб, “Эгмонт” радиоспектаклини тайёрлаб, радио тингловчиларига армуғон қилган. Германиянинг сўнгги ҳарбий техника билан қуролланган қўшинлари СССР чегарасига яқинлашиб, Иккинчи жаҳон урушининг қонли нафаси келаётган кунларда бу асарнинг эфирга чиқарилиши тасодифий эмас эди. Совет давлати 37-йил қил-кўпригидан омон-эсон чиққан фуқароларини Эгмонтнинг: “Эй менинг дўстларим, жонажон халқим, ўртоқларим! Мен сиз учун яшадим ва менинг руҳим абадий сиз билан бирга… Қўзғол, халқим, қўзғол, сени зафар кутади. Сен денгиздек улуғвор халқсан, денгиздек қудратли ва қўрқинчлисан. Сен денгиз тўфони каби бутун тўсиқларни парчалаб ташлайсан…”, – деган сўзлари билан яқинлашиб келаётган урушга тайёрлаши, унда ватанпарварлик туйғуларини қайта уйғотиши лозим эди. Шунинг учун ҳам радио комитетининг адабий-мусиқий эшиттиришлар таҳририятидаги ходимларнинг тиллари 37-йилда куйганига қарамай, улар “Эгмонт” устида ишлаб, уни халққа тақдим қилганлар.
Миртемирнинг ёзишича, Эгмонт ролини радиоспектаклда “артист М.Канадов ижро этган, асар таржимаси устида эса М.Шайхзода “қунт ва маҳорат билан” ишлаган.
Миртемирнинг бу мақоласини ўқиганимдан сўнг, юқорида эълон қилинган лавҳанинг Усмон Носир қаламига мансублиги масаласи менда шубҳа уйғота бошлади. Таржимани қайта-қайта ўқиб чиқдим. Ўқиганим сайин Усмон Носир руҳи ундан аста-секин узоқлашаётгандек бўлди ва охири мен билан хайрлашмасдан ғойиб бўлди-қолди…
1937 йилда “Эгмонт” радиоспектаклининг тайёрланишига бош-қош бўлган Я.Б.Пеккер қамоққа олинганидан, таҳририят ходимлари эса кетма-кет терговга чақирилганларидан кейин Усмон Носир таржимасининг омон қолиши амримаҳол эди. Унинг йиртиб йўқотилган бўлиши шубҳасиз. Бинобарин, Убай Бурҳон ижросидаги Эгмонт монологининг таржимони Усмон Носир эмас!.. У ҳолда 50-йилларнинг ўрталарида эфирга чиққан “Эгмонт”ни ким таржима қилган? Мақсуд Шайхзодами? Ахир у ҳам 50-йиллар аввалида қатағонга учраган, Маяковскийнинг Шайхзода таржимасида мактаб дарсликларига кирган асарлари бекор қилиниб, уларни бошқа шоирлар таржима қилган эдилар-ку?! Убай Бурҳоннинг шундай хавфли шароитда Шайхзода таржимасини топиб, уни эфирга олиб чиқиши ақл бовар қилмайдиган ҳодиса эмасми?! Йўқ, Убай Бурҳон Шайхзода таржимасадан ҳам фойдаланмаган. Балки “Эгмонт” трагедиясидан радиоспектакль учун танлаб олинган лавҳани Убай Бурҳоннинг ўзи таржима қилгандир…
Менимча, шундай. Сиз-чи, сиз қандай фикрдасиз?..
2017/12
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/16/%d0%bd%d0%b0%d0%b8%d0%bc-%d0%ba%d0%b0%d1%80%d0%b8%d0%bc%d0%be%d0%b2-%d0%bc%d0%b0%d1%8a%d0%bb%d1%83%d0%bc-%d0%b2%d0%b0-%d0%bd%d0%be%d0%bc%d0%b0%d1%8a%d0%bb%d1%83%d0%bc-%d1%8d%d0%b3%d0%bc/