DO`STLARGA ULASHING:
Муҳйи (тахаллуси; асл исм-шарифи Муҳаммад Ризо Охунд ўғли) (1835, Қандаҳор, Афғонистон — 1911, Андижон) — шоир. Туркий ва форсий тилларда ижод қилган. Ҳирот ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олган.
Муҳйи 19-асрнинг 60-йиллари ўрталарида Андижон шаҳрида яшаган. Андижон ҳокими — Худоёрхоннинг катта ўғли Насриддинбек (1865 — 75) Муҳйига «Тож уш-шуаро» («Шоирлар тожи», 1869) фахрий унвонини берган. 1871 йил ҳаж зиёратидан сўнг у «Ҳожи Муҳйи» тахаллусини олган. 1876 йилда Қўқон хонлиги тугатилгач, Муҳйи Қўқонда, Соибзода ҳазрат мадрасасида яшаган.
Муҳйидан салмоқли ижодий мерос қолган. Булар жумласига шоир девонининг турли котиблар томонидан кўчирилган 6 қўлёзма нусхасини, Муҳйининг ўзи тузган 1 шеърий тўпламни киритиш мумкин. Форсий ва туркий девонлари 1 муқовада 1912 йилда Тошкентда, Порцев матбаасида чоп этилган. Форсий девонида 242 ғазал, 6 қасида, 4 маснавий, 91 қитъа, 19 фард ва 3 рубоий бор (230 саҳифа), туркий девони эса 148 ғазал, 1 мусаддас, 1 мураббаъ, 74 қитъа, 1 қасида ва 11 муфрадот (130 саҳифа)дан ташкил топган.
Муҳйи, асосан, лирик шеърлар ёзган. Ғазалиётида Навоий, Лутфий, Сўфи Оллоёр ижодининг таъсири сезилади. Сатирик асарларида, хусусан, машҳур Виктор воқеаси ҳақидаги мухаммасида ўлкага кириб келаётган рус сармоядорларининг кирдикорлари, уларга ишониб алданган маҳаллий бойлар ҳажв остига олинган.
Акром Деҳқонов.