“Ранглар – бу клавишлар, кўзлар – болғачалар, қалб эса бамисоли кўп торли роялдир. Рассом қўллари шулар воситасида инсон қалби тебранишларини юзага чиқаради.”
В.КАНДИНСКИЙ
Буюк рассом, тасвирий санъат назариётчиси, абстракционизм оқимининг йирик намояндаси Василий Кандинский ижодини тушунишу унинг асарлари ҳақида сўз юритиш нафақат шунчаки санъат мухлислари, балки тўлақонли мутахассислар учун ҳам бироз мушкуллик пайдо қилиши табиий. Унинг бадииятини англашга интилиш кишига тафаккур машаққати билан бирга ғоят завқ ва ҳаяжон бағишлайдиган жараёндир. Бир қараганда киши диққатини махф этиб, хаёлот оламига бошлайдиган, аммо жозибасининг сири нимада эканлигини ҳадеганда билдиравермас ажиб суратларда анъанавий ифода шаклларини, кўзлар одатланган чизгиларни учратиш қийин. Чунки мусаввирнинг мавҳумликка бурканган ранг-баранг асарлари замирида яширин аниқлик, изчил мантиқийлик, тафаккурнинг шаклдаги турфа жилолари, тасаввур чексизлигида туғилган фикрларни уқиш, англаш осон эмас. Бироқ, уларни англашга интилишнинг ўзи киши руҳига теранлик ва лаззат бағишлайди. ХХ асрда юзага келган абстракт санъатнинг намояндалари кўп. Улар орасида Василий Кандинскийнинг номи асосчилар сафида биринчилардан бўлиб тилга олиниши бежиз эмас.
Василий Васильевич Кандинский 1866 йилнинг 16 декабрь санасида Москвада савдогар оиласида таваллуд топган. У болалик чоғида оиласининг Одессага кўчиб борганлиги сабабли мусиқа ва санъат бўйича дастлабки таҳсилни ўша ерда олади. Кейинчалик ота-онасининг истаги билан Москва университетида ўқиб, юрист бўлиб етишади. Узоқ йиллар давомида университетларда педагоглик фаолияти билан шуғулланиб, илмий изланишлар олиб боради. 30 ёшга етгандагина рассомлик билан жиддий шуғулланишга қарор қилади. 1896 йили Мюнхенга жўнаб, то биринчи жаҳон уруши бошланган 1914 йилга қадар ўша ерда яшаб, ижодий қилади. Дастлаб Антон Ашбе студиясида, 1900 йили Мюнхен Бадиий академиясида Франц фон Штук раҳбарлигида тасвирий санъат бўйича профессионал таълим олади. Немис экспрессионистлари Явленский, Кардовский, Грабар ва бошқа модернистик рассомлар билан яқин ижодий муносабат ўрнатади. Унга дастлаб Москвада ўтказилган кўплаб импрессионистларнинг кўргазмалари, жумладан, Клод Моне асарлари катта таъсир кўрсатган бўлса, ижодининг дастлабки даврларида реалистик, ярим абстакт руҳдаги асарлар ишлаган.
Ўша даврлар Кандинскийнинг ижодий юксалишида жуда муҳим ўрин тутган. Айниқса, 1911 йилда унинг бошчилигида “Кўк суворий” номли ижодий бирлашманинг тузилиши ва фаолияти тасвирий санъатда янги нигоҳ ахтарувчи рассомларнинг фаоллашувида муҳим роль ўйнаган. Кандинский дастлабки кўргазмаларини ҳам айни шу даврда ташкил этган. Мусаввирнинг санъатга оид мулоҳазалари унинг 1912 йилда чоп этилган “Санъат руҳияти ҳақида” китобида жамланган. Бу китоб абстракцион санъат моҳиятига бағишланган дастлабки назарий асарлардан бўлиб, рассом унда ўзининг замонавий санъат ҳақидаги қарашларини батафсил баён қилади. У “ҳар бир даврнинг ўз санъати бўлади. Ҳеч қайси давр ўтган даврни такрорламайди. Хусусан, санъат ҳам. Масалан, биз қадимги греклар каби бўла олмаймиз. Ҳатто грекларнинг ўзлари ҳам антик даврдагидек бўла олмайди” – деб ёзади. Бу унинг ижодда янги шакл ва ифода усулларига интилиши билан бирга санъатнинг қадим китобида янги саҳифа – абстактционистик усул кенг ривожланиб, тасвирий йўналишлар бошқа босқичга кўтарилиши ҳақидаги жиддий қарашлари эди.
Биринчи жаҳон уруши бошлангач, рассом яна ўз ватани Россияга қайтиб, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаол меҳнат қилади. 1921 йилда яна Германияга қайтиб, мутлақо бошқа услубда маҳоратини намоён қила бошлайди. У геометрик абстакция жанрида ранг-баранг асарлар яратиб, жаҳон замонавий тасвирий санъатининг етакчиларидан бирига айланади. Бу даврда унинг турли геометрик шакллар ва рангларни ўзгача қўллаш тажрибалари акс этган кўплаб композициялари яралади. Ушбу композициялардаги предметсиз, аммо, изчиллик ва гармонияга эга асарлар Кандинскийга хос индивидуал бадиий тасаввур шакли сифатида эътироф этилди. Абстакционизм замонавий тасвирий санъатнинг шундай шаклики, унинг намояндалари предметсиз, реал фигураларсиз конструктив, ҳандасавий шакллар ва буёқлар асосида янги санъат яратишга эътибор қаратган. Бироқ бу йўналиш кубизмдан, экспрессионистик усуллардан ўсиб чиққан бўлса ҳам, улардан фарқли равишда шаклларни восита сифатида қўлламай, уларни мустақил объектлар сифатида олиб чиқишди. Масалан, Кандинскийнинг “Сариқ, қизил, ҳаворанг” номли асарида шундай тасвирни кузатиш мумкин: кенг юзада турли ранг ва ҳажмдаги айлана, тўғри чизик, тўғри тўртбурчак, ёй, учбурчаклар акс этган бўлиб, уларнинг умумий фони марказида деярли табиатнинг барча ранглари мужассам. Бироқ, сариқ, қизил ва ҳаворанг нисбатан асосий планда ифодаланган. Кандинский таъбирига кўра, бундай абстракт санъат замирида табиатнинг космик қонунлари ётади. Шунинг учун абстакт санъат бу – аниқ санъатдир.
Кандинский ижодининг бундай юксалишларига унинг назарий изланишлари катта омил бўлди. Ҳар қандай буюкликнинг ортида катта изланишлар ётганидек, бу изланишлар ортида ҳам Кандинскийнинг улкан мақсадлари ётади. Айниқса, ижодкорлик аъмолида инсон тафаккури қудрати ва илоҳий салоҳият бирлиги ўта муҳимдир.
Василий Кандинский Мюнхен Бадиий академиясида фаолият олиб борган даврида ўз назарий қарашларини амалий тадбиқ этиб боради. 1933 йилда Германияда ҳокимият тепасига нацистлар келгач, у оиласи билан Францияга кетади. 1939 йили Франция фуқаролигини олиб, то умрининг сўнггига қадар ўша ерда яшаб, ижод қилади ва 1944 йил 13 декабрда оламдан кўз юмади.
Кандинскийнинг мусаввир сифатида оламни бадиий идрок этишдаги ўзига хос услуби, санъат дунёсида ноанъанавийлик анъанасини бошлаб, ранг аталмиш кимёнинг сеҳри инсон тасаввуридан нақадар куч олишини кўрсатиб, ХХ асрнинг энг шуҳратли шахсларидан бирига айланди. Жаҳон замонавий тасвирий санъатида унинг номи ниҳоятда юксак эътироф билан тилга олинади.
Кандинский услуби мутлақо ўзига хос бўлиб, фактуралар, ранглар қўлланилиши билан яққол ажралиб туради. Унинг ижоди геометрик шакллар асосий планда. Бироқ бу фақат шаклий бетакрорликка интилиш эмас, унда томошабин бир қарашда англаши мураккаб бўлган мантиқ мажассам. Кандинский асарлари ва ижодий хослиги хусусида сўз кетганда шуларни айтиш мумкинки, унинг ижодий изланишларида жанрий ранг-баранглик бор. Кандинский тасвирий санъат намуналари, умуман, санъат асарида янги шаклдан ташқари, биринчи навбатда мантиқ, руҳ бўлиши лозимлигига жиддий қараган. Унинг фикрича, “Мазмунсиз қуруқ шакл – бу жонли қўл эмас, балки ичи бўшликка тўла қўлқоп демакдир.”
Кандинский ўз ижодини абстакционизмгача ва ундан кейинги даврдаги асарларга бўлади. Унинг графика, гравюралари ва реалистик асарлари биринчи турга кирса, иккинчиси унинг туркум композициялари, шишадан ишланган дикоратив асарларида ўз ифодасини топган. Буларнинг бари Кандинский ижодининг умумий бутунлигини ташкил этади. Унинг 1903 йилда ёғочга ишланган гравюралари жуда машҳур бўлиб, 16 саҳифадан иборат гравюра-альбом “Сўзсиз шеърият” деб номланади. Бу альбомдан ўрин олган 12 асарда ифодаланган мавзулар ва шаклий оригиналлик худди бетакрор қофияли шеърлар каби тасаввурда муҳрланиб қолади. “Амазонка”, “Тоғлар амазонкаси” номли шишага ишланган декоратив асарлари ҳам рассомнинг ўзгача изланишлар йўлида яралган биринчи даврига хос асарлардир. Унинг “Икки отлиқ”, “Рок. Қизил саҳна”, “Мовий тоғлар”, “Интерьер”, “Кўл”, “Импровизация”, “Фуга”,”Импровизация”, “Москва. Қизил майдон”, “Кулранг овал”, “Оқ овал”, “Қора квадратда”, “Сариқ, қизил, ҳаворанг”, “Қизилдаги кичик орзу”, “Бир неча айлана”, “Айлана атрофида”, “Сўнгги акварель” каби асарлари ижодининг иккинчи ярмида яратилган абстракция намуналари ҳисобланди.
Шу каби асарлари жаҳон санъатининг дурдоналарига айланиб, номи ХХ асрнинг энг машҳур мусаввирлари ўнталигининг юқорисидан ўрин олган Кандинский ижоди ўзининг аниқликка асосланган мавҳумияти, бетакрор жилоси, ранг жилваси ҳамда бадиият сири билан келгуси авлод эстетик тафаккури ривожига хизмат қилади.
2007 йилда Россияда Кандинский номидаги мукофот таъсис этилган бўлиб, унинг бош мезони янги ғояларни рағбатлантиришга қаратилган. 2012 йилда эса Меркурий сайёрасидаги кратерга Кандинский номи берилганки, бу рассомнинг бадиий мероси бутун жаҳонда янгиланиш, тафаккур қудратини англатувчи тимсолга айланганидан дарак.
Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
2017/12
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/16/%d0%bc%d1%83%d1%81%d0%b0%d0%b2%d0%b2%d0%b8%d1%80%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d1%81%d1%9e%d0%b7%d1%81%d0%b8%d0%b7-%d1%88%d0%b5%d1%8a%d1%80%d0%b8%d1%8f%d1%82%d0%b8/