Дунё таниётган ўзбек адиблари

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи Исажон Султон Швеция пойтахти Стокгольмда бўлиб ўтган “Open Eurasia – 2017” номли нуфузли халқаро танловнинг совринли мукофотини қўлга киритди. Адибнинг “Ҳазрати Хизр изидан” номли асари танловнинг “Кичик насрий асар” йўналиши бўйича юқори ўринлардан бирига лойиқ топилди. Танлов ташкилотчиларнинг қарорига кўра, мазкур ижодий танловнинг барча ғолиблари китоблари Европада нашр этилади. Жорий йилда 37 мамлакатдан 1100 муаллифнинг асарлари “Open Eurasia – 2017” танловига тақдим этилган. Танлов “Open Eurasia literature festival & Book Forum” деб аталган VI халқаро адабиёт фестивали доирасида бўлиб ўтди.

Ҳозирда фаол ижод қилаётган ва асарлари дунё миқёсида эътироф этилаётган истеъдодли ёзувчимиз Исажон Султоннинг “Муножот”, “Ойдинбулоқ”, “Боқий дарбадар”, “Озод”, “Боғи Эрам” номли китоблари чоп этилган. Асарлари инглиз, немис, рус ва турк тилларига таржима қилинган ҳамда АҚШ, Россия, Туркия ва Молдова адабий нашрларида чоп этилган. Адиб Жавоҳарлаъл Неру, Рюноскэ Акутагава, Ясунари Кавабата, Дино Буццати, Умар Сайфиддин асарларини ўзбек тилига ўгирди. “Озод” романи учун муаллиф Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ватан учун яшайлик” республика танлови ғолиби бўлди.

Исажон Султон –  бир қанча халқаро адабий танловлар ғолиби. “Қисмат” ҳикояси АҚШнинг Чикаго шаҳрида чоп этиладиган “Lexicon” адабий нашрининг (2011), “Боғи Эрам” ҳикояси Туркиянинг Анталия шаҳрида чиқадиган “Güncel Sanat” журнали халқаро танловининг ғолиби (2015), “ТODD” ҳикояси Россия Федерацияси маданият,  таълим ва мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган “Буюк ғалабанинг қаҳрамонлари” танловининг махсус мукофоти билан тақдирланган (2017). Ёзувчи, шунингдек, “Адабий Вена” (Австрия), “Сеҳргарлар ҳадяси” (АҚШ), “Органик проза” (Россия) халқаро танловларида ҳам ўз асарлари билан иштирок этган.

Мамлакатимизда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кенг миқёсда амалга оширилаётган бугунги кунда Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан” номли асари мисолида замонавий ўзбек адабиётининг халқаро миқёсда эътироф этилиши барча юртдошларимизни қувонтиради. Исажон Султонни ушбу ижодий муваффақият билан муборакбод этамиз.

 

Таржимонимиз Мирзали Акбаров – халқаро танлов совриндори

 

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда, Европанинг кўпгина мамлакатлари қаторида Австрияда ҳам вайрон бўлган халқ хўжалигини қайта тиклаш билан биргаликда маънавий-маданий ишларга, жумладан, адабиётга, хусусан, бадиий таржимага ҳам алоҳида эътибор қаратила бошланди. Шу мақсадда федерал ҳукумат томонидан таълим, санъат ва маданият вазирлиги ташкил қилинди ва унинг қошида адабиёт бўлимига асос солиниб, бадиий таржималар учун махсус мукофот таъсис этилди.

Мазкур мукофот икки хил йўналишда тақдим этилади:

–  биринчидан, замонавий Австрия ёзувчиларининг энг яхши асарларини

хорижий талларга юксак маҳорат билан таржима қилган чет эллик мутаржимлар учун;

– иккинчидан, Австрияда яшаб ижод қиладиган мутаржимларга улар томонидан чет эл адабиётидан немис тилига қилинган энг яхши таржима асарлар учун берилади.

Мукофот учун номзодлар Австрия таълим, санъат ва маданият федерал вазирлигининг адабиёт бўлими танлов ҳайъати аъзолари томонидан ҳар йили ноябрь ойида кўриб чиқилиб, ғолиб деб топилган таржимон номи эълон қилинади.

Ушбу нуфузли мукофот бу йил ҳамюртимиз, таржимон Мирзаали Акбаровга насиб этгани журналимизнинг ижодий жамоаси ва барча адабиёт ихлосмандларини қувонтириб юборди. М.Акбаров ўтган 2016 йилда “Энг яхши насрий таржима” рукнида (поляк адиби Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси” (3-4-сонлар) асари ва немис ёзувчиси Томас Манн ҳикоялари (7-сон) таржимаси учун) “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририяти томонидан таъсис этилган Озод Шарафиддинов номидаги йиллик мукофот билан тақдирланган эди.

Таржимон учун 2017 йил ҳам омадли бўлди. М.Акбаров Австрия федерал ҳукуматининг энг яхши бадиий таржималар учун бериладиган мазкур нуфузли мукофотига австриялик истеъдодли ёш ёзувчи Арно Гайгернинг “Қувғиндаги кекса қирол” номли қиссаси таржимаси учун сазовор бўлди. Бу асар аввал журналимиз саҳифаларида, сўнг китоб ҳолида чоп этилди (“Файласуфлар” нашриёти, Тошкент, 2015).

2011 йилда нашр этилган “Қувғиндаги кекса қирол” қиссаси асар муаллифига нафақат Европа, балки дунё миқёсида ҳам шуҳрат келтирди. Асар тез орада кўпгина жаҳон тилларига таржима қилиниб, китобхонлар меҳрини қозонди. Унда муаллиф Алцҳаймер касаллигига дучор бўлган кекса отаси қисмати  ҳақида ҳикоя қилади.

Биз журналимизнинг ижодий жамоаси  ҳамда барча адабиёт мухлислари номидан таржимон Мирзаали Акбаровни ушбу мукофот билан самимий қутлаймиз ва унга янги ижодий зафарлар тилаймиз.

 

Муаттар Алиева

тайёрлади.

 

2017/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/16/%d0%b4%d1%83%d0%bd%d1%91-%d1%82%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b3%d0%b0%d0%bd-%d1%9e%d0%b7%d0%b1%d0%b5%d0%ba-%d0%b0%d0%b4%d0%b8%d0%b1%d0%bb%d0%b0%d1%80%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x