“Мусаввирнинг рангсиз тушлари…”

* * *

Куз билан хазоннинг олишувин жим,

Бу дарахт кўп узоқ кузатди.

“Сиз менга суянинг, – деди, – азизим…”

Қақшаган қўлини узатди.

Дарахт чайир эди, ёш эди дарахт,

Кирланмаган эди хаёли.

Қай кун кўкси узра тўлғонди фараҳ,

Қайси бир дунёнинг шамоли…

Баданини эзди жунунвор андуҳ,

Саволлар ёғилди самога бошдан.

Сўнгра кузга қараб чуқур тортди “уҳ”

Сен жуда қадимсан…

Мен жуда ёшман…

“Афсус, ишқсизликка етмайди кучим,

Жоним деб жонимда тутганим.

Кузга кетар йўлни айтиши учун,

Отланди баҳорни кутгани…”

Сўнг бирдан, эҳтимол гуллаб юборган,

Балки сағир вужуд яшашдан холи.

У шундай баҳорда туйғусиз қолган,

Кузсизликнинг тутган уволи…

21.2. 2020

 

* * *

Сен юрган соҳилда – яшайди ғусса,

Мен юрган соҳилда – кун кўрар ғамлар.

Дунёда исмсиз ёлғизлигимсан,

Буни тушунмайди одамлар…

Одамларга нима, гап-сўз бўлса бас,

Билишмас, кўнгилда қадим иморат.

Ўртамиз бепаёон денгиздан эмас,

Бепоён осмондан иборат…

 

Суратлар чизасан кипригинг билан,

Мунгли кулгулари гўзал мусаввир.

Сен бор-йўғи тўлган ишқу туйғудан,

Мен эса бор-йўғи аблаҳман, ахир…

Кет, демайман асло, кечирмасанг ҳам,

Юрагимга қушдай қўнмас энди “Қол!”

У соҳил сен мени кутаётган дам,

Бу соҳил мен ўлиб бўлдим, эҳтимол…

 

Жимгина кетамиз, сақлаганча кек,

Ўйлаймиз: “У балки ортига қайтар…”

Бир кун яна қайта учрашадигандек,

Бизнинг видомизни денгизлар айтар…

23.2. 2020

“ЁЛҒИЗ БОҒ”

 

1

Яшиллашган тушлари ичра,

Баданлари беун қақшади.

Кузнинг ғамгин кулгичларила,

У баҳорни сўкди ўхшатиб.

Баҳор секин ёяверди сеп,

Сукунат портлаган томонда.

Бир дарахт йиғлади кузни деб,

Мен тушсиз уйғонган бир тонгда…

 

2

Энди, баҳор – ўзга Ватандир,

Қизиқтирмас, сотқинлик кузга.

Фақат, уни соғинганимча,

Бир ўйинни бузганим-бузган.

Узоқдасан, бордексан фақат,

Бир кун гўё қайтадигандек.

Бўронлардан қўрққани – даҳшат,

Тупроқ узра гулламаган Эрк…

 

3

Узилмаган биронта гул йўқ,

Боғдан ғамнинг анвойи анқир.

Дарахт, кўкка этмайди қуллуқ,

Ўз боғини топгунча санқир.

Тарк айлади бор баҳорин ва

Кузга ортди дарду ғамини.

Сезиб қолди кутилмаганда,

Ўлимини излаганини…

 

4

Гуллайвергин, умид – жўмардинг,

Нигоҳларни сайратиб маъюс.

Оғир келар баҳорга дардинг,

Унга арзир ўттиз йиллик Куз.

Минг йилларки яшнамоқ – хатар,

Қулаб борар изтиробга тик.

Эрк унингдир ўлгани қадар,

Соғингани қадар ёлғизлик…

 

5

Ичингда чириган мавсумни,

Мақтаб юрдинг очиқ кафтингда.

Кузни сенга келтирган тунни,

Унутмадинг чоғи афтидан.

Қулаганча осмон сари жим,

Таслим бўлмоқ мумкинмас ахир.

Гуллаб-гуллаб топганларингни,

Бир сўлишда йўқотмоқ оғир…

26.2. 2020

 

* * *

Бир осмон остида яшаймиз – абгор,

бир замин устида ризқи ғам – сероб.

Симириб ичаман такрор ва такрор,

кўзларинг – кўнглимга аталган шароб…

 

Бу шаҳар осмони тўхтамайди ҳеч.

у далли томчилар олар ҳушингни.

Улоқтириб ҳижрон либосин ҳар кеч,

бошимга тутасан ёмғирпўшингни…

Ҳавотир – оромга юз бурган абас,

ўйлайман, қароғим бир бахтдан намдир.

Ёмғирли кунларда ёмғирпўш эмас,

бизни бир муҳаббат бирлаштиргандир…

Тушун, чарчамадим изтироб чекиб,

гарчи, ишқ сукунли лаҳзаларда ҳал.

Ишқалар музлаган кафтларин секин,

баҳорни соғиниб чарчаган феврал…

 

Бу баҳор кечиккан, кечиккан гуллар,

номига айтилган сўнгсиз фахрдан.

Бир бўлсин юраклар, нигоҳлар, қўллар,

туйғулар, хаёллар, елка, бағир ҳам.

Бирга азобу бахт чекаверайлик,

ўтайлик умрнинг қишу ёзидан.

Ҳар қандай ажалга қаршидирман лек,

бир ўлим жазомиз бўлса розиман!

27.2. 2020

 

* * *

Қайси кун,

ёмғирлар ёғса изиллаб,

тупроққа фарёдим каби қоришса,

ёдимга тушасан, қўрқаман фақат,

мен қошингга ночор кулиб боришдан…

 

Қайси кун,

томчилар ҳароратидан,

қадим ишқсоатнинг синар ақраби.

Дийдори – кўкламсан, либоси – наврўз,

мен эса қақрадим, қаттиқ қақрадим.

 

Нигоҳлар “оҳ”лаган давралар аро,

баттол одамлардан кўнглини асраб,

Тошкентдай шаҳарда қидириб нени,

автобусга чиқар ичиккан соғинч,

метрога шошади бир вужуд ҳасрат,

соғингандай гўё ёлғизлигини…

 

Бузар дилнинг бори ҳаловатларин,

Сўзсиз қарашларинг ишқдир бир ютум.

То йўқсан, тўлади, йўқ-йўқ, бахт эмас,

Ёмғирли шаҳарда кўксимга тутун…

Азизам, қолмас ҳеч бизда ҳаққи дард,

хотирда кўзингсиз кунлар синиғи.

Сенга бағишланар энг сўнгги шеър ҳам,

бўғзимга тиқилган, эй аччиқ йиғи…

 

Қайси кун,

олислик чегараларин,

бузиб, келадирсан, ўйноқи насим.

Ташқари-ку, майли, фақат юракка

ёмғир ёғадиган кунлар келмасин…

26 феврал, 2020

 

Раҳмат Бобожон

https://saviya.uz/ijod/nazm/musavvirning-rangsiz-tushlari/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x