Рус авангард санъатининг дастлабки намояндаларидан бири Павел Филонов серғайрат рассом ва санъат назариётчиси сифатида санъат тарихида ном қолдирган. Унинг ижоди ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаган қатор рассом ва адабиётчилар ижодига сезиларли таъсир кўрсатган.
Павел Николаевич Филонов 1882 йили Москвада туғилган. Петербургда рангтасвир устахонасида, 1889 йилдан Рассомликни рағбатлантириш жамияти қошидаги кечки қаламтасвир синфида, 1903 йилдан академик В.Е.Дмитриев-Кавказский (1849–1916) устахонасида сабоқ олади. Рассом ёшлик чоғида Петербург академиясига эркин тингловчи сифатида қабул қилинади, лекин унинг янгича қарашлари академия таълимидан фарқ қилгани боис, 1910 йилда ихтиёрий равишда бу даргоҳни тарк этади. Унинг “Бошлар”, “Христиан оиласи”, “Аёл ва эркак” каби дастлабки асарлари бир неча ёш рассомлар кўргазмаларига қўйилиб, назарга тушади.
Рассомнинг энг яқин ҳамфикрларидан бири шоир Хлебников бўлган. Хлебников ва Филонов ижодида руҳан яқинлик яққол сезилиб туради. Филонов ўз назарияларида кубизмга қарши ўлароқ, яхлитлик ва умумийликдан деталларга бўлиб ишлаш услубини аниқ белгилаб берган. “Қонунлар ва мезонлар” деб номланган мақоласида кубистларга ўхшаб, табиийликдан уларни узлуксиз тараққиёти даврида, шаклий унсурларни таҳлил қилган ҳолда, уни асл тагзаминини англаб олишга ҳаракат қилади. Филонов ўзининг ана шу қарашлари орқали, санъат оламида шакл ва ранглардан ташқари очиқ кўз билан илғаб бўлмайдиган мўъжизалар ва ҳодисалар борлигини таъкидлаб ўтади. Унинг таъкидлашича, кўз билан кўриб бўлмайдиган нарсаларни билим ва ички ҳиссиётлар ёрдамида билиб олиш мумкин. Мусаввир ушбу ҳодисани воқеликни жисмларсиз англаш деб билади.
1914 йилда П.Филонов, К.Кирилова, Д.Какабадзе, Э.Лассон, Е.Сковитинов каби рангтасвирчи ва қаламтасвирчиларнинг “Ишланган картиналар” деб номланган манифести юзага келади. Ушбу манифест рангтасвирни озод этилишини, яъни, рангтасвирга эркинлик берилишини қўллаб-қувватлайдиган жамиятнинг борлигидан шаҳодат берувчи илк босма декларация эди.
Филонов учун табиат таъсиридаги шакллар муҳим эмас, аксинча, уни ишланиш усули муҳим бўлган. Унинг фикрича, “Моҳир ижодкорлар қайси оқим ва йўналишда ижод қилишларидан қатъий назар, яратилаётган асарларидаги шакллар орасида унчалик катта фарқ йўқ. Улар учун шакл муҳимдир, бошқа восита йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас…”
П.Н.Филоновнинг ижодий қарашлари “Баркамол дунё гуллари”, “Петроград йўқсиллари формуласи”, “Она”, “Шаҳар ғолиби”, “Дунё тамаддунига қадам” туркум асарларида юксак ифодасини топган.
1915 йилда ишланган “Баркамол дунё гуллари” полотнолар туркуми деярли предметсиз, яъни, муайян аниқ буюм тасвир объекти бўлмаган асарлардир. Рус авангардида бу услубни Кандинский бошлаб берган, Ларионов, Филоновлар ижодида мустаҳкам қиёфасини топган, дейиш мумкин.
У 1918 йилда Петербургдаги кўргазмада “Дунё тамаддунига қадам” туркум асарлари билан қатнашади. Мусаввир Виктор Шкловский Филонов ижодига юқори баҳо бериб, кенг қамровли улкан ижодкор, деб эътироф этади.
Филоновнинг Петроград рассомлик ва ҳайкалтарошлик академиясини қайта ташкил қилишга киришади. Бироқ, унинг ғоя ва саъйи-ҳаракатлари расмий доирадагилар томонидан қўллаб-қувватланмайди. Рассомнинг асарларидаги ғоя ва назариялари жамоатчилик томонидан ҳаётийликдан йироқ тушунча сифатида қабул қилинади. Ижодий позицияси зиддиятларга сабаб бўлиб, “филоновчилик” фаолияти учун “синфий душман” сифатида қораланиб, вафотидан кейин ҳам то 1980 йилларга қадар асарлари норасмий таъқиқ остида туради. Аммо Филонов ўзининг санъат ҳақидаги назариясини тадбиқ қилишдан тўхтамайди. Бунинг натижаси ўлароқ, унинг “Жаҳон тараққиёти декларацияси” санъат назариётига оид муҳим манба бўлиб тарихда қолади.
У ижодий изланишларини муттасил давом эттириб, 1920 йилда “Назарий санъат усталари жамоаси” деб номланган хусусий мактаб ташкил қилади. Ўша даврда турли ҳажмдаги “Баҳор формуласи”, “Тирик бош”, “Номсиз” ва “Композиция” асарларини яратади.
“Калевала” эпоси Филоновнинг назарий санъат мезонлари асосида безатилади. Мазкур китобни безаш ишларида Т.Глебова, А.Порет, Г.Борцова, К.Вахрамеева, С.Закликовская, П.Залсман, Н.Иванова, Э.Лесов, М.Макаров, Н.Соболева, Л.Тагринава М.Цибасов каби рассомлар иштирок этишади.
1930 йилларга келиб, рассом ўзининг “назарий санъат” таълимотидан ёшларга сабоқ бера бошлайди. Ўша даврда яратилган “Империализм формуласи”, “Нарв дарвозаси”, “Ҳайвонлар”, “Қиёфалар” каби асарлари унинг сўнгги ижодий ишлари ҳисобланади. Филонов иккинчи жаҳон уруши бошланганда, урушнинг дастлабки йили – 1941 йилда Ленинград қамали пайтида вафот этади.
Ҳозирда Павел Филоновнинг ижодий мероси Россия давлат музейи ва нуфузли Третьяков музейида сақланади.
Бобониёз ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Бадиий академияси
аъзоси, рассом
2019/7
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: