ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

ГЕНДЕЛЬ ГЕОРГ ФРИДРИХ – атоқли олмон композитори, борокко даври Европа мусиқа санъатининг йирик намояндаларидан бири. 1685 йилда Германиянинг Галле шаҳрида таваллуд топган, 1759 йилда Лондонда вафот этган. Гендель ижодий меросини кўплаб опера, оратория ва чолғу концертлари ташкил этади. “Мессия”, “Сув мусиқаси”, “Қироллик фейерверкаси учун мусиқа” каби симфоник асарлари, “Алмира”, “Нерон”, “Дафна”, “Флориндо”, “Родриго”, “Агриппина”, “Ринальдо”, “Содиқ чўпон”, “Амадис”, “Юлий Цезарь”, “Алессандро”, “Орландо”, “Ариодант”, “Альчина” каби қирққа яқин опера, 32 та оратория, қатор черков учун хораллар, вокал ва чолғу куйлари билан жаҳон мусиқаси ривожига улкан ҳисса қўшган.
“ГЕНРИХ V” – улуғ инглиз драматурги Уильям Шекспир трагедияларидан бири. Асар 1599 йилда ёзилган. Унда тарихий шахс, Англия қироли Генрих V (1386–1422) ҳаёти билан боғлиқ воқеалар акс эттирилган бўлиб, манбаларга кўра, Шекспир ушбу пьесани ёзишда инглиз тарихчиси Рафаэл Холеншеднинг “Англия, Шотландия ва Ирландия хроникаси” ва яна бир номаълум муаллифнинг “Генрих V нинг шонли ғалабалари” асарларидан манба сифатида фойдаланган. Ватанпарварлик, қаҳрамонлик мавзусидаги ушбу фожиа муаллифнинг “Ҳамлет”, “Ромео ва Жульетта” каби бошқа трагедиялари каби шуҳрат қозонмаган бўлса-да, даҳосининг намоён бўлишига хизмат қилган ижод маҳсулларидан биридир. Асар 1599 йилда илк бор “Глобус” театрида саҳналаштирилган, бугунги кунга қадар ўндан ортиқ экран ва саҳна талқинлари яратилган.
ГЕРАСИМОВ СЕРГЕЙ – атоқли рус кинорежиссёри, актёр, сценарийнавис. 1906 йилда Россиянинг Оренбург губернасида таваллуд топган, 1985 йилда Москвада вафот этган. Ижодий фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаган. “Маскарад”, “Катта ер”, “Қишлоқ врачи”, “Тинч Дон”, “Одамлар ва ҳайвонлар”, “Журналист”, “Инсонни севиш”, “Қизлар ва оналар”, “Қизил ва қора”, “Петрнинг ёшлиги”, “Лев Толстой” каби фильмлари билан кино санъати тарихида ном қолдирган.
ГЕРМЕНЕВТИКА – матншунослик илми. Атама қадимги юнон афсоналаридаги худоларнинг хоҳиш ва иродасини тушунтириб бериш учун юборилган элчи – Гермес номидан келиб чиққан. Герменевтика фан сифатида матнни тушуниш, тушунтириш, таҳлил этишга асосий диққатни қаратади. Тушуниш масаласи бўйича герменевтика фалсафаси махсус шуғулланади. Замонавий герменевтиканинг етакчи вакили Ф.Шлейермахер (1768–1834) ҳисобланади. У тушуниш масаласини алоҳида категория сифатида ишлаб чиққан. Унинг қарашларига кўра, матнларни грамматик ва психологик шарҳлаш жараёнида уларнинг маъносига етиш – тушунишдир.
ГЕРХАРД ГАУПТМАН – атоқли немис драматурги. 1862 йилда ­Польшанинг Шавно-Здруй шаҳрида таваллуд топган, 1946 йилда вафот этган. Гауптман Европада санъатнинг кўҳна эстетик тамойилларининг умри тугаган даврида адабиётга кириб келган. У ижодий фаолиятида дастлаб натурализм, символизм ва неоромантизм йўналишларидан ўтиб, чинакам ижодий ўзлигини реализмда намоён қилади. Гауптманнинг илк пьесаси “Тонг олдида”(1889) атоқли режиссёр Отто Брамнинг “Эркин” театрида саҳналаштирилади. “Ғариблар”, “Тўқувчилар”, “Кундузги пўстин”, “Чўкиб кетган қўғирчоқ”, “Ҳаёт шоми”, “Зулмат” пьесалари, “Ифигения Авлидада”, “Ифигения Дельфахда”, “Агамемноннинг ўлими”, “Электра” тетралогияси Гауптман ижодининг чўққига кўтарган асарларидир. Г.Гауптман ижоди кўп жиҳатдан XIX – ХХ асрлар орасида немис театр санъатининг ривожланиш тамойилларини белгилаб бергани билан қимматли.
ГЕКЗАМЕТР – антик давр шеърий ўлчови. Атама қадимги юнон тилида “олтилик ўлчов” деган маънони билдиради. Қадимги поэзия намуналари олтилик ўлчовда ёзилиб, унинг беш сатри “дактиллар” ва “спондлар”дан, охирги бир сатр эса “хорей” билан тугаши қатъий белгиланган. Манбаларда келтирилишича, антик даврда кенг тарқалган қаҳрамонлик эпослари гекзаметри милоддан аввалги VIII аср сўнггида юзага келган. Дастлабки гекзаметрик ўлчовдаги асарлар оғзаки шаклда бўлгани боис, сақланиб қолмаган. Бу ўлчовга Аполлон ёки Орфейнинг ихтироси деб қаралиб, муқаддас оят ҳисобланган ва худолар мадҳи қўшиқ шаклида куйланган. Кейинчалик гекзаметр поэзиянинг юксак мезони сифатида юнон ва Рим шоирлари ижодида юқори босқичга кўтарилади. Гекзаметрда ёзилган дастлабки ёзма асарлар буюк Ҳомернинг “Илиада” ва “Одессия” достонлари ва милоддан аввалги XIX–VIII асрларда ижод қилган бошқа шоирлар ижоди эътироф этилади. Бу даврга келиб, гекзаметр поэзиянинг барча шакли, қаҳрамонлик достонларининг олий ўлчовига айланади. Гораций, Феокрит каби юнон шоирлари буколика, сатира, идиллия каби турли жанрлардаги шеърий асарларида ҳам гекза­метрни моҳирона қўллаган. Рим шеъриятига бу ўлчовни қадимги Рим сатиранависи Квинт Энний олиб кирган, деб қаралади. Энний юнон ўлчовини фонетик мураккабликларига қарамай лотин тилида мослаштиради. Мумтоз гекзаметр шунинг учун юнон ва лотин тилларига мослашган бўлиб, кейинчалик бошқа Европа тилларида юзага келган гекзаметр қадимги асл шаклига тақлидан яратилган. Янги давр Ғарбий Европа ва рус гекзаметрини шулар жумласида келтириш мумкин.
ГЕОРГ ВИЛЬГЕЛЬМ ФРИДРИХ ГЕГЕЛЬ – немис файласуфи, илоҳиётшунос. 1770 йилда Вютенберг князлигининг пойтахти Штутгарт шаҳрида дунёга келган, 1831 йилда вафот этган. Гегель илмий-фалсафий фаолиятининг қимматли маҳсули сифатида “Халқ дини ва насронийлик” (1793), “Фихте ва Шеллинг тизимлари орасидаги тафовут” (1801), “Мантиқ илми” (1812–1816), “Фалсафий илмлар қомуси” (1817), “Ҳуқуқ фалсафаси асослари” (1821), “Ҳуқуқ фалсафаси” (1826) каби йирик асарлари ҳамда унинг шогирдлари томонидан йиғилган “Фалсафа тарихига оид маърузалар”, “Эстетикага оид маърузалар”, “Диний фалсафага оид маърузалар” каби нутқ ва маърузалардан иборат китоблари бизгача етиб келган.
ГЁТЕ ЙОХАНН ВОЛФГАНГ – атоқли немис ёзувчиси, мутафаккир, шоир, драматург, янги давр немис адабиётининг асосчиси. 1749 йилда Германиянинг Франкфуртмайн шаҳрида туғилган, 1832 йилда Веймарда вафот этган. Гётенинг адабий фаолияти 1770 йиллардан бошланган. “Гетс фон Бенлихген”, “Прометей”, “Ёш Вертернинг изтироблари” асарлари адиб ижодининг дастлабки намуналари ҳисобланади. Гёте фаолиятининг асосий ва муҳим қисмини “Ифигения Тавридда”(1779–1781), “Эгмонт” (1788), “Торквато Тассо” (1780–1789), “Фауст” (1868–1832), “Шеърият ва ҳақиқат” (1811–1833), “Мағрибу машриқ девони” (1814–1819) сингари асарлари ташкил этади. Гёте фалсафа ва адабиётдан ташқари ҳуқуқшунослик, ботаника, геология соҳалари билан ҳам шуғулланиб, бир қатор асарлар ёзган. Гёте ижоди дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Унинг асарларини ўзбек тилига ўгиришда Чўлпон, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Эркин Воҳидов, Садриддин Салим, Янглиш Эгамова, Мирзаали Акбаров каби олиму ижодкорларнинг хизматлари катта.
ГИПЕРРЕАЛИЗМ – ХХ асрнинг иккинчи ярми XXI аср бошларида АҚШ ва Европада юзага келган ижодий оқим. Гиперреализм моҳиятан реализмнинг янада юқори, кескин шаклини ифода этиб, адабиёт, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, кинематография, фотография соҳаларига фаол кириб келган. Атама илк бор 1973 йилда франциялик фоторассом Изи Брашо томонидан қўлланилган. Гиперреализмда фотореализмнинг эстетик принципларига асосланиб, кундалик ҳақиқатни батафсил нусхалашга интилмайди, сюрреализмдан фарқли равишда объект ва воқеликка хаёлот нуқтаи назаридан ёндашилади. Яъни, реал объект асосида ишонарли иллюзия яратади. Адабиётда гиперреализмнинг асосий жиҳатлари муаллифни матндан ажратиб олиш, тафсилот ва ахборот унсурларининг устунлигида кўринади. Европа рассомларидан Жак Боден, Педро Кампос, Герард Бурсма, Омар Ортиз, Том Мартин, Эрик Кристенсен кабилар мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган.
ГИЛГУД ЖОН – англиялик актёр, театр ва кино режиссёри. 1904 йилда Англиянинг Лондон шаҳрида туғилган, 2000 йилда Уоттон Андервудда вафот этган. Гилгуд 1921 йилдан ижодий фаолиятини “Олд Вик” театрида бошлаган ва Шекспирнинг “Генрих V”, “Ричард II”, “Ҳамлет”, “Қирол Лир” асарларида бош қаҳрамонларни ижро этиб ном қозонган. 1924 йилдан унинг ижодий репертуари Чехов қаҳрамонлари билан бо­йийди. Турли йилларда Оксфорддаги “Плейхаус” театри ва Қироллик театрида саҳналаштирилган Чехов пьесаларининг етакчи ижрочисига айланади. Хусусан, “Олчазор”да Трофимов, “Чайка”да Треплев, “Уч опа-сингиллар”да Вершинин образларини ижро этади. Гилгуд кўп планли трагик актёр сифатида турли йилларда тасвирга олинган “Юлий Цезарь”, “Ромео ва Жульетта”, “Ричард III”, “Олчазор”, “Беккет”, “Ҳамлет”, “Енгил кавалерия ҳужуми”, “Ҳасан”, “Шарқий экспрессдаги қотиллик”, “Галилей”, “Калигула”, “Сфинкс”, “Ганди”, “Вагнер”, “Шоҳ Эдип”, “Камелияли хоним”, “Скарлетт”, “Биринчи рицарь”, “Гулливернинг саёҳатлари”, “Елизавета” сингари юзлаб салмоқли фильмларда етакчи ролларни талқин этган. Жон Гилгуд жаҳон санъати тарихида Шекспир ва Чехов қаҳрамонларининг машҳур ижрочиси сифатида ном қолдирган.

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
тайёрлади

2019/7

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x