Мулк дахлсизлигининг ноёб рамзи

Қирол буздира олмаган шамол тегирмони икки асрдан кўпроқ вақт зарар кўрмаган. Зеро, фуқаролар учун қиролдан ҳам қудратлироқ нарсалар бор эди.

Буюк Фридрих (1712–1786) – Қари Фриц лақаби билан машҳур Пруссия қироли маърифатли, мусиқа ва санъат шайдоси ҳамда жуда нозик дидли ҳукмдор бўлган.

Унинг қўмондонлик истеъдоди ва салтанатда деҳқонларнинг ер эгаларига қарамлигини камайтириш борасидаги, суд-ҳуқуқ соҳасидаги, шунингдек, солиқ тизимида жорий этган ислоҳотлари ўз вақтида Пруссиянинг Европадаги ривожланган, кучли давлатга айланишига сабаб бўлган.

Фридрих ўз қирол аждодлари қуриб кетган Шарлотенбург каби шаҳар ва шаҳар ташқарисидаги қасрларда яшашни ёқтирмас, отаси Вильгельм каби ҳашам ва дабдабага тоқати йўқ эди. У Пруссия табиатига хос, сўлим гўшаларда бежирим бинолар қурдирар, айниқса, ўзи бунёд эттирган Сан-Суси дала саройида яшашни хуш кўрар эди.

Сан-Суси саройи қурилиши билан боғлиқ бир воқеа тарих зарварақларидаги ибрат намунаси ўлароқ, ҳозиргача эсланади…

Сарой қурилиши авжга чиққанда Фридрих хабар олгани келади. Қурилиши ҳали тугалланмаган саройдан туриб чор-атрофдаги табиат гўзаллигини кузатади. Шунда унинг кўзи Ғарб томонда бу гўзалликларни тўсиб турган бир шамол тегирмонига тушади.

Қирол: “Бу нимаси?! Нега у бузилмади?” деб сўрайди. Сарой мулозими аввал тегирмонни “сотиб олиб, сўнг бузиб ташлаш” тўғрисидаги буйруқнинг бажарилмаслигига сабаб, ўжар тегирмончининг тегирмонни сотишдан бош тортаётганини ва ҳар қандай нархни қабул қилмаётганини айтади.

Фридрих тегирмончини ҳузурига чақиртиради. Ҳеч вақт ўтмай, тегирмончи икки соқчи кузатувида қирол ҳузурида ҳозир бўлади. У қиролга эҳтиром билан таъзим бажо келтиради, бироқ икки қўлини ун элайвериб рангини билиб бўлмас ҳолга келган сюртукининг ён чўнтакларига тиқиб, саволли нигоҳ билан қиролга қарайди.

Фридрих фуқаронинг бу дағаллигини аҳмоқликка йўяди, иш битишини ўйлаб тишини тишига қўяди. Сўнг: “Тегирмонинг нархи қанча?”, деб сўрайди.

Тегирмончи хотиржам туриб: “Бу тегирмон менинг хуcусий мулким. У бобомдан отамга мерос қолган. Отамдан эса – менга. Мендан фарзандимга мерос бўлиб қолади. Жаноби олийлари, хуллас, тегирмон сотилмайди”, деб жавоб беради.

Бундай жавобдан ғазабланган Фридрих: “Хоҳласам, шу тегирмонни сендан тортиб оламан!”, дейди.

Шунда тегирмончи: “Йўқ, ундай бўлмайди, жаноби олийлари. Чунки бу давлатда қонунлар ва суд бор”, дея жавоб қайтаради. Орага жимлик тушади. Фридрихнинг юзидаги ғазаб аломатлари табассумга айланади.

“Тегирмонга тегманг, тегирмончи эса бўш, кетаверсин” дея ўрнидан туради-да, мулозимга қараб: “Агар фуқароларим давлатим қонунларига ва судига шу қадар ишонар экан, менинг меҳнатларим зое кетмабди”, дейди.

Шу пайт тегирмончи қиролга мурожаат этишга изн сўрайди. Рухсатдан сўнг у: “Жаноби олийлари, сиздан илтимос, мен сизнинг қаршингизда қўлларимни чўнтакларимга солиб туришимни ҳурматсизлик, деб билманг. Мен мулкдорман, сиз эса, мулкимга харидор бўлдингиз. Қонунга асосан, савдода тарафларнинг ҳуқуқлари тенг. Аммо сиз мен билан ўтирган ҳолда сўзлашдингиз, мен эса, сизнинг қаршингизда тик турдим. Агар қўлларимни чўнтакларимга солиб турсам, тенглик тамойили бузилмас деб, ўйладим”, дебди.

Қирол “Офарин!” дея қарсак чалади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай мулкдор фуқаро мулксиз фуқародан кўра барча жабҳаларда фаолдир. Фуқароларнинг ўз мулкини эркин тасарруф этиш ва уни ҳимоя қилиш истаги асрлар давомида жамиятни ривожлантирувчи куч бўлиб келган. Ушбу истак, кураш уларнинг ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий онгини шакллантиради. Бу эса, қонунларга ва суд тизимига ишончни тақозо этади.

Қирол харидор бўлиб эриша олмаган Сан-Суси саройи ёнидаги шамол тегирмони икки асрдан кўпроқ вақт зарар кўрмаган. Немис халқининг хусусий мулк дахлсизлиги, қонун ва судга бўлган ишончининг рамзи сифатида сақланиб келинган. Ҳатто, орада икки марта таъмирланган ҳам.

Ҳозирги вақтда тегирмонда музей ташкил этилган. Бу музейни хусусий мулк дахлсизлигига қўйилган рамзий ҳайкал, деса бўлади.

 

Алишер ҲАМРОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

od-press.uz

https://saviya.uz/ijod/nasr/mulk-daxlsizligining-noyob-ramzi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x