Инсон ўзи хизмат қилаётган ҳудудда меҳнат гигиенасига албатта амал қилиши зарур. Озода, тинч хоналардаги компьютерлардан ё бўлмаса оддийгина уяли телефондан чиқаётган нур киши соғлигига экин далаларининг ғуборли ҳавосидан кўра кўпроқ зиён келтириши сир эмас. Айниқса ишлаб чиқариш корхоналарида саломатликка салбий таъсир кўрсатиб иш қобилиятининг бузилишига сабаб бўладиган омиллар кўп учрайди.
Масалан:
- ўта юқори ёки жуда паст ҳарорат;
- кучли иссиқлик нурлари;
- чанг ва газ билан ифлосланган ҳаво;
- титрашлар (вибрация);
- электромагнит тўлқинлар;
- турли кимёвий моддалар;
- шовқин;
- ҳар хил чиқиндилар;
- яхши ёритилмаган ёки зах хоналар.
Демак ҳар бир киши ўзи меҳнат қилаётган ҳудуднинг индивидуал ҳимоя воситаларидан бохабар бўлиши лозим. Яъни вентиляцион (ҳаво тозаловчи) ва ёритувчи қурилмалар, шунингдек санитария-гигиена мосламаларининг соз-носозлигига аҳамият бериши керак. Бордию корхонада ишлаш жараёнида махсус кийим кийиш ёки ниқоб тақиш зарур бўлса, албатта бунга риоя этиш шарт.
Ўсмирлар ва мактаб ўқувчиларини меҳнат гигиенаси талаблари билан мунтазам таништириб бориш фойдадан холи бўлмайди. Чунки иш ёки ўқиш жараёнидаги ноқулай шарт-шароит ва зарарли омиллар (айниқса ифлос ва дим хоналар, ҳавода чанг ва тутун бўлиши, асбобларнинг эски ҳамда яроқсизлиги сингарилар) ўсаётган ёш организм учун хавфлидир. Шу туфайли бундай шароитда улар махсус ҳимоя воситалари билан таъминланишлари керак.
Шифокорларнинг кўп йиллик кузатишларига кўра, меҳнат гигиенасига амал қилмаслик оқибатида турли хил тери касалликлари, аллергия, бронхиал астма ёки ўпка фаолияти бузилиши каби ҳолатлар рўй беради. Бунинг олдини олиш учун ҳар бир одам ўқиш ё иш пайтида ўз саломатлигига зарар етказувчи омиллардан эҳтиётланиши лозим.
Холмат МАНСУРОВ, педагог, мутахассис.