Ромен Роллан ҳикматларидан
- Агар биргина сўз билан одамни бахтиёр қилиш мумкин бўлса, бу сўзни айтмаслик учун қанчалар разил бўлиш керак!
- Виждон – эътиқоднинг ҳиссий қоровулидир.
- Асов танасини бўйсундира олган иродадан кўра ҳавасни келтирадиган нарса йўқ.
- Дўстлар орасидаги тушунмовчилик улар орасига учинчи одам тушмагунича у қадар кучли бўлмайди.
- Адолатсизликнинг охири йўқ: бирини тўғрилаб, бошқасига имкон туғдиришинг мумкин.
- Ёлғон қарши қаратилган одамдан олдин унинг эгасини ҳалок қилади.
- Кечириш жазолашдан кўра кўпроқ жасорат талаб этади.
- Иккиюзламачи – ҳамиша қул.
- Кун вайрон қилганни тиклаш учун аср керак.
- Ҳақиқий мағлубият, ўнгланмайдиган ягона мағлубиятни – душмандан эмас, ўзингдан топасан.
- Ҳар бир жасоратли, ҳар бир адолатли шахс Ватанга шон-шараф олиб келади.
- Соғлом бўлишни истаган одам биринчи галда ён-атрофидаги ҳавони тозалаши керак.
- Ҳасадгўйлар – ўта юраксиз кишилардир. Оёғини босиб олганингизда ҳам юзингизга кулиб қараб тураверишади.
- Инсоннинг энг биринчи бурчи аслидагидай бўлиши, “бу – яхши, бу – ёмон” деган гапни мардона айта олишидир.
- Санъат ўз даври интилишларига ҳамоҳанг бўлади.
- Қаҳрамон имкони бор ишни бажаради, бошқалар эса – йўқ.
- Ҳаётга муҳаббат ўлим қўрқувидан айро эмас.
- Санъатнинг биринчи қонуни: агар айтадиган гапинг бўлмаса, сукут қил; айтадиган гапинг бўлса, ёлғон аралаштирмай гапир.
- Саломатлик ҳам касаллик каби юқумлидир.
- Чегарасиз туман бўлмайди. Муҳими – сабот ва олға юриш.
- Фикрни ўлдирадиганлар уч карра қотилдир.
- Шеърият – қофиядош сўзларнинг шақир-шуқури билан эмас, кенг миқёсни эгаллайдиган, инсон кўзидан кўра чуқурроқ ва узоқроқни кўра оладиган руҳияти билан шеъриятдир.
Ориф Толиб
таржимаси
“Ёшлик”, 2018/1
https://saviya.uz/ijod/nasr/manaviyat-yuksalmagan-joyda-buyuk-odam-bolmaydi/