Замонавий мактаб кутубхонаси қандай бўлиши керак?
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг 2011 йил 19 августдаги буйруғи билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаси кутубхонаси тўғрисида”ги низомда шундай дейилади: “Кутубхона қуйидаги вазифаларни бажаради: фойдаланувчиларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий ва таълим олиш эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш… Кутубхона-ахборот маданиятини тарбиялаш, фойдаланувчиларни ахборотлар қидиришнинг замонавий методларига ўқитиш; ҳомий ташкилотлар, турли ташкилотлар ва муассасалар, айрим фуқароларнинг ёрдамлари ҳисобидан кутубхона фондини тўлдириб бориш”. Қолаверса, “Электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради”.
Мазкур Низомни ўқиган кишининг кўз олдида болаларнинг ёшига мослаб тахланган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини, фанга доир илмий рисолалар, қолаверса, даврий нашрларни ўзида жамлаган, электрон фондга эга, ташқи шовқиндан ҳимояланган шинамгина хона гавдаланиши турган гап. Аслида бугунги давр талаби ҳам шу. Хўш, бизнинг мактаб кутубхоналаримиз бу талабларга нечоғлик мос келади?
Мазкур саволларга жавоб излаб, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган 200-мактабга йўл олдик. Кутубхона мактабнинг иккинчи қаватида жойлашган. Эшикдан кирганингиз ҳамоно кичик хона баҳоли қудрат дид билан безалгани, дераза токчаси анвойи гултуваклар билан тўлдирилгани эътиборингизни тортади. Китобларга кўз ташлаймиз: иккига ажратилган хонанинг бир томонидаги жавонлар бўм-бўш (бу жой ижара дарсликларни сақлаш учун мўлжалланган, айни пайтда дарсликлар ўқувчилар ихтиёрида). Олд томондаги жавонларда эса ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, илмий рисолалар билан бирга бадиий адабиётлар ҳам бор. Аммо гапнинг пўсткалласини айтганда, китобларнинг чўғи анча паст. Фикримизни мактаб кутубхона мудираси Мавлуда Эргашевага билдирдик:
– Директоримиз билан биргаликда китоблар сонини ошириш мақсадида тадбирлар ўтказаяпмиз, – дейди мутасадди. – Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, нашриётлар, китоб дўконлари билан биргаликда китоб ярмаркаси уюштираяпмиз. Лекин ҳақиқатан ҳам, китобларимиз сони кам. Сиёсий адабиётлар 234 та, ўқитувчилар учун ўқув қўлланмалари 314 та, болалар адабиётига оид китоблар 552 та, бадиий адабиётлар эса 400 дона.
Ушбу мактабда 1029 нафар ўқувчи таҳсил олади, биргина бадиий адабиётларнинг ўзи болалар сонидан икки ярим баробар кам. Шу аснода, кўп бора таъкидланаётган, “Ёшларимиз китоб ўқишмаяпти. Болаларимиз компютер, телефон ўйинлари, интернетга қизиқади” деган гаплар хаёлимга келди-ю, “Ҳеч ким кутубхона яқинига йўламаса керак-да” деб ўйладим. Аммо мен ҳам, ўқувчиларни мутолаа билан шуғулланмасликда айбловчилар ҳам чучварани хом санабмиз. Танаффус бўлганини билдирувчи қўнғироқ чалиниши билан бу кичкина хона болаларнинг қий-чувига тўлди.
– Мен сеҳргарлар ҳақидаги эртакларга қизиқаман, – дейди 5-синф ўқувчиси Азизбек Умматалиев қўлидаги “Ўзбек халқ эртаклари” рукни остида нашр этилган “Сеҳрли Шамчироқ”қа ишора қилиб. – Уйимизда компютерим бор, лекин “Унда кўп ўйнаш зарар” дейдилар ойим. Шунинг учун бўш вақтимда китоб ўқийман.
– Мен эса ўзбек ёзувчилари билан бирга жаҳон адабиётини ҳам ўқишни ёқтираман. Мисол учун, яқинда “Кичкина Шаҳзода”ни ўқиб тугатдим, – дейди 4-синф ўқувчиси Самина Шодмонова.
Кутубхона мудираси Мавлуда Эргашова хонага бир неча ўсмирни бошлаб келди:
– Булар саккизинчи синф ўқувчилари, бизнинг китобхон болаларимиз. Мисол учун, Раҳматов Ҳожиакбар бу йил мактабимизда ўтказилган “Энг китобхон ўқувчи” танловида ғолиб бўлди.
– Биз, ўқитувчилар кутубхона мудираси билан ҳамкорликда ишлаймиз. Мавлуда опа нафақат болаларга ёшига мос китобларни тавсия қилади, балки уларнинг асардан чиқарган хулосалари билан ҳам қизиқади. Ёш китобхонлар билан диллашади, – дейди мактабнинг она тили ва адабиёт фанлари услуб бирлашмаси раҳбари Дилшода Мавлонова.
Ҳақиқатан ҳам, кўзлари ёниб турган бу ўғил-қизларни кўриб, дил яйрайди. Аммо уларнинг айримлари кирилл алифбосидаги китобларни қўлларига олиб, ўйланиб туришганини кўрдик… Ўзини Муслима деб таништирган қизча Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом”ини ушлаб турибди-ю, олишини ҳам, олмаслигини ҳам билмайди. Ундан бунинг сабабини сўрадик. У “Кириллча ўқишга қийналаман-да” деб қолди. Кутубхонада лотин алифбосида чоп этилган янги асарлар талайгина. Мисол учун, Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Худойберди Тўхтабоев, Шукур Холмирзаев асарлари, Абдулла Орипов, Зулфия китоблари. Аммо улар сонини янада кўпайтириш устида иш олиб бориш долзарб масалалардан биридир.
Хона ўртасига тўртта парта ва саккизта стул қўйилган. Мана шу ўқув зали экан…
– Ҳа, мебеллар масаласида озгина қийналиб турибмиз, – дейди Мавлуда Эргашева, кўнглимиздан кечган гапларни англагандек. – Авваллари ўқувчилардан макулатура, металлом йиғиб, ундан тушган маблағ ҳисобига зарур эҳтиёжларимиз қопланарди. Энди бу ишлар йўқ. Мактаб директори билан маслаҳатлашаяпмиз. Сифатли ва қулай мебеллар харид қилсак, кутубхонамиз янада файзли ва китобхонларни ўзига жалб қиладиган бўларди.
Кутубхона таркибида китоб сақлаш, китоб бериш хоналари ҳамда қироатхона бўлиши керак, дейилади Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаси кутубхонаси тўғрисида”ги низомда.
Яна бир гап. Бугун болалар электрон китобларни ўқияпти. Шу боис умумтаълим муассасалари таркибида ахборот-ресурс марказлари ташкил этиш масаласига жиддий эътибор қаратилаяпти. Аммо биз кириб борган мактаб кутубхонасида компютер (демакки, интернет ҳам) йўқ.
– Ҳа, ахборот-ресурс марказларига эга, кутубхоналари электронлаштирилган, “Зиёнет” тармоғига уланган мактабларга ҳавас қиламиз. Сиз катта йўлнинг нариги томонидаги 101-мактабга ҳам бир кирсангиз бўларкан, – дейди. М. Эргашева суҳбат орасида.
Шу гап туртки бўлди-ю, Чилонзор туманидаги 101-умумтаълим масканига бордик. Афсуски, кутубхона эшиги ёпиқ, пайшанба – кутубхоначи опанинг дам олиш куни экан. Ахборот-ресурс маркази деб ёзилган эшикни тақиллатдик. У ерда дарс ўтилмоқда. Узр сўраб ичкарига мўраладик: чеккага суриб қўйилган битта телевизор ва компютердан бўлак “Ахборот-ресурс маркази” дейишга арзигулик ҳеч нарса йўқ.
Шу мактаб кутубхона мудираси Феруза Содиқова билан телефон орқали боғландик:
– Бизга ресурс марказ ташкил этиш учун иккита компютер, ксерокопия, телевизор берилган эди. Тўғри, ҳозир бу хонада дарс ўтилаяпти. Чунки компютерларни директор ўринбосарларидан бири ўз хонасига олиб бориб, фойдаланаяпти. “Зиёнет” интернет тармоғи эса информатика хонасидаги компютерга уланган, – дейди у.
Мудиранинг жавобидан маълум бўлдики, ҳужжатларда ташкил этилган ва фаолият юритаётгани акс эттирилган бўлса-да, аслида бу ресурс марказ амалда мавжуд эмас.
Биз кутубхона фонди ҳақида ҳам билмоқчи бўлдик:
– Мактабимизда таълим рус ва ўзбек тилларида олиб борилади. Ўқувчилар сони 2560 нафар. Кутубхонамизда 2780 бадиий адабиёт ва 706 та методик қўлланмалар бор, – дейди Ф. Содиқова.
Таҳлил ва хулоса ҳукмингизга ҳавола.
Хўш, бу борада вилоятларимиздаги аҳвол қандай?
Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 3-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби кутубхона фонди билан қизиқдик.
– 258 нафар ўқувчимиз бор. Илмий-методик қўлланмалар, фанга доир қўшимча адабиётлардан ташқари 876 та бадиий асарлар бор. Бундан ташқари, ҳар бир синфнинг ўз кутубхонаси бўлиб, унда ҳам бир қанча адабиётлар сақланади. Тома-тома кўл бўлур деганларидай, биз ҳомий ота-оналар кўмаги ва мактаб ҳудудида ташкил этилган “Макулатура қутилари” ( ўқувчилар тўлган дафтарларини унга ташлашади)дан тушган маблағлар эвазига фондни янги адабиётлар билан тўлдириб бораяпмиз, – дейди мактаб директори Мавлуда Ҳожиева. – Ҳозирча оғриқли муаммомиз бошланғич синф ўқувчилари учун расмли эртак китобларимизнинг камлиги бўлиб турибди. Йил давомида ўтказиладиган “Китобхонлик байрами” тадбирлари доирасида бу муаммога ҳам ечим топиш умидидамиз.
Жиззах шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Гулнора Аҳмедова билан боғландик.
– Бизда электрон китобхонлик жорий этилган. Кутубхонамиздаги иккита компютерда ўқувчиларимиз “Зиёнет” интернет тармоғидан фойдаланишлари мумкин. Бадиий асарларимиз сони 2460 та бўлиб, шундан 1080 таси лотин алифбосидаги китоблар. Кутубхона фондини асосан “Китобхонлик байрами” тадбирларида ярмарка уюштириб, ҳомий ота-оналар ҳисобидан бойитиб бораяпмиз, – дейди суҳбатдошимиз.
Шу ўринда савол туғилиши мумкин: “Мактаб ота-оналар кўмагига суянади, аммо улар фарзандининг китоб ўқишига бефарқ бўлса-чи?”
– Фарзандим таҳсил олаётган мактабда ажойиб анъана бор. Биринчи синфга қабул қилинган болалар кутубхонага янги нашр этилган энг сара адабиётлардан совға қилади. Шунинг учунми, кутубхона адабиётларга бой. Ўқувчилар учун эртаклар, саргузашт асарлар, жаҳон адабиёти дурдоналари бор. Мен бу ташаббусни қўллаб-қувватлайман, – дейди фарзанди пойтахтимиздаги Юнусобод туманига қарашли 274-мактабда таълим олувчи Дилфуза Камолжонова. – Ота-она фарзандидан борини аямайди. Гоҳида, шу маблағни бир соатлик овунчоқ-ўйинчоққа ёки ширинликка ҳам сарфлаймиз. Биз кутубхона фонди учун олиб берган битта китобдан юзлаб ўқувчи маънавий озуқа олади.
Тўғри, мамлакатимизда кутубхонаси ахборот-ресурс марказларига айлантирилиб, замонавий техника билан таъминланган, турли адабиётларга бой ўқув муассасалари йўқ эмас. Аммо биз юқорида таҳлил этган мактабларнинг тўртдан уч қисмида муаммолар етарли экан, аслида бошқа ўқув муассасаларидаги аҳвол булардан пеш бўлмаса керак. Демакки, соҳа эътиборга муҳтож.
Яна кўз олдимизга жажжи бармоқчалари билан китоб варақлаётган, кўзларида ўт чақнаб турган мурғак ўқувчилар келади. Кутубхоначи опаси “Ўқидингми ўзи? Қани, гапириб бер-чи” дейиши билан уни ҳам эшитадиган одам борлигидан хурсанд бўлгандай болакайлар бирма-бир ҳикоя қила бошлайди. Уларга қараб, неча минг йилликлардан бери халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган китобхонлик давом этишини юракдан ҳис қиласан, киши. Аммо кўнгилни хира қиладигани, биз катталар фарзандларимиз очман деса, егулик берамиз, усти юпун бўлса, кийим кийдирамиз-у, мутолаага иштиёқи пайдо бўлганида эҳтиёжини қондира олаяпмизми?
Мазкур мулоҳазалардан келиб чиқиб, бир неча муҳим масалаларни ўртага ташлаш ва уларнинг ечимини биргаликда топишга уриниб кўрайлик.
Биринчидан, нашриётларимизда ҳар йили юзлаб сара асарлар лотин алифбосида нашр этилмоқда, аммо улар мутасадди ташкилотлар томонидан сотиб олиниб, мактаб кутубхоналарига етказиб берилмаяпти. Тўғри, бугунги ўқувчилар кирилл ёзувини (рус тили фани орқали) ҳам билади, аммо ўзлари савод чиқарган алифбода ўқиш улар учун қулай-да. Шу боис давлат нашриётларининг мактаблар фонди учун йилига маълум миқдорда китоб ажратишини йўлга қўйиш муҳим масала.
Иккинчидан, ўқувчилар орасида электрон китоблардан фойдаланиш тобора оммалашаётганини ҳисобга олиб, ресурс марказлари фаолиятини тубдан янгилаш ва ривожлантиришни давр талаб қилмоқда.
Учинчидан, мактаб кутубхоналари таркибидаги ўқув зали зарур мебеллар билан таъминланиши, ташқи шовқиндан ҳимояланиши, хонанинг ёруғ ва шинам бўлиши ҳам аҳамиятли.
Бундай дейишимизга сабаб бор. Ахир таълим соҳасини такомиллаштиришга озмунча эътибор қаратиляптими?! Қонунлар, қарорлар, маблағлар… Улар ўз самарасини беришига ишонамиз. Гап фақат соҳа мутасаддиларининг ҳафсаласига боғлиқ. Шундай эмасми? Фикрларингизни кутамиз.
Ситора ТОЖИДДИНОВА
“Ҳуррият”дан олинди.
https://saviya.uz/hayot/nigoh/maktab-kutubxonalari-zamon-talablariga-javob-beryaptimi/