Луи Массиньон (1883–1962) МАНСУР ҲАЛЛОЖ

Таниқли француз шарқшуноси Луи Массиньон 1883 йил 25 июлда Франциянинг Ножан-сюр-Мари шаҳрида туғилган. Отаси – Фердинанд Массиньон ўз даврининг машҳур ҳайкалтарошларидан бўлган. Дастлабки таълимни Луи Париждаги Монтень лицейида олиб, 13 ёшидан ўша даврдаги машҳур Луи-де-Гран лицейида ўз ўқишини давом эттиради. Бу таълим даргоҳида у мисршунос олим Гастон Масперонинг ўғли Анри Масперо билан дўстлашади. Бу дўстлик шарофати билан унинг қалбида Шарқ оламига нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Ана шу муҳаббат уни Франция мустамлакаси бўлган Марокаш мамлакатида ўқишни давом эттиришга ундайди.
Марокашда у тарих ва жуғрофия фанлари билан жиддий шуғулланиб, 1904 йили XV асрдаги Марокашнинг жуғрофий  харитасини тузгани учун магистрлик унвонига лойиқ кўрилади. Массиньон  таҳсилни давом эттириш мақсадида Мисрга жўнайди. Икки йил давомида у  мумтоз ва ҳозирги замон араб тилини қунт билан ўрганади.  Болалик чоғидаги дўстининг отаси Гастон Масперо тавсияси билан у Шарқшунослик ва археология институтининг вақтинчалик аъзолигига сайланади. Ушбу институтдаги  фаолияти давомида у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам мукаммал эгаллайди.
Массиньон болалигидан ирфон фалсафаси ва мистик тафаккур тарихи билан қизиқарди. Шайх Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асари мутолаасидан сўнг бу қизиқиш янада кучаяди. Айниқса, машҳур сўфий Ҳусайн Мансур Ҳалложнинг тақдири уни бутунлай ўзига маҳлиё қилиб қўйган эди. 1907 йилнинг 24 мартидан бошлаб у Мансур Ҳалложнинг “То син ал-азал” асари бўйича докторлик диссертациясини ёзишга киришади.
Айни ўша пайтларда Массиньон машҳур археолог Леон Бейли бошчилик қилган экспедиция таркибида Бағдодга келади. Бағдодда у арабларнинг урф-одатини ўрганиш билан бир қаторда турк тилини ҳам мукаммал ўзлаштиради.
Йигирма ёшга тўлганида Массиньон руҳоний Марсель Дансертнинг жиянига уйланади. Кўп ўтмасдан, Биринчи жаҳон уруши бошланиб, у армияга чақирилади. Луи Франциянинг Шарқий армиясига сафарбар қилингани сабабли, зобитлик пайтида ҳам илмий фаолиятини давом эттиришга имкон топади. Беш йил ўтгач, Биринчи жаҳон уруши тугагани муносабати билан Массиньоннинг ҳарбий фаолияти тугайди. У Коллеж де Франсда ислом фалсафаси ва социология кафедраси мудири сифатида ишини бошлайди. Уч йилдан сўнг ислом оламининг машҳур орифи Ҳусайн Мансур Ҳалложнинг асарлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.
Массиньон 1933 йили Қоҳира шаҳрида асос солинган Бутунжаҳон араб тили анжуманига Европа шарқшуносларидан танланган бешта олимдан бири бўлиб аъзо бўлади. Айни пайтда у Франциянинг Олий илмий-амалий  тадқиқотлар мактабининг директори лавозимида француз фанининг ривожига ўз ҳиссасини қўшади. Массиньон Қоҳирадаги машҳур Дор ус-салом университетининг асосчиларидан биридир. У ислом, яҳудий ва христиан цивилизацияларининг ўзаро мулоқотлари, Шарқ ва Ғарб маданий алоқаларининг тарихий негизлари ва фалсафий асослари, мусулмон Шарқи ирфоний тафаккури тарихи бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориб, Европа шарқшунослигида мактаб яратган олим сифатида ном қозонди.
Луи Массиньоннинг илмий фаолияти асосан Мансур Ҳалложнинг ҳаёти ва ижодига боғлиқ. У, юқорида қайд қилиб ўтилганидек, Шайх Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” китоби мутолаасидан сўнг бутун умрини Ҳалложнинг ҳаёти ва фаолиятини илмий тадқиқ этишга бағишлади. Массиньон томонидан Ҳалложнинг илмий биографияси яратилди, шунингдек, унга нисбат бериладиган сўфиёна ҳикматлар, мактублар ҳамда “То син ал-азал” китобининг танқидий матни яратилиб, француз тилига таржима ва нашр қилинди.
Таржимаси тақдим этилаётган рисола Массиньоннинг эллик йиллик тадқиқотларининг хулосаси сифатида 1945 йилда Париждаги “Дью вивон” (Dieu vivant) журналида эълон қилинган. Сўнг Массиньоннинг шахсий илтимоси билан бу рисолани афғонистонлик олим, Массиньоннинг собитқадам шогирди Абдулғафур Равон Фарҳодий 1952 йили форс тилига таржима ва нашр этди. Таржима жараёнида Фарҳодий муаллифнинг кўрсатмаси билан айрим жузъий тўлдириш ва ўзгартишлар киритган. Бу нарса, табиийки, ўзбекча таржимада ҳам акс этди.
Таржимондан

БИРИНЧИ БОБ

Мансур Ҳаллож ҳаёти

Болалик, ёшлик, уйланиш ва биринчи ҳаж
Мансур Ҳаллож яшаган замондан минг йилдан ортиқ вақт ўтди. Ҳаллож тарихда “Ислом уйғониши даври”  деб аталадиган Бағдод халифалиги гуллаб яшнаган бир даврда яшаб ўтди. Унинг ҳаётидаги айрим воқеалар ислом тарихида ёрқин из қолдиргани  маълуму машҳурдир.
Ҳусайн Мансур Ҳаллож тахминан  ҳижрий 244 (милодий 857) йилда туғилиб, умр унга ҳижрий 309 (милодий 922) йилгача вафо қилган. Туғилган жойи Шероздан етти чақирим узоқликда жойлашган Байзо шаҳрининг шимоли-шарқидаги Тур қишлоғидир. Байзо шаҳрида араб тилининг нуфуз ва мавқеи жуда мустаҳкам бўлиб, бунинг самараси ўлароқ, араб грамматикасининг асосчиларидан бири машҳур Сибавайҳи ҳам айнан ушбу шаҳарда туғилиб, вояга етган эди.
Байзо бир вақтлар Басрадан Хуросонга юриш қиладиган ислом лашкарининг қўним топадиган жойларидан бўлган. Ҳорис Яманий  авлодлари бу жойда ҳокимлик қилишарди. Ҳусайн бин Мансурнинг отаси ҳалложлик (пахтани тозаловчи) касби билан шуғуллангани эҳтимол қилинади.  Ип йигириш билан ихтисослашган минтақа – Тустардан Дажла қирғоғидаги Воситгача чўзилган бир водий бўлиб, Ҳусайнлар оиласи Байзодан ўша водийга кўчиб ўтади. Восит аҳлининг тили арабий эди. Ҳусайн бин Мансур у пайтда ёш бола эди, шунинг учун, Воситда форсий тилни унутади. Восит шаҳри аҳолиси, шаҳар атрофида жойлашган айрим қишлоқлардаги шиалардан ташқари, асосан, суннат ва жамоат аҳли ва Имом Ҳанбал мазҳабида эдилар. Воситдаги дор ул-ҳуффоз (Қуръон ҳофизлари мактаби) ўша пайтларда қориларнинг асосий марказларидан бири сифатида танилган эди. Мансур ҳам ўн икки ёшгача ушбу дор ул-ҳуффозга қатнаб,  Қуръонни ёдлайди, сўнгра Қуръон маъноларини англаш пайида бўлади, чунки фақат маъно бандани Яратган зотига ошно қила олади.
Араб тилида унли сўзлар деярли ёзилмайди. Ушбу овозларни ифодаловчи фатҳа, замма ва касра ҳаракатларини тўғри қўйиб ўқиш учун араб тили грамматикасидан яхши хабардор бўлмоқ зарур. Араб тилининг ушбу хусусияти мазкур тилни ўрганмоқчи бўлган одамни  ҳар бир  сўзнинг маъно-моҳиятини диққат билан уқиб-ўрганишга ундайди. Бу, ўз навбатида, ўрганиш пайтида ҳар бир нарсани мазмуни ва асл моҳиятини аниқ билиб олгандан сўнг хотирда сақлаш малакасини ҳосил қилади.  Ҳусайн болалик чоғиданоқ имон ҳақиқатини англашга бел боғлади. Шу сабабдан ота-онаси ва ватандошларининг тили форсий бўлса ҳамки, у сўфиёна ҳикмат ва  шарҳларини  бутун умр давомида фақат араб тилида  баён этди.
Қуръон араб тилида нозил бўлган. Мусулмонлар ақидасига кўра, Қуръон каломи раббоний – илоҳий Сўздир, азалдан бор эди ва яратилган – халқ бўлган эмас; унинг ҳар бир ҳарфида илоҳий рамз ва сирлар мужассам. Мусулмон киши ҳар бир арабий оятнинг маъносини чуқур ўйлаши  лозим, ўшанда у оятлар замирига сингдирилган ҳақиқатларга етишиши мумкин.
Шаҳодат ислом динининг биринчи рукни – асосидир. Шаҳодат – якка-ю ягона ва меҳрибон Аллоҳнинг бандалигига сидқидилдан иқрор бўлишдир. Ҳаллож англадики, Тангрининг ўзи бунинг айтувчиси бўлган тақдирдагина  Тангрининг ягоналигига гувоҳлик бериш ҳақиқатга айланади, чунки Унинг (Аллоҳнинг) Ўзи шоҳид ул-қидам (руҳ) дир (руҳ азалийлигига гувоҳлик берувчи ягона зотдир). Шайх Абдуллоҳ Ансорийнинг айтишича, шаҳодат “Лойиҳу мин ал-азал” (азалнинг бир кўриниши) дир. Шу сабабдан Мансур Ҳаллож айтди: “Қавлу бисмиллоҳи минка биманзалати КУН минҳу”, яъни “Бисмиллоҳ сўзи сен томонингдан шундай айтилиши керакки, Тангри таолодан “КУН” амри келиши каби бўлсин”.
Мансур Ҳаллож дейди: “Ҳақиқат ул-муҳаббати қиёмука маъа маҳбубика бихалъи авсофика вал-иттисофи бииттисофиҳи” (“Севги-муҳаббатнинг ҳақиқати  ўз Ёринг билан бирга бўлишинг ва ўз сифатларингдан покланиб, Унинг сифатлари билан зийнатланишингдадир”). Бу сўзлардан маълум бўладиким, Ҳаллож ибодат чоғида арабча дуо ва оятлар айтган чоғида шундай камолотга эришувига сабаб бўладиган иттиҳод – бирлашувни ҳис этарди. Бошидаёқ Ҳаллож шу ҳақиқатни англадики, Аллоҳ бир кўнгилда икки ёр бўлишини ёқтирмайди. Ислом пайғамбари Муҳаммад с.а.в. буюрадиким: “Ло шахса ағяр мин ал-Ҳаққи”, яъни “Аллоҳ (ибодат ва муҳаббат бобида) ҳаммадан ғаюр ва рашкчироқдир”.
Мансур Ҳаллож айтади: “Ҳува ар-ромий биаввали қасдиҳи илаллоҳи таъоло ва ло яъражу ҳатто ясил” ( “Ўқ узувчи фақат Аллоҳ таоло васлини нишон олади ва нишонга тегмагунча ўз нишонини ўзгартирмайди”). Яна айтади: “Ман ло ҳаззал- аъмола ҳужиба ъан ил-маъмули лаҳу ва ло ҳаззал-маъмула лаҳу ҳужиба ъан рўъятил- аъмоли” (“Кимки ўз қилмишига назар солса ва  қилмиши  унга кўринмаса ҳамда кимгадир унинг қилмиши маълум эканлигини билса, бундан хурсанд бўлмас”).
Байзодаги Ҳорисий ҳукмдорлар Бани Маҳлаб билан яхши муносабатда эмасдилар, шу сабабдан Ҳалложга бу ерда яшаш кундан-кунга оғирлашиб борарди. Мансур Байзони тарк этиб Воситда яшашга мажбур бўлди. Ўз оиласи билан ҳам алоқани узди ва Саҳл Тустарий (283 ҳ.й.да вафот этган)га шогирд тушди. Саҳл тасаввуф йўлида илк устози эди ва унга “Арбаъини Калимуллоҳ” – Мусо пайғамбар с.а.в. каби чилла ўтиришни ўргатди.
Кўп ўтмай, Мансур Саҳлни тарк этди, йигирма ёшида Басрага бориб,  Ҳасан Басрий мактабига шогирд тушди. Абулвоҳид ибн Зайд Ибодон (ҳозирги Ободон)да қурган хонақоҳда Амр Маккий қўлидан тасаввуф хирқасини кийди ва унинг ўзи ҳам тариқат йўлининг пирларидан бирига айланди.
Жоҳилия давридан мерос қолган уруғ-аймоқчилик ва қабилалар ўртасидаги низолар таъсирида Мадинада бўлган ислом аҳли ўртасидаги хусуматлар аста-секин йўқолиб, унинг ўрнини исломдаги руҳий биродарлик ва аҳиллик эгаллади; натижада, сўфия тариқатига кирган киши ўз хоҳиш-истакларидан воз кечиши ва  бошқа сўфий биродарлари каби Ислом пайғамбари Муҳаммад с.а.в. ва умуман жамийки пайғамбарлар  (айниқса, Иброҳим Халилуллоҳ) ҳаётига уйғун ва ўхшаш  ҳаёт кечириши, илоҳий қурб (яқинлик)ни жамоа орасида излаши лозим эди. Бу олдинги пайғамбарлардан қолган маънавий мерос эди. Қолаверса, ислом олдинги барча пайғамбарлар меросига ҳурмат билан қарайди ва эътироф этади. Ислом – оламшумул диндир.
Тасаввуф хирқасини кийгандан сўнг Ҳаллож Уммул-Ҳусайн – Шайх Абу Яъқуб Ақтаъ Басрийнинг қизига уйланди ва умри охиригача шу хотин билан кифояланди. Тўрт фарзанд – уч ўғил ва бир қиз кўради. Ўзи уйда бўлмаган пайтларида карбанноийлар уруғидан бўлган қайниси унинг оиласига қарашиб турарди.
Шайх Абу Яъқуб Ақтанинг қизига уйланиши устози Амр Маккийга унчалик хуш келмагани учун Ҳаллож Басранинг Тамим маҳалласига кўчиб ўтди. Ушбу маҳалла Бани Мушожиъ уруғига тегишли эди. Карбаноийлар аслида Банул-Ъамнинг Тийрий  шохасидан ва Бани Мушожиънинг хожаларидан эдилар. Булар сиёсий жиҳатдан Зайд занжи қўзғолонига алоқадор кишилар эдилар (бу даврда ирқоъ (қон тўкилишини тўхтатувчи) урушлар кўп бўларди). Мухаммиса (исломнинг ақидапараст фирқаларидан бири) таълимотининг асосчиси Нувайнийнинг бидъатлари ҳам ушбу  қавмга доғ туширди.
Бу мутаассиб фирқага эргашганлар ўтакетган ақидапараст эдилар. Ҳалложнинг бу тоифа орасида яшаши ҳам кейинроқ унинг “қайсарлик ва бидъатчилик” билан бадном бўлишига сабаб бўлган.
Жумладан, биринчи марта Дабарийда шу баҳона билан ҳибсга олинди. Ҳаттоки айримлар уни хуфия бузғунчилар гуруҳлари билан маслакдош эканликда айблашарди.  Ҳалложнинг ёзишмаларида шиа мазҳабини қаттиқ ҳимоя қилувчи фикрлар ҳам учраб туриши ушбу мутаассиб фирқа билан бўлган алоқаси натижаси сифатида баҳоланади.
Шунга қарамасдан, у Басрада ўз оиласи бағрида бир комил зоҳид ва мўмин каби ҳаёт кечирарди. Фарзларни ўз вақтида ва бекам-кўст бажаришга ҳаракат қиларди, суннат ва жамоат аҳлининг содиқ издошларидан эди.  Рамазон рўзасини тўла-тўкис тутарди, Рамазон ҳайити кунида гуноҳкорлар либоси – қора тўн кийиб, намозга борарди. Ҳалложнинг қора тўн кийиши қизиқ ҳодиса, чунки у Худо даргоҳи олдида хоксорлигини кўз-кўз қилиб изҳор этарди. Ҳалложнинг пири – Амр Маккий ва қайнотаси – Абу Яъқуб Ақтаъ муносабатлари ҳамиша  зиддиятли эди. Машҳур сўфий Жунайд Бағдодий (вафоти ҳижрий 298 йил) Мансурга бу масалада сабрли бўлишни маслаҳат берарди. Ҳаллож унинг насиҳатига амал қилиб, бир муддат сабр қилди, аммо охири турмушнинг майда ташвишларидан қаттиқ сиқилди ва Макка томон йўл олди.
Шу даврда Зайд занжи қўзғолончилари катта мағлубиятга учрадилар. Ҳаллож амин эдики, бу жангу жадаллар ва қон тўкишлар дунё аҳлига хосдир, бундан Муҳаммад уммати орасидаги ягоналикка путур етади. Бирдамлик ва ягоналикка холис  ибодат ва нафс қутқусига учмаслик, риёсиз парҳезкорлик орқали эришилади. Дин ва мазҳаб софлиги ниқоби остидаги тинимсиз уруш ва қон тўкишларни кўриб, Ҳаллож ўз ақидасига янада собитроқ бўлди.
Ҳаж амалларини бажо келтириш учун Ҳаллож Маккага  сафар қилди (ҳижрий 270 йилда, йигирма олти ёшида). Ҳаж ислом рукнлари ичида ягона амалдирким, ҳаёт бўлган пайтда (агар узрли ва камбағал бўлса) бошқа биров ёрдами билан уни бажо келтириш мумкин. Ҳаллож ушбу ҳаж зиёратида Байтуллоҳда намозу рўза ва тавбаю истиғфор билан бир йил умр кечиришни ният қилди.
Қуръонда келтирилишича, Марям(а) ҳам шундай ният қилган, натижада  Аллоҳнинг КУН калимаси унинг баданига пуфланди (яъни Исо Руҳуллоҳга ҳомиладор бўлди). Бу хилват, сукунат ва узлатда унинг ботиний завқи янада сайқал топди, дунё ҳою ҳавасидан покланган кўнгли Калом жавҳари сандиғига айланди.
Мансур Ҳаллож айтади: “Лав улқия миммо қалби зарратун ъало жиболил-арзи лазобат” (“Агар кўнглимдаги (олов)дан бир зарра бу дунё тоғларига тушса, барчаси эриб кетарди”). Шу маънода бошқа бир шеърида ёзади:

Жабалат руҳука фи руҳий камо
Яжбал ил-ъанбару бил-мискил-фатиқ

(Мушки ноб  анбар билан қўшилгани каби,
Сенинг руҳинг менинг руҳим билан бирлашди).

Девонида қуйидаги байтлар мавжуд:

Музижат руҳука фи руҳий камо
Тамзуж ул-хамрату бил-мои-з-зулол
Фаизо массака шайъун массаний
Фаизан анта ано фи кулли ҳол

(Сенинг руҳинг менинг руҳим билан бирлашди,
Гўёки шароб зилол сувга қўшилди.
Агар сенга бирор нарса бўлса, менга ҳам шундай бўлади,
Сен қандай бўлсанг, мен ҳам ўша ҳолатдаман).

Ва таҳуллу-з-замиру жавфа фуодий,
Каҳулул ил-арвоҳи фи-л-абдон

(Қалбим Дўст олдида шундай намоён бўлди
Гўёки руҳлар баданларга қўшилди).

Бошқа бир жойда айтади: “Кўнглимга сирларингни шундай сиғдирдингки, жасадга руҳни жойлаганингни эслатар”. “Асроруно бикрун ло яҳзур фийҳо илло хотирил-Ҳаққи”, яъни “Бизнинг сир-асроримиз бокира (қиз каби)дир, Ҳақ ёдидан бошқа ҳеч ким унга йўл тополмайди”.
Барча сўфийлар ёлғиз қолганда бу тўлқинлантирувчи ва ҳаяжонли сўзлардан лаззатланардилар, аммо буларни авом олдида ошкора айтишни рўзани тарк қилишдек катта гуноҳ ҳисоблардилар.
Ҳаллож замонидаги сўфийлар, одатда, муножот ва илтижо пайти одамлардан узилиб, хилват ўтирардилар ва илоҳий сирни бировга айтмасдилар. Шу сабабдан, Ҳалложни дорга осаётган пайтда, Шиблий фарёд қилди ва Қуръони мажиддан ушбу оятни ўқиди: “А ва лам нанҳака ъан ил-ъоламийн” (“Биз сени барча оламдан (одамлар ҳимоясидан) қайтармаганмидик?” – “Ҳижр” сураси, 70-оят).
Шариат бандани Рабубият олами билан бирлашуви мумкин эмас деб билади, шу жиҳатдан Ҳаллож ўз устози Амр Маккий билан келишолмади.  Ибодатда Ҳаллож энг оғир йўлни танлади, шаръий масалаларни ҳал қилиш ва татбиқ этишда суннат ва жамоат аҳлининг тўрт мазҳабидаги энг қийин усулларни қўлларди. У муридларининг севимли пирларига айланди; шеър­ларида ҳам уларни “асҳобий”, “хилоний” (суҳбатдошларим, дўстларим) номлари билан ёд этади. Қудсий ҳадислар асосида яратган 27 ривояти ҳам уларга аталган бўлса ажаб эмас.

Жаҳонгашталик, иккинчи ва учинчи ҳаж
Ҳаллож Маккадан Аҳвозга қайтганидан сўнг, одамларни тўғри йўлга ҳидоят қилишни бошлади. Замонасининг риёкор сўфийларига ўхшамаслик учун сўфийлик хирқасини ёқиб юборди ва оддий одамлар билан эркин муо­малада бўлди. Кўпроқ  қалам аҳли ва савдогарлар (бу тоифадагиларнинг кўпчилиги саводли, аммо тошбағир ва кўнгиллари шак-шубҳага тўла эди) билан ҳамсуҳбат бўлди. Натижада, асл-насаби оромий ё эронлик бўлган бир гуруҳ ҳамда Қино шаҳридаги несториан мазҳабига мансуб насронийлар (бу тоифадан айримлари исломни қабул қилиб,  шу қавмга мансуб бўлган Бани Ваҳб, Бани Жарроҳ, Қиноийлар каби сулолалар Бағдодда бир муддат вазирлик даражасига етдилар) Ҳалложга қўл бериб, охиргача ўз ақидаларида устувор қолдилар. Аммо бу даврда, ҳокимиятда, айниқса, молия ва солиқ тизимида катта нуфузга эга бўлган Ибн ал-Фурот ва Ибн Нав-бахт бошчилигидаги мўътазилийлар Ҳалложга қарши чиқдилар, унинг айрим қилмишларини (масалан, муридларга таом улашиш, Табриздаги мискин-бенаволарга ёрдам бериш) кўзбўямачилик, риёкорлик деб талқин қила бошладилар.
Шунга қарамасдан у муридларни даъват қила бошлади ва “Ҳаллож ул-асрор” лақаби билан машҳур бўлди. Кейинроқ қисқароқ қилиб уни Ҳаллож дея бошладилар.  Унинг тариқати ботин оламини англаш ва қайси дин, қайси мазҳабда бўлишдан қатъий назар, мистик тафаккур орқали Мутлақ ҳақиқатни англашга эришиш эди, у ҳар бир одам ўзининг ички оламидан Худони излаши ва топишини хоҳларди.
Ҳаллож ўзини барча дин ва мазҳаблар қобиғидан ёриб чиққан одамдек тутарди. Тавҳидга асосланган Ислом динида бир неча  оқим ва мазҳаб борлиги ҳамда Ҳалложнинг ўзи ҳам қадария мазҳабига мухолиф бўлганига қарамасдан, мазҳаб ҳамда тариқатлар ўртасидаги жузъий фарқият ва тафовутларга жиддий эътибор бермасди.  У дерди: “Ҳар бир киши ўз маслагини танлашда озод эмас, тақдирнинг таъсири ҳам бор”. Ҳаллож мутлақ ва абадий ҳақиқат сарчашмасига йўл қидирарди, чунки ундан баҳраманд бўлгач, барча нарсанинг моҳиятига йўл очиларди. Унинг назарида, шариат ва мазҳабларнинг расм-русум ва зоҳирий одоблари иккинчи даражали нарсалардир. Илоҳий ҳақиқатдан огоҳ бўлиш ва лаззатланиш учун  булар билан чекланиб қолмаслик керак. Шу нуқтаи назардан, Ҳаллож ҳеч қандай иккиланишсиз ўз ғоявий мухолифлари, масалан, мўътазилийларнинг асосий  ақидалари – “шукр” ва “адл”, ёхуд шиа мазҳабининг мутаассиб фирқалари кўп ишлатадиган  “ъайн, мим, син”  тушунчаларини ўз фикри баёнида қўллайди. Бу билан Ҳаллож ўз мухолифларидан фарқли ўлароқ, тил ва фикр маҳдудлигига барҳам бериб, умумий эътирофга эришмоқчи бўлади. Парҳезкорлик либосини улоқтириб, сўфийлик хирқасини йиртиб юбориши ҳам ўз замонаси сўфийлари амаллари билан уйғун. У шуҳратпарастлик офатидан қутулмоқ учун ўзини бепарда ва бадном қилиб, минглаб одамларнинг ихлосини қайтаришга ҳаракат қилади.  У дейди:
“Изоставлий ал-Ҳаққу ъало қалбин, ахиллоҳу ъан ғайриҳи, ва изо аҳабба ъабдан ҳасса ъибодаҳу бил-ъадовати ъалайҳи ҳатто ятақарраба-л-ъабду муқбилан ъалайҳи” (“Аллоҳ бирор кўнгилни тасарруф қилганида, ўзидан бошқа барча нарсалардан поклайди ва агар бирор бандани яхши кўрса, бошқа бандаларини унга душман қилиб қўяди, токи севган бандаси унда паноҳ топсин”). “Даъвийил-ъилми жаҳлун, таволи-л-хидмати суқут ул-ҳурмати, ал-иҳтирозу мин ҳарбиҳи жунунун, ал-иғтирору бисулҳиҳи ҳамоқатун” (“Унинг ошнолигига даъво қилиш жоҳилликдир; бандаликка қаттиқ киришиш Унга нисбатан ҳурматсизликдир, чунки унга ҳақиқий банда эканлигингга далил бўлгувчи бирор амал йўқ; У билан курашишдан қочиш – телбаликдир; У билан сулҳ тузишни истамоқ – нодонликдир). Ушбу мисрада ҳам шунга яқин фикр айтилган: “Тақийка нафси-с-суъи мин ҳокимин” (“Ҳаргиз кўрсатмасинки, менинг нафсим сени золим деса”). “Авсайка ан ло тағтар биллоҳи, ва ло таъяс минҳу, ва ло тарғиб фи муҳаббатиҳи, ва ло тарза ан такуна ғайра муҳибби, ва ло тағул биисботҳи ва ло тақул ило нафйиҳи, ва ийёка ва-т-тавҳид” (“Сенга насиҳатим шуки, унинг лутф ва марҳаматига ҳам умидвор бўлма, ғазаби ва қаҳридан ҳам ғамгин бўлиб, тушкунликка тушма, дўстлиги бандида ҳам бўлма, душманлигини ҳам орзу қилма, борлигига гувоҳлик келтирма, йўқлиги ҳақида ҳам ҳеч қачон сўзлама; фақат тавҳид билан бирга бўл”).
Ҳаллож Басрадан Толиқон (Афғонистоннинг Жузжон вилоятидаги шаҳар)га у ердаги арабзабон аҳолини  ҳидоят қилиш учун сафар қилди. Шу тахлит у турли шаҳар ва мамлакатларга бориб, халқ орасида ўз ақидаларини тарғиб қила бошлади. Ислом мужоҳидлари қурган работ ва карвонсаройларда беш йилдан ортиқ яшади. Беш йилдан сўнг у Аҳвозга қайтди, кўп муддат ўтмасдан, Бағдодга вазир Ҳамд Қиноий хизматига чақирилди. Аҳвознинг обрўли кишиларидан бўлган бир гуруҳ муридларини ўзи билан олиб кетди. Шу вақтда Каъбапўш тўқийдиган шоҳаншоҳликнинг энг йирик  тўқимачилик корхонаси Тустардан Маккага кўчирилди.
Ҳаллож тўрт юз муриди билан Маккага йўл олди ва иккинчи маротаба ҳаж амалини бажо келтирди. Маккада сўфийликда ном қозонган айрим собиқ сафдошлари  найрангбозлик ва ҳатто жодугарлик туҳмати билан унинг номини булғамоқчи бўлдилар.
Ҳаллож яна бир марта сафарга отланди; бу сафар у ислом оламидан ташқари бўлган шаҳарларни кўришга жазм қилди. Бу маконлар ўша давр одамлари назарида Яъжуж ва Маъжуж садди(чегараси)нинг нариги томони бўлиб, шу сабабдан у ерларда Муҳаммад с.а.в. шафоатидан бебаҳра қолган халқлар яшардилар. Ҳаллож Синд дарёси орқали Ҳиндистонга сафар қилди ва Мултондан ўтиб, Кашмирга етди. Бу шаҳарга Аҳвоз савдогарлари Тироз ва Тустар зарбоф кийимларини олиб келиб, бу ердан Хитой қоғози – чочиу олиб бориб, Бағдодда сотардилар  (кейинроқ Ҳаллож шогирдлари устозлари айтганларини шундай қоғозларда ёзиб қолдирдилар). Мансур Ҳаллож бу ерда савдогарлар карвонига қўшилиб, тоғ йўли орқали Хитойнинг шимоли-шарқида жойлашган Турфонгача етиб борди.
Бу сафардан сўнг, Ҳаллож кўнглида сабр ва ҳаё чегараларини бузмаган ҳолда, бошқа бир орзу пайдо бўлди: энди фақатгина мусулмонларни эмас, балки бутун дунё аҳлини, қайси дин ва мазҳабда бўлганлигидан қатъий назар,  илоҳий муҳаббат шайдосига айлантирмоқ истаги унга тинчлик бермасди. Бир марта Наҳовандда Наврўз айёмида карнай ва табл овозини эшитиб қолиб, сўради: “Мато Навруз?” (“Мен қачон Наврўз байрамидаги туҳфамни оламан?”) Сўнгра қўшиб қўйди: “Қачон мен қатлгоҳда ўлдириламан ва Худога яқинлашаман?” Ўн уч йилдан кейин, Ҳалложни ҳамма олдида дорга осиб, уч кун дордан олмаганларида ҳам баҳор фасли ва Наврўз айёми эди. Шогирдларидан бири Наҳовандда айтган сўзларини эслади ва ҳазил тариқасида айтди: “Айюҳо-ш-шайху, атҳафта?” яъни “Эй Шайх, Наврўз байрамига аталган туҳфангни олдингми?” Мансур жавоб берди: «Бало, атҳафу бил-кашфи вал-яқийни ва ано миммо атҳафу биҳи хижилун, ғайроний таъжалту-л-фараж” (“Ҳа, мени кашф ва яқин билан сийлашди ва бу совғадан хурсандман, фақат шундай улуғ шодликнинг эртароқ ҳаракатини қилмаганимдан афсус чекмоқдаман”).
Мансур Ҳалложга ушбу оятни дорнинг бошида ўқидилар: “Ястаъжилу биҳо-л-лазийна ло юъминуна биҳо вал-лазийна оману мушфиқуна минҳо ва яъламуна анҳо-л-ҳаққу”  (“Унга (қиёматга) имон келтирмайдиган кимсалар уни қистагайлар. Имон келтирган зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар унинг ҳақ эканини билурлар”. – “Шўро” сураси, 17-оят).
Ҳаллож Бағдоддан Маккага сўнгги – учинчи ҳаж сафарига борди. Маълумки, ҳаж фарзи чоғида бажарадиган амалларнинг энг асосий ва муҳими Арафот тоғида Иброҳим Халилуллоҳ каби қурбонлик қилиш маросимидир. Ислом пайғамбари Муҳаммад с.а.в. Ҳажжат ул-видоъда икмолни (“Ал-явму акмалту лакум дийнукум ва атмамту ъалайкум ниъматий” (“Ана энди бугун, динингизни камолга етказдим, неъматимни тамомила бердим” мазмунидаги “Моида” сураси, 3-оятига ишора) шарҳлаётган чоғида ҳаж амали фақатгина мусулмонлар эмас, балки барча инсоният учун гуноҳлардан покланиш маросими эканлигини зикр этиб, шу билан бирга, ҳаж баракоти аслида ҳаж қилувчи бандаларнинг ҳаракати ва ҳимматига боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтган эдилар. Шиалар мазкур ҳаж икмолидан ташқари, ғадир байрамини ҳақиқий икмол деб биладилар ва айтадилар: бу кунда Пайғамбар с.а.в. Каъба шафоатини Ҳажар ул-асвадданким, безабондир, олиб, Имоми замонгаким, Каломуллоҳи нотиқдир, берганлар. Ҳаллож икмол бобида қуйидагича фикрлайди: “Байтуллоҳ мезбони (яъни, Аллоҳ) висоли шавқи бизнинг фикр-ёдимизни шундай қамраб олиши лозимки, Каъба уйи ўй-хаёлимиздан чиқиб, бу чордеворни бизга ибодатгоҳ қилган буюк Зот Каъба тасвири ўрнини эгалласин”.
Арафотда тўхташ пайтида ҳар бир ҳожи ўзининг энг яқин ёру дўстларининг исмини баланд овозда айтади ва Худодан уларнинг гуноҳларидан ўтишни сўрайди. Тахминан ҳижрий 290 йилда амалга ошган  сўнгги ҳажида Ҳаллож барча ҳожилар каби “Лаббайк” деб фарёд солди, сўнгра айтди: “Илоҳи, мени бундан ортиқ хор ва бенаво қилма; Илоҳи, мени расво қилгин, токи халқ мени лаънатласин; Илоҳи, одамларни мендан безор қилгин, токи барча шукроналарим Сен учун бўлсин, бировларнинг миннат юкини тортишга бошқа тоқатим йўқдир”.
Арафотда ҳожилар томонидан ўқиладиган икки ракъат намоз кўп фазилатларга эга. Араб Мағрибийнинг бу ҳақдаги фикри жуда машҳур: “Бу икки ракъат намоз “Завжу ҳумомоти тавъамин яшрибу марратин ва яғбу ъоман” (яъни икки эгизак кабутарларким, бир марта сув ичиб, бир йил чанқаб юрадилар)га ўхшайди. Бу намоз “Салот ун-наҳр” деб аталиб, ҳожилар қурбонлик амалини бажаргандан сўнг ўқийдилар ва унда ҳозир бўлмаган дўстлар исми зикр этилади. Ҳаллож айтади:

Линноси ҳажжун ва лия ҳажжун ило сакани
Таҳдил-азоҳи ва аҳдий муҳжатий ва дамий

(Халқ ҳам ҳаж қилмоқда, мен ҳам дилоромимни
зиёрат қилмоқдаман,
Улар қўйларни қурбон қилмоқдалар, мен эса,
қон бўлган дилимни ҳадя этаман).

“Ракъатони фил-ъишқи ло яссаҳу вузуъаҳумо илло би-д-дамъи” (“Ишқ намози икки ракъатдир, таҳорати агар қон билан қилинмаса, дуруст эмас”).

Тафаккур исёни ва бадномлик қиссаси
Маккадан қайтгандан сўнг Ҳаллож хаёлини ажиб бир фикр чулғаб олди. У шариат соҳибларининг маломати ва нафратига учраб, шу орқали футувват йўлининг соҳибига айланмоқчи бўлди. Шу мақсадда, ўз уйида кичкина бир Каъба қурди. Кечалари Ибн Халил мақбараси ёнида ибодат билан машғул эди,  кундузи эса Бағдод кўчаларини кезиб, одамларга ажойиб сўзлар айтарди, бозорда хурсанд ва масрур ҳолда одамларга қараб ҳайқирарди: “Ё айюҳо-л-ислом, ағисуний мин Аллоҳи, фалайса ятрукний  ва нафсий фаонаса биҳо, ва лайса яъхузний мин нафсий фастарийҳу минҳо, ҳозо дилолун ло атийқаҳу” (“Эй мусулмонлар, Худодан менинг додимни сўранглар, на менинг жонимни тинч қўядики, у билан ором топсам, на нафсимдан жудо қиладики, унинг исканжасидан қутулсам, бу ишва ва нозларини кўтаришга менда таҳаммул ва тоқат қолмади”).
Шариатда агар бирор киши ўзини илоҳиятга етишган деб ҳисобласа, расво бўлгани шудир. Ҳаллож бу расволик арқонини кесмоқ учун одамлардан уни ўлдиришларини сўради. У ал-Мансур жомеъ масжидига бориб ҳайқирди: “Иъламу, инналлоҳа таъоло абоҳа лакум дамъий, фақтулуний, ақтулуний тужару вастариҳ, лайса фид-дунё лил-муслимийна шуғлун аҳамму мин қатлий” (“Огоҳ бўлингларким, Аллоҳ таъоло менинг  қонимни  тўкишни сизларга раво кўрди, бас, мени ўлдиринглар, ўлдирингларким, сизларга мукофот етар, менга эса ором. Мусулмонларга бу дунёда мени ўлдиришдан муҳимроқ иш йўқдир”). Айрим ривоятларга кўра, Ҳаллож бу жойда яна шундай деган: “Ва такуну антум мужоҳидийна ва ано шаҳидун” (“Мени ўлдиринглар, ўшанда сизлар мужоҳид бўласизлар ва мен шаҳидлик даражасига эришаман”).
Шунингдек бир шеърида шундай ёзади:

Ақтулуний, ё сақоний,
Инна фи қатлий ҳаётий

(Эй дўстларим, мени ўлдиринглар,
Чунки менинг ҳаётим қатлимдадир).

Яна   бошқа бир жойда шундай башорат қилади: “Ъало дини-с-салиби якуну мавтий” (“Менинг ўлимим салб дини шевасидадир”). Бу сўздан мақсадини сўраганларида жавоб берди: “Ан тақтул ҳозо-л-малъуни” (“Бу малъун (ўзига ишора)ни ўлдиринглар”).
Ҳалложнинг бу сўзларидан одамлар жунбушга келдилар, илм аҳли баҳсининг асосий мавзуси ҳам Ҳаллож эди.  Чунки Ҳаллож мазҳабий масалаларда бир нечта рисола  ёзиб, уларда Пайғамбарлик Муҳаммад с.а.в.га қадим ва азалий мерос эканлиги (Ҳаллож талқинига кўра,  Ислом Пайғамбари вуслат – Аллоҳга яқинлик бўйича биринчи ва нубувват нуқтаи назаридан энг сўнгги Пайғамбардир; унинг бу фикри шиалар таълимотига мутлақо қарши эди) тўғрисида фикрлар билдирган эди.  Энди эса у барча мазҳаб ва динларни инкор этаётгандек туюларди.
Зоҳирия оқимининг намояндаларидан бири – Муҳаммад бин Довуд сунниймазҳаб ва шоирпеша эди, одамларни “ишқи узроий” (руҳоний муҳаббат)га ташвиқ этарди ва айтарди: “Шавқ ва лаззат ҳамиша мен билан боқий қолмоғи учун ўткинчи жисмоний муҳаббатни ўзимга ҳаром қилдим”. Бу одам Мансурнинг сўфиёна иттиҳод ва илоҳий висол тўғрисидаги иддаоларини ҳазм қилолмади, Бағдод қозикалонининг маҳкамасида қози бўлганлигидан фойдаланиб, Мансурни маҳкамага чақириб, қатлига ҳукм чиқармоқчи бўлди. Аммо бошқа бир қози, шофеий мазҳаби фақиҳи – Ибн Сурайҳ бунга йўл қўймади ва айтди: “Сўфиёна ҳол ва ақволни шариат мезонлари билан ўлчаш ва муҳокама қилиш дуруст эмас”. Бу фикрий келишмовчиликлар Ҳалложни яна бир марта ўлимдан қутқарди.
Кўп ўтмай, Ҳалложнинг бошқа мухолифлари – Басра тилшунослик мактабининг йирик олимлари Сайрофий ва Насавий катта шов-шувга сабаб бўлган бошқа бир гапни овоза қилдилар. Уларнинг айтишлари бўйича, Шиблий Ҳалложни ал-Мансур жомеъ масжидида кўриб, аҳвол сўраганида, Ҳаллож енги билан юзини кўзларигача яшириб, “АНАЛҲАҚ”, деб айтибди.
Мансур айтади:

Ё сирри сиррий тадуқ ҳатто
Тахфий ъало ваҳми кулли ҳай
Ва зоҳиран ботинан тажаллий
Фи кулли шайъин ликулли шай
Ан иътизорий илайка жаҳлун
Ва ъзму шаклин ва фарти ъай
Ё жумлатал- кулли ласта ғайри
Фамо иътизорий изан илай

(Эй сирларнинг сирри, жуда дақиқсан,
Сен тириклар учун пинҳон қолурсан.
Тажаллийда пинҳону ошкорсан
Ҳар нарсага ҳар нарсадан ортиқсан.
Сендан кечирим сўровчи нодон эмасман.
Бу шаккоклик ва ё хом хаёлданмас.
Сен – ҳамма нарсасан, мендан ўзга эмассан,
Нега мен ўзим ўзимдан узр сўрайин?!)

Бошқа яна бир муносабат билан айтади: “Ано бимо важадту мин равойиҳи насим ҳуббика, ва ъавотира қурбика, астаҳқиру-р-росиёти ва астахфиф ил-арзийна ва-с-самовота, ва биҳаққи лав биъта мин ал-жаннати биламҳати мин вақтий, ав битарафатин аҳарра анфосин ламо аштарайтуҳо ва лав ъаразту ъало-нори бимо фийҳо мин алвони ъазобика, ва лаастаҳвантуҳо фи муқобалати мо ано фийҳи мин ҳоли иститорика минний фаъфу ъан ил-халқи ва ло таъфа ъанний варҳамҳум ва ло тарҳамний, фало ухосимука линафсий ва ло усоилука биҳаққий” (“Муҳаббатинг насими ва яқинлигинг шамим(ифор)ини топганимдан, еру кўк, тоғу тошлар кўзимда ожиз ва кичкина кўринмоқда. Сенинг ҳақиқатингга қасам ичиб айтаманки, оний шу лаҳза учун жаннатингдан воз кечдим, олов пуркаб турган оҳим эвазига уни истамоқни тарк айладим, агар мени тарк айламоқни ихтиёр этсанг, Сендан айро қолиб, ғунчадек сўлиб қоларман, бу дарддан агар бир зарра дўзахга берсам, дўзах дардим ҳароратидан куйиб, жизғанак бўлғай.
Бас, барчани кечир ва менга раҳмат қилма, барчага, мендан ташқари, меҳрибон ва раҳмли бўл, чунки мен ўз ширин жоним учун Сен билан курашмаяпман, нафсим ҳаққини ҳам Сендан талаб этмайман”).
Ҳаллож  ҳайратангиз жавонмардлиги билан бу нажиб орзу уруғларини кўпчилик қалбларда ундириб-ўстиришга эришди. Бу орзу барча катта-кичик мусулмонлар ахлоқини тубдан ислоҳ қилиш қудратига эга эди.
Исломда авлиёлар, хусусан, дунё руҳониятининг аркони бўлмиш абдол ҳамда улардан даражаси юқорироқ бўлган ва оддий одамлар уларни билмайдиган қутбларнинг  дуо ҳамда ҳикматли сўзлари одамлар ҳаётига кучли таъсир кўрсатиб келган. Истахрий айтади: “Улуғ зотларнинг кўпчилиги шу фикрдаларким, оддий одамлар назаридан пинҳон ва халқ орасида яшовчи қутб МАНСУР ҲАЛЛОЖдан бошқа кимса эмас”. Истахрий “улуғ зотлар” деб, Нўъмон Дўлобий, Ибн Абил-Бағал, Муҳаммад бин Абдулҳамид каби Али ибн Исо ва Ҳамд Қиноий исмли ўша даврнинг вазирларнинг дўстлари ва қариндошлари; Ҳусайн бин Ҳамдон, Наср ал-Қашурий каби амирлар, Қоҳирада Каъба тақлидида кичик бир зиёратгоҳ қурган Абу Бакр Мозароий ҳамда Нажҳ Талулий каби файласуфлар; Сомонийлар сулоласининг намояндаларидан Али Марвазий, Ахи Саълук Симжўр, машҳур Балъамий ва Қаротегин; Абубакр Рабеъ, Ҳайкал, Аҳмад бин Аббос Зайний каби асилзодаларни назарда тутган.  Бу зотлар Мансур Ҳалложни давлат миқёсида қўллаб-қувватлаб турардилар, бунга жавобан, Ҳаллож вазирлар сиёсати ва вазифалари тўғрисида бир неча рисолалар ёзиб, Ҳусайн бин Ҳамдон Наср ва Ибн Исога бағишлади.
Бу даврда ҳатто олимлар ҳокимият ишида қатнашиб, оддий фуқаролар дардига малҳам бўлишни орзу қилардилар. Ҳақиқий, халқпарвар бир исломий тузум шаклланиб, бошқарув  соҳасида, айниқса, ижроия ҳокимият (вазирлар маҳкамаси)да давлат сиёсатини адолат мезонларини бузмасдан, молия ва солиқ соҳасида зулмга йўл қўймасдан ҳаётга татбиқ эта оладиган тизим шаклланиши барчанинг истагига айланган эди. Чунки, юқорида қайд қилганимиздек, солиқ тизимида мутаассиб шиаларнинг айримлари юқори лавозимни эгаллаб олиб, Аббосийлар сиёсатига қарши пинҳона фаолият кўрсатардилар (уларнинг ақидаларига биноан, мўминларга “имомлик” (раҳбарлик) қилиш фақат Али ибн Абутолиб авлодларига тегишли эди; Аббосийларнинг халифалик босқинчилари сифатида “хумс” солиғига ҳаққи йўқдир; бу маблағ шиаларнинг хуфиёна жамғармаларига  йўналтирилиши лозим. Натижада, кўп жойларда солиқ икки-уч маротаба кўп йиғиларди). Халифа ва умуман давлат арбоблари  Ҳақ ва халқ олдида масъул эканлигини улар онгига сингдириш, мусулмонлар намоз, ҳаж, рўза, жиҳод каби Аллоҳ томонидан буюрилган амалларни тинч-осойишта бажариш учун мувофиқ шарт-шароит яратиш зарурлиги давр талабига айланган эди. Буларни амалга ошириш учун Ҳалложнинг дўстлари уни халифа қилиб кўтармоқчи бўлдилар, аммо у буни қабул қилмади, ўз она юртида  руҳий риёзат ва чиллада ўтириш  орзусида эканлигини билдирди.
Ҳижрий 296 йилда сунниймазҳаб ислоҳотчилар томонидан қўзғолон кўтарилди, аммо бу қўзғолон натижасиз қолди, чунки қўзғолончилар томонидан  халифа қилиб кўтарилган Ибн ал-Мўътаз ҳукуматига шиамазҳаб молиётчилар билан ҳамтовоқ бўлган яҳудий судхўрлар қарз беришдан бош тортдилар. Натижада, бу халифалик атиги бир кун давом этди. Дорга осилган Ибн ал-Мўътаз ўрнига ҳали ёш бола бўлган ал-Муқтадир халифалик тахтига ўтирди. Молия ва солиқ вазири курсиси эса мутаассиб Ибн ал-Фуротга насиб этди. У қочиб кетган собиқ вазир Ҳусайн бин Ҳамдонга қидирув эълон қилди. Шунингдек, Ибн ал-Фурот Ҳусайн бин Ҳамдоннинг сафдоши ва маслаҳатчиси бўлган Ҳалложни назорат остига олишга буюрди. Қиноийлар гуруҳи ҳам ишдан кетиб, бирор сунниймазҳаб вазир қолмагандан сўнг, Ибн ал-Фурот Мансур Ҳалложнинг тўрт нафар яқин дўстларини ҳибсга олишга фармон берди. Мансур ва Карнабоий Аҳвозда яширинди. Уч йил Ибн ал-Фурот одамлари уларни қидирдилар, охири Восит шаҳрининг солиқчиси, сунний мазҳабида бўлган Ҳомид исмли одам унга хиёнат қилиб, тутиб берди. Ҳаллож Бағдод зиндонига ташланди ва тўққиз йил зиндонда ётди.
Ҳижрий 301 йилда Қиноийлар сулоласидан Ибн Исо исмли бир киши вазирлик курсисига ўтиради. Унинг қўл остида ишлайдиган амакиваччаси –  Ҳамд Қиноий  Ҳаллож муриди эканлигини очиқ-ойдин баён этарди. Ибн Исо, шофеий фақиҳ Ибн Сурайҳ фатвосига таянган ҳолда, сўфийларнинг аъмолини шариат қозиси томонидан муҳокама қилиниши нодуруст деб, ҳукмни бекор қилди. Ҳаллож муридлари озод бўлишди, душманлари яна бош кўтардилар. Натижада, унинг қатли ҳукмига имзо чекилди ва жасади халқ ибрати учун уч кун дорда осилган ҳолда қолдирилди.  Дейдиларки,  дорга осилаётган пайтда бўйнида “Ҳозо Доъи ал-қаромата” (“Бу – қарматийлар тарғиботчисидир”) ёзувли тахтача ҳам бўлган. Бу ёлғон сўзларни соқчилар бошлиғи Мунис Фаҳл, вазир Ибн Исонинг Ҳалложга нисбатан келтирган далилларига қарши ишлатиш мақсадида ёздирган эди.
Ҳаллож султон саройининг ичкари қисмида жойлашган зиндон – Матбақда бўлган пайтда оддий маҳбусларни ҳидоят ва иршод қилишга ижозат топди. Бу ердан халифанинг сарой аҳли билан алоқа қилиш ва ҳатто халифа қабулига киришга ҳам эришди. Ҳижрий 303 йилда қаттиқ иситмага мубтало бўлган халифани даволади, 305 йилда эса валиаҳд Розий бин Жаъфар ал-Муқтадирнинг Уммондан келтирган тўтисини “тирилтиради”. Мўътазилийлар Ҳалложнинг халифа хонадони билан яқинлашувидан ҳасад қилиб, Аворажийнинг ҳажвиясини (унда Ҳаллож қаллоб ва фирибгар деб масхара қилинган эди) халқ орасида тарқатиб,  халифанинг ўзига ҳам етказишга эришадилар.
Ҳижрий 304-306 йилларда вазирлик мансаби яна ўша шиа ақидапарастларидан бўлган Ибн ал-Фуротга насиб қилади, аммо халифанинг онасидан қўрққанидан Ҳаллож ишини шариат қозиётида қайтадан кўриб чиқишга журъат қилмайди. Зиндонда Ҳаллож ижод билан шуғулланиб, қатор рисола ва китоблар  ёзади. Энг сўнггиси “То син ал-азал” рисоласидирким, ҳижрий 309 йилда Ибн Ато уни топиб, йўқолиб кетишидан сақлаб қолди.
Бу асар мутолаасида Ҳалложнинг умр сўнгидаги фикрий эврилишларидан хабардор бўлиш мумкин.

“То син ал-азал” мухтасари
Мансур Ҳаллож бу вақтда аста-секин ўзини бу йўлга қурбон қилишга замин ҳозирларди. Ҳақиқат ва поклик йўли ягона бўлганлиги сабабли,  Худога эътиқод ва ибодат қилишнинг турли йўлларини бирлаштириш унинг орзуси эди, аммо ички дунёлари ишқ оловидан бебаҳра қолиб, музлаб, қотиб қолган замондошлари унга эргашмадилар. Охир-оқибат Ҳаллож бу осмоний сарчашма сари бир ўзи мардонавор йўл олди.
Охирги рисоласининг тўлиқ номи қуйидагича: “То син ал-азал вал-илтибосу фи сиҳҳати-д-даъовий биъаксил-маъоний” (“Азал «то, син»и ва маънога зид бўлган даъволардаги чигалликлар”). Бу билан у айтмоқчики, агар Худо бирлигини инкор этсанг, оддий одамлар унинг ягоналиги тўғрисида айтган сўзлар билан моҳиятан бир хилдир. У айтади: “Илоҳий моҳиятга бандалар фаҳми етмаслигига гувоҳ бўлиш  икки кишига тақдир қилган эди: бири – осмонда фаришталарга қарши турган Иблис, иккинчиси – ерда одамлар орасида яшаб юрган Муҳаммад расулуллоҳ с.а.в.га. Аммо булар ҳам  йўлнинг ярмида қолиб кетганлар, содда улуҳиятга қийинчилик билан эътиқод қилдилар; улар ҳеч қачон айтмайдиларки, шаҳодат калимаси матлабидан юқорироқ  нарсани истамоқ керак, ҳеч қачон айтмайдиларки, инсон  ягона Аллоҳнинг ягоналик бағишловчи иродасига қўшилиб кетмоғи лозим.
Алмисоқ кунида ягона Маъбуд ўз бандаси – Одамнинг моддий суратида тажаллий этди, бу билан Аллоҳ қиёмат куни  ҳукм чиқаришнинг биринчи суратини Одамга бағишлади. Аммо Иблиснинг басират кўзи бу нарсани кўриш ва англашга ожизлик қилди. Меърож кечаси Пайғамбар с.а.в. Раббоний оташ ва Илоҳий нур остонасида турарди, аммо ўзи Тур тоғидаги дарахт каби нурафшон бўлишга журъат қилмади.  Мансур тахайюл оламида ўзини меърож кечаси қоба қавсайн манзилида кўриб, сўфиёна оҳангда расулуллоҳга далда берадики, кел, бу оловга қўшилгин, парвона каби фидо бўл,  ўшанда мақсудинг билан бирлашасан…
Пайғамбар с.а.в. Байтуллоҳ ҳажи тартибини барқарор суратда белгилаб берганди, шу билан бирга, мусулмонларнинг ўзлари икмол (“Ал-явму акмалту лакум дийнукум – бугун мен динларингизни мукаммал қилдим) маъносини ўзлари англаб, камолот чўққисини фатҳ этишларини истарди. Мансур айтади: қиблани руҳият Байт ул-муқаддасига тўғрилаш керак, чунки Пайғамбар с.а.в. Илоҳий висол шуъласи одам сабр-тоқати чегарасидан йироқ эканлигини кўриб, уни шариат қўрғони билан ўради, токи биров бу Висол оташига яқинлашмаса; аммо бу тўсиқ ва монелик  вақтинчалик бўлиб, буюк авлиёлар зуҳуригача давом этади. Бу авлиёлар фаришталар каби жонфидолик кўрсатиб, шариат қўрғони деворини ошиб ўтадилар ва кечиргувчи Аллоҳ билан ҳамсуҳбат бўладилар ва Ундан барча бандаларни шафоат қилиш фармонини олиб қайтадилар. Ана шу замонда ислом ўз камолоти чўққисига етади. Иблис одамларни гумроҳ қилиш учун йўл ярмида қолди, ислом пайғамбари Муҳаммад с.а.в. эса қиёмат муҳлатини узайтириш фармонини олмоқ учун бу мукаммаллашув йўлининг қолган ярмини босиб ўтмади.
Иблис лаънатланган бўлиб, унинг гуноҳи  ҳеч қачон кечирилмайди; унинг бу ҳолатидан шундай хулоса қилиш керакки, инсон унинг йўлидан бормаслиги ва унга ўхшамаслик учун  ишқ йўлида ҳам “кўрпачага қараб оёқ узатиши” керак.
Пайғамбар с.а.в. қиёмат содир бўлишини секинлатди, токи бу фоний дунёнинг бир неча кунлик муддатида Ҳақ валийлари дунёга келсинлар; гўёки Пайғамбар с.а.в. авлиёлар келиб, Ҳақ остонасидан ўтишларини кутарди. Бу ўша остонаким, Илоҳий Руҳ уни ИШҚ тадбири билан бунёд этган ва  пок зотларга ўша ердан парвоз бағишлайди. Ишқнинг бу тадбири фавқулодда ҳодисадир. Шу сабабдан Иблис ҳам, ислом пайғамбари Муҳаммад с.а.в. ҳам бу остонага қадам босмадилар, аммо, наъузу биллоҳки, бундан Иблис қисмати ислом Пайғамбар (с.а.в.)ининг  тақдири билан бир  даражада экан, деган янглиш фикрга бормаслик керак. Иблис фаришталар руҳий олами намояндасидир, бу оламдагилар табиатан сўфиёна висолдан бебаҳра қолганлар, шунинг учун ҳам Иблис иккиланиб, хор – залил бўлди. Аммо Муҳаммад расулуллоҳ с.а.в Инсон олами намояндасидир, Инсон руҳига аласт куни “омонат юкини” унга берганлар, инсон бу омонат  юки туфайли илоҳий асрор юзидан парда очиб, сўфиёна висолга муяссар бўлиш имконига эга. Шунинг учун Муҳаммад охирати мақбул ва Мустафо бўлди.  Яралиш куни Аллоҳ барчага Ўз тажаллийгоҳи – Одам вужуди олдида сажда қилишга амр этди, Иблис бу амрни бажаришдан бош тортди ва ўз ақидасида ( фақат Аллоҳга сиғинмоқ керак, аммо Унга етишиш амримаҳолдир) устувор қолди.  Иблис  бу амали билан фақат Аллоҳга сиғинмоқни мақсад қилди ва содда улуҳият даражасида қолмоқни истади. Зеро, Одам илоҳий тажаллийга муносиб кўрилгани, қиёфаси Унинг илк кўриниши каби бўлиб, хоксорлиги билан улуғ мартабага сазовор бўлгани иблисга ёқмаганди. Ҳаллож  Иблис тилидан  айтади:

Жуҳудий фийка тақдийсу
Ва ъақлий фийка таҳвийсу
Ва мо Одаму иллока
Ва ман фил-байти Иблису?

Мазмуни: Илоҳи, Сенинг амрингдан бош тортганимнинг сабаби, Сендан бошқасини ПОК деб билмайман ва бировга сиғинмайман. Агар бу Одам Сендан ўзга бўлмаса, Иблисга бу даргоҳда бошқа жой йўқ.
Аллоҳ ўз бандаси – Одамда тажаллий қилмоқни истади. Иблис Яратган ва яралганни алоҳида ҳолда кўрмоқни истарди, гўё у бу ҳолни Аллоҳга тўғри келмайдиган номувофиқлик (парадокс) деб баҳолади, шунинг учун лаънатланди. У арши аълода фаришталар устози эди, ерда одамларни йўлдан оздиргувчиси бўлди. Иблис бу ишқ майдонида ғаюрона  ва  такаббурлик билан рақобатга киришди, ҳасад қилди ҳамда Зотни иккита, деб ҳисоблади. Шу сабабдан Иблис одамийлик оламига душман бўлади ва олам сарварига айланган одам боласини жон-жаҳди билан йўлдан адаштириш учун айтади: “Мен Аллоҳни мени лаънатлагани учун севаман ва биламанки, у хайр ва шар (яхшилик ва ёмонлик)ни азалдан тақдирга ёзиб қўйган ва бу ўзгармасдир”. Иблис мураккаб мавжудотдир. Аллоҳнинг хос бандаси ва муваҳҳид бўлган пайтларида  Раббоний жалол ошиғи эди ва айтардики,  Унга етмоқ амри маҳолдир, аммо амали сўзига хилоф бўлди ва ўзи шу йўлда лаънатга учради.
“То син ал-азал”нинг қисқача мазмуни шундан иборат эди. Оё Ҳаллож шариат қонуни бўйича кофир бўлишни истаб, Иблис йўлини танлаганмиди? Йўқ, асло, Ҳаллож умрининг сўнгги дақиқаларигача шариат одобига риоя қиларди ва фарзларни вақтида, мукаммал бажарарди. Илоҳий тақдирни айни савоб деб биларди ва унга сўзсиз итоат қиларди. Аммо Шайтон адашган эди, бу Илоҳ даргоҳидан ҳайдалган ошиқи гумроҳ исён  қилди ва оқибат, илоҳий амрдан бош тортди (Рўзбеҳон Буқлий шарҳи).

Ҳалложнинг дорга осилиши
Ҳаллож “То син ал-азал”ни ёзиб тугатганида, халифа дарборида янги фитна (ҳижрий 306 йилда) бошланганди. Бу фитнанинг бошида Ҳомид – Восит шаҳрининг солиқ хизмати бошлиғи билан Бағдодга келган Шамлағоний  исмли мутаассиб бир шиамазҳаб турарди. Ҳомид сунниймазҳаб бўлгани билан барча ишларда Шамлағоний билан маслаҳатлашарди, чунки куёви – Абу Ҳусайн бин Бистом (ақидапараст шиалар гуруҳи раҳбари) Шамлағоний муридларидан эди.
Шамлағоний бузғунчи, золим ва ичи қора бир кимса эди, у қуйидагича иршод қиларди: “Имон ва куфр, фазилат ва ёмон хислат, нажот ва азоб жуфт тушунчалар бўлганлари билан, ҳар бири алоҳидадир ва шу алоҳидаликда бошқа, ўзининг муқобил тушунчасига мос ва лойиқдир. Шундай экан, бу жуфт тушунчалар алоҳидаликда ҳам Аллоҳ олдида пок ва унинг ризолигига боисдир”.
Айнан шу Шамғалоний ҳижрий 311йилда Мансур Ҳалложнинг яқин дўст ва муридларидан бўлган Қиноийларнинг улуғларини барчасини қатл эттирди. Бу қора ниятли фитначи Ҳомидни ҳам Ҳалложни турли исканжалар билан азоб беришга ундаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Бағдод ўша пайтларда энг йирик маданий марказ ва энг буюк империянинг пойтахти эди.  Беш юз йилдан кейин Жанна д’Арк можароси бутун Европани жунбушга келтирганидек, ҳижрий 308-309 йилларда Аббосийларнинг дабдабали салтанати саҳнасида ҳам БУЮК ИШҚ, ишқи раббоний муҳокамаси бўлиб ўтди.
Ҳижрий 306 йилда бўлган иқтисодий инқироз туфайли молия тизимида  сунний ва шиа намояндаларининг янги коалицион вазирлиги тузилди. Солиқ ундиришда шафқатсиз бўлган Ҳомид билан Ибн Исо деган билимли бир киши масъул этиб тайинланди. Дастлаб Ибн Исонинг қўли баланд келди. У  солиқ ва молия тизимидаги айрим адолатсизликларга барҳам бериб, бу соҳада халифалик миқёсида шундай ислоҳот жорий қилдики, шу пайтгача ўз илмий-амалий аҳамиятини йўқотгани йўқ. Аммо Ҳомид  унга қарши чиқди ва халифани ғаллачилик соҳасини монополияга айлантириб, ортиқча буғдойни четга сотишга тарғиб қилди.  Ибн Исо  бу нарса очарчиликни юзага келтиришини  англаб, ижтимоий сиёсатга хилоф бўлгани учун  бунга қарши чиқди.  Ҳақиқатан ҳам, ғалла можароси умумий қўзғолонга сабаб бўлди. Сарой қўриқчилари бошлиғи Наср Қашурий қўзғолончи ҳанбалийларни ўз ҳолига қўйди ва уларга қарши ҳеч қандай чора кўрмади. Бағдоднинг фақир ва қашшоқ халқи (бундан олдинроқ Басра, Макка ва Мавсил шаҳарларида бўлганидек) савдогар ва бадавлат одамлар омборларига ҳужум қилиб, барча нарсаларни ғорат қилдилар. Бу қўзғолонда зиндон эшиклари ҳам очилди, аммо Мансур Ҳаллож қочмади. Ҳомид узоқни ўйлаб, Восит шаҳрига кетди. Орадан бир неча ҳафта ўтди. Халифа лашкарбошиси Мунис Бағдодга қайтганида, Ҳомид ҳам вақтни ғанимат билиб, пойтахтга қайтиб келди. Бунгача  Мунис Миср мамлакатини Фотимийлар (исмоилий шиалар ҳукумати) дан тозалаб келганди. Энди эса  Шарқда Дайламийлар сулоласига қарши қўшин тортишни режалаштирган эди. Дайламийлар иқтoъ ерларини ўзлаштириб олиб, Райгача етиб келгандилар. Дайламийларнинг муваффақияти Муниснинг собиқ ўринбосари Ахи Саълук туфайли эди. Ахи Саълукни Наср Қашурий ва Ибн Исо қўллаб турардилар. Ҳомид Мунисга Ахи Саълукни йўқотишга маслаҳат берди. Ахи Саълук Сомонийлар амири эди, бу сулоланинг вазири аъзами Балъамий билан ҳам муносабатларни узиш лозим кўринарди. Балъамий ҳам сунний ва Имом Шофеий мазҳабида бўлиб, Ҳалложнинг тарафдорларидан эди. Бу пайтда Нишопур маҳкамасида Сақафий – Шиблий дўсти ва Ибн Сурайҳ шогирди муфтийлик қиларди.  Шиблий ва Ибн Сурайҳ Ҳалложнинг тарафдорлари эдилар, шу сабабдан Сақафий Балъамийга Ҳаллож ва унинг тарафдорларини ҳимоя қилишини сўраб мурожаат қилганди (ҳижрий 309 йилда Балъамий Ҳаллож тарафдорларини шариат маҳкамасига топширмади). Сиёсий мақсадларни амалга ошириш учун халифага катта миқдорда маблағ зарур эди, натижада, ўзи хоҳламаса ҳам, Ибн Исо ва Наср Қашурийни вақтинча “тор доира”га яқинлаштирмасликдан бошқа чораси қолмади. Ҳомид Ибн Исо ва Наср Қашурийни сиёсий жиҳатдан заифлаштириш учун (буларнинг иккаласи ҳам Ҳаллож тарафдорларидан эди) Ҳаллож можаросини яна янгиламоқчи бўлди ва охири, учинчи бир шахс – Абу Бакр Мужоҳид орқали буни амалга оширди. Ибн Мужоҳид Шайх ул-қуро (Макка ва Мадина шаҳарлари шайхи) ва халқ орасида катта обрў ва эътибор эгаси эди. У Ибн Солим ва Шиблий каби машҳур сўфийларни дўст тутганди, аммо Мансур Ҳалложга нисбатан ижобий фикрда эмасди. Ҳомид ўз мақсадига етди. Фалак тегирмони унинг фойдасига шундай айландики, Наср Қашурий Мансурни қўриқлаб туришга ва Ҳалложнинг бошқа бир дўсти – Ибн Исо тергов жараёнини бошлаб беришга мажбур бўлишди.
Бу пайтда ҳанбалийлар эҳтиёткорлик ва андишани йиғиштириб қўйиб, Ҳомидга қарши бош кўтардилар. Солиқ ва молия соҳасида уни бебурдликда айблаб, Ҳалложни озод қилишни сўрадилар. Қўзғолончиларнинг раҳбари Ҳалложнинг шогирди Ибн Ато эди. Ибн Исо ва Ҳалложнинг оқсоқол  дўсти – машҳур тарихчи Табарий қўзғолончиларни бу йўлдан қайтармоқчи бўлдилар, аммо қўзғолончилар буларни ҳам душман эълон қилиб, Табарийнинг уйини қамал қилдилар.
Вазир Ҳомиднинг ваколатига хавфсизликни таъминлаш ҳам кирарди, шу сабабдан у қўзғолончилар сардори Ибн Атони маҳкамага тортди. Маҳкамада бирор киши Ҳалложга қарши кўрсатма бермади. Ибн Ато Ҳомидга қараб ҳайқирди: “Сен солиқ ва молияда шунча қинғир ишлар қилатуриб, менинг пирим,  Худонинг бу азиз бандасининг аъмолини муҳокама қилишга ҳеч қандай ҳаққинг йўқдир”. Маҳкамада Ибн Атони аёвсиз калтакладилар ва у ўша ерда жон берди.
Ҳомид  Ҳаллож қатлининг ҳукми шариат маҳкамасидан чиқишини истарди. Шу жиҳатдан, нотиқлиги билан машҳур бўлган моликиймазҳаб Абу Умар Ҳомидийни ушбу ишга тайинлади. Ҳомид кўрсатмаси билан Абу Умар Ҳалложнинг “кўнгил Каъбасини зиёрат қилиш ҳаж амалини бажо келтиришдан афзалроқдир”, деган ақидасини “Исломнинг бешинчи рукнини инкор этиш” деб талқин қилди ва шундай умумий хулоса чиқарди: “Ҳалложнинг қилмиши Каъбатуллоҳни бузмоқчи бўлган қарматийлар билан бир хилдир, ушбу гуноҳи учун Мансур Ҳалложнинг қатли вожибдир”.
Мансур Ҳаллож ўз дўсти Шокир бин Аҳмадга ёзган хатларининг бирида “Иҳдим ал-Каъба” (Каъбани вайрон қилинг) деб ёзган эди. Бу сўздан Мансурнинг мақсади шаҳидлик истиқболи эди, яъни бадан Каъбасини бузинг ва шаҳид бўлинг. Аммо зоҳир аҳли айтдиларки, Мансурнинг мақсади Байтуллоҳни бузмоқ бўлган.

(Давоми келгуси сонда)

Форс тилидан
Олимжон Давлатов
таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/01/22/%d0%bb%d1%83%d0%b8-%d0%bc%d0%b0%d1%81%d1%81%d0%b8%d0%bd%d1%8c%d0%be%d0%bd-1883-1962-%d0%bc%d0%b0%d0%bd%d1%81%d1%83%d1%80-%d2%b3%d0%b0%d0%bb%d0%bb%d0%be%d0%b6/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x