Кўп чекмасак, умр узаяр

Шотландиялик олимлар психологик тадқиқотда қатнашишга розилик билдирган 500 дан ортиқ кашандаларнинг бош мия пўстлоғи суратларини таҳлил қилишди.

Маълум бўлишича, амалдаги ва собиқ чекувчиларнинг бош миясининг пўстлоғи умуман чекмайдиганларга қараганда юпқалашган. Чекишни ташлаганларнинг мия пўстлоғи секин-аста қалинлашиб борган. Бироқ 25 йилдан бери чекаётган кишиларнинг мия пўстлоғи жуда юпқалашиб кетган.

“Бош мия пўстлоғи қариш жараёнида деярли барчада секин-аста ингичкалашиб боради. Лекин чекиш бу жараённи янада тезлаштириб юборади. Мия пўстлоғи қанча юпқа бўлса ақлий қобилияти шунча паст бўлади” деган хулосага келишди тадқиқотчилар.

Дарҳақиқат, тамаки ва унинг тутуни таркибида киши организмига зарарли таъсир этувчи 400 дан ортиқ ҳар хил бирикмалар бўлиб, улардан энг заҳарлиси никотин, ис гази ва шуларга ўхшаш кўпгина зарарли моддалардир. Улар юрак қон-томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, асаб тизимлари ва жинсий безлар ишини ёмонлаштиради. Натижада миокард инфаркти, ҳафақон, бронхларнинг сурункали яллиғланиши, ўпка эмфиземаси, ўпка раки, ошқозоннинг сурункали яллиғланиши, унинг яраси ва раки сингари кўпгина хавфли касалликлар келиб чиқади.

Кашандаларда чекмайдиганларга нисбатан миокард инфаркти хавфи 6-8 марта, мияга қон қуйилиши хавфи 4-6 марта, ошқозон яраси касаллиги ва раки 12 марта, ўпка раки 25 марта, ўпканинг сурункали яллиғланиши 10-15 марта кўп учрайди.

Ҳомиладор аёлларнинг чекиши бўлажак ҳомила (бола) ривожини кечиктиради, муддатдан олдин кўз ёриш ёки бола ўлик туғилишига олиб келади. Тамаки чекилгандан кейин 20 дақиқа ўтгач, эмизикли ёки ҳомиладор аёл қонидаги никотин бола организмига кўкрак сути ёки йўлдош орқали ўтади.

Тамаки чекиш наслга ҳам салбий таъсир қилиб кўпинча фарзандсизликка ёҳуд болаларнинг заиф, ногирон, жисмоний нуқсонлар билан туғилишига сабаб бўлади.

Тамаки таркибидаги заҳарли бирикмалар таъсирида танада модда алмашинуви бузилиб, А, В1, В6, В12, С каби витаминлар етишмовчилиги рўй беради. Тамаки таркибидаги заҳарли кимёвий бирикмалар инсон танасининг барча аъзоларига ҳалокатли таъсир қилади.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ер юзида ҳар 6 сонияда 1 киши, 1 дақиқада 10, 1 соатда 600, 1 суткада 14400, 1 йилда эса 5 млн. 256 минг киши тамаки асоратлари туфайли ҳаёт билан видолашмоқда. Бир дона тамаки кишининг 6 дақиқалик ёки 20 донаси 2 соатлик умрига зомин бўлади. Тамаки чекиш киши умрини 15 ва ундан ортиқ йилга қисқартиради. Ҳар йили чекиш асоратларидан 30 мингдан ортиқ киши ногирон бўлиб қолмоқда.

Чекувчиларда кўпгина касалликлар аста-секин ривожланиб боради ва организмда чуқур ўзгаришлар давом этиб, оғир хасталикларга олиб келади. Демак, кашандаликдан халос бўлиш соғлом яшаб умрни узайтиришнинг ягона чораси эканлигини ҳар бир киши унутмаслик лозим.

Ёри ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x