Чўл ва адирларда, йўл бўйларида, деворлар устида, экинлар орасида ўсадиган ковул кўп уруғли резавор бўлиб, мевалари этдор, узунлиги 2 смга боради. Июль-август ойларида уруғлари пишади. Бу доривор ўсимликнинг мевалари таркибида сапонинлар, алкалоидлар, 32,9 фоиз углеводлар, 150 мг аскорбин кислота, 3,75 фоиз мой, илдиз пўстлоғида стахидрин алкалоиди мавжуд.
Ковул ёки кавар ўсимлиги табиий ҳолда Ўртаер денгизи, Европа жанубида, Кавказда, Ўрта Осиёда, шу жумладан, Ўзбекистонда, Покистон ва Ҳиндистонда тарқалган. Бу ўсимлик Франция, Испания, Италия, Алжир ҳамда Кипрда, Греция ва Шимолий Америкада маданийлаштирилган бўлиб, ландшафтларнинг безаги ҳисобланади. Ўсимликнинг номи Эрондаги Дашти-Кавир чўли билан боғлиқ ҳолда аталган. Чунки ковул бу ҳудудларда энг кўп учрайдиган ўсимлик сифатида ажралиб туради.
Ковул доривор ўсимлик бўлиши билан бир қаторда озиқ-овқатда ҳам ишлатилади. Ковулнинг ғунчали новдалари, ғунчалари, ривожланаётган мевалари сирка кислотасида мариноват қилинади ҳамда озиқ-овқатда «каперслар» номи билан машҳур дори-дармон кўринишида фойдаланилади. Ҳиндулар ковулни kobra, kabra ёки kabarra номлари билан аташади ҳамда ўсимлик органлари қўшиб тайёрланган озиқ-овқатларни ёқтириб истеъмол қилишади.
Табобатда пишган меваси, барглари, новда ва илдиз пўстлоғи ишлатилади.
Май-август ойларида очилмаган ғунчалари, барглари териб олинади. Шу билан бирга ёш, ёғочлаша бошлаган новдалари ва илдизининг пўстлоғи шилиб олинади, майдаланади ҳамда қуёшда ёки 50-60ºС ҳароратда қуритилади.
Ишлатилиши: пўстлоғидан тайёрланган дамлама иштаҳа очувчи таъсирга эга. Халқ табобатида йирингли яраларни даволаш учун ишлатилади. Янги шилинган пўстлоғи оғриган тишга босилганда ижобий натижа беради. Баъзан очиқ йирингли яраларга қўйилганда антисептик таъсир қилади. Бундан ташқари ўсимликдан стенокардияда, тиреотоксикоз, геморройда, қандли диабет касаллигини даволашда ҳам фойдаланилади.
Илдиз пўстлоғидан настойка тайёрлаш учун 20 г шилиб олинган пўстлоғи устига 0,5 л қайнаган сув қуйилади, 1-2 соат давомида тиндирилади. Кунига уч маҳал овқатдан олдин 1/2 стакандан ичилади.
Стенокардия, сариқ касаллигида: қуритилган илдиз пўстлоғидан 2 чой қошиқ олиниб устига бир стакан сув қуйилади ҳамда паст оловда 10-15 минут қайнатилади. Совитилган қайнатмаси кунига уч маҳал 1 ошқошиқдан ичилади.
Тери касалликларида: қуритилган илдиз пўстлоғидан 2 чой қошиқ олиниб устига бир стакан сув қуйилади ҳамда паст оловда 10-15 минут қайнатилади. Совитилган қайнатмаси билан касалланган тери тез-тез артилади.
Тиреотоксикоз, геморройда: қуритилган меваларидан 1 чой қошиқ олиниб устига 200 мл сув қўйилади ҳамда 3-4 минут қайнатилади. Совитилган қайнатмаси кунига уч маҳал овқатдан олдин 1-2 ошқошиқдан ичилади.
Қандли диабет касаллигида: қуритиб майдаланган новда ва баргларидан 1 ошқошиқ олиниб, устига 200 мл сув қўйилади ҳамда 4-5 минут қайнатилади. Совитилган қайнатмаси кунига 3-4 маҳал 2 ошқошиқдан ичилади.
Нодира АРАБОВА, биология фанлари номзоди.
Фозил МАРДОНОВ, талаба.
Тошкент Давлат аграр университети.