Компьютердан тўғри фойдаланинг

Ўзбекистондаги шахсий компьютерлар фойдаланувчилари сони сўнгги йилларда кескин кўпайди ва бугунги кунда 10 миллиондан ортиқни ташкил этади. Шахсий компьютердан фойдаланишда ёшга алоқадор чеклашлар йўқлиги сабабли, фойдаланувчилар, айниқса болалар компьютер экрани олдида соатлаб вақтларини ўтказадилар. Шуни ёдда тутиш керакки, компьютер нафақат ахборот манбаи, шунингдек ўз салбий таъсирларига эга қурилма ҳамдир.

Организмга таъсири

elektromagnit-nurlanish

Компьютер техникаси электромагнит майдонлар, озон ва бошқа одам организми учун хавф туғдириши мумкин бўлган омиллар манбаи. Компьютер ҳосил қиладиган юқори электромагнит фон асаб, иммун, эндокрин ва жинсий тизимларга салбий таъсир ўтказиши илмий жиҳатдан  тасдиқланган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлар гуруҳининг маълумотларига кўра, компьютер операторлари  (фойдаланувчилар)нинг 92 фоизга яқини кўз соҳасидаги ачишиш, қовоқлардаги оғриқ, асабийлик, бош оғриқлари, уйқусизликдан шикоят қиладилар. Уларда невроз, гипотония, гипертония, аллергик касалликлар, нафас аъзоларининг тез-тез хасталаниб  туриши кўпроқ кузатилади.

Компьютерда ишлаш вақтининг ортиши билан фойдаланувчилар орасидаги соғлом ва касаллар нисбати ҳам орта боради. Лекин ҳатто компьютерда бир соатдан қисқа вақт мобайнида ишлаганда ҳам фойдаланувчи организмида мониторнинг электромагнит нурланиши таъсирида гормонал ҳолат ва мия биотокларининг ўзига хос ўзгаришлари рўй беради. Бундай таъсиротларга аёллар ва болалар организми айниқса сезгирдир. Компьютердан фойдаланувчи мактаб ўқувчиларида юрак-қон томир ва нафас тизимларининг бошқа тенгдошлариникига қараганда зўриқиброқ ишлаши, жисмоний ривожланишнинг номутаносиблиги, ортиқча вазн каби муаммолар кузатилиши аниқланган.

Нурланишнинг асосий манбаи

monitor

Компьютердаги энг катта нурланиш монитордан эмас, унинг орқа деворидан таралиши аниқланган. Ноутбуклар электромагнит нурланиш ҳосил қилмайди деган гап ҳам унчалик тўғри эмас. Чунки, тармоқ кучланишини ўзгартирувчи қурилмалар, бошқарув схемалари, ахборотни ҳосил қилувчи қурилмалар ва аппарат қисмининг бошқа элементлари электромагнит нурланиш манбаи ҳисобланади.

Электрон-нур трубкасида ишлайдиган мониторларда кинескоп экранида электростатик майдон ҳосил қиладиган электростатик заряд йиғилади. Умумий ҳосил бўладиган электростатик майдонга ишқаланиш натижасида электрланадиган клавиатура ва сичқонча сиртлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшади. Жуда эски монитор билан ишлашга тўғри келганда, агар у ҳатто қўшни хонада турган бўлса ҳам эҳтиёт бўлиш даркор. Имкон бўлса, бундай мониторни янгисига алмаштириш лозим. Ҳозирга келиб электрон-нур трубкали мониторлар ишлаб чиқарилмаяпти ва фойдаланувчилар улардан аста-секинлик билан воз кечмоқдалар. Оммалашиб улгурган суюқ кристалли мониторлар техник имкониятлари ва одам саломатлигига зарари камлиги жиҳатдан электрон-нур трубкали мониторлардан анча яхшидир.

Ҳимоя чоралари

maktab-o'quvchilari-kompyuter

Компьютер таълим тизимига, хусусан мактаблар ва ҳатто мактабгача таълим муассасаларига кириб келди. Эндиликда компьютерда ишлаш вақти меъёрлари ва гигиеник талабларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва амалга киритилган.

Компьютернинг электростатик майдони ошганда статик заряд йиғилиши ва фойдаланувчи компьютерга текканида уни енгил ток ургандек бўлиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун компьютер бор хонада ҳаво айланишини яхшилаш керак. Статик зарядлар айниқса ҳавоси қуруқ хоналарда кўп йиғилади. Масалан, қиш фаслида марказий иситиш тизимига уланган хоналарда ҳаво янгилаб турилмаганда унинг намлиги камайиб кетади.

Компьютерда ишлаш вақти 4-5 синф ўқувчилари учун 15 дақиқадан, 6-7 синф ўқувчилари учун 20 дақиқадан, 8-9 синф ўқувчилари учун 25 дақиқадан, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун 60 дақиқадан ошмаслиги керак. Компьютер ишлатиладиган дарслар оралиғидаги танаффус 10 дақиқадан кам бўлмаслиги (20 дақиқагача), 8-9 синф ўқувчиларининг тўртинчи дарс соати олдидан тушлик қилиш ва дам олиш учун 50-60 дақиқали танаффус керак.

Видеотерминал билан ишлаганда ўқувчилар ҳар 20-25 дақиқада кўзлар учун машқларни бажаришлари лозим. Кўпчилик шифокорлар компьютерда ишлаш вақти меъёрлари, мониторни тўғри жойлаштириш қоидалари ва иш ўртасидаги танаффусларга қатъиян амал қилиш муҳимлигини уқтирадилар. Компьютер харид қилаётганда шунга эътибор бериш лозимки,  унинг монитори  ўлчами 17 дюймдан кам бўлмаслиги керак. Экрандаги тасвир частотаси 85 Герцдан кам бўлмасин, дон ўлчами 0,28 миллиметрдан ошмаслиги зарур. Экран дони қанчалик майда бўлса, тасвир ҳам шунчалик сифатли бўлади ва кўзлар камроқ чарчайди. Монитор экранида ёруғлик   аксланмаслигига эътибор беринг. Буни текшириш учун мониторни харид қилаётганда экранни кундузги ёруғлик лампасига қаратинг. Бунда экранда оқ шуъла бўлмаслиги лозим.

Экрандаги белгилар ва фон ранги клавиатура рангига яқин бўлиши тавсия этилади. Қорамтир тусдаги клавиатуралар кўзни тезроқ чарчатади. Унутмангки, энг сўнгги русумдаги мониторларда ишлаш кўз учун ёқимлидир.

Муҳим қоидалар

kompyuter

Кўзлардан мониторгача бўлган масофа 70 сантиметрни ташкил этиши керак. Мониторга ёритиш ускуналари ва қуёш ёруғлиги тушмаслиги лозим. Экран ёрқинлиги ва контрастлик созлашларини тўғри танлаш кўз гигиенасида муҳим ўрин тутади.

Экран ёрқинлиги ва хонадаги ёруғлик иложи борича бир хил даражада бўлишига эришиш лозим. Бунинг учун албатта экран ёрқинлигини пасайтириш керак бўлади. Сифатли A4 варақ олиниб, сўнг Word саҳифасининг ранги ва ёрқинлиги билан солиштириб экранни тўғри созлаш мумкин. Экрандаги Word варағи худди A4 варағидек рангда ва ёрқинликда бўлганида созлашни тўхтатса бўлади. Контрастликни ҳам кўз рангларни илғайдиган даражагача олиб борган яхши. Лекин меъёрни унутманг. Чунки контрастлик кўрсаткичи жуда пасайтириб юборилса, кўз экрандаги белгиларни илғай олмай оғриқ келтириб чиқаради. Қоронғу хонада компьютерда ишлаш нотўғри. Бу нарса кўзларни жуда тез чарчатади ва улар қизаради.

Хонанинг кечки ёритилиши экран ёрқинлигига яқин ёрқинликдаги ҳаворанг-кўкимтир рангда бўлгани маъқул. Кундуз куни  ҳам хонада экран атрофида ҳаворанг фон бўлгани маъқул. Масалан, деворни ҳаворангга бўяб бунга эришиш мумкин. Ҳар 40-45 дақиқада жисмоний танаффус қилиб туриш лозим. Кўзларни турли йўналишларда айлантириш, енгил жисмоний ҳаракатларни бажарган маъқул. Кўришнинг компьютер синдроми (CVS) да махсус компьютерда ишлаш учун мўлжалланган кўзойнаклар ёрдам бериши мумкин. Ҳозирда кўпгина оптика дўконларида бундай кўзойнакларни харид қилиш мумкин.

Гўзал ТОШПЎЛАТОВА,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Санитария–гигиена ва касб касалликлари илмий-текшириш
институтининг “Физик омиллар” лабораториясининг
катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x